Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Аҳоли бандлиги /

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.07.2019 й. 566-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 9 июлдаги

566-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик

меҳнат гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини (кейинги ўринларда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси деб аталади) бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомнинг амал қилиши меҳнат мақоми Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланган якка тартибдаги тадбиркорлар, ҳунармандчилик фаолияти субъектлари ва деҳқон хўжаликлари аъзоларига татбиқ этилмайди.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ўзини ўзи банд қилганларнинг маълумотлар базаси (регистр) - "Ягона меҳнат миллий тизими" ахборот тизимида ўзини ўзи банд қилганлар сифатида рўйхатга олинган ўзини ўзи банд қилганлар тўғрисидаги ўзаро боғлиқ ахборотни сақлаш, ўзгартириш ва қайта ишлаш учун мўлжалланган тизимлаштирилган маълумотлар базаси;


вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси (кейинги ўринларда меҳнат гувоҳномаси деб аталади) - меҳнат органи томонидан бериладиган ва фуқаронинг ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатидаги меҳнат мақомини белгилаб берадиган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳужжат;


ишлар (хизматлар) буюртмачилари - ўзини ўзи банд қилган фуқароларни шартнома шартларига ёки иш муомаласи одатларига асосланган хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қиладиган фуқаролар ва юридик шахслар (ташкилотлар);


"Ягона меҳнат миллий тизими" ахборот тизими (кейинги ўринларда ЯММТ деб аталади) - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг меҳнат ва бандлик масалалари бўйича ахборотни, шу жумладан, фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини бирлаштирадиган, шунингдек, бошқа миллий ахборот тизимлари ва платформалари билан ҳамкорликни таъминлайдиган ахборот тизими;


ўзини ўзи банд қилган фуқаролар - меҳнат даромади олишга йўналтирилган жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятини мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатга олинмаган ва ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайдиган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини белгиланган тартибда расмийлаштирган жисмоний шахслар;


онлайн-майдон - ўзини ўзи банд қилганлар билан меҳнат органларининг электрон алоқа каналлари орқали ўзаро ҳамкорлигини таъминлайдиган ташкилий, ахборот ва техник ечимларнинг дастурий-аппарат комплекси.


4. Меҳнат гувоҳномаси ариза берувчининг хоҳишига кўра жисмоний шахснинг мурожаати асосида 1 ойдан 12 ойгача бўлган муддатга берилади.


5. Меҳнат гувоҳномаси берилган санадан бошлаб ва меҳнат гувоҳномасида кўрсатилган муддатнинг амал қилиши тамом бўлгунга қадар бутун даврга амал қилади.


6. Меҳнат гувоҳномасининг амал қилиш муддати тамом бўлгунга қадар ўзини ўзи банд қилган фуқаро янги меҳнат гувоҳномаси олиш учун такроран мурожаат қилиши мумкин, бунда такрорий мурожаатлар сони чекланмаган.


7. Меҳнат гувоҳномасини бериш учун ўзини ўзи банд қилган фуқаро танлаган амал қилиш муддатига қараб ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ миқдорларда ҳақ ундирилади.


8. Меҳнат гувоҳномаси берилганлиги учун тўлов ариза берувчи томонидан меҳнат гувоҳномаси олиш учун ариза берилган вақтда бирйўла тўланади.


9. Меҳнат гувоҳномасини бериш тўғрисидаги ахборот ЯММТга киритилади, ўзини ўзи банд қилганлар тўғрисида маълумотлар базаси (регистр) яратилади ва параллел равишда ЯММТда шакллантириладиган жисмоний шахснинг шахсий ишга жойлашиши тарихига интеграция қилинади.


10. Меҳнат гувоҳномасининг асл нусхаси ўзини ўзи банд қилган фуқарода у пенсия ёшига тўлгунига қадар сақланади, нусхаси эса уни берган меҳнат органида сақланади.


11. Ташкилотлар томонидан ўзини ўзи банд қилган мақомига эга фуқароларни шартнома асосида хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қилишга йўл қўйилади. Бунда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқиш объекти ҳисобланмайди.


12. Меҳнат органлари билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳудудий органлари ўртасида ахборот айирбошлаш электрон рақамли имзо (ЭРИ) мажбурий тартибда қўлланган ҳолда фақат идоралараро электрон ҳамкорлик орқали амалга оширилади.


13. Меҳнат гувоҳномалари берилганлиги учун тўлов ундиришдан тушган маблағларнинг:

60 фоизи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига - ўзини ўзи банд қилган фуқаро томонидан ягона ижтимоий тўловни тўлаш ҳисобига;

20 фоизи меҳнат гувоҳномасини бериш ва рағбатлантирувчи имтиёзлар бериш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига (кейинги ўринларда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси деб аталади);

20 фоизи - тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларига йўналтирилади.


14. Меҳнат гувоҳномаси амал қиладиган даврда ўзини ўзи банд қилган фуқаро Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига ишсизга тўланадиган ишсизлик бўйича нафақани ва касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш даврида стипендияни ололмайди.


15. Меҳнат гувоҳномалари бланкалари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги "Давлат белгиси" давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг меҳнат органлари буюртманомалари бўйича шакллантириладиган буюртмаси бўйича Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига тайёрланади.


16. Ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи татбиқ этилмайди.



2-БОБ. МЕҲНАТ ГУВОҲНОМАСИНИ

БЕРИШ ТАРТИБИ


17. Меҳнат гувоҳномаси меҳнат органлари томонидан фуқароларнинг аризаси асосида ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича берилади.

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга меҳнат гувоҳномаси меҳнат органлари томонидан улар доимий яшаш жойидан қатъи назар (экстерриториаллик принципи бўйича) ушбу Низомда белгиланган тартибда берилади.

Меҳнат гувоҳномасини бериш учун ариза ўзини ўзи банд қилган фуқаро томонидан меҳнат органига шахсан тақдим этилиши, вакили орқали, буюртма хат билан ёхуд электрон шаклда меҳнат гувоҳномаларини олиш учун онлайн-майдонча (кейинги ўринларда онлайн-майдонча деб аталади) орқали юборилиши мумкин.


18. Аризада:

ариза берувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми;

паспорт серияси ва рақами;

солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);

ариза берувчи меҳнат гувоҳномасини олишни хоҳлаган муддат (ойлар сони);

ўзини ўзи банд қилган фуқароларга улар бўйича вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган тасдиқланган Фаолият (хизматлар, ишлар) турлари рўйхатидан хизматлар (ишлар) турлари (ариза берувчининг хоҳишига кўра) кўрсатилади;

ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини юритишнинг мўлжалланаётган жойи (ҳудуд) (ариза берувчининг хоҳишига кўра кўрсатилади);

ариза берувчининг почта манзили, мобиль телефон рақами ва у билан боғланиш мумкин бўлган бошқа маълумотлар;

ариза берувчи олишдан манфаатдор бўлган меҳнат органи томонидан тақдим этиладиган имтиёзли хизмат(лар) тур(лар)и кўрсатилади (ариза берувчининг хоҳишига кўра кўрсатилади).

Аризага:

ариза берувчининг 3х4 ўлчамли битта фотосурати;

меҳнат гувоҳномасини бериш учун ариза беришда ариза берувчи томонидан кўрсатилган муддатга мос миқдорда (ойлар сони) меҳнат гувоҳномаси берилганлиги учун белгиланган тўлов тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси илова қилинади.


19. Ўзини ўзи банд қилган фуқаро онлайн-майдонча орқали ариза берган бўлса, уни тасдиқлаш ўз мобиль алоқа воситасига қисқа хабар (кейинги ўринларда SMS-хабар деб аталади) олиш орқали олинган тегишли кодни киритиш йўли билан тасдиқланади.

Бунда аризага қуйидаги файллар бириктирилади:

ариза берувчининг 3х4 ўлчамли фотосуратлари;

ариза берувчи меҳнат гувоҳномасини олишни хоҳлаган муддатга (ойлар сонига) мувофиқ миқдорда меҳнат гувоҳномаси берилганлиги учун белгиланган тўлов тўланганлигини тасдиқловчи сканерланган тўлов ҳужжати. Тўловни онлайн-майдонча орқали амалга оширишга йўл қўйилади.


20. Меҳнат органи уч кун муддатда аризани кўриб чиқади ва ариза берувчини SMS-хабар, ёзма мурожаат, телефон ёки факс орқали қуйидагилар ҳақида огоҳлантиради:

меҳнат гувоҳномасини бериш тўғрисида қарор қабул қилишда - меҳнат гувоҳномаси бериладиган сана ва вақт тўғрисида;

меҳнат гувоҳномаси беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда - рад этиш сабаби тўғрисида.

Ариза беришда (фотосурат бириктирилган ҳолда) ва онлайн-майдонча орқали тўловни амалга оширишда меҳнат органи ариза берувчини меҳнат гувоҳномаси бериладиган сана ва жой тўғрисида автоматик равишда хабардор қилади.


21. Меҳнат гувоҳномасини беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилиниши мумкин:

аризада кўрсатилган ишончсиз ёки тўлиқ бўлмаган маълумотлар аниқланганда;

аризада кўрсатилган фаолият турининг ўзини ўзи банд қилган фуқароларга улар бўйича вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган тасдиқланган Фаолият (хизматлар, ишлар) турлари рўйхатига мувофиқ эмаслиги;

меҳнат гувоҳномаси бериш учун ариза берилганда ариза берувчи томонидан кўрсатилган муддатга (ойлар сонига) мувофиқ миқдорда меҳнат гувоҳномаси берилганлиги учун белгиланган тўлов тўланганлигини тасдиқлайдиган тўлов ҳужжати нусхасининг, ёхуд пул маблағлари тушганлигининг тасдиғи мавжуд эмаслиги.

Тузатилиши мумкин бўлган хатолар аниқланиши оқибатида меҳнат гувоҳномасини бериш рад этилган тақдирда, ариза берувчига уч иш куни мобайнида тегишли тузатишларни амалга ошириш имконияти берилади.

Меҳнат гувоҳномасини бериш узил-кесил рад этилганда меҳнат гувоҳномасини бериш учун тўланган пул маблағлари тегишли қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб ўн иш куни мобайнида ариза берувчи томонидан кўрсатилган ҳисобрақамига қайтарилиши керак.


22. Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган меҳнат гувоҳномаси ўрнига ўзини ўзи банд қилувчининг меҳнат органига берган аризаси бўйича меҳнат гувоҳномасининг дубликати берилиши мумкин. Бунда меҳнат гувоҳномаси дубликати тайёрланганлиги учун белгиланган базавий ҳисоб-китоб миқдорининг ўн фоизи миқдорида харажатларни қоплаш учун тўлов ундирилади.



3-БОБ. ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ҚИЛГАНЛАР ВА

УЛАРНИНГ ХИЗМАТЛАРИДАН (ИШЛАРИДАН)

ФОЙДАЛАНУВЧИЛАР ЎРТАСИДАГИ

ФУҚАРОЛИК-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАР


23. Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ва уларни хизматлар кўрсатиш ҳамда ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қилувчи ташкилотлар (кейинги ўринларда хизматлар ва ишлар буюртмачилари деб аталади) ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар шартнома шартларига ёки иш муомаласи одатларига асосланади.


24. Ўзини ўзи банд қилган фуқаро билан хизматлар ва ишлар буюртмачиси ўртасидаги:

иш муомаласи одатларига асосланган ўзаро муносабатларда - оғзаки шаклда битим (шартнома) тузишга йўл қўйилади;

шартнома шартларига асосланган ўзаро муносабатларда - ёзма шаклда шартнома тузиш талаб этилади.


25. Битим (шартнома) тузишда томонлар унинг шартларини, шу жумладан, ундан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш ва уни тугатиш шартларини мустақил белгилаб оладилар.


26. Битим (шартнома) иштирокчилари унинг томонлари ҳисобланадилар, мажбуриятлар қабул қиладилар ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мувофиқ жавоб берадилар.


27. Битимни (шартномани) бажариш билан боғлиқ низолар томонларнинг ўзаро розилиги билан ёки суд тартибида ҳал этилади.



4-БОБ. МЕҲНАТ ГУВОҲНОМАСИНИ

РАСМИЙЛАШТИРГАН ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД

ҚИЛГАН ФУҚАРОЛАРГА РАҒБАТЛАНТИРУВЧИ

ИМТИЁЗЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ


§ 1. Меҳнат гувоҳномасининг амал қилиш

даврини меҳнат стажида ҳисобга олиш


28. Меҳнат гувоҳномасида кўрсатилган ўзини ўзи банд қилиш тартибидаги меҳнат фаолиятини амалга ошириш даври "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлинган пайтдан бошлаб ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш стажига ҳисобланади.


29. Меҳнат гувоҳномаси берилган сана пенсия тайинлаш учун меҳнат стажига ёзиладиган даврнинг биринчи куни, меҳнат гувоҳномасида кўрсатилган амал қилиш муддати тугайдиган сана ушбу даврнинг охирги куни ҳисобланади.


30. Ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолияти амалга оширилиши даврларини тасдиқлаш учун Пенсия жамғармасининг тегишли бўлими уч кун муддатда ўзини ўзи банд қилувчининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотларни ЯММТдан сўрайди ва олади.


31. ЯММТда жамланадиган, ўзини ўзи банд қилган фуқаронинг маълумотлар базасидан (регистридан) ва жисмоний шахсни ишга жойлаштириш шахсий тарихидан олинган маълумотлар ҳам ўзини ўзи банд қилиш тартибида ишга жойлашишнинг тегишли даврини пенсия ҳисоблаб чиқариш учун жисмоний шахснинг меҳнат стажида ҳисобга олиш учун асос ҳисобланади. Бунда берилган меҳнат гувоҳномаларини тақдим этиш орқали бу маълумотларни тасдиқлаш талаб этилмайди.


32. Меҳнат гувоҳномасининг амал қилиш даври бу даврда ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолияти амалда бажарилганлиги ёки бажарилмаганлигидан қатъи назар пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун меҳнат стажига ҳисобланади.


33. Ўзини ўзи банд қилганларга пенсия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда тайинланади.



§ 2. Меҳнат гувоҳномаларини расмийлаштирган

ўзини ўзи банд қилган фуқароларга Бандликка

кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан

имтиёзли микрокредитлар бериш


34. Тижорат банклари томонидан ўзини ўзи банд қилган фуқароларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига имтиёзли микрокредитлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 14 июлдаги ПҚ-3856-сон қарорида ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилади.


35. Меҳнат органлари камида олти ой амал қиладиган муддатга меҳнат гувоҳномасини расмийлаштирган ўзини ўзи банд қилган фуқароларга имтиёзли микрокредитлар ажратиш учун тижорат банкларига тавсиялар берадилар.


36. Ўзини ўзи банд қилганларга имтиёзли микрокредит бозор иқтисодиёти принципларидан келиб чиқиб, техник-иқтисодий асосларни ва кредитни қайтариш салоҳиятини ҳисобга олиб, ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериш учун тасдиқланган Фаолият (хизматлар, ишлар) турлари рўйхатида назарда тутилган фаолият (ишлар, хизматлар) тур(лар)ини амалга ошириш ва ривожлантириш мақсадларида ажратилади.


37. Ўзини ўзи банд қилганларга микрокредитлар меҳнат гувоҳномаси амал қиладиган даврда ажратилади.



§ 3. Ўзини ўзи банд қилганларни ўқитишни ташкил этиш


38. Меҳнат гувоҳномасини расмийлаштирган ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ишсизлар ва банд бўлмаган шахсларни касбга ўқитиш марказларида, касб-ҳунар коллежларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги "Ишга марҳамат" банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатиш мономарказида, бошқа касбга ўқитиш марказларида, шу жумладан, нодавлат касбга ўқитиш марказларида (кейинги ўринларда касбга ўқитиш марказлари деб аталади) уч ойгача давом этадиган қисқа муддатли касбга ўқитиш, қайта ўқитиш ва малака ошириш, шунингдек, тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш курсларида (кейинги ўринларда касбга ўқитиш деб аталади) бепул ўқитилади.


39. Касбга ўқитиш марказларида ўзини ўзи банд қилганларни касбга ўқитишни ташкил этиш ва ўқитиш учун харажатлар Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.


40. Ўзини ўзи банд қилган фуқаро ўқишдан ўтиш учун олдин меҳнат гувоҳномасини берган меҳнат органига ўқиш йўналишини ва ўқиш бошланадиган тахминий санани кўрсатган ҳолда мурожаат қилади.


41. Меҳнат органи ўзини ўзи банд қилган фуқаронинг мурожаати асосида тегишли ўқитиш дастурларини танлайди ва зарур дастурлар бўлганда ўзини ўзи банд қилган фуқарога тегишли касбга ўқитиш марказига йўлланма беради.


42. Ўзини ўзи банд қилган фуқаро(лар)ни ўз(лар)и танлаган йўналиш(лар) ва муддатлар бўйича касбга ўқитиш марказига касбга ўқитиш учун юбориш имконияти бўлмаганда меҳнат органи касбга ўқитиш марказларида ўқитишнинг тегишли йўналишлари бўйича ўқув гуруҳлари ташкил этиш учун буюртманомани шакллантиради.



§ 4. Ўзини ўзи банд қилганларни жамоат

ишларига жалб қилиш ва меҳнат

қуролларини ижарага бериш


43. Ўзини ўзи банд қилган фуқаро ўз хоҳишига кўра жамоат ишларига белгиланган тартибда жалб қилиниши мумкин.


44. Меҳнат органлари ўзини ўзи банд қилганларга меҳнат қуролларини (мотокультиваторлар, ўт ўриш ўроқ машиналари, перфораторлар, пайвандлаш аппаратлари, ўсимликларга ишлов бериш қурилмалари, дурадгорлик, чилангарлик ва қурилиш ускуналари ва ҳоказоларни), шахсий ҳимоя воситаларини ва иш кийимини имтиёзли асосда бериш пунктларини ташкил этади.


45. Ўзини ўзи банд қилганларга имтиёзли асосида бериш учун меҳнат қуроллари ва шахсий ҳимоя воситалари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобига харид қилинади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


46. Вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бутун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилади.


47. Вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси амал қиладиган даврда ўзини ўзи банд қилган фуқаро меҳнат шартномасида кўрсатилган фаолият (хизматлар, ишлар) тур(лар)идан ташқари ўзини ўзи банд қилган фуқароларга улар бўйича вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган тасдиқланган Фаолият (хизматлар, ишлар) турлари рўйхатига киритилган исталган бошқа фаолият (хизматлар, ишлар) турларини амалга оширишга ҳақлидир.


48. Ўзини ўзи банд қилганлар томонидан кимёвий ва осон портлайдиган моддаларни қўллашни талаб қиладиган хизматлар (ишлар) бажарилишига йўл қўйилмайди.


49. Ўзини ўзи банд қилиш тартибида ишларни бажарувчи шахслар билан ёки улар иштирокида юз берган бахтсиз ҳодисалар ва соғлиққа етказилган бошқа зарарлар "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ текширилиши ва ҳисобга олиниши лозим.


50. Буюртмачи - юридик шахс ўзини ўзи банд қилган шахсга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун меҳнатга доир қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда хавфсиз шарт-шароитларни таъминлаши шарт.


51. Ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатга олишни ва меҳнат гувоҳномаси беришни рад қилиш билан боғлиқ юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


52. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



НАМУНА



Ўзини ўзи банд қилган фуаронинг вақтинчалик меҳнат

ГУВОҲНОМАСИ

        








UZ



Фото

3х4


Fuqaroning o`zini o`zi band qilish vaqtinchalik

mehnat guvohnomasi

00 UZ N 000000







1. O`zini o`zi band qilgan fuqaroning F.I.О. ____________________

2. Pasport seriyasi va raqami ___ N ____________________________

3. O`zini o`zi band qilgan fuqaroning  STIR raqami ______________

4. ____________ oyga berilgan

5. Amal qilish muddati boshlanadi:     "____" ____________ 20___ yil

6. Amal qilish muddati tugaydi:           "____" ____________ 20___ yil

7. O`zini o`zi band qilgan fuqaro faoliyat turi kodi:        O`O`B - 0.0.1

                                                                                              O`O`B - 0.0.2

O`zini o`zi band qilgan fuqaroning imzosi: ______________________

__________________ (tuman, shahar) aholi bandligiga ko`maklashish

markazi tomonidan berilgan.


Markaz direktorining imzosi: _________________________________

M.O`.

                 



Ўзини ўзи банд қилган фуқаронинг

вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси

ТАВСИФИ


Гувоҳнома ўлчами 102 мм х 62 мм бўлган, зичлиги бир квадрат метрга 140+/-5 граммли тўғри бурчакли 100 фоиз пахтадан ясалган махсус қоғозда* тайёрланади. Қоғоз қатлами орасига жойлашган, ультрабинафша нурда кўринадиган кўк ва оч яшил рангли тола ҳамда нурда яхши ажралиб турадиган "пахта чаноғи" кўринишидаги умумий "сув белги"си мавжуд.

Офсетли ёзув, ҳудуд коди, серияси икки ҳарфли, тартиб рақами олти сонли.

Бланка қуйидаги махсус ҳимояларга эга:

кимёвий таъсирга бардошли матбаа бўёғидан фойдаланилган, юза қисмидаги катакларда нусха олишга ва сканер қилишга қарши ингичка чизиқлар мавжуд. Бир рангдан бошқа рангга расм чизиқлари бузилмасдан оҳиста қўшилиб кетиши таъминланган. Жуда катталаштирилганда ультрабинафша нурда кўринмайдиган микроматн кўринади. Махсус қабариқ ва ўйиқлар мавжуд.

Лотин алифбосида давлат тилида ёзилган матндан фойдаланилади.

Гувоҳномадаги ёзувлар гувоҳномани берган Махсус хизматлар марказининг мансабдор шахси томонидан амалга оширилади ҳамда унинг имзоси ва махсус штампи билан тасдиқланади.

Гувоҳнома паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат кўрсатилганда ҳақиқийдир.


*) Ариза берувчининг хоҳишига кўра ва техник имкониятлар бўлганда белгиланган намунадаги гувоҳнома халқаро стандартлар тавсиялари асосида ўлчами 102 мм х 62 мм бўлган пластикдан тайёрланиши мумкин. Гувоҳноманинг ранги - оқ. Лотин алифбосидаги давлат тилидан фойдаланилади.






Низомга

2-ИЛОВА



Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат

гувоҳномаси берилганлиги учун ундириладиган

ТЎЛОВ МИҚДОРЛАРИ

    

Вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси қуйидаги

муддатга берилади (ойлар)

Тўлов миқдори (базавий ҳисоблаш

миқдори баравари)

1

0,5

3

1,4

6

2,6

9

3,7

12

4,5





Низомга

3-ИЛОВА



Ўзини ўзи банд қилувчининг вақтинчалик

меҳнат гувоҳномасини бериш учун

АРИЗАСИ


Намуна



тумани (шаҳри)


Бандликка кўмаклашиш маркази



(ариза берувчининг Ф.И.О.)



(жойлашган жойи)

АРИЗА


Менга ўзини ўзи банд қилувчининг вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини беришингизни ва мени "Ягона меҳнат миллий тизими" ахборот тизимида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтказишингизни сўрайман.

Фамилияси, исми, отасининг исми:

Паспорт: серия


N


Солиқ тўловчининг идентификация рақами:

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида амалга оширилаётган фаолият тур(лар)и (хизматлар, ишлар):


Гувоҳнома қуйидаги муддатга сўралаяпти: ____ ой.

Ўзини ўзи банд қилган шахс меҳнат фаолияти амалга ошириладиган тахминий жой:

Алоқа қилиш учун маълумотлар:

Уй манзили:

Телефон: ____________________________________,

SMS-хабар учун телефон:___________________________

электрон почта


Шахсий имзо: ______________________________________________________________________

Ариза берилган сана: 20___ йил "____"________



Ариза қабул қилинганлиги ҳақидаги белги:

Ариза қабул қилинган сана: 20___ йил "____"________


(масъул шахснинг Ф. И.О. ва лавозими)


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 9 июль




















































Время: 0.2075
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск