ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Спортнинг алоҳида турлари /

Шахматни 2025 йилгача ривожлантириш Давлат дастури (ЎзР Президентининг 14.01.2021 й. ПҚ-4954-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 14 январдаги

ПҚ-4954-сон қарорига

1-ИЛОВА



Шахматни 2025 йилгача ривожлантириш

ДАВЛАТ ДАСТУРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Сўнгги йилларда халқимизнинг саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиш, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни шакллантириш, интеллектуал салоҳиятни ривожлантиришга хизмат қиладиган спорт тури бўлган ва мамлакатимизда алоҳида ўрин тутадиган спортнинг шахмат турига аҳолини, айниқса ёшларни кенг жалб этиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бугунги кунда 150 та умумий ўрта таълим мактабида бошланғич синфлар учун шахмат бўйича синфлар очилиб, 12 138 нафар ўқувчи қамраб олинди. Шунингдек 254 та болалар-ўсмирлар спорт мактабларида шахмат бўйича 594 та секциялар фаолият юритиб, шуғулланувчилар сони 8 122 тани ташкил қилади.

Шахмат билан профессионал даражада шуғулланувчилар сони 3 154 (аёллар 580) нафарни ташкил этади.

Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) рейтингида Ўзбекистон 162 та давлатлар ичида 30-ўринни эгаллаб, мамлакатимизда энг юқори шахмат унвони - халқаро гроссмейстерлар сони 22 тани ташкил қилади.

Ўзбекистон ва бошқа 22 та мамлакат ташаббуси билан 2019 йил 2 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг шахматни ривожлантириш бўйича махсус резолюцияси қабул қилинди ва унга мувофиқ 20 июль Бутунжаҳон шахмат куни деб эълон қилинди.

Шахматчиларимиз 2018 йилдаги Ўсмирлар ўртасида бутунжаҳон шахмат олимпиадасида илк бор умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди, ёш тоифалари бўйича Жаҳон ва Осиё чемпионатларида шоҳсупанинг юқори ўринларида жой олди.

Шахмат соҳаси ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси таҳлил қилинганда, аксарият ҳолларда, ёшларни мактаб давриданоқ шахматчи сифатида тайёрлаш орқали профессионал ва кучли шахматчи бўлиб етишиш тизими шаклланганлигини кўришимиз мумкин.

Шахматнинг бугунги ривожланиш тенденцияси унга фақатгина оммалашган спорт тури сифатида эмас, балки мамлакат аҳолиси, айниқса, ёшларни интеллектуал салоҳиятини оширувчи, фикрлаш ва қарор қабул қилиш кўникмалари, руҳий-маънавий жиҳатдан она Ватанга садоқат туйғуларини шакллантирувчи ноёб восита сифатида эътибор қаратишни тақозо этмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатда шахматни жадал ривожлантириш учун иқтидорли болалар ва ўсмирларни танлаш ва саралаб олиш (селекция), шахмат соҳасида юқори малакали спорт менежерларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш зарур, тренерларни муносиб рағбатлантириш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шахмат инфратузилмасини шакллантириш лозим.

Шахматни 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастури (кейинги ўринларда - Дастур) Ўзбекистонда шахмат тизимини ривожлантиришнинг мақсади, вазифалари, устувор йўналишлари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда уни ривожлантиришга йўналтирилган дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.



2-БОБ. ШАХМАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


Ўзбекистонда шахматни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:


биринчи йўналиш - "Мактабда шахмат" лойиҳасини амалга ошириш, унинг доирасида умумий ўрта таълим мактабларида бошланғич синфлар ўқувчилари учун шахматга ўқитиш тизимини янада ривожлантириш орқали қамровни йилма-йил ошириб бориш, ўқувчилар ва мактаблар ўртасида турнирлар ўтказиш;


иккинчи йўналиш - болалар ва ўсмирларнинг шахмат билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, уни оммавийлаштириш, бу борада таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда шахмат бўйича мусобақаларни мунтазам равишда ташкил этиш;


учинчи йўналиш - юқори иқтидорга эга бўлган ёш шахматчиларни танлаш ва саралаб олиш (селекция) тизимини тубдан такомиллаштириш, уларни босқичма-босқич тайёргарликдан ўтказиб бориш орқали профессионал шахматчилар ва халқаро гроссмейстер бўлиб етишишини таъминлаш, шунингдек имконияти чекланган шахматчиларни қўллаб-қувватлаш;


тўртинчи йўналиш - шахмат инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш, болалар-ўсмирлар шахмат мактабларини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида ташкил қилиш, улар фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;


бешинчи йўналиш - шахмат соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб олиш ва ривожлантиришга илғор илмий-методик ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш;


олтинчи йўналиш - шахмат бўйича республика ҳамда халқаро мусобақалар ва олимпиадалар ғолиблари, халқаро гроссмейстер, халқаро тоифадаги спорт устаси, халқаро унвонларга эга бўлган тренерлар ва ҳакамлар унвонларини қўлга киритган шахматчиларни пул мукофотлари билан тақдирлаш;


еттинчи йўналиш - шахматни интеллектуал спорт тури сифатида кенг ёритиш ҳамда тарғиб қилиш ишларини ташкиллаштириш, шунингдек, шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг халқаро шахмат мусобақаларида иштирок этишини таъминлаш.


§ 1. Биринчи йўналишни рўёбга чиқариш учун қуйидагилар амалга оширилиши лозим:

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб танлов асосида 1 000 та умумий ўрта таълим мактабида 2, 3 ва 4-синф ўқувчиларини "Жисмоний тарбия" фани доирасида 18 соатлик режа асосида шахматга ўқитишни йўлга қўйиш (биринчи босқич);

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларида 2, 3 ва 4-синф ўқувчиларини "Жисмоний тарбия" ва "Математика" фанлари доирасида 36 соатлик режа асосида шахматга ўқитиш тизимига ўтиш (иккинчи босқич);

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 августдаги "Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3906-сон қарори билан 150 та умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчиларини тажриба тариқасида шахматга ўқитишни ташкил қилиш амалиётини кенгайтириш ва шу муносабат билан яна қўшимча 150 та мактабни шахматга ихтисослаштириш, шунингдек, уларнинг ўқувчиларини чуқурлаштирилган ҳолда шахматга ўқитиш;

умумий ўрта таълим мактабларини шахмат бўйича ўқув қўлланма, магнитли доска, шахмат тахтаси, фигуралари, соати ва бошқа зарур анжомлар билан таъминлаш;

республика бўйлаб босқичма-босқич шахматни ривожлантириш бўйича устувор туман ва шаҳарларни белгилаш ва уларнинг қамровини кенгайтириш;

умумий ўрта таълим мактабларининг 2, 3 ва 4 синфлари ўқувчиларини шахматга ўргатиш учун ўқув режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

умумий ўрта таълим мактаблари "Жисмоний тарбия" фани ўқитувчилари (ўқитувчи-тренерлар)нинг шахмат бўйича малакасини ошириш;

умумий ўрта таълим мактабларида шахматга ўқитиш мақсадида "Жисмоний тарбия" фани ўқитувчилари ва қизиқиш билдирган шахсларни шахмат бўйича қисқа муддатли курсларда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириб бориш тизимини жорий қилиш, тегишли ўқув дастурини ишлаб чиқиш;

умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўртасида синф тоифасидан келиб чиқиб (1-4 синф, 5-9 синф, 10-11 синф) ўқувчилар ўртасида туман, шаҳар, вилоят ҳамда республика даражасида турнирларни ташкил этиш ва муносиб иштирокчиларнинг мактаб ўқувчилари ўртасида ташкил этиладиган халқаро турнирларда иштирок этишини таъминлаш;

умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида шахмат бўйича жамоавий "Шоҳруҳ" турнирини ташкил этиш ва ўтказиш;

умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ва "Жисмоний тарбия" фани ўқитувчилари ўртасида ҳар йили шахмат бўйича республика биринчилигини ўтказиш;

ҳар йили бир ой давомида умумий ўрта таълим мактабларида шахмат бўйича вилоят, республика ва халқаро мусобақалар ғолиблари, халқаро гроссмейстер, халқаро тоифадаги спорт устаси, халқаро унвонларга эга бўлган тренерлар ва ҳакамларни жалб қилган ҳолда "Шахмат ойлигини" ташкил этиш;

спорт мактабларининг шахмат бўлимлари ва секциялари фаолиятини кенгайтириш.

§ 2. Иккинчи йўналишни рўёбга чиқариш учун қуйидагилар амалга оширилиши лозим:

маҳалла болалари ўртасида ҳар йили ёзги таътил кунларини ҳисобга олган ҳолда республика "Маҳалла кубоги" шахмат мусобақаларини ташкил этиш ҳамда ушбу мусобақаларда муносиб иштирок этган умидли шахматчиларни келажакда имкониятларини ривожлантириш учун Халқаро шахмат академиясига қабул қилиш;

маҳалла оилалари ўртасида "Шахматчи оила" турнирини ташкил этиб, маҳалладаги оилаларнинг жамоавий тарзда иштирок этишини таъминлаш;

мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари ўртасида Ўзбекистон биринчилиги мусобақаларини ташкил этиш;

вазирлик, идора ва ташкилотларда ҳар йили икки маротаба ходимлар ўртасида "Шахмат кунлари"ни ташкил этиш ва ушбу кунда ходимлар ўртасида шахмат бўйича мусобақалар ҳамда малакали шахматчилар билан учрашувлар ташкил этиш;

республикадаги хиёбонлар ва сайилгоҳлар ҳудудларида катта шахмат майдончаларини барпо этиш ва ўрнатиш, шахмат доналарини турли анимацион қаҳрамонлар кўринишида тасвирлаш ва сайр қилувчиларнинг ҳам маданият, ҳам интеллектуал ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш.


§ 3. Учинчи йўналишни рўёбга чиқариш учун қуйидагилар амалга оширилиши лозим:

уч босқичли тизим орқали иқтидорли шахматчиларни танлаб олиш ва саралаш. Бунда ҳар йили туман (шаҳар) миқёсида туман раҳбарлари кубогини ташкил этиш, унда муносиб иштирок этган шахматчилар захирасини яратиш;

вилоятлар миқёсида вилоят раҳбарлари кубогини ташкил этиш ва ғолиб, совриндорларни муносиб рағбатлантириш, уларнинг шахмат бўйича келгуси фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

халқаро гроссмейстерлар ва юқори рейтингли шахматчилар билан тажриба алмашиш ҳамда мамлакатимизда халқаро гроссмейстерлар етишиб чиқишини янада кенгайтириш мақсадида қуйидаги халқаро турнирларни мунтазам ташкил этиш:

а) Тошкент шаҳрида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро шахмат турнирини ташкил этиш, бунда вилоят раҳбари кубоги ғолибларининг ушбу турнирда тўғридан-тўғри иштирок этишини таъминлаш, шунингдек, мусобақада халқаро миқёсда юқори рейтингга эга бўлган кучли халқаро гроссмейстерларнинг иштирокини таъминлаш;

б) Самарқанд шаҳрида ҳар йили "Соҳибқирон кубоги" халқаро шахмат турнирини ташкил этиш ва ушбу мусобақада маҳаллий шахматчилар билан биргаликда халқаро тоифадаги чет эллик шахматчиларнинг иштирокини таъминлаш;

г) Ўзбекистонлик биринчи халқаро гроссмейстер Г.Т. Агзамов хотирасига бағишлаб ҳар йили анъанавий тарзда халқаро турнир ташкил этиш ва ушбу турнирда юқори рейтингли шахматчилар иштирокини таъминлаш;

Ўзбекистонда шахмат ривожланиши учун ўзининг узоқ йиллик муносиб ҳиссаларини қўшган марҳум шахмат мутахассислари хотирасини абадийлаштириш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда республика даражасидаги И.Шукуров (Қарши шаҳрида), М.Мухиддинов (Наманган шаҳрида), Ш.Хамроқулов (Самарқанд шаҳрида), М.Хайлаев (Гулистон шаҳрида), А.Грушевский (Тошкент шаҳрида) хотира турнирлари ташкил этиш ва ўтказиш;

ёш шахматчиларнинг иқтидорларини янада ривожлантириш мақсадида ҳар ойда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида стандарт, рапид, блиц турлари бўйича рейтинг турнирларини ташкил қилиш, бунда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларини масъул қилиб белгилаш;

жисмоний имконияти чекланган шахматчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси таркибида шахмат бўйича алоҳида бўлинмани ташкил қилиш;

ҳар йили имконияти чекланган шахматчилар ўртасида Ўзбекистон биринчилиги мусобақаларини ташкил этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

халқаро стандартларни жорий қилган ҳолда кўзи ожиз ҳамда эшитиш қобилияти паст бўлган шахматчиларни махсус шахмат доска жамланмалари ва соатлари билан таъминлаш.


§ 4. Тўртинчи йўналишни рўёбга чиқариш учун қуйидагилар амалга оширилиши лозим:

Ўзбекистон шахмат федерациясини халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий онлайн шахмат доскалари жамланмаси билан ҳамда электрон кўргазма доскалари билан таъминлаш;

Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳудудий бўлинмалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ҳудудда мусобақаларни юқори савияда ўтказиш мақсадида жаҳон талабларига жавоб берадиган шахмат электрон соатлари ва жамланмалари, компьютер, замонавий онлайн смарт доскалар ва бошқа асбоб-ускуналар билан таъминлаш;

Халқаро шахмат академияси моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, шу жумладан ҳудудларда унинг филиалларини ташкил қилиш;

мусобақалар ўтказиш жараёни адолатли ва очиқ ўтказилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон шахмат федерациясини зарурий античитерлик асбоб-ускуналар билан таъминлаш;

Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси ҳамда Жаҳон Кубоги, Жаҳон чемпионати каби халқаро даражадаги шахмат мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича мезбонлик қилиш учун тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш;

юртимизда ташкил этиладиган мусобақаларни кузатувчилар ва мухлислар учун ёритиш мақсадида Ўзбекистон шахмат федерациясини замонавий LED мониторлар билан таъминлаш;

ҳар бир вилоятда босқичма-босқич биттадан болалар-ўсмирлар шахмат мактабини ташкил этиш ва самарали фаолиятини йўлга қўйиш;

давлат-хусусий шериклик асосида шахмат мактаблари ва клублари фаолиятини йўлга қўйиш, бу борада бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини бериш, ер майдонларини ажратиш, шунингдек, уларни зарур коммунал ва коммуникация тизимларига уланиш;

шахмат мактаблари ва клублари фаолиятига кўмак бериш мақсадида Ўзбекистон шахмат клублари ассоциациясини ташкил этиш.


§ 5. Бешинчи йўналишни рўёбга чиқариш учун қуйидагилар амалга оширилиши лозим:

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида шахмат бўйича таълим йўналишини очиш, шунингдек, бошқа олий таълим муассасаларида шахмат йўналишига зарур эҳтиёждан келиб чиқиб Ўзбекистон шахмат федерациясининг тавсиясига асосан алоҳида қабул квоталарини белгилаш;

педагог кадрлар тайёрлашни тизимли ташкил қилиш мақсадида барча олий таълим муассасалари педагогик йўналишларидаги (мактабгача таълим, бошланғич таълим) талабалари учун шахмат дарс соатларини киритиш ҳамда уларда шахматни ўқитиш методикаси бўйича таълим бериш;

олий таълим муассасаларида шахмат йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг Халқаро шахмат академиясида амалиёт ўташларини ташкил этиш;

педагог ходимларнинг малакасини ошириш учун доимий малака ошириш курслари ҳамда малакали мутахассислар иштирокида шахмат бўйича маҳорат дарсларини ташкил этиш;

шахмат бўйича таҳсил олаётган ўқувчилар ва талабалар, шунингдек, ўқитувчилар, тренерлар ва мутахассисларнинг ягона электрон базаси, шунингдек, мусобақалар ва турнирларни онлайн ўтказиш платформасини яратиш;

Халқаро шахмат федерациясининг қоида ва тавсияларини ўзбек тилига таржима қилиш ҳамда нашрдан чиқариш;

инновацион технологияларни қўллаган ҳолда тизимли равишда шахматга ўқитиш методикасини такомиллаштириб бориш;

шахмат бўйича курсларда таҳсил олган тингловчилар учун шахмат дарсларини ўтиш ҳуқуқини берувчи ягона сертификат жорий қилиш;

педагог ходимлар ўртасида шахмат бўйича "Энг яхши инновацион ўқув методик қўлланма" танловини ташкил этиш, қўлланмани оммалаштириш ва жойларга етказиш;

шахмат бўйича мутахассислар малакасини ошириш мақсадида хорижий шахматчилар ва экспертлар иштирокида семинар, тренинг, конференцияларни ташкил қилиш, шунингдек, хорижда ташкиллаштирилаётган тадбирларда маҳаллий мутахассислар иштирокини таъминлаш;

шахмат соҳасига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган тренерлар, ҳакамлар, шахматчилар ва мутахассисларни давлат мукофотларига тавсия қилиш.


§ 6. Олтинчи йўналишни рўёбга чиқариш учун қуйидагилар амалга оширилиши лозим:

шахмат бўйича республика ҳамда халқаро мусобақалар ва олимпиадалар ғолиблари, халқаро гроссмейстер, халқаро тоифадаги спорт устаси, халқаро унвонларга эга бўлган тренерлар ва ҳакамлар унвонларини қўлга киритган шахматчиларни пул мукофотлари билан тақдирлаш;

мамлакатимизда ташкил этиладиган маҳаллий ва халқаро мусобақаларда иштирок этадиган маҳаллий ҳакамлар ҳамда халқаро семинар маърузачилари учун тўланадиган кунлик тўловларни халқаро стандартларга ва тоифаларга мослаштириш.


§ 7. Еттинчи йўналишни рўёбга чиқариш учун қуйидагилар амалга оширилиши лозим:

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Спорт" телеканалида шахмат бўйича маҳаллий ва халқаро мусобақалар, шахматчиларимиз томонидан эришилган ютуқлар, шунингдек, шахматни интеллектуал спорт тури сифатида кенг ёритиш ва тарғиб қилиш ишларини мунтазам ташкиллаштириб бориш;

шахмат бўйича телетаҳлилчиларни тайёрлаш ва халқаро мусобақаларда юртимиз ҳамда чет эллик етук шахматчиларнинг партияларини таҳлил қилиб бориш ва шарҳлаш;

чет давлатларда бўладиган халқаро мусобақаларда мусобақаларни кенг ёритиш мақсадида ижодий ходимларни хорижга борадиган спорт делегацияси таркибига киритиш;

барча даражадаги шахмат мусобақаларини кенг жамоатчиликка етказиш ва оммавийлигини янада ошириш мақсадида оммавий ахборот воситаларини жалб қилиш;

ҳудудий телеканаллар орқали шахматни янада кенг тарғиб қилиш мақсадида маҳаллий мусобақаларни мунтазам ёритиш;

"Шахмат барча учун" шиори остида турли анимацион роликлар ва мультфильмлар орқали шахматни ўргатиш;

Ўзбекистон шахмат федерацияси, манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда "Шахмат" журнали фаолиятини йўлга қўйиш;

мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш ҳамда доимий хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, Ўсмирлар ўртасидаги бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, Жаҳон кубоги, жаҳон чемпионатлари, ёш тоифалари ўртасида жаҳон, осиё ва минтақа чемпионатлари, юқори рейтинг очколари тўплаш мумкин бўлган нуфузли тижорий турнирларда доимий иштирок этишини таъминлаш ҳамда ушбу фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

мусобақада иштирок этувчи делегация аъзоларининг виза билан боғлиқ жараёнларини тезлаштириш ва амалий кўмаклашиш;

шахмат бўйича халқаро мусобақаларда иштирок этувчи терма жамоа аъзоларини зарурий спорт формалари ва экипировкалар билан таъминлаш.



3-БОБ. ДАСТУРНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Мазкур Дастурда белгилаб берилган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш назарда тутилмоқда:

республикада шахматнинг оммавийлигини ошириш ҳисобига шахмат билан мунтазам шуғулланувчилар сони кўпаяди;

профессионал шахматчиларнинг маҳорат тайёргарлиги ошади;

шахматчилар тайёрлаш тизимининг янги босқичини яратиш натижасида шахматчиларимизнинг халқаро мусобақаларда иштироки кенгаяди ва бундай мусобақаларнинг мамлакатимизда кўпроқ ўтказилиши натижасида рейтинг очколари ва халқаро унвон талабларини бажариш имконияти ошади, шу орқали халқаро гроссмейстер, халқаро тоифадаги спорт усталари етишиб чиқиши таъминланади;

иқтидорли болалар ва ўсмирларни танлаш ҳамда саралаб олиш (селекция)да замонавий тизим яратилади ва миллий терма жамоаларимизда сифатли спорт захираси шаклланади;

шахматни ривожлантириш ҳамда бошқарув тизимида маркетинг ва замонавий бошқарув механизмларидан самарали фойдаланиш тизими яратилади;

ҳудудларда болалар ва ўсмирлар ўртасида ўқув-машғулот жараёнлари ва мусобақаларни тизимли ва юқори савияда ташкил этиш орқали ҳудудларда шахматнинг ривожланиш сифат кўрсаткичлари ортади;

шахмат инфратузилмасининг ҳолати (халқаро талабларга жавоб берадиган шахмат жамланмалар, ғирром ўйинга қарши ускуналар, мусобақа залларини талаб даражасида жиҳозлаш, зарурий техник воситалар) замон талабларига мослаштирилиши орқали турли даражадаги халқаро мусобақаларга юртимиз мезбонлик қилиш имконияти ортади ва бу билан нафақат шахмат соҳасини, балки туризм салоҳиятини ошириш имконияти кенгаяди;

шахмат бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот жараёнини ва мусобақаларни марказлаштирилган ҳолда ўтказиш имконияти яратилади, терма жамоа аъзолари билан тизимли ишлаш ва уларнинг сифат натижадорлиги ошади;

халқаро ва миллий даражадаги шахмат унвонларини қўлга киритган спортчиларнинг ютуқларини муносиб рағбатлантириш тизими яратилади;

Ўзбекистоннинг Халқаро шахмат федерациясидаги (ФИДЕ) рейтинг кўрсаткичлари яхшиланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 15 январь


































Время: 0.2304
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск