ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Спортнинг алоҳида турлари /

Боксни 2025 йилгача ривожлантириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 29.04.2021 й. ПҚ-5099-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 29 апрелдаги

ПҚ-5099-сон қарорига

1-ИЛОВА



Боксни 2025 йилгача ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Боксни 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) боксни янада оммалаштириш ҳамда тизимли ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Концепция боксни тизимли ривожлантиришнинг мақсади, вазифалари, устувор йўналишлари, истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда боксни ривожлантириш дастурлари ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.



2-БОБ. БОКСНИНГ РИВОЖЛАНИШ ҲОЛАТИ

ВА СОҲАДАГИ МАВЖУД МУАММОЛАР


Ўзбекистон бокс терма жамоаси мустақил жамоа сифатида илк бор 1993 йилдан Жаҳон чемпионатларида, 1996 йилдан Олимпия ўйинларида, 1994 йилдан эса Осиё ўйинларида иштирок этишни бошлади. 2016 йил Ўзбекистон боксчилари дунё рейтингида биринчи ўринни қўлга киритди. 2019 йил 6-22 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионати спортчиларимиз учун янада муваффақиятли кечди. Дунёнинг 80 га яқин мамлакатидан энг кучли чарм қўлқоп усталари иштирок этган ва ғоят кескин курашлар остида ўтган мусобақада терма жамоамиз энг юқори поғонага кўтарилиб, ўзбек бокс мактаби жаҳон боксининг энг кучли мамлакати сифатида дунё ҳамжамияти томонидан тан олинди.

Жумладан, 2016 йилги Олимпия ўйинларида 3 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медаллари, 2019 йилги жаҳон чемпионатида 3 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза медалларини қўлга киритиб, мамлакатимиз бокс бўйича дунёнинг энг кучли мамлакати мақомига кўтарилди, боксчиларимиз эса жаҳон чемпионатининг энг яхши боксчи номинацияси ғолиби бўлди.

Бундай ютуқлар тасодифий эмаслигини, Ўзбекистон том маънода бокс мамлакатига айланиб бораётганини миллий терма жамоамиз аъзолари яна бир бор бутун дунёга яққол намоён этди. Мазкур ғалабалар "Ўзбекистон бокс мактаби", "Ўзбекистон боксчилари" деган сўзларни жаҳон спорти тарихига олтин ҳарфлар билан муҳрлаб қўйди. Бу ғалабаларнинг яна бир муҳим томони шундаки, у мамлакатимизда бошқа спорт турларининг ривожига ҳам қудратли туртки беради, ўз навбатида, ёшларни барча соҳаларда маррани баланд олиб, доимо ғалаба сари интилиб яшашга ўргатади.

Бугунги кунда боксни ривожлантиришга йўналтирилган 263 та спорт таълим муассасаларининг секциялари ва бўлимлари фаолият юритмоқда, улардан:

227 таси спорт мактаблари;

13 таси спортнинг яккакурашга ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари;

15 таси олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари;

8 таси олимпия ва миллий спорт турлари бўйича мактаб-интернатлар.

Мазкур муассасаларда бокс бўйича ўқув-машғулотларни ташкил этиш мумкин. Тошкент шаҳрида жойлашган 3 та спорт мажмуаcида халқаро миқёсдаги бокс мусобақаларини ўтказиш имконияти мавжуд.

Бокс бўйича тренерлик фаолияти билан шуғулланувчилар сони 1 215 нафарни ташкил этади.

Шу билан бирга, бокс бўйича етакчиликни сақлаб қолиш ва давом эттириш ҳамда сифатини ошириш, боксни замон талабларига мувофиқ янада ривожлантириш йўлида тўсиқ бўлувчи айрим муаммолар мавжуд. Жумладан:

биринчидан, ҳудудларда малакали тренерлар ва тегишли мутахассислар етишмаслиги сабабли, иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ишлари талаб даражасида эмас;

иккинчидан, бокс учун сифатли спорт анжомлари ва жиҳозларининг етишмаслиги ҳамда республикада ишлаб чиқарилаётган спорт анжомлари ва жиҳозларнинг сифат даражаси халқаро стандартларга жавоб бермайди;

учинчидан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси захирасини тайёрлаш ҳамда тренерлар таркибининг сифат даражасини кўтаришга қаратилган бокс бўйича олий спорт маҳорати мактаблари мавжуд эмас;

тўртинчидан, олий маҳоратли боксчиларнинг марказлашган ўқув-машғулот йиғинларини самарали ўтказишлари учун ягона ўқув-машғулот базасига эҳтиёж мавжуд;

бешинчидан, спортга замонавий инновацион технологиялар талаб даражасида жорий қилинмаганлиги машғулотлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда;

олтинчидан, олий маҳоратли боксчиларнинг тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиш имконияти чекланган ҳамда ҳудудларда боксчилар учун махсус тиббий хизмат мавжуд эмас;

еттинчидан, боксни оммавий ахборот воситаларида ёритиш ва тарғиб қилиш талаб даражасида ташкил қилинмаган;

саккизинчидан, соҳани илмий-методик таъминлаш даражаси етарли эмас.



3-БОБ. БОКСНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ

АСОСИЙ МАҚСАДЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


Қуйидагилар боксни ривожлантиришнинг асосий мақсадлари ҳисобланади:

боксни аҳоли ўртасида энг оммавий спорт турларидан бирига айлантириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;

юқори малакали спортчи ва кадрларни тайёрлаш сифатини ошириш;

республикада халқаро стандартлар асосида бокс бўйича спорт жиҳозлари ва анжомларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

ўқув-машғулотлар жараёнига замонавий илмий-инновацион технологияларни кенг жорий қилиш;

спорт тиббиёти бўлимларида ҳудудлардаги боксчиларга кўрсатилаётган тиббий диагностика ва профилактика сифатини ошириш;

боксни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш;

олий маҳоратли боксчилар марказлашган ўқув-машғулот йиғинларини самарали ўтказишлари учун бокс спорт базасини яратиш;

бокс бўйича олий спорт маҳорати мактабларини ташкил этиш;

бокс бўйича илмий тадқиқот ва методик ишларини олиб бориш.

Кўрсатиб ўтилган мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар амалга оширилади:


а) биринчидан:

таълим муассасаларида ўқув режа ва дастурларини такомиллаштириш орқали халқаро стандартлар асосида юқори малакали, креатив ва тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган кадрларни тайёрлаш;

аёллар боксини ривожлантириш мақсадида аёл тренерларни тайёрлаш тизимини шакллантириш;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимида хорижий давлатлар билан ҳамкорлик асосида инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда масофавий таълимни ташкил этиш;

ўқув-машқ жараёнига жаҳоннинг етакчи мутахассисларини тизимли асосда жалб этиш ҳамда кадрларни тажриба алмашиш мақсадида бокс ривожланган етакчи хорижий давлатларга юбориш;

республиканинг бокс бўйича маҳоратли тренерлари томонидан яратилган спортчиларни тайёрлаш методикасини чуқур ўрганиб, илмий жиҳатдан самарасини исботлаган ҳолда, барча спорт таълим муассаса ва ташкилотларга кенг жорий этиш;


б) иккинчидан:

ёш тадқиқотчиларни бокс бўйича илмий фаолиятга кенг жалб этиш;

бокс бўйича спортчиларни тайёрлаш тизимига илм-фаннинг инновацион ютуқларини жорий этиш;

бокс билан шуғулланишга қизиқишни оширишга йўналтирилган ўқув адабиётлар яратиш;

бокс бўйича электрон таълим ресурсларида машқ жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича методик тавсияларнинг республика очиқ маълумотлар базасини яратиш;

ахборот технологиялари ва мультимедиа маҳсулотларини ривожлантиришда замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда ўқув-машқ жараёнининг компьютерлаштириш даражасини ошириш;


в) учинчидан:

бокс ривожланмаётган ҳудудларда ушбу спорт турини ривожлантириш бўйича чоралар кўриш;

тренерларни ва тегишли мутахассисларни Ўзбекистон бокс федерацияси тавсияномаси асосида Туризм ва спорт вазирлиги томонидан маълум бир муддатга тажрибани жорий этиш мақсадида ҳудудларга юбориш (ротация);

бокс бўйича туман (шаҳар) миқёсида мусобақалар ўтказилиши, таҳлил қилиниши ва мониторинги олиб борилиши;

боксга ихтисослашган спорт мактаблари, таълим муассасалари ва спорт клубларидан сараланган спортчилар ўртасида минтақавий ўқув-машқ йиғинлари ва мусобақалар ўтказилиши;

ўтказилган мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорларидан таркиб топган жамоавий клублар ташкил этилиб, республика даражасида клублараро мусобақалар ўтказилиши ("World Series Boxing" мусобақалар мисолида);

ўтказилган мусобақалар натижалари асосида бокс бўйича олий спорт маҳорати мактабларини иқтидорли спортчилар билан бутлаш таъминланади;


г) тўртинчидан:

бокс бўйича халқаро стандарт талабларига жавоб берувчи спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминланганлик даражасини таҳлил қилиш;

маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан давлат стандартлари ва халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган спорт анжоми ва жиҳозларини ишлаб чиқаришни таъминлаш;


д) бешинчидан:

ўқув-машғулот самарадорлигини ошириш мақсадида, машғулотлар жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

ўқув-машғулотлар жараёнида замонавий спорт анжомлари (сенсор қоплар ва "ясси" қўлқоплар), махсус дастурлардан фойдаланишни ташкил этиш;

виртуал рақиблар билан жанг олиб бориш имкониятини берувчи компьютерлаштирилган хоналарда махсус ўқув-машғулотларини ташкил этишни йўлга қўйиш;


е) олтинчидан:

ҳудудий тиббиёт муассасаларига боксчиларни бириктириш;

боксчилар жисмоний ҳолатининг мунтазам мониторингини олиб бориш;

боксчиларга тиббий профилактика ишларини такомиллаштириш;

ҳаракатланувчи (мобиль) илмий-тиббиёт лабораторияларини ташкил этиш;


ж) еттинчидан:

"Ўзбек бокси" оммабоп журналини таъсис этиш;

боксга бағишланган "Икки авлод учрашуви", "Юртимиз ўғлонлари" мавзуларида туркум кўрсатув ва радиоэшиттиришларни ташкил этиш;

спортга бўлган қизиқишни орттириш мақсадида таниқли боксчилар иштирокида ижтимоий реклама роликларини ишлаб чиқиш ва ёритиб бориш;

спорт журналистларининг бокс ютуқларини таҳлил қилган эфирларини оммавий ахборот воситаларида доимий ёритиб бориш;

машҳур боксчилар иштирокида спорт тадбирларини, давра суҳбатларини ўтказиш, ёшлар ва барча хоҳловчилар учун мастер-класс машғулотлари ва дастхат-сессияларни ташкил этиш;

таниқли боксчилар ҳаёти ҳақида бадиий ва видеофильмлар яратиш;


з) саккизинчидан:

ҳудудлардаги боксчилар тўғрисида маълумотларни тезкор олиш имконини берувчи электрон базани яратиш ва мониторингини олиб бориш;

ҳудудларга бокс бўйича ўқув-методик адабиётларни етказиб беришни йўлга қўйиш;


и) тўққизинчидан:

бокс бўйича миллий терма жамоалари учун халқаро андозаларга мос келадиган ягона ўқув-машғулот базасини ташкил этиш;

спорт базасини замонавий ускуналар, спорт инвентарь ва жиҳозлар билан босқичма-босқич жиҳозлаш;

ҳудудларнинг иқлим хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, хорижий компанияларнинг илғор тажрибаси асосида қурилиш материалларидан, энергия ва ресурсларни тежайдиган замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда бокс спорт марказлари лойиҳасини ишлаб чиқиш;


к) ўнинчидан:

ҳудудларда (Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари марказларида) бокс бўйича олий спорт маҳорати мактабларини ташкил этиш. Бунда бокс бўйича олий спорт маҳорати мактабларини:

малакали кадрлар билан таъминлаш;

нуфузини олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларига тенглаштириш;

қабул қилиш тартибини ишлаб чиқиш;

замон талабларига жавоб берадиган ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқишни назарда тутиш.

Шунингдек, ушбу мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун ҳамда Республикада бокс соҳасининг тизимли ва самарали фаолият олиб бориши учун узлуксиз молиялаштиришни такомиллаштириш.



4-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Концепция доирасида белгиланган вазифаларни бажариш орқали 2025 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонда боксни ривожлантиришда қуйидаги натижаларга эришиш кутилмоқда:

боксда эришилган халқаро миқёсидаги етакчилик сақлаб қолинади;

бокс бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилади;

бокс бўйича илмий тадқиқот ва методик ишларни такомиллаштириш орқали юқори малакали спортчиларни тайёрлаш тизими шакллантирилади;

бокс ривожланмаётган ҳудудларга тренерлар ва тегишли мутахассисларни юбориш (ротация) орқали ҳудудларда боксда иқтидорга эга бўлган ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ишлари самарадорлиги таъминланади;

маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кенг имконият яратиб бериш натижасида республикада халқаро стандартлар асосида спорт жиҳозлари ва анжомларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади;

ўқув-машғулотлар жараёнига замонавий инновацион технологияларни кенг жорий қилиш орқали сифат кўрсаткичларининг ўсишига эришилади;

спорт тиббиёти бўлимларида ҳудудлардаги боксчиларга кўрсатилаётган тиббий диагностика ва профилактика сифатининг оширилиши миллий терма жамоа захирасини сифатли спортчилар билан тўлдиришга шароит яратилади;

боксни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши орқали аҳоли орасида боксга бўлган қизиқишни янада кучайтириш ва оммавийлик даражаси ортишига эришилади;

ҳудудлардаги боксчилар тўғрисида маълумотлар электрон базасини яратиш орқали улар тўғрисидаги маълумотларни тезкор ва сифатли олиш имкони яратилади;

олий маҳоратли боксчиларни марказлашган ўқув-машғулот йиғинларини самарали ўтказишлари учун бокс спорт базасини ташкил этиш орқали боксчиларнинг тайёргарлик даражасида барқарорлик таъминланади, натижада халқаро майдондаги ўрни сақлаб қолинишига эришилади;

ҳудудларда бокс бўйича олий спорт маҳорати мактабларини ташкил этиш орқали кадрлар захирасини шакллантириш бўйича узлуксиз тизим йўлга қўйилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 30 апрель





























Время: 0.1996
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск