язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Кредитлаш/ Курилишларни кредитлаш. Ипотека кредити/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.10.2019 й. 868-сон "Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси" акциядорлик жамиятининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.10.2019 й.

N 868



"ЎЗБЕКИСТОН ИПОТЕКАНИ

ҚАЙТА МОЛИЯЛАШТИРИШ КОМПАНИЯСИ"

АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 13 майдаги ПФ-5715-сон Фармони ижросини таъминлаш, республика ипотека бозорини бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида қўшимча ривожлантириш ва янги молиявий воситаларни татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 13 майдаги ПФ-5715-сон Фармонида республикада акциядорлик жамияти шаклидаги ипотекани қайта молиялаштириш компаниясини ташкил қилиш ва 2019 йилда унинг фаолият кўрсатишини йўлга қўйиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банки ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг бошланғич устав капитали миқдори 25,0 млрд сўм бўлган акциядорлик жамияти шаклидаги қайта молиялаштириш кредит ташкилоти - Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компаниясини (кейинги ўринларда компания деб аталади) таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги компания устав капиталида давлат номидан акциядор сифатида иштирок этади;

компания устав капиталида 25 млрд сўм миқдордаги давлат улуши Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажаратиладиган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади.


4. Қуйидагилар компаниянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

маҳаллий ва халқаро капитал бозорларида молиявий ресурсларни, шу жумладан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағларини жалб қилиш ва кейинчалик ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш;

аҳолининг арзон уй-жойларга ортиб бораётган эҳтиёжини қаноатлантириш учун бозор тамойиллари асосида тижорат банкларига молиявий ресурслар тақдим этиш;

қимматли қоғозлар, шу жумладан ипотека қимматли қоғозларни чиқариш ва инвесторлар ўртасида жойлаштиришни ташкил этиш;

ипотека кредити тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш, ипотека бозорини ривожлантиришнинг замонавий услуб ва воситаларини татбиқ этиш, ипотека кредити ва ипотека қимматли қоғозлар бозорида ликвидлиликни ошириш ва таваккалчиликни камайтириш;

ипотека кредити ва қайта молиялаштириш соҳасидаги методологик ҳамда норматив-ҳуқуқий базани, шу жумладан хорижий эксперт ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқишда иштирок этиш.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда компанияни давлат рўйхатидан ўтказиш, унинг корпоратив ҳужжатларини тасдиқлаш, шунингдек, бошқарув ва назорат органларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш бўйича тегишли тадбирларни белгиланган тартибда амалга оширсин;

тижорат банкларига ипотека кредитларини қайта молиялаштириш тартиби, қайта молиялаштириш учун тижорат банкларини танлаш мезонлари, шунингдек, ипотека кредитларини қарзга олувчиларни танлаб олиш шартлари тўғрисидаги низомларни хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш ва тасдиқлашда компанияга ёрдам кўрсатсин.


6. Компания эмиссия қимматли қоғозларни чиқаришни давлат рўйхатидан ўтказиш ва қимматли қоғозларни чиқариш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун йиғимлар тўлашдан озод этилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда компанияни жойлаштириш чораларини кўрсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 15 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 21 октябрь, 42-сон, 795-модда