язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Архив фонди. Архивлар/ Архив иши ва иш юритиш ҳолати бўйича давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.03.2020 й. 174-сон қарорига 3-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 19 мартдаги

174-сон қарорига

3-ИЛОВА



Архив иши ва иш юритиш ҳолати бўйича давлат

назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат бошқа ташкилотларида (кейинги ўринларда - давлат ташкилотлари) архив иши ва иш юритиш ҳолати бўйича давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомнинг қоидалари тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) давлат ташкилотларида архив иши ва иш юритиш ҳолати бўйича давлат назоратини (кейинги ўринларда - давлат назорати) амалга ошириш учун масъул ҳисобланади.


4. Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар миқёсидаги давлат ташкилотларида давлат назорати тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармалар) томонидан тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Архив иши ва иш юритиш ҳолати бўйича меъёрлар ва қоидаларнинг барча бузилишлари тўғрисида давлат назоратини амалга оширувчи органлар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини хабардор қилади, шунингдек, кўрсатиб ўтилган бузилишларнинг олдини олиш бўйича уларнинг таклифларини ҳисобга олади.

Давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилади.


5. Агентликнинг давлат назоратини амалга ошириш соҳасидаги асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

архив иши ва иш юритиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйиш;

давлат ташкилотларида архив иши ва иш юритиш ҳолати бўйича давлат назоратини амалга ошириш ҳамда мазкур соҳадаги фаолиятни мувофиқлаштириш;

архив иши ва иш юритиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси назоратини, архивларга ҳужжатларни топширишнинг белгиланган тартибига ва уларни сақлаш режимига риоя этилишини таъминлаш;

идоравий сақлов ва архив сақлови босқичида архив фондлари ва архив ҳужжатлари сақловини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, архив ҳужжатларини сақлаш муддати тугамасдан туриб ноқонуний йўқ қилинишининг олдини олиш;

ахборот ташувчиларнинг туридан қатъи назар, архив ҳужжатлари ва ҳужжат айланиши билан ишлашни ташкил этиш, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида ҳужжатларни тайёрлаш, рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва ижросини назорат қилиш, уларни жорий сақлашни ташкил этиш бўйича услубий ҳужжат ишлаб чиқиш ва тарқатиш;

давлат ташкилотларининг ҳудудий бошқармаларида иш юритишни таъминлаш ҳолати бўйича ташкилий-услубий раҳбарликни ва назоратни амалга ошириш;

архив иши ва иш юритишнинг самарадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар тўғрисида давлат ташкилотларини хабардор қилиш ва улар томонидан архив иши ва иш юритиш билан боғлиқ мажбуриятларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

тизимли асосда архив иши ва иш юритиш соҳасида ҳуқуқий саводхонликни ва қонунчиликни қўллаш маданиятини ошириш, ушбу соҳадаги қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ахборот-тушунтириш ва маърифий-тарбиявий ишларни амалга ошириш.


6. Қуйидагилар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат назоратини амалга ошириш соҳасидаги асосий вазифалари ҳисобланади:

тегишли ҳудудларда жойлашган архив ва идоравий архивлардаги Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатларининг ҳолати бўйича давлат назоратини амалга ошириш;

идоравий сақлов ва архив сақлови босқичида архив ҳужжатларининг сақланишини, шунингдек, давлат ташкилотларнинг архив ҳужжатларини ноқонуний йўқ қилишга йўл қўйилмаслигини таъминлашни такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга оширишга кўмаклашиш.


7. Давлат ташкилотларида, уларнинг идоравий архивларида ҳамда давлат архивларида сақланаётган архив ҳужжатлари давлат назоратининг объектлари ҳисобланади.


8. Давлат назоратининг шакллари қуйидагилардан иборат:

давлат ташкилотлари томонидан архив иши ва иш юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига амал қилинишини, давлат дастурлари ва соҳага оид бошқа дастурлар бажарилишини текшириш;

объектда архив ҳужжатларини сақлаш ҳолатини кўрикдан ўтказиш ва уларни қайд этиш;

сўровномалар йўллаш, зарур бўлган ахборот, ҳужжат ва материалларни олиш ва таҳлил қилиш;

архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича ҳужжат ва материалларни тафтиш қилиш.


9. Агентлик ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслари ўз ваколатларини амалга оширишда фуқароларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, давлат ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ва бошқа ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ошкор этмасликлари шарт.


10. Давлат ташкилотлари Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларига иш учун зарур бўлган шарт-шароитлар яратади, тегишли ҳужжатларни тақдим этади ҳамда Агентлик ваколатига кирувчи масалалар юзасидан тушунтиришлар беради.



2-БОБ. ДАВЛАТ НАЗОРАТИНИ АМАЛГА

ОШИРУВЧИ ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА

УЛАРНИНГ МАНСАБДОР ШАХСЛАРИ


11. Давлат назорати Агентликнинг мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.

Агентлик номидан:

"Ўзархив" агентлигининг Архив иши ва иш юритиш бўйича давлат назорати бўлими бошлиғи;

"Ўзархив" агентлиги Архив иши ва иш юритиш бўйича давлат назорати бўлими бош мутахассиси;

ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ва бош мутахассислари Архив иши ва иш юритиш ҳолати бўйича давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар ҳисобланади.


12. Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар:

давлат ташкилотларидан архив иши ва иш юритишга оид зарур маълумот, ахборот, тушунтириш ва ҳужжатларни сўраш ҳамда бепул олиш;

давлат назоратини амалга ошириш давомида зарур ҳужжатларни ўрганиш, архив сақловхоналарини фото, видеотасвирга тушириш;

архив ҳужжатларига зарар етказган, қонун ҳужжатларини бузган ва бошқа шахслардан ёзма равишда тушунтириш олиш;

давлат ташкилотларининг бино ва иншоотларига архив иши ва иш юритиш соҳасидаги фаолияти бўйича давлат назоратини амалга ошириш учун мазкур бино ва иншоотларда бўлиш қоидаларига риоя қилган ҳолда кириш ва кўздан кечириш;

архив иши ва иш юритиш қонун ҳужжатларининг бузилиш сабаблари ҳамда архив ҳужжатларининг сақлов шароитларини аниқлаш;

архив иши ва иш юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлигини бартараф қилиш ҳақида давлат ташкилотларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

давлат назорати натижалари бўйича маълумотнома, далолатнома, хулоса, ҳисоботлар тузиш ва тасдиқлаш;

архив иши ва иш юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги материалларни тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юбориш;

қонун хужжатларида кўрсатилган бошқа ҳуқуқларга эга.


13. Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар:

давлат ташкилотларига давлат назоратини ўтказиш тўғрисидаги назорат қилувчи орган раҳбарининг буйруғи нусхаси, хизмат гувоҳномасини кўрсатишга;

давлат ташкилоти фаолиятига тўсқинлик қилмасликка;

давлат сири, тижорат ёки бошқа сирлар сақланишини таъминлашга;

давлат назорати натижасини далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштиришга, унинг бир нусхаси давлат назорати тамом бўлган кунда давлат назоратидан ўтган давлат ташкилотига тақдим этишга;

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланганда унга таъсир кўрсатишнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларини кўришга мажбур.



3-БОБ. АРХИВ ИШИ ВА ИШ ЮРИТИШ

ҲОЛАТИ БЎЙИЧА ДАВЛАТ НАЗОРАТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Давлат назорати ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ қуйидаги тартибда ўтказилади:

республика аҳамиятига молик давлат ташкилотларида, шунингдек, Ўзбекистон миллий архивларида - Агентликнинг тегишли мансабдор шахслари (республика даражасида);

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат бошқаруви органларининг тегишли ҳудудий бошқармалари ва вилоят аҳамиятига молик давлат ташкилотлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар марказий давлат архиви ва вилоят давлат архивларида - тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорликда ҳудудий бошқармаларнинг мансабдор шахслари (ҳудудий даражада);

туман ва шаҳар аҳамиятига молик давлат ташкилотлари, шунингдек шаҳар ва туманлар давлат архивларида - тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорликда ҳудудий бошқармаларнинг мансабдор шахслари (туман (шаҳар) даражасида).


15. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорликда давлат ташкилотлари фаолиятида архив иши ва иш юритиш соҳасидаги қонун бузилишларининг профилактикаси ва олдини олиш мақсадида режали тартибда ишчи ва ўқув семинарларда ахборот-тушунтириш ишлари амалга оширилади.


16. Давлат назорати календарь йил учун 15 январдан кечиктирмасдан, йилнинг бошида тасдиқланадиган давлат назорати режасига мувофиқ икки йилда камида бир марта амалга оширилади.

Давлат назорати режаси:

республика даражасидаги режа - Агентлик директори томонидан тасдиқланади;

вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги режа - тегишли ҳудудий бошқармалар бошлиқлари томонидан тасдиқланади;

барча даражадаги давлат назорати режаларини ўз ичига олган давлат назоратининг умумий режаси тасдиқлангандан сўнг бир ҳафта муддатда Агентлик веб-сайтининг тегишли бўлимида жойлаштирилади.


17. Давлат назоратини амалга ошириш режалаштирилган давлат ташкилотига расмий (ёзма) билдиришнома унинг олганлигини тасдиқлашни сўраган ҳолда:

ушбу давлат ташкилотини давлат назорати режасига киритиш тўғрисида жорий йил учун режа тасдиқланганидан кейин - бир ҳафта ичида, бироқ ташкилотда давлат назорати ўтказилишидан ўн кун олдин;

давлат назоратини ўтказиш бўйича - давлат назорати ўтказилишидан бир ҳафта олдин юборилади.

Давлат ташкилоти ўз вақтида хабардор қилинмаган тақдирда, режага мувофиқ ташкилотда давлат назоратини ўтказиш муддати ушбу ташкилотни бевосита хабардор қилиш орқали кейинги ойга қолдирилади.


18. Давлат назорати ўн беш кундан кўп бўлмаган муддат давомида амалга оширилади.


19. Давлат назорати натижалари бўйича архив иши ва иш юритиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг бажарилиш ҳолати ва аниқланган қонун бузилиши тўғрисида давлат ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан далолатнома (маълумотнома) тузилади.

Хулосага асосан Агентлик томонидан давлат ташкилотларига ва (ёки) уларнинг юқори турувчи ташкилотларига архив иши ва иш юритиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиши, уларни юзага келтириб чиқараётган шарт-шароитларни бартараф этиш, илмий-тарихий ва амалий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларнинг йўқолиши ёки ноқонуний йўқ қилинишининг олдини олиш бўйича ташкилотларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш тўғрисидаги таклифлар билан тақдимнома киритилади.

Архив ҳужжатларини топшириш, сақлаш ва улардан фойдаланишнинг, шунингдек, архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизмат кўрсатишнинг белгиланган тартибини бузганлик ҳолатлари аниқланганда, Агентлик органларининг мансабдор шахслари ўз ваколатлари доирасида мазкур ҳолатлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларни тузади ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда суд ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборади.


20. Республика даражасидаги давлат назоратини ташкил этишда Ўзбекистон миллий архивларининг тажрибали ходимлари жалб этилади.

Ҳудудий ва туман (шаҳар) даражаларидаги давлат назоратини самарали ташкил этиш учун вилоят, шаҳар ва туман давлат архивларининг тажрибали ходимлари жалб этилган ҳолда ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.


21. Ҳудудий комиссиялар қуйидаги таркибда тузилади:

тегишли ҳудудий бошқарманинг бош мутахассиси;

Қорақалпоғистон Республикаси марказий давлат архиви, Тошкент шаҳар марказий давлат архиви ва тегишли вилоятлар давлат архивлари ходимлари;

тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари вакили.


22. Архивларда (Ўзбекистон Миллий архиви, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви, Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳар марказий давлат архивлари, вилоятлар давлат архивлари) давлат назоратини ўтказишда текширилаётган архив асосий иш жойи бўлган архив ходимини, шунингдек, ўриндошлик асосида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи архив ходимлари комиссия таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.


23. Ҳудудий комиссия ўз фаолиятида Агентликка ҳисобдордир.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. Назорат қилувчи орган мансабдор шахсларининг ҳатти-ҳаракатлари ва қарорлари юзасидан бевосита судга ёки бўйсуниш тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиниши мумкин.


25. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


26. Ушбу Низом талабларини бузган айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА



Архив иши ва иш юритиш ҳолати бўйича

давлат назоратини амалга ошириш

СХЕМАСИ

       

Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва республика даражасидаги бошқа ташкилотлар


Ўзбекистон миллий архивлари

"Ўзархив"

агентлиги

>

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Давлат бошқаруви органларининг тегишли ҳудудий бўлинмалари ва вилоят даражасидаги бошқа ташкилотлар


Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳар марказий давлат архивлари, вилоят давлат архивлари


>

Ҳудудий комиссия


(вилоят, шаҳар ва туман давлат архивларининг тажрибали ходимлари жалб этилган ҳолда тузилади)

Шаҳар ва туман даражасидаги ташкилотлар


Шаҳар ва туман давлат архивлари

>

Туман (шаҳар)

ҳокимликлари

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 20 март