ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Йўловчилар ва юкларни ташиш. Транспорт экспедицияси /

Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган йўналишлар харажатларининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан қайтариш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.02.2021 й. 100-сон қарорига 5-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 24 февралдаги

100-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш ҳамда ижтимоий

аҳамиятга эга бўлган йўналишлар харажатларининг

бир қисмини Ўзбекистон Республикаси республика

бюджетидан қайтариш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан авиаташувчиларга маҳаллий йўналишлардаги авиақатновлар, шу жумладан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган йўналишлар учун чипта нархининг бир қисмини, шунингдек, туроператор ва турагентларга маҳаллий туристлар учун Ўзбекистон бўйлаб ташкил этилган саёҳатларнинг авиа ва темир йўл чипталари ҳамда жойлаштириш воситаларининг меҳмонхона хизматлари ҳаражатларининг бир қисмини қайтариш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


авиаташувчи - Ўзбекистон Республикасининг резидент авиакомпанияси;


транспорт чиптаси - Ўзбекистон Республикасининг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига авиа ва (ёки) темир йўл транспорти орқали саёҳатни амалга ошириш учун харид қилинган йўл ҳужжати;


жойлаштириш воситалари - меҳмонхоналар, туристик базалар ва мажмуалар, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, меҳмон уйлари, ўтов ва чодирли оромгоҳлар, санаторийлар ҳамда меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш бўйича хизматлар) кўрсатиладиган бошқа объектлар, шунингдек, жойлаштириш воситаси сифатида тунаб қолиш учун жиҳозланган ер усти транспорти;


меҳмонхона хизматлари - жойлаштириш воситаларида вақтинчалик яшаш жойи бериш бўйича хизматлар;


маҳаллий турист - Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс;


махсус комиссия - субсидияланадиган авиа қатновлар чипталари ва меҳмонхона хизматлари нархларини ҳамда авиа ва темир йўл қатнови йўналишларини ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган маҳаллий йўналишларни белгилаш бўйича тузилган комиссия;

махсус тариф - махсус комиссия томонидан авиа чипталар нархининг ҳамда субсидияланадиган меҳмонхона хизматлари нархининг қатъий миқдорда белгиланадиган энг юқори (чекланган) даражаси (суммаси);


субсидияланадиган авиақатнов - махсус комиссия томонидан тасдиқланган маҳаллий йўналишлар, шу жумладан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган йўналишлар бўйича амалга ошириладиган авиақатнов;

саёҳат ташкилотчиси - туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи асосида маҳаллий туристлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат (тур) ташкил қилган туроператор ёки саёҳат (тур)ни сотувчи турагент;


субсидия - авиаташувчиларга маҳаллий йўналишлардаги, шу жумладан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган йўналишлардаги авиақатновлар учун чипта нархининг бир қисмини, шунингдек, туроператор ва турагентларга маҳаллий туристлар учун Ўзбекистон бўйлаб ташкил этилган саёҳатларнинг транспорт чипталари ҳамда меҳмонхона хизматлари нархларининг бир қисмини қайтариш учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан ажратиладиган маблағ.

3. Субсидия 2021 йил 1 мартдан 2022 йил 1 июнгача саёҳат ташкилотчиларига - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ташкил этилган турлар юзасидан транспорт чипталари нархининг 15 фоизи ҳамда меҳмонхона хизматлари нархининг 10 фоизи миқдорида ажратилади.

3-1. Авиаташувчиларга ички туризм, шу жумладан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган маҳаллий йўналишларда авиа чипта нархининг 25 фоизи миқдорида субсидия 2026 йил 1 январгача ажратилади.

4. Саёҳат ташкилотчиларининг меҳмонхона харажатлари учун субсидия саёҳат амалга оширилган ҳудудлардаги жойлаштириш воситаларида камида бир кеча тунаб қолиш шарти билан тақдим этилади.



2-БОБ. МАҲАЛЛИЙ ЙЎНАЛИШЛАРДАГИ

АВИАҚАТНОВЛАР УЧУН СУБСИДИЯ

АЖРАТИШ ТАРТИБИ


5. Субсидияланадиган авиақатновлар йўналишлари Махсус комиссия қарори билан тасдиқланади. Махсус комиссия қарорида субсидияланадиган авиақатнов амалга ошириладиган йўналиш (маршрут) ва амал қилиш муддати, уни узайтириш шартлари ҳамда махсус тариф белгиланади.

Субсидия ҳар ойда тўлаб борилади.


6. Авиаташувчиларга субсидия республиканинг бир вилояти/шаҳридан иккинчи вилояти/шаҳрига амалга оширилган авиақатновлар учун ҳаво кемасининг тежамкор ("econom") хизмат кўрсатиш тоифаси чипта нархининг 25 фоизи миқдорида ажратилади.

Бунда, махсус комиссия тежамкор ("econom") хизмат кўрсатиш тоифаси чипта нархини бир хил нархда белгилаши мумкин.


7. Авиаташувчи махсус тарифни мустақил пасайтириш ҳуқуқига эга. Махсус комиссия томонидан зарур ҳолларда махсус тариф қайта кўриб чиқилиши мумкин.


8. Субсидияланадиган авиақатнов Махсус комиссия қарорига мувофиқ бекор қилиниши мумкин.


9. Авиаташувчи амалга оширилган субсидияланадиган авиақатновлар учун ҳар ой якуни бўйича ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмай ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклда Транспорт вазирлигига субсидия ажратиш тўғрисида ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.


10. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ариза берувчининг номи, жойлашган жойи (почта манзили), СТИР ва хизмат кўрсатувчи тижорат банкидаги ҳисобрақами реквизитлари тўғрисидаги маълумотлар;

амалга оширилган субсидияланадиган авиақатновлар сони, ҳаво кемалари тури ва улардаги ўриндиқлар сони, ҳақиқатда сотилган чипта сони ва нархи бўйича жамлама реестр.


11. Субсидия ажратиш учун тақдим этилган ҳужжатлар, маълумотлар ва ҳисоб-китоблар авиаташувчи томонидан имзо билан тасдиқланади.


12. Субсидияланадиган авиақатновлар учун субсидия ажратиш ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


13. Ариза ва аризага илова қилинадиган барча ҳужжатларнинг асослилиги Транспорт вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилади.


14. Транспорт вазирлиги ариза келиб тушган кундан бошлаб 5 иш кунида ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг мазкур Низом талабларига мувофиқлигини кўриб чиқади.


15. Транспорт вазирлиги аризани ўрганиб чиққандан сўнг, бир иш куни мобайнида субсидия ажратиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Қарорнинг нусхаси қабул қилинган кунда авиаташувчига юборилади.


16. Субсидия ажратиш рад этилган тақдирда, рад этиш учун асос бўлган сабаблар аниқ кўрсатиб ўтилган қарор авиаташувчига ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунида юборилади.

Авиаташувчи қарорни олган кундан бошлаб кўпи билан икки ҳафта муддатда кўрсатиб ўтилган камчиликлар бартараф этилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда Транспорт вазирлигига такроран ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


17. Субсидия ажратиш қуйидаги асосларга кўра рад этилиши мумкин:

а) ушбу Низомнинг 10-бандида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тақдим қилинмаган ёки тўлиқ ҳажмда тақдим қилинмаганлиги;

б) тақдим қилинган ҳужжатларнинг нотўғрилиги;

в) ушбу Низомнинг 3-бандида белгиланган маблағлар ажратиш муддатининг тугаши.

Субсидия олишни ушбу бандда кўрсатиб ўтилмаган асослар бўйича рад этиш мумкин эмас.


18. Ариза такроран тақдим этилган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида Транспорт вазирлиги томонидан қайта кўриб чиқилади.

Бунда янги асослар бўйича субсидия ажратишни рад этиш мумкин эмас.


19. Ушбу Низомнинг 16-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган муддат тугагандан кейин тақдим қилинган ариза янгидан берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.


20. Транспорт вазирлиги авиаташувчига субсидия ажратиш учун Молия вазирлигига авиаташувчи тўғрисидаги маълумотлар ва ажратилаётган маблағлар ҳисоб-китоби акс эттирилган буюртманомани тақдим этади.


21. Молия вазирлиги Транспорт вазирлиги томонидан тақдим этилган буюртманомани уч иш кунида кўриб чиқади ва тегишли маблағларни авиаташувчига субсидия ажратиш учун белгиланган тартибда очилган Транспорт вазирлигининг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказади.

Бунда авиаташувчига субсидия ажратиш учун Молия вазирлиги томонидан Транспорт вазирлигига белгиланган тартибда шахсий ғазна ҳисобварақлари очилади.


22. Маблағлар келиб тушганидан сўнг Транспорт вазирлиги уч иш кунида авиаташувчининг уларга хизмат кўрсатувчи тижорат банклардаги ҳисобрақамларига белгиланган субсидия маблағларини ўтказиб беради.



3-БОБ. АВИАТАШУВЧИЛАРГА АЖРАТИЛАДИГАН

СУБСИДИЯ МИҚДОРИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


23. Субсидия миқдори қуйидаги формула орқали аниқланади:


См = (ЧС* х МТ) / 100 х 25


Бунда,

См - субсидия миқдори;

ЧС - тежамкор ("econom") хизмат кўрсатиш тоифасида сотилган чипта сони;

* - сотилган чипта сони ҳаво кемасининг тежамкор ("econom") хизмат кўрсатиш тоифаси бўйича 50 фоиздан кам юкланишини ташкил этган бўлса, 50 фоиз юкланишдаги чипта сони;

МТ - махсус тариф.


24. Махсус тарифни аниқлашдаги ҳаво кемасининг юкланиш даражаси авиаташувчи томонидан Махсус комиссия билан келишилган ҳолда қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бунда, Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан қўшимча маблағлар ажратиш талаби юзага келишига йўл қўйилмайди.


25. Махсус тарифга қонунчиликда кўзда тутилган имтиёзлар қўлланилган тақдирда, субсидия миқдори махсус тарифдан келиб чиқиб аниқланади.


26. Авиаташувчи авиа чипта нархини субсидия миқдорини айирган ҳолда авиа чипталарни реализация қилиши шарт.


27. Авиаташувчи ҳар бир авиа чиптани барча тежамкор ("econom") хизмат кўрсатиш тоифаларида мавжуд ўринлар учун Махсус комиссия томонидан белгиланган нархда реализация қилиши шарт.

Авиаташувчи томонидан саёҳат ташкилотчиларига авиа чипта миқдори (сони) ни чеклаган миқдорда реализация қилинишига йўл қўйилмайди.


28. Авиаташувчи тежамкор ("econom") хизмат кўрсатиш тоифаси сонини шаффоф кўрсатиши шарт.



4-БОБ. САЁҲАТ ТАШКИЛОТЧИСИГА ТРАНСПОРТ

ЧИПТАЛАРИ ҲАМДА МЕҲМОНХОНА ХИЗМАТЛАРИ

УЧУН СУБСИДИЯ АЖРАТИШ ТАРТИБИ


29. Субсидия саёҳат ташкилотчисининг маҳаллий туристларга Ўзбекистон бўйлаб ташкил этилган саёҳатларнинг қуйидаги ҳаражатлари учун ажратилади:

а) транспорт чипталари харажатларининг 15 фоизи;

б) меҳмонхона хизматлари харажатларининг 10 фоизи.


30. Саёҳат ташкилотчиси томонидан саёҳат транспорт чипталарини харид қилмасдан ташкил этилган бўлса, саёҳат ташкилотчиси ушбу Низомнинг 29-банди "б" кичик бандида белгиланган меҳмонхона хизматлари харажатлари учун ариза топшириш ва субсидия олиш ҳуқуқига эга.

Бунда, субсидия ушбу Низомнинг 4-бандида белгиланган талаблар асосида ажратилади.


31. Субсидия саёҳат ташкилотчисига махсус тарифда белгиланган авиа чипталар ва меҳмонхона хизматлари нархидан юқори бўлган харажатлар учун ажратилмайди.


32. Ушбу Низомнинг 3-бандида белгиланган муддатлардан олдин ва кейин амалга оширилган саёҳатларга субсидия олиш учун берилган аризалар кўриб чиқилмайди.



5-БОБ. САЁҲАТ ТАШКИЛОТЧИЛАРИНИНГ

СУБСИДИЯ ОЛИШ УЧУН АРИЗАЛАРНИ

ТОПШИРИШ ТАРТИБИ


33. Саёҳат ташкилотчиси субсидия олиш мақсадида Туризм ва маданий мерос вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик)ка ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмай ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) ариза берувчининг номи, жойлашган жойи (почта манзили), СТИР ва хизмат кўрсатувчи тижорат банкидаги ҳисобрақами реквизитлари тўғрисидаги маълумотлар;

б) авиа ва темир йўл чипталари учун тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (агар саёҳат субсидияланадиган авиа ва темир йўл йўналишлари орқали амалга оширилган бўлса);

в) саёҳат ташкилотчилари томонидан жойлаштириш воситаларида маҳаллий туристларга кўрсатилган хизматлар учун тузилган шартномалар бўйича тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (электрон ҳисобварақ-фактура, касса ёки терминал аппарат чеклари, банк тўлов ҳужжатлари) нусхалари;

г) туристик ваучерларнинг нусхалари.


34. Саёҳат ташкилотчисига субсидия ажратиш ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


35. Вазирлик ариза олинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида ҳужжатларнинг ушбу Низом талабларига мувофиқлигини текширади.

36. Вазирлик аризани ўрганиб чиққандан сўнг, бир иш куни мобайнида субсидия ажратиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Қарорнинг нусхаси қабул қилинган кунда саёҳат ташкилотчисига юборилади.

37. Субсидия ажратиш рад этилган тақдирда, рад этиш учун асос бўлган сабаблар аниқ кўрсатиб ўтилган қарор саёҳат ташкилотчисига ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунида юборилади.

Саёҳат ташкилотчиси қарорни олган кундан бошлаб кўпи билан икки ҳафта муддатда кўрсатиб ўтилган камчиликлар бартараф этилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда Вазирликка такроран ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

38. Субсидия ажратиш қуйидаги асосларга кўра рад этилиши мумкин:

а) ушбу Низомнинг 33-бандида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тақдим қилинмаган ёки тўлиқ ҳажмда тақдим қилинмаганлиги;

б) тақдим қилинган ҳужжатларнинг нотўғрилиги;

в) ушбу Низомнинг 3-бандида белгиланган маблағлар ажратиш муддатининг тугаши.

Субсидия олишни ушбу бандда кўрсатиб ўтилмаган асослар бўйича рад этиш мумкин эмас.


39. Ариза такроран тақдим этилган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида Вазирлик томонидан қайта кўриб чиқилади.

Бунда янги асослар бўйича субсидия ажратишни рад этиш мумкин эмас.


40. Ушбу Низомнинг 37-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган муддат тугагандан кейин тақдим қилинган ариза янгидан берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.


41. Вазирлик саёҳат ташкилотчисига субсидия ажратиш учун Молия вазирлигига саёҳат ташкилотчилари тўғрисидаги маълумотлар ва ажратилаётган маблағлар ҳисоб-китоби акс эттирилган буюртманомани тақдим этади.

42. Молия вазирлиги Вазирлик томонидан тақдим этилган буюртманомани уч иш кунида кўриб чиқади ва тегишли маблағларни саёҳат ташкилотчиларига субсидия ажратиш учун белгиланган тартибда очилган Вазирликнинг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказади.

Бунда саёҳат ташкилотчиларига субсидия ажратиш учун Молия вазирлиги томонидан Вазирликка белгиланган тартибда шахсий ғазна ҳисобварақлари очилади.

43. Маблағлар келиб тушганидан сўнг Вазирлик уч иш кунида саёҳат ташкилотчиларининг уларга хизмат кўрсатувчи тижорат банклардаги ҳисобрақамларига белгиланган субсидия маблағларини ўтказиб беради.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


44. Субсидия олиш учун тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларнинг тўғрилигига ариза берувчилар масъул ҳисобланади.


45. Транспорт вазирлиги авиаташувчилар учун, Вазирлик саёҳат ташкилотчилари учун субсидия ажратиш ишларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг олиб бориш, Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратилган маблағларнинг етказилиши юзасидан масъул ҳисобланади.

46. Субсидия маблағлари авиаташувчилар ва саёҳат ташкилотчиларига ўтказилиши устидан назорат қилиш Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.

47. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.




Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Транспорт вазирлигига

Субсидия ажратиш тўғрисида

АРИЗА

(юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномага мувофиқ ариза берувчининг тўлиқ номи)

манзил бўйича рўйхатдан ўтган

(манзил, телефон, факс, электрон почта)


(рўйхатдан ўтиш рақами, санаси, гувоҳнома берган орган номи)

раҳбари/директори:

номидан


(ариза берувчининг лавозими, Ф.И.О.)


га

(авиаташувчи номи)


Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия ажратишингизни сўрайман.

Амалга оширилган авиақатновлар (йўналиш номи, авиарейс сони, рақами ва санаси):

Сотилган чипталар сони:

Субсидия ўтказиб бериладиган ҳисобрақам:

Сана: ____________

Раҳбар Ф.И.О. ва имзоси: ___________

Бош ҳисобчи Ф.И.О. имзоси: _________




Низомга

2-ИЛОВА



Авиаташувчиларга маҳаллий йўналишлардаги

авиақатновлар учунсубсидия ажратиш

СХЕМАСИ

Субъектлар

Тадбирлар

Муддат

Авиаташувчи


Транспорт вазирлигига субсидия ажратиш учун мурожаат қилади


Ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 10 санасигача

Транспорт вазирлиги


Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни Низом талабларига мослигини кўриб чиқади ва субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


беш иш кунида

Транспорт вазирлиги


Авиаташувчига субсидия ажратиш учун Молия вазирлигига авиаташувчи тўғрисидаги маълумотлар ва ажратилаётган маблағлар ҳисоб-китоби акс эттирилган буюртманомани тақдим этади.


бир иш кунида

Транспорт вазирлиги


Субсидия ажратиш рад этилган тақдирда, рад этиш учун асос бўлган сабаблар аниқ кўрсатиб ўтилган қарор авиаташувчига юборади.


бир иш кунида

Авиаташувчи


Қарорни олган кундан бошлаб кўрсатиб ўтилган камчиликлар бартараф этилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда Транспорт вазирлигига такроран ариза билан мурожаат қилади.


икки ҳафта муддатда

Молия вазирлиги


Транспорт вазирлиги томонидан тақдим этилган буюртманомани кўриб чиқади ва тегишли маблағларни авиаташувчига субсидия ажратиш учун белгиланган тартибда очилган Транспорт вазирлигининг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказади.


уч иш кунида

Транспорт вазирлиги


Маблағлар келиб тушганидан сўнг Транспорт вазирлиги авиаташувчининг уларга хизмат кўрсатувчи тижорат банклардаги ҳисобрақамларига белгиланган субсидия маблағларини ўтказиб беради.


уч иш кунида




Низомга

3-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси

Туризм ва маданий мерос вазирлигига

Субсидия ажратиш тўғрисида

АРИЗА

,

(юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномага биноан сўровчининг тўлиқ номи)

(манзил, телефон, факс, электрон почта)

манзил бўйича рўйхатдан ўтган,

(рўйхатдан ўтиш рақами, санаси, гувоҳнома берган орган номи)


шахс номидан,

(сўровчи раҳбарининг лавозими, Ф.И.О.)


q транспорт чипталари харажатларини қоплаш учун;

q меҳмонхона хизматлари харажатларини қоплаш учун;

(зарурат бўлганда танлаш лозим)

манзилда жойлашган

(вилоят, туман (шаҳар), кўча, бино)


Харажатларни қоплашда жами: ____________ сўм миқдорида субсидия ажратишингизни сўрайман.

Корхонанинг жойлашган жойи (почта манзили):

СТИР рақами:

Электрон почта манзили:

Ҳисобрақам:

Илова: ______ варақда

(Ф.И.О.)


(шахсий имзо)

20___ йил _______________






Низомга

4-ИЛОВА



Саёҳат ташкилотчиларига транспорт чипталари ҳамда

меҳмонхона хизматлари учун субсидия ажратиш

СХЕМАСИ

Субъектлар


Тадбирлар


Муддат

Саёҳат ташкилотчиси


Вазирликка субсидия ажратиш учун мурожаат қилади.


Ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 15 санасигача

Вазирлик


Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни Низом талабларига мослигини кўриб чиқади ва субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


ўн иш кунида

Вазирлик


Саёҳат ташкилотчисига субсидия ажратиш учун Молия вазирлигига авиаташувчи тўғрисидаги маълумотлар ва ажратилаётган маблағлар ҳисоб-китоби акс эттирилган буюртманомани тақдим этади.


бир иш кунида

Вазирлик


Субсидия ажратиш рад этилган тақдирда, рад этиш учун асос бўлган сабаблар аниқ кўрсатиб ўтилган қарор авиаташувчига юборади.


бир иш кунида

Саёҳат ташкилотчиси


Қарорни олган кундан бошлаб кўрсатиб ўтилган камчиликлар бартараф этилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда Вазирликка такроран ариза билан мурожаат қилади.


икки ҳафта муддатда

Молия вазирлиги


Вазирлик томонидан тақдим этилган буюртманомани кўриб чиқади ва тегишли маблағларни саёҳат ташкилотчисига субсидия ажратиш учун белгиланган тартибда очилган Вазирликнинг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказади.


уч иш кунида

Вазирлик


Маблағлар келиб тушганидан сўнг Вазирлик саёҳат ташкилотчисининг уларга хизмат кўрсатувчи тижорат банклардаги ҳисобрақамларига белгиланган субсидия маблағларини ўтказиб беради.


уч иш кунида

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 25 февраль








































Время: 0.1814
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск