ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш / Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш /

Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича Миллий дастур (ЎзР ВМ 09.03.2021 й. 126-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 9 мартдаги

126-сон қарорига

1-ИЛОВА



Озон қатламини бузувчи моддалардан

фойдаланишни тўхтатиш бўйича

МИЛЛИЙ ДАСТУР


1-БОБ. КИРИШ


Ўзбекистон Республикаси 1993 йилдан буён Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси (1985 йил) (кейинги ўринларда - Вена конвенцияси) ва Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи (1987 йил) (кейинги ўринларда - Монреаль протоколи) томони ҳисобланади. Сўнгги вақтларда Монреаль протоколига киритилган бешта тузатишлардан Ўзбекистон тўрттасига (Лондон, 1990 йил), (Копенгаген, 1992 йил), (Монреаль, 1997 йил), (Пекин, 1999 йил) қўшилган ва ушбу халқаро шартномалар асосида озон қатламини емирувчи моддалар истъмоли талабларини тўлиқ бажариб келмоқда.

Озон қатламини бузувчи моддалардан (кейинги ўринларда - ОБМ) фойдаланишни тўхтатиш бўйича биринчи миллий дастур Вазирлар Маҳкамасининг "Озон қатламини ҳимоя қилиш соҳасидаги шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш чора-тадбирлари тўғрисида" 2000 йил 24 январдаги 20-сон қарори билан тасдиқланган.

Дастур доирасида ОБМдан фойдаланишни тўхтатиш бўйича Глобал экологик жамғарма (кейинги ўринларда - ГЭЖ), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф муҳит дастури, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (кейинги ўринларда - БМТ ТД) кўмагида ҳамда маҳаллий ташкилотлар маблағлари ҳисобидан 2000-2018 йиллар давомида республикада 9,9 млн АҚШ долларига тенг бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилди.

2019-2024 йилларда самарали технологияларни жорий этиш орқали гидрохлорфторуглеродни (кейинги ўринларда - ГХФУ) бутунлай истеъмолдан чиқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда - Давлат экология қўмитаси), БМТ ТД ва ГЭЖ томонидан 8,6 млн АҚШ долларига тенг бўлган қўшма лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Янги таҳрирда қабул қилинаётган Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича миллий дастур (кейинги ўринларда - Миллий дастур) Ўзбекистон Республикаси томонидан Монреаль протоколи ҳамда ушбу протоколга киритилган Лондон, Копенгаген, Монреаль ва Пекин тузатишлари доирасида қабул қилинган барча мажбуриятларнинг бажарилишини қамраб олади.

Хусусан, Миллий дастурда маҳаллий ресурслардан фойдаланган ҳолда, ОБМ ўрнини босувчи воситалардан фойдаланишга ўтиш соҳасида истиқболли илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини амалга татбиқ қилиш, ОБМ ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларнинг импорти ва экспорти бўйича маълумотлар базасини шакллантириш, божхона ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг маҳсулотлар импорти ва экспортини назорат қилиш бўйича билимини ва малакасини ошириш, ГХФУдан қайта фойдаланиш тизимини мустаҳкамлаш ва уларнинг технологияларини алмаштириш соҳасида ишлаб чиқиладиган лойиҳалар натижадорлигини кенг омма эътиборига намойиш қилиш назарда тутилган.

Миллий дастур ўтган давр мобайнида халқ хўжалигининг турли тармоқларида ОБМдан фойдаланиш, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан улардан фойдаланишни қисқартириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган.

Шунингдек, Миллий дастур ташкилий ва стратегик чора-тадбирлар, ОБМдан фойдаланишни тўхтатиш бўйича Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилинган халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини норматив тартибга солиш ва озон қатламига салбий таъсир этмайдиган "тоза" технологияларга босқичма-босқич ўтиш билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олган.



2-БОБ. ОЗОН ҚАТЛАМИНИ БУЗУВЧИ

МОДДАЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ТЎХТАТИШ

ҲАРАКАТЛАРИНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


2.1. Ҳаракатларнинг асосий мақсадлари ва стратегик йўналишлари

Миллий дастур Ўзбекистон Республикаси томонидан Вена конвенцияси ва Монреаль протоколи ҳамда унга киритилган ва Ўзбекистон ратификация қилган тузатишлардаги мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш, шунингдек, техник ва молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича ГЭЖ талабларига мувофиқ халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган.

Миллий дастур озон қатламининг емирилишини тўхтатишдан атроф муҳитнинг яхшиланишини, озонга зарар етказмайдиган технологияларга ўтишнинг иқтисодий фойдаларини ҳисобга олади. У ҳар бир гуруҳ учун ОБМни истеъмолдан чиқариш жадвалининг стратегик йўналишини белгилайди.

Монреаль протоколи билан юкланган мажбуриятларни бажаришда:

Монреаль протоколида белгиланган ОБМни хавфсиз бўлган моддаларга алмаштириш бўйича талабларни ўз муддатида бажариш;

Ўзбекистон Республикасига импорт қилиниши тақиқланган ОБМнинг республикага олиб кирилишини тақиқлаш;

ОБМ фойдаланадиган ёки ишлаш жараёни улар билан боғлиқ бўлган ҳавони совитиш ускуналарини тақиқлаш;

ОБМни республикага олиб кириш квоталарига риоя қилиш;

ГЭЖ ва бошқа халқаро донор ташкилотлар ёрдамида озон учун хавфсиз моддалардан фойдаланадиган технологияларни ишлаб чиқарадиган ва жорий этадиган ташкилотлар, компаниялар ва шахсларга ҳар томонлама кўмаклашиш;

ОБМ ўрнини босувчи ишларнинг бажарилиши тўғрисида қарор қабул қилувчи шахслар ва аҳоли хабардорлигини таъминлаш;

маҳаллий ресурслардан фойдаланган ҳолда совитиш ускуналари ва таркибида ОБМ бўлмаган маҳсулотлар ҳамда технологияларни ишлаб чиқариш соҳасида илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш;

Ўзбекистонда озон қатламини емириш салоҳияти бўлмаган энергия жиҳатидан самарали технологияларни жорий этиш орқали ГХФУни бутунлай истеъмолдан чиқариш каби стратегик йўналишларга амал қилиш зарур.


2.2. Ҳаракатларни амалга ошириш учун кейинги қадамлар

ОБМдан фойдаланишни тўхтатиш, шунингдек, уларнинг ўрнини босувчи моддаларни жорий этишни рағбатлантириш ёки уларни қайта ишлатиш бўйича:

экспорт/импорт соҳасида, шунингдек, рухсатнома бериш ва квота тизимида ишлашни давом эттириш, ОБМ билан ишловчи ускуналарнинг олиб кирилиши билан боғлиқ тақиқларга қатъий риоя этиш;

юқори даражада глобал исишга олиб келадиган гидрофторуглерод истеъмолидан паст ёки нолга тенг бўлган моддаларга босқичма-босқич ўтиш чораларини кўриш;

солиқ сиёсати чоралари билан биргаликда рағбатлантирувчи чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш;

ушбу ишларга оммавий ахборот воситаларини кенг жалб қилиш орқали озон қатламини муҳофаза қилишнинг муҳимлиги ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш;

қарор қабул қиладиган шахсларнинг салоҳиятини, ОБМ ва уларнинг ўрнини босувчи моддалар соҳасида фаолият юритадиган мутахассисларнинг малакасини ошириш;

совитиш ускуналарини ишлаб чиқарадиган ва улардан фойдаланадиган, шунингдек, эритувчилар билан ишлайдиган йирик корхоналарда ОБМ билан боғлиқ ишлаб чиқариш босқичларини халқаро ҳамжамият ва маҳаллий сармоядорлар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари орқали амалга ошириш лозим.

Ўзбекистон Республикасида биринчи Миллий дастур доирасида 3 та ОБМдан (ХФУ-12, тетрахлорметан, 1.1.1-трихлорэтан) фойдаланиш тўхтатилди.

Ушбу Миллий дастур доирасида республикада ОБМни истеъмолдан тўлиқ чиқариш, маҳаллий ресурслардан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда глобал исишга таъсири паст даражада бўлган ва озон қатламини емириш хусусиятига эга бўлмаган технологияларни жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Монреаль протоколи Кигали тузатишига қўшилишининг мақсадга мувофиқлигини ўрганиш назарда тутилмоқда.



3-БОБ. ОБМДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ТЎХТАТИШ

ЮЗАСИДАН МИЛЛИЙ ДАСТУРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ БЎЙИЧА УСТУВОР

ЧОРА-ТАДБИРЛАР


3.1. Стратегик йўналишни амалга оширишда Вазирлар Маҳкамасининг, тегишли вазирликлар ва идораларнинг роли

Вазирлар Маҳкамаси ОБМ истеъмолини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни, шунингдек, Вена конвенцияси ва Монреаль протоколи доирасида Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилишининг тизимли назорат қилинилишини таъминлайди.

Давлат экология қўмитаси ОБМдан фойдаланишни тўхтатиш бўйича қабул қилинган мажбуриятларни бажариш учун масъул ҳисобланади.

Бундан ташқари, Давлат экология қўмитаси тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан Миллий дастур ва "йўл харитаси"да белгиланган тадбирлар амалга оширилишини мувофиқлаштириш, шунингдек, республика ҳудудига ОБМ ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни олиб кириш тартиби ҳамда республика ҳудудидан ОБМ ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни олиб чиқиш доирасида рухсатномалар берилишини таъминлайди.

Шу билан бир қаторда, Давлат экология қўмитаси ОБМни истеъмол қилиш, улардан фойдаланиш мониторингини олиб бориш, амалга оширилаётган лойиҳаларни бошқариш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф муҳит дастурининг Озон Котибияти ва ГЭЖ ҳисоботларини тайёрлаш ишларини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ОБМ ёки уларнинг ўрнини босувчи моддалардан фойдаланган ҳолда техник қайта жиҳозлаш, янги техника ва технологияларни жорий қилиш лойиҳаларини техник баҳолашни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Давлат экология қўмитаси билан биргаликда ОБМ ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларнинг импорти ва экспорти назоратини олиб боради, шунингдек, уларни ҳисобга олиш ва ОБМ миқдори бўйича маълумотлар базаси яратилишига кўмаклашади.


3.2. Ҳаракатларнинг истиқболли йўналишлари.

Ўзбекистон Республикасида Вазирлар Маҳкамасининг "Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасига импортини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 17-сон қарори билан Монреаль протоколининг А, В ва Е рўйхатларида, шунингдек, С рўйхатининг II ва III гуруҳларида кўрсатилган моддаларни импорт қилиш тақиқланган.

Миллий дастур доирасида ОБМни ва уларнинг таркибидаги маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тўхтатиш назарда тутилмоқда.

Маълумки, Монреаль протоколи томонларига ОБМни босқичма-босқич истеъмолдан чиқариш ва бошқа турдаги совитгичларга ўтиш учун молиявий ресурслар кўринишида техник ёрдам кўрсатилади.

Бундан ташқари, республикада муқобил ва табиий совитиш агентларида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш билан биргаликда қўшимча иш ўринларини яратиш имконияти пайдо бўлади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси томонидан Монреаль протоколи доирасидаги мажбуриятларга тўлиқ риоя этилиши имконини беради.


3.3. Озон қатламини емирувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича миллий дастурни амалга ошириш юзасидан ташкилий чора-тадбирлар

ОБМдан фойдаланишни тўхтатиш, озон қатлами учун хавфсиз бўлган муқобил моддалардан фойдаланишга ўтиш бўйича чора-тадбирлар ушбу Миллий дастурнинг стратегик йўналиши бўлиб, у дастурни амалга оширишнинг "йўл харитаси"да акс эттирилган.

Озон қатламини бузувчи моддалар ва таркибида ушбу моддалар мавжуд бўлган маҳсулотларнинг импорти ва экспортига рухсатномалар электрон ариза тақдим этилганидан сўнг "Ягона дарча" божхона ахборот тизими орқали берилади.

Миллий дастурни амалга ошириш учун:

ижрочилар, ижро муддатлари ва молиялаштириш манбалари, шунингдек, кутилаётган самаралар аниқ кўрсатилган механизмларни белгилаган ҳолда чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

"Йўл харитаси"даги тадбирларни бажаришда иштирок этувчи тегишли вазирликлар ва идораларнинг аниқ вазифа ва функцияларини белгилаш;

вазирликлар ва идоралар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг Миллий дастур ижроси бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

Миллий дастур ижроси тўғрисида мониторинг ва таҳлил ишларини амалга ошириш;

Миллий дастурнинг вазифалари ва мақсадларини амалга ошириш жараёнларида жамоат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда аҳолининг кенг қатлами иштирокини таъминлаш;

Миллий дастур ижроси бўйича оммавий ахборот воситалари орқали тизимли чиқишлар ташкил этиш зарур.

Миллий дастурни амалга ошириш натижасида:

ОБМ ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни республика ҳудудига олиб кириш ва унинг ҳудудидан олиб чиқиш бўйича қатъий назорат таъминланади;

жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Монреаль протоколи Кигали тузатишига қўшилишининг мақсадга мувофиқлиги ўрганилади;

маҳаллий ресурслардан фойдаланган ҳолда, республикада ОБМ ўрнини босувчи моддалар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади;

ОБМ ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларнинг импорти ва экспорти бўйича маълумотлар базаси шакллантирилади;

ОБМни қайта ишлаш бўйича 6 та янги марказ ташкил қилинади ва 6 та мавжуд марказлар қўшимча асбоб-ускуналар билан таъминланади;

совитиш ускуналари ишлаб чиқарадиган 100 та корхона учун зарур эҳтиёт қисмлар сотиб олинади;

озон қатламини емириш хусусиятига эга бўлмаган ва глобал исишга таъсири паст даражада бўлган ускуналарни ўрнатиш, ишлатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш соҳасида мутахассислар тайёрланади;

совитиш ускуналарини ишлаб чиқариш соҳаси учун мутахассисларни тайёрлаш учун 3 та марказ ташкил этилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 10 март




































Время: 0.0273
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск