язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.07.2019 й. 621-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 24 июлдаги

621-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар

ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий

инвестицияларни жалб этиш агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) мақоми, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

Агентлик ўзининг вазифалари ва функцияларини амалга ошириш доирасида вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан, чет эл ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


3. Агентлик давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва номи давлат тилида ёзилган муҳрга, шахсий ғазна ҳисоб рақамларига ва банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги ҳисоб рақамларига эга.


4. Агентликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги;

қисқартирилган номи - Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Investment Promotion Agency under the Ministry of Investments and Foreign Trade of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилган номи - Uzbekistan Investment Promotion Agency;

в) рус тилида:

тўлиқ номи - Агентство по привлечению иностранных инвестиций при Министерстве инвестиций и внешней торговли Республики Узбекистан;

қисқартирилган номи - Агентство по привлечению иностранных инвестиций.


5. Агентлик жойлашган жой (почта манзили): Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 34-уй.



2-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик манфаатларини ҳисобга олган ҳолда республика иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этишга, хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;

хорижий инвесторларни ахборот билан, ҳуқуқий ва бошқа томондан қўллаб-қувватлаш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий тадбиркорлар билан инвестиция фаолияти соҳасида ўзаро ҳамкорликни ташкил этишда уларга кўмаклашиш;

хорижий инвестициялар иштирокидаги истиқболли ва амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари маълумотларининг ахборот базасини шакллантириш ва юритиш, уларнинг амалга оширилиш ҳолати устидан доимий мониторинг олиб бориш;

республиканинг иқтисодий, ресурс ва инвестицион салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва илгари суришни, яратилган қулай шарт-шароитлар, хорижий инвесторларга тақдим этиладиган бериладиган имтиёзлар, афзалликлар ҳақида чет эл ишбилармон доиралари орасида, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ишлари олиб боришни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро ижобий имижини шакллантириш ва юқори даражада ушлаб туришга ҳар томонлама кўмаклашиш.


7. Агентлик юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик манфаатларини ҳисобга олган ҳолда республика иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этишга, хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш соҳасида:

давлат, ҳудудий ва соҳавий инвестиция дастурларини шакллантириш ва амалга оширишда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари қисми бўйича иштирок этади;

тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш учун иқтисодиётнинг устувор секторлари ва саноатнинг энг муҳим тармоқлари рўйхатини аниқлаш юзасидан таклифлар киритади;

давлат органлари ва ташкилотларига истиқболли инвестиция таклифлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқишда ҳамда уларни амалга ошириш учун салоҳиятли хорижий инвесторларни топишда кўмаклашади;

хорижий инвесторларда улар томонидан республика ҳудудида фаолиятини амалга оширишда юзага келаётган муаммолар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилади ва тизимлаштиради, шу асосида инвестиция фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

хорижий инвестицияларни жалб этиш соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлашда, хорижий инвесторларни янада қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда қатнашади;


б) хорижий инвесторларни ахборот билан, ҳуқуқий ва бошқа томондан қўллаб-қувватлаш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий тадбиркорлар билан инвестиция фаолияти соҳасида ўзаро ҳамкорликни ташкил этишда уларга кўмаклашиш соҳасида:

хорижий инвесторларни инвестиция фаолиятининг норматив-ҳуқуқий асослари ва инвестиция имкониятлари, шу жумладан, имтиёзлар, преференциялар, инвестиция қилиш учун устувор тармоқлар, туризм, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, табиий хомашё ресурслари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маълумотлар билан таъминлайди;

хорижий инвесторларни бутун инвестиция фаолиятини амалга ошириш давомида, жумладан, бошланғич ва инвестиция киритилгандан кейинги даврларда маслаҳат-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни амалга оширади;

хорижий инвесторларга, улар томонидан инвестиция фаолиятини амалга оширишда зарур ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва расмийлаштириш, жумладан инвестиция таклифлари, инвестиция лойиҳалари паспортлари, лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари, инвестиция шартномалари ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича хизматлар, шу жумладан, пулли хизматлар кўрсатади;

хорижий инвесторларга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкалари, бўш турган ва фойдаланилмаётган кўчмас мулк объектларини топиш, аниқлаш ва сотиб олишда, шунингдек, давлат хизматларидан (тадбиркорлик фаолияти соҳасида лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш учун рухсатномалар ва бошқалар) фойдаланиш учун ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашади;

кредит ташкилотлари билан биргаликда, биринчи навбатда халқаро молия институтлари ва чет эл тижорат банклари кредит линиялари маблағлари ҳисобига инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун кредит маблағлари ажратиш имкониятларини ишлаб чиқади;

хорижий инвесторларнинг мурожаатлари, белгиланган тартибда тезкор равишда, зарурат туғилганда, инвесторларнинг ўзларининг бевосита иштирокида ва манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари вакилларини жалб этган ҳолда кўриб чиқилишини таъминлайди;

хорижий инвесторларнинг давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари, шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар билан истиқболли инвестиция таклифлари ва лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун учрашувлари ва музокараларини белгиланган тартибда ташкил этади;

хорижий инвесторларнинг Ўзбекистон Республикасига ва уларнинг маҳаллий ҳамкорларининг хорижий мамлакатларга ўзаро ташрифларини ташкил этишда кўмаклашади;


в) хорижий инвестициялар иштирокидаги истиқболли ва амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари маълумотларининг ахборот базасини шакллантириш ва юритиш, уларнинг амалга оширилиш ҳолати устидан доимий мониторинг олиб бориш соҳасида:

ҳам хорижий инвесторлар, ҳам давлат органлари ва ташкилотлари томонидан илгари сурилган истиқболли ва амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари маълумотлари ахборот базасини электрон шаклда шакллантиради, унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлайди;

амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини, жалб қилинган ва ўзлаштирилган хорижий инвестицияларнинг, шу жумладан, ташаббускорларнинг мамлакатлари, республика ҳудудлари, иқтисодиёт тармоқлари даражасида ҳисобини юритади, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш ҳолати тўғрисида статистик ва таҳлилий даврий маълумотлар тайёрлайди;

маълумотлар ахборот базасига киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолатининг тизимли мониторингини олиб боради, зарурат туғилганда, уларни амалга ошириш самарадорлигини ошириш бўйича давлат органлари ва ташкилотларига таклифлар ва тавсиялар киритади;

салоҳиятли хорижий инвесторлар учун Интернет тармоғида маълумотлар ахборот базасига киритилган, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан илгари сурилган истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳақидаги маълумотларнинг даврий эълон қилинишини таъминлайди;


г) республиканинг иқтисодий, ресурс ва инвестицион салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва илгари суришни, яратилган қулай шарт-шароитлар, хорижий инвесторларга тақдим этиладиган бериладиган имтиёзлар, афзалликлар ҳақида, чет эл ишбилармон доиралари орасида, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ишлари олиб боришни ташкил этиш соҳасида:

салоҳиятли хорижий инвесторларга республикадаги мавжуд инвестиция имкониятларини етказиш мақсадида, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ижобий ҳолатларини ва мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни доимий равишда ёритиб бориш чораларини кўради;

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини тизимли равишда баҳолашни, экспертлар, хорижий инвесторлар ва инвестиция фаолиятининг бошқа субъектлари орасида сўровлар ўтказади, хорижий инвестициялар иштирокидаги натижали лойиҳаларнинг маълумотлар базасини таҳлил қилади ва шакллантиради;

республиканинг иқтисодий, саноат, технологик ва хомашё салоҳияти, шунингдек, инвестиция фаолияти соҳасида яратилган қулай шарт-шароитлар, шу жумладан, хорижий инвестицияларни қўллаб-қувватлаш ва жалб қилишни рағбатлантириш чоралари ҳақида материаллар тайёрлашда иштирок этади;

хорижий инвесторларни жалб этиш бўйича бизнес йўриқномалар, махсус адабиётлар, буклетлар ва бошқа ахборот материалларини тайёрлайди ва эълон қилади, республиканинг инвестиция салоҳияти ҳақида тақдимот материаллари ва видеороликлар тайёрлайди, уларни кейинчалик салоҳиятли хорижий инвесторлар орасида тарқатади;

оммавий ахборот воситалари, жумладан, Интернет тармоғида республика инвестиция салоҳияти ҳақида ахборот-реклама материалларини мунтазам жойлаштиришни ва янгилаб боришни таъминлайди;

республика ҳудудида ва хорижда чет эл ишбилармон доиралари, дунёда таниқли компаниялар, инвестиция жамғармалари ва бошқа молиявий институтлар орасида республиканинг инвестиция имкониятларини кенг тарғиб қилиш ва ёритишга қаратилган инвестиция ва бизнес форумлар, конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар ва бошқа тадбирларни ташкил этади;

хорижий мамлакатларда инвестиция муҳитининг қиёсий таҳлилини ўтказади ва республикада инвестиция муҳитини яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;


д) Ўзбекистон Республикасининг халқаро ижобий имижини шакллантириш ва юқори даражада ушлаб туришга ҳар томонлама кўмаклашиш соҳасида:

халқаро агентликлар ва молиявий институтларнинг Ўзбекистон Республикасига оид рейтинг баҳоларини кузатиб боради, уларни шакллантиришга таъсир кўрсатадиган сабабларни таҳлил қилади, шунингдек, республиканинг халқаро рейтингларини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлашда иштирок этади;

республикада ишбилармонлик муҳити ва инвестиция иқлимининг ҳолати ҳақида хорижий инвесторлар ва хорижий мамлакатларнинг бошқа вакиллари орасида сўровлар ўтказади, мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш соҳасида халқаро тажрибани ўрганади, шу асосида инвестиция стратегияси бўйича маълумотлар ва тавсиялар тайёрлайди;

хорижий мамлакатларнинг ўхшаш агентликлари, ташкилотлари ва бошқа субъектлари билан инвестиция фаолияти соҳасида ҳар томонлама ҳамкорликни ташкил этади.



3-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Агентлик юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

республикага хорижий инвестицияларни жалб этишга оид статистик маълумотлар, таклифлар, хулосалар ва бошқа зарур материалларни белгиланган тартибда олиш, шунингдек, Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича ёзишмалар олиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири билан келишган ҳолда ўхшаш хорижий агентликлар ва ташкилотлар билан техник ва иқтисодий ахборот алмашиш, шунингдек, ёзишмалар олиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, алоқалар ва муносабатлар ўрнатиш;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбариятига Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ таклифларни белгиланган тартибда киритиш;

ўзаро ҳамкорлик қилиш, ишларни бажаришга ва хизматлар кўрсатиш учун музокаралар олиб бориш ва шартномалар тузиш;

Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш ва тўлаш, шунингдек, шартнома асосида хизматлар кўрсатиш;

Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни амалга оширишга маҳаллий экспертларни ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири билан келишган ҳолда хорижий экспертларни белгиланган тартибда жалб этиш;

хорижий инвестицияларни жалб этиш соҳасидаги масалаларни муҳокама қилиш учун давлат органлари ва ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, бошқа мутахассислар ва мутақил экспертлардан иборат ишчи ва эксперт гуруҳлари тузиш.

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Агентлик унга юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. АГЕНТЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ АСОСИЙ

ФУНКЦИОНАЛ МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Қуйидагилар Агентлик директорининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Агентликка юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг қарорлари билан тасдиқланган Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар ва чора-тадбирлар ижросини чуқур ва танқидий таҳлил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг топшириқларини ижро этиш;

Агентлик фаолиятининг айрим участкаларига раҳбарлик қилиш учун Агентлик мансабдор шахсларининг ваколатларини аниқлаш ва уларнинг шахсий жавобгарлиги даражасини белгилаш;

Агентлик фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, Агентлик ва унинг мансабдор шахсларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, улар бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингини олиб бориш, Агентлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш;

Агентлик ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш;

Агентликда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Агентликнинг кадрлар захирасини шакллантириш;

Агентлик ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;

ишни ташкил этишнинг замонавий шакллари Агентлик фаолиятига жорий этилишини таъминлаш;

Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш ва амалга ошириш, хизмат сафарларининг асослилигини, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафари сарф-харажатлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

Агентлик ходимлари томонидан Агентлик ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилинишини таъминлаш;

Агентлик тизимида "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг талабларига мувофиқ коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни аниқлаш, таҳлил қилиш, уларнинг содир этилиши сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш;

Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ижро этиш, электрон ҳужжатлар айланиши тизимини кенг жорий этиш ва ундан самарали фойдаланиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг тушаётган мурожаатлари бўйича маълумотлар базасини шакллантириш бўйича ишларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, уларни кўриб чиқиш натижалари ҳисобга олиниши ва кузатиб борилишини таъминлаш;

Агентлик ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш;

Агентлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимда бундан буён бўлишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш, уларнинг шахсий жавобгарлиги чора-тадбирларини амалга ошириш;

Агентликнинг тузилмасини ва штатдаги ходимлари сонини ўзгартириш тўғрисида Агентлик фаолиятининг самарадорлигини таъминлашга қаратилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирига киритиш;

қонунийлик ва меҳнат интизомининг йўл қўйилган бузилишлари ҳолатлари бўйича ўз ваколатлари доирасида хизмат суриштирувлари ўтказилишини тайинлаш;

Агентликнинг мол-мулкини қонун ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этиш.


11. Қуйидагилар Агентлик директорининг ўринбосари ва таркибий бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Агентлик таркибий бўлинмалари ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилинишини таъминлаш;

таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбариятининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш;

ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, топшириқлар ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши учун таркибий бўлинмалар ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

Агентлик директорининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларнинг ҳар чораклик иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

таркибий бўлинмалар фаолияти масалалари бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Агентлик раҳбариятига киритиш ҳамда кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбариятига тақдим этиш;

Агентлик таркибий бўлинмаларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш жараёнида Агентлик директорига таклифларни тақдим этиш, уларнинг касбий маҳоратини, ўз ишини билишини, амалий тажрибасини, ишбилармонлик ва маънавий-ахлоқий сифатларининг кафолатланганлигини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чора-тадбирларини кўриш, Агентлик таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарларининг асослилигини, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафари сарф-харажатлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

Агентлик таркибий бўлинмалари ходимлари ва раҳбарлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлар бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

Агентлик ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилиш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Агентликнинг таркибий бўлинмаларида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, таҳлил қилиш, улар содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш;

давлат сирларига ва махфий ахборотга тааллуқли ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.


12. Қуйидагилар Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги инвесторларга кўмаклашиш бўйича ҳудудий вакилларининг (келгусида ҳудудий вакиллар деб аталади) асосий функционал мажбриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбариятининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш;

ижро интизомини мустаҳкамлаш, топшириқлар ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши учун шахсий жавобгарликни ошириш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш;

Агентлик директори ва директор ўринбосарининг буйруқлари ва топшириқларини ўз вақтида ва сифатли ижро этиш;

ҳар чораклик иш режаларини ишлаб чиқиш, уларни тасдиқлаш учун Агентлик директорига киритиш, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

Агентлик раҳбарияти томонидан ташкил этиладиган йиғилишларда иштирок этиш, йиғилишларда эшитиш учун шахсий ҳисоботларни тайёрлаш;

Агентлик фаолияти масалалари бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Агентлик раҳбариятига киритиш ҳамда кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбариятига тақдим этиш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарларининг асослилигини, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафари сарф-харажатлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

Агентлик ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидаларига, шунингдек, "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига риоя қилиш;

давлат сирларига ва махфий ахборотга тааллуқли ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.



5-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Агентликка Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошчилик қилади.

Директорнинг Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бир нафар ўринбосари бўлади.


14. Директор иш ташкил этилишини таъминлайди ва Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, шунингдек, Агентлик фаолиятининг сифати ва пировард натижалари учун жавоб беради ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири билан келишган ҳолда Агентликни халқаро муносабатларда ифодалайди;

Агентлик директори бўлмаганида унинг ваколатларини директор ўринбосари амалга оширади.


15. Ҳудудий вакилларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан белгиланган тартибда мувофиқлаштирилади ва тартибга солинади.

Ҳудудий вакиллар ўз вазифалари ва функцияларини амалга ошириш доирасида Агентликка юкланган вазифалар бўйича вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмаларининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.



6-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИ

ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

ВА ИШЧИ ИНДИКАТОРЛАР


16. Агентлик фаолияти самарадорлиги мунтазам баҳоланиши керак.


17. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири томонидан тасдиқланадиган Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва ишчи индикаторлар асосида амалга оширилади.


18. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан:

Агентлик раҳбарлари ва ходимларига нисбатан рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки тегишли интизомий жавобгарлик чораларини кўриш;

аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилади.


19. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва методикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



7-БОБ. АГЕНТЛИКНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА

УЛАРНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


20. Қуйидагилар Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, халқаро ва хорижий ҳукумат, халқаро молиявий ташкилотлар, молиявий институтлар ва бошқа донорларнинг грантлари ва кредитлари (қарзлари);

юридик ва жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг хайрия эҳсонлари;

шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


21. Агентлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган қўшимча ҳақлардан ва устамалардан иборат бўлади.


22. Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


23. Агентлик ходимларига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ узлуксиз иш стажи (узоқ муддат узлуксиз хизмати) учун устамалар тўланади.


24. Агентлик ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар асосий эгаллаб турган лавозими бўйича Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига лавозим маошларига (тариф ставкаларига) устамалар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар белгиланиши мумкин.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


25. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 25 июль