ЎзР Конунчилиги
ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Сейсмология/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.07.2020 й. ПҚ-4794-сон "Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҚарориПолный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
30.07.2020 й.
N ПҚ-4794
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
АҲОЛИСИ ВА ҲУДУДИНИНГ СЕЙСМИК
ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ТИЗИМИНИ
ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ
ТЎҒРИСИДА
Сўнгги йилларда аҳоли ва ҳудудларни сейсмик хавфдан ҳимоя қилиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди, сейсмология ва сейсмик чидамли қурилиш соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини жаҳон талаблари даражасида ўтказиш учун шарт-шароитлар яратилди, ер қобиғининг кучланган-деформацияланган ҳолатини кузатувчи, сейсмик хавфни баҳолашда ва зилзилалар даракчиларини қайд қилишда фойдаланиладиган станциялар тармоғининг моддий-техника базаси мустаҳкамланди.
Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудуди сейсмик фаол зоналарда жойлашганлиги сабабли сейсмик хавфнинг олдини олиш, аҳоли ва ҳудудларни сейсмик хавфдан ҳимоя қилиш, бу борада кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек соҳада аниқ мақсадга йўналтирилган дастурларни ва илмий тадқиқотларни доимий амалга ошириб бориш зарурати мавжуд.
Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини жаҳон стандартлари асосида ривожлантириш мақсадида ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили"да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикасида сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизимини такомиллаштириш дастури (кейинги ўринларда - Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қуйидагилар сейсмик хавфсизликни таъминлашнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
аҳолининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
сейсмик хавф даражасини камайтириш чораларини кўриш;
фойдаланишда бўлган ва фойдаланишга топшириладиган бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини назорат қилиш;
республика ҳудудида жойлашган сув омборлари ва гидротехника иншоотларининг сейсмик мустаҳкамлигини назорат қилиш;
сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;
сейсмик хавфсизлик ва мустаҳкамликни таъминлашнинг замонавий услуб ва техник воситаларини амалиётга жорий этиш;
сейсмик хавфсизлик ва мустаҳкамликни таъминлашнинг илмий асослари ва технологияларини такомиллаштириш.
2. Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига (кейинги ўринларда - Кенгаш) Дастурда белгиланган чора-тадбирларнинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш вазифаси юклансин.
3. Қуйидагилар сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси - сейсмик хавфни турли миқёсда баҳолаш, ҳудудларни сейсмик районлаштириш, зилзилаларни муддатлар кесимида прогноз қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш, турли сейсмик хавфнинг инженер-геологик асосларини ва баҳолаш технологияларини яратиш учун масъул бўлган давлат илмий муассасаси;
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги - республика ҳудудида қурилаётган объектлардаги лойиҳалар ва қурилиш сифатини сейсмик хавфсизлик бўйича меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш ва назорат қилиш, шаҳарлардаги мавжуд биноларнинг сейсмик мустаҳкамлигини таъминлаш, иншоотларнинг сейсмик хавфини камайтириш бўйича зарур тадбирлар ишлаб чиқиш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи;
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги - республика ва трансчегаравий ҳудудларда, шунингдек табиий ва техноген хавфли ҳудудларда ҳамда муҳим объектларда сейсмик хавфсизлик бўйича мониторингни ташкил этиш, кучли ва талафотли зилзилалар содир бўлиши хавфи мавжуд бўлганида уларнинг оқибатларини бартараф этиш учун зарур чораларни кўришга масъул бўлган давлат бошқаруви органи этиб белгилансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида юридик шахс тузмаган ҳолда Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасини (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Қуйидагилар:
а) Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:
жорий йилда республика бюджетидан амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурлари учун ажратилган грант маблағлари ҳисобидан 20 млрд сўмгача бўлган маблағлар, келгуси йилларда эса эҳтиёжга қараб, Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоб-китобларига асосан ажратиладиган маблағлар;
хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари;
Жамғарманинг бўш маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар;
б) сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида Жамғарма маблағлари сарфланадиган йўналишлар этиб белгилансин:
илмий тадқиқотларга кўмаклашиш, тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш учун грантлар ажратиш;
кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга ошириш, шунингдек конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни, шу жумладан хорижий мамлакатларда ташкил қилиш ва уларда иштирок этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;
илмий лабораторияларни зарур асбоб-ускуналар, ҳисоблаш техника воситалари ҳамда бутловчи материаллар билан таъминлаш ва уларни ўрнатиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;
республика аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасига рақамлаштирилган технологияларни жорий этиш, сейсмик чидамли қурилиш бўйича миллий дастурларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ бўлган харажатларни молиялаштириш;
сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш учун масъул давлат органлари ва ташкилотларининг соҳага оид фаолият йўналиши бўйича моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
республиканинг сейсмик фаол ҳудудида жойлашган мавжуд бино ва иншоотларнинг электрон техник паспортларини шакллантириш жараёни билан боғлиқ бўлган харажатларни молиялаштириш;
юксак илмий натижаларга эришган ва фан ривожига муносиб ҳисса қўшган олимларни, шу жумладан ёш илмий ходимларни қўллаб-қувватлаш.
сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида илмий тадқиқотларни ва кузатувларни олиб бораётган ташкилот ходимларини моддий рағбатлантириш;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Жамғарма маблағларини тасарруф этувчиси ҳисобланади.
6. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:
Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетини (кейинги ўринларда - Турин политехника университети) "Муҳандислик сейсмологияси" таълим йўналиши ва мутахассислиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини "Сейсмология ва сейсмометрия" таълим йўналиши ва мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш юзасидан базавий олий таълим муассасалари этиб белгилаш;
мазкур таълим муассасаларида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тегишлилигига қараб "Муҳандислик сейсмологияси" ва "Сейсмология ва сейсмометрия" таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича бакалавриат ҳамда магистратура босқичларида ўқув жараёнларини йўлга қўйиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.
7. Турин политехника университети қошида Бино ва иншоотларни экспериментал тадқиқ қилиш илмий-техник лабораторияси (кейинги ўринларда - Лаборатория) ташкил этилсин ва Лаборатория томонидан ўтказиладиган тадқиқот синовларининг асосий йўналишлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилаб қўйилсинки:
Лаборатория Турин политехника университетининг Технопарки биносида ташкил этилади;
Лабораторияни ташкил этиш ва айрим асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича ишлар Жамғарма маблағлари, халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг техник кўмак маблағлари (грантлари) ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан молиялаштирилади;
Лаборатория штат бирликлари Турин политехника университетининг профессор-ўқитувчилари, докторантура изланувчилари ҳамда "Қурилиш материаллари ва конструкциялари" лабораторияси ходимларини мақбуллаштириш ҳисобидан жамланади;
бино ва иншоотларнинг сейсмик чидамли қурилиши бўйича тадқиқотлар олиб бориш, сейсмик хавфни баҳолаш ва камайтириш учун масъул давлат илмий-тадқиқот муассасалари Лабораториядан беғараз фойдаланадилар.
8. Белгилансинки:
а) қуйидагилар:
2021 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг сейсмик фаол ҳудудида жойлашган мавжуд бино ва иншоотлар, шунингдек кўп қаватли турар жойларнинг сейсмик заифлигини баҳолаш учун зарур бўлган маълумотларни назарда тутувчи электрон техник паспортларни шакллантириш;
2021 йил 1 майдан бошлаб янги қурилиши режалаштирилаётган кўп қаватли бино ва иншоотларнинг конструктив тизими, қурилиш майдонининг сейсмик даражаси, юк кўтарувчи конструкциялар материалларининг мустаҳкамлик кўрсаткичларини назарда тутувчи электрон техник паспортларни шакллантириш амалиёти йўлга қўйилади;
б) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Фанлар академияси билан биргаликда мазкур амалиёт жорий этилиши учун масъул бўлган ташкилотлар ҳисобланади;
в) шакллантирилган электрон техник паспортлардан сейсмик хавф прогнози мавжуд бўлган ҳолларда бинолар ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ўрганиш, содир бўлиши кутилаётган зилзилага тайёргарлик кўриш ва унинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида фойдаланилади.
9. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Қурилиш вазирлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда:
а) 2020 йил 1 декабрга қадар бино ва иншоотларни электрон техник паспортлаштириш услубиётини ишлаб чиқсин;
б) 2021 йил 1 декабрга қадар:
минтақавий даражадаги сейсмик хавфни баҳолашнинг илмий-услубий асосларини, шунингдек Ўзбекистон ҳудудининг майда масштабли сейсмик риск харитасини ишлаб чиқсин;
кучли зилзилаларни ўз вақтида прогноз қилиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда тегишли профилактик чора-тадбирларни самарали амалга ошириш мақсадида майда масштабли сейсмик риск харита базасида дастурий таъминотни яратсин ва аҳоли хабардорлигини доимий таъминлаб борсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:
а) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика марказининг сейсмик ва комплекс прогностик станциялари билан прогноз маълумотлар алмашинуви жараёнига автоматлаштирилган тизимни жорий этсин;
б) Фанлар академияси ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2020 йил якунига қадар Марказий Осиё ҳудудида сейсмик хавф-хатарни прогноз қилиш масаласи юзасидан қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
в) Фанлар академияси ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда:
2021 йил 1 апрелга қадар фуқаролар учун зилзила вақтида тегишли ҳаракат ва тадбирларни амалга ошириш бўйича услубий қўлланмани;
маҳаллий хомашёдан хусусий уйларни (индивидуал биноларни) қуришда элементар сейсмик мустаҳкамлик чораларини кўриш бўйича услубий қўлланмани ишлаб чиқсин ва аҳоли ўртасида кенг тарғибот тадбирларини амалга оширсин;
г) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар:
аҳолига содир бўлган зилзила бўйича тўлиқ маълумотлар етказилишини таъминловчи мобиль иловани яратсин;
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика марказининг расмий веб-сайти, маълумотлар базаси ва мобиль илова ўртасида тезкор маълумотлар алмашинуви интеграциясини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда:
2020 йил 1 ноябрга қадар барча сув омборлари ва гидротехника иншоотларининг сейсмик мустаҳкамлик ҳолатини баҳолаш бўйича экспресс услубиётни ишлаб чиқсин;
2021 йил 1 июнга қадар сув омборлари ва гидротехника иншоотларининг сейсмик заифлигини баҳолаш паспортларини шакллантирсин ва уларнинг аниқланган сейсмик заифлигини бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ҳамда муҳокама қилиш ва тасдиқлаш учун Кенгашга киритсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси:
а) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда:
2020 йил 1 декабрга қадар соҳадаги малакали мутахассис ва олимларни жалб қилган ҳолда "Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини;
2021 йил 1 мартга қадар 2030 йилгача бўлган муддатда Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
б) Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда "Эл-юрт умиди" жамғармаси билан биргаликда икки ой муддатда сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасига халқаро ташкилотлар грантларини жалб қилиш, шунингдек соҳа мутахассислари учун хорижий мамлакатларда ўқиш, стажировка ўташ ва малака оширишни ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
а) бир ой муддатда:
Жамғарма фаолиятини ташкил этиш;
республиканинг сейсмик фаол ҳудудида жойлашган сув омборларида инструментал сейсмологик кузатувларини доимий амалга ошириш тизимини яратишни ҳамда бунга масъул ташкилотларни зарур асбоб-ускуналар билан таъминлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарорларини қабул қилсин;
б) икки ой муддатда:
Лаборатория фаолиятини тўлиқ ташкил этиш учун зарур бўлган айрим асбоб-ускуналар билан;
Фанлар академияси М.Т. Уразбаев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтини бино билан таъминлаш чораларини кўрсин;
в) уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги "Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида"ги қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритсин.
14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур қарор ва Дастурда белгиланган вазифаларни ҳудудлар кесимида сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида масъул ижрочиларга яқиндан кўмаклашсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Фанлар академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2020 йил 30 июлдаги
ПҚ-4794-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида сейсмик хавфсизликни
таъминлаш тизимини такомиллаштириш
ДАСТУРИ
Президентининг
2020 йил 30 июлдаги
ПҚ-4794-сон қарорига
2-ИЛОВА
Бино ва иншоотларни экспериментал тадқиқ
қилиш илмий-техник лабораторияси томонидан
ўтказиладиган тадқиқот синовларининг
АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ
1. Темирбетон ва пўлат конструкцияларининг статик ва динамик кучлар таъсирида деформация-кучланганлик ҳолатини тадқиқ қилиш.
2. Ғиштли биноларнинг конструкцияларини статик ва динамик кучлар таъсирига синаш.
3. Кўп қаватли биноларнинг кичрайтирилган моделларининг чегаравий ҳолатлар бўйича сейсмик кучлар таъсирида деформация-кучланганлик ҳолатларини ўрганиш.
4. Бино ва иншоотларнинг кичрайтирилган моделларида сейсмик ҳимоя қурилмаларини қўллаган ҳолда сейсмик мусатҳкамлигини тадқиқ қилиш.
5. Янги композит қурилиш материалларини турли хил ташқи таъсирларда синаш ва уларнинг механик кўрсаткичларини аниқлаш.
6. Сейсмик ҳудудларда зилзилабардош кўп қаватли бино ва иншоотларни барпо этиш учун зарур бўлган сейсмик ҳимоя қурилмаларининг янги кўринишларини яратиш ва синовдан ўтказиш.
7. Кўп қаватли бино ва иншоотлар конструкцияларининг сейсмик жиҳатдан заиф тугунларини динамик кучлар таъсирларида синовдан ўтказиш.
8. Йўл ўтказгичларнинг, тоннелларнинг ва кўприкларнинг янги типдаги конструкцияларининг статик ва динамик кучлар таъсирида деформация-кучланганлик ҳолатларини тадқиқ қилиш ва мақбул конструктив ечимларини ишлаб чиқиш.
9. Ер ости муҳандислик коммуникациялари ва энергетика иншоотларини статик ва динамик кучлар таъсирида синовдан ўтказиш.
10. Тўғон ва сув омбори иншоотлари конструкцияларини лойиҳалаш учун зарур бўлган материалларнинг механик кўрсаткичларини аниқлаш.
11. Бино ва иншоотларнинг пойдеворларини турли грунт шароитида статик ва динамик кучлар таъсирига синаш ва янги мақбул ечимларини ишлаб чиқиш.
12. Кўчкиларни моделлаштириш ва синовдан ўтказиш ҳамда ҳимоялашнинг мақбул ечимларини ишлаб чиқиш.
13. Қурилиш конструкцияларида сейсмик мустаҳкамликни таъминлашнинг пассив ва актив усулларини тадқиқ қилиш.
Президентининг
2020 йил 30 июлдаги
ПҚ-4794-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
айрим қарорларига киритилаётган
ўзгартиришлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги "Сейсмология, сейсмик чидамли қурилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлиги соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3190-сон қарорида:
7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси (О. Исмоилов) Сейсмология институти, Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти ҳамда Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази буюртманомалари бўйича республикада ишлаб чиқарилмайдиган, ушбу қарорнинг 3, 4, ва 5-иловаларида кўрсатилган илмий асбоб-ускуналар ҳамда ҳисоблаш техника воситалари белгиланган тартибда харид қилинишини амалга оширсин";
10-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев) Давлат божхона қўмитаси (М. Азимов) билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, Сейсмология институти, Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти ҳамда Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси томонидан ушбу қарорнинг 3, 4, 5-иловаларида кўрсатилган рўйхатларга мувофиқ олиб кириладиган илмий асбоб-ускуналардан ва ҳисоблаш техникаси воситаларидан мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин";
2-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"Сейсмология, сейсмик чидамли қурилиш ҳамда
Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик
хавфсизлиги бўйича идоралараро илмий-техник кенгаш
ТАРКИБИ
Т.А. Худайбергенов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи, Кенгаш раиси |
О.М. Умаров |
- |
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси, Кенгаш раисининг ўринбосари |
А.Х. Қўлдошев |
- |
Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, Кенгаш раисининг ўринбосари |
Т.Х. Аббосхонов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администарцияси масъул ходими |
С.З. Мирзаев |
- |
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти |
Б.И. Зокиров |
- |
Қурилиш вазири |
И.Ю. Абдураҳмонов |
- |
Инновацион ривожланиш вазири |
М.Х. Салиев |
- |
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири |
Ш.Р. Хамроев |
- |
Сув хўжалиги вазири |
Б.Ф. Исламов |
- |
Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси |
Х.С. Турахужаев |
- |
Ер ресурслари, геодезия, картография давлат кадастри давлат қўмитаси раиси |
Қ. Қўчқоров |
- |
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази директори |
Х.К. Сагдиев |
- |
Фанлар академиясининг М.Т. Ўразбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти директори |
В.А. Рафиков |
- |
Фанлар академиясининг Ғ.О. Мавлонов номидаги Сейсмология институти директори |
Ш.А. Ҳакимов |
- |
"ТошуйжойЛИТИ" АЖ зилзилабардош қурилиш бўлими мудири |
Лавозими бўйича |
- |
Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасининг Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш шўъбаси мудири, Кенгаш котиби |
Изоҳ: Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади";
3, 4 ва 5-иловаларнинг рус тилидаги матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"ПРИЛОЖЕНИЕ N 3
к постановлению Президента РУз
от 09.08.2017 года N ПП-3190
ПЕРЕЧЕНЬ
научно-технического оборудования, закупаемого
для укрепления материально-технической базы
Института сейсмологии имени Г.О. Мавлонова
Академии наук Республики Узбекистан
N п/п |
Наименование |
Ед. изм. |
Кол-во |
Код ТН ВЭД |
1. |
Промышленный компьютер ARK-1120LX |
шт. |
15 |
8471 49000 0 |
2. |
Цифровой трехкомпонентный сейсмометр CMG-6TD с GSM модемом "Guralp Systems Ltd". |
шт. |
15 |
9015 80 110 0 |
3. |
Сейсморазведочная станция 24-канальная |
шт. |
2 |
9015 80 930 0 |
4. |
Система бесперебойного электропитания UPS-500L ИБП с правильной синусоидой |
шт. |
10 |
8504 40 300 9 |
5. |
Протонный магнитометр с кабелем |
к-т. |
8 |
9015 80 110 0 |
6. |
Электроразведочная станция С313 CEV |
шт. |
1 |
9015 80 110 0 |
7. |
Геофизический комплекс пеленга очага землетрясения "Очаг-1" |
шт. |
6 |
9015 80 110 0 |
8. |
Хроматограф газовый "Кристаллюкс-4000М" |
шт. |
2 |
9027 20 000 0 |
9. |
Наклономер двухкомпонентный |
шт. |
1 |
9015 80 110 0 |
10. |
Автомашина УАЗ-315148 |
шт. |
2 |
8703 22 10 |
11. |
Прибор для вертикального зондирования ионосферы (DIGSONDE) |
шт. |
1 |
9015 80 110 0 |
12. |
Георадар |
шт. |
1 |
9015 80 110 0 |
13. |
Ручной пенетрометр РП-1 |
шт. |
1 |
9015 80 110 0 |
14. |
Ручной буровой комплект геолога |
шт. |
1 |
9015 80 110 0 |
15. |
Аккумулятор гелевый A200Ah LUXEON LX12-200G |
шт. |
10 |
8507 20 200 0 |
16. |
Программный комплекс BERNESE для обработки данных GPS-измерений, Университет Бьерн |
пакет |
1 |
- |
17. |
Пакет программ компании SeismoSoft (SeismoSignal, SeismoSpec, SeismoArtif, SeismoStruc), Италия |
пакет |
1 |
- |
Примечание. Окончательные коды товаров по ТН ВЭД подлежат уточнению при таможенном оформлении.
ПРИЛОЖЕНИЕ N 4
к постановлению Президента РУз
от 09.08.2017 года N ПП-3190
ПЕРЕЧЕНЬ
научно-технического оборудования,
закупаемого для укрепления материально-технической базы
Института механики и сейсмостойкости сооружений имени
М.Т.Уразбаева Академии наук Республики Узбекистан
N |
Наименование |
Ед. изм. |
Кол-во |
Код ТН ВЭД |
1. |
Высокопроизводительный 1000 kN гидравлический домкрат |
к-т |
2 |
8425 42 000 0 |
2. |
Высокопроизводительный 500 kN гидравлический домкрат |
к-т |
2 |
8425 42 000 0 |
3. |
Гидравлический насос с охладительной системой |
к-т |
1 |
8413 50 200 0 |
4. |
Динамический гидравлический распределитель с аккумулятором |
к-т |
1 |
8413 50 200 0 |
5. |
Статический гидравлический распределитель с двумя станциями |
к-т |
2 |
8413 50 200 0 |
6. |
4-канальный контроллер |
к-т |
1 |
8537 10 990 0 |
7. |
Пакет прикладных программ для проведения гибридных симуляций |
шт |
1 |
8523 51 930 0 |
8. |
80-канальная система сбора данных (включающая 16 каналов для высокочувствительных акселерометров) |
к-т |
1 |
8471 50 000 0 |
9. |
Датчики нагрузки с кабелями |
шт |
4 |
9024 80 190 0 |
10. |
Акселерометры (5 g - 50 g) |
шт |
21 |
9031 80 380 0 |
11. |
Датчики положения (от 50 мм до 500 мм) |
шт |
21 |
9031 80 380 0 |
12. |
Тензодатчики деформации (трехосные и одноосные) |
шт |
188 |
9024 80 190 0 |
13 |
Высокочувствительные акселерометры (милли-g) с кабелями для полевых работ |
шт |
16 |
9031 80 380 0 |
14. |
АД-60К-универсальный акустический дефектоскоп |
шт |
1 |
9031 80 380 0 |
15. |
ZET048-E Сейсмостанция |
шт |
1 |
9015 80 110 0 |
16. |
Молоток Шмидта тип РС(L) или РМ система молотков Шмидта |
шт |
2 |
9024 80 190 0 |
17. |
Молоток Шмидта тип Sт(N) |
шт |
2 |
9024 80 190 0 |
18. |
Автомобиль "Внедорожник" 4х4. |
шт |
1 |
8703 21 109 0 |
Примечание. Окончательные коды товаров по ТН ВЭД подлежат уточнению при таможенном оформлении.
ПРИЛОЖЕНИЕ N 5
к постановлению Президента РУз
от 09.08.2017 года N ПП-3190
ПЕРЕЧЕНЬ
современного научного оборудования и средств вычислительной
техники, закупаемых для дальнейшей модернизации и дооснащения
сейсмологических и прогностических станций Республиканского
центра сейсмопрогностического мониторинга Министерства
по чрезвычайным ситуациям Республики Узбекистан
N п/п |
Наименование |
Ед. изм. |
Кол-во |
Код ТН ВЭД |
1. |
Промышленный компьютер ARK-1120LX |
шт. |
25 |
8471 49000 0 |
2. |
Регистратор сейсмических сигналов "Байкал-8" в комплекте с GPS-антенной |
к-т. |
25 |
9015 80 1 10 0 |
3. |
Сейсмометр трехкомпонентный СМЕ-3311 |
шт. |
20 |
9015 80 110 0 |
4. |
Сейсмометр скважинный трехкомпонентный СМЕ-4311-ВН150 |
шт. |
3 |
9015 80 110 0 |
5. |
Система бесперебойного электропитания UPS-500L ИБП с правильной синусоидой |
шт. |
50 |
8504 40 300 9 |
6. |
Хроматограф газовый "Кристаллюкс- 4 000М" |
шт. |
8 |
9027 20 000 0 |
7. |
Стационарный протонный магнитометр |
шт. |
15 |
9015 80 110 0 |
8. |
Автомашина УАЗ-315148 |
шт. |
1 |
8703 22 10 |
9. |
Аккумулятор гелиевый A200AhLUXEON LX12-200G |
шт. |
30 |
8507 20 200 0 |
10. |
Кабель сейсмический марки КГСПТ |
м |
1000 |
9015 90 000 0 |
Примечание. Окончательные коды товаров по ТН ВЭД подлежат уточнению при таможенном оформлении".
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2020 йил 30 июль
"Халқ сўзи", 2020 йил 31 июль
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2020 йил 3 август, 30-сон, 344-модда