язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Интеллектуал мулк/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.10.2019 й. 856-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 9 октябрдаги

856-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг

Апелляция кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида", "Селекция ютуқлари тўғрисида", "Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида" ва "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгашида (кейинги ўринларда Апелляция кенгаши деб аталади) кўриб чиқиладиган масалалар турлари, Апелляция кенгашининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби ва молиялаштириш манбааларини белгилайди.


2. Апелляция кенгаши ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарини, селекция ютуқларини, интеграл микросхемалар топологияларини, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш билан боғлиқ апелляцияларни судгача кўриб чиқувчи коллегиал органи сифатида амалга оширади.


3. Апелляция кенгаши қарорлар қабул қилишда мустақил ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг интеллектуал мулкни муҳофаза қилишга доир халқаро шартномаларига амал қилади.


4. Апелляция кенгашининг фаолияти қарорлар қабул қилишда тенг ҳуқуқлилик ва коллегиаллик принципларига асосланади.



2-БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯ КЕНГАШИДА КЎРИБ

ЧИҚИЛАДИГАН МАСАЛАЛАР ТУРЛАРИ


5. Апелляция кенгаши:

а) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) талабномада кўрсатилган:

саноат мулки объектлари;

селекция ютуқлари;

интеграл микросхемалар топологиялари;

товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номларига нисбатан қабул қилинган қарорлари юзасидан апелляцияларни кўриб чиқади;

б) манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларнинг:

саноат мулки объектларига патент берилиши;

селекция ютуқларига патент берилиши;

интеграл микросхемалар топологияларининг рўйхатдан ўтказилиши;

саноат мулки объектларига ва селекция ютуқларига берилган патентларнинг ҳақиқийлиги;

товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товарнинг келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳноманинг ҳақиқийлиги;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгининг халқаро рўйхатдан ўтказилишининг амал қилишигаюзасидан апелляцияларини кўриб чиқади;

в) қуйидагиларнинг:

интеграл микросхемалар топологияларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномаларнинг;

товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгиларига, товар келиб чиққан жой номларидан фойдаланиш ҳуқуқига берилган гувоҳномаларнинг амал қилиши тугатилиши юзасидан апелляцияларини кўриб чиқади;

г) товар келиб чиққан жой номи рўйхатдан ўтказилиши бекор қилиниши юзасидан апелляцияларини кўриб чиқади;

Апелляция кенгаши Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум товар белгилари деб эътироф этиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқади (кейинги ўринларда ариза деб аталади).



3-БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯ КЕНГАШИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Апелляция кенгаши апелляция ёки аризани кўриб чиқишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

апелляция ёки ариза берган шахслардан, шунингдек, бошқа манфаатдор шахслардан апелляцияни ёки аризани кўриб чиқиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ва маълумотларни сўраб олиш;

қўшимча экспертиза тайинлаш, уни ўтказиш учун мустақил эксперт ва маслаҳатчиларни жалб этиш;

Агентлик ихтиёридаги патент ҳужжатлари ва илмий-техника адабиётлари давлат фондларидан фойдаланиш.

Апелляция кенгаши апелляция ёки аризани кўриб чиқишда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


7. Апелляция кенгаши апелляция ёки аризани кўриб чиқиш жараёнида қуйидагиларга мажбур:

апелляция ёки аризани кўриб чиқиш жараёнида қонунчиликка ва мазкур Низом талабларига қатъий риоя қилиш;

апелляция ёки аризани кўриб чиқиш юзасидан қабул қилинган қарорлар ҳаққонийлигини ва асосланганлигини таъминлаш.

Апелляция кенгашига апелляция ёки аризани кўриб чиқиш жараёнида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.



4-БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯ КЕНГАШИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


8. Апелляция кенгаши Кенгаш раиси, унинг ўринбосари, кенгаш аъзолари ва котибидан иборат таркибда фаолият кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Апелляция кенгаши раиси ҳисобланади. Апелляция кенгаши таркибига Вазирлик ва Агентликнинг малакали ва тажрибали ходимлари, шунингдек, мустақил олимлар ва мутахассислар киритилади.

Вазирлик ва Агентликнинг Апелляция кенгаши таркибидаги ходимлари сони Апелляция кенгаши умумий аъзолари сонининг ўттиз фоизидан ошмаслиги лозим.

Апелляция кенгаши таркиби Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланади.


9. Апелляция кенгаши раиси ёки унинг топшириғига кўра эса - унинг ўринбосари Апелляция кенгашининг фаолиятини ташкил этади.


10. Апелляция кенгашида ишлар кенгаш котиби томонидан юритилади. Апелляция кенгаши котиби Апелляция кенгаши томонидан қарорлар қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас.


11. Агентлик Апелляция кенгашининг ишчи органи ҳисобланади.


12. Агентлик:

апелляция ва аризаларни қабул қилади, Апелляция кенгаши мажлисларини ташкилий таъминлайди;

Апелляция кенгаши мажлисларида кўриб чиқиладиган масалалар бўйича зарур материалларни тайёрлайди;

манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларга ишни кўриш натижалари бўйича Апелляция кенгашининг қарорларини юбориш чораларини кўради;

Апелляция кенгаши ҳужжатлари бут сақланишини таъминлайди.


13. Апелляция кенгаши фаолияти мажлислар ўтказиш йўли билан ташкил этилади.

Мажлислар заруриятга кўра Апелляция кенгаши раиси томонидан, у бўлмаган тақдирда эса унинг ўринбосари томонидан чақирилади.

Апелляция кенгашининг мажлислари, агар уларнинг ишида Апелляция кенгаши аъзоларининг умумий сонининг учдан икки аъзоси иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

Апелляция кенгаши мажлисида протокол юритилади, уни Апелляция кенгаши раиси ва котиби имзолайди.


14. Апелляция кенгаши мажлисларида апелляция ёки ариза берган шахс ёки унинг вакили, бошқа манфаатдор юридик ёки жисмоний шахслар қатнашишга ҳақлидирлар. Апелляция ёки ариза берган шахс ва кўриб чиқилаётган иш бўйича томонлар ҳисобланган бошқа шахслар мажлис бўлишидан камида ўн кун олдин мажлис ўтказиладиган жой, сана ва вақт тўғрисида ёзма равишда Агентлик томонидан хабардор қилиниши керак.

Апелляция ёки ариза берган шахс, бошқа манфаатдор шахслар илтимосномасига биноан Апелляция кенгаши мажлиси кенгаш қарорига кўра кечроқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга кўчирилиши мумкин. Бунда апелляцияларни ёки аризаларни кўриб чиқишнинг белгиланган муддати ўтиши Апелляция кенгаши мажлисининг янги санасигача тўхтатиб турилади.


15. Апелляция кенгашининг ташаббусига кўра ёки апелляция ёки ариза берган шахс, бошқа манфаатдор шахслар илтимосномаси билан апелляция кенгаши мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви олиб борилиши мумкин.

Апелляция кенгаши мажлисида аудио- ёки видеоёзуви воситаларидан фойдаланилганда Апелляция кенгаши ишда иштирок этувчи шахслар ва бошқа иштирокчилар бу ҳақда огоҳлантирилади.

Апелляция кенгаши мажлисида иштирок этганлар ёзма қайдлар қилиш ҳуқуқига эга. Апелляция кенгаши мажлисини фототасвирга тушириш, аудио- ва видеоёзувини амалга ошириш, шунингдек оммавий ахборот воситаларида трансляция қилинишига тарафларнинг розилиги ва Апелляция кенгаши мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади.


16. Интеллектуал мулк объектига ҳуқуқий муҳофаза бериш тўғрисидаги талабномани кўриб чиқишда ва унинг бўйича экспертиза ўтказишда иштирок этган Апелляция кенгаши аъзолари хулоса бериш ёки Апелляция кенгашининг мазкур интеллектуал мулк объекти билан боғлиқ апелляциялар кўриб чиқилаётган мажлисида қатнашиш ҳуқуқига эга эмас.


17. Қўшимча материаллар ва маълумотлар зарур бўлган тақдирда улар Апелляция кенгаши белгилаган муддатларда манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилиши керак.

Апелляция ёки ариза берган шахс ва бошқа манфаатдор шахслар илтимосномасига кўра қўшимча материаллар ва маълумотларни тақдим этиш муддати Апелляция кенгаши томонидан уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин. Бунда апелляцияларни ёки аризаларни кўриб чиқиш белгиланган муддатининг ўтиши узайтириш муддатигача тўхтатиб турилади.


18. Ишни кўриб чиқиш қуйидаги ҳолларда Апелляция кенгашининг навбатдаги мажлиси санаси ва вақти кўрсатилган ҳолда Апелляция кенгаши томонидан бошқа кунга кўчирилиши мумкин:

вакилнинг мажлисда қатнаша олмаслиги сабабли ишни кўриб чиқиш бошқа кунга кўчирилиши тўғрисида апелляция ёки ариза берган шахснинг асосланган илтимосномаси муносабати билан;

қўшимча далиллар олиш зарурияти муносабати билан;

ишни кўриб чиқиш қатнашчиларидан бирортасининг ҳозир бўлмаганлиги ёки томоннинг вакилида ишончнома йўқлиги муносабати билан;

Апелляция кенгаши фикрига кўра ишни кўриб чиқишга экспертларни жалб этиш ёки бошқа шахсларнинг иштироки зарурлиги муносабати билан;

ишни ушбу мажлисда ҳал этиш мумкин бўлмаганда.


19. Ишни кўриб чиқиш қуйидаги ҳолларда тўхтатилиши мумкин:

Апелляция кенгаши томонидан хулосалари ишни кўриб чиқиш натижалари учун аҳамиятли бўлган бошқа иш кўрилаётганда;

экспертизадан ўтказиш ёки тегишли экспертнинг ёки мутахассиснинг хулосаси зарур бўлганда;

материалларни қўшимча ўрганиш ва сўраш талаб қилинадиган ҳолатлар вужудга келганда.

Ишни кўриб чиқиш уни тўхтатишга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилгандан кейин давом эттирилади.


20. Ишни кўриб чиқиш Апелляция кенгаши томонидан қуйидаги ҳолларда тўлиқ ёки қисмлари бўйича тугатилиши мумкин:

апелляция ёки ариза берган шахс ишни кўриб чиқишни тўлиқ ёки қисмлари бўйича тугатилиши тўғрисида ариза берганда;

томонлардан бири вафот этганда, юридик шахс тугатилганда, агар ҳуқуқий ворислари билан алмаштириш имкони бўлмаса ёки мумкин бўлмаса;

апелляция иши бўйича суд томонидан қарор қабул қилинганда.


21. Апелляциялар ёки аризалар бериш ва уларни Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқиш қоидалари Вазирлик томонидан тасдиқланади.


22. Апелляцияларни ёки аризаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Апелляция кенгаши қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

апелляцияларни ёки аризаларни қаноатлантириш;

апелляцияларни ёки аризаларни қисман қаноатлантириш;

апелляцияларни ёки аризаларни қаноатлантиришни рад этиш.


23. Апелляция кенгашининг қарори апелляция ёки ариза моҳиятини кўриб чиқиш тугагандан сўнг кенгаш аъзоларининг ёпиқ йиғилиши натижаси бўйича кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Апелляция кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Апелляция кенгаши раиси ва аъзолари овоз беришда бетараф қолиш ҳуқуқига эга эмаслар. Апелляция кенгаши раиси энг охирида овоз беради.

Апелляция кенгашининг қарори Апелляция кенгаши раиси ва ишни кўриб чиқишда қатнашган Апелляция кенгашининг барча аъзолари томонидан имзоланади ва манфаатдор шахслар қарор ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан эътиборан кучга киради.

Апелляция кенгашининг қарори Вазирлик муҳри билан тасдиқланади.


24. Товар белгиси билан адаштириб юбориш даражасида уларга айнан ўхшаш бўлган белгиларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисида Агентлик қабул қилган қарорлар юзасидан апелляцияларни кўриб чиқишда апелляция берган шахс товар белгиси эгасининг рўйхатдан ўтказишда рад этилган белгини рўйхатга олиш учун розилигини тақдим этиш ҳуқуқига эга.


25. Товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказишни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда Апелляция кенгаши айни пайтда ушбу рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ бўлган товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқига берилган гувоҳномаларнинг амал қилишини муддатидан олдин тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади.


26. Апелляция кенгаши қарори юзасидан қарор қабул қилинган санадан бошлаб олти ой мобайнида судга шикоят қилиниши мумкин.


27. Апелляция кенгаши қарорлари қабул қилинган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида апелляция ёки ариза берган шахсларга ва бошқа манфаатдор шахсларга Агентлик томонидан юборилади, шунингдек, унинг расмий нашрида ва веб-сайтида маълумот тариқасида эълон қилинади.



5-БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯ КЕНГАШИ ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ МАНБАЛАРИ


28. Апелляция кенгашида ишлар кўриб чиқилганлиги учун патент божлари ундирилади. Патент божлари Агентликнинг ҳисоб рақамларига тўланади.

Патент божлари миқдори, уларни тўлаш муддатлари, шунингдек, улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


29. Апелляция кенгаши аъзолари - жалб қилинган мустақил олимлар ва мутахассислар хизматларига улар билан тузилган шартномалар асосида Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланади.

Ҳақ тўлаш шартлари ва унинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


30. Апелляция кенгашини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 10 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 14 октябрь, 41-сон, 773-модда