язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Оммавий ахборот воситалари/ ОАВни рўйхатга олиш. Мухбирларни аккредитация қилиш/ Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 19.12.2019 й. 1017-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 19 декабрдаги

1017-сон қарорига

1-ИЛОВА



Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан

ўтказиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Регламент юридик ва жисмоний шахсларга (кейинги ўринларда ариза берувчилар деб аталади) оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизмати (кейинги ўринларда давлат хизмати деб аталади) кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган оммавий ахборот воситаларига қуйидагилар киради:

даврий босма нашрлар (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар ва бошқалар);

теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, ахборот агентликлари;

маҳсулотлари Интернет жаҳон тармоғи орқали тарқатиладиган оммавий ахборот воситалари (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар);

асосан болалар, ўсмирлар, ногиронлар учун мўлжалланган, шунингдек, таълим ва маданий-маърифий йўналишдаги оммавий ахборот воситалари (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар);

реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари (реклама тарқатишга ихтисослашган газеталар, журналлар, буклетлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар);

оммавий ахборот воситаларининг бошқа турлари (электрон тарзда тарқатиладиган оммавий ахборот воситалари маҳсулотлари ва бошқалар).

Реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситаси дейилганда даврий босма нашр алоҳида сони ҳажмининг 40 фоизидан, теле-, радио дастурларда эшиттириш ва кўрсатув ҳар бир соатининг 10 фоизидан кўпроғини реклама хабарлари ташкил қиладиган оммавий ахборот воситаси тушунилади.


3. Қуйидагиларни давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинмайди:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан фақат уларнинг расмий хабарлари ва фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа материалларини эълон қилиш учун таъсис этиладиган оммавий ахборот воситалари;

корхона, муассаса, ташкилот (шу жумладан ўқув ва илмий муассаса)нинг ўз эҳтиёжларини қондириш учун тиражи юз нусхагача бўлган даврий босма нашрлари;

тарқатилиши бир корхона, муассаса, ташкилот (шу жумладан ўқув ва илмий муассаса)нинг биноси ва (ёки) ҳудуди билан чекланган кабель тармоқлар орқали узатиладиган теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, аудиовизуал хабарлар ва материаллар.


4. Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда ваколатли орган деб аталади) томонидан кўрсатилади.


5. Давлат хизматини кўрсатишда:

а) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги:

асосий қисми Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида, унинг ташқарисида, икки ёки ундан кўп вилоятлар (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри) ҳудудларида тарқатиш учун мўлжалланган даврий босма нашрларни;

Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссиянинг қарорига мувофиқ - теле-, радиодастурларни;

ахборот агентликларини;

маҳсулотлари Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар орқали электрон тарзда тарқатиладиган бошқа оммавий ахборот воситалари турларини давлат рўйхатидан ўтказади:

б) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот ва оммавий коммуникациялар ҳудудий бошқармалари асосий қисми битта вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри) ҳудудида тарқатиш учун мўлжалланган даврий босма нашрларни давлат рўйхатидан ўтказади.


6. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро ўзаро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.


7. Давлат хизмати кўрсатиш мазкур Регламентнинг 1-иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.



II БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


8. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.


9. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса мустақил тарзда ушбу Регламентнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон равишда тўлдиради.

Сўровномага оммавий ахборот воситаси (шу жумладан, Интернет жаҳон тармоғидаги веб-сайт) таҳририяти юридик шахс бўлмаган ҳолларда таҳририят тўғрисидаги низомнинг нусхаси ҳамда муассис иккита бўлган тақдирда таъсис шартномаси илова қилинади.

Ариза берувчи учинчи шахс бўлган тақдирда, тегишли тартибда берилган ишончноманинг электрон нусхаси сўровномага илова қилинади.


10. Ариза берувчи зарур маълумотларни расмийлаштиргандан ва сўровномага киритгандан сўнг уни ўз ЭРИ билан тасдиқлайди.

Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.


11. Давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.


12. Сўровномада нотўғри маълумотларнинг кўрсатилиши давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.


13. Ариза берувчилар давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади.


14. Ариза берувчи давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчининг имзоси билан тасдиқлангандан сўнг 10 дақиқа мобайнида ваколатли органга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.


15. Ваколатли орган 15 кун мобайнида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади ёки давлат рўйхатидан ўтказишни рад этади.


16. Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ҳолларда рад этилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатдан ўтказишни бошқа асосларга кўра рад этиш тақиқланади.


17. Давлат рўйхатидан ўтказишда ваколатли орган Давлат хизматлари марказларига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) давлат божи миқдори ва уни тўлаш муддатини кўрсатган ҳолда электрон тарзда хабарнома ҳамда оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қарорини юборади.


18. Ариза берувчи хабарнома ва оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарорни олган пайтдан бошлаб 3 иш куни мобайнида хабарномада белгиланган миқдорда, мазкур Регламентнинг 3-иловасига мувофиқ давлат божини тўлайди.

Давлат хизматини олиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда давлат божи суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Давлат хизмати учун давлат божи ундирилганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.


19. Давлат божи суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади.

а) Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этганда:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига;

80 фоизи - ваколатли органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига;

11,25 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУКнинг махсус ҳисоб рақамига;

қолган маблағлар - ваколатли органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

Оммавий ахборот воситалари қайта рўйхатдан ўтказилганлиги учун давлат рўйхатидан ўтказишда назарда тутилган давлат божи суммасининг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.


20. Тўлов амалга оширилганидан сўнг, ваколатли орган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган оммавий ахборот воситасининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномани 10 дақиқа мобайнида Давлат хизматлари марказига (ўзи мурожаат этганда) ёки ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этганда) ариза берувчига юборади.


21. Оммавий ахборот воситаларининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома муддатсиз берилади.


22. Оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган тақдирда, ваколатли орган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган рад этиш сабабларини, қонун ҳужжатларининг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда тегишли билдиришнома расмийлаштиради ҳамда уни тегишли давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон равишда юборади.

Давлат хизматлари маркази билдиришнома келиб тушган куни уни ариза берувчига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) унинг электрон манзилига юборади ва бу ҳақида ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.


23. Давлат хизматлари маркази белгиланган тўлов амалга оширилганидан сўнг гувоҳномани тизимдан автоматик равишда қоғоз шаклида чоп этиш имконияти мавжуд бўлади ва 10 дақиқа ичида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва бу ҳақида ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Бунда, давлат хизматлари маркази ариза берувчига ўзи келиб мурожаат қилганда унинг сўровига асосан гувоҳномани электрон кўринишда ёки қоғоз шаклида ариза берувчига беради.

Электрон тарзда мурожаат этган тақдирда, гувоҳнома ариза берувчига тўлов амалга оширилганидан сўнг ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилади.


24. Оммавий ахборот воситаларини қайта рўйхатдан ўтказиш оммавий ахборот воситаси таъсис ҳужжатларига, шунингдек муассис тўғрисидаги маълумотлар ва ҳужжатларга, тарқатиш ҳудудига, номига, тилига, турига, мақсад ва вазифаларига ҳамда оммавий ахборот воситаси ихтисослашувига ўзгартириш киритилганидан кейин бир ҳафта муддатда ариза берувчи давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали гувоҳномани қайта расмийлаштириш тўғрисида тегишли сўровномани тўлдириши керак.

Муассис ёки таҳририят оммавий ахборот воситасининг даврийлиги, ҳажми, таҳририят манзилига ўзгартириш киритган тақдирда, бир ой муддатда ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилишлари лозим.

Гувоҳномани қайта расмийлаштириш ваколатли орган томонидан ўн кун мобайнида ушбу Регламентга асосан амалга оширилади.




III БОБ. ДАВЛАТ РЕЕСТРИ


25. Ваколатли орган давлат реестрини юритади.

Давлат реестрида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

рўйхатга олинган оммавий ахборот воситасининг номи, тили, чиқа бошлаган даври, даврийлиги;

ариза берувчининг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, манзили, телефони;

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

гувоҳноманинг берилган санаси ва тартиб рақами;

оммавий ахборот воситаларининг ихтисослашуви тўғрисидаги маълумотлар;

гувоҳномани қайта расмийлаштириш, уни тўхтатиб туриш ва амал қилишини тиклашнинг асослари ва санаси.


26. Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги очиқ маълумотлар ваколатли органнинг расмий веб-сайтида юридик шахслар ва фуқароларнинг танишиши учун жойлаштирилади.



IV БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


27. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган махфий маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.


28. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан доимий назоратни ва мониторингни амалга оширади.


29. Ариза берувчилар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.


30. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА



Оммавий ахборот воситаларини

давлат рўйхатидан ўтказиш

СХЕМАСИ

  

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддатлари

1-босқич


Ариза берувчи


Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилиш.

ЯИДХПда рўйхатдан ўтиш.


1. Хоҳишига кўра


2. Мурожаат қилинганда




2-босқич


1. Давлат хизматлари маркази


2. ЯИДХП


Сўровномани ваколатли органга юбориш.


1. 10 дақиқа мобайнида


2. Автоматик тарзда




3-босқич


Ваколатли орган


1. Ариза берувчига давлат рўйхатидан ўтказиш ёки рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиш.


2. Ваколатли орган Давлат хизмати марказларига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи миқдори ва уни тўлаш муддатини кўрсатган ҳолда электрон тарзда хабарномани юбориш.


1. 15 кун мобайнида



2. 3 иш куни мобайнида




4-босқич


Давлат хизматлари

маркази


Хабарномани ариза берувчининг электрон манзилига юбориш ва бу ҳақида ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилиш.


Қарор қабул қилингандан сўнг




5-босқич


Ариза берувчи


Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорида давлат божи тўловини амалга ошириш.


3 иш куни мобайнида




6-босқич


Ваколатли орган


Давлат божи тўланганидан сўнг гувоҳномани ваколатли орган, Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юбориш.


10 дақиқа мобайнида




7-босқич


Давлат хизматлари

маркази


Давлат хизматлари маркази гувоҳномани ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва бу ҳақида ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.


Гувоҳнома тушган куни








Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА



(сана)

(рақам)

Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш

бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА

  

I. Ариза берувчи (Муассис) - жисмоний шахс тўғрисида маълумот:

 

1. Ф. И. О.:


2. Паспорт маълумотлари (серия ва рақам):


3. СТИР:


4. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР) (мавжуд бўлганда):


5. яшаш манзили:


6. телефон рақами:


7. электрон почта манзили (мавжуд бўлса):


8. Мурожаатнинг мақсади:


q Янги гувоҳнома олиш

q Гувоҳномани қайта расмийлаштириш

8. Ариза берувчи учинчи шахс бўлган тақдирда, унинг Ф. И. О., паспорт маълумотлари ва тегишли тартибда берилган ишончнома мавжудлиги:


II. Ариза берувчи (Муассис) - юридик шахс тўғрисида маълумот:

 

1. Юридик шахснинг номи:


2. Юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли:


3. СТИР:


4. фаолиятини амалга ошириш жойи:


5. почта манзили:


6. электрон почта манзили (мавжуд бўлса):


7. телефон рақами:


8. оммавий ахборот воситаси тури:


9. Мурожаатнинг мақсади:

q Янги гувоҳномани олиш

q Гувоҳномани қайта расмийлаштириш

III. Оммавий ахборот воситаси тўғрисида маълумот:


1. Оммавий ахборот воситасининг номи, тили ва тури:


2.Тарқатиш шакли:


3. Муассис(муассислар)и:


4. Ихтисослашуви:


5. Мақсад ва вазифалари:


6. Тарқатилиш ҳудуди (веб-сайт оммавий ахборот воситасига татбиқ этилмайди):


7. Даврийлиги:


8. Таҳририятнинг жойлашган жойи (почта манзили) ва таҳририят тўғрисидаги бошқа маълумотлар:


9. Ҳажми (веб-сайт оммавий ахборот воситасига татбиқ этилмайди):


10. Муассис ва таҳририят бошқа қайси оммавий ахборот воситаларига нисбатан муассис, ишончли бошқарувчи, ношир, тарқатувчи эканлиги ҳақидаги (барча аффилланган шахсларнинг ва улардан ҳар бирининг таҳририят устав фондидаги улуши миқдорлари кўрсатилган) маълумотлар:


11. Веб-сайтнинг домен номи (веб-сайт оммавий ахборот воситаси учун):


12. Ариза берувчи учинчи шахс бўлган тақдирда, унинг Ф.И.О., паспорт маълумотлари ва тегишли тартибда берилган ишончнома мавжудлиги:


Ариза берувчининг имзоси






Маъмурий регламентга

3-ИЛОВА



Оммавий ахборот воситалари давлат рўйхатидан

ўтказилганлиги учун давлат божи ставкалари

 

Оммавий ахборот воситаси тури

Давлат божи

миқдори

Даврий босма нашрлар (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар ва бошқалар)

12,5 баравар базавий

ҳисоблаш миқдорида

Теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, ахборот агентликлари

15 баравар базавий

ҳисоблаш миқдорида

Маҳсулотлари Интернет глобал тармоғи орқали тарқатиладиган оммавий ахборот воситалари (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар)

50 фоизи базавий

ҳисоблаш миқдорида

Асосан болалар, ўсмирлар, ногиронлар учун мўлжалланган, шунингдек таълим ва маданий-маърифий йўналишдаги оммавий ахборот воситалари (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар)

2,5 баравар базавий

ҳисоблаш миқдорида

Реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари (рекламага ихтисослашган газеталар, журналлар, буклетлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар)

25 баравар базавий

ҳисоблаш миқдорида

Оммавий ахборот воситаларининг бошқа турлари (электрон тарзда тарқатиладиган оммавий ахборот воситалари маҳсулотлари ва бошқалар)

12,5 баравар базавий

ҳисоблаш миқдорида

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 20 декабрь