ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Терроризм ва экстремизмга қарши кураш. Легаллаштириш /

Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат Қоидалари (АВ томонидан 09.06.2021 й. 3309-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги 08.06.2021 й. 3-сон, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг 07.06.2021 й. 16-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2021 йил 9 июнда 3309-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Президенти ҳузуридаги Лойиҳа

бошқаруви миллий агентлиги

2021 йил 8 июндаги 3-сон ва

Ўзбекистон Республикаси

Бош прокуратураси ҳузуридаги

Иқтисодий жиноятларга қарши

курашиш департаментининг

2021 йил 7 июндаги

16-сон қарорига

ИЛОВА



Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни

амалга оширувчи шахслар учун жиноий фаолиятдан

олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни

молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини

тарқатишни молиялаштиришга қарши

курашиш бўйича ички назорат

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назоратни ташкил қилиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


бенефициар мулкдор - якуний натижада мулк ҳуқуқига эгалик қилувчи ёки мижозни ҳақиқатда назорат қилувчи жисмоний шахс, шу жумладан манфаатини кўзланган ҳолда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция амалга оширилаётган юридик шахс;


ички назорат - крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахсларнинг мижозни лозим даражада текшириш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ таваккалчиликларни бошқариш, шубҳали операцияларни аниқлаш ҳамда террорчилик фаолиятида, терроризмни молиялаштиришда ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришда иштирок этивувчи ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар билан боғлиқ операцияларни аниқлашга доир фаолияти;


ички қоидалар - крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар, шу жумладан уларнинг филиалларида ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилаб берувчи ички ҳужжатдир;


жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмайдиган давлатлар - Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг расмий баёнотларида халқаро молиявий тизимга хавф туғдирувчи ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тизимларида стратегик камчиликлари мавжуд деб белгиланган давлатлар ва ҳудудлар;


мижозни идентификациялаш - мижозни лозим даражада текшириш мақсадида мижозлар ҳақидаги маълумотларни улар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида аниқлаш;


мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялаш - қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган таъсис ҳужжатлари (устав ва (ёки) таъсис шартномаси, низом) асосида мулк ва бошқарув тузилмасини ўрганиш орқалимижознинг мулкдори ёки уни назорат қилувчи юридик шахсни аниқлаш;


мижоз - крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахсларнинг хизматидан фойдаланаётган жисмоний ёки юридик шахс;


террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган юридик ёки жисмоний шахс, террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёхуд амалга оширишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёхуд уни назорат қилаётган юридик ёки жисмоний шахс, шунингдек, террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёки амалга оширишда гумон қилинаётган жисмоний шахснинг ёхуд ташкилотнинг мулкидаги ёки назорати остидаги юридик шахс;

оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинган, оммавий қирғин қуролини тарқатишини олдини олишга қаратилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциялари ҳамда бошқа халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган жисмоний ёки юридик шахс;

крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахс - крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун ўрнатилган тартибда лицензияни олган шахс;


мижозни лозим даражада текшириш - мижозни ва у қайси шахслар номидан иш кўраётганини текшириш, мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялаш, шунингдек мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва операцияларни, уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганишларни ўтказиш;


хабар қилиниши лозим бўлган операциялар - ички назоратни ўтказиш давомида крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар томонидан шубҳали деб топилган, содир этилаётган ва тайёрланаётган крипто-активлар, шунингдек, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар;


масъул ходим - ички назоратни ташкил қилиш ва амалга ошириш учун масъул бўлган шахс;


оффшор ҳудуд - имтиёзли солиқ режимини тақдим қилувчи ва (ёки) молиявий операцияларни амалга оширишда улар ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни ва тақдим қилмасликни кўзда тутувчи давлатлар ва ҳудудлар;


Рўйхат - терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек, чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларидан расмий каналлар орқали тақдим этилаётган маълумотлар асосида махсус ваколатли давлат органи томонидан тузилган террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати;


крипто-активларни алмаштиришга, сақлашга ва сотиб олиш/сотишга мўлжалланган крипто-платформа - крипто активларини, шу жумладан токенларни сотиш, сотиб олиш ва алмаштириш, жойлаштириш, сақлаш ва бошқариш учун мўлжалланган ахборот тизими (ресурс, дастурий таъминот ва аппарат, дастурий таъминот, мобил дастур);


шубҳали операция - крипто-актив, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ, тайёрлаш, содир этиш жараёнида бўлган ёки содир этиб бўлинган, крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахсларда мазкур Қоидаларни амалга ошириш жараёнида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида амалга оширилганлиги тўғрисида шубҳа пайдо бўлган операция;


операцияларни тўхтатиб туриш - мижознинг крипто-актив, пул маблағлар ёки бошқа мол-мулк билан операцияларни амалга ошириш, шунингдек юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқномалари ижросини тўхтатиб туриш;


юқори мансабдор шахслар - чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида, шу жумладан ҳарбий тузилмаларида, ёхуд халқаро ташкилотда доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ташкилий-бошқарув вазифаларини бажарувчи ва юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни содир этишга ваколатли шахслар, шунингдек чет давлат корхоналарининг юқори мартабали раҳбарлари, чет давлатнинг таниқли сиёсатчилари ва сиёсий партияларининг таниқли аъзолари (шу жумладан собиқ);


таваккалчилик - мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга ошириш таваккалчилиги;


ички назорат тизими - мазкур Қоидалар ва ички ҳужжатлар билан белгиланган мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажаришга қаратилган маъсул ходим ва крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахсларнинг хатти-ҳаракатлари йиғиндиси;


махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти;


операция иштирокчилари  мижозлар (шу жумладан, таъсисчилари, акциядорлари ва бошқа иштирокчилари), уларнинг вакиллари ҳамда мижознинг операцияда иштирок этувчи ҳамкорлари;


хусусий крипто-ҳамён - крипто-биржаларидан ташқарида яратилган крипто-активлари ва токенларни сақлаш ва уларнинг эгасига крипто-актив ва токенлари билан барча турдаги операцияларни бажариш имконини берувчи дастурий ва дастурий-техник воситаси.


2. Қуйидагилар ички назоратнинг мақсади ҳисобланади:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қаратилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни самарали аниқлаш ва олдини олиш;

крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахсларнинг жиноий фаолиятга қасддан ёки қасддан бўлмаган ҳолда жалб этилишига йўл қўймаслик;

таваккалчиликларни аниқлаш, уларни баҳолаш, ҳужжатлаштириш ва пасайтириш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш.


3. Қуйидагилар ички назоратнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўз таваккалчиликларини аниқлаш, баҳолаш, ҳужжатлаштириш ва камайтиришга доир тегишли чораларни кўриш;

мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларини ва идентификациялаш жараёнларини амалга ошириш, шу жумладан мижозлар ва уларнинг бенефициар мулкдорлари ҳақидаги маълумотларни мунтазам янгилаш ва верификациялаш;

бенефициар мулкдорларни идентификациялаш, уларнинг шахсини ўрганиш бўйича имкон қадар чоралар кўриш;

юқори мансабдор шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан амалга оширилаётган операцияларни чуқур мониторинг қилиш;

мазкур Қоидалар ва ички қоидаларда белгиланган тартибда шубҳали операцияларни аниқлаш;

ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган шубҳали операциялар тўғрисидаги ахборотни (ҳужжатларни) махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида тақдим этиш;

махсус ваколатли давлат органининг қўшимча маълумотларни тақдим этиш тўғрисидаги сўровларини ҳамда мижозларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларини тўхтатиб туриш ҳақидаги кўрсатмасини ўз вақтида бажариш;

Рўйхат билан солиштириш орқали операция иштирокчилари орасида террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш;

операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек идентификациялаш маълумотларини ва мижозларни лозим даражада текширишга доир материалларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатлар давомида сақланишини таъминлаш;

крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахсларнинг раҳбариятини тегишли қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган ишончли ахборот ва материаллар билан тезкор ва мунтазам равишда таъминлаб бориш;

шубҳали операцияларни амалга ошириш ёки амалга оширишга уринишлар, шубҳали операцияларни амалга оширган операция иштирокчилар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бундай ахборотни давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро алмашиб бориш;

сўровлар бўйича мижозлар базасидан Рўйхат билан солиштириш орқали террорчилик фаолиятини молиялаштиришга ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқадор шахсларни аниқлаш.



2-БОБ. ИЧКИ НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


4. Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахсларнинг ички назорат тизими уларнинг фаолият кўрсатиш хусусиятлари, фаолиятининг асосий йўналишлари, мижозлар базаси ва мижозлар ҳамда уларнинг операциялари билан боғлиқ бўлган таваккалчилик даражасини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.


5. Масъул ходим крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар раҳбарининг буйруғи билан раҳбар ходимлари орасидан тайинланади. Мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар ўзининг масъул ходими ва мазкур Қоидалар талабларининг бажарилиши тўғрисидаги маълумотни ҳар йили 10 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига почта алоқа воситалари ёки электрон шаклда юборади.

Масъул ходим ўзгарган тақдирда крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахс, янги тайинланган масъул ходим ҳақида уни тайинланган иш кунидан кечиктирмасдан хабардор қилиши лозим.


6. Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги махсус ваколатли давлат органига крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслардаги масъул ходимлар ва мазкур Қоидалар талабларининг бажарилиши тўғрисидаги маълумотни ҳар йили 20 январдан кечиктирмасдан тақдим этади.

7. Масъул ходим лавозимига тайинланувчи шахс крипто-активлар муомаласи, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга оид қонунчилиги ҳамда ушбу соҳадаги халқаро стандартларни билиши шарт.


8. Масъул ходим лавозимига ўз фаолияти ва шахсий хулқ атворида ишониб топширилган бўлинмани нотўғри бошқарганини намоён этган ҳамда судланганлик муддати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахслар тайинланиши мумкин эмас.

Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахснинг раҳбари лавозимига:

ўз фаолияти ва шахсий хулқ атворида ишониб топширилган бўлинмани нотўғри бошқарганини намоён этган;

террористик фаолиятда ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишда иштирок этган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган;

иқтисодий жиноятлар, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм, оммавий қирғин қуролларини тарқатиш, уларни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси, коррупция ва ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки ўталмаган шахслар тайинланиши мумкин эмас.

8-1. Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахснинг устав жамғармасида:

мазкур Қоидаларнинг 8-банди тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг;

оффшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган компанияларнинг иштирок этиши тақиқланади.

9. Масъул ходимларининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришнинг, терроризмни молиялаштиришнинг ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг замонавий усуллари, услублари ва йўналишлари ҳақидаги ахборотга эга бўлишларини таъминлаш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги қонунчилик ва мажбуриятларнинг барча жиҳатларини аниқ тушунтириб бериш мақсадида крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслари мунтазам равишда (йилига камида бир марта) ходимларни қайта тайёргарликдан ўтказишлари шарт.

10. Масъул шахс қуйидаги функцияларни бажаради:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш учун крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахс хизматларидан фойдаланиш хавфининг олдини олиш учун қонунчиликда, мазкур Қоидаларда ва ички қоидаларда кўзда тутилган чораларни кўради;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга оид қонунчилиги, ушбу Қоидалар ва ички қоидалар талабларига крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар томонидан риоя этилиши назоратини амалга оширади;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга оид қонун бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги ахборотни крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар раҳбарига тақдим этади;

крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар мазкур Қоидалар ва ички қоидалар талабларига риоя қилинмаганлиги бўйича аниқланган камчилик ва қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахсларнинг раҳбарига кўриб чиқиши учун таклифлар киритади;

мазкур Қоидалар ижроси натижалари ҳақида ҳисоботни бир йилда камида бир маротаба крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахсларнинг раҳбарига тақдим этади;

шубҳали операциялар, уларни бажаришга уринишлар тўғрисидаги хабарларни махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида узатилишини, шунингдек махсус ваколатли давлат органининг қўшимча маълумотларни тақдим этиш ҳақидаги сўровларнинг ва мижозларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларини тўхтатиб туриш ҳақидаги кўрсатмасининг бажарилишини таъминлайди;

ички назоратни ташкил этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва махсус ваколатли давлат органи маъсул шахслари билан ҳамкорликни амалга оширади;

Рўйхатни крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахсларнинг ходимларига етказади.


11. Масъул шахс қуйидаги ҳуқуқларга эга:

крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахсларнинг ходимларидан ички назоратни амалга ошириш мақсадлари учун зарур бўлган бошқарувчилик, бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

хабар қилиниши лозим бўлган операцияларга нисбатан келгусидаги хатти-ҳаракатлар бўйича раҳбариятга таклифлар киритиш.

Масъул шахс қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. Масъул шахс қуйидагиларга мажбур:

ўз ваколати доирасида мазкур Қоидалар ва ички қоидалар билан юклатилган мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажариш учун зарур чораларни кўриш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга оид ўз таввакалчиликларини аниқлаш ва баҳолаш бўйича тегишли чораларни кўриш, бу таваккалчиликларни ҳужжатларда қайд қилиш ва уларни камайтириш чораларини кўриш;

мижозларни лозим даражада текшириш бўйича, шу жумладан доимий мониторингни амалга ошириш ҳамда идентификациялаш ҳамда Рўйхат билан солиштиришни таъминлаш бўйича чораларни кўриш;

бенефициар мулкдорларни аниқлаш ва идентификациялаш бўйича тегишли чораларни кўриш;

махсус ваколатли давлат органига белгиланган тартибда шубҳали операциялар тўғрисида, шу жумладан улар аниқланган кундан кейинги бир иш кунидан кечиктирмай уларни амалга оширишга уринишлар тўғрисида хабарларни бериб бориш;

махсус ваколатли давлат органининг мижозларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциясини тўхтатиб туриш ҳақидаги талабномасини ўз вақтида бажариш бўйича чораларни кўриш;

олинган маълумотларнинг махфийлигига риоя қилиш;

ички назорат амалга ошириш давомида олинган ҳужжатларнинг сақланишини ва қайтарилишини таъминлаш;

қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларни бажариш.


13. Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслари мазкур Қоидалар талабларидан келиб чиқиб, қуйидагиларни акс этган ички қоидаларни ишлаб чиқишлари ва тасдиқлашлари лозим:

таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш ва мониторинг қилиш, камайтириш ва ҳужжатлаштиришга доир чораларни амалга ошириш тартиби, шу жумладан мижозлар томонидан крипто-активлар билан боғлиқ операциялар бўйича таҳлил қилиш (шу жумладан, мижозларнинг крипто-ҳамён манзиллари фойдаланилган савдо майдонлари, мижозлар контрагентларининг крипто-ҳамён манзиллари, мижозларнинг крипто-ҳамён манзилларининг бошқа крипто-ҳамён манзиллари билан алоқаларини аниқлаш ва ҳ.қ.) ва мижозларнинг крипто-ҳамён манзиллари қонунга хилоф фаолиятда ишлатилиши таваккалчиликларини баҳолашни амалга оширувчи дастурий таъминотдан фойдаланиш;

мижозларни ва уларнинг бенефициар мулкдорларини лозим даражада текшириш, шунингдек мижозлар операцияларининг мунтазам назоратини амалга ошириш қоидалари;

керакли ахборотни расмийлаштириш ва унинг махфийлигини таъминлаш тартиби;

шубҳали операцияларни аниқлаш тартиби, шунингдек бундай операциялар тўғрисидаги хабарларни тайёрлаш ва махсус ваколатли давлат органига юбориш тартиби;

кадрларни тайёрлаш ва ўқитишга қўйиладиган малакавий талаблар;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишининг олдини олишга қаратилган чоралар;

юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахсларбилан амалий иш муносабатларини ўрнатиш ҳамда улар томонидан ўтказиладиган операцияларини мониторинг қилиш тартиби;

юқори таваккалчилик даражаси тоифасига киритилган мижозларнинг ҳисобини юритиш ва мониторинг қилиш ҳамда бундай мижозлар операцияларини мониторинг қилиш тартиби;

махсус ваколатли давлат органининг қўшимча маълумотларни тақдим этиш ҳақидаги сўровларни ва мижозларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни тўхтатиб туриш ҳақидаги талабномасини ўз вақтида бажариш бўйича чоралар;

қонунчиликка зид бўлмаган бошқа қоидалар.


14. Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар қуйидагиларга мажбур:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш юзасидан эҳтимол тутилган таваккалчиликларни ўрганишни, таҳлил қилишни ва аниқлашни ўз фаолиятида тизимли равишда, йилига камида бир марта амалга ошириши, ўрганиш натижаларини ҳужжатлар билан қайд этиши ва уни камайтириш бўйича тегишли чоралар кўриши шарт;

таваккалчиликлар даражасини ва уларни камайтириш бўйича тегишли чоралар аниқлаш давомида мазкур соҳага оид барча таваккалчиликларнинг эътиборга олиш;

таваккалчиликларни баҳолаш энг сўнгги ҳолатда ушлаб туриш;

махсус ваколатли давлат органига ва Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига таваккалчиликларни баҳолаш натижаларини тақдим этишнинг аниқ тартибини белгилаш;

бошқа, шу жумладан чет элдаги, крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар билан амалий иш муносабатларига киришиш давомида мумкин бўлган усуллар орқали, шу жумладан очиқ манбалардан, уларнинг иш обрўси, бизнес юритиш усул ва услублари, қонунчиликни бўзиш ҳоллатлари тўғрисида маълумотларни тўплаш;

крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахснинг бошқарув органларининг розилиги олингани ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат тизимини ўрганилишидан сўнг бошқа крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар билан амалий иш муносабатларига киришиш;

крипто-активларни миллий ёки чет эл валютага сотиш ёҳуд сотиб олиш, алмаштириш операцияларни, шу жумладан мижоз номидан, амалга ошириш давомида крипто-актив жунатувчи/қабул қилувчи ҳамда операция амалга ошириш учун ишлатилган ҳамён манзиллари, бенефициар мулкдорлари ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотларни олиниши ва тақдим этилиши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, махсус ваколатли давлат орган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг сўровларига асосан мазкур маълумотларни тақдим этиш;

ички қоидалар қўлланилишини доимий мониторингини амалга ошириб боришлари ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг юқори даражадаги таваккалчилик аниқланган ҳолларда таваккалчиликларни бошқариш ва камайтириш бўйича кучайтирилган чораларни кўриш.


15. Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахсларнинг ички қоидалари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга оид қонунчилик ва мазкур Қоидалар талабларига мувофиқ бўлиши, шунингдек аниқланган таваккалчиликлар ва уларнинг баҳосидан келиб чиқиб тузилиши шарт. Ички қоидалар, уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахснинг раҳбари томонидан тасдиқланади.


16. Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахсларнинг чет элдаги алоҳида бўлинмалари (мавжуд бўлганда) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда улар жойлашган мамлакат талабларига риоя қилишлари лозим, мазкур талбалар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг талабларидан фарқ қилган тақдирда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартларни қўллаши лозим.


17. Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар ўзининг хориждаги алоҳида бўлинмаларидан мазкур ажратилган бўлинмалар жойлашган мамлакат қонунчилигидаги тақиқлар туфайли жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича тегишли тадбирларни амалга ошириш мумкин бўлмаган ҳолатлар тўғрисида бош офисни хабардор қилишни талаб қилишга мажбурдир.



3-БОБ. МИЖОЗЛАРНИ ЛОЗИМ ДАРАЖАДА ТЕКШИРИШ


18. Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар мижозларни лозим даражада текшириш чораларини кўришлари керак.

Мижозларни лозим даражада текшириш чоралари барча янги мижозлар ҳамда таваккалчилик даражасидан келиб чиқиб мавжуд мижозларга нисбатан қўлланилади.

Алоҳида ҳолларда, мавжуд мижознинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқаси борлиги ҳақида асослантирилган шубҳалар мавжуд бўлганида ва унга нисбатан мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чоралар амалга оширилаётганлиги ошкор бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чоралар амалга оширмасдан махсус ваколатли давлат органга шубҳали операция ҳақида ахборот юборилишига йўл қўйилади.


19. Мижознинг лозим даражада текшириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши керак:

мижоз билан амалий иш муносабатлари ўрнатилганда;

мижоз билан крипто-активлар муомаласига оид хизматларни кўрсатиш тўғрисидаги шартнома тузилганда;

ўтказиладиган операцияларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ёки терроризмни молиялаштириш мақсадида амалга оширилаётганлигига нисбатан ҳар қандай шубҳалар мавжуд бўлганда;

мижоз тўғрисида аввал олинган маълумотларнинг тўғрилигига гумонлар мавжуд бўлганда;

операция ўтказилаётган кунда эквиваленти 1000 (бир минг) АҚШ долларидан ошган миқдордаги бир марталик операциялар амалга оширилаётган ҳолларда.


20. Мижозни лозим даражада текшириш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

ишончли манба ва ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда мижозни идентификациялаш ва верификациялаш;

тегишли ҳужжатлар асосида мижознинг ва у қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текшириш;

мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялашни, мижознинг бенефициар мулкдор шахсини верификациялаш бўйича тегишли чоралар кўриш, шу жумладан ишончли манбадан олинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда, юридик шахс-мижозларга нисбатан эса таъсис ҳужжатлари асосида мулк ва бошқарув тузилмасини ўрганиш;

мижоз томонидан амалга ошириладиган иш муносабатлари ва операцияларни, уларнинг бундай мижоз, унинг фаолияти мақсад ва характери ҳамда мол-мулк, шу жумладан крипто-активлар манбаси тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганиш ўтказиш.

Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар мижозларни лозим даражада текшириш давомида олинган маълумотларни мунтазам янгилаб бориши ва энг сўнгги ҳолатда ушлаб туриши шарт. Бунда юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига олинган мижозларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


21. Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар мижозни лозим даражада текшириш бўйича мазкур Қоидаларнинг 22-бандида кўрсатиб ўтилган чораларни кўриш билан бирга, мижоз ёки бенефициар мулкдор сифатида қатнашаётган юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахсларга нисбатан:

юқори мансабдор шахснинг мавқеи тўғрисидаги маълумотларни текшириш ва ўтказилаётган операциядаги пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкни манбаларини аниқлаш бўйича тегишли чораларни кўриш;

юқори мансабдор шахс билан амалий иш муносабатларига фақатгина раҳбарият рухсати билан киришиш (ёки мавжуд мижозлар учун давом эттириш);

лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирларини кўришлари шарт.


22. Лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:

мижоз ҳақида очиқ манбалар ва маълумотлар базаларидан қўшимча тасдиқланган маълумотларни тўплаш ва қайд этиш, ҳамда мижоз ва унинг бенефициар мулкдори ҳақидаги маълумотларни янгилаш ва верификациялашни кўпрок ўтказиш;

мижоздан у томонидан амалга оширилаётган операциялар бўйича пул маблағларининг манбалри ёки унинг молиявий ҳолати операциялар ўтказилишнинг мақсад ва сабаблари ҳақидаги маълумотларни олиш;

амалий иш муносабатларига киришиш ёки давом эттиришга крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахснинг бошқарув органларининг рухсатини олиш;

текширишларнинг сони ва кетма-кетлигини ошириш йўли билан мижоз операцияларининг кучайтирилган мониторингини амалга ошириш ҳамда операцияларни амалга ошириш схемаларни чуқур ўрганиш.

мижоз томонидан амалга оширилаётган операциялар устидан доимий мониторинг юритиш.


23. Мижоз хизматларни кўрсатиш тўғрисидаги шартнома тузиш учун мурожаат қилганда, крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар қуйидагиларга мажбурдирлар:

ушбу Қоидалар ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга оид қонунчилик талабларига мувофиқ операция бўйича мижозни ва/ёки бенефициар мулкдорни идентификациялаш;

аввалги ҳисобот даври (ой, йилнинг чораги, ярим йиллик, йил) давомида мижознинг илгари ўтказган операцияларини ўрганиш, агар ихтиёрида бундай операциялар тўғрисида маълумотлар бўлса;

операциянинг турини ва унинг мижознинг таъсис ҳужжатларида белгиланган фаолияти мақсади ва турларига ёки унинг умумий иш амалиётига мувофиқлик даражасини аниқлаш;

аниқ иқтисодий моҳиятга эга бўлмаган, мижознинг лозим даражада текшириш материалларига илова қилинадиган мижознинг умумий иш амалиётига, таъсис ҳужжатларида ёки давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўзда тутилган унинг фаолияти мақсадларига ва турларига мос келмайдиган барча операциялар бўйича лозим даражада текшириш натижалари ва хулосаларини ёзма қайд қилиш.


24. Мижоз ва мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялаш мазкур Қоидаларнинг 2 ва 3-иловаларида назарда тутилган ахборот асосида амалга оширилади.

Идентификация натижаси фамилияси, исми ва отасининг исмини, шунингдек санаси кўрсатган ҳолда масъул ходим томонидан алоҳида журналга киритилади.


25. Мижозни идентификациялашда давлат рўйхатига олинганлиги, раҳбарлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек таъсис ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар текширилиши керак.

Кўрсатилган ҳужжатларни тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш автоматлаштирилган тизими орқали ёки ушбу тизимдан ахборот олишнинг имкони бўлмаган ҳолда бевосита мижоздан олиш мумкин.


26. Мижозни ва операциянинг бошқа иштирокчиларини идентификациялаш имконини берувчи барча ҳужжатлар улар тақдим этилган санада амалда бўлиши шарт.

Мижоз ёки бенефициар мулкдорни идентификациялаш билан бир қаторда амалий иш муносабатлар тўғрисидаги маълумотлар ўрганилади.


27. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига нисбатан мижозларни лозим даражада текшириш чора-тадбирларининг ўтказилиши талаб қилинмайди.


28. Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар қуйидаги ҳолларда мижозга операцияларни амалга оширишни рад этади:

мижозларни лозим даражада текшириш чораларини қўллаш имкони бўлмаганда;

идентификациялашни тугатиш имкони бўлмаган ёки лозим даражада текшириш натижалари бўйича у билан ишга оид муносабатларни ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи маълумотлар олинган ҳолда;

атайин нотўғри бўлган ҳужжатлар тақдим этилганда ёки қонунчиликка мувофиқ сўраладиган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Мижозларга операцияни амалга оширишни рад этилган ҳолларда крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслари махсус ваколатли давлат органига хабар юборишлари керак.



4-БОБ. ТАВАККАЛЧИЛИК ДАРАЖАСИНИ

АНИҚЛАШ ВА БАҲОЛАШ


29. Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар таваккалчилик даражасини аниқлаши, шунингдек уни пасайтириш бўйича чора-тадбирларини ишлаб чиқиши ва амалга ошириши шарт.

Таваккалчилик даражаси мижознинг фаолияти ва амалга оширадиган операциялари турларини инобатга олган ҳолда мижоз тақдим қилган маълумотлар, мазкур Қоидаларда белгиланган мезонлар ва мижозни лозим даражада текшириш натижалари асосида масъул ходим томонидан аниқланади ва баҳоланади.

Мазкур банднинг иккинчи хатбошида белгиланган талаблар асосида мижозга жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни бажаришнинг тегишли (юқори ёки қуйи) таваккалчилик даражаси берилади.


30. Юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига олдиндан қуйидаги мезонларга тўғри келадиган операция иштирокчилари киритилиши керак:

а) Рўйхатга киритилган шахслар ёки Рўйхатга киритилган шахснинг назоратидаги шахслар, Рўйхатга киритилган ташкилотнинг бевосита ёхуд билвосита мулкдори бўлган ёки уни назорат қилувчи шахслар;

б) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда ёхуд оффшор ҳудудда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахслар;

в) чет эл корхоналарининг ваколатхоналари ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлмаган жисмоний шахслар;

г) оффшор ҳудудларда ҳисобвараққа эга бўлган шахслар;

д) бенефициар мулкдори мазкур банднинг "а" ва (ёки) "б" кичик бандларида кўрсатилган шахс ҳисобланган ташкилотлар;

е) мунтазам равишда (3 ой ичида кетма-кет икки мартобадан ошиқ) шубҳали операцияларни амалга оширувчи мижозлар;

ж) юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахслар;

з) ички қоидаларда белгиланадиган бошқа шахслар.


31. Операция юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига киритилган тақдирда, крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар ушбу мижозга нисбатан лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирларини кўришлари ва доимий мониторинг қилиб боришлари шарт.


32. Мижоз томонидан амалга оширилаётган операцияларнинг хусусияти ўзгаришига қараб, крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар мижозни лозим даражада текшириш натижалари бўйича тўпланган маълумотларни ҳисобга олган ҳолда таваккалчилик хавфи даражасини қайта кўриб чиқишлари лозим.


33. Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар ички қоидаларда белгиланган тартибда юқори таваккалчилик даражаси тоифасига киритилган барча мижозларнинг (операция иштирокчиларни) ҳисобини юритиши керак. Юқори таваккалчилик даражаси тоифасига киритилган барча мижозлар (операция иштирокчилар) тўғрисидаги маълумотлар махсус журналга киритилади.


34. Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишининг олдини олишга қаратилган чораларни кўриши керак. Ушбу мақсадда крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар хизматларини кўрсатиш учун янги ёки ривожланаётган технологиялардан фойдаланилиши сабабли юзага келиши мумкин бўлган таваккалчилик даражаларини аниқлаши ва баҳолаши керак. Таваккалчиликнинг бундай баҳолаш янги ёхуд ривожланаётган технологиялардан фойдаланишдан аввал ўтказилиши керак.



5-БОБ. ШУБҲАЛИ ОПЕРАЦИЯЛАР МЕЗОНЛАРИ

ВА АЛОМАТЛАРИ, ҲАМДА УЛАРНИ

АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


35. Қуйидаги мезон ва аломатлар мавжуд бўлганда операция шубҳали деб топилади:

операцияни амалга ошириш учун тақдим қилинган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигига (ишончлилигига) гумон туғилиши ва (ёки) операция тўғрисидаги, шу жумладан операция бажарувчи томонларнинг бири ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган маълумотларга мувофиқ келмаслиги;

операция аниқ иқтисодий моҳиятга эга эмаслиги ва мижоз фаолиятининг тавсифи ва фаолият турига мувофиқ келмаслиги;

мижоз томонидан зарурат туфайли сўралаётган, шу жумладан ишонч билдирувчи (агар мижоз ишончли вакил сифатида иш юритаётган бўлса) ҳақидаги маълумотларни тақдим этишнинг сабабсиз рад этилиши;

мижозга нисбатан мазкур Қоидаларда кўрсатилган чоралар асосли қўлланилаётганда, мижоз ташаббуси билан дарҳол амалий иш муносабатларининг тўхтатилиши;

мижозга нисбатан ушбу Қоидаларда назарда тутилган талаблар қўлланилганда унинг ташаббуси билан дарҳол амалий иш муносабатларининг тўхтатилиши;

идентификациялашни якунлашнинг имкони бўлмаслиги ёки лозим даражада текшириш натижаларига кўра, мижоз билан амалий иш муносабатларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатиб турадиган маълумотларнинг олиниши;

мижоз хизмат кўрсатишнинг фойдалироқ шартларига нисбатан эътиборсиз бўлиши, шунингдек мижоз томонидан айни турдаги хизматлар кўрсатишдаги оддий тўловдан фарқ қиладиган юқори мукофотнинг таклиф қилиниши;

крипто-активлар ёки пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига оффшор ҳудудларда доимий яшовчи ёки рўйхатга олинган шахсларнинг фойдасига ўтказилиши;

операциянинг иштирокчиларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахс бўлса;

қонунчилик билан белгиланган назорат жараёнидан қочишга қаратилган деган хулосани чиқаришга асос бўладиган операциялар ёки битимларнинг бир неча бор амалга оширилганлиги аниқланганда;

мунтазам равишда бир хил миқдордаги крипто-активларни бир ёки бир нечта, шу жумладан крипто-биржаларда очилган крипто-ҳамёнларга ўтказиш;

крипто-активларни бир-бирига кўп марта алмаштириш, кейинчалик уларни крипто-биржаларда ёки крипто-активларни алмаштиришга, сақлашга ва сотиб олиш/сотишга мўлжалланган крипто-платформаларда очилган бошқа крипто-ҳамёнларга ёки хусусий крипто-ҳамёнларга ўтказиш;

24 соат ичида крипто-активлар билан кўплаб йирик битимларни амалга ошириш, шунингдек янги очилган ёки илгари узоқ вақт давомида ишлатилмай келган крипто-ҳамёнлардан фойдаланиш;

мижоз амалий иш муносабатларини аниқ олиб бора олмайдиган мамлакатлардаги крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятни амалга оширувчи шахсларга тўсатдан крипто-активларни ўтказиши;

крипто-активларни қисқа вақт ичида крипто-ҳамёнларига киритиш ва уларни хусусий ёки аноним крипто-ҳамёнларга ўтказиши;

крипто-активларни илгари жиноий мақсадларда ишлатилган крипто-ҳамёнлардан, шунингдек бундай крипто-ҳамёнларга илгари эга бўлган шахсларнинг крипто-ҳамёнларидан олиш;

мижознинг одатдаги айланмасига аниқ мос келмайдиган крипто-ҳамёнларга йирик миқдордаги крипто-активларини киритиш;

крипто-активларини хорижий ёки миллий валютага юқори комиссия билан ёки ноқулай курсда алмаштириш;

яқинда эмиссия қилинган крипто-актив қийматининг тез ўсиши ва крипто-активларни алмаштиришга, сақлашга ва сотиб олиш/сотишга айнан бир крипто-биржа ёки крипто-платформа доирасида амалга оширилиши;

крипто-активлар нархлари билан ҳийла-найранг ишлатиш белгилари мавжудлиги;

узоқ вақт давомида кенг тарқалган ва муомалада бўлган крипто-активларни янги эмиссия қилинган крипто-активларга уларни кейинчалик турли хил крипто-ҳамёнларга ўтказиш ёки чет эл ва миллий валютага алмаштириш;

янги эмиссия қилинган крипто-активни "White paper" декларациясига (крипто-активлар ва токенларни жойлаштириш орқали инвестициялар жалб қилинадиган эмитент ташкилотнинг фаолияти ҳақида маълумотни ўз ичига олган ҳужжат) эга эмаслиги ёки ундаги маълумотлар ҳақиқатга мувофиқ эмаслиги, шу жумладан крипто-активга айрим мамлакатлар ҳукуматлари ёки таниқли халқаро ташкилотлар томонидан кафолат берилиши тўғрисида маълумотнинг асоссиз келтирилиши ҳамда олинган маблағларнинг шубҳали инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун йўналтирилиши;

мижоз томонидан доимий равишда IP-манзилни яширадиган ва махфийликни таъминлайдиган дастурлардан фойдаланиши;

мижоз ва унинг операция бўйича контрагентининг ҳақиқий домени, у рўйхатдан ўтган мамлакатдаги доменидан фарқлилиги;

мижознинг айнан бир IP-манзилдан куп миқдорда крипто-ҳамёнлар очилиши;

идентификация маълумотларини, шу жумладан электрон почта манзиллари, IP-манзиллар ва доменларни, крипто-ҳамён эгалари тўғрисидаги маълумотларни тез-тез ўзгартирилиши;

мижоз крипто-активлар айланмаси соҳасида билимларга эга эмаслиги;

крипто-активларининг келиб чиқиш манбаи, хавф-хатарга асосланган ўйинларни (қимор ўйинлар) онлайн тарзда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хизматларни кўрсатадиган сервислари бўлиши;

операцияни амалга оширишда фойдаланилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулклар жиноий йўли билан топилган ёки терроризмни ёҳуд оммавий қирғин қуролларини тарқалишини молиялаштиришга мўлжалланган деган ҳар қандай шубҳанинг мавжуд бўлиши.

Ички қоидалар билан шубҳали операцияларнинг қўшимча белгилари ва мезонлари ўрнатилиши мумкин.

Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахс, Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан махсус ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган, тавсия хусусиятига эга бўлган методик тавсиялар асосида шубҳали операцияларни эрта аниқлаш бўйича кўрсаткичларни жорий қилиш ҳуқуқига эга.

36. Идентификациялаш жараёнида олинган маълумотлар, шунингдек мижозга берилган таваккалчилик даражаси операцияни мониторинг қилишга асос бўлиб ҳисобланади.


37. Мижозни идентификациялаш ва улар операцияларининг жорий текшируви лавозим мажбуриятларига мувофиқ крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни олиб борувчи шахснинг ходими томонидан ўтказилади, у шубҳали операциялар аломатлари мавжуд операцияларни аниқлаган тақдирда бундай операциялар ҳақида бевосита масъул ходимига зудлик билан хабар бериши лозим.


38. Мижоз операцияларининг кейинги текшируви масъул ходим томонидан жорий текширув жараёнида аниқланмайдиган шубҳали операцияларни аниқлаш мақсадида, мижознинг ўтган давр мобайнида бажарган операцияларини таҳлил қилиш орқали амалга оширилади.

Асосли шубҳалар мавжуд бўлган тақдирда масъул ходим мижоз операциясини шубҳали деб ҳисоблаш тўғрисида ёзма қарор қабул қилади.


39. Операцияни шубҳали деб тан олиш ҳар бир аниқ ҳолатда ушбу Қоидалар билан ўрнатилган шубҳалилик мезонларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган комплекс таҳлил асосида, шунингдек мижознинг туридан, операция мақсадлари ва ҳажмидан аниқланадиган таваккалчиликдан келиб чиқган ҳолда ва шубҳали операцияни тўғри аниқлаш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар асосида амалга оширилади.


40. Мижоз операцияси шубҳали деб тан олингандан сўнг масъул ходим қуйидаги чораларни кўриши керак:

мижознинг операциялари устидан мониторингни кучайтириш;

мижоз тўғрисида қўшимча маълумот олиш;

мижознинг таваккалчилик даражасини қайта кўриб чиқиш;

операция ҳақидаги маълумотларни махсус журналга қайд этиш;

шубҳали операция тўғрисида махсус ваколатли давлат органига хабар берилишини таъминлаш;

қонунчиликка ва мижоз билан тузилган шартномага мувофиқ у билан муносабатларни тўхтатиш бўйича крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни олиб борувчи шахснинг раҳбарига таклиф киритиш.


41. Шубҳали операция ҳақидаги хабар крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахс томонидан шубҳали операция аниқланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай, қонунчиликда назарда тутилган тартибда махсус ваколатли давлат органига берилади.


42. Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахс тегишли операцияга нисбатан шубҳали эканлигини тасдиқловчи ёки олиб ташловчи ҳар қандай маълумотни дарҳол махсус ваколатли давлат органига хабар қилиши зарур.



6-БОБ. ТЕРРОРЧИЛИК ФАОЛИЯТИ ЁКИ ОММАВИЙ

ҚИРҒИН ҚУРОЛИНИ ТАРҚАТИШДА ҚАТНАШАЁТГАН

ЁКИ ҚАТНАШИШДА ГУМОН ҚИЛИНАЁТГАН ШАХСЛАР,

РЎЙХАТИГА КИРИТИЛГАН ШАХСЛАР ИШТИРОКИДАГИ

ОПЕРАЦИЯЛАР АНИҚЛАНГАНДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН

ЧОРА-ТАДБИРЛАР


43. Крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятни амалга оширувчи шахслар мижоз, мижознинг бенефициар мулкдори ва операция иштирокчиларининг идентификация маълумотларини Рўйхат билан солиштиришлари шарт.

Агар мижоз билан амалий иш муносабатларни ўрнатиш даврида ёки пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширишда крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолият олиб борадиган шахс ходимлари томонидан мижоз, мижознинг бенефициар мулкдори ёки операция иштирокчиларидан бирининг барча идентификация маълумотлари Рўйхатга киритилган шахснинг маълумотлари билан тўлиқ мос келганлиги аниқланган тақдирда, улар кечиктирмасдан ва мижозни хабардор қилмасдан операцияни тўхтатишлари ва (ёки) крипто-активларини ишга солмай тўхтатиб қўйишлари ва масъул ходимга хабар беришлари керак.

Ўз навбатида масъул ходим операция иштирокчиларидан бири ва амалга оширилаётган операциянинг идентификация маълумотларини махсус журналга киритиши, шунингдек махсус ваколатли давлат органига хабар юбориши лозим.


44. Крипто-активлар билан боғлиқ операция кечиктирилмасдан ва олдиндан хабар қилинмасдан тўхтатиб турилади, крипто-активлар эса ишга солинмай тўхтатиб қўйилади ва махсус ваколатли давлат органига хабар қилинади, агарда:

мижоз ёки операция иштирокчиларидан бирининг барча идентификация маълумотлари Рўйхатга киритилган шахснинг маълумотлари билан тўлиқ мос келса;

мижоз Рўйхатга киритилган шахс номидан ёки унинг топшириғига биноан фаолият кўрсатаётган бўлса;

операцияни амалга оширишда фойдаланаётган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк тўлиқ ёки қисман Рўйхатга киритилган шахсга тегишли бўлса;

операция иштирокчиси - юридик шахс Рўйхатга киритилган жисмоний ёки юридик шахснинг мулкида ёки назорат остида бўлса.


45. Операцияни тўхтатиш ва тиклашни Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 3327, 2021 йил 19 октябрь) белгиланган тартибда амалга оширади.


7-БОБ. МАХСУС ВАКОЛАТЛИ ДАВЛАТ ОРГАНИНИНГ

СЎРОВЛАРИ ВА БУЙРУҚЛАРИНИ БАЖАРИШ


46. Ўзбекистон Республикасининг "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ махсус ваколатли давлат органи жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш чораларини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни ёзма равишда сўрашга, шу жумладан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахсларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари орқали олишга ҳақлидир.

Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар мижозларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулклари билан операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги махсус ваколатли давлат органининг кўрсатмасини ўз вақтида бажариш чораларини кўрадилар.


47. Махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операциялар бўйича қонунчиликка ва мазкур Қоидаларга мувофиқ махсус журналга ёзган ҳолда қуйидагилар расмийлаштирилади:

операция тури ва уни амалга ошириш асослари;

операцияни амалга ошириш санаси ва суммаси;

операцияни амалга оширувчи мижозни идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар.



8-БОБ. АХБОРОТ ВА ҲУЖЖАТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ,

САҚЛАШ, МАХФИЙЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


48. Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар, крипто-активлар, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек мижозларни лозим даражада текшириш бўйича идентификациялаш маълумотлари ҳамда материалларини, шу жумладан иш ёзишмаларини, ўтказилган ҳар қандай таҳлил натижаларини қонунчиликда белгиланган муддатлар мобайнида, лекин операция амалга оширилганидан ёки мижоз билан муносабатлар тўхтатилганидан кейин беш йилдан кам бўлмаган муддатда сақлашлари шарт.

Сақлаш муддатлари тугаши билан ҳужжатлар белгиланган тартибда архивига топширилади.


49. Мижозни лозим даражада текшириш жараёнида олинган мижоз тўғрисидаги маълумотлар мазкур Қоидаларнинг 4-иловасига мувофиқ шакл бўйича тузиладиган мижоз сўровномасида қайд этилади. Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар ички қоидаларга мувофиқ мижоз сўровномасига бошқа маълумотларни киритиш ҳуқуқига эга.


50. Электрон шаклда тўлдирилган мижоз сўровномаси қоғоз шаклида чиқарилганда масъул ходим имзоси билан тасдиқланади.


51. Мижозлар сўровномалари хронологик тартибда алоҳида жилдларда тикиб борилади ва масъул ходимда сақлаб борилади.


52. Крипто-активлар, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ва мижозларни лозим даражада текширишга доир ахборот, зарурат туғилган тақдирда, операция тафсилотларини қайта тиклаш ва ахборотдан махсус ваколатли давлат органи фойдаланиши мумкин бўлган тарзда расмийлаштирилиши лозим.


53. Мижозни лозим даражада текшириш ва идентификациялаш натижасида олинган маълумотлар, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахс, мижоз томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришни амалга ошириш таваккалчилиги камида бир йилда бир маротаба янгиланиб борилиши лозим.


54. Масъул ходим фаолиятида фойдаланилган барча ҳужжатларга кириш имкониятини чеклаш мақсадида бундай ҳужжатлар ва уларнинг рўйхати бевосита масъул ходим томонидан махсус жиҳозланган хонада ёки ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда сақланиши керак.


55. Электрон шаклдаги ҳужжатлар дастурлаш йўли асосида архивлаштирилиши, электрон ахборот ташувчи воситаларга ёзилиши ва масъул ходим томонидан уларнинг рўйхати билан бирга ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда сақланиши керак.


56. Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборотга кириш имкониятини чеклайдилар, унинг тарқалиб кетмаслигини таъминлайдилар ҳамда юридик шахсларга уларнинг операциялари ҳақида махсус ваколатли давлат органига хабар берилганлиги тўғрисида маълум қилиш ҳуқуқига эга эмаслар;

ички назорат функцияларини амалга ошириш жараёнида олинган ахборотни ўз ходимлари томонидан ошкор қилмасликни (шахсий мақсадлари ёхуд учинчи шахслар манфаатлари учун фойдаланмаслигини) таъминлайдилар.



9-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


57. Крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятни амалга оширувчи шахслар томонидан мазкур Қоидалар талабларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

57-1. Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахсларнинг ички аудит хизмати мавжуд бўлганда, ички назорат тизимининг самарадорлигини мониторинг қилиш ички аудит хизмати томонидан амалга оширилади.

58. Крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятни амалга оширувчи шахснинг раҳбари ва масъул ходими мазкур Қоидаларни бузганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


59. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги ҳолларини яширишда, шунингдек мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.






Қоидаларга

1-ИЛОВА



Крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятни

амалга оширувчи шахснинг масъул ходими ва ички

қоидаларнинг амалга оширилиши тўғрисидаги

МАЪЛУМОТЛАР


_____________________________________

(шахснинг номи)


1. Фамилияси, исми ва отасининг исми, лавозими, телефон.


2. Масъул ходим этиб тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ санаси ва рақами


3. Ўтган йил учун ташкилот томонидан кўрсатилган хизматлари тўғрисида маълумот, шу жумладан:

а) филиаллар ёки алоҳида бўлинмалар мавжудлигини кўрсатувчи ташкилий тузилманинг тавсифи;

б) крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш бўйича кўрсатиладиган хизмат турлари ва фойдаланиладиган крипто-активлар турлари ҳамда уларнинг ишлаш механизмларининг умумий тавсифи;

в) мижозларнинг тури ва сони;

г) амалга оширилган битимларнинг умумий миқдори ва сони;

д) аниқланган хатарлар ва уларни камайтириш бўйича кўрилган чоралар тўғрисида маълумот.


4. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назоратни таъминлаш бўйича крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахс томонидан тасдиқланган ҳужжати номи ва санаси, шунингдек унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритган кейинги ҳужжатлар, ҳамда ўзгартишлар киритиш сабаблари ва мақсадлари тўғрисида маълумот.


5. Масъул шахс ва ходимининг, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида доимий равишда қайта тайёргарликдан ўтказишларни амалга ошириш тўғрисидаги маълумот.


6. Махсус ваколатли давлат органига юборилган хабарлар сони (хабарларнинг мазмуни ошкор қилинмасдан фақатгина уларнинг умумий сони берилади).






Қоидаларга

2-ИЛОВА



Жисмоний шахсни идентификациялашда зарур бўлган

МАЪЛУМОТ


Жисмоний шахсни идентификациялашда зарур бўлган маълумот:

а) фамилияси, исми, отасининг исми;

б) туғилган санаси ва жойи;

в) солиқ тўловчининг идентификация рақами ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

г) фуқаролиги тўғрисидаги маълумотлар;

д) доимий ва (ёки) вақтинчалик яшаш жойи;

е) шахсни тасдиқловчи ҳужжат (ҳужжатнинг рақами ва серияси, берилган санаси ва берилган органнинг номи);

ж) мобил телефон рақами (мавжуд бўлса).






Қоидаларга

3-ИЛОВА



Мижоз-юридик шахс ҳамда унинг бенефициар

мулкдорини идентификациялашда зарур бўладиган

МАЪЛУМОТЛАР


Мижоз - юридик шахслар ҳамда унинг бенефициар мулкдорини идентификациялашда зарур бўладиган маълумотлар:

а) тўлиқ, шунингдек агар давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномасида кўрсатилган бўлса, қисқартирилган номи;

б) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот: сана, рақам, рўйхатга олувчи орган номи;

в) солиқ тўловчининг идентификация рақами;

г) жойлашган ери (почта манзили);

д) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган бошқа маълумотлар;

е) лицензияланиши лозим бўлган фаолият турларини амалга ошириш учун мавжуд бўлган лицензиялар тўғрисида маълумотлар: фаолият тури, лицензиянинг рақами ва берилган санаси; ким томонидан берилганлиги; амал қилиш муддати;

ж) юридик шахс номидан иш кўрувчи жисмоний шахснинг идентификацияси тўғрисида маълумотлар;

з) юридик шахс таъсисчилари (йирик акциядорлари, иштирокчилари) ҳақидаги ҳамда мижознинг устав фонди (капитали)даги уларнинг улушлари тўғрисида маълумотлар;

и) рўйхатга олинган ва тўланган устав фонди (капитали) миқдори тўғрисидаги маълумотлар;

к) юридик шахс бошқарув органлари (юридик шахснинг бошқарув органларининг тузилмаси ва шахсий таркиби) тўғрисидаги маълумотлар;

л) телефон рақамлари.






Қоидаларга

4-ИЛОВА



Мижознинг сўровномасида кўрсатиладиган

МАЪЛУМОТЛАР


1. Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат Қоидаларига 2 ва 3-иловаларда кўрсатилган мижоз ва мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялаш жараёнида олинган маълумот.


2. Хавф даражаси, шу жумладан хавфни баҳолаш учун асос тўғрисидаги маълумот.


3. Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар томонидан мижозни идентификация қилишда амалга оширилган қўшимча тадбир натижалари.


4. Мижоз билан муносабатларнинг бошланган санаси ва хизмат кўрсатиш муддати.


5. Кўрсатилган хизмат турлари, миқдори ва нархи тўғрисида маълумот.


6. Мижознинг сўровномаси тўлдирилган ва унга ўзгартириш киритилган сана.


7. Мижоз билан ишлашга масъул бўлган, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, лавозими, амалдаги телефон рақами.


8. Қоғоз шаклидаги мижоз сўровномасини тўлдирилган ходимнинг имзоси (фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда лавозими кўрсатилган ҳолда) ва электрон кўринишдаги мижоз сўровномасини тўлдирган ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими.


9. Ички қоидалар билан аниқланадиган бошқа маълумотлар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 9 июнь



















































Время: 0.1798
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск