язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ташқи савдо фаолияти. Экспорт-импорт. Инкотермс/ Импорт қилинган товарлар ҳаракатини мониторинг қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.05.2019 й. 410-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 16 майдаги

410-сон қарорига

ИЛОВА



Импорт қилинган товарлар ҳаракатини

мониторинг қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом импорт қилинган товарлар ҳаракатини мониторинг қилиш тартибини белгилайди.


2. Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектларга (кейинги ўринларда импорт қилувчилар деб аталади) тадбиқ этилади.


3. Импорт қилинган товарлар ҳаракатини назорат қилиш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тартиби ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. ТОВАРЛАР ИМПОРТИ БЎЙИЧА

МАЪЛУМОТЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ТАРТИБИ


4. Давлат божхона қўмитаси идоралараро ахборот алмашинуви воситаси орқали қуйидаги маълумотларни:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати идоралари ахборот-коммуникация тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2012 йил 30 октябрдаги ПҚ-1843-сон қарорига асосан солиқ тўловчиларнинг экспорт-импорт операциялари ҳамда товарлар ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни Давлат солиқ қўмитасига;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4059-сон қарорга асосан соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган импорт операциялари тўғрисидаги маълумотларни божхона ҳужжатлари расмийлаштирилгандан сўнг уч кун муддатда Давлат солиқ қўмитаси ва "Ўзстандарт" агентлигига тақдим этади.



3-БОБ. СОЛИҚЛАР ВА БОЖХОНА

ИМТИЁЗЛАРИНИ МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ


5. Давлат божхона қўмитасидан келиб тушган маълумотлар асосида давлат солиқ хизмати органларининг маълумотлар базасида ҳар бир импорт қилувчи бўйича назорат карточкалари юритилади.


6. Импорт қилувчилар фаолияти давлат солиқ хизмати органларининг "Таҳлика-таҳлил" дастурий маҳсулотидаги таҳлил йўналишларига асосан таҳлил қилинади ҳамда якуний натижалар балли тизим асосида солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфи даражасидан келиб чиқиб баҳоланади.

Баҳолаш натижаларига кўра, солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи қуйидаги учта даражага бўлинади:

а) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори бўлган импорт қилувчилар;

б) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача бўлган импорт қилувчилар;

в) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган импорт қилувчилар.


7. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган импорт қилувчилар назоратдан чиқарилади.


8. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори ва ўртача бўлган импорт қилувчиларнинг фаолияти улар тақдим этган молиявий ва солиқ ҳисоботлари ҳамда солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари пайдо бўлиши (тугатилиши) тўғрисида маълумот тақдим этадиган идора ва ташкилотлардан келиб тушган маълумотлар асосида давлат солиқ хизмати органлари томонидан камерал назоратдан ўтказилади.


9. Камерал назорат натижасига кўра, солиқ ҳисоботларида тафовутлар мавжудлиги аниқланса, бу ҳақда солиқ тўловчига тегишли тузатишлар киритиш ҳамда камчиликларни бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 70-моддасида белгиланган тартибда солиқ тўловчига талабнома юборилиб, хатоликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.


10. Камерал назорат натижалари бўйича солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда импорт қилувчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун жойига чиққан ҳолда мавзули экспресс-ўрганиш амалга оширилади.


11. Камерал назорат ва мавзули экспресс-ўрганиш натижасига кўра:

импорт қилинган товарлар реализация қилинганлиги ҳужжат билан тасдиқланганда, товарларни реализация қилишдан тушган тушум суммасининг ҳисобга олиш регистрларида акс эттирилмаганлиги, товарлар реализация қилинганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар алмаштирилганлиги, сохталаштирилганлиги ёки йўқ қилинганлиги, ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиқлар ва бошқа тўловлар ҳисобланади;

солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилиши натижасида бўшаган маблағлардан мақсадли ва белгиланган муддатларда фойдаланилмаган ёки импорт қилинган товарларнинг имтиёзли давр тугашига қадар бошқаларга берилиши (сотилиши), шунингдек, ўз эҳтиёжи (ишлаб чиқариши) учун импорт қилинган товарлар реализация қилинганлиги аниқланганда, солиқларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириш чоралари кўрилади.


12. Мавзули экспресс-ўрганишлар натижасида солиқ тўловчилар фаолиятида жиноят аломатлари мавжуд деб топилган ҳолларда, давлат солиқ хизмати органлари материалларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборади.


13. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчи фаолиятида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, давлат божхона хизмати органларига, метрология ва сертификатлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари бўйича "Ўзстандарт" агентлигига ва бошқа қонунбузилишлари тўғрисида тегишли вазирликлар ва идораларга қонунбузилишлари ҳолати аниқланган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмай маълумот тақдим этилади.


14. Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида келиб тушган маълумотларни давлат божхона хизмати органлари хавфни бошқариш тизими доирасида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб назорат қилиб борадилар.


15. "Ўзстандарт" агентлиги импорт қилувчилар томонидан мувофиқлик сертификатини тақдим этмаганда, ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун республика ҳудудига олиб кирилган ўлчаш воситалари учун божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мувофиқлик сертификати олинишини назорат қилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


16. Ушбу низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Импорт қилинган товарлар ҳаракатини назорат

қилиш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари

бўйича ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш

СХЕМАСИ


Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Ижро муддати


1-босқич

Давлат божхона хизмати органлари

Солиқ тўловчиларнинг экспорт-импорт операциялари ҳамда товарлар ҳаракати тўғрисида маълумотларни Давлат солиқ қўмитасига;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4059-сон қарорига асосан соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган импорт операциялари тўғрисидаги маълумотларни "Ўзстандарт" агентлигига тақдим этиш.

Божхона

расмийлаш-

тирувидан кейин

3 кун муддатда

2-босқич

Давлат солиқ

хизмати органлари

Ҳар бир импорт қилувчи кесимида назорат карточкаларини юритиш ҳамда махсус дастурий маҳсулот орқали маълумотларни таҳлил қилиш ва солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси аниқлаш.

Дастурий маҳсулот орқали автоматик тарзда

3-босқич

Давлат солиқ хизмати органлари

Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори ва ўртача бўлган импорт қилувчилар фаолиятини камерал назорат ўтказиш ва солиқ ҳисоботларида аниқланган тафовутларни бартараф этиш юзасидан солиқ тўловчига Солиқ кодекснинг 70-моддасида белгиланган тартибда талабномалар юбориш.

1 иш куни

мобайнида

4-босқич

Давлат солиқ хизмати органлари

Солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган ахборотларнинг ишончлилигини ҳамда импорт қилувчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш мақсадида Солиқ кодекснинг 71-2-моддасида белгиланган тартибда мавзули экспресс-ўрганиш ўтказиш.

7 календарь кун


5-босқич

Давлат солиқ хизмати органлари

Назорат тадбирлари натижасида жиноят аломатлари мавжуд деб топилган ҳолларда, материалларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга;

божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари бўйича давлат божхона хизмати органларига;

метрология ва сертификатлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари бўйича "Ўзстандарт" агентлигига ва бошқа қонунбузилишлар тўғрисида тегишли вазирликлар ва идораларга маълумот тақдим этиш.

3 иш кунидан кечиктирмай

6-босқич

Давлат божхона хизмати органлари

Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида келиб тушган маълумотларни хавфни бошқариш тизими доирасида назорат қилиш.

Доимий

7-босқич

"Ўзстандарт"

агентлиги

Тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирилган ўлчаш воситаларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мувофиқлик сертификатини олинишини назорат қилиш.

Божхона

расмийлаш-

тирувидан кейин

2 ой муддатда

  

  

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 17 май