Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Ахборот ва ахборотлаштиришнинг умумий масалалари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.06.2021 й. ПФ-6247-сон "Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

16.06.2021 й.

N ПФ-6247



ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА

ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИ

ОЧИҚЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ, ШУНИНГДЕК,

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИНИ САМАРАЛИ

АМАЛГА ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:


1. Барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда - давлат органлари ва ташкилотлари) томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) Адлия вазирлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда таҳлиллар асосида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини янада кенгайтириш бўйича доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритиб борсин.


2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлари:

а) ҳар йили:

1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно) расмий веб-сайтларига жойлаштириб, 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради;

1 апрелга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказади;

б) 2021 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига (кейинги ўринларда - Портал) ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб боради:

амалга оширилган давлат харидлари, шу жумладан, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар);

мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;

ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари;

в) 2021 йил 1 июлдан бошлаб ўз ҳузурида фаолият юритувчи жамоатчилик кенгашлари билан биргаликда расмий веб-сайтларида қуйидаги маълумотларни жойлаштириб, уларнинг ҳар чоракда янгиланиб борилишини таъминлайди:

жамоатчилик кенгашининг тасдиқланган аъзолари ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда уларнинг алоқа маълумотлари (телефон, почта ва электрон манзиллари);

жамоатчилик кенгашининг йиғилишлари ва кун тартибидаги масалалар;

давлат харидларини амалга оширувчи комиссиянинг тасдиқланган аъзолари тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми ва отасининг исми, иш жойи ва эгаллаб турган лавозими);

лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришга ваколатли ҳамда хабарномаларни қабул қиладиган органларнинг ҳудудлар кесимида масъул ходимлари, шу жумладан, ушбу тоифадаги ҳужжатларни беришни ташкиллаштирадиган тегишли комиссия аъзолари тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми ва отасининг исми, эгаллаб турган лавозими).


3. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Давлат тест марказининг қуйидаги имтиҳонларни ўтказиш жараёнини Интернет тармоғида жонли эфирга узатиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш учун тест ва ижодий (касбий) имтиҳонлар;

олий таълим муассасаларининг магистратура (клиник ординатура) босқичига қабул имтиҳонлари;

республикадаги ёки хориждаги олий таълим муассасасидан республикадаги давлат олий таълим муассасасига ўқишни кўчириш истагини билдирган талабалардан олинадиган имтиҳонлар;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишда талабгорлардан олинадиган тест синовлари.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Давлат тест маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларни жалб қилган ҳолда 2021/2022 ўқув йили қабулига қадар "transfer.edu.uz" платформаси негизида мазкур бандда кўрсатилган имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғида жонли эфирга узатишни таъминлайдиган, барча фойдаланувчилар учун очиқ бўлган "imtihon.uz" веб-платформасини ишга туширсин;

бир ой муддатда имтиҳонларни (тест синовларини) ўтказиш жараёнини Интернет тармоғида жонли эфирга узатиш бўйича техник талабларни (ўрнатиладиган видеокамералар ва тасвир сифати, жойлашиш схемаси ва бошқалар) ишлаб чиқсин;

мазкур бандда кўрсатиб ўтилган талабларга риоя қилмайдиган масъулларга нисбатан қатъий жавобгарлик чораларини кўриш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ҳукуматга киритиб борсин.


4. Қуйидагилар 2021 йил 1 июлдан бошлаб қайд этилган маълумотларни Порталга жойлаштириш ва уларнинг ҳар чоракда янгиланишини таъминласин:

Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, назорат қилувчи органлар - давлат сири бўлган маълумотларнинг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг муҳофаза қилинишини таъминлаган ҳолда ўтказилган ҳар бир тафтиш ва текширув (назорат объекти номи, тафтиш ёки текширувнинг мақсади ва муддатлари, уни ўтказган давлат хизматчисининг лавозими, фамилияси, исми) тўғрисидаги маълумотларни (тегишли назорат қилувчи органнинг раҳбарини хабардор этгандан сўнг);

Давлат активларини бошқариш агентлиги - устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда - давлат иштирокидаги корхоналар) рўйхатини (давлат номидан акциядор (иштирокчи, мулкдор) функцияларини амалга ошираётган ташкилот, корхона ҳудуди, солиқ тўловчининг идентификация рақами, давлат улуши тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда), шунингдек, устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли бўлган юридик шахслар рўйхатини;

Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари - ўзлари акциядор (иштирокчи, мулкдор) функцияларини бажарувчи давлат иштирокидаги корхоналарнинг ижроия органи (директор, бошқарув раиси, бошқарув аъзолари) ва кузатув кенгаши аъзоларининг исми ва фамилияси тўғрисидаги маълумотларни;

Давлат солиқ қўмитаси - давлат иштирокидаги корхоналар томонидан йил (чорак) якуни бўйича тўланган дивидендлар тўғрисидаги маълумотларни;

Молия вазирлиги - давлат иштирокидаги корхоналарга сарфланган Давлат бюджети маблағлари, тегишлича хориждан жалб этилган маблағлар, шу жумладан, давлат ташқи қарзи суммалари ҳамда уларнинг сарфланиши тўғрисидаги маълумотларни;

Давлат активларини бошқариш агентлиги - давлат муассасалари рўйхатини (ташкил топган санаси, юқори турувчи орган) ҳамда хусусийлаштирилган давлат мулки объектлари тўғрисидаги маълумотларни (давлат сирини ташкил этувчи махфий вазифа юклатилган давлат корхоналари ва муассасалари бундан мустасно).


5. Молия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 сентябрга қадар Порталнинг давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали билан интеграция қилинишини таъминласин.


6. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 2021 йил 1 августга қадар доимий равишда янгилаб туриладиган Ов қилиш ва овчилик хўжаликлари тўғрисидаги ахборот базасини Қўмитанинг расмий веб-сайтида ва Порталда ишга туширсин.

Бунда, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда "Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида"ги Қонуннинг 36-моддасида кўрсатилган маълумотлар билан бир қаторда қуйидаги маълумотлар мазкур ахборот базасида акс эттирилишини таъминласин:

овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги тузилган барча шартномалар, овчилик хўжалигини юритиш ҳуқуқи тугатилган ҳолатлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари;

ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома берилган барча шахслар ва рухсатномадаги маълумотлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари;

Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитдан ажратиб олишга доир берилган барча рухсатномалар ва улардаги маълумотлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари;

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ўрмон-овчилик хўжаликлари томонидан берилган овчилик йўлланмалари (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаси) ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари.


7. Агентликнинг давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш борасидаги вазифаларини белгилаш мақсадида:

а) Агентлик зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:

давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, шу жумладан, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган маълумотларни Интернет тармоғига жойлаштириш (эълон қилиш) бўйича мажбуриятлари ҳисобини юритиш;

давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан оммавий ахборот воситалари орқали самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича чораларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишига кўмаклашиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларидан келиб чиқувчи давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигига оид долзарб масалаларни "Mening fikrim" веб-портали орқали умумхалқ муҳокамасига чиқариш;

Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини узлуксиз тўлдириш, такомиллаштириб бориш ва янгилаб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишга кўмаклашиш;

оммавий ахборот воситалари орқали давлат органлари ва ташкилотлари хизматчиларига "давлат органлари фаолияти очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлиги" маданиятини сингдириш ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахслар халқ олдида ҳисобдорлигини таъминлаш муҳимлиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этиш;

б) Агентлик тузилмасида бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармаси ташкил этилсин;

в) Агентлик:

давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган талабларни мунтазам равишда бузаётган айбдор мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб борсин;

ҳар йили фаолият йўналиши бўйича эришган асосий ютуқлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида учраётган камчиликлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот тайёрласин ва ўз расмий веб-сайти орқали эълон қилиб борсин;

"Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонун амалга оширилиши устидан назоратни, шунингдек, Жаҳон одил судлов лойиҳасининг "Ҳукуматнинг очиқлиги" индикатори бўйича Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин.


8. Давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари ҳамда мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаларига мазкур органларда очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилишини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш вазифаси юклатилсин.


9. Давлат хавфсизлик хизмати Адлия вазирлиги, Агентлик ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи "Давлат сирларини сақлаш тўғрисида"ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритилишини таъминласин:

чеклаб қўйилган ахборотлар рўйхати, ундан фойдаланиш ва маълумотларни бундай ахборотлар жумласига киритиш ҳамда чиқариш асослари, муддатлари ва тартиби;

чеклаб қўйилган ахборотлар рўйхатига кирмайдиган маълумотларни махфийлаштиришни тақиқлаш;

чеклаб қўйилиши фуқароларнинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборотларнинг давлат сирларига киритилишини ман этиш;

фуқаролар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг давлат хизматчилари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар билан ишда фойдаланишга ижозатни расмийлаштириш шартлари ва тартиблари;

ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши ва илғор тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда давлат сирларини сақлашнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш.


10. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик даражасини янада ошириш бўйича "Йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


11. Агентлик Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Адлия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда 2021 йил 1 октябрга қадар давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлаш бўйича фаолиятни тартибга солувчи, шу жумладан, мониторинг ўтказиш, амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш, очиқлик индексини ҳисоблашга қаратилган Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича методикани ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин.


12. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 декабрдан бошлаб:

мазкур Фармоннинг 11-бандида кўрсатилган методика асосида ҳар йил якуни бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг Очиқлик индекси аниқланади;

Агентлик Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда белгиланган тартибда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг Очиқлик индексини аниқлаш бўйича чораларни кўради, натижаларни ўз расмий веб-сайтлари ва оммавий ахборот воситалари орқали оммага етказилишини таъминлайди.


13. Олий Мажлис палаталарига ўз расмий веб-сайтларида қуйидаги маълумотларни жойлаштириш тавсия этилсин:

парламент назорати объектларининг ҳисоботларини эшитиш натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар;

Қонунчилик палатасида депутатнинг ҳар бир қонун (қарор) лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этишдаги, сенаторнинг ҳар бир қонунни (қарорни) маъқуллаш ёки рад этишдаги иштироки тўғрисидаги маълумотлар;

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, сайлов округлари ҳамда уларнинг электрон почта манзиллари ҳақидаги маълумотлар.


14. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Агентлик:

а) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифаларини ёритишга оид мақолалар ва телекўрсатувларни ташкил этсин;

б) манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар билан биргаликда 2021 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидаги тадбирлар телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилишини таъминласин:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари (ёпиқ мажлислар бундан мустасно);

тарафларнинг розилиги билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамоат тартибига тажовуз қилувчи, аҳоли соғлиғини сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги, шу жумладан, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар, шунингдек, айрим оилавий низоларга оид фуқаролик ишлари бўйича суд мажлислари (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно).


15. Мазкур Фармонда кўрсатилган қоида ва тартибларнинг бузилиши давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчилик бузилиши сифатида баҳолансин.


16. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Агентлик, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда:

2022 йил 1 январга қадар "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси концепциясини;

2022 йил 1 апрелга қадар ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.


17. Агентлик Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


18. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                            Ш. Мирзиёев




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 16 июндаги

ПФ-6247-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак

бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар

РЎЙХАТИ

Т/р

Ахборотнинг тури, тоифалар номланиши (параметрлар)

Маълумот жойлаштирилган

ресурс

Тақдим этиш ва янгилаш муддати

Жойлаштириш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлари

1.

Давлат органлари ва ташкилотларининг ўз фаолиятига оид ҳисоботи (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно).

Расмий веб-сайтлар

Ҳар йили 1 мартга қадар

Давлат органлари ва ташкилотлари

2.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан индивидуал имтиёзлар берилган субъектлар, уларнинг якуний бенефициар (фойда олувчи) жисмоний шахслари, уларнинг тўлаган солиқлари ва молиявий кўрсаткичлари тўғрисидаги ахборотлар.

Очиқ маълумотлар портали, расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Давлат солиқ қўмитаси,

Давлат божхона қўмитаси,

Молия вазирлиги

3.

Давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан давлат харидларини амалга оширувчи шахслар томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар).

Очиқ маълумотлар портали, расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Давлат органлари ва ташкилотлари

4.

Мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно).

Очиқ маълумотлар портали, расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Давлат органлари ва ташкилотлари

5.

Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобига харид қилиниши режалаштирилган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисидаги маълумотлар (харид эълон қилинишидан камида 6 ой олдин).

Расмий веб-сайтлар

доимий равишда

Давлат органлари ва ташкилотлари

6.

Давлат харидлари ва инвестиция лойиҳалари доирасида ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш бўйича ташкил этиладиган харид комиссияларининг таркиби тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан:

харид комиссияси таркибини тасдиқлаш ҳақидаги қарор;

харид комиссияси аъзоларининг маълумотлари (фамилияси, исми ва отасининг исми, иш жойи ва эгаллаб турган лавозими).

Расмий веб-сайтлар

доимий равишда

Давлат органлари ва ташкилотлари

7.

Давлат сири бўлган маълумотларнинг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг муҳофаза қилинишини таъминлаган ҳолда тегишлича ўтказилган ҳар бир тафтиш ва текширув (назорат объекти номи, назорат тадбирининг мақсади ва муддатлари, уни ўтказган давлат хизматчисининг лавозими, фамилияси, исми) тўғрисидаги маълумотлар (тегишли назорат қилувчи органнинг раҳбарини хабардор этгандан сўнг).

Очиқ маълумотлар портали

ҳар чоракда

Ҳисоб палатаси,

Молия вазирлиги, назорат қилувчи органлар

8.

Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда - давлат иштирокидаги корхоналар) рўйхати (давлат номидан акциядор (иштирокчи, мулкдор) функцияларини амалга ошираётган ташкилот, корхона ҳудуди, солиқ тўловчининг идентификация рақами, давлат улуши тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда), шунингдек, устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли бўлган юридик шахслар рўйхати.

Очиқ маълумотлар портали

ҳар чоракда

Давлат активларини бошқариш агентлиги

9.

Ўзлари акциядор (иштирокчи, мулкдор) функцияларини бажарувчи давлат иштирокидаги корхоналарнинг ижроия органи (директор, бошқарув раиси, бошқарув аъзолари) ва кузатув кенгаши аъзоларининг исми ва фамилияси тўғрисидаги маълумотлар.

Очиқ маълумотлар портали

ҳар чоракда

Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

10.

Давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек, ушбу корхоналарга тегишли бўлган юридик шахслар тасарруфидаги енгил автомобиллар, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар.

Очиқ маълумотлар портали, расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Кадастр агентлиги,

Давлат солиқ қўмитаси, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

11.

Давлат иштирокидаги корхоналар томонидан йил (чорак) якуни бўйича тўланган дивидендлар тўғрисидаги маълумотлар.

Очиқ маълумотлар портали

ҳар чоракда

Давлат солиқ қўмитаси

12.

Давлат иштирокидаги корхоналарга сарфланган Давлат бюджети маблағлари, тегишлича хориждан жалб этилган маблағлар, шу жумладан давлат ташқи қарзи суммалари ҳамда уларнинг сарфланиши тўғрисидаги маълумотлар.

Очиқ маълумотлар портали

ҳар чоракда

Молия вазирлиги

13.

Давлат муассасалари рўйхати (ташкил топган санаси, юқори турувчи орган) ҳамда хусусийлаштирилган давлат мулки объектлари тўғрисидаги маълумотлар (давлат сирини ташкил этувчи махфий вазифа юклатилган давлат корхоналари ва муассасалари бундан мустасно).

Очиқ маълумотлар портали

ҳар чоракда

Давлат активларини бошқариш агентлиги

14.

Тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси билан бир қаторда, унинг ижроси, шу жумладан объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш ва сақлаш харажатлари тўғрисидаги ва бошқа маълумотлар.

Очиқ маълумотлар портали, Расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Давлат органлари ва ташкилотлари

15.

Давлат органлари ва ташкилотлари тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар, қурилиши тугалланмаган объектлар тўғрисидаги маълумотлар (тезкор-қидирув, ҳарбий ва бошқа махсус хизматларда фойдаланиладиган ашёлар бундан мустасно).

Очиқ маълумотлар портали, расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Давлат органлари ва ташкилотлари

16.

Лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришга ваколатли ҳамда хабарномаларни қабул қиладиган органларнинг ҳудудлар кесимида масъул ходимлари, шу жумладан ушбу тоифадаги ҳужжатларни беришни ташкиллаштирадиган тегишли комиссия аъзолари (фамилияси, исми ва отасининг исми, эгаллаб турган лавозими) тўғрисидаги маълумотлар.

Расмий веб-сайтлар, шу жумладан "licence.gov.uz" сайти

ҳар чоракда

Давлат органлари ва ташкилотлари

17.

Қуйидаги лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар эгаларининг исми ва фамилиялари:

хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш;

банк фаолиятини амалга ошириш;

маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича темир йўл транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш;

фармацевтика фаолияти;

кўприклар ва тоннелларни лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш фаолияти;

нефть, газни (шу жумладан сиқилган табиий ва суюлтирилган углеводород газини) ва газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш фаолияти;

магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни таъмирлаш фаолияти;

импорт контрактларини экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш;

давлат ўрмон фондига кирмайдиган захира ерларида пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш.

Расмий веб-сайтлар, шу жумладан "licence.gov.uz" сайти

ҳар чоракда

Давлат органлари ва ташкилотлари

18.

Тегишлича ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар эгалари, тақдим этилган участка (майдонлар, фойдали қазилмалар) тўғрисидаги ва бошқа маълумотлар.

Очиқ маълумотлар портали, расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

19.

Дарёлар ўзанларида қум-шағал материалларини қазиб олиш ишларига Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги "Хавфсиз дарё бошқармаси" давлат муассасаси томонидан белгиланган тартибда шартнома асосида жалб этилган тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар.

Очиқ маълумотлар портали, расмий веб-сайт


ҳар чоракда

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги


20.

Ўзбекистон Республикаси ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун берилган барча рухсатномалар эгалари тўғрисидаги маълумотлар.

Очиқ маълумотлар портали, расмий веб-сайт

ҳар чоракда

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

21.

Ўзбекистон Республикаси давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектлари ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун берилган рухсатнома эгалари тўғрисидаги маълумотлар.

Очиқ маълумотлар портали, расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Туризм ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги

22.

Давлат олий таълим муассасаларининг даромадлари, харажатлари тўғрисидаги маълумотлар.

Очиқ маълумотлар портали, расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Молия вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

таркибида олий таълим

муассасалари бўлган давлат органлари

23.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига мулк ёки ижара ҳуқуқини электрон аукцион ("E-IJRO AUKSION") орқали сотиб олган шахслар тўғрисида маълумотлар.

Очиқ маълумотлар портали, расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Давлат активларини бошқариш агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги

24

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини бериш бўйича очиқ танлов ғолиблари бўлган шахслар тўғрисида маълумотлар.

Очиқ маълумотлар портали, расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон

Республикаси

Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

25.

Маҳаллий бюджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар ва харажатлар сметаси, режадан орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотлар.

Расмий веб-сайтлар

ҳар чорак якунида

Қорақалпоғистон

Республикаси

Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,

туман ва шаҳар ҳокимликлари

26.

Қуйидагилар тўғрисидаги маълумотлар:

махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилган аниқ манзиллар;

индивидуал тартибда ҳар бир дастурий-техник воситаси қайд этадиган йўл ҳаракати қоидалари бузилиши тури.

Расмий веб-сайтлар

ҳар ойда

Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси

27.

Ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олаётган шахслар (14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ҳамда ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун ҳар ойлик пулли компенсацияни олаётганлар) ҳақида ҳамда ишсизлик нафақасини олаётган шахслар (фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси) тўғрисидаги вилоят, туман, шаҳарлар кесимидаги маълумотлар.

Очиқ маълумотлар портали, расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Молия вазирлиги,

Бандлик ва меҳнат муносабатлари

вазирлиги

28.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларнинг ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратиш ҳақида берган аризалари рўйхати (навбати) тўғрисидаги маълумотлар.

Расмий веб-сайтлар

доимий равишда онлайн режимда

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, туман ва шаҳар ҳокимликлари

29.

Давлат органлари ва ташкилотлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан:

жамоатчилик кенгашининг тасдиқланган аъзолари ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда уларнинг алоқа маълумотлари (телефон, почта ва электрон манзиллари);

жамоатчилик кенгашининг йиғилишлари ва кун тартибидаги масалалар.

Расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Давлат органлари ва ташкилотлари

30.

Давлат органлари ва ташкилотларининг тасдиқланган ярим йиллик ва (ёки) йиллик иш режалари (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно).

Расмий веб-сайтлар

ҳар ярим

йилликда

(ҳар йили)

Давлат органлари ва ташкилотлари

31.

Давлат органларига доимий фойдаланиш учун берилган ер майдонлари ва бошқа мол-мулкларни давлат-хусусий шериклик асосида олган юридик ва жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотлар.

Расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Давлат органлари ва ташкилотлари

32.

Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идораларнинг ташқи ёки ишончли бошқарувга берилган давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик жамиятлари, ишончли бошқарувчи томонидан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар тўғрисидаги маълумотлар.

Расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Давлат органлари ва ташкилотлари

33.

Ов қилиш ва овчилик хўжаликлари тўғрисидаги ахборот базасида қуйидагилар ҳақидаги маълумотларни акс эттириш:

овчилик хўжаликлари;

ов қилиш тақиқланган жойлар;

ёввойи ҳайвонларни тутишга доир ажратилган квота;

овчилик хўжалигига ва инсоннинг хўжалик фаолиятига зарар етказувчи деб эътироф этилган ёввойи ҳайвонлар;

муайян ов қилиш жойларида ов қилиш учун тақиқ белгиланганлиги;

ёввойи ҳайвонларнинг айрим турларига нисбатан ов қилиш учун тақиқ белгиланганлиги;

муайян жинсдаги ва ёшдаги ёввойи ҳайвонларга нисбатан ов қилиш учун тақиқ белгиланганлиги;

овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги тузилган барча шартномалар, овчилик хўжалигини юритиш ҳуқуқи тугатилган ҳолатлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари;

ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома берилган барча шахслар ва рухсатномадаги маълумотлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари;

Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитдан ажратиб олишга доир берилган барча рухсатномалар ва улардаги маълумотлар ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари;

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ўрмон-овчилик хўжаликлари томонидан берилган овчилик йўлланмалари (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаси) ҳамда ундирилган ҳақ миқдорлари.

Очиқ маълумотлар портали, расмий веб-сайтлар

2021 йил 1 августдан бошлаб доимий равишда

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси,

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси

34.

Ўзларининг таркибига кирувчи давлат муассасаларининг номи, фаолият тури, функция ва ваколатлари ҳамда раҳбарлари тўғрисидаги маълумотлар.


Расмий веб-сайтлар


Ҳар чоракда


Давлат органлари ва ташкилотлари


35.

Давлат бюджети, шунингдек, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар, шу жумладан истиқболли инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари бўйича уларнинг асосий техник кўрсаткичлари ва бошқа лойиҳа ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар.


Расмий веб-сайтлар


ҳар ярим йилликда


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, масъул вазирлик ва идоралар (лойиҳа ташаббускорлари)


36.

Ҳудудлар кесимида "Ҳаж" тадбирларига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги (зиёратга борувчи шахснинг аризаси навбатга қўйилган сана, рўйхатдаги тартиб рақами ва зиёрат тури) маълумотлар.


Расмий веб-сайт

ҳар чоракда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси


37.

Болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати (рўйхати) тўғрисидаги (ариза навбатга қўйилган сана, рўйхатдаги тартиб рақами, ёш гуруҳи ҳамда ташкилот рақами) маълумотлар.


Расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, ҳудудий мактабгача ва таълими бошқармалари


38.

Давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби (низом, регламент, йўриқнома ёки бошқа ички идоравий ҳужжат).


Расмий веб-сайтлар

ҳар чоракда

Давлат органлари ва ташкилотлари

39.

Бўш иш ўринлари (марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида), ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар.


Расмий веб-сайтлар

ҳар ойда

Давлат органлари ва ташкилотлари

40.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар.


Расмий веб-сайтлар

ҳар ярим йилликда

Давлат органлари ва ташкилотлари





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 16 июндаги

ПФ-6247-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида

очиқлик даражасини янада ошириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш шакли

Амалга ошириш муддати

Масъул ижрочилар

1.

Халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш:

"шаффофлик, очиқлик ва ҳисобдорлик" тамойили остида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашнинг устувор йўналишларини белгилаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан таъминлаш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари маълумотлари очиқлиги презумпциясини жорий этиш, унга мувофиқ, қонунчилик ҳужжатлари билан чекланмаган ҳар қандай маълумотни очиқ маълумот ҳисоблаш;

фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва жамоат ташкилотлари исталган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан ўз ҳуқуқ ва манфаатларига оид маълумот ёки ҳужжатларни (давлат сирларидан ташқари) сўраб олишлари мумкинлиги, ушбу органлар эса бундай мурожаатни кўриб чиқишга мажбурлигини назарда тутиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбарлари ёки ахборот хизматлари раҳбарлари (матбуот котиблари) тегишлича жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, расмий веб-сайтлар, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан матбуот анжуманлари, брифинглар, медиа саёҳатлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда шахсан ахборот тақдим этиб боришини назарда тутиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўзларининг фаолиятига оид маълумотларни аҳолига етказиш, шунингдек, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш жараёнига фуқароларни жалб этиш учун чоралар кўриш ва кўмаклашиш.

Қонун концепцияси






Қонун лойиҳаси

2022 йил

1 январь





2022 йил

1 апрель

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги,

Давлат статистика қўмитаси,

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги,

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати, манфаатдор вазирлик ва идоралар

2.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Қонун лойиҳаси

2021 йил

август

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги,

Бош прокуратура, Олий суд,

Ички ишлар вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

3.

Халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи янги таҳрирдаги "Давлат сирларини сақлаш тўғрисида"ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш:

чеклаб қўйилган ахборотлар рўйхати, ундан фойдаланиш ҳамда маълумотларни бундай ахборотлар жумласига киритиш ҳамда чиқариш асослари, муддатлари ва тартибини белгилаш;

чеклаб қўйилган ахборотлар рўйхатига кирмайдиган маълумотларни махфийлаштиришни тақиқлаш;

чеклаб қўйилиши фуқароларнинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборотларнинг давлат сирларига киритилишини ман этиш;

фуқаролар, давлат органлари ва ташкилотларнинг давлат хизматчилари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар билан ишда фойдаланишга ижозатни расмийлаштириш шартлари ва тартибларини белгилаш;

ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши ва замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда давлат сирларини сақлашнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш.

Қонун лойиҳаси

2021 йил

август

Давлат хавфсизлик хизмати, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, манфаатдор вазирлик ва идоралар

4.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги 355-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талабларга қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш:

а) йил давомида ўтказиладиган ҳисобот (ҳайъат) йиғилишларининг видеоёзувлари ва улар якуни бўйича қабул қилинган қарорлар;

б) очиқ маълумотлар шаклида бюджет ҳамда бюджетдан ташқари жамғармаларнинг тушумлари ва харажатлари, шунингдек, амалга оширилган давлат харидлари бўйича маълумотлар;

в) расмий веб-сайтда жойлаштирилиши мажбурий бўлган ахборотларни янгилаб бориш даврийлиги муддатини ахборотларнинг динамик (ўзгарувчан) ва статистик турларига қараб таснифлаган ҳолда амалга ошириш;

г) веб-сайтда коррупцияга қарши курашиш фаолияти бўйича алоҳида саҳифа ташкил қилган ҳолда, унга қуйидаги йўналишлар бўйича маълумотларни киритиб бориш:

коррупцияга қарши курашиш сиёсати, шу жумладан ушбу йўналишда соҳага доир қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро ҳолати;

соҳада коррупцияга қарши курашиш мақсадида ишлаб чиқилган дастур, чора-тадбирлар режаси ва бошқа ҳужжатлар;

ички идоравий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертиза натижалари;

коррупциявий ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар ҳақидаги статистик маълумотлар (суд қарори асосида), шу жумладан кўрилган чоралар юзасидан маълумот ва ҳисоботлар;

жисмоний ва юридик шахс вакиллари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумот бериш имкониятини берувчи алоқа каналлари тўғрисида маълумот;

ўтказилган таҳлиллар ва жамоатчилик сўровлари, шу жумладан онлайн сўровнома ва унинг натижалари;

коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасида тайёрланган тарғибот материаллари (слайд, ролик, маъруза матнлари, мақола, буклет, рисола ва бошқалар);

кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилиши режалаштирилган семинар, тренинг, давра суҳбати, муҳокама, пресс-конференция ва бошқа тадбирлар;

жорий этилган ички назорат (комплаенс назорат) тизими бўлинмаси томонидан амалга оширилган ишлар ва татбиқ этилган коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар тўғрисидаги маълумотлар.

Вазирлар

Маҳкамасининг қарори лойиҳаси

2021 йил

сентябрь

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини

ривожлантириш вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Молия вазирлиги,

Бош прокуратура, Олий суд,

Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

5.

Қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни долзарблик ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан қамраб олинганлиги нуқтаи назаридан танқидий ўрганиш ва заруратга кўра тегишли қарор лойиҳасини белгиланган тартибда киритиш:

Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 26 мартдаги 137-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ахборот ресурсларини тайёрлаш ва уларни маълумотларни узатиш тармоқларида, шу жумладан Интернетда тарқатиш тартиби тўғрисидаги низом;

Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 8 ноябрдаги 394-сон "Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини демократиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий сиёсий жамғармаси тўғрисида"ги қарори.

Вазирлар

Маҳкамасининг қарори лойиҳаси

2021 йил сентябрь

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини

ривожлантириш вазирлиги,

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, "Киберхавфсизлик маркази" ДУК

6.

Барча давлат органлари ва ташкилотларига татбиқ этиладиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида очиқлик бўйича мониторинг ўтказиш, очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш, очиқлик индексини ҳисоблашга қаратилган Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича методикани ишлаб чиқиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2021 йил

1 октябрь

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Адлия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Бош прокуратура, Олий суд, манфаатдор вазирлик ва идоралар

7.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик назоратини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш:

Жамғарманинг асосий вазифалари;

Давлат бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағларидан ажратиладиган ажратмаларнинг аниқ миқдорларини белгилаш;

жамғарма маблағларини сарфлашнинг аниқ ва шаффоф тартиби ва механизмлари;

жамғарма даромадлари ва харажатлари бўйича ҳисобот бериш;

маблағларни тақсимлашда ошкоралик ва холисликни таъминлаш;

Агентлик директорига Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Жамғарма маблағлари ҳисобидан Агентликнинг қўшимча ходимлар штат бирликларини киритиш ҳуқуқи.

Вазирлар

Маҳкамасининг қарори лойиҳаси

2021 йил

август

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги

8.

Жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш бўйича давлат хизматчилари учун қўлланмани ишлаб чиқиш ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан юритилиши тавсия этиладиган ижтимоий тармоқлар рўйхатини ("Твиттер" ёки бошқалар) шакллантириш.

Қўлланма

2021 йил

сентябрь

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати

9.

Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини яхшилаш ва такомиллаштиришга қаратилган Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш методикасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Методика

2021 йил

сентябрь

Адлия вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар

агентлиги

10.

"Очиқ Ҳукумат ҳамкорлиги" (Open Government Partnership, OGP) халқаро ташкилотига Ўзбекистон Республикасининг аъзо бўлиш шартлари ва оқибатлари таҳлили, шунингдек, мавжуд салоҳият, хорижий давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Таклифлар

2021 йил

сентябрь

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,

Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, манфаатдор вазирлик ва идоралар

11.

Қуйидагиларни амалга ошириш:

илғор халқаро стандартларга мувофиқ Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, чет эл давлатлари ва халқаро ташкилотлардан олинган ташқи қарзлар тўғрисидаги ахборотнинг ҳажми ва аниқ рўйхатини белгилаш, уни деталлаштирилган ҳолда жамоатчиликка етказиш чораларини кўриш;

бюджет шаффофлиги бўйича халқаро рейтингда етакчи ўринларни эгаллаб турган илғор хорижий мамлакатлар тажрибасини доимий таҳлил қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Бюджет очиқлиги индексида эгаллаган поғонасини ошириш юзасидан таклифлар тайёрлаб бориш;

Open Knowledge Foundation ва бошқа шу каби халқаро ҳамда чет эл ташкилотлари билан биргаликда Давлат бюджети маблағлари айланмаси очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган Open Spending (Where Does My Money Go, Citizen Budget ва бошқалар) лойиҳаларини, уларнинг амалий аҳамиятини ҳисобга олиб амалга ошириш юзасидан асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

фуқаролар ва жамоат бирлашмаларини бюджет шаклланиши ва тасарруф этилиши жараёнига, шу жумладан дастлабки бюджет лойиҳаси ва аудиторлик ҳисобот муҳокамаларига реал жалб этиш механизмларини назарда тутувчи амалий чора-тадбирларни қабул қилиш.

Комплекс чора-тадбирлар режаси

2021 йил

август

Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги,

Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти,

манфаатдор вазирлик ва

идоралар

12.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлигини кучайтириш, шу жумладан:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан жисмоний ва юридик шахслар вакиллари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ахборот олиш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида хабардорлигини ошириш бўйича тадбирлар ўтказиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан бошқарув қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда фуқаролар, жамоат бирлашмалари ва тадбиркорлик субъектларининг иштирокини, уларнинг фикр ва мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда, таъминлаш имкониятини яратиш, доимий ахборот ва мулоқот тизимини йўлга қўйиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда бажариладиган ишларнинг ҳолатини танқидий баҳо бериш имкониятини яратиш, бунда давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали равишда йўлга қўйиш, шу жумладан кенгашнинг таркибини шакллантиришда аксарият аъзоларини тажрибага эга бўлган маҳаллий ва чет эллик экспертлар, олимлар ва бошқа алоқадор ташкилотлар вакилларидан ташкил топишини таъминлаш.

Комплекс чора-тадбирлар режаси

2021 йил

сентябрь

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти,

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати, "Мадад" ННТ, манфаатдор вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари

13.

"Ҳукуматнинг очиқлиги" омили (Open Government Factor, WJP Rule of Law Index) бўйича мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадида қуйидаги йўналишларда комплекс таҳлил ўтказиш ва натижаси бўйича ташкилий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш:

қонун ҳужжатлари ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш ҳолати;

жисмоний шахслар ва юридик шахс вакилларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан таъминланганлик ҳолати;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг иштироки;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан очиқлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлик юзасидан шикоят қилиш механизмлари жорий этилганлиги ва қўлланилиши ҳолати.

Ташкилий чора-тадбирлар дастури

2021 йил

сентябрь

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти,

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати, манфаатдор вазирлик ва идоралар

Изоҳ: Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар заруратга қараб, тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш соҳаси ва предметига кўра, ягона ҳужжатга бирлаштирилиши ёки қайта кўриб чиқилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 17 июнь


"Халқ сўзи", 2021 йил 17 июнь



































Время: 0.1600
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск