ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Терроризм ва экстремизмга қарши кураш. Легаллаштириш /

Ўзбекистон Республикасининг 26.08.2004 й. 660-II-сон "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

26.08.2004 й.

N 660-II



ЖИНОИЙ ФАОЛИЯТДАН ОЛИНГАН

ДАРОМАДЛАРНИ ЛЕГАЛЛАШТИРИШГА,

ТЕРРОРИЗМНИ МОЛИЯЛАШТИРИШГА

ВА ОММАВИЙ ҚИРҒИН ҚУРОЛИНИ

ТАРҚАТИШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШГА

ҚАРШИ КУРАШИШ ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.


1-1-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонуннинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, юридик шахсларга, уларнинг филиаллари ҳамда ваколатхоналарига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ўтказилиши устидан назоратни амалга оширувчи давлат органларига нисбатан татбиқ этилади.



2-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни

легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва

оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга

қарши курашиш тўғрисидаги

қонунчилик

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


жиноий фаолиятдан олинган даромадлар - жиноят содир этиш натижасида олинган пул маблағлари ва бошқа мол-мулк, шунингдек бундай мол-мулкдан фойдаланиш орқали олинган ҳар қандай фойда ёки наф, худди шунингдек тўлиқ ёки қисман бошқа мол-мулкка айлантирилган ёхуд ўзгартирилган ёки қонуний манбалар ҳисобидан олинган мол-мулкка қўшилган пул маблағлари ва бошқа мол-мулк;


жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш - пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк жиноий фаолият натижасида топилган бўлса, уларни ўтказиш, мулкка айлантириш ёхуд алмаштириш йўли билан уларнинг келиб чиқишига қонуний тус беришдан, худди шунингдек бундай пул маблағларининг ёки бошқа мол-мулкнинг асл хусусиятини, манбаини, турган жойини, тасарруф этиш, кўчириш усулини, пул маблағларига ёки бошқа мол-мулкка бўлган ҳақиқий эгалик ҳуқуқларини ёки уларнинг кимга қарашлилигини яширишдан ёхуд сир сақлашдан иборат бўлган, жиноий жазоланадиган ижтимоий хавфли қилмиш;

пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш - пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ўтказишни, конверсиялашни, тасарруф этишни ёхуд кўчиришни тақиқлаш;


операцияларни тўхтатиб туриш - мижознинг пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни кўчириш, конверсиялаш, ўзга шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун бериш, шунингдек юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқномалари ижросини тўхтатиб туриш;


терроризмни молиялаштириш - террорчилик ташкилотининг мавжуд бўлишини, фаолият кўрсатишини, молиялаштирилишини, террорчилик фаолиятида иштирок этиш учун хорижга чиқиб кетишни ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ҳаракатланишни таъминлашга, террорчилик ҳаракатини тайёрлаш ва содир этишга, террорчилик ташкилотларига ёхуд террорчилик фаолиятига кўмаклашаётган ёки бундай фаолиятда иштирок этаётган шахсларга бевосита ёки билвосита ҳар қандай маблағ-воситаларни, ресурсларни беришга ёки йиғишга, бошқа хизматлар кўрсатишга қаратилган, жиноий жазоланадиган ижтимоий хавфли қилмиш;


оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш - ядровий, кимёвий, биологик ва бошқа турдаги оммавий қирғин қуролини, бундай қуролни яратишда фойдаланилиши мумкинлиги аён бўлган материалларни ҳамда ускуналарни яратиш, ишлаб чиқариш, олиш, тўплаш, сақлаш, ўтказиш, фойдаланиш мақсадида ҳар қандай маблағ-воситаларни, ресурсларни бериш ёки йиғиш, бошқа хизматлар кўрсатиш.


II. ЖИНОИЙ ФАОЛИЯТДАН ОЛИНГАН

ДАРОМАДЛАРНИ ЛЕГАЛЛАШТИРИШГА, ТЕРРОРИЗМНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШГА ВА ОММАВИЙ ҚИРҒИН ҚУРОЛИНИ

ТАРҚАТИШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШГА ҚАРШИ КУРАШИШНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ

4-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни

легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий

қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши

курашишга қаратилган чора-тадбирлар

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирларга қуйидагилар киради:

махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга ошириладиган назорат;

ички назорат;

мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар;

таваккалчиликларни аниқлашга, баҳолашга ва камайтиришга доир чоралар.


5-модда. Махсус ваколатли давлат органи

томонидан амалга ошириладиган назорат

Махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга ошириладиган назорат - пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар тақдим этадиган ахборотни текшириш ва ушбу Қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш бўйича махсус ваколатли давлат органи томонидан қабул қилинадиган чора-тадбирлар мажмуи.


6-модда. Ички назорат

Ички назорат пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операцияларни аниқлашга доир фаолиятидир.

Ички назорат амалга оширилаётганда зарур ахборотни расмийлаштириш, унинг маҳфийлигини таъминлаш тартиби, кадрларни тайёрлаш ва ўқитишга доир малака талаблари, шунингдек махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни аниқлаш мезонлари ва уларнинг аломатлари белгиланади.

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар учун ички назорат қоидалари тегишли назорат қилувчи, лицензияловчи ва рўйхатдан ўтказувчи органлар томонидан махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда, бундай органлар бўлмаган ҳолда эса, махсус ваколатли давлат органи томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Ички назорат қоидаларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат мазкур қоидаларни тасдиқлаган органлар, шунингдек махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.


7-модда. Мижозларни лозим даражада

текшириш бўйича чора-тадбирлар

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар:

ички назорат қоидаларида белгиланган ҳолларда хўжалик, фуқаровий ҳуқуқий муносабатлар аниқланганда;

ички назорат қоидаларида белгиланган ҳолларда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ бир марталик операциялар амалга оширилганда;

шубҳали операциялар амалга оширилганда;

мижознинг шахси тўғрисида аввал олинган маълумотларнинг тўғрилигига нисбатан шубҳалар мавжуд бўлганда, мижозларни лозим даражада текшириш бўйича мустақил чора-тадбирлар кўришлари шарт.

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан мижозни лозим даражада текшириш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

тегишли ҳужжатлар асосида мижознинг ва қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текширишни;

таъсис ҳужжатлари асосида мулк ва бошқарув тузилишини ўрганиш орқали мулкдорни ёки юридик шахс бўлган мижозни назорат қилувчи шахсни идентификациялашни;

мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида, доимий асосда ўрганишни.


7-1-модда. Таваккалчиликларни аниқлашга,

баҳолашга ва камайтиришга доир чоралар

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг, шунингдек ички назорат қоидаларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назоратни амалга оширувчи органлар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш юзасидан эҳтимол тутилган таваккалчиликларни ўрганишни, таҳлил қилишни ва аниқлашни ўз фаолиятида тизимли равишда, йилига камида бир марта амалга ошириши, ўрганиш натижаларини ҳужжатлар билан қайд этиши ҳамда аниқланган таваккалчиликларни камайтиришга доир тегишли чоралар кўриши шарт.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш ҳолларининг олдини олиш ёки сонини камайтириш учун қўлланиладиган чоралар аниқланган таваккалчиликларга мувофиқ бўлиши ҳамда назорат қилишнинг кенгайтирилган ёки соддалаштирилган чораларини қўллаш ҳамда ресурсларни самарали тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилиш имконини бериши керак.

Таваккалчиликларни баҳолаш натижалари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этувчи барча органларга ҳамда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларга етказилиши керак.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш юзасидан таваккалчиликларни баҳолаш бўйича чораларни мувофиқлаштиришни махсус ваколатли давлат органи амалга оширади.



8-модда. Махсус ваколатли давлат органи

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида қонунчиликка мувофиқ белгиланадиган махсус ваколатли давлат органи пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ўтказилиши устидан ушбу Қонунда белгиланган тартибда назоратни амалга оширади.

Махсус ваколатли давлат органи ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилишда холи ва мустақилдир, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.


9-модда. Махсус ваколатли давлат органининг ваколатлари

Махсус ваколатли давлат органи:

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этувчи органларнинг ишини мувофиқлаштиради;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларининг юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши устидан назорат қилинишини таъминлайди;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни, шу жумладан автоматлаштирилган ахборот, маълумотнома тизимларидан ҳамда маълумотлар базаларидан ахборотни сўрайди ва бепул олади;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар бўйича ушбу Қонунга мувофиқ олинадиган ахборотнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш белгиларини аниқлаш мақсадида таҳлил қилинишини амалга оширади;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлардан келиб тушадиган шубҳали операциялар ҳақидаги хабарларни олади, маълумотлар базаларини шакллантиради ва уларга ишлов беради;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ маълумотлар ва ахборотни алмашиш ҳамда юбориш бўйича ҳамкорлик тартибини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан биргаликда белгилайди;

етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда ёки сўровга биноан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқадор пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ҳақидаги материалларни жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этувчи тегишли органларга юборади;

террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг рўйхатини терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар, шунингдек чет давлатларнинг ваколатли органларидан ҳамда халқаро ташкилотлардан расмий каналлар орқали олинган маълумотлар асосида шакллантиради ва юритади;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш бўйича таваккалчиликларни баҳолашни ташкил этиш юзасидан жалб этилган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда чоралар кўради;

етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чораларни амалга ошириш учун пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни ўттиз иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳақида кўрсатмалар юборади;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликнинг қўлланилиш амалиётини давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинадиган ахборот асосида таҳлил қилади ҳамда умумлаштиради, шунингдек қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқади ҳамда киритади;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида чет давлатларнинг ваколатли органлари, халқаро ихтисослашган ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга оширади;

қонунчиликда белгиланган тартибда халқаро ва минтақавий ташкилотлар, чет давлатларнинг тегишли ваколатли органлари билан келишувлар тузади;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ёки чет давлатларнинг ваколатли органлари, халқаро ташкилотлар билан ўзаролик принципи асосида ҳамкорлик қилади ва ахборот алмашишни амалга оширади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


10-модда. Махсус ваколатли давлат органи

қарорларининг мажбурийлиги

Махсус ваколатли давлат органининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалаларига доир қарорлари вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.


III. ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ ЁКИ БОШҚА МОЛ-МУЛК

БИЛАН БОҒЛИҚ ОПЕРАЦИЯЛАР ВА УЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРУВЧИ ТАШКИЛОТЛАР

11-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк

билан боғлиқ операциялар

Юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкка нисбатан ўз мулкий ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилашга, ўзгартириш ёхуд тугатишга қаратилган ҳаракатлари пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялардир.



12-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк

билан боғлиқ операцияларни амалга

оширувчи ташкилотлар

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар қуйидагилардир:

банклар ва бошқа кредит ташкилотлари;

қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари;

биржа аъзолари;

суғурталовчилар ва суғурта воситачилари;

лизинг хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар;

пул ўтказмалари, тўловлар ва ҳисоб-китобларни амалга оширувчи ташкилотлар;

ломбардлар;

лотереялар ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўтказувчи ташкилотлар;

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи шахслар;

кўчмас мол-мулкнинг олди-сотдиси билан боғлиқ операцияларда хизматлар кўрсатувчи ва иштирок этувчи шахслар;

мижозлар номидан битимлар тайёрлаш ва уларни амалга оширишда нотариал идоралар (нотариуслар), адвокатлик тузилмалари (адвокатлар) ҳамда аудиторлик ташкилотлари;

крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятини амалга оширувчи шахслар.


13-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк

билан боғлиқ, махсус ваколатли давлат органига

хабар қилиниши лозим бўлган операциялар

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан ички назоратни ўтказиш давомида шубҳали деб топилган содир этилаётган ва тайёрланаётган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши керак.

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ, тайёрлаш, содир этиш жараёнида бўлган ёки содир этиб бўлинган, ички назорат қоидаларида белгиланган мезонлар ва белгиларга мувофиқ жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ёки терроризмни молиялаштириш ёхуд оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида амалга оширилганлиги тўғрисида шубҳа пайдо бўлган операция шубҳали операция, деб топилади.

Агар пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тарафларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахс бўлса, бундай операциялар ҳам махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши керак.


14-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан

боғлиқ, алоҳида ҳолларда махсус ваколатли давлат

органига хабар қилиниши лозим бўлган операциялар

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар, шу операцияларнинг тарафларидан бири:

террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган юридик ёки жисмоний шахс;

террорчилик фаолиятини ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни амалга ошираётган ёхуд амалга оширишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёхуд уни назорат қилаётган юридик ёки жисмоний шахс;

террорчилик фаолиятини ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни амалга ошираётган ёки амалга оширишда гумон қилинаётган жисмоний шахснинг ёхуд ташкилотнинг мулкидаги ёки назорати остидаги юридик шахс эканлиги ҳақида белгиланган тартибда олинган ахборот мавжуд бўлса, ушбу Қонунга мувофиқ махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши ва тўхтатиб турилиши керак.


15-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк

билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи

ташкилотларнинг мажбуриятлари

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар:

ички назорат тизимларини ташкил қилиши ва жорий этиши;

идентификациялаш тартиб-таомилларини амалга ошириши ва мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар кўриши, шу жумладан, мижоз ва унинг мулкдорлари тўғрисидаги маълумотларни верификациялаши ҳамда мунтазам янгилаб бориши;

мулкдорлар ва мижозларни назорат қилувчи шахсларни идентификациялаши ҳамда уларнинг шахсини текшириш бўйича имкон қадар чоралар кўриши;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш бўйича ўз таваккалчиликларини аниқлаш ҳамда баҳолаш чораларини кўриши, ушбу таваккалчиликларни ҳужжатлар билан қайд этиши ва уларни камайтириш юзасидан чоралар кўриши;

мижозни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар кўриш имконияти бўлмаган тақдирда, ҳисобварақ очишни, операцияни амалга оширишни, амалий муносабатларга киришишни рад этиши ва мавжуд амалий муносабатларни тугатиши, шунингдек шубҳали операция тўғрисидаги хабарни махсус ваколатли давлат органига юбориши;

шубҳали операциялар тўғрисидаги хабарларни, шу жумладан, уларни амалга оширишга бўлган уринишлар тўғрисидаги хабарларни улар аниқланган кундан кейинги бир иш кунидан кечиктирмай махсус ваколатли давлат органига белгиланган тартибда юбориши;

операция иштирокчиларини террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати билан солиштириши;

террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операциясини кечиктирмасдан ва олдиндан хабар қилмасдан тўхтатиб туриши, бундан юридик ёки жисмоний шахснинг ҳисобварағига тушган пул маблағларини ҳисобга киритиш бўйича операциялар мустасно, ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиши, шунингдек шубҳали операция тўғрисида махсус ваколатли давлат органига хабар юбориши шарт.

Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.



16-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан

боғлиқ операцияларни бажаришни рад этиш

Идентификациялаш учун зарур бўлган ҳужжатларни тақдим этмаган юридик ёки жисмоний шахсларга пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар мазкур операцияларни бажаришни рад этади, юридик ёхуд жисмоний шахс ҳисобварағига тушган пул маблағларини ҳисобга киритиш операциялари бундан мустасно.


17-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан

боғлиқ чет эл валютасидаги операция

Агар пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция чет эл валютасида амалга оширилаётган бўлса, унинг миллий валютадаги миқдори қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади.


IV. ЖИНОИЙ ФАОЛИЯТДАН ОЛИНГАН

ДАРОМАДЛАРНИ ЛЕГАЛЛАШТИРИШГА, ТЕРРОРИЗМНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШГА ВА ОММАВИЙ ҚИРҒИН ҚУРОЛИНИ

ТАРҚАТИШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШГА ҚАРШИ КУРАШИШ

БИЛАН БОҒЛИҚ АХБОРОТ

18-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни

легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий

қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши

курашиш билан боғлиқ ахборотни тақдим этиш

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотни махсус ваколатли давлат органига тақдим этиш, шунингдек пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларни террорчилик фаолиятида ёхуд бошқа жиноий фаолиятда иштирок этаётган ёки ушбу фаолиятда иштирок этишда гумон қилинаётган юридик ёхуд жисмоний шахслар ҳақида хабардор қилиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялари тўғрисидаги ахборотни ёхуд бошқа маълумотларни махсус ваколатли давлат органига белгиланган тартибда тақдим этиш тижорат, банк сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни бузиш ҳисобланмайди.


19-модда. Маълумотларнинг маҳфийлигини

ва сақланишини таъминлаш

Махсус ваколатли давлат органи ва унинг ходимлари ўзларига маълум бўлиб қолган тижорат, банк сири ёки бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг маҳфийлигини ва сақланишини таъминлашлари шарт.

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг, махсус ваколатли давлат органининг ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этувчи бошқа органларнинг ходимлари юридик ва жисмоний шахсларни уларга нисбатан ўтказилаётган назоратдан хабардор қилишга ҳақли эмас.


20-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни

легаллаштиришга терроризмни молиялаштиришга ва оммавий

қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши

курашиш билан боғлиқ ахборотдан эркин фойдаланишни

чеклаш ҳамда бундай ахборотни тарқатмаслик

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар, махсус ваколатли давлат органи ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишда иштирок этувчи бошқа органлар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотдан эркин фойдаланишни қонунчиликда белгиланган тартибда чеклайдилар ҳамда бундай ахборотнинг тарқатилмаслигини таъминлайдилар.


21-модда. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк

билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни,

шунингдек идентификациялаш маълумотларини

ва мижозларни лозим даражада текширишга

доир материалларни сақлаш

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек идентификациялаш маълумотларини ва мижозларни лозим даражада текширишга доир материалларни қонунчиликда белгиланган муддатлар мобайнида, лекин бундай операциялар амалга оширилганидан ёки мижозлар билан амалий иш муносабатлари тўхтатилганидан кейин камида беш йил мобайнида сақлашлари шарт.


V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

22-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни

легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий

қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши

курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Махсус ваколатли давлат органи зарур ахборот тақдим этиш тўғрисида чет давлатларнинг ваколатли органларига сўровлар юбориш ва чет давлатлар ваколатли органларининг сўровларига жавоб қайтариш ҳуқуқига эга.


23-модда. Низоларни ҳал қилиш

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.


24-модда. Жиноий фаолиятдан олинган

даромадларни легаллаштиришга, терроризмни

молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини

тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш

тўғрисидаги

қонунчиликни
бузганлик

учун жавобгарлик

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                   И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами”, 2004 йил, 43-сон, 451-модда


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 2004 йил, 9-сон, 160-модда
































Время: 0.1889
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск