язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти/ Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.07.2019 й. 589-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 15 июлдаги

589-сон қарорига

ИЛОВА



Дастурий маҳсулотлар

ва ахборот технологиялари технологик парки

фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш, юридик шахсларни резидент сифатида рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, истиқболли стартап-лойиҳаларни танлаб олиш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


бизнес-режа - компания, товар, уни ишлаб чиқариш, кўрсатиладиган хизматлар, маҳсулот сотиладиган потенциал бозорлар, маркетинг стратегияси, операцияларни амалга оширишни ташкил этиш ва уларнинг самарадорлиги кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган режа, компаниянинг ҳаракатлари, бизнес-операцияларни амалга ошириш дастури;


стартап-лойиҳа - фойда олиш ноаниқ ва молиявий таваккалчилик юқори бўлган шароитларда дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари соҳасида янги маҳсулот яратишни ёки хизматни жорий этишни кўзда тутувчи лойиҳа;


Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (кейинги ўринларда Технопарк деб аталади) - объектлар, бинолар ва иншоотлар комплекси, шунингдек, истиқболли стартап-лойиҳаларни, шу жумладан, илмий ёки таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда йўлга қўйиш ва бозорларга чиқаришни таъминлаш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар;


Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари Технологик парки дирекцияси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) - Технопарк фаолиятини оператив бошқарувчи масъулияти чекланган жамият шаклидаги юридик шахс;


Резидентларнинг ягона реестри - ушбу Низомга мувофиқ Технопаркда рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар рўйхати мавжуд бўлган очиқ ва умумфойдаланиладиган ахборот ресурси;


Технопаркнинг резиденти - белгиланган тартибда Технопаркда рўйхатдан ўтказилган ва Резидентларнинг ягона реестрига киритилган юридик шахс;


ариза берувчи - Технопарк резиденти мақомини олишга талабгорлик қилувчи юридик шахс;


стартап-лойиҳа ташаббускори - стартап-лойиҳани амалга ошириш бўйича таклиф тақдим этган жисмоний ёки юридик шахс;


ментор - стартап-лойиҳани ривожлантириш ва илгари силжитиш мақсадида уни ўз билимлари ва тажрибаси билан қўллаб-қувватлайдиган маслаҳатчи;


Маслаҳат кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) - ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқ инкубация ёки акселерация дастурларига қабул қилиш учун номзодларни танлашни, шунингдек, менторларни саралашни таъминлаш мақсадида Дирекция ҳузурида ташкил этиладиган орган;


акселерация дастури - менторлар ва бозор экспертлари ташкилий ва маслаҳат билан қўллаб-қувватлаган ҳолда тест синовидан ўтказиш ва бизнес-моделини ишлаб чиқиш йўли билан стартап-лойиҳаларни ривожлантиришга йўналтирилган таълимий-амалий дастур;


инкубация дастури - унинг доирасида стартап-лойиҳа ғояси шакллантириладиган ва ишлаб чиқиладиган таълимий-амалий дастур;


Истиқболли стартап-лойиҳаларни кўриб чиқиш ва баҳолаш ҳамда менторларни танлаш бўйича эксперт комиссияси (кейинги ўринларда Эксперт комиссияси деб аталади) - акселерация дастуридан муваффақиятли ўтган стартап-лойиҳаларни кейинчалик молиялаштириш учун кўриб чиқиш ва ўрганишни ташкил этиш, шунингдек, менторларни танлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузурида ташкил этиладиган орган.


3. Қуйидагилар Технопаркнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардошли маҳсулотлар ва хизматлар ишлаб чиқилишини ривожлантириш ва ишлаб чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ички ва ташқи бозорларга кириб бориши, инновацион ишланмаларни рағбатлантириш;

Технопарк резидентларига фаолиятни амалга ошириш учун зарур инфратузилма, шу жумладан, замонавий лабораторияларни бериш, уларга молиявий, маркетинг, юридик ва бошқа консалтинг хизматлари, шунингдек, акселерация дастурлари бўйича хизматлар кўрсатиш;

стартап-лойиҳаларни амалга оширишда, шу жумладан, венчур молиялаштириш асосида қўллаб-қувватлаш, ахборот технологиялари соҳасида бошловчи ва кичик корхоналарга инновацион фаолият натижаларида кўмаклашиш;

шу жумладан, замонавий технологиялар ва дастурий маҳсулотлар трансфери ҳисобига лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб этишда резидентларга кўмаклашиш;

юқори технологик маҳсулотлар ва хизматларни ишлаб чиқариш занжирининг узлуксизлигини таъминлаш учун илмий, илмий-тадқиқот, ўқув ва ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолияти ўзаро интеграциясига кўмаклашиш;

ахборот технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассисларнинг замонавий синфини шакллантириш мақсадида аҳоли ва ёшлар ўқитилишини ташкил этиш;

ахборот технологиялари соҳасида етакчи компаниялар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда маҳорат дарслари, тренинглар ва малака ошириш курслари, шунингдек, илмий-амалий конференциялар ўтказиш.



2-БОБ. ТЕХНОПАРК ДИРЕКЦИЯСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


4. Дирекцияга "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 39-моддасида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган директор бошчилик қилади.

Директорнинг ваколатлари Дирекция уставида белгиланади.

Директор Дирекцияга юкланган функциялар ва вазифалар амалга оширилиши учун шахсан жавоб беради ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг сўрови бўйича Технопарк ва Дирекция фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим қилади.


5. Дирекция фаолиятини молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобига амалга оширилади:

Технопаркнинг фаолияти ихтисослиги бўйича хўжалик шартномалари асосида бажарилган ишлардан олинган маблағлар;

халқаро молия ташкилотлари ва институтларининг грантлари ва кредитлари;

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг таркибий бўлинмалари маблағлари.


6. Дирекция:

Технопарк резиденти мақомини олиш учун юридик шахслардан буюртманомалар қабул қилинишини ташкил этади, шунингдек, Технопарк резидентларини Резидентларнинг ягона реестрига киритиш ва резидент мақоми берилганлиги тўғрисида тегишли гувоҳномани бериш орқали резидентларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилади;

ушбу Низомга мувофиқ юридик шахслар ва стартап-лойиҳалар ташаббускорлари томонидан тақдим этилган бизнес-режалар, шу жумладан, экспертларни (илмий ва бошқа ташкилотлар, олимлар ва мутахассисларни) жалб қилиш орқали экспертизадан ўтказилишини ташкил этади;

ускуналар, лаборатория, экспериментал-ишлаб чиқариш майдонлари, офислар, ўқув хоналари, конференц-заллар, аудиториялар ва бошқа хоналарни шартнома асосида Технопарк резидентлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга ижарага ва субижарага беради;

ахборот технологиялари (дастурлаш, сунъий интеллект, электрон тижорат ва бошқалар) соҳасида кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этишга кўмаклашади;

Технопарк ва унинг резидентлари фаолияти оммавий ахборот воситаларида ёритилишини ташкил этади;

ўз ваколатлари доирасида ахборот ва таҳлилий материалларни тайёрлайди ва нашр қилади;

ўз фаолиятини бошлаётган юридик шахсларга инвесторлар ва кредиторлар билан шартномалар тузиш жараёнида молиявий, юридик ёки бошқа маслаҳат ёрдами беради;

Технопарк резидентларига уларнинг стартап-лойиҳалари учун инвестицияларни жалб қилишда кўмаклашади;

Технопарк резидентларининг маҳсулотлари ва хизматлари ички ва ташқи бозорларга кириб боришини ташкил қилади;

Технопарк резидентлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқариладиган ахборот технологиялари маҳсулотларининг халқаро ярмарка ва кўргазмаларини ташкил этади ва ўтказади, шунингдек, Технопарк резидентларининг халқаро семинарлар, конференцияларда ва республикада ҳамда халқаро кўламда ўтказиладиган бошқа тадбирларда иштирок этишини ташкил этишга кўмаклашади;

юридик шахсларни Технопарк резиденти мақомидан маҳрум қилиш бўйича қарор қабул қилади;

Дирекция уставига, ушбу Низомга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.

Дирекция ўзига юкланган вазифаларни бажариш доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муассис бўлишга ёки бошқа юридик шахсларнинг устав фондида (устав капиталида) бошқача тарзда иштирок этишга, ваколатхоналар ва филиаллар ташкил этишга ҳақлидир.



3-БОБ. ЮРИДИК ШАХСЛАРНИ ТЕХНОПАРК

РЕЗИДЕНТЛАРИ СИФАТИДА РЎЙХАТДАН

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


7. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар Технопарк резиденти мақомини олишга талабгорлик қилишлари мумкин.


8. Технопарк Дирекциясининг резидентларни рўйхатга олиш бўйича ишларини ташкил этиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


9. Юридик шахслар Технопарк резиденти мақомини олиш учун қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлишлари керак:

a) "Ўзстандарт" агентлигининг 2011 йил 28 январдаги 05-268-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичига мувофиқ (2-таҳрир) қуйидаги фаолият турларидан бирини амалга оширишлари керак:

"Компьютер дастурлаштириш, маслаҳат бериш ва бошқа ёрдамчи хизматлар";

"Маълумотларни жойлаштириш ва ишлов бериш бўйича хизматлар, Web-порталлар";

"Дастурий таъминотни чиқариш";

"Бошқа тоифаларга киритилмаган таълимнинг бошқа турлари" - фақат ахборот технологияларини ўқитиш йўналиши бўйича.

б) ушбу банднинг "а" кичик бандида назарда тутилган фаолият турлари бўйича иқтисодий асосланган бизнес-режага эга бўлиш.


10. Технопарк резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза берувчи Дирекцияга (шахсан ўзи келиб, почта алоқаси орқали, электрон почта ёки Дирекциянинг расмий веб-сайти орқали) ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича Технопаркнинг резиденти сифатида амалга ошириш таклиф этилаётган бизнес-режани илова қилган ҳолда ариза тақдим этади.

Технопарк резиденти мақомини олиш учун ариза берган юридик шахсдан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


11. Ариза берувчи Дирекцияга буюртманома берилган пайтдан бошлаб 5 иш куни мобайнида бу ҳақида ёзма хабар берган ҳолда аризани қайтариб олиш ҳуқуқига эгадир.


12. Дирекция Технопарк резиденти сифатида рўйхатдан ўтказиш, ёхуд рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилиш мақсадида ариза берувчини бизнес-режа тақдимотини ўтказиш учун таклиф қилиш ҳуқуқига эга.


13. Дирекция тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, ушбу Низомнинг 10-бандида кўрсатилган ҳужжатлар қабул қилинган кундан бошлаб 15 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда ариза берувчини Технопаркнинг резиденти сифатида рўйхатдан ўтказиш ёки рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


14. Қуйидагилар ариза берувчини Технопарк резиденти сифатида рўйхатга олишни рад этиш учун асос ҳисобланади:

ариза ва бошқа ҳужжатларни ушбу Низом талабларини бузган ҳолда расмийлаштириш, шунингдек, ҳужжатларда ноаниқ ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;

ушбу Низомнинг 9-банди талабларига мувофиқ бўлмаган фаолиятни амалга ошириш.

Рад этишнинг асоси Дирекциянинг ариза берувчини Технопарк резиденти сифатида рўйхатга олишни рад этиш тўғрисидаги қарорида кўрсатилади, ариза берувчига ушбу қарордан кўчирма тақдим этилади.


15. Юридик шахсни Технопарк резиденти сифатида рўйхатга олишни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар ариза берувчи томонидан бартараф этилган тақдирда, ариза ва бошқа ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ушбу Низомнинг 10-13-бандларига мувофиқ амалга оширилади.


16. Ариза берувчини Технопарк резиденти сифатида рўйхатга олиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган тақдирда, ариза берувчи 5 иш куни мобайнида Дирекция билан Технопарк резидентининг фаолияти шартлари тўғрисида шартнома тузади.


17. Технопарк резиденти:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) экспортидан тушумлар доирасида дивидендларни чет эл валютасида нақдсиз шаклда халқаро тўлов карталарига амалга ошириш;

товарлар (ишлар, хизматлар) экспортидан тушумлар доирасида чет эл мутахассисларига иш ҳақини чет эл валютасида нақдсиз шаклда хорижда очилган халқаро тўлов карталарига амалга ошириш;

экспорт контрактисиз бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги онлайн дўконлар орқали хорижий валютага ишлар ва хизматлар экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Технопарк резиденти Дирекция билан тузилган Технопарк резидентининг фаолияти шартлари тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


18. Технопарк резиденти:

фақат ушбу Низомнинг 9-банди "а" кичик бандида кўрсатилган фаолият турларини амалга ошириши;

Дирекция билан тузилган Технопарк резидентининг фаолияти шартлари тўғрисидаги шартномага амал қилиши;

ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5-кунидан кечикмай Дирекциянинг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамига соф фойданинг бир фоизи миқдорида ажратма ўтказиши;

ўқув курслари ташкил этилган тақдирда ҳар йили Дирекцияга ахборот технологиялари бўйича ўтказилган ўқув курслари ҳақида маълумот бериши ҳамда ушбу курслар доирасида ўқув дастурини келишиши шарт.

Технопарк резиденти Дирекция билан тузилган Технопарк резидентининг фаолияти шартлари тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


19. Ушбу Низомнинг 16-бандига мувофиқ шартнома тузилгандан кейин Дирекция 3 иш куни мобайнида:

юридик шахснинг номи, фаолияти тури, почта ва электрон манзиллари кўрсатилган ҳолда Резидентларнинг ягона реестрига юридик шахс рўйхатга олинганлиги тўғрисида тегишли ёзувни киритади;

юридик шахсга Технопарк резиденти сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида гувоҳнома беради;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ва Давлат божхона қўмитасига, юридик шахсга хизмат кўрсатадиган тижорат банкига юридик шахс Технопарк резиденти сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида расмий билдиришнома юборади.


20. Юридик шахс - Технопарк резиденти қайта ташкил этилганда, юридик шахс давлат рўхатига олингандан сўнг ўн кун муддатда Резидентларнинг ягона реестриги ва бошқа ҳужжатларга ўзгартириш киритиш учун ёзма равишда Дирекцияга мурожаат қилади, шунингдек, Технопарк резиденти фаолиятининг шартлари тўғрисида қўшимча битим тузади. Бундай тартиб юридик шахснинг номи ўзгарганда ҳам қўлланилади.

Юридик шахснинг қайта ташкил этилиши ёки номи ўзгариши тўғрисидаги хабарномаси асосида Дирекция Резидентларнинг ягона реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ва Давлат божхона қўмитасига, юридик шахсга хизмат кўрсатувчи тижорат банкига юридик шахснинг Технопарк резиденти сифатида рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида хабарнома юборади.



4-БОБ. ЮРИДИК ШАХСНИ ТЕХНОПАРК

РЕЗИДЕНТИ МАҚОМИДАН МАҲРУМ

ҚИЛИШНИНГ АСОСЛАРИ ВА ТАРТИБИ


21. Қуйидагилар Технопарк резиденти мақомидан маҳрум қилишнинг асоси ҳисобланади:

Технопарк резиденти амалдаги фаолиятининг ушбу Низомнинг 9-банди "а" кичик бандида кўрсатилган фаолият турларига мувофиқ эмаслиги;

Дирекция билан тузилган Технопарк резидентининг фаолияти шартлари тўғрисидаги шартномада кўрсатилган мажбуриятларни бажармаслик;

Технопарк резидентининг ночор (банкрот) деб эътироф этилиши;

Технопарк резиденти резидент мақомидан ўз хоҳиши билан воз кечиши;

Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ бошқа асослар.


22. Технопарк резиденти мақомидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарор Дирекция билан Технопарк резидентининг фаолияти шартлари тўғрисидаги шартнома қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилингандан кейин Дирекция томонидан қабул қилинади. Қарор қабул қилингандан кейин юридик шахсга бу ҳақда хабар юборилади ҳамда Резидентларнинг ягона реестрига тегишли ўзгартиришлар киритилади.


23. Дирекция билан Технопарк резидентининг фаолияти шартлари тўғрисидаги шартнома мажбуриятлари Дирекция томонидан бажарилмаган тақдирда Технопарк резиденти белгаланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


24. Дирекция юридик шахснинг Технопарк резиденти мақомидан маҳрум қилингани тўғрисидаги ёзувни Резидентларнинг ягона реестрига киритган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасига хабар беради.



5-БОБ. ТЕХНОПАРК РЕЗИДЕНТЛАРИ УЧУН СОЛИҚ

ВА БОЖХОНА ИМТИЁЗЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ ТАРТИБИ


25. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 10 январдаги 17-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 30 июндаги ПФ-5099-сон Фармони билан берилган имтиёзларнинг амал қилиши Технопарк резидентларига татбиқ этилади.


26. Ушбу Низомнинг 25-бандида назарда тутилган имтиёзлар:

солиқлар ва мажбурий ажратмалар бўйича - юридик шахс Резидентларнинг ягона реестрига киритилган ҳисобот давридан кейинги ойнинг 1-кунидан;

божхона тўловлари бўйича - божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган (импорт қилинадиган) товарлар рўйхатининг комплекс экспертизаси якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" давлат унитар корхонасининг ижобий хулосаси олинган кундан бошлаб қўлланилади.


27. Технопарк резиденти асосий фаолиятидан тушган даромаддан ташқари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 132-моддасида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни умумий тартибда тўлаш шарти билан даромад олиш ҳуқуқига эга (роялти солиқлари бундан мустасно).


28. Технопарк резидентларининг ушбу Низомда белгиланган мезонларга мос келмаслиги аниқланганда давлат солиқ хизмати органлари:

ушбу Низомнинг 25-бандида кўрсатилган имтиёзларнинг уларга қўлланилишини бекор қилиш ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тўлаш бўйича мажбуриятларни тиклаш чораларини кўради;

10 иш куни мобайнида Дирекцияга аниқланган ҳолатлар тўғрисида, ушбу юридик шахсни Резидентларнинг ягона реестридан чиқариш бўйича хабар беради.


29. Юридик шахс Технопаркнинг резиденти мақомидан маҳрум этилганда (шу жумладан, ўз хоҳишига кўра), қуйидаги имтиёзлардан:

солиқлар ва мажбурий ажратмалар бўйича - Технопарк резиденти мақоми бекор қилинган ойдан кейинги ойнинг 1-кунидан;

божхона тўловлари бўйича - резидент мақоми бекор қилинган кундан бошлаб фойдаланмайди.


30. Технопарк резиденти томонидан божхона тўловларидан озод қилинган товарлардан эркин муомалага чиқарилган санадан бошлаб уч йил мобайнида ўз эҳтиёжларидан ташқари фойдаланганлиги ҳолатлари аниқланганда, давлат солиқ хизмати органлари ушбу резидент - солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолияти текширувини ўтказиш чоғида аниқланган ҳолатлар тўғрисида тегишли ҳужжатлар тузади ва уларни 3 иш куни мобайнида давлат божхона хизматининг ҳудудий органларига юборади.

Ўз эҳтиёжларидан ташқари фойдаланилган олиб кирилган товарлар улушига тўғри келадиган божхона тўловлари бўйича имтиёзлар суммаси белгиланган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундирилиши зарур.



6-БОБ. ИСТИҚБОЛЛИ СТАРТАП-ЛОЙИҲАЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ТАНЛАБ ОЛИШ ТАРТИБИ


31. Дирекция стартап-лойиҳаларни танлаб олиш ва молиялаштириш жараёнини ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ схема бўйича ташкил этади.


32. Ахборот технологиялари, шунингдек, илғор ахборот технологияларини молия технологиялари, электрон тижорат, электрон таълим, қишлоқ хўжалиги, биотехнология, озиқ-овқат саноати, тиббиёт, логистика соҳаларига жорий этиш, рақамли технологияларни ишлаб чиқаришга интеграция қилиш ва бошқалар Технопарк резидентлари томонидан стартап-лойиҳаларни амалга ошириш доирасида устувор йўналишлар ҳисобланади.


33. Саралашда иштирок этиш учун араза берувчи - стартап-лойиҳа ташаббускори Дирекцияга (шахсан ўзи келиб, почта алоқаси орқали, электрон почта орқали ёки Дирекциянинг расмий веб-сайти орқали) ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ ҳужжатларни тақдим этади.

Ариза берувчи тақдим қилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ишончлилиги учун жавоб беради.


34. Ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг зарур ҳужжатлар рўйхатига мувофиқлигини, шунингдек, уларнинг ушбу Низомнинг 45-бандида белгиланган мезонларга мувофиқлигини кўриб чиқиш ва ўрганиш мақсадида Технопаркда инкубация ва акселерация дастурларига қабул қилиш учун истиқболли стартап-лойиҳаларни кўриб чиқиш ва баҳолаш бўйича Маслаҳат кенгаши ташкил этилади.

Стартап-лойиҳалар бўйича қабул қилинган буюртманомаларни кўриб чиқиш 20 иш куни мобайнида амалга оширилади. Инкубация ёки акселерация дастурига қабул қилиш бўйича қарор Кенгаш томонидан қабул қилинади.


35. Дирекция стартап-лойиҳани инкубация ёки акселерация дастурига қабул қилиш ёки рад этиш тўғрисида узил-кесил қарорга келиш мақсадида ариза берувчини ўз стартап-лойиҳаси тақдимотини ўтказиш учун таклиф қилиш ҳуқуқига эга.


36. Кенгаш ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг 4-иловада кўрсатилган зарур ҳужжатларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади ва таҳлил қилади ҳамда ушбу Низомнинг 45-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқлиги бўйича танловни амалга оширади.


37. Кенгаш ўрганиб чиқиш натижаларига кўра стартап-лойиҳани инкубация ёки акселерация дастурига қабул қилиш ёки рад этиш ҳақида коллегиал қарорни қабул қилади.


38. Кенгаш қарори баённома билан расмийлаштирилади ҳамда Кенгашнинг раиси ва котиби томонидан имзоланади.


39. Стартап-лойиҳани қабул қилиш рад этилганда Дирекция Кенгаш қарорига асосан рад этилиш асослари келтирилган ёзма хабарни ариза берувчига жўнатади.


40. Стартап-лойиҳани қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда Дирекция билан стартап-лойиҳа ташаббускори ўртасида Дирекция томонидан белгиланган муддатларда стартап-лойиҳанинг инкубация ёки акселерация дастурида иштирок этиши бўйича битим тузилади.


41. Акселерация дастуридан ўтган стартап-лойиҳаларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва ўрганиш, кейинчалик молиялаштириш ҳамда юқори малакали менторларни танлаб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида стартап-лойиҳаларни кўриб чиқиш, баҳолаш ва менторларни танлаш бўйича Эксперт комиссияси тузилади.


42. Дирекция акселерация дастурлари якунига кўра кейинчалик молиялаштириш учун маҳсулотлар (хизматлар) намойишини (намойиш кунини) ташкил қилади. Намойиш якунларига кўра молиялаштириш учун ариза тайёрланади ва Эксперт комиссиясига юборилади.


43. Эксперт комиссияси намойиш ўтказилгандан кейин 7 иш куни мобайнида лойиҳаларни ушбу Низомнинг 45-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқ саралаш учун кўриб чиқади.


44. Келгусида иштирок этиш ва молиялаштириш учун тавсия этилган стартап-лойиҳалар Эксперт комиссияси қарори қабул қилингандан кейин 3 иш куни мобайнида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ёки унинг Эксперт комиссияси фаолияти учун масъул ўринбосари имзоси билан Жамғармага молиявий маблағларни ажратиш учун хат билан юборилади.

Бунда Жамғарма, Дирекция ва стартап-лойиҳа ташаббускори ўртасида 5 иш куни мобайнида стартап-лойиҳани молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш шартлари тўғрисида шартнома тузилади.



7-БОБ. СТАРТАП-ЛОЙИҲАЛАРНИ ТАНЛАБ

ОЛИШ ВА БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ


45. Кенгаш ва Эксперт комиссияси ҳужжатларнинг ушбу Низом талабларига мувофиқлигини ўрганади ва стартап-лойиҳаларни қуйидаги мезонлар асосида танлаб олади:

ушбу Низомнинг 33-бандида санаб ўтилган ҳужжатларнинг мавжудлиги ва уларнинг сифатини баҳолаш;

стартап-лойиҳанинг ушбу Низомнинг 32-бандидаги йўналишларга мувофиқлиги;

таклиф қилинаётган стартап-лойиҳанинг долзарблиги - лойиҳада ёритилган ғоянинг замонавий муаммо ва масалаларни ҳал этишдаги аҳамияти баҳоланади;

стартап-лойиҳанинг инновацион йўналтирилганлиги ва ғоясининг янгилиги - лойиҳа янги, такомиллаштирилган, илгари республикада қўлланилмаган технологиялар ва (ёки) принципларни қўллаш, шунингдек, янги, республикада илгари ишлаб чиқарилмаган маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳамда янги хизмат жорий этилишини мўлжаллаган бўлиши керак;

стартап-лойиҳанинг натижаларга эришиш имкониятларини баҳолаш - лойиҳада баён қилинган натижаларга эришишга қаратилган масалаларни ҳал этиш учун таклиф этилаётган усуллар ва йўлларнинг мавжудлиги, асосланганлиги ҳамда етарли эканлиги баҳоланади;

бозорда маҳсулот ёки хизматга бўлган талабнинг мавжудлигини баҳолаш - маҳсулот ёки хизматнинг бозор талаби ҳамда тижорат истиқболлари баҳоланади;

стартап-лойиҳанинг тижоратлаштирилиши истиқболлари - келажакдаги маҳсулот татбиқ этилиш ва бозорга чиқиш истиқболига эга бўлиши, муайян истеъмолчига нисбатан қўлланилиши керак;

лойиҳанинг салоҳиятли рақобат афзалликларини баҳолаш - истеъмолчи учун маҳсулот/технологиянинг унинг амалдаги аналогларига нисбатан устунликлари мавжудлиги каби муҳим хусусиятлари баҳоланади;

лойиҳанинг инвестицион жозибадорлиги - қўшимча фойда келтирадиган ва инвестицияларни қопламаслик хавфини камайтирадиган қулай инвестиция ва инновацион шартлар ҳамда афзалликлар жамланмаси;

лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги - лойиҳани амалга оширишнинг молиявий натижаларини бевосита иштирокчилар учун ҳисобга ҳолда иқтисодий самарадорлик, шунингдек, лойиҳани амалга оширишнинг молиявий оқибатларини акс эттирувчи бюджет самарадорлиги.



8-БОБ. СТАРТАП-ЛОЙИҲАЛАРНИНГ ИНКУБАЦИЯ

ВА АКСЕЛЕРАЦИЯ ДАСТУРЛАРИДА ИШТИРОК

ЭТИШ ТАРТИБЛАРИ


46. Стартап-лойиҳанинг инкубация ва акселерация дастурларида иштирок этиши тартиби ва мақсадга мувофиқлиги Дирекция томонидан белгиланади.


47. Дирекция билан стартап-лойиҳа ташаббускори ўртасида тузилган стартап-лойиҳанинг инкубация ёки акселерация дастурида иштирок этиши бўйича битимга мувофиқ қабул қилинган мажбуриятлар ва ушбу Низомда белгиланган талаблар бажарилмаганда Дирекция Эксперт комиссиясининг қарори асосида стартап-лойиҳа ташаббускорини чиқариб ташлаш ҳуқуқига эга.


48. Алоҳида стартап-лойиҳа учун менторлар стартап-лойиҳа тақдим этилган соҳа бўйича иш тажрибасига ва маслаҳат бера олиш тажрибасига эга малакали мутахассислардан танланади.


49. Менторлар стартап-лойиҳа ташаббускори ва менторлар ўртасидаги шартнома шартларига асосан стартап-лойиҳани амалга оширишдан молиявий манфаатдор бўлишлари мумкин.



9-БОБ. ИСТИҚБОЛЛИ СТАРТАП-ЛОЙИҲАЛАРНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


50. Истиқболли стартап-лойиҳаларни молиялаштириш Жамғарма маблағлари ҳисобига, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбаларни жалб қилган ҳолда амалга оширилади.


51. Стартап-лойиҳаларни молиялаштириш Жамғарма томонидан пул маблағларини беғараз ажратиш йўли билан амалга оширилади.


52. Стартап-лойиҳани амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиш Дирекция ва стартап-лойиҳа ташаббускори томонидан имзоланган шартномага асосан ишлаш учун хоналар ва ускуналар ажратиш, юқори тезликдаги Интернет билан таъминлаш ва бошқалар, консалтинг хизматлари кўрсатиш ёки юридик шахс - стартап-лойиҳа ташаббускори ҳисоб рақамига мақсадли пул маблағларини ўтказиш орқали амалга оширилади.


53. Стартап-лойиҳани молиялаштириш венчур молиялаштиришни ўз ичига олади, бунда Дирекция стартап-лойиҳа муассислари таркибига киради. Дирекция ҳиссаси, улушларни тақсимлаш тартиби Жамғарма, Дирекция ва стартап-лойиҳа ташаббускори ўртасида стартап-лойиҳани молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш шартлари тўғрисидаги шартномада белгиланади.

Дирекция ва стартап-лойиҳа ташаббускори ўзаро ҳамкорликнинг кейинги босқичларини, ўзаро ҳисоб-китоб шартларини ҳамда Дирекциянинг стартап-лойиҳа ташаббускори томонидан таъсис этилган юридик шахснинг муассислари таркибидан чиқиши тартибини қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда белгилайдилар.


54. Эксперт комиссиясининг ижобий хулосаси стартап-лойиҳани молиялаштириш учун асос бўлади.



10-БОБ. МЕНТОРЛАРНИ ТАНЛАШ


55. Стартап-лойиҳада иштирок этиш учун менторларни танлаш Кенгаш тақдимномалари бўйича Эксперт комиссияси томонидан амалга оширилади.


56. Кенгаш Дирекциянинг стартап-лойиҳаларида иштирок этиши учун экспертларни, шу жумладан, чет эллик экспертларни дастлабки ўрганишни амалга оширади ва Эксперт комиссиясининг кўриб чиқиши учун тавсия этилган мутахассислар рўйхатини киритади.


57. Комиссия тавсия этилган рўйхатни кўриб чиқиб, менторларни қуйидаги меъзонларга мувофиқ танлайди:

стартап-лойиҳа тақдим этилган соҳада амалий иш тажрибаси мавжудлиги;

бизнес юритиш тажрибаси (эҳтимол бошқа йўналишларда) мавжудлиги;

стартап-лойиҳанинг келажакдаги маҳсулотларини сотиш учун потенциал бозорлар конъюнктурасини билиш.

Менторларга стартап-лойиҳа ҳусусиятидан келиб чиқиб бошқа мезонлар қўлланилиши мумкин.


58. Эксперт комиссиясининг қарори Эксперт комиссияси раиси томонидан имзоланадиган баённома билан расмийлаштирилади.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


59. Технопарк фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўхтатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари

технологик парки Диркциясининг резидентларни

рўйхатга олиш ишини ташкил этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар



Чора-тадбирлар



Бажариш

муддатлари


1-босқич

Ариза берувчи (юридик шахс)


Технопарк резиденти сифатида рўйхатга олиш учун тасдиқланган шакл бўйича зарур бўлган барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда (бизнес-режа ва б.) Дирекцияга ариза беради.


Заруратга кўра



2-босқич

Дирекция


1. Ҳужжатларни кўриб чиқади ва резидент сифатида рўйхатга олиш (ёки рўйхатга олишни рад этиш) тўғрисида қарор қабул қилади.


2. Зарур бўлганда якуний қарорга келиш мақсадида ариза берувчини бизнес-лойиҳа тақдимотини ўтказиш учун таклиф қилади.


3. Рўйхатга олиш рад этилганда Дирекциянинг қарорида рад этишнинг асосини кўрсатади ва ариза берувчига ушбу қарордан кўчирма тақдим этади.


15 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда









3-босқич

Ариза берувчи


Рўйхатга олиш рад этилган тақдирда, Технопарк резиденти сифатида рўйхатга олишни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабабларни бартараф этади ҳамда аризага бошқа ҳужжатларни илова қилган ҳолда кўриб чиқиш учун қайтадан киритади.


Заруратга кўра









4-босқич

Дирекция, ариза берувчи


Рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Технопарк резидентининг фаолияти шартлари тўғрисида шартнома тузадилар.


5 иш кунида



5-босқич

Дирекция


Резидентларнинг ягона реестрига тегишли ёзувларни киритади ва юридик шахснинг рўйхатга олинганлиги тўғрисида гувоҳнома беради.


Шартнома тузилгандан кейин 3 иш куни мобайнида



         





Низомга

2-ИЛОВА


"Дастурий маҳсулотлар ва ахборот

технологиялари технологик парки

Дирекцияси" МЧЖ Директорига

Юридик шахсни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот

технологиялари технологик парки резиденти

сифатида рўйхатдан ўтказишга

АРИЗА

            

(ариза берувчининг юридик манзили)

тадбиркорлик фаолияти субъекти


ни


(юридик шахснинг номи)


Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резиденти сифатида рўйхатдан ўтказишингизни сўрайман.


Ариза берувчи билан алоқа қилинадиган маълумотлар:

           

(телефон рақами, электрон почта манзили)

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

1. Таъсис ҳужжати нусхаси.

2. Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резиденти сифатида амалга оширилиши режалаштирилган бизнес-режа.

          

          

      

(ариза берувчининг имзоси)

           

      

        

Cана: 20___ й. "____" ______________





Низомга

3-ИЛОВА



Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари

технологик парки Дирекциясининг стартап-лойиҳаларни

танлаб олиш ва молиялаштириш ишини ташкил этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар



Чора-тадбирлар



Бажариш

муддати


1-босқич

Стартап-лойиҳа ташаббускори (жисмоний ёки юридик шахс)


Стартап-лойиҳанинг инкубация ёки акселерация дастурида иштирок этиши учун зарур бўлган барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда Дирекцияга ариза беради.


Заруратга кўра



2-босқич

Дирекция ҳузуридаги стартап-лойиҳаларни баҳолаш бўйича маслаҳат кенгаши


1. Стартап-лойиҳа ташаббускори томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг зарур ҳужжатлар рўйхатига ва белгиланган мезонларга мувофиқлигини кўриб чиқади ва ўрганади.


2. Зарурат бўлганда якуний қарорга келиш мақсадида ариза берувчини ўз стартап-лойиҳасининг тақдимотини ўтказиш учун таклиф қилади.


3. Стартап-лойиҳани инкубация ёки акселерация дастурига қабул қилиш (ёки рад этиш) тўғрисида қарор қабул қилади.


20 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда









3-босқич

Дирекция


Стартап-лойиҳани қабул қилиш рад этилганда, рад этишнинг асосини кўрсатган ҳолда ёзма маълумот юборади.


Олдинги босқич муддатлари доирасида









4-босқич

Дирекция, стартап-лойиҳа ташаббускори


Қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганда стартап-лойиҳанинг инкубация ёки акселерация дастурида иштирок этиши бўйича битим тузадилар.


Дирекция томонидан белгиланган муддатларда









5-босқич

Дирекция, стартап-лойиҳа ташаббускори


Келгусида молиялаштириш масаласини кўриб чиқиш учун стартап-лойиҳа маҳсулотлари (хизматлари) намойишини ўтказадилар.


Акселарация дастуридан ўтиш якунлари бўйича









6-босқич

Дирекция


Буюртманомани молиялаштириш учун буюртманомани стартап-лойиҳаларни баҳолаш ва танлаш мезонларига мувофиқ Эксперт комиссиясига юборади.


Стартап-лойиҳа намойиши якунларига кўра









7-босқич

Ахборот технологиялари вазирлигининг Истиқболли стартап-лойиҳаларни баҳолаш бўйича Эксперт комиссияси


1. Лойиҳаларни кўриб чиқади ва баҳолайди.


2. Келгусида иштирок этиш ва молиялаштириш учун тавсия этилган стартап-лойиҳаларни АКТни ривожлантириш жамғармасига юборади.


7 иш куни мобайнида




3 иш куни мобайнида



8-босқич

АКТни ривожлантириш жамғармаси, Дирекция, стартап-лойиҳа ташаббускори


АКТни ривожлантириш жамғармаси, Дирекция ва стартап-лойиҳа ташаббускори ўртасида стартап-лойиҳани молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш шартлари тўғрисида шартнома тузадилар.


5 иш куни мобайнида



       





Низомга

4-ИЛОВА


"Дастурий маҳсулотлар ва ахборот

технологиялари технологик парки

Дирекцияси" МЧЖ Директорига

Истиқболли стартап-лойиҳаларни танлашда ҳамда

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари

технологик паркининг инкубация ва акселерация

дастурларида иштирок этишга

АРИЗА

           

(лойиҳанинг номи)

        

(жисмоний шахснинг Ф.И.О. ёки юридик шахснинг номи)

                 

(жисмоний шахснинг яшаш манзили ёки ариза берувчининг юридик манзили)

истиқболли стартап-лойиҳаларни танлашда ва Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг инкубация ва акселерация дастурларида иштирок этишини кўриб чиқишингизни сўрайман.


Иштирокчи тўғрисида маълумот:

               

(телефон рақами, электрон почта манзили)

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

1. Жисмоний шахс бўлган тақдирда унинг паспорти нусхаси.

2. Стартап-лойиҳа бўйича батафсил маълумот.


          

      

(ариза берувчининг имзоси)

           

      

        

Cана: 20___ й. "____" ______________

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 16 июль