ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Пленум қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 20.04.2021 й. 18-сон "Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

20.04.2021 й.

N 18



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ИҚТИСОДИЙ ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИГА

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИЛГАНЛИГИ

МУНОСАБАТИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ АЙРИМ

ҚАРОРЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, шунингдек, суд амалиётида масалалар келиб чиққанлиги муносабати билан, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг қуйидаги қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда иқтисодий процессуал қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида" 2003 йил 25 июлдаги 111-сонли қарори:


1-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 328-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисида ариза фақат ишда иштирок этувчи шахслар томонидан берилиши мумкин. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқий ворислари (ИПК 46-моддаси), шунингдек, суд жаримаси солинган шахслар (ИПК 58, 69 ва 98-моддалари) ҳам шундай ҳуқуққа эгадир. Ишда иштирок этувчи прокурор ишда иштирок этувчи шахс ҳисобланганлиги боис, у ҳам ўзи иштирок этган иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахслар, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахлдор суд ҳужжатлари қабул қилинган тақдирда, шу асосда қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза беришга ҳақли эмас, бундай ҳолатда улар фақат суд ҳужжатлари устидан апелляция, кассация тартибида шикоят бериши мумкин. Бундай шахслар қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этганида аризани қабул қилиш ИПК 291-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, ариза бўйича иш юритиш ИПК 296-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мос ҳолда тугатилади.

Иқтисодий судлар ўзлари қабул қилган суд ҳужжатларини ўз ташаббуси билан янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриши мумкин эмас";


3-бандидаги "апелляция, кассация ва назорат" деган сўзлар "апелляция ва кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


4-бандининг учинчи хатбошисидаги "кассация ёки назорат" деган сўзлар "апелляция ва кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


8-банди:

биринчи хатбошисидаги "апелляция, кассация ёки назорат" деган сўзлар "апелляция ёки кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"ИПК 328-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, суд ҳужжати қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил ўтгач берилган ариза кўриб чиқилмайди, бундан ИПК 327-моддасининг 2 - 4-бандларида назарда тутилган асослар бўйича берилган аризалар мустасно. ИПК 327-моддасининг 1-бандида назарда тутилган асос бўйича суд ҳужжати қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил ўтгандан кейин берилган ариза ИПК 331-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан қайтарилади. Агар кўрсатилган ҳолат ариза иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, ИПК 110-моддасининг 1-бандига мос ҳолда ариза бўйича иш юритиш тугатилади";


11-бандининг иккинчи хатбошисидаги "ва назорат" деган сўзлар чиқариб ташлансин, "апелляция, кассация ва назорат" деган сўзлар "апелляция ёки кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


13-бандининг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ИПК 332-моддасига мувофиқ, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани иқтисодий суд у келиб тушган кундан бошлаб бир ойлик муддатда суд мажлисида кўриб чиқади. Бунда судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза юзасидан биринчи суд мажлиси аризани иш юритишга қабул қилиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай ўтказилиши лозим. Аризачи ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида ИПК 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади";


14-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган ажрим устидан умумий тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан кассация шикояти (протест) берилиши мумкин. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган кассация инстанцияси судининг ажрими устидан такроран кассация инстанцияси судида кўриб чиқиш ҳақида протест келтириш тўғрисида ариза берилиши мумкин";


15-бандининг биринчи хатбошисидаги "ва назорат" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


16-бандидаги "кассация ёки назорат" деган сўзлар "апелляция ёки кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори тўғрисида" 2007 йил 15 июндаги 161-сонли қарори:


1-бандининг иккинчи хатбошисидаги "ИПКнинг 279, 302 ва 322-моддаларига" деган сўзлар "ИПКнинг 279 ва 302-моддаларига" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


16-бандидаги "ИПКнинг 34, 35 ва 36-бобларида" деган сўзлар "ИПКнинг 34 ва 35-бобларида" деган сўзлар билан алмаштирилсин, "ёки назорат" деган сўзлар чиқариб ташлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Суд ҳужжатларини ижро этишга оид қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида" 2009 йил 10 апрелдаги 6/196-сонли қарорининг 13-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"13. ФПКнинг 407-6-моддаси, МСИЮтКнинг 236-моддаси ва ИПКнинг 294-моддасига кўра, Олий суд судьяси кассация шикоятини иш юритишга қабул қилиш масаласини ҳал этиш билан бир вақтда низолашилаётган суд ҳужжатининг ижросини шикоятни берган шахснинг илтимосномасига кўра кассация тартибида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб қўйишга ҳақли. Бу ҳуқуқдан фойдаланилган тақдирда, судья суд ҳужжати ижросини тўхтатиб туриш ҳақида кассация шикоятини иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатади. Суд ҳужжатининг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида илтимоснома кассация шикоятини иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилганидан кейин тақдим қилинган ҳолда, бундай илтимоснома бўйича алоҳида ажрим чиқарилади".


4. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Суд буйруғи бериш тўғрисидаги ишларни кўришда иқтисодий судлар томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида" 2013 йил 5 декабрдаги 254-сонли қарорининг 17-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"17. Суд буйруғи апелляция, кассация инстанцияларида ва янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилмайди. Шу муносабат билан суд буйруғи устидан берилган апелляция, кассация шикоятини қабул қилиш ИПК 268-моддаси биринчи қисмининг 2-банди, 291-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан, янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қабул қилиш эса, ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади. Агар шикоят ёки ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, апелляция ёки кассация шикояти бўйича иш юритиш ИПК 273-моддаси биринчи қисмининг 1-банди ёки 296-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан, янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза бўйича эса, иш юритиш ИПК 110-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади".


5. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Иқтисодий судлар томонидан экспертизага оид қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида" 2014 йил 20 июндаги 261-сонли қарори:


7-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"7. Судларга тушунтирилсинки, апелляция инстанцияси суди ишни мавжуд ва қўшимча тақдим этилган далиллар бўйича қайта кўриши сабабли, ушбу суд инстанцияси ҳам мазкур қарор 3-бандининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда экспертиза тайинлашга ҳақли";


9-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ИПКда экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) назарда тутилмаганлиги муносабати билан судлар шуни инобатга олиши лозимки, экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримда иш юритишни тўхтатиб туриш ҳам кўрсатилган бўлиб, ушбу ажрим устидан шикоят берилган (протест келтирилган) бўлса, шикоят (протест)нинг фақат иш юритишни тўхтатиб туришга оид қисми кўриб чиқилади. Агар шикоят (протест) суд ажримининг экспертизани тайинлашга оид қисми устидан берилган бўлса, уни қабул қилиш ИПК 268-моддаси биринчи қисмининг 2-банди ёки 291-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан рад этилади. Агар ариза (протест) иш юритишга қабул қилинган бўлса, у бўйича иш юритиш ИПК 273-моддаси биринчи қисмининг 1-банди ёки 296-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан, шикоят (протест) кўриб чиқилаётган суд инстанциясида тугатилади".


6. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Иқтисодий судлар томонидан видеоконференцалоқа режимида суд мажлисларини ўтказишда процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида" 2014 йил 28 ноябрдаги 270-сонли қарори:


3-бандидаги "ИПКнинг 11, 112, 165, 166, 171 ва 261-моддаларида" деган сўзлар "ИПКнинг 11, 112, 165, 166 ва 171-моддаларида" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


4-бандидаги "ва назорат" деган сўзлар чиқариб ташлансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Иқтисодий судлар томонидан фуқаролик қонун ҳужжатларининг даъво муддатига оид нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2015 йил 19 июндаги 282-сонли қарори:


9-бандининг биринчи хатбошисидаги "апелляция, кассация ва назорат" деган сўзлар "апелляция ва кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


16.1-бандининг биринчи хатбошисидаги "апелляция, кассация ҳамда назорат" деган сўзлар "апелляция, кассация" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Иқтисодий судлар томонидан процессуал муддатларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида" 2015 йил 19 июндаги 283-сонли қарори:


11-бандининг биринчи хатбошисидаги "назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза (ИПК 312-моддасининг учинчи қисми)" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


24-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"24. Биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан кассация шикояти (протести) бир йил давомида берилиши мумкин. Бунда кассация шикояти (протести) бериш учун белгиланган бир йиллик муддатга биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кун кирмайди";


24.1-банди чиқариб ташлансин;


24.2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"24.2. Кассация шикояти (протести) суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинланган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Ишни кассация инстанцияси судида кўриш учун белгиланган бир ойлик муддат кассация шикоятини (протестини) суд муҳокамасига кўриб чиқиш учун тайинлаш ҳақида ажрим чиқарилган кундан ҳисобланади ва кейинги ойнинг тегишли кунида тугайди.

Алоҳида ҳолларда кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш муддати ишни кўраётган судлов ҳайъати томонидан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин";


25-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"25. Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича кассация инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин";


25.1-бандининг биринчи хатбошисидаги "апелляция ва кассация шикоятларини" деган сўзлар "апелляция шикоятини" деган сўзлар билан, "ИПКнинг 262 ва 285-моддаларида" деган сўзлар "ИПКнинг 262-моддасида" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


26 ва 27-бандлари чиқариб ташлансин.


9. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Лизинг муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини иқтисодий судлар томонидан қўлланилишининг айрим масалалари ҳақида" 2015 йил 27 ноябрдаги 289-сонли қарори:


6-бандининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Агар лизинг берувчининг даъво аризасида етказилган зарарларни ундириш ва гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни лизинг объектига қаратган ҳолда шартномани бекор қилиш талаблари билан бирга барча лизинг тўловларини муддатидан илгари ундириш талаби ҳам қўйилган тақдирда, суд лизинг олувчи томонидан лизинг шартномаси жиддий тарзда бузилганлиги ҳақида хулосага келса, у ҳолда ушбу талаблардан бири - ёхуд лизинг тўловларини муддатидан илгари ундириш талаби ёхуд етказилган зарарларни ундириш ва гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни лизинг объектига қаратган тарзда шартномани бекор қилиш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилиши керак. Бу қоида, агар лизинг берувчининг даъво аризасида бир вақтнинг ўзида ҳам лизинг тўловлари бўйича вужудга келган қарз ва неустойкани ундириш, шунингдек, гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни лизинг объектига қаратган тарзда шартномани бекор қилиш талаби қўйилган ҳолда ҳам қўлланилади";


6.2 ва 6.3-бандлари чиқариб ташлансин.


10. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида" 2019 йил 24 майдаги 13-сонли қарори:


7-бандининг биринчи хатбошисидаги "ёхуд назорат тартибида" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


13-бандининг биринчи хатбошисидаги "ёки назорат тартибида" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


14-бандининг олтинчи хатбошисидаги "ва назорат", ", шунингдек назорат тартибида ариза" деган сўзлар чиқариб ташлансин.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

И. Алимов

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)

























































Время: 0.0090
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск