ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд тизими / Конституциявий суд /

Ўзбекистон Республикасининг 27.04.2021 й. ЎРҚ-687-сон "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги Конституциявий Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 13.01.2021 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 12.03.2021 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОНУНИ

27.04.2021 й.

N ЎРҚ-687



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 13 январда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 12 мартда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолиятини тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий

суди тўғрисидаги қонунчилик


Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги қонунчилик Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.



3-модда. Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судининг мақоми


Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди (бундан буён матнда Конституциявий суд деб юритилади) доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.



4-модда. Конституциявий суднинг ваколатлари


Конституциявий суд:

1) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

2) Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар - Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар - Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

2-1) Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

3) Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

4) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;

5) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади;

6) конституциявий суд ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.

Конституциявий суд конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятларини ҳам кўриб чиқади.

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни ҳам кўради.

Конституциявий суд ўз ваколатларини амалга ошираётганда бошқа судларнинг ёки ўзга органларнинг ваколатига кирадиган барча ҳолларда ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш ва текширишдан ўзини тияди.



5-модда. Конституциявий суднинг қонунчилик ташаббуси


Конституциявий суд ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.

Конституциявий суднинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи унинг томонидан қонунлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) киритиш орқали амалга оширилади.

Конституциявий суд ўзи киритган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш чоғида иштирок этиш учун ўз вакилини тайинлайди.



6-модда. Конституциявий судни сайлаш


Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.

Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.

Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлади.



7-модда. Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддати


Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланади.

Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши, қоида тариқасида, етмиш ёшни ташкил этади.


8-модда. Конституциявий суд ҳужжатлари

ва талабларининг мажбурийлиги


Конституциявий суднинг ҳужжатлари барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Конституциявий суднинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, ҳужжатларни ва уларнинг кўчирма нусхаларини тақдим этиш, ўзи кўриб чиқаётган масалалар юзасидан тушунтиришлар ҳамда маслаҳатлар бериш, бирор ҳаракатни амалга ошириш ҳақидаги ёки амалга оширишдан тийилиш тўғрисидаги талаблари улар юборилган барча органлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир.



9-модда. Конституциявий суднинг фаолият тартиби


Конституциявий суднинг фаолият тартиби ушбу Қонун, конституциявий суд ишларини юритиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Регламенти билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Регламенти Конституциявий суднинг ички фаолияти билан боғлиқ масалаларни тартибга солади ва унинг мажлисида қабул қилинади.



2-БОБ. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД СУДЬЯСИНИНГ МАҚОМИ


10-модда. Конституциявий суднинг судьяси лавозимига

номзодга қўйиладиган талаблар. Конституциявий суд

судьяларининг малака даражалари


Сиёсат ва ҳуқуқ соҳаси мутахассиси бўлган, юксак маънавий фазилатларга ва зарур малакага эга бўлган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин.

Конституциявий суднинг судьясига Олий ёки Биринчи малака даражалари берилади. Олий малака даражаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади. Биринчи малака даражаси Конституциявий суд томонидан берилади.



11-модда. Конституциявий суд судьясининг қасамёди


Биринчи марта Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланган шахс қуйидаги мазмунда қасамёд қилади:

"Конституциявий суднинг судьяси вазифаларини ҳалол ва виждонан бажаришга, конституциявий тузумни ҳимоя қилишга, бунда фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига бўйсунишга тантанали қасамёд қиламан".

Қасамёд Конституциявий суднинг судьяси томонидан Сенатнинг мазкур судья сайланган мажлисида қилинади.



12-модда. Конституциявий суднинг судьяси лавозими

билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган фаолият


Конституциявий суднинг судьяси сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Конституциявий суднинг судьяси сиёсий партиянинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият тури билан шуғулланиши мумкин эмас.


13-модда. Конституциявий суд судьясини алмаштириб бўлмаслиги


Конституциявий суднинг судьяси ўз ваколатлари муддати давомида алмаштирилмайди. Конституциявий суд судьясининг ваколатлари ушбу Қонунда белгиланган тартибдан ҳамда асослардан бошқача тарзда тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин эмас.



14-модда. Конституциявий суд судьясининг дахлсизлиги


Конституциявий суд судьяси дахлсиздир. Конституциявий суд судьясининг дахлсизлик кафолатлари ушбу Қонун, шунингдек "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланади.

Конституциявий суд судьяси Конституциявий суднинг розилигисиз жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилиши, шунингдек қамоққа олиниши мумкин эмас.

Конституциявий суднинг судьясига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси унга ўта оғир жиноят ёхуд одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик айби қўйилган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин. Мазкур қоида Конституциявий суднинг Конституциявий суд судьяси сифатида ишлаган даврида шундай жиноятни содир этганликда айбланаётган собиқ судьясига нисбатан ҳам қўлланилади.

Конституциявий суднинг судьясига нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Конституциявий суд судьясини мажбурий келтириш, ушлаб туриш, худди шунингдек унинг шахсий ашёларини, багажини, транспортини, уй-жойини, хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.



15-модда. Конституциявий суд судьясининг

ваколатларини тўхтатиб туриш


Конституциявий суд судьясининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда Конституциявий суднинг қарори билан тўхтатиб турилиши мумкин:

агар судьяга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса ёхуд у бошқа жиноят иши бўйича айбланувчи сифатида жавобгарликка тортилган бўлса;

у судья лавозими билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган фаолият билан шуғулланганида;

у суднинг қарори билан бедарак йўқолган деб топилганида.

Конституциявий суд судьяси ваколатларининг тўхтатиб турилиши унга иш ҳақи тўлашнинг тўхтатиб турилишига олиб келмайди ва судьяни ушбу Қонунда белгиланган дахлсизлик кафолатларидан маҳрум этмайди, бундан эҳтиёт чораси сифатида судьяга нисбатан қамоққа олиш танланган ҳоллар мустасно.

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари уларни тўхтатиб туриш асослари бекор бўлгунига қадар тўхтатиб турилади.

Судья ваколатларини тиклаш Конституциявий суд қарори билан расмийлаштирилади.



16-модда. Конституциявий суд судьясининг

ваколатларини муддатидан илгари тугатиш


Конституциявий суд судьясининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда Сенатнинг қарори билан муддатидан илгари тугатилади:

у судьялик қасамёдини бузганида;

у ёзма ариза берганида;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганида;

судья огоҳлантирилганидан ёки унинг ваколатлари тўхтатилганидан кейин ҳам судьялик лавозими билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган фаолиятни давом эттирганида;

соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра у узоқ вақт мобайнида судьялик вазифаларини бажаришга қобилиятсиз бўлганида;

у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганида;

у белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганида;

у вафот этганида ёки суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинганида.



17-модда. Конституциявий суд судьясининг

ваколатлари тугаганидан кейин уни ишга

жойлаштириш бўйича кафолатлар


Конституциявий суд судьясининг ваколатлари тугаганидан кейин унга Конституциявий суд судьяси лавозимига сайланишига қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Ваколатлари муддати тугаган судьянинг бошқа иш тақдим этиш тўғрисидаги масала ҳал бўлаётган даврда, бироқ уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатда ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.


3-БОБ. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД РАИСИ

ВА УНИНГ ЎРИНБОСАРИ


18-модда. Конституциявий суд раиси ва унинг

ўринбосарини сайлаш ҳамда уларни эгаллаб

турган лавозимидан озод қилиш


Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд томонидан Конституциявий суд судьялари орасидан беш йил муддатга сайланади. Агар уларнинг Конституциявий суднинг судьяси сифатидаги ваколатлари муддати тугашига беш йилдан кам қолган бўлса, улар қолган муддатга сайланади.

Айни бир шахс Конституциявий суд раиси ёки унинг ўринбосари этиб икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари ёзма ариза берган тақдирда, Конституциявий суд томонидан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинади.



19-модда. Конституциявий суд раисининг ваколатлари


Конституциявий суд раиси:

Конституциявий судга раҳбарлик қилади ва унинг фаолиятини ташкил этади;

Конституциявий суд томонидан кўриб чиқишга қабул қилинган масалаларнинг тайёрланишига раҳбарлик қилади;

Конституциявий суднинг мажлисларини (бундан буён матнда суд мажлиси деб юритилади) чақиради ва уларда раислик қилади;

Конституциявий суд судьялари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этилишини таъминлайди;

суд мажлисларининг қарорларини ва баённомаларини имзолайди;

Конституциявий суд девонининг ишини ташкил этади, унинг ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

Конституциявий судни сақлаш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун бюджет маблағларини тақсимлайди.

Конституциявий суд раиси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Конституциявий суд раиси Қонунчилик палатаси ва Сенат, уларнинг органлари мажлисларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида иштирок этиши мумкин.

Конституциявий суд раиси ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан фармойишлар чиқаради.

Конституциявий суднинг раиси йўқлигида унинг ваколатларини раис ўринбосари амалга оширади.



4-БОБ. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ИШЛАРИНИ

ЮРИТИШНИНГ АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАРИ

ВА УЛАРНИНГ МАЗМУНИ


20-модда. Конституциявий суд ишларини

юритишнинг асосий принциплари


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлиги, мустақиллик, коллегиаллик, ошкоралик, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги конституциявий суд ишларини юритишнинг асосий принципларидир.



21-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлиги


Конституциявий суд ишларини юритиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлиги принципи, қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий принципнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бошқа нормаларининг рўёбга чиқарилиши асосида амалга оширилади.

Конституциявий суд фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига амал қилган ҳолда ишларни ҳал этади ва хулосалар беради.



22-модда. Конституциявий суд ва унинг судьялари мустақиллиги


Конституциявий суд ва унинг судьялари ўз фаолиятида мустақилдир ҳамда фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига бўйсунади.

Конституциявий суднинг судьялари қарор қабул қилар экан, ўзининг ҳуқуқий нуқтаи назарини амалий мақсадга мувофиқлик мулоҳазаларидан, сиёсий мойилликлар ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ҳолда ифодалайди.

Конституциявий суднинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.



23-модда. Коллегиаллик


Конституциявий суд ишларини юритиш коллегиал тарзда амалга оширилади.



24-модда. Ошкоралик


Суд мажлислари очиқ ўтказилади.

Давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни сақлаш зарур бўлган тақдирда суднинг ёпиқ мажлиси ўтказилишига йўл қўйилади.



25-модда. Тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги


Конституциявий суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.

Тарафлар кўриб чиқилаётган иш юзасидан далиллар тақдим этиш, илтимосномалар баён этиш, фикрлар билдириш, ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилиш бўйича тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан тортишув асосида фойдаланади.



26-модда. Конституциявий суд ишлари юритиладиган тил


Конституциявий суд ишлари Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида юритилади.

Давлат тилини билмайдиган суд мажлиси иштирокчиси ўз она тилида сўзга чиқиши ва тушунтиришлар бериши ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиши мумкин.



5-БОБ. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДГА МУРОЖААТ

ҚИЛИШ. МУРОЖААТНИ ДАСТЛАБКИ ТАРЗДА

КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЎРГАНИШ. ИШНИ КЎРИШ

УЧУН ҚАБУЛ ҚИЛИШ


27-модда. Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи


Қуйидагилар Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман);

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани);

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси;

Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи;

Сенат аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси;

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил.

Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.



28-модда. Конституциявий судда ишларни кўриш асослари


Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг мурожаати, шунингдек фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг шикоятлари (бундан буён матнда мурожаат деб юритилади) Конституциявий судда ишларни кўриш учун асос бўлади.



29-модда. Конституциявий судга мурожаатга қўйиладиган талаблар


Конституциявий судга мурожаат ёзма ёки электрон шаклда юборилади. Электрон шаклда юборилган мурожаат электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак. Коллегиал органнинг Конституциявий судга мурожаатига ушбу органнинг тегишли қарори илова қилинади.

Мурожаатда:

Конституцияга мувофиқлиги текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи, рақами, қабул қилинган санаси, у эълон қилинган манба, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва қонунининг шарҳ берилиши лозим бўлган қоидалари;

мурожаатни Конституциявий судда кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари;

қўйилган масала юзасидан мурожаат қилувчининг нуқтаи назари ва мурожаатни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли нормаларига ҳавола қилинган ҳолдаги ҳуқуқий асослантириш;

мурожаат қилувчининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери, почта манзили ёки яшаш жойи, вакил ва унинг ваколатлари тўғрисидаги зарур маълумотлар, бундан вакиллик лавозим бўйича амалга ошириладиган ҳоллар мустасно;

илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган бўлиши керак.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларида иш судда кўриб чиқилганлиги ва судда ҳимоя қилишнинг барча шаклларидан фойдаланилганлиги кўрсатилган бўлиши керак.

Мурожаатда мурожаат қилувчи ишни ҳал этиш учун зарур деб ҳисоблаган бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.



30-модда. Мурожаатга илова қилинадиган ҳужжатлар


Мурожаатга қуйидагилар илова қилинади:

текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки шарҳланиши лозим бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонуни нормасининг матни;

тараф вакилининг ваколатини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат, бундан вакиллик лавозим бўйича амалга ошириладиган ҳоллар мустасно, шунингдек шахснинг Конституциявий судда вакил сифатида иштирок этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари.

Мурожаатга суд мажлисига чақирилиши таклиф қилинаётган гувоҳлар, экспертлар ва мутахасcисларнинг рўйхати, суд қарорларининг кўчирма нусхалари, шунингдек бошқа ҳужжатлар ҳамда материаллар илова қилиниши мумкин.



31-модда. Мурожаатларни рўйхатга олиш.

Айрим мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби


Конституциявий судга келиб тушган мурожаатлар рўйхатдан ўтказилади.

Ҳал этилиши Конституциявий суд ваколатларига кирмайдиган масалалар бўйича мурожаатлар Конституциявий суд томонидан "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда, қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига киритилган тегишли давлат органларига, ташкилотларга ва мансабдор шахсларга беш кунлик муддатдан кечиктирмай юборилади.



32-модда. Мурожаатни Конституциявий суд судьялари

томонидан дастлабки тарзда ўрганиш


Конституциявий суд мурожаат олинган кундан эътиборан етти кундан кечиктирмай уни ўрганишга киришади.

Конституциявий суднинг раиси келиб тушган мурожаатни ушбу Қонунда қўйилган талабларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан дастлабки тарзда ўрганишни ва мурожаатни дастлабки тарзда ўрганиш натижалари бўйича хулоса тайёрлашни Конституциявий суднинг бир ёки бир нечта судьясига топширади.

Мурожаатни дастлабки тарзда ўрганиш конституциявий суд ишларини юритишнинг мажбурий босқичидир.

Мурожаатни дастлабки тарзда ўрганиш натижалари юзасидан Конституциявий суд судьясининг (судьяларининг) хулосаси суд мажлисида маъруза қилинади.



33-модда. Мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилиш


Мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилиш тўғрисида Конституциявий суд ажрим чиқаради. Ажримда иш бўйича маърузачи судья, ишни кўриш санаси, шунингдек ишни кўриш учун тайёрлаш билан боғлиқ бошқа масалалар кўрсатилади.

Қабул қилинган ажрим ҳақида конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари уч кунлик муддатда ёзма шаклда хабардор қилинади.



34-модда. Мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиш


Конституциявий суд қуйидаги ҳолларда мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этади, агар:

мурожаат Конституциявий судга тааллуқли бўлмаса;

мурожаат предмети юзасидан Конституциявий суд томонидан илгари қонуний кучга кирган қарор чиқарилган бўлса, бундан Конституциявий суд қарорларини қайтадан кўриб чиқиш учун асослар мавжуд бўлган ҳоллар мустасно;

мурожаат ушбу Қонуннинг 27-моддасида кўрсатилмаган давлат органидан ёки шахслардан келиб тушган бўлса;

фуқароларнинг ёки юридик шахсларнинг мурожаати ушбу Қонун 86-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаса.

Мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиш тўғрисида Конституциявий суд ажрим чиқаради ва у Конституциявий суд аппарати томонидан конституциявий суд ишини юритиш манфаатдор иштирокчиларига етказилади.



35-модда. Киритилган мурожаатни чақириб олиш


Конституциявий суд кўриб чиқиши учун киритилган мурожаатни мурожаат қилувчи ишни суд мажлисида кўриш бошлангунига қадар чақириб олиши мумкин.

Киритилган мурожаат чақириб олинган тақдирда ишни юритиш тугатилиб, бу ҳақда Конституциявий суд ажрим чиқаради.



36-модда. Ишларни бирлаштириш


Конституциявий судга киритилган мурожаатлар, қоида тариқасида, мустақил иш юритиш асосида кўриб чиқилади.

Конституциявий суд айни бир масалага доир бир нечта мурожаатни ўз ажрими билан битта иш юритишга бирлаштиришга ҳақли.



37-модда. Конституциявий суд ишларини

юритишнинг ташкилий шакли


Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан ўз ваколатига киритилган ишларни суд мажлисларида кўради ҳамда ҳал этади.

Суд мажлислари Конституциявий суднинг раиси томонидан, у йўқлигида Конституциявий суд раисининг ўринбосари томонидан, Конституциявий суднинг раиси ва унинг ўринбосари йўқлигида ёки улар ўз вазифаларини бажариши мумкин бўлмаган тақдирдаэса Конституциявий суднинг энг катта ёшли судьяси томонидан чақирилади.



38-модда. Конституциявий суднинг суд

мажлисидаги ваколатли таркиби


Конституциявий суд ишларни суд мажлисида кўришга Конституциявий суднинг камида беш нафар судьяси иштирок этган тақдирда ваколатли бўлади.



39-модда. Конституциявий суднинг судьясини ишни

кўришда иштирок этишдан четлаштириш


Конституциявий суднинг судьяси ишни кўришда иштирок этишдан қуйидаги ҳолларда четлаштирилади, агар:

кўриб чиқиш предмети бўлган ҳужжатни тайёрлашда илгари хизмат мавқеи сабабли иштирок этган бўлса;

ишда иштирок этаётган тарафнинг ёки бошқа шахснинг қариндоши бўлса;

ишнинг пировард натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, Конституциявий суднинг судьяси ишни эшитиш бошлангунига қадар ўзини ўзи рад этиши тўғрисида арз қилиши шарт.

Конституциявий суднинг судьясини четлаштириш Конституциявий суднинг мажлисда ҳозир бўлган судьяларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинган асослантирилган қарори билан амалга оширилади.



6-БОБ. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ИШЛАРИНИ

ЮРИТИШ ИШТИРОКЧИЛАРИ, УЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


40-модда. Конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари


Тарафлар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларидир.

Суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси Спикери, Сенат Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори, адлия вазири, Ҳисоб палатаси раиси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил иштирок этиши мумкин. Улар кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақли.


41-модда. Тарафлар ва уларнинг вакиллари


Қуйидагилар конституциявий суд ишларини юритишда тарафлардир:

Конституциявий судга мурожаат этган давлат органи ёки мансабдор шахс, фуқаролар ва юридик шахслар;

Конституцияга мувофиқлиги аниқланиши ёки шарҳ берилиши лозим бўлган тегишли ҳужжатни қабул қилган давлат органи ёки мансабдор шахс;

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятида кўрсатилган масалаларни ҳал қилиш ўз ваколатига киритилган давлат органи.

Тарафлар Конституциявий судда шахсан ва (ёки) вакиллари орқали иштирок этишга ҳақли. Тараф бир ёки бир нечта вакилга эга бўлишга ҳақли.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган давлат органлари ва юридик шахсларнинг раҳбарлари Конституциявий судда лавозими бўйича тарафларнинг вакили бўлиши мумкин. Лавозими бўйича тарафларнинг вакиллари тарафларнинг манфаатларини ишончномасиз ифода этади.

Иш бўйича тарафнинг вакили сифатида адвокат ҳам иштирок этиши мумкин.



42-модда. Тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Тарафлар: барча иш материаллари билан танишишга, улардан кўчирмалар ёзиб олишга, кўчирма нусхалар олишга; иш юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга; ёзма фикр-мулоҳазалар тақдим этишга; экспертиза тайинлаш, Конституциявий судга гувоҳларни, экспертларни, мутахассислар ва таржимонларни чақириш ҳақида илтимослар қилишга; экспертлар ва мутахассисларнинг номзодларини таклиф этишга; конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларига саволлар беришга ҳақли.

Тарафлар ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

Тарафлар Конституциявий суд чақирувига биноан суд мажлисида иштирок этиши; тушунтиришлар бериши ва суд мажлисида раислик қилувчининг, Конституциявий суд бошқа судьяларининг ва конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг саволларига жавоб бериши; суд мажлисида раислик қилувчининг суд мажлиси залида тартибга риоя этиш тўғрисидаги фармойишларига бўйсуниши шарт.



43-модда. Гувоҳ, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ишга тааллуқли бирор-бир ҳолатдан хабардор ҳар қандай шахс гувоҳ бўлиши мумкин.

Гувоҳ: ўз она тилида кўрсатувлар беришга, таржимон хизматидан фойдаланишга, кўрсатувларини ўз қўли билан ёзиб беришга, ўз илтимосига биноан ишга қўшиб қўйилиши мумкин бўлган ёзма қайдлардан, ҳужжатлардан ва бошқа материаллардан ўз кўрсатувларини беришда фойдаланишга; ўзининг Конституциявий судга келиш билан боғлиқ харажатларининг ўрни қопланиши учун ҳақ олишга ҳақли.

Гувоҳ Конституциявий суднинг чақирувига биноан келиши; кўрилаётган иш бўйича ўзига маълум бўлган маълумотлар тўғрисида ҳаққоний кўрсатувлар бериши; ўзида мавжуд бўлган тегишли материалларни суднинг талабига кўра тақдим этиши; Конституциявий суд судьяларининг ва конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг саволларига жавоб бериши шарт.

Суд мажлисида кўрсатувлар беришдан олдин гувоҳ била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида тилхат олиб огоҳлантирилади.



44-модда. Эксперт, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ишнинг пировард натижасидан манфаатдор бўлмаган, Конституциявий суд томонидан ҳал этилиши лозим бўлган масалалар борасида махсус билимларга эга бўлган ва эксперт хулосасини бериш учун жалб этиладиган шахс эксперт ҳисобланади.

Эксперт: экспертиза предметига тааллуқли бўлган иш материаллари билан танишишга ва улардаги зарур маълумотлардан кўчирмалар ёзиб олишга ёки кўчирма нусхалар олишга; эксперт хулосасини бериш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ўзига тақдим этилиши тўғрисида илтимосномалар киритишга; суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларига эксперт хулосасини бериш учун зарур бўлган саволларни беришга; ўзи қилган харажатларнинг ўрни қопланиши учун ҳақ олишга ҳақли.

Эксперт Конституциявий суд томонидан қўйилган саволлар бўйича холис ва асослантирилган хулоса бериши; Конституциявий суд чақирувига биноан келиши; ўзи тайёрлаган хулосанинг мазмунини тушунтириши; Конституциявий суд судьяларининг ва конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг саволларига ҳаққоний жавоб бериши; экспертизани ўтказиш муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги шарт.

Суд мажлисида сўзга чиқишдан олдин эксперт била туриб ёлғон хулоса берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида тилхат олиб огоҳлантирилади.



45-модда. Мутахассис, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ишнинг пировард натижасидан манфаатдор бўлмаган, Конституциявий суд томонидан ҳал этилиши лозим бўлган масалалар борасида махсус билим ва кўникмаларга эга бўлган ҳамда далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда маслаҳатлар (тушунтиришлар) бериш йўли билан кўмаклашиш ҳамда Конституциявий суд томонидан илмий-техника воситаларининг қўлланилишида ёрдам кўрсатиш учун жалб этиладиган шахс мутахассис ҳисобланади.

Мутахассис: Конституциявий судга ўзининг нима мақсадда чақирилганлигини билишга; агар тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлмаса, иш юритишда иштирок этишни рад қилишга; ўзи кўриб чиқаётган масалаларга тааллуқли иш материаллари билан танишишга; ўз фикрини баён этиши учун зарур бўлган саволларни конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларига суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан беришга, бошқа зарур ахборотни олишга; иш бўйича иш юритишда иштирок этиши муносабати билан ўзи қилган харажатларнинг ўрни қопланиши учун ҳақ олишга ҳақли.

Мутахассис Конституциявий суд чақирувига биноан келиши; Конституциявий суд судьяларининг, шунингдек конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг саволларига ҳаққоний жавоб бериши шарт.



46-модда. Таржимон, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ишнинг пировард натижасидан манфаатдор бўлмаган, таржима қилиш учун зарур бўлган тилларни биладиган ва конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиси конституциявий суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган ёки етарли даражада билмайдиган ҳолларда суд мажлисида иштирок этувчи ва таржима қилиш учун, худди шунингдек ёзма ҳужжатларни таржима қилиш учун жалб этиладиган шахс таржимон ҳисобланади.

Таржимон: таржима қилинаётган сўзлар ва жумлаларнинг маъносини аниқлаштириш мақсадида конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларига суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан саволлар беришга; агар таржима қилиш учун тегишли билимга эга бўлмаса, суд муҳокамасида иштирок этишни рад қилишга; иш бўйича иш юритишда иштирок этиши муносабати билан ўзи қилган харажатларнинг ўрни қопланиши учун ҳақ олишга ҳақли.

Таржимон Конституциявий суднинг чақирувига биноан келиши, ўзига топширилган таржимани аниқ, тўлиқ ва тўғри бажариши шарт.

Таржимани бажаришни бошлашдан аввал таржимон била туриб нотўғри таржима қилганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида тилхат олиб огоҳлантирилади.



7-БОБ. СУД МУҲОКАМАСИ


47-модда. Ишни кўриш учун тайинлаш


Ишни суд мажлисида кўриш учун тайинлаш тўғрисидаги ажрим мурожаат кўриш учун қабул қилинганидан сўнг бир ойдан кечиктирмай Конституциявий суд томонидан қабул қилинади.



48-модда. Суд мажлиси ҳақида хабардор қилиш.

Материалларни юбориш


Конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларига суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида Конституциявий судга ўз вақтида келиш ва ишни кўришга тайёргарлик кўриш учун етарли муддат ҳисобга олинган ҳолда хабарнома юборилади. Конституциявий суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақидаги ахборот унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Суд мажлиси ҳақидаги хабарнома, Конституциявий судга келиб тушган мурожаатнинг кўчирма нусхаси суд мажлиси бошлангунига қадар камида ўн кундан кечиктирмай тарафларга юборилади. Суд мажлиси ҳақидаги хабарнома ва кўриб чиқиладиган ишга доир маълумотнома ушбу Қонун 40-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган иштирокчиларга мажлис бошлангунига қадар камида бир ҳафтадан кечиктирмай юборилади.



49-модда. Суд мажлисини ўтказиш жойи


Суд мажлиси унинг доимий жойлашган ерида ўтказилади.

Зарур бўлса, Конституциявий суд мажлисни бошқа жойда ўтказиши мумкин.



50-модда. Суд мажлисини ўтказиш тартиби


Суд мажлиси ушбу Қонунга ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Регламентига мувофиқ ўтказилади.

Суд мажлиси иштирокчилари Конституциявий судга мурожаат этганда тик турган ҳолда тушунтиришлар, кўрсатувлар беради, илтимослар қилади ва саволлар беради. Ушбу қоидадан четга чиқишга фақат суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади.

Конституциявий суднинг ташаббусига ёки суд мажлиси иштирокчиларининг илтимосига кўра суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилиши мумкин.

Иш очиқ суд мажлисида кўрилганда суд мажлиси иштирокчилари ва залда ҳозир бўлганлар суд мажлисининг боришини қайд этишга, овозли ёзувни амалга оширишга ҳақли. Суд мажлисини фототасвирга олишга, видеоёзувини амалга оширишга, шунингдек уни радио ва телевидение орқали узатишга суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади. Мазкур ҳаракатлар суд мажлисини ўтказишга халақит бермаслиги керак ва суд мажлисида раислик қилувчи томонидан вақт бўйича чекланиши мумкин.



51-модда. Суд мажлисида раислик қилувчи ва унинг ваколатлари


Суд мажлисида Конституциявий суднинг раиси, у йўқлигида ёки унинг топшириғига биноан Конституциявий суд раисининг ўринбосари раислик қилади, Конституциявий суднинг раиси ва унинг ўринбосари бўлмаган ёки улар ўз вазифаларини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда эса Конституциявий суднинг энг катта ёшли судьяси раислик қилади.

Суд мажлисида раислик қилувчи:

суд мажлисига раҳбарлик қилади;

муҳокаманинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона бўлишини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўради;

суд мажлисини очади, Конституциявий суд таркибини ва қандай иш кўриб чиқилиши лозимлигини эълон қилади, ким суд мажлиси котиби эканлигини, ишни кўриб чиқишда тарафлар, уларнинг вакиллари, гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлисининг бошқа иштирокчилари сифатида кимлар иштирок этаётганини маълум қилади;

суд мажлисининг ҳозир бўлган иштирокчилари шахсини, тарафлар вакилларининг ваколатлари бор-йўқлигини аниқлайди;

суд мажлиси иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради;

таржимонни била туриб нотўғри таржима қилганлик учун, экспертни била туриб ёлғон хулоса берганлик учун, гувоҳни била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради;

тарафларга ва уларнинг вакилларига ишнинг барча ҳолатлари бўйича тушунтиришлар бериш, ўз далилларини асослаш ва саволлар бериш учун тенг имкониятлар яратади;

суд мажлисида тегишли тартибни таъминлаш чораларини кўради.

Суд мажлисида раислик қилувчи тарафнинг ёки унинг вакилининг, суд мажлиси бошқа иштирокчиларининг сўзини, агар сўзга чиқувчи кўрилаётган масала предметидан четга чиқиб кетса ёхуд шаклан ёки мазмунан қўпол мулоҳазаларга йўл қўйса, суд залида белгиланган тартибни бузса, тўхтатиб қўйишга ҳақли.

Суд мажлисида раислик қилувчи Конституциявий суд судьяларининг маслаҳатхонадаги маслаҳатлашувида раислик қилади, уларнинг ўз фикрини эркин ва монеликсиз билдириши имкониятини таъминлайди.



52-модда. Суд мажлисида иштирок этаётган

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари


Суд мажлисида иштирок этаётган Конституциявий суд судьяси:

тарафларга, уларнинг вакилларига ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига саволлар беришга;

суд мажлиси иштирокчиларидан суд мажлисида муҳокама этилаётган масалаларнинг моҳияти бўйича тушунтиришлар олишга;

таклифлар киритишга;

процессуал масалалар бўйича ўз фикрини билдиришга ҳақли.



53-модда. Ишни кўриб чиқишнинг бевоситалиги

ва суд мажлисининг узлуксизлиги


Конституциявий суд ишни кўриб чиқиш чоғида конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларини бевосита суд мажлисида эшитади, зарур ҳужжатларни ўқиб эшиттиради.

Конституциявий суднинг судьяларида ва тарафларда мавжуд бўлган ҳужжатлар, агар уларнинг мазмуни муҳокама жараёнида оғзаки баён қилинса, ўқиб эшиттирилмаслиги мумкин. Бироқ, агар Конституциявий суднинг судьяларидан ёки суд мажлиси иштирокчиларидан бирортаси уларнинг тўлиқ ёки қисман ўқиб эшиттирилишини талаб қилса, суд мажлисида раислик қилувчининг қарорига биноан ўқиб эшиттирилиши мумкин.

Конституциявий суд маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунларининг нормаларига расмий шарҳ бериш тўғрисидаги ишларни оғзаки эшитувлар ўтказмасдан кўриши мумкин. Бу ҳақда Конституциявий суд ажрим чиқаради ва конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларини хабардор қилади. Агар конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларидан бири ишни оғзаки эшитувлар ўтказмасдан кўришга қарши эътироз билдирса, иш умумий тартибда кўриб чиқилади. Конституциявий суд ишни оғзаки эшитувлар ўтказмасдан ушбу бобнинг қоидаларига мувофиқ кўриб чиқади.

Суднинг мажлиси ҳар бир иш бўйича узлуксиз ўтади, бундан мажлис иштирокчиларига дам олиш учун ёки якунловчи нутқларини тайёрлаш учун ажратилган вақт мустасно. Тарафлардан бирининг илтимосига кўра бошқа тараф тақдим этган материалларни қўшимча ўрганиш учун, шунингдек мажлиснинг нормал давом этишига монелик қиладиган ҳолатлар юзага келган ҳолларда суд мажлисида танаффус қилиниши мумкин.



54-модда. Суд мажлиси залидаги тартиб


Суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар Конституциявий судга, мажлис залида ҳозир бўлган бошқа шахсларга ҳурмат билан муносабатда бўлиши ва суд мажлисида тартибга риоя этиши, суд мажлисида раислик қилувчининг фармойишларига бўйсуниши шарт.

Конституциявий суднинг судьялари суд мажлиси залига кирганда ва улар чиқиб кетаётганда барча мажлис залида ҳозир бўлганлар ўрнидан туради.

Суд мажлиси иштирокчилари Конституциявий судга: "Ҳурматли Конституциявий суд" деган сўзлар билан мурожаат этади.

Суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар Конституциявий суд қарорини тик турган ҳолда эшитади.



55-модда. Суд мажлисини кейинга қолдириш


Конституциявий суд қуйидаги ҳолларда суд мажлисини кейинга қолдиради:

суд мажлисида Конституциявий суднинг ваколатли таркиби мавжуд бўлмаганда;

суд мажлисида ҳозир бўлиши шарт деб топилган тараф, унинг вакили, гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон келмаганда, агар уларнинг йўқлиги ишнинг моҳияти бўйича ҳал этилишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлса;

ҳужжатлар ва бошқа материаллар тақдим этилмаганда ёки ўз вақтида тақдим этилмаганда, агар улар ишни ҳал этиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлса;

агар қўшимча материалларни талаб қилиб олиш зарурлиги муносабати билан Конституциявий суднинг судьяси ёки тараф, унинг вакили ишни кўриб чиқишни кейинга қолдириш тўғрисида илтимос қилса;

ишнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишига монелик қиладиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлганда, шу жумладан суд мажлисида тартиб бузилган тақдирда.

Конституциявий суд суд мажлисини кейинга қолдириш тўғрисида ажрим қабул қилади. Бунда Конституциявий суд суд мажлиси кўчириладиган санани тайинлайди.

Кўриб чиқилиши кейинга қолдирилган иш бўйича суд мажлиси бошидан бошланади ёки кейинга қолдирилган жойидан бошланади.

Конституциявий суд томонидан илгари эшитилган гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни, таржимонларни қайтадан чақириш фақат Конституциявий суд зарур деб топган тақдирда амалга оширилади.



56-модда. Иш юритишни тугатиш


Агар суд мажлиси жараёнида:

мурожаатнинг Конституциявий судга тааллуқли эмаслиги;

мурожаатнинг предмети юзасидан Конституциявий суд томонидан илгари қарор чиқарилган бўлиб, у қонуний кучида эканлиги;

Конституциявий суд кўриб чиқиши учун киритилган мурожаат мурожаат қилувчи томонидан қайтариб олинганлиги аниқланса, Конституциявий суд иш юритишни тугатади.

Иш юритишни тугатиш ҳақида Конституциявий суд ажрим чиқаради.



57-модда. Суд мажлиси иштирокчиларининг

келмаганлиги билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш


Суд мажлисига тарафлар (тараф) ёки уларнинг вакиллари келмаган тақдирда, Конституциявий суд ишни кўриб чиқиш ёки уни кейинга қолдириш мумкинлиги тўғрисидаги масалани ҳал қилади.



58-модда. Суд мажлиси залидан гувоҳларни чиқариб туриш


Суд мажлисига келган гувоҳлар уларнинг шахси аниқланганидан кейин суд мажлиси залидан чиқариб турилади.



59-модда. Тарафларнинг илтимослари ва уларни ҳал этиш тартиби


Суд мажлисида раислик қилувчи ишни кўриб чиқиш бошлангунига қадар тарафлардан уларнинг ишга тааллуқли илтимослари бор-йўқлигини аниқлайди.

Ёзма илтимослар суд мажлисида ўқиб эшиттирилади ва иш материалларига қўшиб қўйилади, оғзаки илтимослар суд мажлиси баённомасига киритилади.

Конституциявий суд тарафларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда илтимосни қаноатлантириш ҳақида ёки уни қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқаради.



60-модда. Маърузачи судьянинг маърузаси

ва тарафларнинг тушунтиришлари


Ишни кўриб чиқиш маърузачи судьянинг маърузаси билан бошланади, у кўриб чиқилаётган масаланинг моҳиятини баён қилади. Сўнгра суд тарафларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда иш материалларини текшириш тартиби ҳақида қарор қабул қилади.

Конституциявий судга мурожаат қилган тараф биринчи бўлиб сўзга чиқади, ундан кейин суд мажлисида раислик қилувчи бошқа тарафга сўзга чиқиш имкониятини беради. Тарафнинг нуқтаи назари унинг бир нечта вакили томонидан ҳимоя қилинган тақдирда, уларнинг сўзга чиқиш кетма-кетлиги мазкур тараф томонидан белгиланади.

Тарафларнинг ҳар бири сўзга чиқиб бўлганидан сўнг Конституциявий суднинг судьялари тарафларга саволлар бериши мумкин, сўнгра сўзга чиққан тарафга саволлар бериш ҳуқуқи бошқа тарафга берилади.



61-модда. Иш ҳужжатларини ва бошқа

ёзма материалларини текшириш


Иш ҳужжатлари ва бошқа ёзма материалларини маърузачи судья ўқиб эшиттиради. Шундан сўнг тарафлар ўқиб эшиттирилган ҳужжатлар ва бошқа материаллар юзасидан тушунтиришлар бериши мумкин.

Конституциявий суд ўз ташаббуси билан ёки суд мажлиси иштирокчиларининг илтимосига кўра ишни кўриш учун зарур бўлган ҳужжатларни, бошқа материалларни қўшимча равишда сўраб олишга, шунингдек иш материалларини қўшимча равишда текшириш ва (ёки) экспертизалар ўтказиш тўғрисида топшириқ беришга, зарур бўлган тақдирда суд мажлисига гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларни чақиришга ҳақли.



62-модда. Гувоҳларни эшитиш тартиби


Гувоҳларни эшитиш навбати суд томонидан белгиланади.

Суд мажлисида раислик қилувчи гувоҳга кўриб чиқилаётган ишнинг моҳияти юзасидан ўзига маълум бўлган барча ҳолатларни баён қилишни таклиф этади. Тушунтиришлардан кейин гувоҳга саволлар берилиши мумкин.

Гувоҳга биринчи бўлиб, у қайси тарафнинг аризасига биноан чақирилган бўлса, ўша тараф саволлар беради, сўнгра бошқа тараф, шунингдек суд мажлисининг ўзга иштирокчилари саволлар беради. Конституциявий суднинг ташаббуси билан чақирилган гувоҳга Конституциявий судга мурожаат қилган тараф биринчи бўлиб саволлар беради.

Конституциявий суд судьялари гувоҳга исталган пайтда саволлар беришга ҳақли.

Агар гувоҳ ўзи билган маълумотларнинг манбаини кўрсатиб бера олмаса, у маълум қилган маълумотлар далил ҳисобланмайди.



63-модда. Ишнинг моҳияти бўйича муҳокамасини тамомлаш


Барча иш материалларини текшириш тугалланганидан сўнг суд мажлисида раислик қилувчи ишнинг моҳияти бўйича муҳокамаси тамомланганлигини эълон қилади ва Конституциявий суд суд музокараларига ўтади.



64-модда. Суд музокаралари


Суд музокаралари тарафларнинг оғзаки чиқишларидан иборат бўлади. Музокараларда тарафлар иш бўйича ўз нуқтаи назарини асослайди.

Суд музокараларида биринчи бўлиб Конституциявий судга мурожаат қилган тараф, кейин бошқа тараф сўзга чиқади.



65-модда. Ишнинг моҳияти бўйича муҳокамасини тиклаш


Агар Конституциявий суд суднинг музокараларини эшитиб, ишни тўғри ҳал этиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган янги ҳолатларни аниқлашни, янги далилларни текширишни зарур деб топса, ишнинг моҳияти бўйича муҳокамаси янгидан бошланади ва ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда олиб борилади.



66-модда. Ишни кўриб чиқишни тамомлаш


Суд музокараларидан сўнг, агар ишни кўриб чиқишни янгидан бошлаш учун асослар бўлмаса, суд мажлисида раислик қилувчи ишни кўриб чиқиш тамомланганлигини, иш бўйича қабул қилинган қарорни эълон қилиш санаси ҳақида конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари хабардор қилинишини маълум қилади ва Конституциявий суд иш бўйича қарор қабул қилиш учун маслаҳатхонага киради.



8-БОБ. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДНИНГ ҚАРОРЛАРИ


67-модда. Конституциявий суд қарорларининг турлари


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Конституцияга мувофиқлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш тўғрисида кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг якуний тўхтамлари қарор деб номланади. Конституциявий суд қарорни Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилади.

Конституциявий суднинг ваколатига киритилган бошқа масалалар юзасидан кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг якуний тўхтами хулоса деб номланади.

Конституциявий суд ишларини юритиш процессуал масалалари бўйича Конституциявий суд ажрим қабул қилади.

Конституциявий суд ўз фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан ҳам қарорлар қабул қилади.



68-модда. Конституциявий суднинг қарорини чиқариш

учун судьялар маслаҳатлашувини ўтказиш тартиби


Кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг якуний қарори маслаҳатхонада қабул қилинади. Маслаҳатда суд мажлисида раислик қилувчи раислик қилади ва фақат ишни кўриб чиққан Конституциявий суд судьялари иштирок этади.



69-модда. Конституциявий суднинг қарорини қабул қилиш


Конституциявий суд, қоида тариқасида, фақат кўриб чиқилган муайян масала юзасидан қарор қабул қилади.

Конституциявий суднинг қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Овоз бериш Конституциявий суднинг судьяларидан бирма-бир сўраб чиқиш орқали ўтказилади. Раислик қилувчи ҳаммадан кейин овоз беради.

Конституциявий суднинг судьяси овоз беришда бетараф қолишга ёки иштирок этмасликка ҳақли эмас.

Конституциявий суднинг қарори, агар суд мажлисида ҳозир бўлган Конституциявий суд судьяларининг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади. Овозлар тенг бўлиниб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Конституциявий суднинг кўпчилик фикрига қўшилмаган судьяси Конституциявий суднинг қарорига имзо қўйиши шарт ва у ўзининг алоҳида фикрини ёзма шаклда баён этишга ҳақли, алоҳида фикр ёпиқ конвертда ишга қўшиб қўйилади, лекин эълон қилинмайди. Конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари Конституциявий суд судьясининг алоҳида фикри билан таништирилмайди.

Конституциявий суднинг судьялари қарор қабул қилиш чоғидаги муҳокама мазмуни тўғрисидаги, Конституциявий суд таркибига кирган айрим судьяларнинг нуқтаи назари ҳақидаги маълумотларни бирор-бир шахсга маълум қилишга ва судьялар маслаҳатлашуви сирини бошқа усулда ошкор қилишга ҳақли эмас.



70-модда. Конституциявий суд қарорининг мазмуни.

Қарорни имзолаш


Конституциявий суднинг қарори кириш, тавсиф, асослантирувчи ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.

Қарорнинг кириш қисмида:

қарор қабул қилган суднинг номи, қарорнинг номланиши, у қабул қилинган сана ва жой;

Конституциявий суднинг таркиби;

суд мажлисининг котиби;

суд мажлисининг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар;

мурожаатда кўрсатилган талаблар;

Конституциявий суд мазкур ишни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва ушбу Қонуннинг қайси нормаларига мувофиқ кўриб чиққан бўлса, ўша нормалари кўрсатилади.

Қарорнинг тавсиф қисмида Конституциявий судга келиб тушган мурожаатнинг, ишда иштирок этувчи шахслар тушунтиришларининг, аризалари ва илтимосларининг қисқача мазмуни кўрсатилади.

Қарорнинг асослантирувчи қисмида:

ишнинг Конституциявий суд томонидан аниқланган ва қарорнинг асосига қўйилган ҳақиқий ҳолатлари;

суднинг иш ҳолатлари тўғрисидаги хулосаларига асос бўлган далиллар;

Конституциявий суд қарор қабул қилишда таянган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кўрсатилади.

Қарорнинг хулоса қисмида кўриб чиқилган иш якунлари бўйича Конституциявий суднинг якуний хулосалари, унинг кучга кириш тартиби, шунингдек уни ижро этиш ҳамда эълон қилиш тартиби, муддатлари ва ўзига хос хусусиятлари кўрсатилади.

Конституциявий суднинг қарори овоз беришда иштирок этган Конституциявий суднинг барча судьялари томонидан имзоланади.



71-модда. Конституциявий суд қарорини ўқиб эшиттириш


Конституциявий суд қарори Конституциявий суд томонидан белгиланган муддатда суд мажлисида ўқиб эшиттирилади.

Конституциявий суд қарори ўқиб эшиттирилганидан сўнг суд мажлисида раислик қилувчи қарорнинг мазмунини тушунтиради, шундан кейин суд мажлисини ёпиқ деб эълон қилади.



72-модда. Конституциявий суд қарорларини

эълон қилиш ва уларнинг кучга кириши


Конституциявий суднинг қарорлари, хулосалари ва бошқа тўхтамлари оммавий ахборот воситаларида ҳамда Конституциявий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Конституциявий суд ишларини юритиш процессуал масалалари ва ўз фаолиятини ташкил этиш масалалари бўйича қабул қилинган қарорлар Конституциявий суднинг ихтиёрига кўра эълон қилинади.

"Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари тўплами", "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари, "Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Ахборотномаси", шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси Конституциявий суднинг қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

Конституциявий суднинг қарорлари ва хулосалари қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида расмий эълон қилиниши лозим ҳамда расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Бошқа қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Конституциявий суднинг қарорлари тарафларга ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига юборилади. Конституциявий суднинг қарорлари Конституциявий суд раисининг топшириғига мувофиқ бошқа ташкилотларга ҳам юборилиши мумкин.



73-модда. Конституциявий суд қарорининг юридик кучи


Конституциявий суднинг ҳужжати қатъий ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.

Конституциявий суднинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми ўзининг амал қилишини тугатади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳужжатни қабул қилган давлат органи ўз ҳужжатини Конституциявий суднинг қарори асосида бир ойдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириши керак.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида қарорлар қабул қилган давлат органлари уларни бир ой ичида қайтадан кўриб чиқиши керак.



74-модда. Конституциявий суднинг

қарорини қайтадан кўриб чиқиш


Конституциявий суднинг қарори қуйидаги ҳолларда ўз ташаббуси билан қайтадан кўриб чиқилиши мумкин:

қарор чиқарилган пайтда Конституциявий судга номаълум бўлган янги очилган ҳолатлар муносабати билан;

қарор қабул қилинишига асос бўлган конституциявий норма ўзгарган тақдирда;

Конституциявий суд мазкур қарорни конституциявий суд ишларини юритишнинг белгиланган тартиби бузилган ҳолда қабул қилинган деб топган тақдирда.



9-БОБ. СУД МАЖЛИСИНИНГ БАЁННОМАСИ


75-модда. Суд мажлиси баённомасининг мазмуни


Суд мажлисида суд мажлисининг баённомаси юритилади.

Суд мажлисининг баённомасида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

суд мажлисининг вақти ва жойи;

суднинг таркиби ва суд мажлисининг котиби;

ишнинг номи ва рақами;

ишда иштирок этувчи шахсларнинг келган-келмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

Конституциявий суднинг ҳаракатлари, улар суд мажлисида қай тартибда бажарилган бўлса, шу тартибда, уларнинг натижалари;

Конституциявий суднинг маслаҳатхонага кирмасдан ўз жойида қабул қилинган ажримлари;

тарафларнинг тушунтиришлари ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимослари;

ишни кўриш жараёнида судга тақдим этилган далиллар ҳақидаги маълумотлар;

гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертларнинг хулосалари ва мутахассисларнинг фикрлари, уларга берилган саволлар ҳамда олинган жавоблар;

конституциявий суд ишларини юритиш бошқа иштирокчиларининг чиқишлари;

суд музокараларининг мазмуни;

Конституциявий суднинг қарорини ўқиб эшиттириш ҳақидаги маълумотлар.

Агар суд мажлиси вақтида аудио- ёки видеоёзув қўлланилган бўлса, аудио- ёки видеоёзув баённомага қўшиб қўйилади, бу ҳақда суд мажлисининг баённомасига тегишли ёзув киритилади.

Суд мажлисининг баённомаси суд мажлиси тугаган пайтдан эътиборан уч кун ичида расмийлаштирилиши керак.

Суд мажлисининг баённомаси раислик қилувчи ва суд мажлисининг котиби томонидан имзоланади ҳамда ишга қўшиб қўйилади.



76-модда. Суд мажлисининг баённомаси билан танишиш.

Суд мажлисининг баённомасига доир фикр-мулоҳазалар


Тарафлар суд мажлисининг баённомаси имзоланган кундан эътиборан беш кун ичида у билан танишиб чиқишга ва у бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришга ҳақли, ушбу фикр-мулоҳазалар улар берилган кундан эътиборан беш кун ичида, Конституциявий суд томонидан тарафларни чақирмасдан кўриб чиқилиши керак. Конституциявий суд фикр-мулоҳазаларга рози бўлган тақдирда, уларни қабул қилади, рози бўлмаган тақдирда эса уларни рад этади, бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд мажлисининг бошқа иштирокчилари суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан суд мажлиси баённомаси билан танишиб чиқиши мумкин.



10-БОБ. ПРОЦЕССУАЛ МУДДАТЛАР


77-модда. Ишни кўриб чиқиш муддатлари


Кўриб чиқилаётган иш юзасидан қарор мурожаат кўриб чиқишга қабул қилинган пайтдан эътиборан уч ойдан кечиктирмай Конституциявий суд томонидан қабул қилинади.



78-модда. Процессуал муддатларни ҳисоблаш


Процессуал муддатлар ойлар ва кунлар билан ҳисобланади. Процессуал муддатларнинг ўтиши календарь сананинг бошланиши деб белгиланган куннинг эртасидан бошланади.



79-модда. Процессуал муддатларнинг тугаши


Ойлар билан ҳисобланадиган процессуал муддат белгиланган муддат охирги ойининг тегишли кунида тугайди. Агар ойлар билан ҳисобланадиган процессуал муддатнинг тугаши тегишли санаси бўлмаган ойга тўғри келса, муддат шу ойнинг охирги кунида тугайди.

Кунлар билан ҳисобланадиган процессуал муддат белгиланган муддатнинг охирги кунида тугайди.

Процессуал муддатнинг охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган ҳолларда, ундан кейинги биринчи иш куни муддат тугайдиган кун ҳисобланади.



11-БОБ. СУД ЧИҚИМЛАРИ ВА ХАРАЖАТЛАРНИНГ

ЎРНИНИ ҚОПЛАШ


80-модда. Суд чиқимлари


Суд чиқимлари гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалардан, шунингдек ишни кўриш билан боғлиқ бошқа харажатлардан иборат бўлади.



81-модда. Гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар

ва таржимонларнинг харажатлари ўрнини қоплаш


Конституциявий судда ишларни кўриш муносабати билан жалб этилган гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларга қонунчиликка мувофиқ харажатларининг ўрни қопланади.

Конституциявий судда ишларни кўриш муносабати билан жалб этилган экспертлар, мутахассислар ва таржимонларга қонунчиликка мувофиқ ҳақ тўланади.



12-БОБ. АЙРИМ ТОИФАДАГИ ИШЛАР БЎЙИЧА ИШ

ЮРИТИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


82-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга

мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш


Конституциявий суд Конституцияга мувофиқлиги хусусида шубҳа туғдирган аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан қарорлар қабул қилади.

Конституциявий суд норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириб, текширилган ҳужжатга асосланган ёхуд унинг қоидаларини такрорлайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хусусида ҳам, гарчи Конституциявий суд кўриб чиқиши учун киритилган мурожаатда улар тўғрисида сўз юритилмаган бўлса-да, бир вақтнинг ўзида қарор чиқаришга ҳақли.

Конституциявий суд норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлигини тўлиқлигича ёки унинг бир қисмини текшираётганда:

нормалар мазмуни бўйича;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг шакли бўйича;

давлат органлари ва мансабдор шахслар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан белгиланган ваколатларнинг чегараланиши нуқтаи назаридан;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши, имзоланиши, шунингдек расмий эълон қилиниши ва амалга киритилиши тартиби бўйича унинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш тўғрисида.

Қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қонунни ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиб, уларда мазкур қонуннинг ёки унинг бир қисмининг амалиётда нотўғри ёхуд зиддиятли тарзда қўлланилишига олиб келган ноаниқликлар топилган тақдирда, ушбу қонун нормасига расмий шарҳ беришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш чегаралари ишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ушбу модданинг учинчи қисмига мувофиқ белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ деб топиш тўғрисида.



83-модда. Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан

имзолангунига қадар - Ўзбекистон Республикаси конституциявий

қонунларининг, ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон

Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг

Президенти томонидан имзолангунига қадар - Ўзбекистон

Республикаси халқаро шартномаларининг Ўзбекистон

Республикаси Конституциясига мувофиқлигини

аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш

Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар - Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар - Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш чегаралари ишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Қонун 82-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш ҳақида;

Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш ҳақида.

Ушбу моддада назарда тутилган ишлар бўйича Конституциявий суд тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай қарор қабул қилади.



83-1-модда. Ўзбекистон Республикаси референдумига

чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси

Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш

ҳақидаги ишларни юритиш

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги хулосалардан бирини беради:

Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларни Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларни Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш ҳақида.

Ушбу моддада назарда тутилган ишлар бўйича Конституциявий суд тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай қарор қабул қилади.



84-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон

Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг

қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш

ҳақидаги ишларни юритиш


Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлигини аниқлаш чегаралари ишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Қонун 82-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги хулосалардан бирини беради:

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясини ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясини ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш ҳақида;

Қорақалпоғистон Республикаси қонунини ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг қонунига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Қорақалпоғистон Республикаси қонунини ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг қонунига мувофиқ деб топиш ҳақида.



85-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси

ва қонунлари нормаларини шарҳлаш тўғрисидаги

ишларни юритиш


Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини расмий шарҳлаш уларда нормаларнинг амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилишига олиб келган ноаниқликлар топилган тақдирда амалга оширилади.

Конституциявий судга Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини расмий шарҳлаш ҳақидаги мурожаатда Конституциясида ва қонунда уларнинг амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилишига олиб келган ноаниқликлар мавжудлигига доир важлар ҳамда далиллар кўрсатилган бўлиши керак.

Ишни кўриш якунлари бўйича Конституциявий суд қарор қабул қилади, унинг хулоса қисмида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ёки қонуни нормасига расмий шарҳ бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини расмий шарҳлаш жараёнида уларга нормаларни аниқлаштиришга қаратилган тузатишлар, ўзгартишлар, қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.



86-модда. Фуқаролар ва юридик шахсларнинг

конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги устидан

шикоятлар бўйича муайян ишда қўлланилган

қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини

аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш


Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятлари, агар судда ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда ишни кўриб чиқиш тугаган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай берилади.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари бузилганлиги устидан шикоятда кўрсатилган қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш чегаралари ишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Қонун 82-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

қонунни ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

қонунни ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш ҳақида.



87-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори

буйруқларининг ва (ёки) бошқа ҳужжатларининг

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига

ва қонунларига мувофиқлигини аниқлаш

тўғрисидаги ишларни юритиш


Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори буйруқларининг ва (ёки) бошқа ҳужжатларининг (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар бундан мустасно) ёки улар бир қисмининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқлигини аниқлаш чегаралари ишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Қонун 82-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғини ва (ёки) бошқа ҳужжатини (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжат бундан мустасно) ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғини ва (ёки) бошқа ҳужжатини (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжат бундан мустасно) ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқ деб топиш ҳақида.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Конституциявий суд қарорига кўра Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқ эмас деб топилган буйруғи ва (ёки) бошқа ҳужжати (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжат бундан мустасно) ўзининг амал қилишини тугатади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Конституциявий суднинг қарори асосида ўзининг буйруғини ва (ёки) бошқа ҳужжатини (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжат бундан мустасно) бир ойдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқлаштириши керак.



13-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


88-модда. Конституциявий суднинг халқаро ташкилотлар

ва хорижий мамлакатлар конституциявий назорат

органлари билан ҳамкорлиги


Конституциявий суд хорижий мамлакатларнинг конституциявий назорат органлари томонидан ташкил этилган халқаро ташкилотларга аъзо бўлиши мумкин.

Конституциявий суд халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатларнинг конституциявий назорат органлари билан ҳамкорлик қилиши, декларациялар, англашув меморандумлари, аҳдлашув баённомалари, ҳамкорлик режалари тузиши, шунингдек ўзаро тажриба ҳамда ахборот алмашиш соҳасида ҳамкорлик қилиши мумкин.



89-модда. Конституциявий суднинг девони


Конституциявий суднинг фаолиятини таъминлаш учун девон ташкил этилади.

Девоннинг тузилмаси ва штат бирлиги ажратилган маблағлар доирасида Конституциявий суд раиси томонидан тасдиқланади.

Девон ходимларига мансаб даражаларини белгилаш ва бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан тасдиқланадиган низомда белгиланади.



90-модда. Конституциявий суд ҳузуридаги

илмий-маслаҳат кенгаши


Конституциявий суд ҳузурида маслаҳат органи бўлган ва жамоатчилик асосида фаолият кўрсатадиган илмий-маслаҳат кенгаши тузилади. Конституциявий суднинг фаолиятига оид масалалар бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш ушбу кенгашнинг вазифасига киради.



91-модда. Конституциявий суднинг фаолиятини молиялаштириш


Конституциявий суднинг фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва унда алоҳида сатрда назарда тутилади.



92-модда. Конституциявий суд судьяларининг

моддий ва ижтимоий таъминоти


Конституциявий суд судьяларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, уларга ҳар йилги таътилни бериш, судьяларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирлари, судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан мажбурий тартибда суғурта қилиш билан боғлиқ моддий ва ижтимоий таъминоти "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланади.

Конституциявий суд судьясининг иш ҳақи лавозим маошидан, малака даражаси ва кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устама ҳақлардан иборат бўлади.



93-модда. Конституциявий суднинг суд ҳокимияти рамзлари


Конституциявий суд эгаллаб турган бинода Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилади ва Давлат гербининг тасвири жойлаштирилади.

Суднинг мажлислар залида, шунингдек Конституциявий суд раисининг хизмат хонасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг расмий нашри жойлаштирилади.



94-модда. Конституциявий суд судьяларининг

махсус кийим-боши


Конституциявий суд судьялари судлов ишини махсус кийим-бошда олиб боради, ушбу кийим-бошнинг тавсифи ва намунаси Сенат томонидан тасдиқланади.



95-модда. Конституциявий суд судьясининг гувоҳномаси


Конституциявий суд судьясига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади.



96-модда. Конституциявий суднинг муҳри


Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



97-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди

тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



98-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 31 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги ЎРҚ-431-сонли Конституциявий қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 5, 201-модда);


2) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги ЎРҚ-446-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 9, 510-модда) 79-моддаси;


3) Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 17 мартда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-612-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 3, 203-модда) 7-моддаси.



99-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



100-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



101-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 28 апрель


"Халқ сўзи", 2021 йил 28 апрель










































Время: 0.0103
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск