язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Архив фонди. Архивлар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.05.2019 й. 411-сон "Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Канцелярияси архивининг фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.05.2019 й.

N 411




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ АДМИНИСТРАЦИЯСИ

КАНЦЕЛЯРИЯСИ АРХИВИНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини ташкил этиш тўғрисида" 2018 йил 26 августдаги ПФ-5519-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Канцелярияси архивининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, унда сақланаётган архив ҳужжатларини сақлаш, жамлаш, ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш ишлари белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Тошкент шаҳар, Бунёдкор кўчаси, 2-уй манзилида жойлашган биносини (кейинги ўринларда объект деб аталади) тегишли худуди билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Маъмурий бинолардан фойдаланиш бошқармасига (кейинги ўринларда Маъмурий бинолардан фойдаланиш бошқармаси деб аталади) оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериш;

2019 йилда объектни реконструкция қилиш ҳамда уни архив ҳужжатларини сақлаш ва улардан фойдаланиш талабларига жавоб берадиган замонавий моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан зарур жиҳозлар, муҳофаза воситалари ҳамда ёнғинга қарши воситалар билан жиҳозлаш ишларини олиб бориш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бир ой муддатда объектнинг тегишли ҳудуди билан биргаликда топширилишини, Маъмурий бинолардан фойдаланиш бошқармаси эса уларнинг қабул қилиб олинишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Маъмурий бинолардан фойдаланиш бошқармаси томонидан тақдим этилган ҳисоб-китоблар асосида ушбу бошқарманинг 2019 йил учун тасдиқланган харажатлар сметаси ва штат жадвалига тегишли ўзгартиришлар киритсин.


3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда ўн кун муддатда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда ва оқибатларини бартараф этишда тезкор ҳаракатланишни инобатга олган ҳолда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бино ва иншоотлар ажратилишини таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Канцелярияси архиви тоифаланган объектлигини инобатга олган ҳолда, истисно тариқасида, объектни реконструкция қилишга рухсат берилсин.

Бунда:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Қурилаётган бино ва иншоотлар дирекцияси - буюртмачи;

"Ташгипрогор" АЖ - бош лойиҳалаш ташкилоти;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси "Қурилиш бирлашмаси" ДУК - бош пудратчи ташкилот;

"Vinlad" МЧЖ - видеокузатув ва қўриқлаш сигнализацияси ишлари бўйича лойиҳалаш ва пудратчи ташкилот этиб белгилансин.

Истисно тариқасида, реконструкция қилиш ишларини лойиҳалаштириш ишлари билан бир вақтда 2020 йилнинг 1 январигача олиб боришга рухсат этилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги объектни реконструкция қилиш ишлари бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида марказлашган капитал қўйилмалар ҳисобидан маблағ ажратиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Қурилаётган бино ва иншоотлар дирекциясига, истисно тариқасида, объект бўйича тақдим этилган эҳтиёжларга мувофиқ қурилиш материаллари, буюмлар, конструкциялар ва ускуналар харид қилиш мақсадида тузилган шартномалар қийматининг 100 фоизи миқдорида, шунингдек, субпудрат ташкилотлари томонидан ишларни бажариш мақсадида тузилган шартномалар миқдорининг 30 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг "Қурилиш бирлашмаси" ДУКга ва "Vinlad" МЧЖга қўшимча равишда аванс ажратишга рухсат берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги объект бўйича тақдим этилган эҳтиёжларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Қурилаётган бино ва иншоотлар дирекциясига қурилиш материаллари, буюмлар, конструкциялар ва ускуналар харид қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг "Қурилиш бирлашмаси" ДУКга ва "Vinlad" МЧЖга қўшимча равишда аванс бериш учун маблағ ажратсин.


7. Белгилансинки:

объект бўйича буюртмачилар, лойиҳалаш, сублойиҳалаш, пудратчи ва субпудратчи ташкилотлари, объектни реконструкция қилиш доирасида амалга ошириладиган ишлар (хизматлар, товарлар) ҳажми бўйича барча турдаги солиқлардан (ягона ижтимоий тўловдан ташқари);

2022 йил 1 январга қадар объектни жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар (шу жумладан, лаборатория ускуналари, мобил стеллажлар), компьютер техникаси, мультимедиа маҳсулотлари ҳамда қурилиш материаллари, инвентарлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.

Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Канцелярияси архивини реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун ускуналар, компьютер техникаси, ҳужжатларни сақлаш, таъмирлаш ва рақамлаштириш учун техник воситалари (шу жумладан, лаборатория ускуналари, мобил стеллажлар), мультимедиа маҳсулотлари ҳамда қурилиш материаллари, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва инвентарларни харид қилиш истисно тариқасида Ўзбекистон Республикаси "Товар хом-ашё биржаси" АЖнинг махсус электрон савдоларисиз, тендер ва танловларсиз тўғридан-тўғри шартнома тузиш асосида амалга оширилади.


8. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Канцелярияси архивини реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига четдан харид қилинадиган товарларни олиб келиш, сақлаш, юклаш-тушириш, тайёрлаш ишларининг тўлов ундирмасдан, тегишли норма ва талабларга риоя этган ҳолда амалга оширилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Қурилаётган бино ва иншоотлар дирекцияси объектни реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказишни таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги қурилиш-монтаж ишларини бажаришда сифат талабларига риоя этилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Канцелярияси архивида сақланаётган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди таркибига киритилган зарарланган ёки матни ўчаётган ҳужжатларни тиклаш (таъмирлаш), ҳужжатлар ва микрофильмларга илмий-техник ишлов бериш ва ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш ишларида;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг иш юритиш ва архив ишига масъул бўлган ходимларининг архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш соҳасидаги малакасини ошириш учун семинар-тренинглар ўтказишда амалий ёрдам кўрсатсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - транспорт вазири А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                     А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 17 май