ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар / Ички ишлар органлари /

Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш Концепцияси (ЎзР Президентининг 02.04.2021 й. ПҚ-5050-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 2 апрелдаги

ПҚ-5050-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ички ишлар органларида маънавий-

маърифий ишларни ташкил этиш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) ушбу соҳадаги ишларнинг устувор йўналишлари ва асосий принциплари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, аввало, ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган барча ходимлар ва ҳарбий хизматчиларнинг (кейинги ўринларда - ходимлар) умумий дунёқараши, сиёсий онги, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик, ғурур, ифтихор, касбига нисбатан садоқат ва юқори масъулият ҳисларини ошириш билан боғлиқ вазифаларни белгилаб беради.


2. Концепция миллий ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг маънавий салоҳияти ва мафкуравий иммунитетини кучайтириш, уларнинг онгида Ватан тақдири ҳамда келажаги учун дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ фаолиятнинг устувор йўналишларини акс эттиради.


3. Ходимларнинг маънавий-руҳий тайёргарлигини ошириш, фаол ҳаётий позицияси, интеллектуал салоҳиятини, Она Ватан тақдирига бўлган масъулиятини мустаҳкамлаш, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши иммунитетини кучайтириш, уларни фуқаролик бурчи ва конституцион мажбуриятларини садоқат ва фидойилик билан виждонан бажаришга йўналтириш бўйича маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш ушбу концепциянинг асосий мазмунини ифодалайди.


4. Концепцияга кўра, ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар "Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш - олий бурчимиз!" концептуал ғояси асосида ташкил этилиб, унда давлат мустақиллигини ҳимоя қилиш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилиш устувор вазифа сифатида белгиланади.

Мазкур ғоянинг асосий мазмун-моҳияти фуқароларнинг тинчлиги ва мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш учун ҳар қандай ҳуқуқбузарликка қарши курашишда ўз жонини аямайдиган, ватанпарварлик, фидойилик, садоқат ва ҳалоллик фазилатларига эга ходимларни шакллантиришдан иборат.


5. Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этишнинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:

ходимларни юқори касбий тайёргарликка эга, жисмонан ва маънан етук, билимли, ҳалол, ватанпарвар, мард ва жасур этиб тарбиялаш;

ходимларнинг фаол ҳаётий позициясини мустаҳкамлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, она Ватан тақдирига бўлган масъулиятини ошириш ҳамда ғоявий ва турли ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш;

ходимларни фуқаролик бурчи ва конституцион мажбуриятларини садоқат ва фидойилик билан виждонан бажаришга йўналтириш.


6. Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва Ички ишлар вазирлигининг норматив ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилади.



2-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


7. Концепциянинг асосий мақсади ходимларни ҳар қандай шароитда давлат ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган, миллий қадриятларга содиқ, умуминсоний қадриятларга таянадиган, ёт ва бузғунчи ғояларга муросасиз курашувчи, иймон-эътиқоди ва иродаси мустаҳкам, маънавиятли ва фидойи, аждодларимиз ва мардлик кўрсатиб ҳалок бўлган ходимларнинг бебаҳо меросига таяниб яшайдиган баркамол шахс сифатида тарбиялаш, улар қалбида давлат ва халқимизнинг хавфсизлигини таъминлашда шахсий дахлдорлик ва юқори масъулият ҳиссини шакллантиришдан иборат.


8. Қуйидагилар Концепциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ходимларнинг маънавияти ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда бой маданиятимиз, азалий қадриятлар ва анъаналаримизга асосланган дунёқарашини шакллантиришга йўналтирилган ягона тизимни яратиш;

ходимларнинг онгу тафаккурига Ватан ва халқ манфаатларига хизмат қилиш шарафли ва муқаддас бурч эканини англатиш, давлатимиз ва ички ишлар органларининг тимсоллари билан фахрланиб, қасамёдига содиқ бўлиш ҳамда касбий бурчини бажаришда қонунийликка қатъий риоя этиш туйғусини чуқур сингдириш орқали халқнинг уларга бўлган ишончи ва ҳурмат ҳиссини юксалтириш;

ходимларнинг онги ва қалбига "Янги Ўзбекистон - учинчи Ренессанс сари!" ғоясининг мазмун-моҳиятини сингдириш асосида уларнинг Ватан ва халқ тақдирига, давлатимиз ҳамда ислоҳотлар талабларига дахлдорлигини янада ошириш;

шахсий таркибга мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини тизимли тушунтириш ҳамда дунёдава ён-атрофимизда содир бўлаётган глобаллашув жараёнларига нисбатан уларнинг онгли муносабати ҳамда фаол ҳаётий позициясини шакллантириш;

миллий меросимизнинг тарихий илдизларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш, Ватанимиз озодлиги ва тинчлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган буюк аждодларимиз ва жасур замондошларимизнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб этиш асосида ходимларда хизмат бурчини бажариш борасида қатъий ҳаётий эътиқодни қарор топтириш;

ходимларнинг эстетик тарбиясини кучайтириш, уларнинг маданият ва санъатнинг турли соҳаларига бўлган қизиқишларини ошириш, ушбу мақсадда адабиёт, кино, театр, тасвирий санъат имкониятларидан кенг фойдаланишни тизимли асосда йўлга қўйиш;

ходимларнинг ички ва ташқи маънавий таҳдидлар ҳамда коррупцияга қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш, ички ишлар органларининг ижобий имижини шакллантириш ҳамда шу мақсадда фуқаролик жамияти институтлари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш.



3-БОБ. МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ИШЛАРНИ

АМАЛИЁТГА УЗЛУКСИЗ ТАТБИҚ ЭТИШ ТИЗИМИ


9. Маънавий-маърифий ишларни амалиётга узлуксиз татбиқ этиш бўйича ички ишлар органларининг асосий субъектлари:

Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати;

Ички ишлар вазирлигига қарашли "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейи;

Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари;

Ички ишлар вазирлиги Академияси;

Ички ишлар вазирлигининг соҳавий, таркибий ва ҳудудий бўлинмалари;

Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти;

Ички ишлар вазирлиги тизимидаги жамоатчилик тузилмаларидан иборат.


10. Маънавий-маърифий ишларни амалиётга узлуксиз татбиқ этиш мақсадида ички ишлар органларининг таълим муассасалари ва қуйи тизимдаги ҳар бир (туман, шаҳар, тармоқ) ички ишлар органида қуйидаги кўргазмали воситалардан иборат алоҳида ватанпарварлик бурчаклари (хоналари) ташкил этилади:

Ички ишлар вазирлигининг байроғи ва эмблемаси, вазирлик тарихидаги муҳим саналар ва аҳамиятга молик анжуманлар рўйхати;

туман (шаҳар) ички ишлар органининг ташкил этилиши тарихи, уни тасвирловчи фотосуратлар, фаолиятига оид лавҳалар ва алоҳида намунали белгилар;

Амир Темурнинг "Темур тузуклари" асари ҳақидаги маълумотлар, унда баён этилган давлат хизмати ва хавфсизликни таъминлашга оид лавҳалар;

хизмат вазифасини бажариш чоғида қаҳрамонлик кўрсатиб ҳалок бўлган ходимлар тўғрисидаги маълумотлар, фотосуратлар ва уларнинг ҳаётига оид лавҳалар;

Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ходимларнинг фаолиятига оид лавҳалар ва фотосуратлар;

жанговар вазифаларни бажаришга жалб этилган (Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар қатнашчилари, Чернобиль АЭСдаги фожиани бартараф этишга жалб этилганлар, мустақиллик йилларида террорчи-жангарилар билан қуролли тўқнашувларда иштирок этганлар ва бошқа) ходимларнинг фаолиятига оид лавҳалар ва фотосуратлар;

давлат мукофотларига сазовор бўлган ходимларнинг фотосуратлари ва уларнинг хизмат фаолиятига оид лавҳалар;

хизмат вазифасини бажаришда алоҳида ўрнак кўрсатиб, юқори касбий маҳорат билан фаолият олиб бораётган ходимлар ҳақидаги маълумотлар, уларнинг фотосуратлари ва эришган ютуқлари намуналари;

давлат мукофотлари ва идоравий кўкрак нишонлари тасвирлари акс эттирилган стендлар;

жамоа ва алоҳида ходимлар томонидан спортда эришилган ютуқлар, спорт турлари бўйича мусобақа совриндорларининг кубоклари, медаллар каби ютуқлар ва фотолавҳалар;

ўзбек халқининг буюк сиймолари, мутафаккир олимлари ва алломаларининг ҳаёти ва фаолиятига оид стендлар;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ички ишлар органларига ташрифлари ва фаолиятига оид иқтибослари акс эттирилган стендлар.


11. Ички ишлар вазирлиги томонидан Иккинчи жаҳон уруши давридан айни пайтгача хизмат вазифасини бажариш чоғида қаҳрамонлик кўрсатиб ҳалок бўлган ходимлар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирувчи "Ички ишлар органларининг мард ўғлонлари" номли китоб тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 30 йиллигига бағишланган санада нашр этилади.

Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан "Ватанпарварлик асослари", "Касб маданияти ва муомала одоби" номли ўқув-методик қўлланмалар тайёрланиб, барча ички ишлар органларида маънавий-маърифий тарбияни ташкил этиш учун тарқатилади.


12. Ички ишлар вазирлиги томонидан:

ходимларда касбига нисбатан ғурур ва ифтихор туйғуларини шакллантириш мақсадида "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 30 йиллиги" идоравий кўкрак нишони таъсис этилади ва касб байрами - 2021 йил 25 октябрь арафасида рағбатлантириш тариқасида намунали ходимларга тантанали равишда топширилади;

ходимлар ўртасида соғлом рақобат ва ташаббускорлик муҳитини шакллантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш мақсадида "Ёшлар фидойиси" идоравий кўкрак нишони таъсис этилади.


13. Ички ишлар органлари томонидан таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишларни кучайтиришга қаратилган қуйидаги тадбирлар тизими жорий этилади:

Ихтисослаштирилган мактаб-интернат ва "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейи ўқувчилари онгида ватанпарварлик ҳиссини шакллантиришга қаратилган "Ички ишлар органлари тарихи" ва "Ватанпарварлик асослари" фанлари ўқитилади;

идоравий академик лицейлар ўқувчиларини миллий анъана ва қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида "Маънавият асослари" фани ўқитилади;

Ички ишлар вазирлиги Академиясида курсант ва тингловчиларни Ватан ва халқ манфаатларини шахсий манфаатлардан устун қўядиган, қонунларга қатъий бўйсунувчи, касбига садоқатли ходимлар сифатида тайёрлаш мақсадида "Ички ишлар органлари ходимининг муомала одоби ва эстетикаси", "Ватанпарварлик тарбияси" ва "Касбий маданият" каби фанларни ўқитиш назарда тутилади;

Малака ошириш институти тингловчиларида мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида "Геосиёсий манфаатлар тўқнашуви ва мафкуравий кураш" ва "Коррупция - ички маънавий таҳдид" махсус курслари ўқитилади.


14. Ички ишлар органларининг аҳоли билан бевосита ишлайдиган хизматларида маънавий-маърифий фаолиятнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:


Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти бўйича:

фуқароларнинг мурожаатларига холисона ва виждонан ёндашиш, айниқса, болалар, аёллар, кексалар ва нуронийларга алоҳида эътибор қаратиш;

хизмат вазифаларини бажаришда шубҳа пайдо қилиши мумкин бўлган хулқ-атвордан ўзини тийиш, шунингдек, ўз обрўсига ёки давлат органининг нуфузига зарар етказишга сабаб бўладиган вазиятларга йўл қўймаслик;

ҳар қандай вазиятда фуқароларга ҳурмат билан мурожаат қилиш, муносабатларда вазмин бўлиш, муомала маданияти ва қонунийликка қатъий риоя қилиш;

хизмат фаолияти мобайнида турли этник, ижтимоий гуруҳлар ва конфессияларнинг маданий ҳамда ўзига хос жиҳатларини ҳурмат қилиш, ижтимоий барқарорликка, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашиш;

Ватан равнақи учун хизмат қилишдек улуғ ва олий жаноб мақсадга интилиш, жасурлик ва фидойилик билан эл-юртга хизмат қилиш;


Тергов ва тезкор-қидирув фаолияти бўйича:

фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш, уларни камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик;

ички ишлар органларига чақирилган (олиб келинган) фуқароларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш, ҳар бир инсон шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлигини чуқур англаган ҳолда, айбсизлик презумпцияси принципига ва процессуал қонунчиликка қатъий амал қилиш;

фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракатларга, қонунга хилоф равишда жисмоний куч ишлатишга, ҳақорат қилиш ёки қийноққа солишга йўл қўймаслик.


15. Ички ишлар органлари тизимида ҳар ҳафтада "Ватанпарварлик куни" тадбирлар комплекси ташкил этилади.



4-БОБ. МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ИШЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ЙЎНАЛИШЛАРИ


16. Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар мазкур Концепциянинг асосий мақсади ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги йўналишларда олиб борилади:

тарбиявий ишлар;

тарғибот-ташвиқот ишлари;

психологик фаолият;

ижтимоий-ҳуқуқий фаолият;

маданий тадбирлар.


17. Тарбиявий ишлар ватанпарварлик, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, оилавий-маиший тарбия ҳамда якка тартибдаги тарбиявий чора-тадбирлардан иборат.

Ходимларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш доирасида уларда Ватанга садоқат, касбига нисбатан ғурур ҳиссини шакллантириш, жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш учун ҳар қандай ҳуқуқбузарликка қарши курашишда шахсий масъулиятни оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ўтказиб борилади;

ижтимоий-сиёсий тарбия доирасида ходимларга ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қонунчилик ҳужжатлари, давлат дастурларининг мазмун-моҳияти тизимли равишда етказиб борилади ҳамда уларда дунёда ва ён-атрофимизда содир бўлаётган глобаллашув жараёнларига нисбатан онгли муносабат ва фаол ҳаётий позиция шакллантирилади;

маънавий-маърифий тарбия ўз ичига миллий меросимизнинг тарихий илдизларини ўрганиш, Ватан озодлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган буюк аждодларимиз ва жасур замондошларимизнинг ибратли умр йўлини кенг тарғиб этиш тадбирларини қамраб олиб, хизмат бурчини бажариш бўйича қатъий ҳаётий эътиқодни қарор топтиришга қаратилади;

оилавий-маиший тарбия доирасида ходимларнинг оила аъзолари билан узвий боғлиқлигини таъминлаш, улар томонидан ходимларга касбий бурчини бажаришга руҳий кўмаклашишга қаратилган тадбирлар ўтказилади;

якка-тартибдаги тарбиявий ишлар ходимларда касб учун зарур бўлган шахсий фазилатларни шакллантиришга, уларни хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий риоя этишга йўналтиради.

Тарбиявий йўналишда ходимларнинг онги ва тафаккурига кучли таъсир кўрсатадиган, қалбига етиб борадиган, кайфиятини кўтарадиган, янги марралар сари илҳомлантирадиган ҳамда замонавий ахборот ва тарғибот технологияларини қўллаган ҳолда таъсирчан руҳда ўтказиладиган тадбирлар ташкил этилади.


18. Тарғибот-ташвиқот ишлари ходимларга мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ишларнинг мазмун ва моҳиятини тушунтириш, ички ва ташқи сиёсатнинг тенденциялари ҳақидаги маълумотларни тизимли равишда етказиб боришдан иборат.


19. Психологик фаолият ходимларнинг руҳий ҳолатини кузатиш ҳамда уларнинг шахсий фазилатлари ва жамоадаги муносабатларини касбий бурчини самарали бажаришга йўналтиришдан иборат.


20. Ижтимоий-ҳуқуқий фаолият ходимлар, фахрийлар ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларга ҳар томонлама моддий ва маънавий кўмаклашишга қаратилган тадбирлардан иборат.


21. Маданий тадбирлар ходимлар онгида миллий маданиятимиз ва қадриятларимизга ҳурмат ва эҳтиром ҳис-туйғуларини ошириш, юксак эстетик дид ва ахлоқий меъёрларни шакллантириш, Ўзбекистон халқининг бой тарихи, маданияти, анъаналари ва урф-одатларига ҳурмат, миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши намуналарини оммавий тадбирлар (музей, театр, кино, истироҳат боғлари, концерт ва бошқа тадбирларга ташрифлар) орқали сингдиришдан иборат.



5-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШ МЕХАНИЗМИ


22. Концепцияни амалга оширишда олимлар, ёзувчи, шоир ва сиёсатчилар, ижодкор зиёлилар, давлат ва жамоат ташкилотлари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийлари иштирок этади.

Жумладан, ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ички ишлар органларининг тарихи, тизимда хизмат қилиб, жанговар-хизмат фаолиятини амалга оширган, хизмат вазифаларини бажаришда қаҳрамонларча ҳалок бўлган, шунингдек, давлат ва идоравий мукофотларга сазовор бўлган ҳамда спорт мусобақаларининг совриндорлари, алоҳида намунали хизмат қилаётган ходимлар тўғрисидаги маълумотлар тайёрланади;

вилоят (туман, шаҳар) ҳокимликлари билан ҳамкорликда ҳар бир (туман, шаҳар, тармоқ) ички ишлар органида кўргазмали воситалардан иборат алоҳида ватанпарварлик бурчаклари (хоналари) ташкил этилади;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда буюк аждодларимиз ва алломалар фаолиятига оид театр спектакллари ва саҳна кўринишлари, концерт дастурлари, экскурсиялар ҳамда миллий ғурур, фахр ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлашга, нотиқлик санъатини шакллантиришга қаратилган оммавий маданий тадбирлар ташкил этилади;

Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда халқимизнинг маънавий қадриятлари, маданияти ва урф-одатларини, бой меросимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳамда одоб-ахлоқ, ҳалоллик, поклик, садоқат ва фидойиликни чуқур сингдиришга қаратилган давра суҳбатлари ўтказилади;

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси билан ҳамкорликда ислом динининг асл мазмун-моҳиятини етказиш, диний саводхонликни ошириш, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ғояларини тарғиб қилиш ҳамда ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш, ҳушёрлик ва огоҳлик каби туйғуларни мустаҳкамлашга қаратилган учрашувлар ўтказилади;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг энг сара намуналари мазмун-моҳиятини тушунтириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда ватанпарварлик, мардлик, фахр ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган ижодий учрашувлар ўтказилади;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, "Оила" илмий-амалий тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда ходимлар оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни яратиш, оила шаънини сақлашда ота-она ва фарзандлар масъулияти ҳамда бурчлари, ор-номус, қадр-қиммат, шарм-ҳаё каби ахлоқий меъёрларни етказиб бориш, оилаларнинг ижтимоий аҳволи, эҳтиёжлари ва муаммоларини тизимли ўрганиб боришга қаратилган тадбирлар ташкил этилади;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда спорт билан мунтазам шуғулланиш, жисмоний ва маънавий баркамолликка интилиш, жисмонан етук, кучли ва шижоатли, мутахассисларни тарбиялашга йўналтирилган машғулотлар, мусобақалар ва амалий тадбирлар ташкил этиб борилади.



6-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖА


23. Концепцияда белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида юксак маънавиятли, ватанпарвар, ўз касбига садоқатли ва фидойи ходимлар шаклланади.


24. Маънан етук, касбий ихтисосликларни пухта эгаллаган, ҳар қандай шароитда хизмат вазифаларини виждонан бажарадиган, матонат ва жасоратда, ҳаётда ва касбий фаолиятида бошқаларга ўрнак бўлган ходимлар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда Концепцияда белгиланган натижаларга эришилади.


25. Мазкур Концепция ички ишлар органларида ходимларнинг маънавий-маърифий савиясини тизимли ва босқичма-босқич юксалтириб бориш, улар қалбида Ватанимиз тақдири ва келажаги учун дахлдорлик, юқори масъулият, садоқат ҳамда ватанпарварлик ҳиссини мустаҳкамлаш учун услубий асос бўлиб хизмат қилади.


26. Концепциянинг амалга оширилиши ҳар жиҳатдан содиқ, ҳалол, ватанпарвар, фидойи, мард ва жасур ходимларни тарбиялаш билан бирга, халқимиз ўртасида ички ишлар органларига нисбатан фахр ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлаш, ёшларда ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, касбига бўлган ҳавас ва қизиқишларини орттириш ҳамда шу орқали ички ишлар органлари сафини мустаҳкам иродали, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, халқ манфаатларини ҳар нарсадан устун қўядиган ёш ва истиқболли ходимлар билан тўлдириб бориш имконини беради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 2 апрель















































Время: 0.0120
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск