язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Архив фонди. Архивлар/ Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги ҳузуридаги Архив ишини ривожлантириш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.03.2020 й. 174-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 19 мартдаги

174-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги

ҳузуридаги Архив ишини ривожлантириш

жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги ҳузуридаги Архив ишини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида очилган Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ва ушбу Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.


3. Жамғарма фаолияти ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ ташкил этилади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


4. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалардан шакллантирилади:

Ўзбекистон Миллий архиви, Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви, Қорақолпоғистон Республикаси марказий давлат архиви, Тошкент шаҳар марказий давлат архиви, вилоят, шаҳар, туман давлат архивлари ва уларнинг филиалларининг (шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивларидан ташқари) пулли хизмат кўрсатишдан олинган даромадининг 20 фоизи миқдоридаги йиллик мажбурий ажратмалар;

Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги ҳузуридаги Архив иши ва иш юритиш бўйича малака ошириш илмий-методик марказининг (кейинги ўринларда - Марказ) пулли хизмат кўрсатишдан олинган даромадининг 30 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

Жамғарма маблағларини тижорат банклари депозитларига қўйишдан олинган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хомийлик хайриялари;

халқаро ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Жамғармага мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ташкилотлар ҳамда Марказнинг пулли хизмат кўрсатишдан олинган даромадининг мажбурий ажратмалари ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 25 санасидан кечиктирмай туширилиши шарт.


6. Жамғармага давлат архивларининг пулли хизмат кўрсатишдан олинган даромадининг мажбурий ажратмалари ҳажмининг тўғри белгиланиши ҳамда белгиланган муддатда ўтказилиши юзасидан масъулият Қорақолпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, Ўзбекистон Миллий архиви, Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви, Қорақолпоғистон Республикаси марказий давлат архиви, Тошкент шаҳар марказий давлат архиви, вилоят, шаҳар, туман давлат архивлари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари зиммасига юкланади.


7. Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағлари Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг депозит ҳисобварақларига жойлаштирилиши мумкин.


8. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари кейинги йилга ўтади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


9. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

а) давлат архивларининг бинолари ва сақловхоналарида қурилиш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини (лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш харажатларини инобатга олган ҳолда) амалга оширишга, уларнинг моддий ҳолатини яхшилаш, шу жумладан зарур замонавий ускуналар, мебель, инвентарлар билан жиҳозлаш, кузатув, назорат, ёнғин хавфсизлиги ва идентификация тизимлари, воситалари ва қурилмалари билан таъминлаш ва бошқа товар-моддий қимматликлар харид қилиш;

б) ахборот-коммуникация, мультимедиа ва тармоқ қурилмалари, техникалари, воситалари ҳамда дастурий таъминотларни харид қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш, ахборот-таълим ресурсларини ишлаб чиқиш, иш жараёнини автоматлаштиришга хизмат қилувчи тизимларни яратиш, Агентлик, ҳудудий бошқармалар ва давлат архивлари ўртасида электрон ахборот алмашинувини ташкил этиш, интерактив ресурслар ва маълумотлар базасини шакллантириш, уларни ишчи ҳолатда сақлаш ва хизмат кўрсатиш;

в) хорижий давлатлардан Ўзбекистон тарихига оид архив ҳужжатлари ёки уларнинг нусхаларини қайтариш;

г) жисмоний ва юридик шахслардан архив ҳужжатларини сотиб олиш;

д) Агентлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар делегацияларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш, шу жумладан:

Агентлик харажатларини, шунингдек, конференциялар, симпозиумлар, семинарлар, тренинглар ва давра суҳбатларини ўтказиш харажатларини қоплаш, сувенирлар, маҳсулотлар, буклетлар ва ахборот-маърифий материалларни харид қилиш;

республикада ва хорижий мамлакатларда ўтказиладиган конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш ва уларни ўтказиш;

хорижий меҳмонларнинг ташрифи билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

е) Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш, мукофотлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, ўқитиш ва малакасини ошириш;

ж) Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

з) Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлари ходимларини хорижий давлатларнинг архив, илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида ўқитиш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш, тажриба алмашиш;

и) Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлари ходимларига мамлакатда ва хориждаги режадан ташқари хизмат сафарлари харажатларини қоплаш учун тўлаб бериш;

к) қонунчиликда тақиқланмаган Агентлик фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилган бошқа тадбирлар.


10. Жамғарма маблағлари Агентлик марказий аппаратининг қуйидаги харажатларига йўналтирилиши мумкин:

Агентликнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан ахборот-коммуникация жиҳозлари, мебель, инвентарлар ва транспорт воситаларини харид қилиш, реконструкция, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари билан боғлиқ харажатлар;

ходимларнинг лавозим маошига ҳар ойлик устамалар, мукофотлар бериш ва ижтимоий муҳофаза қилиш (йўлкира ва овқатланиш харажатлари учун қўшимча ҳақлар кўринишида) харажатларини амалга ошириш.

Агентлик марказий аппарати ходимларининг лавозим маошига ҳар ойлик устамалар, мукофотлар, уларга моддий ёрдам бериш ва уларни ижтимоий муҳофаза қилиш Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги ва унинг таркибига кирувчи архив иши ҳудудий бошқармалари ходимларини моддий рағбатлантириш тартибига асосан амалга оширилади.


11. Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатлар Агентликнинг ҳудудий бошқармалари, Ўзбекистон миллий архивлари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлари томонидан ушбу харажатларни асословчи тегишли ҳужжатлар билан бирга Агентликка тақдим этилади.

Ҳужжатларнинг асосланганлиги ва сифати, келтирилган маълумотларнинг тўғрилиги юзасидан ҳудудий бошқарма бошлиқлари, Ўзбекистон миллий архивлари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлари раҳбарлари жавобгардир.


12. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш унинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.

Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади, Агентлик директори томонидан тасдиқланади ва рўйхатдан ўтказилади.


13. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар фақат Агентлик директори ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, Ўзбекистон миллий архивлари директорлари, Марказ директорининг асосли ёзма мурожаати асосида Жамғармани бошқариш Кенгаши розилиги билан амалга киритилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


14. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш учун Жамғармани бошқариш Кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш) ташкил этилади.

Кенгаш Агентлик, ҳудудий бошқармалар ва давлат архивларининг 21 - 23 нафар раҳбар ва масъул ходимларидан иборат таркибда шакллантирилади. Кенгашнинг шахсий таркиби, қоидага кўра, бир йилда бир марта Агентлик директори томонидан тасдиқланади.

Кенгаш аъзолари Кенгаш таркибида ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.

Кенгаш иштирок этишнинг ихтиёрийлиги ва Кенгаш ваколатига тегишли масалаларни ҳал этишда унинг барча аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги тамойиллари асосида шакллантирилади.

Кенгаш, қоидага кўра, Кенгаш раиси, раис ўринбосари, котиб ва аъзоларидан иборат таркибда шакллантирилади.

Агентлик директори лавозимига кўра Кенгаш раиси ҳисобланади.


15. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳисобот йили якуни бўйича Жамғарма маблағларининг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш.


16. Кенгаш аъзоларининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этиш;

архив иши ва иш юритиш тизимини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича Кенгашга таклифлар киритиш;

Кенгаш томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича овоз бериш.

Кенгаш аъзолари мажлисда шахсан қатнашади. Қатнашишнинг имкони бўлмаган тақдирда, Кенгаш аъзоси мажлиснинг кун тартиби бўйича ўз фикрини ёзма равишда тақдим этишга ҳақлидир.


17. Кенгаш раиси:

Кенгаш мажлиси кун тартибини белгилайди ва уни чақиради;

Кенгаш қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;

Кенгаш аъзоларига юкланган вазифалар бажарилиши юзасидан уларнинг ишини мувофиқлаштиради;

Кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш учун бошқа ваколатларни амалга оширади.


18. Кенгаш котиби:

Кенгаш мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

мажлисни ўтказиш муддатлари ва жойини Кенгаш раиси билан келишади;

кун тартиби масалалари бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

Кенгаш аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг санаси, вақти, жойи ва кун тартиби лойиҳасидан хабардор қилади;

Кенгаш қарорлари бажарилиши мониторингини юритади;

Кенгаш баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.

Кенгаш котиби Кенгаш аъзоси ҳисобланади.


19. Кенгаш ўз мажлисларини заруратга кўра, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўтказади.


20. Кенгаш мажлисини Кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирда эса - Кенгаш раиси ўринбосари олиб боради.


21. Кенгаш мажлиси унда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда, ўтказилган ҳисобланади.


22. Мажлисни ўтказиш учун кворум ёхуд раис ёки унинг ўринбосари бўлмаганда, Кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади.


23. Кенгаш мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига кўра давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, давлат архивларининг ходимлари таклиф этилиши мумкин.


24. Кенгаш қарори Кенгашнинг мажлисда қатнашган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини, шунингдек, Кенгаш маблағларидан фойдаланилишини тасдиқлаш масалалари бўйича қарор Кенгашнинг мажлисда қатнашган аъзолари учдан икки қисмининг овози билан қабул қилинади.

Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ҳамда директор буйруғи асосида амалга оширилади.


25. Агентликнинг бухгалтерия бўлими Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.

Жамғарма ҳисобидан унинг фаолиятини юритиш учун икки нафар бош мутахассис лавозими штат бирлигини сақлашга рухсат этилади.


26. Ишчи орган:

Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини ишлаб чиқади;

даромадлар ва харажатлар сметаларини тайёрлайди, шунингдек, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади;

Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

ҳудудий бошқарма бошлиқлари ва Ўзбекистон миллий архивлари, Архив иши ва иш юритиш маркази раҳбарларининг Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатларини умумлаштиради ва Кенгашга кўриб чиқиш учун материаллар тайёрлайди;

Жамғарманинг тушумлар манбалари бўйича даромадлари ҳамда асосий харажатлари йўналишлари бўйича ҳисобини юритади;

ҳар чорак якуни бўйича Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ҳамда Кенгашга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади.


27. Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда жорий хизмат кўрсатиш ишлари Агентликнинг бухгалтерия бўлими томонидан амалга оширилади.



5-БОБ. ҲИСОБ, ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


28. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар Агентликнинг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида юритилади.


29. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот Кенгаш томонидан кўриб чиқилади ҳамда ҳар йили Агентлик ҳайъати йиғилишида 15 апрелгача тасдиқланади.


30. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш бўйича тузилган шартномалар рўйхатлари Агентликнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.


31. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат молиявий назорати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ҳамда Агентлик буйруғи билан ташкил этилган тегишли ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


32. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


33. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги

ҳузуридаги Архив ишини ривожлантириш

жамғармаси фаолиятини ташкил этиш

СХЕМАСИ


Босқич

Масъуллар


Чора-тадбирлар


Бажариш муддатлари



I босқич

Давлат архивлари, Архив иши ва иш юритиш маркази


Давлат архивлари, Архив иши ва иш юритиш маркази томонидан пулли хизмат кўрсатишдан олинган даромадларидан мажбурий ажратмалар тўланади.


ҳар чоракда,

кейинги ойнинг

25 санасигача









II босқич

Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги


Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш учун жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Жамғармани бошқариш Кенгаши тузилади ва унинг шахсий таркиби тасдиқланади.


ҳар йили









III босқич

Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги, Молия вазирлиги



Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилиб тасдиқланади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.


Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексида белгиланган муддатларда









IV босқич

Жамғармани бошқариш Кенгаши



1. Жамғармадан маблағ ажратиш масалалари Жамғармани бошқариш Кенгаши мажлисида муҳокама этилади, маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинади.


2. Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги директори буйруғи асосида амалга оширилади.



заруратга кўра (ҳар чоракда камида бир марта)



  


V босқич

Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги



Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот Жамғармани бошқариш Кенгаши томонидан кўриб чиқилади ҳамда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги Ҳайъати йиғилишида тасдиқланади.



ҳар йили 15 апрелга қадар





Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 20 март