ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ер қонунчилиги / Ерларни мелиорациялаш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.04.2021 й. 190-сон "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг шўрини ювиш ишларини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

08.04.2021 й.

N 190




ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИГА МЎЛЖАЛЛАНГАН

ЕРЛАРНИНГ ШЎРИНИ ЮВИШ ИШЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Республикада суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини ва сув таъминотини яхшилаш ҳамда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг шўрини ювиш учун фойдаланиладиган ва тасдиқланган шўр ювиш нормалари доирасида, шунингдек, коллектор ва дренаж тармоқларидан ишлатиладиган сув ресурсларини улардан фойдаланганлик учун солиқдан озод қилиш, сувни тежайдиган (томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет ва бошқа) суғориш технологияларини жорий қилишга давлат томонидан субсидиялар ажратиш ҳамда ер солиғи бўйича имтиёз бериш тизими яратилди.

Шу билан биргаликда, ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини агротехник қоидалар асосида сифатли ва тизимли ташкил этишга, сув истеъмолини назорат қилишга етарлича эътибор берилмаяпти. Натижада агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювишда, айниқса, Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида, шунингдек, Бухоро, Навоий, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг аксарият туманларида агротехник қоидалар ва муддатлар қўпол равишда бузилиб, сув исрофгарчилигига йўл қўйилган, шўр ювиш ишларининг самараси пастлигича қолмоқда.

Сувни тежайдиган суғориш ва лазерли ер текислаш технологиялари жорий қилинган майдонларда ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини амалга ошириш юзасидан хорижий тажрибаларни ўрганиш, янги илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш соҳа талабларидан ортда қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 11 декабрдаги ПҚ-4919-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда ерларнинг шўрини ювиш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, бу борадаги илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш ҳамда шўр ювиш ишларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилансинки:

ерларнинг шўрини ювиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг мелиоратив экспедициялари томонидан ишлаб чиқиладиган ва илмий асосланган тавсиялар бўйича мақбул муддатларда ва шўр ювиш нормаларига амал қилган ҳолда амалга оширилади;

ерларнинг шўрини ювиш ишлари ҳар уч йилда камида бир марта лазер ускунали ёки узун базали ер текислагичлар билан текисланган ҳолда амалга оширилади;

шўр ювиш ишлари учун сув олиш хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотлар (сув истеъмолчилари уюшмалари) билан тузилган шартномага мувофиқ ажратилган сув олиш лимити доирасида амалга оширилади ҳамда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботи юритилади;

шўр ювиш учун берилган сувни коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйишга ва уларнинг техник ҳолатига зарар етказишга йўл қўйилмайди.

Сув истеъмолчиларига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 442-моддаси талабларидан келиб чиқиб, шўр ювиш ишлари учун ажратилган сув олиш лимитидан ортиқча сув олинган тақдирда, белгиланган тартибда сувдан фойдаланганлик учун солиққа тортилиши кўрсатиб ўтилсин.


2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда - Низом) иловага мувофиқ тасдиқлансин:

а) шўр ювиш ишларини режалаштириш, шу жумладан:

ҳар йили 1 октябрга қадар Сув хўжалиги вазирлиги томонидан сув ресурсларининг прогнозларига асосан хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотларнинг (сув истеъмолчилари уюшмаларининг) сув олиш лимитлари тасдиқланади ва жойларга етказилади;

ҳар йили 20 октябрга қадар агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа ташкилотлар билан сув олиш лимитлари асосида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режалари, шунингдек, тегишли шартномалар белгиланган тартибда расмийлаштирилади;

ҳар йили 1 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг мелиоратив экспедициялари томонидан ҳудудлар бўйича мелиоратив кадастр ҳужжатлари ишлаб чиқилади;

ҳар йили 10 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг мелиоратив экспедициялари томонидан ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини амалга ошириш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилади, агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа ташкилотларга етказилади;

ҳар йили 20 ноябрга қадар сув истеъмолчилари томонидан хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотлар (сув истеъмолчилари уюшмалари) билан биргаликда уларга берилган тавсиялар ва сув истеъмоли режаларига асосан ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишлари режалари ишлаб чиқилади;

б) ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини амалга ошириш тартиби, шу жумладан, ерларнинг шўрини ювиш ишлари шўр ювиш режалари бўйича берилган тавсиялар асосида мақбул муддатларда ва ажратилган сув олиш лимитлари доирасида шўр ювиш нормаларига мувофиқ амалга оширилади;

в) шўр ювишда сувдан фойдаланиш ва шўр ювиш мониторингини юритиш тартиби, шу жумладан, хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотлар (сув истеъмолчилари уюшмалари) сув истеъмолчилари билан белгиланган тартибда шўр ювиш ишлари учун олинган сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритади.


3. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:

а) ерларнинг мелиоратив ҳолатини назорат қилиш ва баҳолаш ишларининг тизимли равишда сифатли амалга оширилишини;

б) сув ресурсларини оқилона бошқаришни ва ажратилган сув олиш лимити доирасида сув етказиб берилишини таъминласин;

в) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда Инновацион ривожланиш вазирлигига 2021 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориладиган, шунингдек, лазер ускунали ер текислагичлар билан текисланган майдонларда ерларнинг шўрини ювиш билан боғлиқ илмий-тадқиқот ишларини бажаришга қаратилган илмий лойиҳаларга танлов эълон қилиш учун таклифлар киритсин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга:

шўри ювиладиган майдонларни ҳар йили 1 декабрга қадар сифатли шудгорлаш ва зарур ҳолларда чуқур юмшатиш;

ерларни ҳар уч йилда камида бир марта лазер ускунали ёки узун базали ер текислагичлар билан текислаш;

ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини илмий асосланган тавсиялар бўйича мақбул муддатларда ва шўр ювиш нормаларида амалга ошириш;

сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш ишларини тизимли ташкил қилиш ва амалга оширишда яқиндан кўмаклашсин.


5. Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси:

ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларида агротехник қоидаларга, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатсин;

сувни коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйишнинг ҳар бир ҳолатини фавқулодда ҳолат сифатида баҳолаб, сувдан мақсадли ва тежамли фойдаланиш ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузганларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кескин чоралар кўриб борсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида "Қишлоқ хўжалигида сувдан самарали фойдаланиш технологиялари" ва "Шўр ювиш технологиялари" фанлари бўйича ўқув адабиётларининг янги авлодини яратиш чораларини кўрсин. Бунда мазкур соҳадаги олий таълим муассасаларига 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, юқорида кўрсатилган фанларни тегишли таълим йўналишларининг ўқув режаларига киритиш тавсия этилсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев ҳамда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Р. Хамраев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 8 апрель

























Время: 0.2213
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск