ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Терроризм ва экстремизмга қарши кураш. Легаллаштириш /

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.06.2021 й. 402-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 29 июндаги

402-сон қарорига

2-ИЛОВА



Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни

легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва

оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга

қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга

ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга (кейинги ўринларда - легаллаштириш) қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек, халқаро сўровларни тайёрлаш, жўнатиш ва ижро этиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти;


операциялар - легаллаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жисмоний ёки юридик шахслар томонидан амалга оширилган пул маблағлари ёки бошқа мулк билан боғлиқ операциялар;


предикат жиноят - Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган, содир этилиши натижасида ноқонуний даромад орттиришга қаратилган ҳар қандай жиноят;


ўзаролик принципи - халқаро муносабатларнинг умумэътироф этилган принципи бўлиб, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органларининг хорижий давлатлар ваколатли органлари билан ўзаро манфаатли, тенг асосда ҳамда ҳар бир томоннинг халқаро ҳамкорликни амалга ошириш тўғрисидаги ёзма мажбуриятига асосланган ҳамкорлиги йўлга қўйилади;


халқаро сўров - Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари ёки хорижий давлатлар ваколатли органларининг легаллаштиришга ва предикат жиноятларга қарши курашиш соҳасида муайян ҳаракатларни амалга ошириш (маълумотлар, ҳужжатлар алмашинуви, процессуал ҳаракатларни бажариш ва ҳ.к.) тўғрисидаги сўрови;


халқаро ҳамкорлик - Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари билан халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар ваколатли органлари ўртасида легаллаштиришга ва предикат жиноятларга қарши курашиш соҳасида муайян ҳаракатларни амалга ошириш (маълумотлар, ҳужжатлар алмашинуви, процессуал ҳаракатларни бажариш ва ҳ.к.) масалалари юзасидан ҳамкорлик;


хорижий давлат молиявий разведка бўлинмаси - хорижий давлатнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ легаллаштиришга қарши курашиш борасида молиявий мониторингни амалга оширувчи ва бошқа чора-тадбирларни кўрувчи ваколатли давлат органи.


3. Халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари ҳамда легаллаштиришга ва предикат жиноятларга қарши курашиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига (кейинги ўринларда - Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари) мувофиқ амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар билан халқаро шартномалари мавжуд бўлмаган тақдирда, халқаро ҳамкорлик ўзаролик принципи асосида амалга оширилади.

Бунда, Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органи томонидан хорижий давлат ваколатли органига ўзаролик принципи асосида юбориладиган халқаро сўровларда келгусида хорижий давлат ваколатли органи томонидан юбориладиган сўровларнинг кўриб чиқилиши кафолатланиши лозим.

Хорижий давлатлар ваколатли органларининг ўзаролик принципи асосида юборган халқаро сўровлари, агар уларда Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари томонидан келгусида юбориладиган сўровларнинг кўриб чиқилишини кафолатловчи талаблар бўлган тақдирдагина Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари томонидан кўриб чиқилади.


5. Халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари ёки хорижий давлатлар ваколатли органларининг халқаро сўровларига ёки ўз ташаббусларига кўра амалга оширилади.

Халқаро ҳамкорлик ушбу Низомнинг 1-1а-иловаларидаги схемаларга мувофиқ амалга оширилади.


6. Қуйидагилар халқаро ҳамкорликни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (махсус ваколатли давлат органи);

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Бош прокуратуранинг тергов бўлинмалари (кейинги ўринларда - ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари);

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Марказий банки (кейинги ўринларда - назорат қилувчи органлар).



2-БОБ. МАХСУС ВАКОЛАТЛИ ДАВЛАТ

ОРГАНИНИНГ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИГИ


7. Махсус ваколатли давлат органи хорижий давлатларнинг ваколатли органлари, молиявий разведка бўлинмалари ҳамда халқаро ташкилотлар билан қуйидаги йўналишларда халқаро ҳамкорликни амалга оширади:

махсус ваколатли давлат органида мавжуд ва олиниши мумкин бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни алмашиш;

ўз ташаббуси ёки халқаро сўровга асосан хорижий давлатлар молиявий разведка бўлинмаларига легаллаштириш амалга оширилишини тасдиқловчи етарли асослар (гумонлар) мавжуд бўлган тақдирда, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органларидан олинган маълумотлар асосида маълумотларни юбориш;

легаллаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ халқаро сўровлар асосида операцияларни тўхтатиб туришга кўрсатма бериш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда халқаро ташкилотларнинг легаллаштиришга қарши курашиш масалаларига доир фаолиятида иштирок этиш;

легаллаштириш ҳолатларини аниқлаш ва улар бўйича молиявий тергов ўтказишда, шунингдек, ушбу жиноятларга алоқадор бўлган операцияларни, жисмоний ёки юридик шахсларни ҳамда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг бенефициар мулкдорларини аниқлашда кўмаклашиш.

Махсус ваколатли давлат органининг хорижий давлатларнинг молиявий разведка бўлинмалари билан халқаро ҳамкорлиги "Эгмонт" молиявий разведка бўлинмалари гуруҳининг устав ҳужжатларига мувофиқ ҳам амалга оширилади.



3-БОБ. НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИ ОРГАНЛАРНИНГ

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИГИ


8. Назорат қилувчи органлар хорижий давлатларнинг тегишли назорат қилувчи органлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан қуйидаги йўналишларда халқаро ҳамкорликни амалга оширадилар:

назорат қилувчи органларда мавжуд бўлган ёки ваколат доирасида олиш мумкин бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни алмашиш;

молиявий муассасалар ва нотижорат ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш ҳамда тартибга солиш соҳасида ўзаро тажриба ва маълумотлар алмашиш, шунингдек, халқаро сўровга асосан молиявий муассасалар ва нотижорат ташкилотлар фаолиятини қонунчиликда белгиланган тартибда текшириш;

қонунчиликда белгиланган тартибда халқаро ташкилотларнинг легаллаштиришга қарши курашиш масалаларга доир фаолиятида иштирок этиш.

Назорат қилувчи органлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа йўналишлар бўйича ҳам халқаро ҳамкорликни амалга оширишлари мумкин.


9. Назорат қилувчи органларнинг хорижий давлатларнинг назорат қилувчи органлари билан халқаро ҳамкорлиги қуйидаги маълумотларни алмашиш йўли билан амалга оширилади:

легаллаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажариш билан боғлиқ назорат (текширув) фаолияти соҳасидаги маълумотлар;

операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар тўғрисида назорат қилувчи органларда мавжуд бўлган маълумотлар (фаолияти, бошқарув тузилмаси, бенефициар мулкдори ва ҳ.к.);

легаллаштиришга қарши курашиш соҳасида операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг ички назорат дастурлари ва жараёнлари тўғрисидаги маълумотлар;

назорат (текширув) фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар;

мижозларни текшириш натижалари, банк ва бошқа ҳисобварақлари ёки амалий иш муносабатлари ва операциялари (битимлари) ҳақидаги маълумотлар.



4-БОБ. ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛУВЧИ ВА ТЕРГОВ

ОРГАНЛАРИНИНГ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИГИ


10. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги йўналишларда халқаро ҳамкорликни амалга оширадилар:

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органларида мавжуд бўлган ёки олиниши мумкин бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни алмашиш;

ўз ташаббуслари ёки халқаро сўровга асосан, хорижий давлатлар ваколатли органларига легаллаштириш ҳолатларининг содир этилишини тасдиқловчи етарли асослар (гумонлар) мавжуд бўлган тақдирда, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органларидан олинган маълумотларни юбориш;

легаллаштириш ҳолатларини ҳамда предикат жиноятларни аниқлаш ва тергов қилишда, шунингдек, ушбу жиноятларга алоқадор жисмоний ёки юридик шахсларни ва бенефициар мулкдорларни аниқлашда кўмаклашиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда халқаро ташкилотларнинг легаллаштиришга қарши курашиш масалаларга доир фаолиятида иштирок этиш.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари қонунчилик ҳужжатлари доирасида бошқа йўналишлар бўйича ҳам халқаро ҳамкорликни амалга оширадилар.



5-БОБ. ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИНГ

БОШҚА ЙЎНАЛИШЛАРИ


11. Қуйидаги йўналишлар бўйича халқаро ҳамкорлик:

хорижий давлат суди ҳукмининг, қарорининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган жиноят содир этиш натижасида олинган мол-мулкни мусодара қилишга оид қисмини тан олиш ва ижро этиш юзасидан - процессуал қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш юзасидан - Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 30 майдаги ПҚ-3016-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда - Мажбурий ижро бюроси) томонидан;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумотларни алмашиш юзасидан - ўз ваколатлари доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва (ёки) тергов органлари, махсус ваколатли давлат органи ҳамда назорат қилувчи давлат органлари томонидан амалга оширилади.



6-БОБ. ЎЗАРО ҲУҚУҚИЙ ЁРДАМ МАСАЛАЛАРИ

БЎЙИЧА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК


12. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, махсус ваколатли давлат органи ва Бош прокуратура Мажбурий ижро бюроси хорижий давлатлар ваколатли органлари билан тезкор-қидирув фаолияти, тергов, суд муҳокамаси ва суд ҳужжатларини ижро этиш доирасида ўзаро маълумотлар алмашиш борасида ҳамда ушбу Низомда белгиланган бошқа масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни амалга оширадилар.


13. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари легаллаштириш ҳолатларини ва предикат жиноятларни ҳамкорликда тергов қилиш мақсадида хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари билан биргаликда тергов гуруҳларини тузишлари мумкин.


14. Маълумотларни тўплаш, тергов, суд муҳокамаси ва суд ҳужжатларини ижро этиш босқичида, шу жумладан, легаллаштириш ва предикат жиноятларга қарши курашиш борасида ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёки ўзаролик принципи асосида амалга оширилади.


15. Прокурор ёки суд санкцияси талаб қилинадиган процессуал ҳаракатлар ва (ёки) тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш ҳақидаги топшириқлар ижроси бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


16. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари ўз ваколатлари доирасида хорижий давлатлар ваколатли органларидан жиноят содир этиш натижасида олинган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни мусодара қилиш мақсадида уларни қидириб топиш ва хатлаш борасидаги ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўровларини Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижро этадилар.


17. Хорижий давлатлар ваколатли органларидан келиб тушган хорижий давлат суди ҳукмининг, қарорининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган жиноят содир этиш натижасида олинган мол-мулкни мусодара қилишга оид қисмини тан олиш ва ижро этиш борасидаги сўровлари қонунчилик ҳужжатларига асосан ижро этилади.


18. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси суди томонидан чиқарилган хорижий давлат суди ҳукмининг, қарорининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган жиноят содир этиш натижасида олинган мол-мулкни мусодара қилишга оид қисмини тан олиш ва ижро этиш ҳақидаги қарори асосида мусодара қилинган мол-мулкни қайтариш масаласини кўриб чиқади.


19. Хорижий давлатлар ваколатли органлари билан мусодара қилинадиган мол-мулкни қидириб топиш, хатлаш, мусодара қилиш ва қайтариш билан боғлиқ харажатларни қоплаш борасида бошқача тарзда келишилмаган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари бундай тадбирларни амалга ошириш учун кетган харажатларни қайтарилаётган мол-мулк ҳисобидан қоплашлари мумкин.


20. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро шартномаларга мувофиқ хорижий давлат ваколатли органлари билан мусодара қилинган мол-мулкни ёки ушбу мол-мулкни реализация қилишдан тушадиган маблағларни бўлиш борасида шартнома (битим) тузишлари ёки ҳар бир иш бўйича алоҳида келишишлари мумкин.



7-БОБ. ЖИНОЯТ СОДИР ЭТИШ НАТИЖАСИДА

ОЛИНГАН ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҲУДУДИДАН ТАШҚАРИГА ОЛИБ ЧИҚИЛГАН

МОЛ-МУЛКНИ ҚАЙТАРИШ МАСАЛАЛАРИ

БЎЙИЧА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК


21. Жиноят содир этиш натижасида олинган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилган мол-мулкни қидириб топиш ва хатлаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ёки ўзаролик принципи асосида амалга оширилади.


22. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари белгиланган тартибда хорижий давлатлар ваколатли органлари билан хорижий алоқа операторлари орқали ёки активларни қайтариш бўйича боғловчи шахслар тармоқларидан фойдаланган ҳолда мусодара қилинадиган мол-мулкни қидириб топиш ва хатлаш масалалари бўйича маълумотлар алмашиш борасида ишларни амалга оширадилар.

Маълумотлар алмашиш маслаҳатлашувлар ўтказиш, ёзишмалар, телефон, факсимил, видео ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда музокаралар олиб бориш ёки шахсан учрашувлар ўтказиш йўли билан амалга оширилади.


23. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари мол-мулкни қайтариш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш учун масъул бўлган шахсни тайинлайдилар.


24. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари мусодара қилинадиган мол-мулкни қидириб топиш ва хатлаш мақсадида махсус ваколатли давлат органи билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширадилар.

Махсус ваколатли давлат органи мусодара қилинадиган мол-мулкни қидириб топиш масалалари бўйича ҳамкорлик учун масъул бўлган мансабдор шахсни тайинлайди.


25. Махсус ваколатли давлат органи хорижий давлатлар ваколатли органларига мусодара қилинадиган мол-мулкни қидириб топиш ҳақидаги халқаро сўровларни хорижий давлатлар ваколатли органлари билан келишилган ҳолда ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича белгиланадиган алоқанинг ҳимояланган электрон каналлари орқали ёхуд "Эгмонт" молиявий разведка бўлинмалари гуруҳининг алоқа каналлари орқали юборади.

Махсус ваколатли давлат органи хорижий давлат ваколатли органининг мусодара қилинадиган мол-мулкни қидириб топиш ҳақидаги сўровни қаноатлантириш тўғрисидаги жавобини олган тақдирда, бу ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органларини дарҳол хабардор қилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари қаноатлантириш тўғрисидаги хабарни олгандан сўнг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тергов ҳаракатларини (мол-мулкни хатлаш ва бошқа ҳолатлар юзасидан) ўтказиш ҳақида халқаро сўровни тайёрлайди ва юборади.


26. Мол-мулкни қидириб топиш ва хатлаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари ҳамда махсус ваколатли давлат органи ходимларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳ тузилиши мумкин.


27. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан қайтарилиши лозим бўлган ҳамда қайтарилган мол-мулк ҳисобининг электрон базаси юритилади.



8-БОБ. ХАЛҚАРО СЎРОВЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ,

ЮБОРИШ, ИЖРО ЭТИШ ВА РЎЙХАТГА

ОЛИШ ТАРТИБИ


28. Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органлари томонидан халқаро сўровлар, агарда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, хорижий давлат ваколатли органи билан келишилган тилда расмийлаштирилади.


29. Халқаро сўровда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

сўров юбораётган органнинг номи ва почта манзили;

сўров қабул қилаётган органнинг номи ва почта манзили;

сўров асоси ва предмети;

иш ҳолатининг ёки маълум бўлган маълумотларнинг қисқача ёхуд тўлиқ мазмуни, жиноят тавсифи;

заруратга кўра Ўзбекистон Республикасининг тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг матни;

аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар, шунингдек, сўралаётган ҳужжатлар рўйхати;

маълумотдан фойдаланиш мақсади;

махфийликка риоя этилиши ҳамда олинган маълумотлардан фойдаланиш бўйича чекловлар ҳақидаги маълумот;

заруратга кўра сўровнинг дарҳол ижро этилиши сабаблари;

зарурат бўлганда ва имкони борича:

жисмоний шахснинг фамилияси, исми, шарифи, туғилган йили, туғилган жойи, фуқаролиги, яшаш жойи манзили, турар жойи, шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг реквизитлари ҳақидаги маълумотлар;

юридик шахснинг тўлиқ номи, давлат рўйхатидан ўтказиш рақами, почта манзили ва жойлашган жойи, мансабдор шахслари ҳақидаги маълумотлар;

сўров объекти бўлган пул маблағлари ва бошқа мол-мулк ҳақида маълумотлар (уларнинг жойлашган жойи, кимга тегишлилиги, жиноятга алоқаси ва ҳ.к.).

Сўровда ишнинг ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида, сўров юбораётган органнинг телефон, факс рақамлари, электрон почта манзили кўрсатилиши мумкин.


30. Мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги сўровда қуйидаги қўшимча маълумотлар кўрсатилиши лозим:

мол-мулкни хатлаш учун асос бўлувчи маълумотлар;

хатланиши лозим бўлган мол-мулкнинг тури ва қиймати;

мол-мулкни жиноятга алоқаси;

жиноятнинг тавсифи;

мол-мулкни хатлаш муддати.


31. Мол-мулкни мусодара қилиш ҳақидаги суднинг ҳукмини ижро этиш тўғрисидаги сўровда қуйидаги қўшимча маълумотлар кўрсатилиши лозим.

мол-мулкни мусодара қилиш ҳақида ҳукм чиқарган суд тўғрисида маълумот;

мол-мулкни мусодара қилиш ҳақидаги суд ҳукмининг қайси қисми ижро этилиши лозимлиги ҳақида маълумот;

хорижий давлат ҳудудида бўлган мусодара қилинадиган мол-мулк тўғрисидаги маълумотлар (мол-мулк ўрнига бошқа нарса ёки пул маблағларининг мусодара қилинишини таъминлаш мақсадида мол-мулк эквивалентига тенг сумма);

мол-мулк мулкдори ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан унинг туғилган санаси ва жойи, фуқаролиги, машғулоти тури, яшаш жойи ёки турган жойи ҳақидаги маълумотлар, унинг процессуал мақоми, юридик шахслар учун эса уларнинг номи, почта манзили ва жойлашган жойи;

мусодара қилиниши лозим бўлган мол-мулк хорижий давлат ҳудудида жойлашганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

мусодара қилиниши лозим бўлган мол-мулкнинг келиб чиқиши ноқонунийлигини, унинг хорижий давлатга, хорижий давлат фуқаросига ёки юридик шахсга тегишлилигини тасдиқловчи далиллар, шунингдек, мусодара қилиш учун асос сифатида зарарнинг мавжудлиги ёки мол-мулкни қайтариш зарурлигини тасдиқловчи бошқа далиллар;

содир этилган жиноятнинг аниқ тафсилоти, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси, шунингдек, мазкур жиноят туфайли етказилган зарарнинг миқдори ҳақида маълумот;

Ўзбекистон Республикасига қайтарилиши лозим бўлган мол-мулк тури ёки пул маблағининг ҳажми.

Сўровда хорижий давлат ваколатли органининг талабларига мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.


32. Сўров Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва (ёки) қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ юборилади.


33. Хорижий давлат ваколатли органларидан келиб тушган халқаро сўровлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органи уларни ижро этиш ва ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш тартибини (устуворлигини, ижро муддатини ва ҳ.к.) белгилайди.


34. Бир нечта хорижий давлатлар ваколатли органлари томонидан юборилган сўровларни ижро этиш жараёнида уларда кўрсатилган масалалар битта ҳолат юзасидан бўлса, Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органи биринчи навбатда ижро этилиши лозим бўлган сўровни мустақил белгилайди. Бунда, заруратга кўра хорижий давлат ваколатли органи билан дастлабки маслаҳатлашув ўтказилиши мумкин.


35. Келиб тушган сўровни ижро этиш учун маълумотлар етарли бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органи тақдим этиш муддатини белгилаган ҳолда қўшимча маълумотларни сўраб олиши мумкин.


36. Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органи сўровни ижро этиш бўйича кўрилган чоралар ва уларнинг натижалари тўғрисида, шунингдек, сўровнинг (унинг қисмининг) сабабларини кўрсатган ҳолда ижро этиш шартлари, уни ижро этишни рад этиш ёки кечиктириш ҳақида сўровни юборган хорижий давлат ваколатли органини хабардор қилади.


37. Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органлари сўровни қуйидаги асосларга кўра ижро этишни рад этишлари мумкин:

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонунчилик ҳужжатларига зид бўлса;

Ўзбекистон Республикаси суверенитети ёки хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлса;

сўровда кўрсатилган ҳолатлар легаллаштириш ва предикат жиноятларга алоқадор бўлмаса;

тергов ва суд ишларини юритиш жараёнларига таъсир кўрсатса;

Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органлари ваколатига тааллуқли бўлмаса;

тақдим этиладиган маълумотларнинг ҳимоясини таъминлаш ёзма равишда кафолатланмаса.

Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органи сўровни ижро этишни рад этиш ҳақида асосларини кўрсатган ҳолда хорижий давлат ваколатли органини хабардор қилади.


38. Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органлари:

хорижий давлат ваколатли органи билан келишилган ҳолда сўров ижросини кечиктириши ёки қисман ижро этиши мумкин;

тижорат, банк, солиқ ёки бошқа молиявий сирларни важ қилган ҳолда маълумотларни тақдим этишни ёки сўровни ижро этишни рад қилишга ҳақли эмас, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;

Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органи хорижий давлат ваколатли органининг ҳуқуқий мақомини важ қилган ҳолда сўровни ижро этишни рад қилишга ҳақли эмас;

сўровнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш мақсадида сўралаётган маълумотларни тақдим этиш учун барча имкониятларини ишга солиши шарт;

сўров бўйича олинган маълумотдан фойдаланиш тартиби ва натижаси ҳақида хорижий давлат ваколатли органини хабардор қилиши лозим;

белгиланган тартибда сўровлар ва ундаги мавжуд ахборотларнинг, шунингдек, тақдим этилаётган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши шарт;

агар маълумотларнинг махфийлигини таъминлашнинг имкони бўлмаса, бу ҳақида сўров юборган хорижий давлат ваколатли органини дарҳол хабардор қилиши лозим.


39. Хорижий давлатлар ваколатли органларига маълумотларни юборишда олдиндан берилган розиликсиз ёки сўровда кўрсатилмаган мақсадларда фойдаланиш шартлари кўрсатилади, Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органи томонидан бундай маълумотларни ошкор этиш ёки тақдим этиш ҳақида олдиндан рухсат берилган ёхуд юридик мажбурият бўлган ҳолатлар бундан мустасно.


40. Халқаро ҳамкорлик доирасида олинган маълумотлардан фақатгина сўровда ёки шундай сўровга берилган жавобда кўрсатилган мақсадларда фойдаланилади.

Бундай маълумотларни давлат органлари ёки учинчи шахсларга тақдим этиш ёхуд ундан маъмурий ва жиноий ишни юритиш мақсадларида фойдаланиш фақатгина хорижий давлат ваколатли органининг рухсати билан амалга оширилади.


41. Сўровлар Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органи ҳамда хорижий давлат ваколатли органи томонидан белгиланадиган ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида кўрсатилган ҳимояланган электрон алоқа каналлари орқали қабул қилинади ва юборилади.



9-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


42. Юборилган ва олинган сўровлар ҳамда уларга берилган жавобларнинг ҳисоби Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органлари томонидан юритилади.

Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари ўз ваколатлари доирасида хорижий давлатлар ваколатли органлари томонидан сўровларга берилган жавобларнинг сифатини мониторинг қилиб борадилар.

Махсус ваколатли давлат органининг сўровига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органлари халқаро ҳамкорлик ҳақидаги маълумотларни тақдим этадилар.


43. Ушбу Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.




Низомга

1-ИЛОВА



Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни

легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга

ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни

молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида

халқаро ҳамкорликни амалга ошириш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

I. Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органлари

томонидан халқаро сўровлар юбориш

1-босқич


Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органлари


Халқаро сўровни рамийлаштириш.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида кўрсатилган ҳимояланган электрон алоқа каналлари орқали халқаро сўровни хорижий давлат ваколатли органларига юбориш.


Фаолияти давомида

заруратга кўра

2-босқич


Хорижий давлат ваколатли органлари


1. Халқаро сўровга жавобни ўз қонунчилигида ёки халқаро шартномада белгиланган тартибда шакллантириш.


2. Халқаро сўровга жавобни Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органларига халқаро шартномаларда кўрсатилган ҳимояланган электрон алоқа каналлари орқали юбориш.


Хорижий давлат ваколатли органлари қонунчилигида ёки халқаро шартномада белгиланган муддатда




II. Хорижий давлат ваколатли органларидан келиб тушган сўровларни ижро этиш

1-босқич


Хорижий давлат ваколатли органлари


1. Халқаро сўровни рамийлаштириш.


2. Халқаро шартномаларда кўрсатилган ҳимояланган электрон алоқа каналлари орқали халқаро сўровни Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органларига юбориш.


Хорижий давлат ваколатли органлари қонунчилигида ёки халқаро шартномада белгиланган муддатда




2-босқич


Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органлари


1. Халқаро сўровни қабул қилиш.


3. Хорижий давлат ваколатли органи билан дастлабки маслаҳатлашув ўтказиш.


4. Келиб тушган халқаро сўровни ижро этиш учун етарли маълумот бўлмаганда, тақдим этиш муддатини белгилаган ҳолда қўшимча маълумотларни сўраб олиш.


Заруратга кўра





3-босқич


Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органлари


1. Халқаро сўровни ижро этиш натижалари тўғрисида хорижий давлат ваколатли органини хабардор қилиш.


2 Юборилган ва олинган сўровлар ҳамда уларга берилган жавобларнинг ҳисобини юритиш.


1. Халқаро сўровда кўрсатилган муддатларда


2. Доимий равишда




III. Ўзаро ҳуқуқий ёрдам масалалари бўйича халқаро ҳамкорлик

1-босқич


Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари


Хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари билан биргаликда тергов гуруҳларини тузишлари мумкин.


Заруратга кўра





2-босқич


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси


Ўзбекистон Республикаси суди томонидан чиқарилган хорижий давлат суди ҳукми (қарори)нинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган жиноят содир этиш натижасида олинган мол-мулкни мусодара қилишга оид қисмини тан олиш ва ижро этиш ҳақидаги қарори асосида мусодара қилинган мол-мулкни қайтариш масаласини кўриб чиқиш.


Қарор келиб тушгандан сўнг иш ҳолатидан келиб чиқиб




3-босқич


Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари


1. Хорижий давлатлар ваколатли органлари билан мусодара қилинадиган мулкни топиш, мусодара қилиш ва қайтариш харажатларини қоплаш бўйича келишув бўлмаса, ушбу харажатларни қайтарилаётган мол-мулк ҳисобидан қоплаш.


2. Хорижий давлат ваколатли органлари билан мусодара қилинган мол-мулкни ёки уни реализация қилишдан тушадиган маблағларни бўлиш борасида шартнома (битим) тузиш ёки ҳар бир иш бўйича алоҳида келишиш.


1. Қарор келиб тушгандан сўнг иш ҳолатидан келиб чиқиб


2. Заруратга кўра




IV. Жиноят содир этиш натижасида олинган ва Ўзбекистон Республикаси

ҳудудидан ташқарига олиб чиқилган мол-мулкни қайтариш

масалалари бўйича халқаро ҳамкорлик

1-босқич


Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари


1. Мол-мулкни қайтариш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш учун масъул бўлган шахсни тайинлаш.


2. Мусодара қилинадиган мол-мулкни қидириб топиш ва хатлаш мақсадида махсус ваколатли давлат органи билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш.


Заруратга кўра




2-босқич


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (махсус ваколатли давлат органи)


1. Хорижий давлатлар ваколатли органларига мусодара қилинадиган мол-мулкни қидириб топиш ҳақидаги халқаро сўровларни хорижий давлатлар ваколатли органлари билан келишилган ҳолда алоқанинг ҳимояланган электрон каналлари орқали ёхуд "Эгмонт" молиявий разведка бўлинмалари гуруҳининг алоқа каналлари орқали юбориш.


2. Халқаро сўровни қаноатлантириш тўғрисидаги жавобни олинган тақдирда, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органларини дарҳол хабардор қилиш.


1. Хорижий давлатлар ваколатли органлари билан келишилгандан сўнг


2. Жавоб олингандан сўнг дарҳол




3-босқич


Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва тергов органлари


1. Хабарни олгандан сўнг қонунчиликда белгиланган тартибда тергов ўтказиш ҳақида халқаро сўровни тайёрлаш ва юбориш.


Хабар олингандан сўнг иш ҳолатидан келиб чиқиб







Низомга

1а-ИЛОВА



НАМУНА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ўртасида

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга,

терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини

тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида

халқаро ҳамкорликни амалга ошириш

НАМУНАВИЙ СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар

Бажариш муддатлари




I. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

томонидан халқаро сўровлар юбориш

1-босқич


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги


Халқаро сўровни рамийлаштириш.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида кўрсатилган ҳимояланган электрон алоқа каналлари орқали халқаро сўровни Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигига юбориш.


Фаолияти давомида

заруратга кўра

2-босқич


Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги


1. Халқаро сўровга жавобни белгиланган тартибда шакллантириш.


2. Халқаро сўровга жавобни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ҳимояланган электрон алоқа каналлари орқали юбориш.


Хорижий давлат ваколатли органлари қонунчилигида ёки халқаро шартномада белгиланган муддатда




II. Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигидан

келиб тушган сўровларни ижро этиш

3-босқич


Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги


1. Халқаро сўровни рамийлаштириш.


2. Халқаро шартномаларда кўрсатилган ҳимояланган электрон алоқа каналлари орқали сўровни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига юбориш.


Хорижий давлат ваколатли органлари қонунчилигида ёки халқаро шартномада белгиланган муддатда




4-босқич


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги


1. Халқаро сўровни қабул қилиш.


3. Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги билан дастлабки маслаҳатлашув ўтказиш.


4. Келиб тушган халқаро сўровни ижро этиш учун етарли маълумот бўлмаганда, тақдим этиш муддатини белгилаган ҳолда қўшимча маълумотларни сўраб олиш.


Заруратга кўра





5-босқич


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги


1. Халқаро сўровни ижро этиш натижалари тўғрисида Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигини хабардор қилиш.


2 Юборилган ва олинган сўровлар ҳамда уларга берилган жавобларнинг ҳисобини юритиш.


1. Халқаро сўровда кўрсатилган муддатларда

2. Доимий равишда




III. Ўзаро ҳуқуқий ёрдам масалалари бўйича

халқаро ҳамкорлик

1-босқич


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги


Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда тергов гуруҳларини тузиш.


Заруратга кўра




2-босқич


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси


Ўзбекистон Республикаси суди томонидан чиқарилган Россия Федерацияси суди ҳукми (қарори)нинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган жиноят содир этиш натижасида олинган мол-мулкни мусодара қилишга оид қисмини тан олиш ва ижро этиш ҳақидаги қарори асосида мусодара қилинган мол-мулкни қайтариш масаласини кўриб чиқиш.


Қарор келиб тушгандан сўнг иш ҳолатидан келиб чиқиб




3-босқич


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги


1. Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги билан мусодара қилинадиган мол-мулкни топиш, мусодара қилиш ва қайтариш харажатларини қоплаш бўйича келишув бўлмаса, ушбу харажатларни қайтарилаётган мол-мулк ҳисобидан қоплаш.


2. Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги билан мусодара қилинган мол-мулкни ёки уни реализация қилишдан тушадиган маблағларни бўлиш борасида шартнома (битим) тузиш ёки ҳар бир иш бўйича алоҳида келишиш.


1. Қарор келиб тушгандан сўнг иш ҳолатидан келиб чиқиб


2. Заруратга кўра




IV. Жиноят содир этиш натижасида олинган ва Ўзбекистон Республикаси

ҳудудидан ташқарига олиб чиқилган мол-мулкни қайтариш

масалалари бўйича халқаро ҳамкорлик

1-босқич


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги


1. Мол-мулкни қайтариш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш учун масъул бўлган шахсни тайинлаш.


2. Мусодара қилинадиган мол-мулкни қидириб топиш ва хатлаш мақсадида махсус ваколатли давлат органи билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш.


Заруратга кўра




2-босқич


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (махсус ваколатли давлат органи)


1. Россия Федерацияси ваколатли органларига мусодара қилинадиган мол-мулкни қидириб топиш ҳақидаги халқаро сўровларни Россия Федерацияси ваколатли органлари билан келишилган ҳолда алоқанинг ҳимояланган электрон каналлари орқали ёхуд "Эгмонт" молиявий разведка бўлинмалари гуруҳининг алоқа каналлари орқали юбориш.


2. Халқаро сўровни қаноатлантириш тўғрисидаги жавоб олинган тақдирда, бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигини дарҳол хабардор қилиш.


1. Россия Федерацияси ваколатли органлари билан келишилгандан сўнг


2. Жавоб олингандан сўнг дарҳол




3-босқич


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги


1. Хабарни олгандан сўнг қонунчиликда белгиланган тартибда тергов ўтказиш ҳақида халқаро сўровни тайёрлаш ва Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигига юбориш.


Хабар олингандан сўнг иш ҳолатидан келиб чиқиб





Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 30 июнь














































Время: 0.1985
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск