ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Спортнинг алоҳида турлари /

Кураш миллий спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш Концепцияси (ЎзР Президентининг 04.11.2020 й. ПҚ-4881-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 4 ноябрдаги

ПҚ-4881-сон қарорига

1-ИЛОВА



Кураш миллий спорт турини

2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1992 йилда Ўзбекистон кураш федерациясининг ташкил этилиши муҳим тарихий воқеа бўлди.

Давлатимизнинг бевосита кўллаб-қувватлаши ва Ўзбекистон кураш Федерацияси томонидан курашни оммалаштириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида жаҳоннинг турли қитъаларида жойлашган хорижий давлатларда миллий кураш федерациялари ташкил этилди.

1998 йил 6 сентябрда дунёнинг бешта қитъасидаги 129 та миллий федерацияларни бирлаштирган Кураш халқаро ассоциацияси таъсис этилди.

2010 йилда Кураш халқаро ассоциацияси Олимпия ўйинлари дастурига киритиш учун буюртма беришда муҳим талаб ҳисобланган Жаҳон допингга қарши агентлигининг эътирофига сазовор бўлди.

2017 йил 20 сентябрда бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгашининг 36-Бош ассамблеясида тарихда илк бор кураш спорт тури 2018 йилда Индонезияда ўтган ХVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига алоҳида спорт тури сифатида ҳамда 2022 йилда - Хитойда, 2026 йилда - Японияда ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари дастурларига киритилди.

Кураш бўйича халқаро спорт тадбирларида спортчиларимиз совринли ўринларни эгаллаб мамлакатимиз нуфузини муносиб ҳимоя қилиб келмоқдалар. Хусусан, юртимиз спортчилари 2019 йилда халқаро спорт тадбирларида 1 231 та, шу жумладан 378 та олтин, 402 та кумуш, 451 та бронза медалларини қўлга киритганлар. Бунда, курашчилар халқаро спорт тадбирларида жами 73 та, шу жумладан 37 та олтин медалга сазовор бўлганлар ва бу аввалги йилда мамлакат бўйича спортчилар томонидан қўлга киритилган олтин медалларнинг 10 фоизини ташкил этган.

Ҳозирги вақтда курашни янада оммалаштириш ва тизимли ривожлантириш, Европа, Африка ва Панамерика қитъавий ўйинлари қаторига расман киритиш ва халқаро "GAISF - Global Association of International Sports Federations" ташкилотининг эътирофига сазовор бўлиш, Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритиш мақсадида Кураш миллий спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш Концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) ишлаб чиқилди.

Концепция Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларда курашни тизимли ривожлантиришнинг мақсади, вазифалари, устувор йўналишлари, истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда курашни ривожлантириш дастурлари ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Сўнгги йилларда ушбу соҳада тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш орқали курашнинг жаҳондаги нуфузини янада ошириш, барча аҳоли қатлами, айниқса ёшларнинг соғлом турмуш тарзига интилишларини таъминлаш, уларни мардлик, садоқат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, миллий халқ ўйинларидан жаҳон спорт турига айланган курашга нисбатан ғурур, ифтихор ва фахрланиш ҳиссини уйғотиш Концепциянинг асл моҳиятини белгилайди.



2-БОБ. КУРАШ МИЛЛИЙ СПОРТ ТУРИНИ ЯНАДА

ОММАЛАШТИРИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШГА

ТЎСИҚ БЎЛАЁТГАН ТИЗИМЛИ МУАММОЛАР


Бугунги кунда Ўзбекистонда курашни ривожлантиришга йўналтирилган 226 та спорт таълим муассасаси фаолият юритади, шундан:

170 таси спорт мактаблари;

6 таси ихтисослаштирилган спорт мактаблари;

12 таси яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаблари;

14 таси олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари;

12 таси олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари;

12 таси нодавлат кураш клублари ҳамда курашчилар тайёрловчи бошқа спорт муассасалари.

Бугунги кунда юртимизда кураш бўйича тренерлик фаолияти билан шуғулланувчилар сони 1,5 минг нафардан ортиқни ташкил этади. Таҳлиллар айрим ҳудудларда тренерлар сонининг умумий аҳоли сони билан юқори номутаносиблигини кўрсатмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 1,8 миллиондан ортиқ аҳоли сонига нисбатан 179 нафар (0,009 фоиз), Тошкент шаҳрида 2,5 миллиондан ортиқ аҳоли сонига нисбатан 39 нафар (0,001 фоиз), Андижон вилоятида 3 миллиондан ортиқ аҳоли сонига нисбатан 43 нафар (0,001 фоиз) кураш тренери тўғри келмоқда.

Шунингдек, Тошкент ва Фарғона вилоятларининг 6 тадан, Андижон вилоятининг 5 та, Навоий вилоятининг 2 та туман ва шаҳарларида кураш бўйича бирорта тренер мавжуд эмас.

Мамлакатимизда кураш билан шуғулланувчилар 2017 йилда 25 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2018 йилга келиб, бу кўрсаткич 40 минг нафардан ошиб, мамлакатдаги умумий аҳоли сонининг 0,1 фоизини ташкил этмоқда.

Хорижий мамлакатлар тажрибасининг кўрсатишича, уларда аҳолининг аксарият қисми миллий спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб келади. Жумладан, 1936 йилда Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритилган баскетбол ўйинининг ватани АҚШда аҳолининг 10 фоизга яқини ёки 25 миллион нафари ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланади. Шунингдек, мазкур давлатда 18 ёшдан 29 ёшгача бўлган аҳолининг 27 фоизи, 30 дан 49 ёшгача бўлганларнинг 23 фоизи, 50 дан 64 ёшгача бўлганларнинг 7 фоизи сўнгги 12 ойда баскетбол миллий спорти билан шуғулланган.

1964 йилдан Халқаро олимпия ўйинлари дастурига кирган Япония миллий спорт тури - дзюдо билан ушбу давлатнинг 10 миллион (қарийб 10 фоиз) аҳолиси шуғулланади.

2000 йилдан Халқаро олимпия ўйинларига киритилган таэквондо WTF спорти билан Кореяда махсус мактаблар фаолияти ташкил этилганлиги ва йўлга қўйилганлиги сабабли 55 миллион нафар аҳолининг аксарияти шуғулланади. Таэквондонинг жаҳонда оммалашуви сабабли Кореяда туризмнинг алоҳида йўналиши - "таэквондо туризми" йўлга қўйилган.

Россияда миллий спорт тури бўлган самбони оммалаштириш ва унга аҳолини жалб қилиш борасида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, 2015 йилдан бошлаб амалга оширилаётган "Мактабда самбо" лойиҳасига 74 та ҳудудда жойлашган 800 та мактаб жалб қилиниши натижасида унда иштирок этаётган мактаб ўқувчиларининг сони 120 мингга етди. Шу билан бирга, Россия мактабларида самбо билан шуғулланувчилар сони ҳар йили 10 фоизга ошмоқда ва 2018 йилда давлат бюджетидан 5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган. Шу тарзда АҚШда - "бейсбол", Японияда - "каратэ", "дзюдо", "сумо", Хитойда - "ушу" миллий спорт турлари давлат томонидан мунтазам молиялаштирилади.

Курашни оммалаштириш ва ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муҳим масалалардан бири ушбу спорт билан шуғулланиш учун зарур моддий-техник база ва спорт инфратузилмасининг етарли эмаслигидир. Жумладан, ҳудудларда Ўзбекистон кураш федерацияси ва унинг филиаллари ўқув-машғулот ўтказиш залларига эга эмас.

Кураш халқаро ассоциацияси ва Ўзбекистон кураш федерациясининг тизимли молиялаштириш манбалари мавжуд эмаслиги, хорижий давлатлар миллий федерацияларининг курашга оид зарур спорт анжомлари билан таъминланмаганлиги ушбу спорт билан шуғулланиш истагида бўлган спортчиларни курашга жалб қилиш имконини бермасдан келмоқда.

Хорижий давлатлар кураш федерацияларини кураш спорти бўйича ўқув-услубий қўлланмалар, тренерлар, яктак спорт кийимлари ва кураш гиламлари билан тизимли таъминлаш йўлга қўйилмаганлиги сабабли чет эллик спортчилар ўртасида мазкур спорт турини оммалаштириш ҳамда унинг инсонпарвар ғоялари ҳақида етарлича маълумот етказиш имкони берилмасдан қолмоқда.

Шунингдек, курашнинг Панамерика, Африка ўйинларида кўргазмали чиқишлари, яккама-якка жанговар Осиё ўйинлари, Осиё соҳил ўйинлари, ёпиқ иншоотлардаги ва ёзги Осиё ўйинлари ҳамда бир қатор халқаро ўйинлар дастурларига киритилганлиги, қолаверса, ўзбекча сўзлар ва Ўзбекистон давлат байроғи рамзи акс эттирилган кураш яктаклари орқали мамлакат ва миллат номини тараннум этаётган бир пайтда унинг Ўзбекистон ва жаҳонда янада оммалашуви ҳамда ривожланишига тўсқинлик қилаётган қуйидаги тизимли муаммолар мавжуд:


а) Ўзбекистонда курашни оммалаштириш ва ривожлантиришдаги тизимли муаммолар:

сўнгги йилларда курашни янада ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлсада, ушбу спортни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирларни ўз ичига олган алоҳида дастур ишлаб чиқилмаган;

мамлакатда ва жаҳон миқёсида малакали профессионал кураш тренерлари ҳамда ҳакамларини тайёрлаш тизими мавжуд эмас. Жумладан, бугунги кунда юртимизда олий малакали кураш тренерлари ва ҳакамлари Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида тайёрланиб, уни ҳар йили ушбу спорт йўналиши бўйича 30 нафар битирувчи тамомлайди. Бироқ, хорижий давлатлар фуқароларидан профессионал кураш тренерлари ва ҳакамларини тизимли тайёрлаш йўлга қўйилмаганлиги сабабли уларнинг мазкур мутахассисларни тайёрлашга амалий ёрдам бериш ҳақидаги мурожаатлари жавобсиз қолмоқда;

2000 йил 4 декабрда Кураш халқаро ассоциацияси томонидан таъсис этилган Халқаро кураш институти бугунги кунга қадар амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари асосида таълим муассасаси сифатида ташкил этилмаган ва фаолияти тўлақонли йўлга қўйилмаган. Ўтган 20 йил давомида ушбу институт томонидан кураш спортини ўрганишга йўналтирилган илмий тадқиқот ёки изланишлар деярли олиб борилмаган;

кураш спортининг асосий ажралмас қисми бўлган яктак спорт кийимлари маҳсулотларини ишлаб чиқариш кураш ватанида йўлга қўйилмаганлиги сабабли ўзбек кураши бренди яратилмаган;

Ўзбекистон кураш федерациясининг ҳудудий кураш марказлари ўз бино ҳамда спорт майдонларига эга эмас. Шу билан бирга, айни пайтда республиканинг 12 та ҳудудларида кураш миллий спорт тури марказлари қурилиши таъминланмаган;

кураш спорти ва миллий менталитетимизнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда хотин-қизларга мўлжалланган кураш йўналиши ташкил этилмаган, улар учун тренерлар ва ҳакамлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилмаган;

кураш спортини, ушбу соҳада муваффақиятларга эришаётган спортчиларни босма ва электрон оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш ишлари қониқарсиз аҳволда.


б) Жаҳонда курашни оммалаштириш ва ривожлантиришдаги тизимли муаммолар:

хорижий мамлакатларнинг Лондон, Париж, Афина, Рио де-Жанейро, Истанбул, Теҳрон ва бошқа шаҳарларидаги анъанавий кураш мусобақалари сўнгги йилларда ўтказилмасдан қолаётган бўлиб, бу курашнинг жаҳондаги нуфузи ва оммалашувига салбий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, Кураш халқаро ассоциациясининг 2017 йилги режасига мувофиқ хорижий мамлакатларда режалаштирилган жами 29 та кураш мусобақаларидан 14 таси, 2018 йилда 27 та мусобақалардан 16 таси, 2019 йилда 32 та мусобақалардан 18 таси молиялаштирилмаганлиги сабабли ўтказилмаган;

кураш бўйича миллий ва халқаро мусобақаларни мамлакатдаги ҳамда жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиш тизими йўлга қўйилмаган. Жумладан, курашни ўргатувчи ва тарғиб қилувчи видеороликлар, мобил иловалар ҳамда бошқа электрон материаллар тайёрланмаган;

курашни жаҳонда оммалаштириш ва унга хорижий давлатлар аҳолисини кенг жалб этиш мақсадида мавжуд 129 та хорижий федерацияларга яктак спорт кийимлари ва кураш гиламлари деярли етказиб берилмаган. Жумладан, ўтган даврда Германия, Россия, Беларусь ва Афғонистонга фақат 50 та яктак спорт кийимлари етказиш билан чекланилган;

кураш бўйича мамлакат ва хорижий давлатларда профессионал спортчилар тайёрлашга мўлжалланган ўқув-услубий қўлланмалар мавжуд эмас.



3-БОБ. КУРАШНИ ЎЗБЕКИСТОНДА ВА ЖАҲОНДА ЯНАДА

ОММАЛАШТИРИШ ҲАМДА РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ

АСОСИЙ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


Курашни янада ривожлантириш ва оммалаштириш мамлакатимиз аҳолисининг барча қатламларини ёшидан қатъи назар соғлом турмуш тарзига жалб қилиш, ёшларни Ватанга садоқатли этиб тарбиялаш, курашни жаҳон халқларининг севимли спорт турларидан бирига айлантириш, унинг ҳалоллик, адолатлилик, бағрикенглик каби инсонпарвар ғояларини дунё аҳлига янада кенг тарғиб қилиш, ушбу соҳага инвестицияларни фаол жалб этиш орқали уни тижоратлаштириш ҳамда чинакам ўзбек кураши брендини оммалаштиришни назарда тутади.

Ушбу Концепциянинг асосий мақсади - курашни Европа, Африка, Панамерика қитъавий ўйинларига расман киритиш ва халқаро "GAISF - Global Association of International Sports Federations" ташкилотининг эътирофига сазовор бўлиши орқали унинг Халқаро Олимпия Қўмитаси томонидан тан олинишига эришиш ҳамда 2028 йилгача Халқаро олимпия ўйинлари дастурига кириши учун барча зарур шарт-шароитлар яратишдан иборат.

Қуйидагилар курашни янада ривожлантиришнинг муҳим вазифалари ҳисобланади:

кураш билан шуғулланиш учун зарур моддий-техник база ва спорт инфратузилмасини яратиш;

ёшидан қатъи назар аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан ёшларни кураш спортига фаол жалб қилиш орқали мамлакатда ушбу спортнинг оммавийлигини янада ошириш, Ўзбекистонда курашни умумхалқ спорт турига айлантириш;

кураш тренерлари ва ҳакамларини тайёрлаш, улар малакаларини босқичма-босқич ошириб бориш, хорижий давлатлар миллий федерацияларига тренерларни "экспорт" қилиш тизимини йўлга қўйиш;

курашнинг янги турларини (хотин-қизлар кураши, соҳил кураши, жанговар кураш ва бошқаларни) оммалаштириш ва ривожлантириш;

кураш спорт турига инвестицияларни кенг жалб этиш ва уларни рағбатлантириш, кураш хусусий клублари тизимини ривожлантириш;

яктак спорт кийимлари ва кураш гиламлари ишлаб чиқаришни ҳамда хорижий давлатлар кураш федерацияларига мунтазам етказиб бериш тизимини йўлга қўйиш;

курашни хорижий давлатларда янада оммалаштириш ва ривожлантириш, уни жаҳон халқларининг энг оммабоп спорт турларидан бирига айлантириш.



4-БОБ. ЎЗБЕКИСТОНДА ВА ЖАҲОНДА КУРАШНИ ЯНАДА

ОММАЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАРНИНГ

АСОСИЙ БОСҚИЧЛАРИ ҲАМДА УСТУВОР

ЙЎНАЛИШЛАРИ


Ўзбекистонда ва жаҳонда курашни янада оммалаштириш бўйича чора-тадбирлар қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:

биринчи босқич (2020-2023 йиллар) - кураш мусобақалари сони ва кўламини янада кенгайтириш, унинг мамлакат ҳамда хорижий давлатлардаги инфратузилмасини яхшилаш, тренер ва ҳакамларга бўлган эҳтиёжни қаноатлантириш, хорижий давлатлар федерацияларини молиявий ҳамда моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали ушбу спорт турини янада оммалаштириш;

иккинчи босқич (2024 йилдан) - курашнинг инсонпарвар хусусиятларини бутун дунёга фаол тарғиб қилиш, спорт мусобақаларига аҳолининг барча қатламларини кенг жалб этиш орқали жаҳон халқларининг севимли спорт турига айлантириш, Халқаро олимпия ўйинларига киришига эришиш, дунёда ўзбек кураши бренди нуфузини ошириш.



1-§. Ўзбекистонда курашни янада оммалаштириш

ва ривожлантиришнинг устувор йўналишлари


Қуйидагилар 2025 йилга қадар Ўзбекистонда курашни янада оммалаштириш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳисобланади:


а) аҳолининг барча қатламларини кураш билан шуғулланишга кенг жалб қилиш, Ўзбекистонда курашни умумхалқ спорт турига айлантириш. Бунинг учун қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

кураш спорт тури билан шуғулланувчилар ва тренерлар ҳақида маълумотларни тўлиқ шакллантириш мақсадида фаолият юритаётган барча кураш клубларини хатловдан ўтказиш;

курашга ихтисослашган туман (шаҳар)лар умумтаълим мактабларининг ўқув дастурига курашни киритиш ва уларни моддий-техник базасини такомиллаштириш;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари, ихтисослаштирилган спорт мактаблари ва спорт мактабларида кураш бўйича қабул квоталарини икки бараварга ошириш;

республикадаги касб-ҳунар мактаблари, коллежлари, техникумлари ва олий таълим муассасаларининг спорт клублари таркибида кураш секцияларини ташкил этиш;

касб-ҳунар мактаблари, коллежлар, техникумлар ва олий таълим муассасалари ўқувчи ҳамда талабаларининг кураш бўйича мусобақаларда қўлга киритган ютуқлари асосида "Таълим муассасаларининг "Кураш" миллий спорт тури бўйича миллий рейтинги"ни тузиш;

олий таълим муассасалари рейтингини аниқлаш мезонларига олий таълим муассасасида кураш секциялари ташкил этилганлиги ва фаолияти мунтазам йўлга қўйилганлиги, унда қатнашувчи талабаларнинг мусобақаларда совринли ўринларни эгаллашларини киритиш;

ҳар йили давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида кураш бўйича "Ўзбек полвони" республика мусобақасини ўтказиш;

курашнинг янги турларини (хотин-қизлар кураши, соҳил кураши, жанговар кураш ва бошқалар) ташкил этиш, уларни оммалаштириш чораларини кўриш, ушбу турлар бўйича тренерлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;

Ўзбекистонда 2023 йилдан бошлаб болалар, хотин-қизлар ва фахрийлар ўртасида мунтазам равишда ҳудудий ва республика мусобақалари ўтказишни йўлга қўйиш;


б) кураш билан шуғулланиш учун зарур моддий-техник база ва инфратузилмани шакллантириш. Бунинг учун қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

вилоятлар марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида 2021-2025 йилларда янги қуриладиган Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги кураш маҳорат спорт мактабларининг намунавий лойиҳаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказилишини таъминлаш;

вилоятлар марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида янги қуриладиган Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги кураш маҳорат спорт мактабларини қуриш ва уларни кураш гиламлари ҳамда зарур спорт инвентарлари билан жиҳозлаш;

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги кураш маҳорат спорт мактабларини жиҳозлаш нормативларини ишлаб чиқиш;

умумтаълим мактабларининг спорт залларини жиҳозлашнинг нормативларига "кураш гиламлари"ни киритиш ва мазкур мактабларни босқичма-босқич таъминлаш дастурини ишлаб чиқиш;

Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Талабалар кўчасида жойлашган 1 гектар ер майдонига халқаро кураш мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган "Кураш" миллий спорт тури марказини қуриш;

в) Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жисмоний тайёргарлик машғулотларида босқичма-босқич кураш ҳамда жанговар курашни устувор спорт турлари сифатида киритиш. Бунинг учун қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг жисмоний тайёргарликларида кураш ҳамда жанговар кураш машғулотларига устуворлик берган ҳолда уларни босқичма-босқич жорий этиш режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг жисмоний тайёргарликларида кураш ҳамда жанговар кураш машғулотларининг амалий ва услубий қўлланмаларини тайёрлаш;

кураш ҳамда жанговар кураш машғулотларини ўтказувчи тренерларни қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш;

Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар спорт мусобақалари йиллик календарь режасига кураш бўйича мусобақаларни киритиш;

Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳарбий хизматчи ва ходимлари ўртасида республика чемпионатини ташкил этиш ҳамда ўтказиш;


г) кураш бўйича профессионал тренерлар, ҳакамлар тайёрлаш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, курашнинг илмий-методологик базасини кучайтириш. Бунинг учун қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

Кураш халқаро ассоциацияси ва Ўзбекистон кураш федерацияси муассислигида Халқаро кураш институти фаолиятини қайта ташкил этиш ҳамда унинг асосий вазифаларини белгилаш;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳамда бошқа жисмоний маданият йўналишларидаги олий таълим муассасаларида кураш бўйича мутахассисликлар очиш;

курашга ихтисослашган туман (шаҳар)лар умумтаълим мактаблари учун кураш фанидан ўқув-услубий қўлланмалар тайёрлаш;

кураш тренерлари ва ҳакамларининг хорижий давлатларга "экспорт" қилинишини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг чет тилларини ўрганишларини рағбатлантириш тизимини яратиш;

курашни ўқитишга бағишланган "Кураш усуллари", "Кураш техникаси ва ўқитиш методикаси", "Янги ўрганувчилар учун кураш", "Кураш ҳамма учун", "Кураш усулларини ўқитиш методикаси" номли ўқув-услубий қўлланмалар тайёрлаш ва чоп этиш;

"Йил тренери", "Йил ҳаками" ва бошқа номинациялардаги республика танловини ташкил этиш ва ўтказиш;

миллий ва жаҳон спорт юлдузлари иштирокида ўзбек, рус, инглиз ва бошқа хорижий тилларда кураш усулларини ўргатишга бўйича махсус видеороликлар тайёрлаш;

кураш бўйича халқаро илмий-амалий конференцияларни, семинарларни ва форумларни ўтказиш;

жаҳондаги барча кураш турларини илмий жиҳатдан ўрганиб, олимларнинг мазкур йўналишдаги илмий изланишларини таҳлил қилган ҳолда, кураш спорт турларини ривожланиш стратегиясини белгилаб берадиган "Халқаро кураш форуми"ни ташкил этиш;


д) ўзбек кураши брендини яратиш, инвестицияларни жалб этган ҳолда яктак спорт кийимлари ва кураш гиламларини ишлаб чиқариш, курашни тижоратлаштириш чораларини кўриш. Бунинг учун қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

яктак спорт кийимлари турларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уларнинг давлат стандартини ишлаб чиқиш;

тадбиркорларни, шу жумладан хорижий инвесторларни жалб этиш орқали яктак спорт кийимлари ва кураш гиламлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

Ўзбекистон кураш федерациясига букмейкерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш орқали якка ва жамоавий кураш ўйинлари ҳамда кураш билан боғлиқ бошқа ўйинларни йўлга қўйиш, улардан олинган даромадларни фақат курашни ривожлантиришга йўналтириш;

белгиланган тартибда "KURASHLOTTO" лотереяларини ташкил этиш ва лотерея ўйинлари ўтказиш;

Ўзбекистон кураш федерацияси ҳузурида унга аъзо кураш спортчиларидан иборат жисмоний ва юридик шахсларга шартнома асосида қўриқлаш хизматлари кўрсатиш бўйича таклиф киритиш;

кураш клубларини ташкил этиш, реклама хизматларидан фойдаланиш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш орқали курашнинг тижоратлашувини жорий этиш;


е) курашни аҳоли ўртасида, шу жумладан оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш. Бунинг учун қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

ижтимоий реклама орқали курашнинг оммавийлигини кенг тарғиб қилиш;

кураш бўйича Осиё ўйинлари, Осиё ва жаҳон чемпионатлари ғолиблари, миллий терма жамоалар аъзолари тўғрисидаги маълумотларни электрон базага жойлаштириш дастурини ишлаб чиқиш ва унга барча нуфузли мусобақалар, кураш бўйича тренерлар, терма жамоа аъзолари, халқаро ва республика тоифасидаги ҳамда захирадаги ҳакамлар тўғрисидаги барча маълумотлар жойлаштирилишини таъминлаш;

кураш бўйича ўтказиладиган халқаро ва республика мусобақаларини мунтазам ёритиб бориш, кураш мусобақаларининг совриндор спортчилари оила аъзолари, тренерлари иштирокида "Курашчининг онаси", "Курашчининг отаси", "Чемпионнинг устози" каби туркум телекўрсатувлар тайёрлаш ва намойиш этиш;

"Кураш миллий спорт турининг ривожланиш тарихи", "Кураш қаҳрамонлари", "Йил курашчиси" ва бошқа номдаги китоблар чоп этиш, ўзбек, инглиз ва рус тилларидаги "UZBEK KURASH" номли ойлик илмий-оммабоп электрон журналини таъсис этиш ва уни электрон оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилиш;

"Курашчилар учун бадантарбия", "Болалар учун кураш", "Катталар учун кураш", "Кураш маликаси", "Кураш миллий ғуруримиз", "Кураш миллат фахри" ва бошқа номлардаги махсус роликлар тайёрлаш ҳамда эфир вақтида, жумладан томошабоп вақтларда ҳар кун намойиш этиш, "Кураш юлдузи", "Кураш фахрийси", "Кураш тарихи", "Кураш халқ сайли" номли телекўрсатувлар тайёрлаш, радио эшиттиришлар ташкил этиш, ёшлар ўртасида курашни кенг тарғиб этиш, уларда ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш, уларни соғлом турмуш тарзига амал қилишга ундашга қаратилган кўрсатувлар намойиш этиш орқали оммалаштириш бўйича медиа-режа ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

кураш орқали соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, умумхалқ ҳаракати сифатида турли кураш сайилларини, байрам ва тадбирларда кураш бўйича кўнгилочар тадбирларни ташкил этиш.



2-§. Курашни жаҳон халқларининг севимли спорт турларидан

бирига айлантириш, унинг инсонпарвар ғояларини кенг

тарғиб қилиш орқали жаҳонда Ўзбекистон нуфузини

оширишнинг устувор йўналишлари


Курашни жаҳон халқларининг севимли спорт турларидан бирига айлантириш, унинг инсонпарвар ғояларини кенг тарғиб қилиш орқали жаҳонда Ўзбекистон нуфузини оширишнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидагиларни амалга ошириш лозим:


а) курашни жаҳонда оммалаштириш, кураш билан боғлиқ турли тадбирларга туристларни кенг жалб этиш. Бунинг учун қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

кураш бўйича халқаро спорт тадбирлари ғолиблари иштирокида Бухоро, Самарқанд, Хива ва бошқа сайёҳлар гавжум бўлган жойларда кураш маҳорат дарсларини мунтазам ташкил этиш ҳамда уларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб бориш;

вилоятлар марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида миллий ва хорижий олий таълим муассасалари талабалари ўртасида халқаро кураш мусобақасини ташкил этиш ҳамда ўтказиш;

Ҳар икки йилда ўтказиладиган "Жаҳон кураш ўйинлари"ни ("World Kurash games") йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан Кураш халқаро ассоциациясига таклиф киритиш орқали ушбу халқаро мусобақа мунтазам ўтказилишини таъминлаш;

устувор равишда хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича халқаро турнирларни ўтказиш;

курашни ЮНЕСКОнинг этноспорт миллий ўйинлари номоддий маданий мероси рўйхатига киритиш;

2023 йилда Ислом ҳамда Африка ўйинлари, 2024 йилда Европа ўйинлари ва 2025 йилда Панамерика ўйинлари спорт мусобақалари дастурига кураш спортини киритиш;

Халқаро Олимпия қўмитаси ва унинг аъзолари билан ҳамкорликни кучайтириш;

олимпия мезонлари асосида, халқаро майдонда болалар, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида кураш спортини оммавийлаштириш ва спорт мусобақаларини ташкил этиш;


б) хорижий давлатлар кураш федерацияларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, кураш инфратузилмасини шакллантириш. Бунинг учун қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

ҳар йили Кураш халқаро ассоциацияси, шунингдек, Африка, Европа, Панамерика, Осиё-Океания кураш конфедерациялари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда катталар ва ёшлар ўртасида қитъавий мусобақаларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш мақсадида улар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш;

ҳар йили Кураш халқаро ассоциацияси тасдиқлаган жадвалга мувофиқ белгиланган стандартларга жавоб берадиган 2 000 дона яктак спорт кийимлари ҳамда 50 комплект кураш гиламларини хорижий давлатлар кураш федерацияларига етказиб берилишини таъминлаш;

хорижий давлатлар кураш федерацияларининг сўровига биноан кураш мутахассисларини хорижий давлатларга "экспорт" қилиш амалиётини жорий этиш;

Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан давлатлар тенглиги тамойили асосида тузилган жадвалга мувофиқ ҳар йили 50 нафар кураш бўйича чет эллик тренер ва ҳакамларнинг икки ҳафталик бепул малакасини ошириш ўқув курсларини ташкил этиш;


в) кураш бўйича миллий ва халқаро мусобақаларни етакчи оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритишни йўлга қўйиш. Бунинг учун қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

мамлакатимизда ва хорижий давлатларда ўтадиган кураш мусобақалари, "тўй курашлари", "кураш сайиллари", "кураш фестиваллари" ва бошқа тадбирлар ҳақида рус, инглиз ва бошқа хорижий тилларда материаллар тайёрлаш, уларни электрон оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш;

Ўзбекистон кураш федерациясининг инглиз, рус ва ўзбек тилларида веб-сайтини яратиш;

курашни жаҳон бўйлаб тарғиб қилиш бўйича роликлар тайёрлаш ва ESPN (Entertainment and Sports Programming Network), Sky Sports, Setanta Sports, Fox Sports, Euronews, Eurosport CNN ҳамда бошқа етакчи хорижий оммавий ахборот воситаларида намойиш этиш.



5-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Мазкур Концепцияда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш мўлжалланмоқда:

2021 йилда кураш тренерлари ва ҳакамлари тайёрлаш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйиш орқали мамлакатнинг ва хорижий давлатлар кураш федерацияларининг уларга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш;

2022 йилда курашни халқаро "GAISF - Global Association of International Sports Federations" ташкилотининг эътирофига сазовор бўлиш;

2023 йилда курашни Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тан олинишига эришиш;

2024 йилга қадар Ўзбекистон кураш федерацияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари моддий-техник базасини шакллантириш ҳамда уларни кураш гиламлари билан таъминлашга эришиш;

2025 йилга қадар кураш билан мунтазам шуғулланувчи мактаб ўқувчиларини жами мактаб ўқувчиларининг камида 12 фоизига етказишга эришиш;

2025 йилга қадар кураш билан мунтазам шуғулланувчи аҳоли сонини камида 8 фоизга ҳамда хорижий давлатларда кураш билан мунтазам шуғулланувчи спортчилар сонини камида 12 миллионга етказишга эришиш;

2028 йилда курашнинг Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киришига эришиш.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


Ўзбек курашини мамлакатимизда ва жаҳонда оммалаштириш ҳамда янада ривожлантириш, ушбу спорт тури орқали мамлакатимиз шаъни ва нуфузини ошириш нафақат унинг ривожига жавобгар ташкилотларнинг юксак масъулиятини, балки ҳар бир фуқаронинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини тақозо этади.

Концепцияда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши мамлакатимиз аҳолиси барча қатламларини спортга жалб этган ҳолда жисмонан соғлом авлод шаклланишини янада рағбатлантиришга, ўзбек ва жаҳон спортчиларини ягона мақсадга - жаҳоннинг инсонпарвар спорт турларидан бири бўлган курашни ривожлантириш йўлида бирлашишларига хизмат қилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 5 ноябрь

























































Время: 0.2017
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск