ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Халқаро алоқалар / Ташқи сиёсий фаолиятни тартибга солиш / Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги ваколатхоналари фаолиятини тартибга солиш / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналарининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 18.01.2017 й. ПҚ-2732-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 18 январдаги

ПҚ-2732-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

дипломатик ваколатхоналарининг савдо-иқтисодий

масалалар бўйича маслаҳатчиси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналарининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари (кейинги ўринларда - маслаҳатчи) фаолиятининг ҳуқуқий асосларини, шунингдек, асосий вазифалари ва функцияларини белгилайди.


2. Маслаҳатчи ўзи ишлаб турган давлат билан ташқи иқтисодий ҳамкорлик учун масъул бўлган дипломатик ходим ҳисобланади.


3. Маслаҳатчи лавозими Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (кейинги ўринларда - ТИАИСВ) ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда - ТИВ) номенклатурасига киради.


4. Маслаҳатчи ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари (кейинги ўринларда - дипломатик ваколатхона) раҳбари бошчилигида амалга оширади, ушбу Низомда назарда тутилган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ барча хатти-ҳаракатлари ва қарорларини у билан келишади.


5. Маслаҳатчи ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, ушбу Низом, қонунчиликнинг бошқа ҳужжатлари, ТИАИСВ ва ТИВнинг кўрсатмалари ва топшириқлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларига амал қилади.


6. Маслаҳатчининг моддий ва ижтимоий-маиший таъминоти дипломатик ваколатхонанинг харажатлар сметасида кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


7. Маслаҳатчи ўз иш даврида дипломатик ходим учун тақдим этилган барча имтиёзлар ва иммунитетдан фойдаланади.



2-БОБ. МАСЛАҲАТЧИНИ ЛАВОЗИМГА

ТАЙИНЛАШ ТАРТИБИ


8. Маслаҳатчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда ТИВга киритиладиган Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикасининг ташқи ишлар вазири буйруғи билан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Маслаҳатчи лавозимига олий маълумотли, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият соҳасида камида 5 йил амалий иш тажрибасига эга бўлган, давлат тилида ва чет тилларида эркин мулоқот қила оладиган, зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун етарлича ишбилармонлик, маънавий ва касбий сифатларга эга бўлган шахс тайинланиши мумкин.

Маслаҳатчи лавозимига номзодлар, қоидага кўра, ТИАИСВ ва унинг идоравий ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа тегишли давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари орасидан тақдим қилинади.


9. Маслаҳатчи лавозимини эгаллаган шахслар дипломатик ваколатхоналардаги хизмат муддати якунлангач ТИВ тизимидан бўшайди ва узоқ муддатли хизмат сафарига жўнаб кетишидан аввал лавозимда ишлаган давлат органи ёки ташкилотининг кадрлар аппаратига қайтарилади.


10. Маслаҳатчининг дипломатик ваколатхонадаги узоқ муддатли хизмат сафари узлуксиз даври уч йилдан ошмаслиги зарур. ТИАИСВ тақдимномаси ва маслаҳатчининг розилигига кўра ушбу муддат Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан кўпи билан бир йилга узайтирилиши мумкин.


11. Зарур ҳолларда тегишли тайёргарликдан ўтиши, ТИАИСВ ва ТИВ, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари иш амалиётини ва ўзига хос хусусиятларини ўрганиши учун маслаҳатчи тасдиқланган амалиёт ўташ режасига мувофиқ икки ойдан кўп бўлмаган муддатда ТИАИСВ ва ТИВ марказий аппаратининг ушбу соҳадаги таркибий бўлинмаларида стажировкани ўтайди.



3-БОБ. МАСЛАҲАТЧИНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


12. Қуйидагилар маслаҳатчининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий сиёсатини амалга оширишни таъминлаш, ўзи ишлаб турган мамлакатда республикамизнинг иқтисодий манфаатларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш;

Ўзбекистон Республикасининг ўзи ишлаб турган давлат билан ташқи иқтисодий муносабатлари аҳволини комплекс таҳлил қилиш, шунинг асосида ушбу муносабатларни янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ўзи ишлаб турган мамлакатда юзага келаётган ижтимоий-иқтисодий ҳолатни, унинг иқтисодиёт тармоқлари ривожи тенденциялари ва суръатларини, мамлакат ташқи иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларини тизимли равишда ўрганиш, унинг Ўзбекистон Республикаси иқтисодий манфаатларига таъсирини баҳолаш;

биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси компаниялари ва ташкилотларининг маҳсулотлари ва хизматларини ўзи ишлаб турган мамлакат бозорларига барқарор ва узоқ муддатли экспортга етказиб беришни ташкил қилиш ҳисобига маҳаллий товарлар ва хизматларнинг экспорт ҳажмларини кўпайтириш, ўзаро товар айирбошлаш номенклатурасини кенгайтириш бўйича амалий чоралар кўриш;

транспорт ва транзит, халқаро транспорт коммуникациялари ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо юкларини ташиш ва транзити учун преференция режимларини қўллаш бўйича икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш;

ўзи ишлаб турган мамлакатнинг ташкилотлари ва компанияларини Ўзбекистон Республикасидаги инвестиция жараёнларида фаол иштирок этишини, иқтисодиётнинг асосий тармоқлари ва инфратузилмани ривожлантириш ва модернизация қилишга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва илғор технологиялар жалб қилинишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасида устувор дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга хорижий грантлар, имтиёзли кредитлар ва техник кўмаклашиш воситаларини жалб қилиш;

ўзи ишлаб турган мамлакатдан Ўзбекистон Республикасига сайёҳлар оқимини жалб қилиш, миллий сайёҳлик маҳсулотлари (маданий-маърифий, рекреацион, тиббиёт, экологик, гастрономик, ишбилармонлик ва бошқа турлар)ни илгари суриш бўйича қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишда етакчи хорижий сайёҳлик компанияларининг иштирок этишини таъминлаш, шунингдек, сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш;

ўзи ишлаб турган давлатнинг таълим, илмий-техникавий ва технологик салоҳиятини, етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва юқори технологияли компаниялари фаолиятини чуқур таҳлил қилиш, улар билан ўзаро алоқаларнинг истиқболли йўналишларида, энг аввало, қўшма тадқиқот дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига илғор технологиялар ва илмий ишланмаларни жалб қилишга кўмаклашиш.


13. Маслаҳатчи ўз зиммага юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

дипломатик ва бошқа халқаро-ҳуқуқий воситалар ёрдамида Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суришни таъминлайди;

ўзи ишлаб турган мамлакатда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини қонунчилик ва тузилган тижорат битимлари ва келишувларига мувофиқ равишда ҳимоя қилиш чораларини кўради;

икки томонлама муносабатларнинг аниқ йўналишлари бўйича ўзи ишлаб турган давлат билан Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш юзасидан амалий тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқади;

ўзи ишлаб турган давлат иқтисодиётининг ривожланиш истиқболларини, иқтисодиётни тартибга солиш соҳасидаги қонунчилигини ва уни қўллаш амалиётини, товарлар, ишлар, хизматлар ва инвестициялар бозорлари конъюнктурасини, Ўзбекистон Республикаси билан ҳамда бошқа мамлакатлар билан ташқи иқтисодий муносабатларини ўрганади, ТИАИСВ, ТИВ ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат органларига баҳо ва амалий тавсияларни ўз ичига олган тегишли материалларни юборади;

ўзи ишлаб турган давлат бозорларига Ўзбекистон Республикаси компаниялари ва ташкилотлари маҳсулотлари ва хизматларининг барқарор ва узоқ муддатли экспортга етказиб берилишини ташкиллаштиришга ҳар томонлама кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига ўзи ишлаб турган давлатдаги етакчи компаниялар ва ташкилотлар орасидан ишончли савдо, инвестициявий ва технологик шериклар излаб топиш, учрашувлар ва музокаралар ўтказиш, биргаликда ҳамкорлик лойиҳаларини рўёбга чиқариш бўйича контрактлар ва битимлар тузишда кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси маҳсулотларининг ўзи ишлаб турган давлат бозорларига камситишларсиз кириши учун қулай шароитни таъминлайди, Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, маҳаллий компания ва ташкилотларнинг товарлари ва хизматларига нисбатан ўзи ишлаб турган давлат томонидан мажбуриятларнинг бузилиш ҳолатларини аниқлайди ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар киритади;

ташқи иқтисодий фаолият субъектларини ҳуқуқий, нарх-наво, валюта, молия масалалари, сифатга қўйиладиган талаблар, етказиб бериладиган маҳсулотнинг техник тавсифлари, шунингдек, уларни қизиқтирувчи бошқа ахборотлар билан методик, ахборот ва маслаҳат таъминотини олиб боради;

Ўзбекистон Республикасининг транзит салоҳиятини мустаҳкамлаш, уни халқаро транспорт-коммуникация тармоқларига интеграция қилиш, ташқи савдо юкларини экспорт қилиш учун мавжуд транспорт йўналишлари самарадорлигини ошириш ва янгиларидан фойдаланиш, Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо юкларини ўзи ишлаб турган давлат ҳудуди орқали ташишда имтиёзлар ва преференциялар тақдим қилиш бўйича таклифларни тайёрлаш ва амалга оширишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг асосий тармоқларига ва инфратузилмани ривожлантиришга ўзи ишлаб турган давлат ташкилотларининг тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари, илғор технологиялари ва замонавий менежментини жалб қилиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган иш олиб боради;

ўзи ишлаб турган давлатнинг саноат ва ишлаб чиқариш дастурларини ўрганиб чиқади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг тайёр маҳсулотлар, ярим фабрикатлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари доирасида уларнинг кафолатланган экспортини таъминлаган ҳолда, хорижий мамлакатларнинг етакчи компаниялари билан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикасида устувор ижтимоий аҳамиятга молик, энг аввало, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва спорт соҳаларидаги, шунингдек, транспорт, энергетика ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун ўзи ишлаб турган давлат ташкилотларининг грантлари, имтиёзли кредитлари ва техник кўмак воситаларини жалб қилишга кўмаклашади;

маҳаллий компания ва ташкилотларнинг халқаро пудрат, сервис ва бошқа, шу жумладан саноат ва инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш, давлат харидлари доирасида товар ва хизматларни етказиб бериш бўйича битимларида, шунингдек, ўзи ишлаб турган давлатдаги хусусий компанияларнинг очиқ тендерларида иштирок этишига кўмаклашади;

ўзи ишлаб турган давлатнинг етакчи туристик компаниялари ва соҳага ихтисослашган муассасалари орасида Ўзбекистон Республикасининг сайёҳлик салоҳиятини оммалаштириш, шунингдек, уларни миллий сайёҳлик маҳсулотларини илгари суриш ва Ўзбекистон Республикасининг сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилишга кўмаклашади;

ўзи ишлаб турган давлатдаги етакчи хорижий таълим ташкилотлари, илмий марказлар ва юқори технологияли компаниялар билан қўшма тадқиқот дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, илғор технологиялар ва илмий ишланмаларни Ўзбекистон Республикасига жалб қилиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш борасида аниқ чора-тадбирлар кўради;

ўзи ишлаб турган мамлакатнинг давлат органлари ва ишбилармон доиралари билан, шунингдек, унинг ҳудудида жойлашган бошқа мамлакатлар ва халқаро иқтисодий ташкилотлар ваколатхоналари билан алоқа ўрнатади ва мулоқот олиб боради;

савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молиявий ва илмий-техникавий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзи ишлаб турган давлат билан ўзаро манфаатли ва амалий аҳамиятга молик шартномалар ҳамда унинг тижорат субъектлари билан ташқи иқтисодий битимлар тузиш бўйича икки томонлама учрашув ва музокараларга тайёргарлик кўришда, уларни ўтказишда қатнашади;

ўзи ишлаб турган давлатнинг ташкилотлари ва компанияларини Ўзбекистон Республикасида ўтказиладиган халқаро кўргазмалар, саноат ярмаркалари, бизнес-форумлар, кооперация биржалари ва бошқа иқтисодий тадбирларда қатнашиш учун жалб қилиш бўйича фаол иш олиб боради, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектлари ўзи ишлаб турган давлатда ўтказиладиган худди шундай тадбирларда қатнашиши учун уларга ёрдам беради;

ўзи ишлаб турган давлатнинг ишбилармон доиралари ва оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, таклиф қилинаётган ташқи савдо ва инвестиция лойиҳалари, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун Ўзбекистон Республикасида яратилган қулай шарт-шароитлар тўғрисидаги ахборотлар тарқатилишини таъминлайди.


14. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ маслаҳатчи зиммасига бошқа вазифалар ва функциялар ҳам юкланиши мумкин.



4-БОБ. МАСЛАҲАТЧИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


15. Маслаҳатчи ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига берилган ваколатлар доирасида музокаралар олиб бориш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, халқаро конференциялар, учрашувлар, форумлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси ва ўзи ишлаб турган мамлакатнинг давлат органлари ва ишбилармон доираларидан маслаҳатчи ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ахборот-маълумот материаллари ва бошқа маълумотларни белгиланган тартибда сўраб олиш, уларни манфаатдор томонларга бериш;

ўзи ишлаб турган давлат қонунчилиги талаблари ва дипломатик ваколатхона раҳбарияти томонидан ўрнатилган тартибга мувофиқ ўзи ишлаб турган мамлакатдаги давлат муассасалари, компаниялари ва ташкилотларининг расмий вакиллари билан иш юзасидан мулоқот олиб бориш, ёзишмаларни амалга ошириш, шунингдек, учинчи давлатларнинг ваколатхоналари ва ташкилотлари билан лозим даражада мулоқотда бўлиш;

ТИАИСВ ва ТИВ билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур қарорлар қабул қилиш;

ҳукуматлараро комиссиялар, қўмиталар ҳамда савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва ҳамкорликнинг бошқа соҳалари бўйича органларнинг йиғилишларида иштирок этиш.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


16. Маслаҳатчи фаолияти Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари ҳаракатлар режалари ("йўл хариталари")нинг Ўзбекистон Республикаси ва ўзи ишлаб турган давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ва молиявий-техник ҳамкорлик бўйича қисми асосида ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналарининг ҳаракатлар режалари ("йўл хариталари") ТИАИСВ ваколатига кирувчи масалалар бўйича дастлаб у билан келишилган ҳолда ТИВ томонидан тасдиқланади.


17. Маслаҳатчи фаолияти самарадорлиги Ўзбекистон Республикасининг ўзи ишлаб турган давлат билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ва молиявий-техник ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича амалий иш натижаларини таҳлил қилиш асосида ТИАИСВ ва ТИВ томонидан баҳоланади.

Қуйидагилар маслаҳатчи фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг ўзи ишлаб турган давлат билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ва молиявий-техник ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича йиллик ҳаракатлар режалари ("йўл хариталари")да назарда тутилган чора-тадбирларни амалда рўёбга чиқариш;

аниқ амалий аҳамиятга молик ва ўзаро манфаатли давлатлараро келишувлар ва битимлар тузиш мақсадида амалга ошириладиган турли даражалардаги ташрифлар, учрашувлар ва музокараларни ташкиллаштириш;

икки томонлама товар айланмаси номенклатураси, энг аввало, ўзи ишлаб турган давлат бозорларига Ўзбекистон Республикаси компаниялари ва ташкилотларининг маҳсулотлари ва хизматларини экспортга етказиб бериш ҳажмларини янада ошириш ва кенгайтиришга қаратилган тижорат битимларини тузиш;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг асосий тармоқларини ва инфратузилмани ривожлантириш учун ўзи ишлаб турган давлат ташкилотларининг тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари, грантлари, кредитлари, техник кўмаклашиш воситаларини, илғор технологиялари ва илмий ишланмаларини жалб қилиш бўйича аниқ келишувларга эришиш;

ўзи ишлаб турган мамлакатдан Ўзбекистон Республикасига сайёҳлар оқимини кўпайтириш, миллий сайёҳлик маҳсулотларини илгари суриш бўйича қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларининг сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантиришга инвестициялар жалб қилиш бўйича хорижий сайёҳлик компаниялари билан битимлар тузиш;

ўзи ишлаб турган давлатнинг нуфузли матбуот ва электрон нашрларида, шунингдек, телерадио оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишларнинг моҳияти ва аҳамиятини, Ўзбекистон Республикасининг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик салоҳиятини очиб берувчи холис ва ҳаққоний ахборотни кенг тарқатиш;

Ўзбекистон Республикасининг амалий аҳамиятга молик халқаро шартномаларини тузиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларнинг кенг миқёсда ижро этилишига кўмаклашиш.


18. Маслаҳатчи ушбу Низомга мувофиқ зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг ижроси учун шахсан жавобгардир.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)



































Время: 0.0054
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск