ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Умумий қоидалар /

Хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик ҳамкорлик масалалари бўйича идоралараро мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 23.05.2019 й. ПҚ-4331-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 23 майдаги

ПҚ-4331-сон қарорига

3-ИЛОВА



Хорижий мамлакатлар ва халқаро

ташкилотлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий

ва туристик ҳамкорлик масалалари бўйича идоралараро

мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий сиёсатини амалга оширишда, унинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва олға суриш, чет эл инвестициялари ва илғор технологияларини, имтиёзли кредитлар, грантлар ва техник кўмаклашиш воситаларини жалб қилиш, маҳаллий товар ва хизматлар экспорти ҳажмларини ошириш, икки томонлама товар алмашинуви турларини кенгайтириш, чет эллардан сайёҳлар оқимини жалб қилиш, шунингдек, республиканинг транспорт-транзит салоҳиятини оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (кейинги ўринларда - масъул ташкилотлар) билан Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари ўртасидаги идоралараро мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик (кейинги ўринларда - идоралараро ҳамкорлик) тартибини белгилайди.


2. Идоралараро ҳамкорликнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари (кейинги ўринларда - хориждаги муассасалар), маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа масъул ташкилотлар орасида биргаликдаги самарали ва тезкор ишни ташкил қилиш;

экспортни жадаллаштириш, аввало тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш, Ўзбекистон Республикасига сайёҳлар оқимини кенгайтириш ҳамда мамлакатнинг транспорт ва транзит салоҳиятини ривожлантириш соҳасида хориждаги муассасаларнинг фаолиятини фаоллаштириш ва такомиллаштириш;

масъул ташкилотлар томонидан чет эллардаги муассасаларнинг ахборот-маълумот таъминотини яхшилаш;

экспортни жадаллаштириш, инвестицияларни жалб қилиш, транспорт ва транзит салоҳиятини ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кенгайтириш борасида ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг мурожаатлари, сўровлари ва лойиҳа таклифларининг масъул ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва самарали кўриб чиқилишини таъминлаш;

маҳаллий товар ва хизматларнинг ташқи бозорларга чиқаришнинг таъсирчан механизмини яратишга қаратилган чет эл инвестицияларини жалб қилиш ва экспортни жадаллаштириш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, мамлакат иқтисодиётига чет эл инвестицияларини максимал даражада жалб қилиш.


3. Идоралараро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5400-сон Фармонининг 1-иловасига асосан тасдиқланган Схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ИДОРАЛАРАРО ҲАМКОРЛИКДА МАСЪУЛ

ТАШКИЛОТЛАРНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий йўналишини амалга ошириш ва таъминлашга жавоб берувчи давлат органлари тизимида марказий бўғин ҳисобланади.


5. Идоралараро ҳамкорликда қуйидагилар Ташқи ишлар вазирлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолият стратегияси бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва ташқи иқтисодий йўналишни амалга оширишни таъминлаш;

соҳага тегишли вазирликлар, муассасалар, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг ягона ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг самарали амалга оширилишига тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш ва бартараф қилиш;

экспортни жадаллаштириш, инвестицияларни жалб қилиш ва туризмни ривожлантириш учун қулай ташқи шароитларни яратиш бўйича сиёсий-дипломатик чоралар кўриш;

республиканинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришда, Ўзбекистонга чет эл инвестицияларини жалб қилиш ва сайёҳлар оқимини кучайтиришда амалий ёрдам кўрсатиш;

хориждаги муассасалар, масъул ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектларидан келувчи халқаро иқтисодий вазият, хорижий мамлакатларнинг бозор конъюнктураси тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш, унинг асосида устувор йўналишлар бўйича ташқи иқтисодий манфаатларни илгари суриш бўйича таклифлар тўпламини ишлаб чиқиш;

мамлакатда амалга оширилаётган катта миқёсдаги ислоҳотлар ва ўзгаришлар, республиканинг экспорт, инвестиция ва туристик салоҳияти тўғрисида холис маълумотларни кенг тарқатиш, шунингдек, дунё рейтингларида Ўзбекистоннинг мавқеини яхшилаш борасида таклифларни ишлаб чиқиш ва мамлакатнинг ижобий имижини мустаҳкамлаш;

хорижий давлатлар, халқаро молиявий институтлар ва ташкилотлар билан ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасида хориждаги муассасаларнинг фаолиятини такомиллаштириш, хориждаги муассасалар дипломатик ходимларининг ташқи иқтисодий фаолият бўйича ишини назорат қилиш.


6. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташқи савдо соҳасида стратегияни шакллантириш ва ягона сиёсатни амалга ошириш ҳамда чет эл инвестицияларини, кредит ва молиявий-техник кўмаклашиш воситаларини жалб қилишни мувофиқлаштиришда масъул орган ҳисобланади.


7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг идоралараро ҳамкорликдаги асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари, кредитлар, шунингдек, молиявий-техникавий кўмаклашиш воситаларини жалб қилиш стратегиясини белгилаш;

инвестиция салоҳиятини ривожлантириш, қулай инвестицион муҳитни шакллантириш, мамлакатнинг ишончли инвестицион шерик сифатидаги имижини мустаҳкамлаш ва унинг инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва чора-тадбирларни амалга ошириш;

хорижий шериклар билан инвестицион ҳамкорлик йўналишларини ривожлантириш ва диверсификациялаш чора-тадбирларини кўриш;

инвестиция лойиҳалари ва таклифларининг ягона базасини шакллантириш, чет эллик сармоядорларни, шунингдек кредит ва молиявий-техник кўмаклашиш воситаларини излаб топиш ва жалб қилишда ёрдам бериш;

хорижий давлатлар билан ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари доирасида тузиш мақсадида қатъий савдо-инвестиция битимлари ва шартномаларининг рўйхати устида ишлашни мувофиқлаштириш ва ишлаб чиқиш (тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда);

тақдимот ва ахборот-маълумот материаллари билан биргаликда сифатли ишлаб чиқилган инвестиция таклифлари ва лойиҳаларнинг паспортларини Ташқи ишлар вазирлигига ва хориждаги муассасаларга тақдим қилиш;

республиканинг ташқи иқтисодий фаолият субъектларига чет эллик инвесторларни қидириш, улар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш, шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича лойиҳа таклифлари ва бошқа керакли материалларни тайёрлашда кўмаклашиш;

устувор минтақавий ва тармоқ йўналишлари бўйича республиканинг ташқи савдо фаолияти стратегиясини шакллантириш;

республиканинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф қилиш, транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва чора-тадбирларни амалга ошириш;

экспорт қилинадиган товарлар (иш, хизматлар)нинг ҳажмини ошириш, турларининг хилма-хиллиги ва географиясини кенгайтириш бўйича вазифаларни амалга ошириш;

чет элларда экспортчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ишбилармон шерикларни қидиришда, шартномалар тузишда, тендер (танлов) савдоларида, ярмарка, бизнес-форумларда ва бошқа тадбирларда ёрдам бериш;

Ташқи ишлар вазирлигига ва хориждаги муассасаларга экспорт қилинадиган товарлар (иш, хизматлар)нинг рўйхатини уларнинг чет эл валютасидаги нархи, техник кўрсаткичлари ва минтақалар кесимида тавсифларини кўрсатган ҳолда тақдим қилиш;

дунё бозорлари бўйича маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот турлари ва номенклатурасини тизимли асосда таҳлил қилиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт қилинадиган товар ва хизматлари ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш.


8. Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси туризм соҳасида, мамлакатнинг туристик салоҳиятини тубдан ошириш ва туризмга иқтисодиётнинг стратегик соҳаси мақомини бериш сиёсатини амалга оширишни таъминловчи орган ҳисобланади.


9. Идоралараро ҳамкорликда Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

туриндустрияни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, шунингдек, устувор чет эл бозорларида туристик хизматларни илгари суриш;

туристик инфратузилмани ривожлантириш, миллий туристик брендни ва туристик маҳсулотларни илгари суриш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш;

туристик бозорларни кенгайтириш ва диверсификация қилиш, туристик ярмаркаларда қатнашишда ва шериклик алоқаларини ўрнатишда миллий туроператорларга ёрдам бериш;

республиканинг тегишли инфратузилмасини ривожлантириш ва илгари суриш бўйича қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда етакчи чет эллик туристик компанияларнинг иштирокини таъминлаш;

Ташқи ишлар вазирлигига ва хориждаги муассасаларга мамлакат ҳудудлари кесимида туристик салоҳият тўғрисидаги тақдимотларни ташкил қилиш мақсадида сифатли ахборот (фото ва видео) материалларини тақдим қилиш.


10. Хориждаги муассасалар ўзлари жойлашган давлатда ёки халқаро ташкилотда Ўзбекистон Республикасини ифодаловчи давлат органлари ҳисобланади.


11. Идоралараро ҳамкорликда хориждаги муассасаларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

борган давлатдаги иқтисодий конъюнктурани, иқтисодиёт тармоқлари ва бозорлар ривожланишининг динамикаси ва тенденцияларини таҳлил қилиш ҳамда экспортни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва туризмни авж олдириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ташқи иқтисодий вазифаларни ҳал қилиш учун самарали давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш;

ишбилармон доиралар билан яқин муносабатлар ўрнатиш ва салоҳиятли шерикларнинг манзил маълумотлари базасини кенгайтириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар билан аниқ лойиҳалар, дастурлар ва келишувларни амалга ошириш бўйича ўзаро амалий ҳамкорлик қилиш;

республиканинг экспорт, инвестицион ва туристик салоҳияти тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш, шунингдек, мамлакатнинг ижобий имижи ва дунё рейтингларидаги мавқеини мустаҳкамлаш чора-тадбирларни кўриш.


12. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар:

иқтисодиётнинг устувор соҳаларини ривожлантиришдаги эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда инвестицияларни жалб қилиш, товарлар (иш, хизматлар) экспортини жадаллаштириш, туризмни ривожлантириш соҳасида таклиф ва лойиҳаларни, ишлаб чиқиш;

соҳалар кесимида экспорт, инвестиция ва туристик салоҳиятни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни қабул қилиш;

хорижий шериклар ташаббуси билан бошланган лойиҳалар ва таклифлар, талаблар билан ишлаш ҳолати тўғрисида Ташқи ишлар вазирлигини вақти-вақти билан хабардор қилиш;

хорижий шериклар билан алоқалар ўрнатиш, улар билан аниқ битимлар тузиш орқали идоралараро ҳамкорликни амалга оширишади.


13. Вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ташқи ишлар вазирлиги сўрови билан керакли маълумотларни белгиланган муддатларда тақдим қилиши керак.

Вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари талаб қилинган маълумотларни ўз вақтида тақдим қилмаган тақдирда, Ташқи ишлар вазирлиги масъул раҳбарларга нисбатан интизомий жазо қўллаш масаласини киритишга ҳақлидир.


14. Масъул ташкилотлар идоралараро ҳамкорлик давомида ўз ваколатини белгилаб берувчи қонун ҳужжатларида зиммасига юклатилган бошқа вазифаларни ҳам бажаради.



3-БОБ. ХОРИЖИЙ ШЕРИКЛАР БИЛАН ЛОЙИҲА

ВА ТАКЛИФЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ҲАМДА

КЕЛИШИШ ТАРТИБИ


15. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа масъул ташкилотлар ўз ваколати доирасида Савдо-саноат палатаси ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг бошқа субъектлари билан биргаликда чет эллик шериклар билан амалга ошириш мақсадида таклифлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқади.


16. Ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилган таклифлар ва лойиҳалар Ташқи ишлар вазирлигига юборилади. Мазкур Низомнинг 17-бандида назарда тутилган ҳолларда эса кейинчалик Ташқи ишлар вазирлигини хабардор қилиш орқали улар хорижий шериклар билан ишлаб чиқилган ҳолда тўғридан-тўғри хориждаги муассасаларга юборилиши мумкин.


17. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар қуйидаги ҳолатларда тўғридан-тўғри хорижий муассасалар билан ҳамкорликни амалга оширади, шунингдек, чет эллик шериклар билан пухта ишлаб чиқиш мақсадида ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилган таклиф ва лойиҳаларни уларга юборади:

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва бошқа эришилган келишувлар, икки томонлама ҳамкорлик бўйича "Йўл хариталари" доирасида лойиҳа/таклифларнинг амалга оширилишида ёки ишлаб чиқилишида;

олий ва юқори даражадаги расмий алоқалар, шунингдек, ҳукуматлараро комиссия (қўмита ва кенгашлар) йиғилишлари натижалари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида.


18. Ташқи ишлар вазирлигига, мазкур Низомнинг 17-бандида назарда тутилган ҳолларда эса, хориждаги муассасаларга юбориладиган таклиф ва лойиҳаларга қуйидагилар илова қилинади:

инвестицияларни жалб қилиш соҳасида - минтақалар кесимида соҳанинг инвестиция, шу жумладан туристик салоҳиятига бағишланган тақдимот (видео ва/ёки слайдлар), тарқатма материаллар (флаер, буклет ва брошюралар) ва бошқа ахборот-маълумот материалларини (мавжуд инфратузилма, лойиҳани амалга ошириш шартлари ва бошқалар тўғрисида маълумот) илова қилган ҳолда сифатли ишлаб чиқилган инвестиция таклифлари ва лойиҳаларнинг паспортлари;

товар ва хизматларнинг (туризм соҳасини ўз ичига олган ҳолда) экспортини илгари суриш соҳасида - чет эл валютасидаги нархини, техник кўрсаткичлари ва хусусиятларини, сифат сертификатини кўрсатиш билан биргаликда тақдимот (видео ва/ёки слайдлар), тарқатма материаллар (флаер, буклет ва брошюралар) ва минтақалар кесимида тармоқнинг экспорт, шу жумладан туристик салоҳиятини намойиш қилувчи бошқа ахборот-маълумот материаллари илова қилинган ҳолда ишлаб чиқариладиган/кўрсатиладиган ва экспортга юбориладиган товар ва хизматлар рўйхати.

Таклифлар ва лойиҳалар ҳамда уларга илова қилинадиган материаллар:

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари учун - рус тилида;

бошқа мамлакатлар учун - инглиз тилида, ёки зарур ҳолларда бошқа тилларда тайёрланиши лозим.


19. Таклиф ва лойиҳалар мазкур Низомнинг 18-бандида кўрсатиб ўтилган талабларга мувофиқ келмаган тақдирда, Ташқи ишлар вазирлиги, мазкур Низомнинг 17-бандида билан назарда тутилган талабларга мувофиқ келмаган тақдирда эса хориждаги муассасалар, иш тартибида уларнинг камчилигини тўлдириш имконияти бўлмаганда, уларни бартараф қилиш учун ташаббускорларига қайтаришга ҳақли.


20. Ташқи ишлар вазирлиги масъул ташкилотлардан таклиф ва лойиҳалар келган пайтдан эътиборан, қоидага кўра, уч кунлик муддатда (дипломатик почтани жўнатиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда) уларни хорижий муассасаларга юборади.


21. Хорижий муассасалар ушбу таклиф ва лойиҳаларни олгач, зудлик билан уларни хорижий шериклар билан пухта ишлаб чиқишга киришади.


22. Хорижий муассасалар, ташаббус билан берилган таклиф ва лойиҳаларни ҳамда республиканинг масъул ташкилотлари томонидан таклиф қилинган лойиҳаларни хорижий шериклар билан ишлаб чиқиш ҳолати тўғрисида Ташқи ишлар вазирлигига ҳар ой ахборот киритади.

Ташаббускорлар Ташқи ишлар вазирлиги талаби, мазкур Низомнинг 17-бандида назарда тутилган ҳолларда эса хорижий муассасаларнинг талабига биноан чет эллик шериклар билан таклиф ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун зарур бўлган қўшимча маълумот ва материалларни тақдим қилади.


23. Мазкур Низомнинг 22-бандида кўрсатиб ўтилган маълумотларнинг хорижий муассасалардан келиб тушишига қараб, Ташқи ишлар вазирлиги мунтазам равишда, аммо ҳар чоракда камида бир марта Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа масъул ташкилотларни таклиф ва лойиҳаларни кўриб чиқиш ҳолати тўғрисида улар бўйича келишувларга эришилгунига қадар хабардор қилиб боради.



4-БОБ. ХОРИЖИЙ МУАССАСАЛАР ТОМОНИДАН

ТАШАББУС КЎРСАТИЛГАН СЎРОВЛАР, ТАКЛИФ

ВА ЛОЙИҲАЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


24. Чет эллик шериклардан хорижий муассасаларга келиб тушган сўровлар, таклифлар ва лойиҳалар, қоидага кўра, уч кунлик муддатда (дипломатик почтани жўнатиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда) Ташқи ишлар вазирлигига юборилади, мазкур Низомнинг 17-бандида назарда тутилган ҳолларда эса, бир кунлик муддатда ҳаммабоп алоқа воситалари (электрон почта, факс ва бошқалар) орқали бир вақтнинг ўзида Ташқи ишлар вазирлигини хабардор қилган ҳолда тўғридан-тўғри давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга юборилади.


25. Ташқи ишлар вазирлиги хорижий муассасалардан ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар ва чет давлатларнинг ваколатхоналаридан келган сўровлар, таклиф ва лойиҳаларни улар келиб тушган вақтдан эътиборан уч кун муддат ичида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа масъул ташкилотларнинг ваколатига тааллуқли масалалар бўйича юборади.


26. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа масъул ташкилотлар, мазкур Низомнинг 17-бандида назарда тутилган ҳолларда эса давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар:

учрашув ва музокараларни ташкил этиш, маълумот ва материалларни олиш билан боғлиқ сўровларни - уч кунлик муддатда;

инвестициялар, молиявий-техник кўмаклашиш воситаларини жалб қилиш, товар ва хизматларнинг экспортини назарда тутган таклиф ва лойиҳаларни - етти кунлик муддатда кўриб чиқади.

Таклиф ва лойиҳаларда кўпроқ даврда кўриб чиқилишини талаб қиладиган масалалар мавжуд бўлган тақдирда, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа масъул ташкилотлар уч кунлик муддатда бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигини, мазкур Низомнинг 17-бандида назарда тутилган ҳолларда эса, хориждаги муассасаларни кейинчалик хорижий шерикларга маълумот бериш учун хабардор қилади ва бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигига ахборот беради.


27. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа масъул ташкилотлар:

чет эллик шериклар томонидан ташаббус кўрсатилган сўровлар, таклиф ва лойиҳаларнинг ишлаб чиқилиши ҳолати, шунингдек, кейинчалик уларни амалга ошириш жараёни ҳақидаги маълумотларни Ташқи ишлар вазирлигига ҳар ой киритиб боради;

таклиф ва лойиҳаларни мустақил равишда чет эллик шериклар билан ишлаб чиқади ёки зарур ҳолларда Ташқи ишлар вазирлигидан ёрдам сўраши мумкин.


28. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳар ой Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатасига, Вазирлар Маҳкамаси ва Бош прокуратурасига инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиш жараёни тўғрисида умумлаштирилган ахборотни киритиб боради.



5-БОБ. ХОРИЖИЙ МУАССАСАЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ

АХБОРОТ ТАЪМИНОТИ ВА МАМЛАКАТНИНГ

ИҚТИСОДИЙ МАНФААТЛАРИНИ ИЛГАРИ

СУРИШДА УЛАРГА КЎМАКЛАШИШ


29. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва бошқа масъул ташкилотлар ҳар чоракда хорижий муассасаларни мазкур Низомнинг 18-бандига мувофиқ тақдимот материаллари (видео ва/ёки слайдлар), тижорат таклифлари ва бошқа ахборот-маълумот материаллари билан таъминлайди.


30. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қуйидагиларнинг ягона электрон маълумотлар базасига кириш имкониятини тақдим этиш орқали Ташқи ишлар вазирлиги ва хорижий муассасалар билан электрон шаклда ҳамкорликни таъминлайди:

маҳсулот номи, нархи, етказиб бериш шартлари, сифат сертификатининг мавжудлиги, ўрами, маркаси ва бошқаларни назарда тутган миллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт қилинадиган товар ва хизматларнинг электрон базаси;

лойиҳа номи, лойиҳа нархи, инвестиция таклифи ва паспортининг мавжудлиги, ташкилотнинг гектарда кўрсатилган ҳудуди (агар мавжуд бўлса), инфратузилманинг мавжудлиги ва бошқаларни кўзда тутувчи инвестиция таклифлари ва лойиҳаларининг электрон базаси.


31. Масъул ташкилотлар Ташқи ишлар вазирлигининг сўровига биноан маҳаллий товар ва хизматларнинг экспортини илгари суришда, инвестиция ва туристлар оқимини жалб қилишда ёрдам кўрсатиш мақсадида хорижий муассасаларга юқори малакали мутахассисларни қисқа муддатли хизмат сафарига юбориш бўйича таклифларини киритади.


32. Ташқи ишлар вазирлиги ҳар йили 1 февралга қадар масъул ташкилотларнинг таклифлари асосида хорижий муассасалар эҳтиёжига қараб қисқа муддатли хизмат сафарлари режасини тасдиқлайди.


33. Масъул ташкилотлар мутахассисларининг хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар ҳар йили бюджетдан ушбу мақсадлар учун ажратиладиган ажратмалар ёки мазкур ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


34. Масъул ташкилотларнинг раҳбарлари ва ваколатли шахслари мазкур Низомга мувофиқ уларнинг зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 24 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 27 май, 21-сон, 393-модда



































Время: 0.0124
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск