ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ер қонунчилиги / Ер муҳофазаси /

Қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.12.2020 й. 791-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 17 декабрдаги

791-сон қарорига

ИЛОВА



Қишлоқ хўжалиги ерларини консервация

қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом деградацияга учраган, кам маҳсулдор ҳамда заҳарли саноат чиқиндилари ва радиоактив моддалар билан ифлосланган қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


деградацияга учраган ерлар - табиий ва антропоген омиллар, хўжалик ва бошқа фаолиятнинг салбий таъсирлари натижасида тупроқ сифати ёмонлашган қишлоқ хўжалиги ерлари;


ерларни консервация қилиш - деградацияга (шўрланишга, чўлланишга, ботқоқлашишга учраши ҳамда яйлов ва пичанзорларда тупроқ-ўсимлик қоплами жиддий таназзулга) учраган, кам маҳсулдор, ҳосилдорлиги жуда пасайган ва табиий хусусиятлари бўйича салбий тавсифларга эга тупроқлар, юқори даражада заҳарли саноат чиқиндилари, радиоактив моддалар, оғир металлар ва бошқа кимёвий элементлар билан ифлосланган қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлик ва табиий хусусиятларини тиклаш, бузилган ерларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини ва деградация суръатларини пасайтириш ҳамда олдини олиш чора-тадбирларини амалга ошириш учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга мақсадли фойдаланишдан чиқариш;


ерларни консервация қилиш лойиҳаси - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиясининг қарори;


кам маҳсулдор ерлар - мақсадли фойдаланиш учун экологик хавфли ва иқтисодий жиҳатдан самарасиз деб топилган, тупроқ унумдорлиги жуда паст ва табиий хусусиятлари бўйича салбий тавсифланадиган қишлоқ хўжалиги ерлари;


картографик (план-картографик) материал - хариталарни яратиш ва янгилаш учун фойдаланиш мумкин бўлган ер участкасининг фазовий жойлашиши тўғрисидаги ахборот ва ҳужжатлар;


қишлоқ хўжалиги ерлари - қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш (ишлаб чиқариш) учун доимий фойдаланиладиган экин (ҳайдалма) ерлар, пичанзор ва яйловлар, бўз (ташландиқ) ерлар, кўп йиллик дов-дарахтлар (боғлар, токзорлар, тутзорлар, мевали дарахт кўчатзорлари, мевазорлар ва бошқалар) эгаллаган ерлар.


3. Қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

экологик талаблар бузилиши натижасида тупроқларнинг кучли эрозияга, шўрланишга, чўлланишга, ботқоқлашишга учраши ҳамда яйлов ва пичанзорларда тупроқ-ўсимлик қоплами жиддий таназзулга учраганда;

тупроқларнинг инсон саломатлиги учун хавфли даражада кимёвий моддалар ва бошқа турдаги ифлослантирувчилар билан зарарланиши ёки шўрланиши ёки ишқорлилик даражасининг ошиши натижасида ерларнинг бузилиши юзага келганда;

ерларнинг кам маҳсулдорлиги, тупроқ ҳосилдорлиги жуда пасайганда ва табиий хусусиятлари бўйича салбий тавсифларга эга бўлганда;

ерлар йўл қўйилиши мумкин бўлган чегаравий концентрациялардан юқори даражада заҳарли саноат чиқиндилари, радиоактив моддалар, оғир металлар ва бошқа кимёвий элементлар билан ифлосланганда.


4. Ер участкаси жисмоний ва юридик шахслар фойдаланишида ёки эгалигида бўлса, қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) ташаббусига кўра амалга оширилади.

Агар қишлоқ хўжалиги ерларига нисбатан фойдаланиш ёки эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилмаган бўлса, ерларни консервация қилиш туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари ташаббусига кўра амалга оширилади.


5. Консервация қилинган ерларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланганлиги бўйича тури консервация қилинган барча даврда ўзгармайди ва статистика ҳисоботларида алоҳида сатрда кўрсатилади.


6. Қишлоқ хўжалиги ерларининг бузилишга олиб келган шахсларни аниқлаш ва етказилган зарарни қоплаш Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларига етказилган зарарлар, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларига, шунингдек, ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. КОНСЕРВАЦИЯ ҚИЛИНАДИГАН ҚИШЛОҚ

ХЎЖАЛИГИ ЕРЛАРИНИ АНИҚЛАШ

ВА ХАТЛОВДАН ЎТКАЗИШ


7. Консервация қилинадиган қишлоқ хўжалиги ерларини аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда - Қишлоқ хўжалиги вазирлиги), Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атрофмуҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилади.


8. Қишлоқ хўжалиги ерларини хатловдан ўтказиш ва консервация қилинадиган қишлоқ хўжалиги ерларини аниқлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 апрелдаги 299-сон қарори билан тасдиқланган Ер ресурсларини хатловдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ҳар беш йилда умумий кўрикдан ўтказиш, агрокимёвий ва геоботаник тадқиқотлар асосида амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари қишлоқ хўжалиги ерларини хатловдан ўтказиш учун план-картографик материаллар ва ер участкаси тўғрисидаги бошқа ахборотларни ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги маълумотларни ер-ахборот маълумотлар базасига киритиш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги ерларининг план-картографик ва бошқа ахборотлари ҳамда агрокимёвий ва геоботаник тадқиқотлар натижалари асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тупроқлари ҳолати тўғрисида миллий, ҳудудий ва маҳаллий электрон маълумотлар базасини шакллантиради.


9. Умумий кўрик, агрокимёвий ва геоботаник тадқиқотлар натижаларига кўра қишлоқ хўжалиги ерлари консервация қилинадиган гуруҳга ўтказилади.


10. Қишлоқ хўжалиги ерларини деградацияга учраган, кам маҳсулдор ҳамда заҳарли саноат чиқиндилари ва радиоактив моддалар билан ифлосланган консервация қилинадиган гуруҳга ўтказишда ушбу Низомга 1-иловада келтирилган тупроқ таркибини тавсифловчи тахминий кўрсаткичлардан фойдаланилади.


11. Маҳсулдорлиги бўйича қишлоқ хўжалиги ерлари тўрт тоифага бўлинади:

а) қишлоқ хўжалигида фойдаланишга яроқли бўлган ерлар - ўзининг табиий ҳосилдорлиги бузилмаган ҳолда сақлаб қолинган ерлар;

б) қишлоқ хўжалигида фойдаланишга яроқсиз ерлар - сўнги уч йил ичида ерларнинг бузилишига, тупроқ унумдорлиги (озуқа ҳажми) сифати ёмонлашувига олиб келадиган жараёнлар бир оз таъсир қилган, тупроқнинг балл бонитети, геоботаник фарқлар ва бошқа усуллар билан белгиланган базавий нормативлари 20 фоиздан ошмайдиган ерлар;

в) кам маҳсулдорлиги ўрта даражадаги қишлоқ хўжалиги ерлари - ерларнинг бузилишига олиб келадиган жараёнларга мойил бўлган, сўнги уч йил ичида тупроқ унумдорлигининг (озуқа ҳажми) сифати ёмонлашувига олиб келадиган жараёнлар вужудга келган тупроқнинг бонитети, геоботаник фарқлар ва бошқа усуллар билан белгиланган базавий нормативлари 20-40 фоизни ташкил қиладиган ерлар;

г) кам маҳсулдорлиги юқори даражадаги қишлоқ хўжалиги ерлари - тупроқ унумдорлигининг пасайишига олиб келадиган жараёнларга жуда сезгир, сўнги уч йил ичида тупроқ унумдорлигининг (озуқа ҳажми) сифати ёмонлашувига олиб келадиган жараёнлар вужудга келган тупроқнинг балл бонитети, геоботаник фарқлар ва бошқа усуллар билан белгиланган базавий нормативлари - 40 фоиздан ортиқни ташкил қиладиган ерлар.



3-БОБ. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЕРЛАРИНИ

КОНСЕРВАЦИЯ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


12. Қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш ишлари ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


13. Қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш агротехник ва биологик тадбирларни ўз ичига олган ерларни консервация қилиш бўйича тасдиқланган лойиҳалар асосида амалга оширилади.

Агротехник тадбирларда ерни текислаш (режалаштириш), қияликларни шакллантириш, тупроқнинг юза қатламини олиб ташлаш, тупроққа унумдор қатламларни ётқизиш, гидротехник ва мелиорация иншоотларини қуриш, заҳарли юза жинсни кўмиб ташлаш ҳамда ерлар деградацияси, атроф-муҳитга бузилган ерларнинг салбий таъсирларини олдини олиш, истиқболда ерлардан белгиланган ва рухсат этилган мақсадда фойдаланиш учун бошқа ишларни амалга ошириш назарда тутилади.

Биологик тадбирлар тупроқларнинг агрофизик, агрокимёвий, биокимёвий ва бошқа хусусиятларини яхшилашга қаратилган агротехник ва фитомелеоратив тадбирлар мажмуасини қамраб олади.


14. Ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) ва туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари (қишлоқ хўжалиги ерларига нисбатан фойдаланиш ёки эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилмаган ерлар учун) қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармаларига консервация қилиш зарурати ва сабабларини асослантирган ҳолда тегишли ариза билан мурожаат қилади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

ер участкасидан фойдаланиш (эгалик қилиш) ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

ер участкаси далалари бўйича агрокимёвий (яйлов ва пичанзорлар учун геоботаник) тадқиқотлар таҳлили (консервация қилиш ҳолатидаги қишлоқ хўжалиги ерлари бўйича);

шахсий кузатув материаллари (фототасвир, видеоёзув ва бошқалар).


15. Ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) ва туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликларининг (қишлоқ хўжалиги ерларига нисбатан фойдаланиш ёки эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилмаган ерлар учун) аризасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари беш иш куни ичида ерларни жойига чиққан ҳолда кўрикдан ўтказиш ва уларни консервация қилишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосани тайёрлаш учун комиссия тузиш ҳақида қарор чиқаради.

Комиссия таркибига ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (ўрмон хўжалиги ерларида), Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтининг масъул ходимлар киритилади.

Комиссия аъзолари:

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги - қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш ишларини мувофиқлаштиради ва умумий раҳбарликни амалга оширади;

Сув хўжалиги вазирлиги - қишлоқ хўжалиги ерларининг мелиоратив ҳолатини, ирригация ва мелиорация тизимларининг ишчи ҳолатини баҳолайди;

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси - ўрмон фонди таркибидаги қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолатларини ўрганади;

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси - қишлоқ хўжалиги ерларининг заҳарли саноат чиқиндилари ва радиоактив моддалар билан ифлосланганлик даражасини аниқлайди;

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги - қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон фонди ерларининг хўжалик ва ҳуқуқий режими, жойлашган жойи (манзили), чегараси, контур рақами, майдони, ер тоифаларини аниқлайди.


16. Комиссия ерларни ўн беш иш кунида жойига чиққан ҳолда кўрикдан ўтказиб, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари вакиллари томонидан ерларни консервация қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ва консервация қилишга сабаб бўлган омиллар тўғрисида ҳисобот ва хулоса тайёрлайди.


17. Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари ўн иш куни ичида тақдим этилган материаллар ва хулосаларни кўриб чиқиб, консервация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қабул қилинган қарорга мувофиқ консервация қилиш бўйича ишчи ер тузиш лойиҳаси ишлаб чиқилади ва унда ерларни консервация қилиш усуллари, консервация қилиш муддати, ерлардан фойдаланиш йўналишлари белгиланади.


18. Ерларни консервация қилиш лойиҳаси алоҳида ҳужжат кўринишида тайёрланади.


19. Ерларни консервация қилиш лойиҳаси қуйидагиларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади:

бузилган ер майдони, деградация даражаси ва тавсифлари ерларни кўрикдан ўтказиш натижасида аниқланган салбий ҳолатлар;

атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид талаблар, техник регламентлар ҳамда ер участкаси жойлашган жойи ва ҳудуднинг табиий-иқлим шароитлари;

бузилган ерлардан фойдаланишнинг белгиланган ва рухсат этилган мақсади.


20. Ерларни консервация қилиш лойиҳаси қуйидаги бўлимлардан ташкил топади:

а) "Тушунтириш" бўлими, унда қуйидагилар ёритилади:

ерни консервация қилишнинг дастлабки шартлари, унинг майдони, жойлашган жойи, ер деградациясининг даражаси ва тавсифлари;

консервация қилинадиган ер участкасининг кадастр рақами, консервация қилинадиган ерлар чегараси ва чегарадош ерлар тўғрисидаги маълумотлар ва ер тузиш харитаси;

консервация қилинадиган ер участкасидан фойдаланиш бўйича белгиланган мақсад ва рухсат этилган йўналиш тўғрисидаги ахборотлар;

ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) тўғрисидаги маълумотлар;

ер участкасининг алоҳида шартларда фойдаланиладиган ҳудудлар билан чегарадошлиги тўғрисидаги маълумотлар;

б) "Ерларни консервация қилишнинг экологик ва иқтисодий асосномаси" бўлими, унда қуйидагилар ёритилади:

консервация қилиш тугагандан сўнг ер участкасидан белгиланган мақсад ва рухсат этилган йўналишда фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда, ерларни консервация қилиш бўйича режалаштирилган тадбирлар ва техник ечимларнинг экологик ва иқтисодий асосномалари;

ерларни консервация қилиш ишларининг параметрлари ва сифат хусусиятларига қўйилган талаблар тавсифи;

в) "Ерларни консервация қилиш ишлари таркиби, ҳажми ва муддатлари" бўлими, унда қуйидагилар ёритилади:

ерларни кўрикдан ўтказиш натижалари асосида аниқланадиган консервация қилиш бўйича ишлар таркиби ҳамда ерларни консервация қилиш бўйича ишларини амалга ошириш заруратини асослаш учун тупроқ ва бошқа дала тадқиқотлари, лаборатория таҳлиллари, шу жумладан тупроқ таркибининг физик, кимёвийва биологик кўрсаткичлари ҳамда муҳандислик-қидирув натижалари;

ерларни консервация қилиш ишларини амалга ошириш кетма-кетлиги ва ҳажми тавсифи;

ерларни консервация қилиш ишларини амалга ошириш муддати;

ерларни консервация қилиш ишларини якунлаш режалаштирилган муддат;

г) "Ерларни консервация қилиш ишларини ўтказиш учун харажатлар сметаси" бўлими. Бунда ерларни консервация қилиш ишларининг тури ва таркиби бўйича алоҳида ва умумий харажатлар акс эттирилади.


21. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар (туманлар, шаҳарлар) ҳокимликлари, ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) ерларни консервация қилиш лойиҳаларининг буюртмачилари (кейинги ўринларда - буюртмачи) бўлиши мумкин.


22. Ерларни консервация қилиш лойиҳалари қонун ҳужжатларга мувофиқ ер тузиш ишларини бажарувчи юридик ва жисмоний шахсларни жалб қилган ҳолда, ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Агар қишлоқ хўжалиги ерларига нисбатан фойдаланиш ёки эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилмаган бўлса, ерларни консервация қилиш лойиҳалари қонун ҳужжатларга мувофиқ ер тузиш ишларини бажарувчи юридик ва жисмоний шахсларни жалб қилган ҳолда,туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


23. Ерларни консервация қилиш лойиҳаси тасдиқлангунга қадар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (ўрмон хўжалиги ерларида), Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлинмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилади.


24. Ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) келишиш учун ерларни консервация қилиш лойиҳасини иловалари ва хат билан биргаликда тақдим қилади. Ерлар деградацияси даражасини пасайтириш, бузилган ерларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ва келгусида деградацияга учрашининг олдини олиш мақсадларига эришиш учун ерларни консервация қилиш бўйича назарда тутилган тадбирларнинг етарлилиги ва асосланганлиги лойиҳани келишиш предмети ҳисобланади.


25. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (ўрмон хўжалиги ерларида), Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлимлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ерларни консервация қилиш лойиҳаси тақдим этилган кундан бошлаб ўн беш кун давомида лойиҳанинг келишилганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисида расмий хат бериши зарур.

Агар ерларни консервация қилиш лойиҳаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (ўрмон хўжалиги ерларида), Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлимлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъул ходимлари томонидан асоссиз равишда ўн беш кун давомида кўриб чиқилмаса, лойиҳа келишилган деб ҳисобланади.


26. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (ўрмон хўжалиги ерларида), Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлимлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қуйидаги ҳолатлардан бирида ерларни консервация қилиш лойиҳасини келишишни рад этиш тўғрисида хабарнома юбориши мумкин:

ерларни консервация қилиш лойиҳасида назарда тутилган тадбирлар ерлар деградацияси даражасини пасайтириш, атроф-муҳитга салбий таъсирларни ва ерларнинг кейинчалик деградациясининг олдини олиш мақсадларига эришишни таъминламаса;

ерларни консервация қилиш лойиҳасида кўрсатилган ер участкалари ва консервация қилинадиган ерлар майдонлари консервация қилиш талабларига номувофиқ бўлса;

ерларни консервация қилиш лойиҳасининг "Тушунтириш" бўлимида ерлар ва ер участкаларини консервация қилиниши тўғрисида ишончсиз ва шубҳали маълумотлар мавжуд бўлса;

консервация қилиш даврида ер участкаларидан белгиланган ва рухсат этилган мақсадда фойдаланиш бузилишига тааллуқли тадбирлар белгиланган бўлса.


27. Ерларни консервация қилиш лойиҳасини келишишни рад этиш тўғрисидаги хабарномада ерларни консервация қилиш лойиҳасини қайта кўриб чиқиш бўйича рад этиш сабаблари ва тавсиялар асосланган ҳолда кўрсатилади.


28. Ерларни консервация қилиш лойиҳаси рад этиш сабаблари бартараф этилгандан сўнг ерларни консервация қилиш лойиҳасини келишиб беришни рад этиш тўғрисида хабарнома олган кундан бошлаб уч ойдан кечикмасдан қайта келишиш учун тақдим этилиши мумкин.

Ерларни консервация қилиш лойиҳасида кўрсатилган ер участкалари ва консервация қилинадиган ерлар майдонлари консервация қилиш талабларига номувофиқ бўлса, лойиҳа қайта келишиш учун қабул қилинмайди.


29. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (ўрмон хўжалиги ерларида), Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлимлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қайта киритилган ерларни консервация қилиш лойиҳасини беш иш кунида келишади.


30. Ерларни консервация қилиш лойиҳаларини техник лойиҳалар (дастурлар) экспертизасидан ўтказиш талаб этилмайди.


31. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари уч иш кунида ерларни консервация қилиш бўйича тайёрланган тегишли материалларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссияга тасдиқлаш учун тақдим этади.


32. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссия ўн кундан кечикмасдан ерларни консервация қилиш тўғрисида қарор чиқаради.


33. Ерларни консервация қилиш лойиҳаларининг буюртмачилари ерларни консервация қилиш лойиҳаларининг нусхасини ер тузиш ҳужжатларининг маҳаллий фондида сақлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармаларига тақдим этади.

Ерларни консервация қилиш лойиҳаларини амалга ошириш даврида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (ўрмон хўжалиги ерларида), Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлимлари масъул ходимлари иштирокида консервация қилинаётган ер участкаси чегарасига консервация қилинганлиги тўғрисида белги қўйилади.


34. Қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш ишларини амалга ошириш муддати ерларни консервация қилиш лойиҳасида белгиланади ва ушбу муддат беш йилдан йигирма беш йилгача белгиланади.

Қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш бўйича консервация қилиш лойиҳасини амалга оширишда муаллифлик назоратини амалга оширишга рухсат этилади.


35. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш лойиҳаларининг амалга оширилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 23 декабрдаги 496-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида ер мониторинги тўғрисидаги низомга мувофиқ мониторинг олиб боради.


36. Ерни консервация қилиш бўйича консервация қилиш лойиҳасида белгиланган муддат тугагандан сўнг бир ой муддат ичида ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (ўрмон хўжалиги ерларида), Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлимлари ҳамда Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтининг масъул ходимларидан иборат консервация қилинган ерни жойига чиқиб кўрикдан ўтказиш бўйича комиссия тузилади.


37. Комиссия консервация қилинган ерни жойига чиқиб кўрикдан ўтказади ва Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармаларига ерларни фойдаланиш бўйича аввалги мақомга қайтариш, консервация муддатини узайтириш ёки ундан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликка йўналтирилган бошқа таклифлар тўғрисида хулоса тайёрлайди.


38. Консервация қилинган ерни жойига чиқиб кўрикдан ўтказиш бўйича комиссия хулосасига мувофиқ йигирма беш йилдан кам муддатга консервация қилинган қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш муддатини узайтиришга рухсат этилади.


39. Ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) ўзи айбдор бўлмаган ҳолатда иқтисодий самарасиз, экологик хавфли ва техноген ифлосланган ер участкаси ўрнига худди шу ер участкасига тенг қийматдаги ер участкасини ажратиш тўғрисида илтимоснома билан туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссияга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссия ер участкасидан фойдаланувчининг (эгалик қилувчининг) талабини туман захирасидаги ерлар ҳисобидан қаноатлантириши лозим.

Захира ерлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ер участкасидан фойдаланувчининг (эгалик қилувчининг) талаби рад этилиши мумкин.


40. Консервация амалга оширилаётган вақтда ер участкасининг мўлжалланган мақсадини ўзгартириш ва ерларни консервация қилиш лойиҳаларида назарда тутилгандан ташқари ҳар қандай фаолият тақиқланади.


41. Консервация даврида ер участкасидан фойдаланувчининг (эгалик қилувчининг) ерга нисбатан ижара (эгалик) ҳуқуқлари сақлаб қолинади ва Ер участкалари қишлоқ хўжалиги фойдаланишидан чиқарилади.

Ер участкасидан фойдаланувчининг (эгалик қилувчининг) хоҳишига кўра консервация қилинаётган ерлар захира ерлар таркибига ўтказилиши мумкин.


42. Ҳар йили 1 январь ҳолатига кўра консервация қилинган майдонлар тўғрисидаги маълумотлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига тақдим этиб борилади.



4-БОБ. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЕРЛАРИНИ

КОНСЕРВАЦИЯ ҚИЛИШ ТАДБИРЛАРИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ


43. Қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари, ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


44. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қуйидагилар молиялаштирилади:

тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларида назарда тутилган ерларни консервация қилиш бўйича тадбирларни амалга ошириш;

ер ва тупроқларни консервация қилиш учун изланишлар ўтказиш;

алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерларни консервация қилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш доирасидаги илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;

консервация қилинган қишлоқ хўжалиги ерлари мониторингини олиб бориш;

қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилишни рағбатлантириш тадбирлари.


45. Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан қуйидагилар молиялаштирилади:

ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий дастурларида назарда тутилган ерларни консервация қилиш тадбирлар;

ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий дастурларда назарда тутилган ерларни консервация қилишни рағбатлантириш тадбирлари.


46. Ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) маблағлари ҳисобидан:

қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилишгача бўлган ҳужжатларни тайёрлаш;

ер участкасидан фойдаланувчининг (эгалик қилувчининг) айби билан ушбу Низомнинг 3-бандида белгиланган ер бузилиши ҳолатлари юзага келганда, ерларни консервация қилиш бўйича барча тадбирлар молиялаштирилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


47. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Табиий-қишлоқ хўжалиги минтақаларидаги ерларни консервация

қилишда зарур шароитларни ва тупроқ таркибини тавсифловчи

ТАХМИНИЙ КЎРСАТКИЧЛАР

Т/р

Тупроқ хусусиятлари

ва белгилалари


Ўлчов бирликлари


Тупроқ хусусиятлари кўрсаткичлари

(минтақавий жойлашувини ҳисобга

олган ҳолда)


1.

Эрозияга учраганлиги (ювилган ва дефляцияга учраган)


Тупроқнинг эрозияга учраганлик даражаси


Хиралашган, кучли ва ўртача даражада ювилган, кучли ва ўртача даражада дефляцияга учраган


2.

Таркибий тузилиши


Ўлчами 3 мм тоғ жинси синиқ (қолдиқ)лари миқдори, фоиз ҳисобида


Тупроқлар ҳажмидан > 26 фоиз (30 см лик тупроқ қатламларида)


3.

Енгил механик (гранулометрик) таркиби


Физик лой (гил)лар миқдори (0,01 мм дан кичик диаметрдаги заррачалар), фоиз ҳисобида


Ҳар учала (чўл, яримчўл, тоғолди ва тоғости) минтақаларида 0-5 дан 25-30 фоизгача


4.

Тупроқнинг устки қатламида оғир механик (гранулометрик) таркиб


Физик лой (гил)лар миқдори (0,01 мм дан кичик диаметрдаги заррачалар), фоиз ҳисобида


45 фоиздан кўп


5.

Гумуслилик


Гумус миқдори, тупроқ массасига нисбатан фоиз ҳисобида


а) чўл минтақасида-0,5 кам;

б) ярим чўл минтақасида 0,5-1,0 кам;

в) тоғ ва тоғолди минтақаларда 1,0-2,0фоиз


6.

Тупроқ ишқорлилиги


рН


Барча минтақаларда

а) 7,0 дан кам (нордон)

б) 8,0 дан юқори (ишқорий)


7.

Ҳаракатчан алюминий миқдори


100 г тупроқда мг-экв


3,0 дан юқори


8.

Ҳаракатчан фосфор миқдори


-

-

9.

Алмашувчан калий миқдори


-

-

10.

Гумус (чиринди) миқдори


-

-

11.

Сингдирилган натрий миқдори


Сингдирилган асосларнинг умумий миқдоридан, фоиз


10 мг-экв. дан кам (шўрланмаган).

10 мг-экв. дан кўп (шўрланган)


12.

Шўрланганлиги


Заҳарли тузлар миқдори бўйича ҳисобланганда тупроқ массасига нисбатан фоиз ҳисобида


а) содали - 0,1 фоиздан кўп;

б) сульфат-хлоридли - 0,2 фоиздан кўп;

в) сульфатли -0,4 фоиздан кўп


13.

Физик деградацияга учраганлиги


Масса ҳажми, г/куб.см


а) лой ва гилсимон тупроқлар учун - 1,5 дан кўп;

б) қумли ва қумлоқ тупроқлар учун - 1,7 дан кўп


14.

Органогенли (торфли) тупроқнинг жойлашиш чуқурлиги


Органогенли қатламнинг қалинлиги, см


30 дан кам


15.

Иккиламчи сув босиши (ботқоқлашиши)


Грунт (сизот) сувлари сатҳи, м


1,0 дан юқори


16.

Кимёвий ифлосланиш


Охирги даражада рухсат этилган концентрация


Ҳаракатчан шаклдаги рухсат этилган концентрациянинг охирги даражадан ошиши (аммоний-ацетатли модда)


17.

Радиацияли ифлосланиш


Ифлосланиш қалинлиги

Цезий - 137

Стронций - 90 КОИ/кв.км


Cs137 - 15 дан кўп;

Sr90 - 3 дан кўп.


       





Низомга

2-ИЛОВА



Қишлоқ хўжалиги ерларини консервация

қилишишларини амалга ошириш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддатлари



1-босқич

Ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) ёки туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари


Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармаларига ерларни консервация қилиш зарурлиги бўйича (консервация қилиш сабабларини кўрсатган ҳолда) расмий мурожаат қилиш.


Йил давомида









2-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари


Ер участкасидан фойдаланувчининг (эгалик қилувчининг) аризасига асосан ерларни жойига чиққан ҳолда кўрикдан ўтказиш ва ларуни консервация қилишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосани тайёрлаш учун комиссия тузиш.

Ерларни жойига чиққан ҳолда кўрикдан ўтказиш ва ерларни консервация қилишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ҳисобот ва хулоса тайёрлаш.

Тақдим қилинган материаллар ва комиссия хулосаларини кўриб чиқиш ва консервация қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш.


30 иш кунида









3-босқич

Ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) ёки туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари


Ерларни консервация қилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Ерларни консервация қилиш лойиҳасини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (ўрмон хўжалиги ерларида), Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлимлари ва туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари билан келишиш.


30 иш кунида









4-босқич

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлимлари


Ерларни консервация қилиш лойиҳасини келишиш ёки рад этиш бўйича расмий хулоса тайёрлаш ва тақдим этиш.


15 иш кунида









5-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари


Ерларни консервация қилиш бўйича тайёрланган тегишли материалларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссияга тасдиқлаш учун тақдим этиш.


3 иш кунида









6-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар

ҳокимликлари


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссия томонидан ерларни консервация қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш.


10 иш кунида









7-босқич

Ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) ёки туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари


Ерларни консервация қилиш лойиҳасини амалга ошириш (реализация қилиш).


Лойиҳада белгиланган муддатда



         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 18 декабрь














































Время: 0.2154
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск