ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Халқаро алоқалар / Ташқи сиёсий фаолиятни тартибга солиш / Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги ваколатхоналари фаолиятини тартибга солиш / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.01.2017 й. ПҚ-2732-сон "Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.01.2017 й.

N ПҚ-2732



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ХОРИЖДАГИ ДИПЛОМАТИК ВАКОЛАТХОНАЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА

ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Жаҳон иқтисодиётидаги узоққа чўзилган инқирозли ҳолатлар, нархларнинг беқарорлиги ҳамда халқаро ва минтақавий бозорларда талабнинг пасайиши давом этаётган шароитда Ўзбекистон Республикасининг экспорт ва инвестиция салоҳиятини самарали рўёбга чиқариш ва янада ошириш масалалари мамлакатнинг энг муҳим устувор ташқи сиёсат стратегияси сифатида долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаолияти таҳлили ҳамкор давлатлар билан ўзаро алоқаларда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини илгари суриш бўйича етарлича чоралар кўрилмаётганидан далолат бермоқда.

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари чет эл мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари билан тизимли ва доимий асосда шуғулланмаяпти, дунё ва минтақавий бозорлардаги ривожланиш жараёнлари ҳамда суръатларини, уларга маҳаллий товарлар ва хизматларни олиб чиқиш имкониятларини чуқур ўрганмаяпти, мамлакатга илғор технологиялар, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, имтиёзли кредитлар, грантлар ва техник кўмак маблағларини жалб қилиш, шунингдек, ўзаро савдо-сотиқни, энг аввало, маҳаллий товарлар ва хизматларни экспортга етказиб беришни ўстириш учун захиралар ва янги манбалар изламаяпти.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молиявий-техник ва илмий-таълим соҳасидаги ҳамкорлигини тубдан барқарор ривожлантириш ва кенгайтириш мақсадида:


1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ташқи иқтисодий фаолиятдаги энг муҳим вазифалари этиб белгилансин:

хорижий мамлакатларда Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий сиёсатини амалга ошириш, мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш;

Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий соҳадаги комплекс иқтисодий, савдо, молиявий ва бошқа манфаатларини тартибга солувчи икки томонлама ва кўп томонлама ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг боришини мониторинг қилиш, уларнинг амалга оширилишини таъминлаш бўйича амалий чоралар кўриш, аккредитация қилинган мамлакатда ёки вакил қилинаётган халқаро ташкилотнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ва киритиш;

биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси компаниялари ва ташкилотлари маҳсулотлари ва хизматларини ташқи бозорларга барқарор ва узоқ муддатли етказиб беришни ташкил қилиш ҳисобига маҳаллий товарлар ва хизматларнинг экспорт ҳажмларини ошириш, икки томонлама товар алмашув номенклатурасини кенгайтириш бўйича чоралар кўриш;

транспорт ва транзит, халқаро транспорт коммуникациялари ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо юкларини ташиш ва транзити учун преференция режимларини қўллаш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш;

Ўзбекистон Республикасининг инвестиция жараёнларида хорижий давлатларнинг фаол иштирокини, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг асосий тармоқларига ва инфратузилмани ривожлантиришга тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ва илғор технологияларни, шунингдек, устувор дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга грантлар, имтиёзли кредитлар ва техник кўмаклашиш воситаларини жалб қилишни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектлари аккредитациядан ўтган ва фаолият кўрсатаётган мамлакатда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини ҳамда иқтисодий ва молиявий манфаатларини илгари суришни таъминлаш;

хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига сайёҳлар оқимини жалб қилиш, миллий сайёҳлик маҳсулотларини илгари суриш бўйича қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда етакчи хорижий сайёҳлик компанияларининг иштирок этишини таъминлаш, шунингдек, республиканинг сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш;

етакчи хорижий таълим ташкилотлари ва илмий марказлар билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтиришга, қўшма тадқиқот дастурлари ва лойиҳаларини амалга оширишга, шунингдек, илғор технологиялар ва илмий ишланмаларни Ўзбекистон Республикасига жалб қилишга кўмаклашиш.


2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ ушбу қарорда белгиланган энг муҳим вазифаларни рўёбга чиқариш учун Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари қуйидагиларни амалга оширадилар:

етакчи чет эл компаниялари ва ишлаб чиқариш корхоналари билан шериклик муносабатларини ўрнатиш ҳамда контрактлар тузиш орқали Ўзбекистон Республикаси компаниялари ва ташкилотларининг маҳсулотлари ва хизматларини ташқи бозорларга барқарор ва узоқ муддатли экспортга етказиб берилишини ташкиллаштиришга ҳар томонлама кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикасининг транзит салоҳиятини мустаҳкамлаш, уни халқаро транспорт-коммуникация тармоқларига интеграция қилиш, ташқи савдо юкларини экспорт қилиш учун мавжуд транспорт йўналишлари самарадорлигини ошириш ва янгиларидан фойдаланиш, уларни ташишда имтиёзлар ва преференциялар тақдим қилиш бўйича таклифларни тайёрлаш ва амалга оширишда иштирок этади;

хорижий мамлакатларнинг ташкилотлари ва компанияларини Ўзбекистон Республикасидаги инвестиция жараёнларида, энг аввало, иқтисодиётнинг асосий тармоқларини ва инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича устувор дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга жалб қилиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасида ҳамкорликда ишлаб чиқарилган ярим фабрикатлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар кўринишидаги саноат маҳсулотларини хорижий ишлаб чиқариш корхоналари эҳтиёжлари учун экспортга етказиб беришни таъминлаган ҳолда хорижий мамлакатларнинг етакчи компаниялари билан маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади;

маҳаллий компания ва ташкилотларнинг халқаро пудрат, сервис ва бошқа, шу жумладан саноат ва инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш, давлат харидлари доирасида товар ва хизматларни етказиб бериш бўйича битимларида, шунингдек, хорижий мамлакатлар хусусий компанияларининг очиқ тендерларида иштирок этишига кўмаклашади;

хорижий мамлакатларнинг етакчи туристик компаниялари ва соҳага ихтисослашган ташкилотлари орасида Ўзбекистон Республикасининг маданий-тарихий ва сайёҳлик салоҳиятини оммалаштириш, шунингдек, уларни миллий сайёҳлик маҳсулотларини илгари суриш ва Ўзбекистон Республикасининг сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилишга кўмаклашади;

қўшма тадқиқот ва таълим дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш бўйича етакчи хорижий таълим ташкилотлари, илмий марказлар ва юқори технологияли компаниялари билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтиришга, шунингдек, илғор технологиялар ва илмий ишланмаларни Ўзбекистон Республикасига жалб қилишга кўмаклашади.


4. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларнинг лозим даражада бажарилиши учун шахсан жавобгардир.

5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик фаол ривожланаётган ва уни янада кенгайтириш учун етарлича салоҳият мавжуд бўлган хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистон Республикасининг ваколатхоналари таркибига савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи штат бирлигини қўшимча киритиш юзасидан ҳар томонлама асослантирилган таклифлар киритсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.


6. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 8 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси элчихоналарида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи лавозимини жорий этиш тўғрисида"ги 238-сон қарори 2 ва 4-бандлари ҳамда ушбу қарорга 2-илова;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 24 мартдаги "Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги ваколатхоналари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида"ги 102-сон қарори 1-банди иккинчи хатбошиси ва ушбу қарорга 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Х. Комилов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)




































Время: 0.0251
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск