ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Иктисодий ишлар буйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 24.05.2019 й. 13-сон "Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

24.05.2019 й.

N 13



БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ СУДИ ТОМОНИДАН

ИҚТИСОДИЙ ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУН НОРМАЛАРИНИ

ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Иқтисодий низоларни ҳал этишда биринчи инстанция суди томонидан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосланиб Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Иқтисодий судларнинг эътибори низоларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) ва бошқа қонунчиликка қатъий риоя этган, тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги, суд ишларини юритишнинг ошкоралиги, тортишувлиги ва одил судловнинг бошқа принципларини таъминлаган ҳолда ҳал этиш зарурлигига, уларга риоя қилмаслик эса, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар ҳуқуқлари бузилишига олиб келишига қаратилсин.

2. ИПК 3-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ҳар қандай манфаатдор шахс узининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга (бундан буён матнда суд деб юритилади) ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.

Бунда манфаатдор шахс деганда, ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳукуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида мурожаат қилаётган шахс (даъвогар, қарши даъво аризаси бўйича эса жавобгар, аризачи, низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс) тушунилиши лозим.

Судларга тушунтирилсинки, судга мурожаат қилишда ИПКда белгиланган шаклга риоя қилмаслик даъво аризаси (ариза) ва шикоятни қайтариш учун асос бўлади.


3. ИПК 148-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд манфаатдор шахсларнинг, прокурорнинг, қонун бўйича давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда шу давлат органлари ва бошқа органларнинг аризалари бўйича иш қузғатади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмига кўра, агар қонунда муайян тоифадаги низолар учун судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, фақат тарафлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини кўрганларидан кейингина судда иш қўзғатилиши мумкин. Бундай тартиб, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Солиқ кодекси, Ҳаво кодекси, "Темир йўл транспорти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгилаб қуйилган. Низоларни судгача ҳал этиш (талабнома юбориш) тартиби даъвогар учун фақат қонун ва шартномада белгиланган ҳолларда мажбурий эканлигини назарда тутиш лозим.

Бунда судлар инобатга олишлари керакки, қонуности ҳужжатларида низоларни судгача ҳал этиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланган ҳолларда унга риоя қилиш тарафлар учун мажбурий ҳисобланади.

Агар шартномада тарафлар томонидан келиб чиққан низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ҳақидаги шарт назарда тутилган бўлса, аммо низони ҳал этиш тартиби белгиланмаган бўлса, бу ҳолда низони талабнома юбориш йўли билан ҳал этиш тартиби мажбурий ҳисобланмайди. Бунда судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, башарти шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби назарда тутилган бўлса, прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар томонидан даъвогарлар манфаатида даъво аризалари судга тақдим этилишидан олдин ҳам ушбу тартибга риоя қилиниши керак.


4. Судлар суд ҳужжати суд мажлиси ўтказилган тилда тузилиши лозимлигини ҳисобга олишлари керак.

Бунда судларнинг эътибори суд мажлиси қайси тилда бошланса, шу суд мажлиси якунига қадар шу тилда давом эттирилиши ҳамда суд ҳужжати шу тилда тузилиши, суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган суд процесси иштирокчиларининг таржимон орқали иш материаллари билан танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳамда судда ўз она тилида ёки эркин танланган мулоқот тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланишига эътибор қаратилиши лозим.


5. ИПК 15-моддасининг биринчи қисмига кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа органлар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.

Судья томонидан имзоланган суд ҳужжатлари ишда қолдирилиши сабабли, уларнинг ишда иштирок этувчи шахсларга юбориладиган нусхалари "аслига тўғри" ёзуви киритилиб, суднинг гербли муҳри билан, агар суд ҳужжати электрон тарзда юборилса, у судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.


6. Рад қилиш тўғрисидаги ариза фақат ИПКнинг 20 ва 21-моддаларида кўрсатилган ҳоллар мавжуд бўлганда қаноатлантирилиши мумкин.

ИПК 20-моддасининг 3-бандини қўллашда судья, агар у ишда иштирок этувчи шахсларнинг (ишда иштирок этувчи шахслар раҳбарлари ёки таъсисчилари (иштирокчилари), юридик шахс мол-мулкининг эгаси ёки улар вакилларининг қариндоши бўлса, ишни кўришда қатнаша олмаслигини назарда тутиш лозим.

Биринчи инстанция бўйича ишлар барча судларда судья томонидан якка тартибда кўрилади ҳамда уни рад қилиш тўғрисидаги масала суднинг раиси, бир таркибли судда эса шу судья томонидан ҳал қилинади.

Суд раисига нисбатан билдирилган рад қилиш тўғрисидаги масала суд раисининг ўзи томонидан ҳал этилади.

Ишни Олий суднинг биринчи инстанциясида кўраётган судьяни рад қилиш тўғрисидаги масала . судлов ҳайъатининг раиси томонидан ҳал қилинади.

Рад қилиш ҳақидаги ариза оғзаки ёки ёзма шаклда билдирилиши мумкин. Оғзаки ариза бевосита суд мажлисининг баённомасида кўрсатилади.

Айни бир шахс томонидан айни бир асослар бўйича такроран рад қилиш билдирилганда у кўриб чиқилмаслиги суд томонидан эълон қилинади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.


7. ИПК 19-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори апелляция ёки кассация инстанцияси судлари томонидан бекор қилинган бўлса, шу ишни биринчи инстанция судида янгидан куришда иштирок эта олмайди, янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриш бундан мустасно.

Ишни кўришда иштирок этган судья деганда, ишни мазмунан кўришда ва ҳал қилув қарори, қарор қабул қилинишида иштирок этган судья тушунилади.

Судлар назарда тутишлари лозимки, ИПКнинг 19-моддасида белгиланган қоидалар даъво аризасини қабул қилиш ва иш қўзгатиш, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш, суд мажлисини қолдириш тўғрисидаги ва бошқа шикоят қилинмайдиган ажримларни қабул қилишда иштирок этган судьяларга татбиқ этилмайди. Бироқ, даъвони кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримларни чиқарган судья шу ишни биринчи инстанция судида янгидан кўришда иштирок этиши мумкин эмас.


8. Судга ИПК 25-моддасининг биринчи қисмида белгиланган иқтисодиёт соҳасида фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иқтисодий низолар бўйича ишлар тааллуқлидир. Иқтисодий судга тааллуқли бўлган, низо келиб чиқиши мумкин бўлган бошқа ҳуқуқий муносабатлар деганда, хусусан, фуқаролик ва маъмурий ҳуқуқ нормалари билан қамраб олинмаган ер ва бошқа ҳуқуқий муносабатлар тушунилиши лозим.

Иқтисодий судга корпоратив низолар бўйича ишлар ҳам тааллуқлидир. Бундай ишлар низо вужудга келган ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси юридик ёки жисмоний шахс бўлишидан қатъий назар, фақат иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади. Бундан меҳнатга оид низолар, шунингдек хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни, улушларни, кооперативлар аъзоларининг пайларини ўз ичига олувчи мерос мол-мулкни ёки эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низолар мустасно.

Судлар инобатга олишлари лозимки, ИПКнинг 30-моддасида кўрсатилган корпоратив низоларнинг рўйхати тугал ҳисобланмайди. Шунинг учун низонинг ушбу руйхатда кўрсатилмаганлигини асос қилиб, даъво аризасини қабул қилишни рад этишга ёки иш юритишни тугатишга йўл қўйилмайди.

Ўзаро боғлиқ бир нечта талаб бирлаштирилган бўлиб, уларнинг айримлари фуқаролик ишлари бўйича судга бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлса, бундай даъво аризаси ИПКнинг 31-1-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ўтказилади. Агар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга кўриб чиқиш учун ўтказиш ва иқтисодий суд ишини юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Агар ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари иқтисодий судга, бошқалари эса, маъмурий судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилиб берилган даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган бўлса, иқтисодий судга тааллуқли бўлган талаб мазмунан кўриб чиқилади. Маъмурий судга тааллуқли бўлган талабни эса, ИПКнинг 31-1-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда тааллуқлилигига кўра иш материалларини маъмурий судга кўриб чиқиш учун ўтказиш ва унга оид қисми бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилади.


9. ИПК 37-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ корпоратив низолар бўйича даъволар юридик шахс жойлашган ердаги судга тақдим этилади. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, ушбу қоидада кўрсатилган юридик шахс деганда, низо айнан қайси юридик шахснинг фаолияти юзасидан келиб чиққан бўлса, шу юридик шахс тушунилади.

ИПКнинг 30-моддасида кўрсатилган корпоратив низоларнинг рўйхати тугал ҳисобланмаслиги сабабли, ИПКнинг ушбу моддасида кўрсатилмаган, аммо ўзининг моҳиятига кўра корпоратив низо ҳисобланган даъволар ҳам юридик шахс жойлашган жойда тақдим этилади.


10. ИПКнинг 25-моддасида иқтисодий судга тааллуқли низолар келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқий муносабатлар қатнашчиларининг субъектли таркиби белгиланган. У энг аввало, юридик шахсларни ва юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқароларни ҳамда ИПК 25-моддаси биринчи қисмининг 5-бандида назарда тутилган ишлар бўйича жисмоний шахсларни ўз ичига олади.

Судлар назарда тутишлари керакки, агар даъво билан юридик шахснинг ўзи эмас, балки унинг алоҳида бўлинмаси (филиали, ваколатхонаси) ишончнома асосида унинг номидан мурожаат этса, иқтисодий суд даъво аризасини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас. Бундай ишлар бўйича алоҳида бўлинма эмас, балки у манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилаётган юридик шахс даъвогар ҳисобланади.

Шуни назарда тутиш керакки, юридик шахснинг алоҳида бўлинмаси (филиали, ваколатхонаси) юридик шахс мақомига эга эмас ва ишончнома асосида юридик шахснинг номидан ҳаракат қилади. Агар юридик шахснинг алоҳида бўлинмаси (филиали, ваколатхонаси) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ёхуд унинг ҳудудий бошқармаси аъзоси бўлган бўлса, алоҳида бўлинма эмас, балки унинг юридик шахси палата аъзоси ҳисобланади. Шунинг учун, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ёки унинг ҳудудий бошқармаси томонидан киритиладиган даъво аризасида даъвогар сифатида юридик шахс кўрсатилиши шарт. Ушбу талабга риоя қилмаслик ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан даъво аризасини қабул қилишни рад этишга асос бўлади. Агар бу ҳолат даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, ИПК 110-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан иш юритиш тугатилади.

Даъво юридик шахснинг ўзига эмас, балки унинг алоҳида бўлинмасига нисбатан тақдим этилган бўлса, ИПК 154-моддасининг 1-бандига асосан даъво аризасини қабул қилиш рад этилади. Агар бу ҳолат даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, ИПКнинг 45-моддасига мувофиқ юридик шахснинг ўзини ишда иштирок этишга жалб қилиш масаласи ҳал этилиши лозим. Даъво қаноатлантирилган тақдирда, ундириладиган сумма ишга тегишли жавобгар сифатида жалб қилинган юридик шахсдан ундирилади.

ИПК 25-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ фуқаро, агар у юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинган бўлса, иқтисодий судга тааллуқли низонинг қатнашувчиси деб тан олинади. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган, лекин давлат рўйхатидан ўтмаган фуқаро, якка тартибдаги тадбиркор мақомини олмайди ва бундай шахслар иштирокидаги низолар ИПК 25-моддасига мувофиқ иқтисодий судга тааллуқли эмас. Агар фуқаронинг якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлигининг амал қилиши, хусусан гувоҳноманинг амал қилиш муддатининг тугаши, давлат руйхатидан ўтказилганлигининг бекор қилинганлиги ва ҳоказолар муносабати билан тугатилганда, тегишли талаблар унинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқса, иқтисодий судга тааллуқлидир.

Судларнинг эътибори фуқарода якка тартибдаги тадбиркор мақоми мавжудлигининг ўзи, унинг иштирокидаги низони иқтисодий судда кўришга асос бўлмаслигига қаратилсин. Агар фуқаро олинган якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга бўлса-да, аммо низо унинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши муносабати билан эмас, балки уй-жой, никоҳ-оила ва бошқа, шу жумладан, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ бўлса, бу низо иқтисодий судга тааллуқли эмас.


11. Шартнома бўйича келишмовчиликлар ҳақидаги низолар қуйидаги икки ҳолатда судда кўриш предмети бўлиши мумкин, агар:

шартнома тузиш қонунда назарда тутилган бўлса;

тарафларнинг шартнома бўйича келишмовчиликларни ҳал этиш учун иқтисодий судга топшириш тўғрисида келишуви мавжуд бўлса.

Бундан келиб чиқадики, шартнома олдидан бўладиган низони, агар бундай шэртномани тузиш қонун бўйича ҳеч бўлмаганда бир тараф учун мажбурий бўлса, суд кўриб чиқиш учун қабул қилиши шарт (ФКнинг 377-моддаси). Шартнома бўйича келишмовчиликлар тўғрисидаги низони судга ҳал этиш учун беришнинг бошқа шарти тарафларнинг бундай имконият ҳақидаги келишуви ҳисобланади. Мазкур келишув турли шаклларда, масалан, хатлар, телеграммалар, маълумотлар алмашиш йўли билан, факсимил ёки электрон алоқа воситасида ифода этилиши мумкин. Бундан ташқари, шартнома бўйича келишмовчиликларни ҳал этишни судга топшириш тузилиши керак бўлган шартноманинг шарти сифатида назарда тутилиши ва агар бошқа тараф келишмовчиликлар баённомасида лойиҳанинг бу шарти бўйича ҳеч қандай эътироз билдирмаса, тарафлардан бири томонидан бундай тартиб лойиҳага киритилиши мумкин.

Шартнома шартларини ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги иқтисодий низолар ҳам судга тааллуқлидир. Бундай турдаги низоларни суд ўз иш юритишига қабул қилиши учун шартноманинг тури ҳам, уни тузиш тартиби ҳам аҳамиятга эга эмас. Шу билан бирга ФК шартномани бекор қилиш ва ўзгартириш, агар ФК, бошқа қонунлар ёки шартнома билан бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тарафларнинг келишуви бўйича мумкинлиги тўғрисидаги қоидани белгилайди (ФК 382-моддасининг биринчи қисми). Тарафлардан бирининг талаби билан эса шартнома суд томонидан фақат иккинчи тараф уни жиддий равишда бузса ҳамда ФК, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин (ФК 382-моддасининг иккинчи қисми). Бунда суд бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда. бундай муддат бўлмаганида эса - ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги даъвони қабул қилишга ҳақли (ФКнинг 384-моддаси).


12. ИПК 25-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига мувофиқ судга юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.

Судлар инобатга олишлари лозимки, ИПК 205-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган юридик аҳамиятга эга бўлган фактларнинг рўйхати тугал ҳисобланмайди. Шунинг учун бундай фактнинг ушбу рўйхатда кўрсатилмаганлигини асос қилиб, аризани қабул қилишни рад этишга ёки иш юритишни тугатишга йўл қўйилмайди.

Суд қуйидаги шартларнинг йиғиндиси мавжуд бўлганда юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризаларни ўз иш юритувига қабул қилади ва кўради, агар:

қонунга кўра факт ҳуқуқий оқибатларни, яъни тадбиркорлик ва бошқа иқтисодий фаолият соҳасида ҳуқуқий муносабатларнинг вужудга келиши, ўзгариши ёки бекор бўлишини келтириб чиқарса;

фактнинг аниқланиши кейинчалик иқтисодий судга тааллуқли бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги низони ҳал этиш билан боғлиқ бўлмаса;

аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни олиш ёки тиклашнинг бошқа имкониятига эга бўлмаса;

амалдаги қонунчиликда юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлашнинг бошқа (суддан ташқари) тартиби назарда тутилмаган бўлса.

Юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ариза ИПКнинг 149-моддаси ва 207-моддасининг иккинчи қисмида баён қилинган талабларга риоя этган ҳолда берилиши керак. Қайд этилган талабларга риоя этмаслик ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан аризани қайтаришга асос бўлади.

Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар суд томонидан ИПКда назарда тутилган умумий қоидалар бўйича, ИПКнинг 208-моддасида назарда тутилган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда кўрилади.

Суд томонидан ишда иштирок этиш учун жалб қилинган манфаатдор шахслар (қабул қилинган ҳал қилув қарори ҳуқуқларига таъсир этиши мумкин бўлган шахслар) юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги судда кўрилаётган аризанинг асослилиги ёки асоссизлигини тасдиқловчи далилларни тақдим этиш, иш ҳолатларини текширишда иштирок этиш, ҳал килув қарори устидан шикоят қилиш ва ИПКнинг 42-моддасида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли.

Агар юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ишни кўришда манфаатдор шахс томонидан судга тааллуқли ҳуқуқ тўғрисида низо борлиги маълум қилинса ёки суднинг ўзи юридик аҳамиятга эга бўлган фактнинг аниқланиши ҳуқуқ тўғрисидаги низони ҳал қилиш билан боғлиқлиги тўғрисида хулосага келса, ариза ИПК 107-моддасининг 7-бандига асосан кўрмасдан қолдирилади.


13. Даъвогар ИПК 157-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган даъво асосини ёки предметини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ҳуқуқидан биринчи инстанция судида ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар фойдаланиши мумкин. Бу норма иш бошқа инстанцияларда кўрилаётганида қўлланилмайди. Қайд этилган ҳуқуқ даъвогар томонидан, шунингдек ҳал қилув қарори апелляция, кассация инстанциялари томонидан ёхуд суд ҳужжати янги очилган ҳолат бўйича бекор қилиниб, иш янгидан биринчи инстанция судида кўрилаётганда фойдаланилиши мумкин.

Даъво предметининг ўзгариши даъвогарнинг жавобгарга нисбатан моддий-ҳуқуқий талабларининг ўзгаришини билдиради. Даъво асосини ўзгартириш даъвогарнинг жавобгарга нисбатан ўз талабларини асослантирган ҳолатларнинг ўзгаришини билдиради. Даъво предмети ва асоси тушунчаларидан шу нарса келиб чиқадики, масалан, агар битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб шартномани бекор қилиш талаби билан алмаштирилса ва бу ўзгаришга бошқа асослар келтирилса, бундай ҳолда даъвонинг предмети ва асоси ўзгарган ҳисобланади. ИПК даъво предмети ва асосини бир вақтда ўзгартиришга йўл қўймайди.

Даъво талаблари миқдорининг кўпайтирилиши деганда, даъвогар томонидан даъво аризасида баён қилинган ўша талаб бўйича даъво суммасининг кўпайтирилиши тушунилади. Даъво талаблари миқдорининг кўпайтирилиши даъвогар томонидан даъво аризасида кўрсатилмаган қўшимча талабларни тақдим қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Хусусан, мулкий санкцияларни қўллаш ҳақидаги талаб асосий қарзни ундириш тўғрисидаги даъво бўйича талаблар миқдорининг кўпайтирилиши деб ҳисобланмаслиги керак. Бундай талаб даъво предмети бўлмаган янги талаб ҳисобланиши сабабли кўриб чиқилмайди ва суд бундай аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Даъвогар ишни ҳар қандай инстанция судида кўришда тегишли суд инстанциясида ишни кўриш якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли.

Суд мажлиси давомида тақдим этилган даъвонинг предмети ёки асосини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, даъводан воз кечиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги суд мажлисида эълон қилиниб, бу ҳақда суд мажлиси баённомасига киритилиши ҳамда ажримда ёки ҳал қилув қарорида кўрсатилиши лозим.

Даъвонинг предмети ёки асосини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ҳақидаги ёхуд даъводан воз кечиш ҳақидаги ариза судга ёзма равишда тақдим этилиши лозим.

Судларнинг эътибори даъводан воз кечиш қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслигига қаратилсин.

Суд даъвогарга даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишнинг ИПК 111-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган оқибатларни тушунтириши лозим.


14. ИПК 61-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ судда юридик шахсларнинг ишларини уларнинг қонунчиликка ёки таъсис ҳужжатларида берилган ваколатлар доирасида ҳаракат қиладиган органлари ва (ёки) вакиллари юритади.

Вакилнинг ишончномасида ишонч билдирган шахснинг номидан судда вакил амалга оширишга ҳақли бўлган, ИПКнинг 63-моддасида назарда тутилган процессуал ҳаракатлар санаб ўтилган бўлиши лозим. Агар вакилга берилган ишончномада унинг аниқ ваколатлари кўрсатилмаган бўлса, вакил ИПК 63-моддасининг биринчи қисмида махсус назарда тутилган процессуал ҳаракатлардан ташқари, барча процессуал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли.

ИПКнинг 63-моддада вакилнинг даъво талабларининг миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ваколати ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши белгиланмаган. Шу сабабли, судларнинг эътибори бундай аризалар даъво аризасини имзолаш ҳуқуқи берилган шахс томонидан берилиши мумкинлигига қаратилсин.

ИПК 61-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ фуқаролар ўзишларини иқтисодий судларда шахсан ўзлари ва (ёки) вакиллари орқали юритишлари мумкин. ИПК 61-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган фуқаролар деганда, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар, шунингдек ИПК 25-моддаси биринчи қисмининг 3 ва 5-бандлари ҳамда ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган низолар иштирокчилари - жисмоний шахслар тушунилиши лозим.

Ҳуқуқий маслаҳатхона ёки адвэкатлик ҳайъати (бюроси, фирмаси) томонидан берилган ордер адвокатга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини беради, бироқ у ишончноманинг ўрнини босмайди ҳамда адвокатга ИПКнинг 63-моддасида махсус назарда тутилган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини бермайди.

Биринчи инстанция судида иштирок этувчи вакиллар апелляция, кассация шикояти беришга, агар бундай процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ишонч билдирган шахс томонидан берилган ишончномада махсус қайд этилган бўлса, ҳақли.

Судлар суд ишларини юритиш иштирокчилари ва улар вакилларининг ваколатларини ИПК 165-моддаси учинчи қисмининг 2-бандига мувофиқ равишда текширишлари керак. Шартнома бўйича (ихтиёрий) вакил иштирок этаётганда суд унинг ҳужжатларини ИПК 61-моддасининг тўртинчи қисмида қуйилган талабларга мослигини текширади. Хусусан, ишда юридик шахс манфаатини ҳимоя қилаётган ходимининг ваколатларини текширишда унинг мазкур юридик шахсда ишлаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (меҳнат шартномаси, буйруқ ва бошқа ҳужжатлар) ўрганилади.

Вакилларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар суд мажлиси баённомасига киритилади, зарур ҳолларда эса уларнинг кучирма нусхалари ишга қўшиб қўйилади.

Ишда иштирок этувчи шахс, унинг вакили ўз ваколатларини тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни тақдим этмаган ёки қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаган ҳужжатларни тақдим этган тақдирда, суд тегишли шахснинг ишда иштирок этишга оид ваколатларини тан олишни рад этади, бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.

ИПК 61-моддаси тўртинчи қисмининг 6-бандида ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосига биноан суд томонидан рухсат берилган бошқа шахслар шартнома бўйича вакил бўлиши мумкинлиги белгиланган. Хусусан, ишда иштирок этувчи юридик шахснинг ходими бўлмаган, лекин иш учун муҳим ҳолатларни белгилашга ва низони тўғри ҳал этишга кўмаклашиши мумкин бўлган шахс вакил сифатида ишда иштирок этишига йўл қўйилиши мумкин.


15. ИПК 69-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар суд мавжуд далиллар етарли эмас деб ҳисобласа, ишнинг объектив ҳолатларини аниқлаш ва низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган қўшимча далилларни тақдим этишни таклиф қилиши мумкин.

Судларнинг эътибори суд ишда иштирок этувчи шахсларни қўшимча далиллар тақдим этишга мажбур қилмасдан, фақатгина таклиф этишига қаратилсин.

Қўшимча далиллар низонинг тўғри ҳал қилиниши ва у бўйича қонуний ҳамда асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиниши учун зарур бўлиши керак. Шу билан бирга, шуни назарда тутиш лозимки, ИПК 170-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи шахсларга суд даъво аризаси юзасидан тақдим этишни таклиф қилган ёзма фикр ёки қўшимча далиллар тақдим этилмаганлиги ишни мавжуд материаллар бўйича кўришга тўсқинлик қилмайди.


16. ИПК 80-моддасининг биринчи қисми экспертизанинг нафақат ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра тайинланиши имконини назарда тутади балки, агар экспертизани тайинлаш қонунда белгилаб қўйилган ёки шартномада назарда тутилган бўлса ёхуд тақдим этилган далилнинг қалбакилаштирилганлиги тўғрисидаги аризани текшириш ёхуд қўшимча экспертиза тайинлаш зарур бўлса, суд экспертизани ўз ташаббуси билан тайинлаши мумкин.

Шунингдек, судлар шуни ҳисобга олишлари лозимки, қайта экспертиза тайинланганда ҳам ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси мавжудлиги талаб этилмайди.

Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади. Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисидаги ажрим, суд томонидан экспертиза тайинлашни рад қилиш сабаблари кўрсатилиб, асослантирилган бўлиши лозим.

Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримда экспертиза учун саволларнинг рўйхати кўрсатилиши керак. Бунда назарда тутиш керакки, ишда иштирок этувчи шахслар судга экспертиза ўтказиш вақтида тушунтириб берилиши керак бўлган саволларни тақдим этишга, суд эса шахсларни бундай саволларни судга тақдим қилишни таклиф этишга ҳақли. Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган масалаларнинг рад қилинишини суд асослаб бериши шарт. Шу билан бирга суд тақдим этилган саволларнинг мазмунини аниқлаш, уларни тузатиш, эксперт олдига мустақил равишда саволлар қўйишга ҳақли. Зарурият туғилганда суд суд мажлисига экспертни чақиришга ҳамда саволларни тўғри ва аниқ ифода қилиш мақсадида унинг иштирокида экспертиза ўтказиш учун саволларни шакллантиришга ҳақли. Экспертиза ўтказилиши зарур бўлган саволларнинг узил-кесил рўйхати суд томонидан белгиланади.

Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажрим билан эксперт хулосаси олингунга қадар иш юритиш тўхтатилиши мумкин.

Экспертиза тайинлаш ёки экспертиза тайинлаш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидаи шикоят (протест) қилинмайди.


17. Аввал қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўрилаётганда, судья бошқа далиллар билан биргаликда иш учун аҳамиятга эга бўлган (гувоҳларнинг кўрсатмалари. мутахассиснинг тушунтириши ёки маслаҳати, эксперт хулосаси ва бошқалар) ва бекор бўлган ҳал қилув қарори қабул қилинган суд мажлисида тақдим этилган далилларни баҳолашга ҳақли.

Судлар инобатга олишлари лозимки, айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб, жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ажрим (қарор) ёки айблилик масаласини ҳал қилмай туриб жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарор ёхуд шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарор, улар (ажрим, қарор) билан аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо беришда, далил сифатида қабул қилиниши мумкин.


18. ИПКнинг 54-моддасида кўрсатилган даъвони таъминлаш чоралари, агар уларни қўлламаслик суднинг ҳал қилув қарорини бажаришга қийинчилик туғдириши мумкин бўлса ёхуд бажариб бўлмайдиган қилиб қўйса, иш бўйича иш юритишнинг ҳар қандай босқичида қабул қилиниши мумкин.

Инобатга олиш лозимки, ИПК 94-моддасининг биринчи қисми ҳисобварағига банд солиш каби даъвони таъминлаш чорасини назарда тутмайди. Шунинг учун ишда иштирок этувчи шахснинг жавобгарга тегишли бўлган пул маблағларига банд солиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқишда ҳисобга олиш керакки, кредит муассасасидаги ҳисобварақлари эмас, балки даъвода кўрсатилган сумма доирасида ҳисобварақларида мавжуд бўлган пул маблағлари хатланади.

Судларнинг эътибори давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид ҳужжати қабул қилинганлиги ёхуд уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунга зид ҳаракатлар (ҳаракатсизлиги) содир этилганлиги натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъвони кўришда суд даъвогарнинг аризаси бўйича даъвони таъминлаш чораларини кўриши шартлигига қаратилсин. Бундай ариза билан тадбиркорлик субъекти манфаатида даъво киритган ваколатли органлар мурожаат қилганда ҳам суд даъвони таъминлаш чораларини кўриши шарт. Тадбиркорлик субъекти ҳисобланмаган бошқа шахслар томонидан тақдим этилган бундай аризалар умумий тартибда кўриб чиқилади.

Мол-мулк, агар у узоқ сақланганда ўзининг сифатини йўқотмаса, хатланиши мумкин. Бундай чора, хусусан тез бузиладиган маҳсулотларга нисбатан қўлланилмайди.

Даъво қаноатлантирилганда уни таъминлаш чораси ҳал қилув қарори ҳақиқатда ижро этилгунга қадар амал қилади.

ИПК 99-моддасининг мазмунига кўра, даъвони қаноатлантиришни рад этиш, даъвони кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатиш тўғрисидаги суд ҳужжатлари қонуний кучга киргач, даъвони таъминлаш чораси ўз кучини йўқотади. Бироқ, суд кўрсатилган суд ҳужжатларини қабул қилиш билан бир вақтда ёки улар қабул қилинганидан кейин ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси ёки ўзининг ташаббуси бўйича даъвони таъминлашни бекор қилиши мумкин. Бунда ИПК алоҳида ажрим чиқарилишини назарда тутади ва даъвони қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори ёки даъвони кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримда даъвони таъминлаш чорасининг бекор қилиниши кўрсатилишига йўл қўймайди.

Даъвони таъминлаш чорасини бекор қилиш учун тарафлар даъвони таъминлаш ҳақидаги суд ажримини эмас, балки даъвони таъминлаш чорасини бекор қилиш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилади.


19. Иш юритишни тўхтатиш суд томонидан ушбу иш бўйича амалга ошириладиган барча процессуал ҳаракатларнинг тўхтатилишини англатади, бундан даъвони ва далилларни таъминлашга қаратилган ҳаракатлар мустасно. Иш юритиш тўхтатиб турилган даврда даъвони ёки далилларни таъминлаш ҳақида ариза келиб тушганда, ушбу масала ИПКнинг 96-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал этилиши ва натижаси бўйича ажрим чиқарилиши лозим.

Иш юритишни тўхтатиш асослари ИПКнинг 101 ва 102-моддаларида назарда тутилган. Бунда суд ИПКнинг 102-моддасида белгиланган асослар бўйича иш юритишни ўз ташаббуси билан ёки тарафларнинг илтимосномасига кўра тўхтатишга ҳақли эканлиги ва ИПКнинг 101-моддасида назарда тутилган асослар бўйича илтимоснома мавжудлигидан қатъий назар, иш юритишни тўхтатишга мажбур эканлигини эътиборга олиши лозим. Иш юритишни тўхтатиш тўғрисидаги суд ажримида иш юритишни тўхтатиш учун асос бўлган ҳолатлар кўрсатилиши керак.

Иш юритиш тўхтатилиши билан барча тугамаган процессуал муддатларнинг ўтиши иш бўйича иш юритиш тиклангунга қадар тўхтатилади. Бунда суд томонидан иш бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажрим чиқарилгунга қадар тугамаган процессуал муддатларгина тўхтатилади. Иш юритишни тўхтатишгача ўтган вақт иш кўришнинг умумий муддатини ҳисоблашда ҳисобга олиниши керак.

ИПКнинг 101 ва 102-моддаларида кўрсатилган иш юритишни тўхтатиб туриш асосларининг рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.


20. ИПК 103-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида иш юритиш ушбу Кодекс 101-моддасининг 1-бандида назарда тутилган ҳолларда тегишли суд ҳужжати қонуний кучга киргунига ёки тергов ҳаракатлари тугаллангунига қадар тўхтатиб турилиши белгиланган.

Бунда тергов ҳаракатлари тугаллангунига қадар деганда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 372-моддасида қайд этилган дастлабки терговни тамомлаш, яъни дастлабки тергов жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор чиқариш, айблов хулосаси тузиш, ишни тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ёки тарафларнинг ярашуви учун судга юбориш тўғрисида қарор чиқариш ёхуд амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома тузиш билан тамомлаш тушунилади.

Судларнинг эътибори иқтисодий иш бўйича иш юритишни тўхтатиш учун асос бўлган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят ишлари бўйича судга юборилган тақдирда, ушбу жиноят иши бўйича қабул қилган суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан кейин иқтисодий иш юритиш тикланишига қаратилсин.

Иқтисодий иш бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш учун асос бўлган жиноят иши бўйича иш юритиш тўхтатиб турилган тақдирда, иқтисодий иш бўйича иш юритиш тикланиши лозим.


21. Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш низонинг мазмуни бўйича ҳал қилув қарори қабул қилмасдан туриб суд муҳокамасини тамомлаш шаклларидан бири ҳисобланади. ИПКнинг 107-моддасида кўрсатилган даъво аризасини кўрмасдан қолдириш асосларининг рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди. Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради ва у ИПКнинг 108-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши керак.

ИПК 107-моддаси биринчи қисмининг 3-бандида даъво аризаси фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса, суд даъво аризасини кўрмасдан қолдириши назарда тутилган.

Судларга тушунтирилсинки, даъво аризасида уни имзолаган шахснинг фамилияси тўлиқ, исми ёки исми ва отасининг исмини бош ҳарфлари кўрсатилганлиги даъво аризасини ИПК 107-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан кўрмасдан қолдиришга асос бўлмайди.


22. Иш юритишни тугатиш низонинг мазмуни бўйича ҳал қилув қарорини чиқармасдан суд муҳокамасини тамомлаш шаклларидан бири ҳисобланади. ИПКнинг 110-моддасида назарда тутилган иш юритишни тугатиш асосларининг рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.

ИПК 110-моддасининг 1-бандига мувофиқ, агар иш иқтисодий суд, фуқаролик ишлари бўйича суд ёки маъмурий судда кўриш учун тааллуқли бўлмаса, суд иш юритишни тугатади. Яъни, иш судларнинг эмас, балки бошқа органларнинг (масалан, ҳокимлик, нотариус ва бошқалар) ваколатига тегишли бўлганда, шунингдек, билдирилган талаб ҳуқуқни ҳимоя қилишга қаратилмаган тақдирда иқтисодий суд иш юритишни юқоридаги асосга кўра тугатади. Ишнинг иқтисодий судга тааллуқлилиги ИПКнинг 25 ва 26-моддалари, фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқлилиги ФПКнинг 26-моддаси ва маъмурий судга тааллуқлилиги МСИЮтКнинг 26 ва 27-моддалари талабларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Бунда, низонинг судга тааллуқлилиги, ишни кўриш жараёнида ҳам ўзгариши мумкинлигини эътиборга олиш керак. Масалан, бундай ҳолат ишга иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиси бўла олмайдиган шахсларнинг жалб этилиши муносабати билан вужудга келиши мумкин. Бундай ҳолатда иқтисодий суд ИПКнинг 31-1-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда тааллуқлилигига кўра иш материалларини фуқаролик ишлари бўйича судга кўриб чиқиш учун ўтказиш ва иқтисодий суд ишини юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқариши лозим.

Жавобгарнинг даъвони тан олишига ҳавола қилиниб иш юритишни тугатишга йўл қўйилмайди. Бундай ҳолда суд томонидан жавобгарнинг аризаси ҳисобга олиниб, мазмунан ҳал қилув қарори қабул қилинади. Судья суд мажлисидан ташқари, масалан, ишни суд муҳокамасида кўришга тайёрлаш жараёнида иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим чиқаришга ҳақли эмас, судгача мажлис ўтказиш жараёнида иш юритишни тугатиш бундан мустасно.

Шуни назарда тутиш лозимки, қонунда ИПКнинг 110-моддасида белгиланмаган бошқа асослар билан иш юритишни тугатиш ҳоллари хам назарда тутилган бўлиши мумкин. Хусусан, "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 62-моддасининг учинчи қисмига кўра, судгача санация ўтказилишига кредиторларнинг розилиги бўлган тақдирда, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича иш юритиш тугатилади.

Судларга тушунтирилсинки, айни бир кредитор ва қарздор ҳисобланган шахслар ўртасида, айни шу талаб бўйича берилган қонуний кучга кирган суд буйруғи мавжуд бўлганда, шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича суднинг, иқтисодий суднинг ёки чет давлат ваколатли судининг айни бир тарафлар ўртасида айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлганда ҳам ИПК 110-моддасининг 2-бандида назарда тутилган иш юритишни тугатиш учун асос бўлади.

23. ИПКнинг 135-моддасида назарда тутилган суд буйруғи бериш мумкин бўлган талабларнинг рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди. Суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризалар ИПКнинг 17-бобида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


24. ИПК 149-моддасининг биринчи қисми мазмунига кўра даъво аризаси даъвогарнинг раҳбари ёки унинг вакили томонидан ўз қўли билан имзоланган бўлиши лозим. Бунда имзонинг механик ёки бошқа нусха кўчириш воситалари орқали амалга оширилишига, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, йўл қўйилмайди.

Тугатилаётган ташкилотнинг номидан даъво аризаси тугатиш комиссиясининг раиси ёки тугатувчи ёхуд улар ваколат берган шахс томонидан имзоланади.

Юридик шахснинг раҳбари вазифасини бажарувчи даъво аризасини имзолашга ҳақли, лекин бунда даъво аризасига унинг мақомини тасдиқловчи далил илова қилинган бўлиши лозим.

ИПК 149-моддасининг биринчи қисмини қўллашда шуни назарда тутиш керакки, агар юридик шахснинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш коллегиал ижро этувчи орган томонидан амалга оширилса ва даъво аризасига ушбу орган раҳбари ёки унинг ўринбосари даъво аризасини имзолашга ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинмаган бўлса, судья ишни судда кўришга тайёрлашда даъвогарга тегишли ҳужжатни тақдим зтишни таклиф қилиши керак.

Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, йўқолган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш, ижро варақаси дубликатини бериш, суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартириш, ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш тўғрисидаги аризалар билан мурожаат қилинганда ҳам ариза юридик шахс раҳбари ёки у ваколат берган шахс томонидан имзоланиши лозим (ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартириш, ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш тўғрисидаги аризалар давлат ижрочиси томонидан ҳам имзоланиши мумкин). Бундай турдаги аризалар ваколатли шахслар томонидан имзоланмаганда улар ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига мос холда қайтарилади.

25. ИПК 149-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ даъвогар ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни битта даъво аризасига бирлаштиришга ҳақли.

Бир неча даъво талаблари, агар улар иқтисодий судга тааллуқли бўлган низоли моддий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ҳолда ўзаро боғлиқ бўлса, бирлаштирилиши мумкин (хусусан, қайтарилмаган кредит, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ва неустойкани ундириш ҳақида; бир неча транспорт ҳужжатлари бўйича олинган ва битта қабул қилиш ҳужжати билан расмийлаштирилган ёки битта ҳисоб-китоб ҳужжати бўйича тўланган камомад миқдорини ундириш ҳақида).

Агар бир нечта талаб билдирилган бўлиб, улар ўзаро боғлиқ бўлмаса, даъво аризаси ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 8-бандига асосан қайтарилади. Агар бу ҳолат даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, ИПКнинг 159-моддасига асосан талабларнинг бир қисми алоҳида иш юритишга ажратилади.


26. ИПКнинг талабларига риоя этилган ҳолда берилган даъво аризаси уни иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқариш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Судлар шуни назарда тутиши керакки, иш қўзғатилгунга қадар суд экспертиза тайинлашга (ИПКнинг 80-моддаси), далилларни таъминлаш чораларини кўришга (ИПКнинг 90-моддаси), суд топшириқларини беришга (ИПКнинг 91-моддаси), даъвони таъминлаш чораларини кўришга (ИПКнинг 94-моддаси), иш юритишни тўхтатишга ёки тугатишга (ИПКнинг 101, 110-моддалари), талабларнинг бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратишга (ИПКнинг 159-моддаси), ишни судда кўришга тайёрлаш бўйича ҳаракатларни амалга оширишга (ИПКнинг 163-моддаси), судгача мажлис ўтказишга (ИПКнинг 163-1-моддаси), ҳал қилув қарори қабул қилишга (ИПКнинг 176-моддаси) ҳақли эмас.

ИПК 162-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидани қўллашда судлар шуни назарда тутиши лозимки, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги кўрсатма ҳамда ишда иштирок этаётган шахслар бажариши лозим бўлган ҳаракатлар ва уларни бажариш муддатлари даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва ишни қўзғатиш тўғрисидаги ажримда ёхуд ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажримда акс эттирилиши мумкин, бироқ бу ҳужжатларнинг кетма-кетлиги процессуал ҳаракатларнинг ҳақиқий ривожланишига мувофиқ бўлиши керак. Агар судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш ҳақида алоҳида ажрим чиқаришни лозим топса, у дастлаб даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида, сўнгра ИПКнинг 162-моддасига мувофиқ, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида ажрим чиқаради. Бунда судлар шуни инобатга олиши лозимки, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш ҳақида алоҳида ажрим чиқариш муддати даъво аризаси келиб тушган кундан эътиборан беш кундан, судгача мажлис ўтказилган ҳолларда эса, ўн беш кундан ошмаслиги керак.

26-1. Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, ИПК 152-моддасининг учинчи қисмига асосан судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича суддан ёки маъмурий суддан даъво аризаси (ариза) ёки иш материаллари келиб тушганда, судья даъво аризаси (ариза) ушбу Кодекснинг 149 - 151-моддаларида кўрсатилган талабларга жавоб бермаслигини аниқласа, даъво аризаси (ариза) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисида даъвогарни (аризачини) хабардор қилади ва унга бунинг учун ўн кундан ортиқ бўлмаган муддат беради.

Бунда, "камчиликлар" деганда, ИПКнинг 149 - 151-моддаларида кўрсатилган талабларга риоя қилинмаганлиги, шу жумладан, белгиланган тартиб ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланмаганлиги ҳам тушунилади.

Ўн кунлик муддатнинг ўтиши, суд ажрими даъвогарга (аризачига) топширилган кундан бошлаб ҳисобланишини эътиборга олиш лозим.

Ажримда кўрсатилган муддатда камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан қайтарилади.

Ажримда кўрсатилган муддатда камчиликлар бартараф этилган тақдирда даъво аризаси (ариза) ёки иш материаллари иқтисодий суд томонидан ИПКнинг 153 ва 162-моддасида белгиланган тартибда иш юритишга қабул қилинади.

27. ИПКнинг 154-моддасида назарда тутилган даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.

Агар ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 4-бандларида назарда тутилган асослар даъво аризасини иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш юритиш ИПК 110-моддаси биринчи қисмининг тегишлича 1 ва 3-бандларига асосан тугатилади. Агар ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни рад этиш учун асос даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, даъво аризаси ИПК 107-моддасининг 1-бандига асосан кўрмасдан қолдирилади.

Судларга тушунтирилсинки, айни бир кредитор ва қарздор ҳисобланган шахслар ўртасида, айни шу талаб бўйича берилган қонуний кучга кирган суд буйруғи мавжуд бўлганда ҳам даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ИПК 154-моддасининг 2-бандида назарда тутилган асос билан рад этилади.


27-1. ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра, агар иш иқтисодий судга, фуқаролик ишлари бўйича судга ёки маъмурий судга тааллуқли бўлмаса, судья даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни рад этади. Яъни, иш судларнинг эмас, балки бошқа органларнинг (масалан, ҳокимлик, нотариус ва бошқалар) ваколатига тегишли бўлганда, шунингдек, билдирилган талаб ҳуқуқни ҳимоя қилишга қаратилмаган тақдирда, суд даъво аризасини қабул қилишни рад этади.

Агар судья даъво аризаси (ариза)ни иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги масалани ҳал этишда иш иқтисодий судга эмас, балки фуқаролик ишлари бўйича судга ёки маъмурий судга тааллуқлилиги аниқланса, даъво аризаси (ариза)ни ИПКнинг 31-1-моддасида белгиланган тартибда тегишли судга ўтказади.

28. Судлар назарда тутишлари керакки, ИПК 155-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган даъво аризасини қайтариш учун асослар рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.

Агар ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 1, 5, 6 ва 8-бандларида назарда тутилган даъво аризасини қайтариш учун асослар суд томонидан даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш мазмунан кўриб чиқилиши лозим. Бунда суд ишда иштирок этувчи шахсларни даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан таништириш чораларини кўриши ҳамда ИПКнинг 159-моддаси тартибида талабларни алоҳида иш юритишга ажратиш масаласини кўриб чиқиши (агар бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта талаб бирлаштарилган бўлса) шарт.

ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 2 ва 9-бандларида назарда тутилган даъво аризасини қайтариш учун асослар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, суд даъво аризасини ИПК 107-моддасининг тегишлича 3 ва 4-бандлари асосида кўрмасдан қолдиради.

Агар ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган даъво аризасини қайтариш учун асос даъво аризасини иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, суд ИПК 39-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига асосан судловга тегишлилик қоидалари бўйича ишни кўриш учун бошқа иқтисодий судга ўтказиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг палата аъзоси манфаатларини кўзлаб берилган даъво аризаси (аризаси)га Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва даъвогар ўртасида тузилган аъзолик шартномаси ҳамда гувоҳномаси илова қилиниши лозим. Мазкур талабга риоя қилинмаганда даъво аризаси (ариза) ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига мос ҳолда қайтарилади, агар ушбу ҳолат даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, даъво аризаси (ариза) ИПК 107-моддасининг 3-бандига мос ҳолда кўрмасдан қолдирилади.

Палатага аъзолик тўғрисидаги гувоҳнома муддати тугаганлиги аниқланган тақдирда, даъво аризаси (ариза) ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан қайтарилиши, бу ҳолат даъво аризаси (ариза) иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, даъво аризаси (ариза) ИПК 107-моддасининг 3-бандига мос ҳолда кўрмасдан қолдирилиши лозим.

ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 5-бандида жавобгарга ва учинчи шахсларга даъво аризасининг ҳамда унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса, даъво аризаси қайтарилиши белгиланган. Судларга тушунтирилсинки, прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар томонидан юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган даъво аризаси (ариза) бўйича, шунингдек, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган ишлар бўйича ҳам даъво аризасининг (аризанинг) ҳамда унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари манфаати кўзланган шахсга, жавобгарга ва учинчи шахсга юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса ҳам, даъво аризаси (ариза) ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига мос ҳолда қайтарилади.

29. ИПК 160-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар жавобгар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқиш учун қарши даъво тақдим этишга ҳақли.

Бунда назарда тутиш керакки, ИПК 160-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, қарши даъво иш юритишга қабул қилиниши мумкин. Агар қарши даъво процессуал қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинган ҳолда тақдим этилган бўлиб, аммо юқорида кўрсатилган моддадаги шартлар мавжуд бўлмаса, қарши даъвони иш юритишга қабул қилиш рад этилиши лозим. Қарши даъвони ИПКнинг 160-моддасида назарда тутилган шартлар мавжуд эмаслиги асосида қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим шикоят қилинмайди, чунки ушбу ҳолат судга мустақил даъво тақдим этишга тўсқинлик қилмайди. Агар қарши даъвони иш юритишга қабул қилиш ИПКнинг 154-моддасида кўрсатилган асослар бўйича рад этилган бўлса, бундай ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин.

Қарши даъво даъво аризасини тақдим этишнинг умумий қоидаларига риоя этган ҳолда тақдим этилган бўлса, суд томонидан иш юритишга қабул қилиниши мумкин, судловга тегишлилик тўғрисидаги қоидалар бундан мустасно.

Прокурор, шунингдек қонунларда назарда тутилган ҳолларда юридик шахслар, фуқаролар, давлат ва жамиятнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари ва бошқа органлар ҳам ИПКда белгиланган тартибда судга жавобгарнинг манфаатида қарши даъво бериши мумкин.


30. ИПКнинг 163-моддасига мувофиқ судья ишни суд муҳокамасига тегишли тартибда тайёрлаши зарур, чунки бу низони тўғри ва ўз вақтида ҳал қилишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Ишни кўришга тайёрлаш вазифалари: низоли ҳуқуқий муносабатнинг характери ва қўлланиши лозим бўлган қонун ҳужжатларини, ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга зга бўлган ҳолатларни аниқлаш; ишда иштирок этувчи шахслар таркиби ва иқтисодий процесснинг бошқа иштирокчиларини аниқлаш масаласини ҳал этиш; ишда иштирок этувчи шахсларга зарур бўлган далилларни тақдим этишда кўмаклашиш; тарафларни муросага келтириш ҳисобланади.

Ишни суд муҳокамасига тайёрлашда судья томонидан бажариладиган ҳаракатлар суд муҳокамасини мукаммал ва тез ўтказиш учун шароитларни яратишга қаратилган. ИПК 163-моддасининг биринчи қисмида қайд этилган ҳаракатларнинг барчасини бажариш талаб этилмайди. У ёки бу ҳаракатлар бажарилишининг зарурияти ҳар бир ҳолатда судьянинг ихтиёрида бўлиб, низонинг ҳолатларига кўра аниқланади. ИПК 163-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ишни судда кўришга тайёрлаш бўйича харакатларнинг рўйхати тугал ҳисобланмайди ҳамда судья низони тўғри ва ўз вақтида ҳал этишга қаратилган бошқа ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ишни судда кўришга тайёрлашда. агар суд низони мавжуд далиллар асосида кўришнинг имконияти йўқ деб ҳисобласа (ИПК 163-моддаси биринчи қисмининг 4-банди), ишда иштирок этувчи шахсларга қўшимча ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим қилишни таклиф этишга ҳақли.


30-1. Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахсларни башарти қарор тарафлардан бирига нисбатан уларнинг ҳуқуқ ёки мажбуриятларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, ишда иштирок этиш учун жалб қилишга йўл қўйилади. Ишда иштирок этиш учун одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар - гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар жалб этилиши мумкин.

31. Ишни суд муҳокамасига тайёрлашда суд манфаатдор шахсларни иш бўйича иш юритиш ҳақида ИПК 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилади.

Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар судга келмаган ҳолда, агар суд башарти унинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин эмас деб ҳисобламаса, иш унинг иштирокисиз қўриб чиқилиши мумкин.

Агар даъвогар биринчи суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса, у ҳолда ИПК 107-моддасининг 6-бандига мувофиқ даъво кўрмасдан қолдирилади. Прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида киритган аризалари асосида қўзгатилган иш бўйича ушбу шахсларнинг келмаганлиги ИПК 107-моддасининг 6-бандига мувофиқ даъвони кўрмасдан қолдиришга асос бўлмайди, агар суд мажлисида иштирок этаётган манфаати кўзланган шахс даъвони қўллаб-кувватлаётган бўлса. Бундай ишлар бўйича даъво аризаси билан мурожаат қилган шахслар ва манфаати кўзланган шахс суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса, бу ҳолда ИПК 107-моддасининг 6-бандига мувофиқ даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда шуни инобатга олиш лозимки, тегишли тартибда суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинмаган шахснинг иштирокисиз ишнинг кўрилишига йўл қўйилмайди ва бу ҳар қандай ҳолда суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади (ИПКнинг 279 ва 302-моддалари).


32. ИПК 163-моддаси биринчи қисмининг 8-бандига мувофиқ судья тарафларни келиштириш чораларини кўради. Судлар низонинг характеридан келиб чиққан ҳолда ишни келишув битими ёки медиатив келишув тузиш йўли билан тамомлашга кўмаклашишлари лозим. Низони келишув битими ёки медиатив келишув тузиш билан ҳал этиш имконияти ишни суд муҳокамасига тайёрлаш пайтида ҳам (ИПК 163-моддаси биринчи қисмининг 8-банди, 163-1-моддаси биринчи қисмининг 3-банди), суд муҳокамаси жараёнида ҳам (ИПКнинг 16-боби) аниқланиши лозим. Тарафлар томонидан тузилган келишув битимининг шартлари ижро қилинаётганда унинг мазмуни бўйича ноаниқликлар ва низолар бўлмаслиги учун ажримнинг хулоса қисмида аниқ ва равшан ифодаланган бўлиши лозим. Келишув битимини тасдиқлаш ҳақида ажрим чиқарилади (ИПКнинг 133-моддаси). Келишув битими, агар унинг шартлари қонун ҳужжатларига зид бўлмаса, учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлмаса ва шартли асосда тузилмаган бўлса, суд томонидан тасдиқланади.


32-1. Судларга тушунтирилсинки, медиация - келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули ҳисобланганлиги сабабли даъво аризаси (аризаси) иш юритишга қабул қилинганидан кейин низо бартараф этилганлиги (хусусан, даъвогарнинг талаби жавобгар томонидан қаноатлантирилганлиги) муносабати билан медиатив келишув тузишга йўл қўйилмайди. Бундай ҳолатда иш мазмунан кўриб чиқилади, бу ҳақда суд ҳужжатининг асослантирувчи қисмида кўрсатилади.

33. Судларнинг эътибори фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича, бундан соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриладиган ишлар мустасно, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш масаласи, судгача ўтказиладиган мажлис орқали ёки уни ўтказмасдан ҳал зтилиши мумкинлигига қаратилсин.


33.1. Агар фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича ишни суд муҳокамасига тайёрлаш масаласи судгача мажлис ўтказилмасдан ҳал этилган бўлса, судья мазкур қарорнинг 30 - 32-бандларида берилган тушунтиришларни инобатга олиб, ишни суд муҳокамасига тайёрлаши керак.


33.2. Агар суд фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича ишни суд муҳокамасига тайёрлаш масаласи судгача мажлис ўтказиш йўли билан ҳал этилиши лозимлиги ҳақида хулосага келган бўлса, шуни инобатга олиши лозимки, айнан қайси иш бўйича судгача мажлис ўтказиш масаласини судья ишнинг ҳолати, айниқса унинг мураккаблигидан келиб чиқиб, ўзи ҳал этади.

Хусусан, даъво аризасида бир нечта талаблар бирлаштирилган бўлса, шартномаларни ўзгартириш ва бекор қилиш, битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар, қурилиш пудрати, лизинг, суғурта шартномалари, интеллектуал мулк билан боғлиқ, шунингдек корпоратив низоларни мураккаб тоифадаги ишлар жумласига киритиш мумкин. Шу билан бирга инобатга олиш лозимки, ҳар қандай фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича судгача мажлис ўтказилиши мумкин, бундан соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриладиган ишлар мустасно.

Судгача мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотлар даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.

Судгача мажлис видеоконференцалоқа режимида ҳам ўтказилиши мумкин. Агар судгача мажлис видеоконференцалоқа режимида ўтказиш белгиланса, судья ИПК 166-моддасининг иккинчи қисмида, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд эса ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатларни амалга ошириши лозим.

Судлар инобатга олишлари лозимки, судгача мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахсларнинг келмаганлиги, мажлисга келган бошқа шахслар билан судгача мажлис ўтказишга тўсқинлик қилмайди. Бундай ҳолатда судгача мажлисда иштирок этмаган шахснинг ушбу мажлис ҳақида қандай алоқа воситаси орқали хабардор қилинганлиги судгача мажлис ўтказилганлиги тўғрисидаги баённомада кўрсаталади.

Судларга тушунтирилсинки, судгача мажлис ўтказиш пайтида ИПК 101, 103, 107 ва 110-моддаларида назарда тутилган асослар мавжудлиги аниқланса, судья ишни суд муҳокамасига тайинламасдан, судгача мажлис ўтказилган кунда ИПК 163-1-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ иш юритишни тўхтатиб туриши ёки иш юритишни тугатиши ёхуд даъво аризасини кўрмасдан қолдириши мумкин.


34. ИПК 164-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган суд муҳокамасининг муддатини узайтириш масаласи суд раиси томонидан ишни кўраётган судьянинг билдиргиси асосида ҳал этилади. Судьянинг билдиргисида ишни бир ойлик муддатда кўриш имкони бўлмаганлиги сабаблари кўрсатилиб, ишни кўриш муддатини узайтириш сўралади. Суд раиси томонидан ушбу билдиргига ишни кўриш муддатини узайтириш ёки уни рад қилиш ҳақида резолюция қўйилади.

ИПК 164-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ишни кўриб чиқиш муддатини узайтириш ҳақидаги қоида ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўрилиши лозим бўлган ишларга ҳам татбиқ этилади.

Иш суд раисининг иш юритувида бўлганда суд муҳокамасининг муддатини узайтириш зарурати туғилганда ишга уни ИПКда белгиланган муддатда кўриш имкони бўлмаганлиги сабаблари кўрсатилиб, ишни кўриш муддати узайтирилганлиги ҳақида суд раиси томонидан имзоланган маълумотнома қўшиб қўйилади.


35. ИПК 168-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд муҳокамаси давомида суд иш бўйича далилларни текширади: ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатувларини, экспертларнинг хулосаларини, мутахассисларнинг маслаҳатларини (тушунтиришларини) эшитади, ёзма далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради, шунингдек ёзма шаклда тақдим этилган тушунтиришлар, кўрсатувлар ва хулосаларни ўқиб эшиттиради.

Бунда судья суд мажлисида далилларни уларнинг ишончлилиги, дахлдорлиги ва уларга йўл қўйилиши мумкинлиги нуқтаи назаридан баҳо бериш мақсадида шахсан ўзи текшириши лозимлиги инобатга олиниши керак. Суд томонидан бевосита текширилмаган далиллар (масалан, тарафлардан бирининг вакили томонидан унга оғзаки етказилган ҳужжатнинг мазмуни) суд ҳужжатининг қабул қилинишига асос қилиб олиниши мумкин эмас.


36. Судлар ИПК 169-моддасининг биринчи қисмида белгиланган, тарафларнинг аризалари ва илтимосномалари суд томонидан ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрлари эшитиб бўлингач, ҳал қилиниши тўғрисидаги қоидага риоя этишлари лозим.

ИПК 169-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ аризалар ва илтимосномаларни кўриш натижалари бўйича суд ажрим чиқаради. Ажримнинг шакли илтимосноманинг мазмуни ва уни кўриб чиқиш натижаларига боғлиқ. Масалан, агар илтимоснома суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида берилган бўлса, у қаноатлантирилганда алоҳида ҳужжат тариқасида ажрим чиқарилади, қаноатлантириш рад этилганда бу ҳақда ҳал қилув қарорида ёки суд мажлиси баённомасида кўрсатилади. Агар тараф иш ҳужжатларига қўшимча далилларни қўшиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилса. у қаноатлантирилганда ёки қаноатлантириш рад этилганда ажрим чиқарилади ва суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.

Аризалар ва илтимосномаларни қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят (протест) қилинмайди.

Судларга тушунтирилсинки, ишда иштирок этувчи шахсларнинг даъво аризаси юзасидан ёзма фикрида унинг низо бўйича ариза ва (ёки) илтимосномалари назарда тутилган бўлса, ушбу ариза ва илтимосномалар ИПКнинг 169-моддасида белгиланган тартибда ҳал этилади.


37. Судларнинг эътибори суд муҳокамаси ИПК 171-моддасининг биринчи қисмида санаб ўтилган кутилмаган ва фавқулодда ҳолатларда кейинга қолдирилиши мумкинлигига қаратилсин.

Кўрсатиб ўтилган ҳолатлар мавжуд бўлганда, суд муҳокамаси суднинг ташаббуси билан ҳам, ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра ҳам кейинга қолдирилиши мумкин.

Бунда суд муҳокамаси ИПКнинг 164-моддасида назарда тутилган иш кўришнинг муддати доирасида қолдирилиши мумкин.

Судлар инобатга олишлари лозимки, суд муҳокамаси уни кейинга қолдиришга асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этиш учун зарур бўлган муддатга, бироқ кўпи билан ўн кунга қолдирилиши мумкин, суд муҳокамасини кейинга қолдиришлар сони эса уч мартадан ошмаслиги керак.

Суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради. Ажримда янги суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотлардан ташқари, суд муҳокамасини қолдириш учун асос бўлган сабаблар, ишда иштирок этувчи шахсларнинг кейинги суд мажлисигача бажариши лозим бўлган процессуал ҳаракатлар кўрсатилиши керак.

Суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга ИПКнинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади. Шу билан бирга суд мажлисида иштирок этаётган шахслар янги суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида бевосита суд мажлисида хабардор қилиниши мумкин, бундай ҳолда хабардор қилинганлик факти иш ҳужжатларига қўшиб қўйиладиган тегишли тилхат билан тасдиқланади.

Суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят (протест) қилинмайди.


38. Суд мажлисида, шунингдек суд мажлиси залидан ташқарида айрим процессуал ҳаракатлар бажарилганда ИПКнинг 201-моддаси талабларига риоя этган ҳолда баённома юритилади.

Суд мажлиси баённомасидаги ёзувлар суд мажлиси бошланган вақтдан бошлаб ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар процессуал ҳаракатлар қандай кетма-кетликда амалга оширилган бўлса, шу йўсинда баён қилиниши лозим. ИПКнинг 201-моддасига мувофиқ суд мажлиси баённомасида кўрсатилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхати тугал ҳисобланмайди ва баённомага суд иш учун муҳим деб ҳисоблаган бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин. Хусусан, унда гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсэтувлар берганлик учун жиноий жавобгарлиги ҳақида тилхат орқали огоҳлантирилганлиги кўрсатилади.

Баённома ҳал қилув қарори (ажрим) тузилган ва суд мажлиси олиб борилган тилда тузилиши керак.


39. ИПКнинг 176-моддасига мувофиқ суд ишни мазмунан кўриб чиқиб, ИПКнинг 179-моддасида кўрсатилган талабларга риоя этган ҳолда ҳал қилув қарори қабул қилади.

Суд муҳокамаси тугалланган суд мажлисида қабул қилинган ҳал қилув қарорининг фақат хулоса қисми эълон қилинади ҳамда у судья томонидан имзоланиши ва ишга қўшиб қўйилиши керак.

Судларга тушунтирилсинки, суд мажлисида эълон қилинган ҳал қилув қарори хулоса қисмининг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилмайди.

Асослантирилган ҳал қилув қарорининг хулоса қисми суд муҳокамаси тугалланган кунда эълон қилинган ҳал қилув қарорининг хулоса қисмига мувофиқ бўлиши лозим.

Суднинг ҳал қилув қарори эълон қилинганидан сўнг раислик қилувчи унинг мазмунини (қайси асосларга кўра суд бундай тўхтамга келганлигини) тушунтириши, шикоят бериш (протест келтириш) тартиби ва муддатини, шунингдек ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва вакилларнинг суд мажлиси баённомаси билан танишиш ҳамда баённомага ёзма фикрлар билдириш ҳуқуқини тушунтириши лозим.


40. Суд томонидан қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш мумкин бўлган асосларнинг рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди (ИПКнинг 189-моддаси).

Қўшимча ҳал қилув қарори фақат ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар қабул қилиниши мумкин.

Қўшимча ҳал қилув қарори суднинг ташаббуси билан ҳам, ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси билан ҳам қабул қилиниши мумкин.

Қўшимча ҳал қилув қарори устидан асосий ҳал қилув қарори билан бирга шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

ИПК қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилишни рад этиш ҳақидаги суд ажрими устидан шикоят қилинишини (протест келтирилишини) назарда тутмайди. Бироқ, бундай ажримга нисбатан норозилик билдирилган важлар ҳал қилув қарори устидан шикоятда (протестда) баён қилиниши мумкин.

Судлар инобатга олишлари лозимки, иш даъвони кўрмасдан қолдириш ёки иш юритишни тугатиш билан якунланганда ҳам ИПКнинг 189-моддасида назарда тутилган тартибда қўшимча ажрим чиқарилиши мумкин.


41. ИПК 190-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ судга ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш тўғрисидаги ариза билан ишда иштирок этувчи шахслар, давлат ижрочиси, зиммасига суднинг ҳал қилув қарорини ижро этиш юклатилган бошқа органлар мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Хал қилув қарорини тушунтиришда унинг мазмуни тўлдирилиши, аниқланган фактик ҳолатларининг баён этилиши, далилларнинг баҳоланиши, ҳал қилув қарорининг қабул қилиниши асослари ва хулосалари, шу жумладан, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳал этилган илтимосномалари ва аризаларининг натижаларига ўзгартиришлар киритилиши мумкин эмас.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд йўл қўйилган хатоларни, ҳарфий хатоларни ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни ишда иштирок этувчи шахснинг, давлат ижрочисининг, суднинг ҳал қилув қарорининг ижроси зиммасига юклатилган бошқа органларнинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси бўйича тузатишга ҳақлидир.

Бунда судлар назарда тутишлари керакки, ҳал қилув қарорининг мазмунини ҳамда далилларни текшириш, ҳолатларни аниқлаш ва қонунни қўллаш бўйича қилинган хулосаларни ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Ҳал қилув қарори устидан апелляция ёки кассация шикояти (протести) келиб тушганидан кейин йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатишга йўл қўйилмайди.

Ҳал қилув қарорини тушунтириш, йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш масаласи суд томонидан ИПК 190-моддасининг иккинчи қисми ва 191-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда ҳал этилади. Шуни инобатга олиш лозимки. ИПК 191-моддасининг иккинчи қисми йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ёки ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш ҳақидаги аризачи суд мажлисида кўрилишини назарда тутилганлиги сабабли, йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш суднинг ташаббуси билан амалга оширилганда суд мажлисини ўтказиш талаб этилмайди.

Ҳал қилув қарорини тушунтириш ёки тушунтиришни рад қилиш, ёзувдаги хатоларни, ҳарфий хатоларни, ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисида ёки тузатишни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилади ва унинг устидан шикоят (протест) қилиниши мумкин.


42. ИПК 32-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг алоҳида ҳолатларни эътиборга олган ҳолда ҳар қандай ишни исталган суддан олиб қўйиш ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритувига қабул қилиш, ишни бир суддан бошқасига ўтказиш ҳуқуқи "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 30-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси томонидан амалга оширилади.

Судларнинг эътибори иш бир иқтисодий суддан бошқа иқтисодий судга ИПК 39-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган асослар билан ҳам ўтказилиши мумкинлигига қаратилсин. Бундай ҳолларда ишни кўраётган суд томонидан ишни бошқа судда кўришга ўтказиш тўғрисида ажрим чиқарилади.


43. Соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш ушбу Кодексда назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича, ИПК 23-1-бобида белгиланган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.

Жавобгар даъво аризаси юзасидан ёзма фикрини даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда судга асослантирган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли. Ёзма фикрга унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин судья томонидан якка тартибда суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида ушбу Кодекс V бўлимининг қоидаларига биноан мажбурий ижро этилиши лозим.

Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

44. ИПКнинг V бўлимида назарда тутилган аризалар, агар ИПКда тўғридан-тўғри бошқа қоида белгиланмаган бўлса, иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари қайси инстанция суди томонидан қабул қилинганидан қатъий назар, ушбу ишни биринчи инстанция судида кўрган судга берилади ва у томонидан кўриб чиқилади.


45. Судлар инобатга олишлари лозимки, ИПКнинг 347-моддасида белгиланган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар, ҳисоб-китобдаги янглишишлар билан берилган, шунингдек ўзгартирилган (бекор қилинган) суд ҳужжати асосида берилган ижро варақасини чақириб олиш ва унинг ўрнига янги ижро варақасини бериш қоидаси суд буйруғига ҳам татбиқ этилади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

И. Алимов

           













































Время: 0.0092
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск