ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Тезкор қидирув фаолияти. Жиноятчиликка қарши кураш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.07.2021 й. ПФ-6257-сон "Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

06.07.2021 й.

N ПФ-6257



КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ МУРОСАСИЗ

МУНОСАБАТДА БЎЛИШ МУҲИТИНИ ЯРАТИШ,

ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ БОШҚАРУВИДА КОРРУПЦИЯВИЙ

ОМИЛЛАРНИ КЕСКИН КАМАЙТИРИШ ВА БУНДА

ЖАМОАТЧИЛИК ИШТИРОКИНИ КЕНГАЙТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди.

Илк бор коррупциявий хавфларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш учун масъул бўлган алоҳида орган - Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Давлат ҳокимияти органлари ва йирик хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Рақамли технологиялар имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда транспорт воситаларига давлат рақам белгиларини бериш, нотариат ва бошқа давлат хизматларини кўрсатиш, ер участкаларини ажратиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш каби кўплаб соҳаларда коррупция ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилмоқда.

Шу билан бирга, кўрилаётган тизимли чораларга қарамасдан, бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк кредитларини ажратиш, ишга қабул қилиш каби йўналишларда коррупция ҳолатлари сақланиб қолмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, ушбу жараёнга жамоатчиликни кенг жалб этиш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш мақсадида:


1. Мамлакат ривожланишининг бугунги босқичида коррупция Ўзбекистон давлати ва жамияти тараққиёти учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири эканлиги қайд этилсин.

Коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш барча даражадаги давлат органлари раҳбар ва ходимларининг энг устувор вазифаси этиб белгилансин.

Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик), Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этсин.


2. Кенг жамоатчиликнинг фикри ва таклифларини инобатга олиб, давлат бошқарувини коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш мақсадида:

а) Агентлик томонидан "Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри" (кейинги ўринларда - Реестр) юритилиши таъминлансин;

б) Реестрга киритилган шахсларга қуйидагилар тақиқлансин:

давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши;

сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши;

давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзоси бўлиш;

улар томонидан таъсис этилган ва (ёки) улар иштирокчиси ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиш, шунингдек, давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиш;

давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш.


3. Агентлик Бош прокуратура, Олий суд, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Реестрни ва у билан боғлиқ чекловларни амалиётга жорий этишга қаратилган қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

Белгилансинки, Реестрга мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган қонун кучга кирганидан сўнг коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар киритилади.


4. 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилсин.

Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

давлат хизматчиси томонидан декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва қонунда белгиланган жавобгарликка тортишга асос бўлади;

2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларига республика ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, нақд пул маблағларини сақлаш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади (хорижда ишлаётган давлат хизматчилари ва давлат хизматига киришдан олдин олинган мол-мулк бундан мустасно).

Агентлик Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда давлат хизматига оид қонунчилик ҳужжатлари пакети, шунингдек, декларациялаш тизимини жорий этиш механизмлари, декларация тақдим этиши лозим бўлган давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари тоифасини назарда тутувчи "Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


5. Белгилансинки, қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган лавозимни эгаллаб турган шахснинг бевосита ёки билвосита шахсий манфаати мансаб (хизмат) мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига таъсир кўрсатувчи ёки шундай таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар манфаатлар тўқнашуви ҳисобланади ҳамда бундай вазиятларни ошкор қилиш ва уларнинг олдини олиш бўйича ўз вақтида чора кўрмаганлик ўрнатилган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаради.

Агентликка манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар аниқланганда, шартнома, буйруқ ва бошқа ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида тақдимнома ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш ваколати берилсин.

Адлия вазирлиги Агентлик, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар "Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида"ги қонун, шунингдек, давлат харидлари, солиқ имтиёзлари, ер ажратиш, давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарликни ўрнатишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиб Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


6. Бош прокуратура Агентлик, Олий суд, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритсин:

Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш;

коррупцияга оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш;

даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш;

коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазони ўташда енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар белгилаш.


7. Давлат харидларида рақобатли савдо турларини чекловчи тўғридан-тўғри шартномалар, инвестициявий, давлат-хусусий шериклик, хусусийлаштириш ва бошқа битимларни тузишни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ташаббус билан чиқиш қатъиян тақиқлансин.


8. Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги икки ой муддатда илғор хорижий тажриба асосида давлат молиявий назорат институтларини мақбуллаштириб, уларнинг самарали моделини жорий этиш ва ушбу соҳада парламент назоратини кенгайтириш бўйича таклиф киритсин.


9. Адлия вазирлиги Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар:

барча инспекцияларнинг вазифа ва функциялари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ташкилий тузилмаларини қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш;

бошқа шаклдаги (қўмита, агентлик, хизмат) давлат бошқаруви органларининг назорат соҳасидаги функцияларини мақбуллаштиришни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


10. Маҳаллий бюджет маблағларидан фойдаланишдаги коррупциявий хавф-хатарларни бартараф қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашлари мунтазам равишда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратилган маблағлардан фойдаланилиши устидан назорат ўрнатсин.

Олий Мажлис палаталарига Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши билан биргаликда икки ой муддатда маҳаллий бюджетлар ҳисобидан ташкил этилган вақтинчалик ва махсус жамғармалар маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш тавсия этилсин.


11. Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Агентлик давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан мунтазам равишда назорат олиб борсин ва ҳар чорак якунлари бўйича Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига ахборот киритиб борсин.

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши (Т.Нарбаева) давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини ҳар чоракда танқидий муҳокама қилиб борсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


13. Агентлик бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


14. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул этиб Бош прокурор Н.Т. Йўлдошев, Агентлик директори А.Э. Бурханов ва Давлат хавфсизлик хизмати раиси А.А. Азизов белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Т.К. Нарбаева, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 6 июлдаги

ПФ-6257-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Коррупцияга қарши курашиш бўйича

2021-2022 йилларга мўлжалланган

ДАВЛАТ ДАСТУРИ

Т/р

Чора-тадбир номи


Амалга ошириш механизми


Ижро муддати


Масъул ижрочилар


I. КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ МЕХАНИЗМЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

Давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш ҳамда ходимларнинг касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматлари (меритократия тамойили) асосида хизмат поғоналарида кўтарилиши, давлат хизматчиларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг шаффоф механизмларини жорий этиш ҳамда уларнинг аниқ вазифаларини белгилаш.


"Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонун лойиҳасини хорижий экспертларнинг тавсиялари ва кенг жамоатчилик фикри асосида такомиллаштириш ҳамда уни амалга ошириш бўйича қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари пакетини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2021 йил

1 сентябрь


Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Адлия вазирлиги


2.

Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодексини қабул қилиш.


Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиб, Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан тасдиқлаш.


2021 йил

1 сентябрь


Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги


3.

Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри юритилишини йўлга қўйиш.


Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестрини ва у билан боғлиқ чекловларни амалиётга жорий этишга қаратилган қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш.


2021 йил

1 октябрь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги


4.

Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш.


Ҳар йили йил якуни бўйича барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтингни эълон қилиш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2021 йил

1 сентябрь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги


5.

Давлат органлари фаолиятида коррупциявий хавфларни баҳолаш электрон тизимини яратиш.


Мутасадди вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси билан Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали интеграциялашган Коррупциявий хавфларни баҳолаш электрон тизимини ишга тушириш.


2022 йил

1 январь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги


6.

Давлат хизматчилари, шу жумладан давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизимини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш.


Қуйидагиларни назарда тутувчи "Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

декларация топшириш талаб этиладиган шахслар доираси;

даромадлар ва мол-мулкни мажбурий декларация қилиш тизимининг ҳар бир босқичини жорий этиш механизмлари;

декларацияларни мониторинг қилиш ва натижаларини эълон қилиб бориш тартиби;

декларацияни тақдим этишдан бош тортганлик ва қасддан нотўғри маълумотларни киритганлик учун жавобгарлик белгилаш.


2021 йил

1 сентябрь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


7.

Даромад ва мол-мулк декларациялари бўйича маълумотлар базасини юритишни йўлга қўйиш.

Даромад ва мол-мулк декларациялари бўйича маълумотлар базасини шакллантириш, уларни қайта ишлаш ва текширишнинг электрон ахборот тизимини яратиш.

2021 йил

1 декабрь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги

Ушбу ахборот тизимини солиқ, божхона, давлат кадастри ва бошқа тегишли органларнинг маълумотлар базалари билан интеграция қилиш.


2022 йил

якунига

қадар


8.

"Коррупциядан холи қонунчилик" тамойили асосида қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш.


Коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишнинг янгиланган тартиби  илмий ва мустақил экспертизадан ўтказишни жорий этиш, давлат органлари ва ташкилотларининг масъуллигини ошириш, коррупцияга қарши экспертиза бўйича иш режалари ва аниқланган коррупциявий нормаларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжати лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2021 йил

1 сентябрь


Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура


9.

Давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида давлат органлари томонидан функцияларидаги коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва аниқланган хавф-хатарларни минималлаштириш бўйича самарали чораларни белгилаш.


Давлат органлари фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш методикасини тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш.


2021 йил

1 декабрь


Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура


10.

Вазирлик ва идоралар таркибидаги назорат органлари (инспекциялар) фаолиятини такомиллаштириш.


Барча инспекцияларнинг вазифа ва функциялари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ташкилий тузилмаларини қайта кўриб чиқиб, уларни такомиллаштиришни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2021 йил

1 ноябрь


Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, манфаатдор вазирлик ва идоралар


11.

Давлат молиявий назорат институтларини такомиллаштириш.


Илғор хорижий тажриба асосида давлат молиявий назорат институтларини мақбуллаштириб, уларнинг самарали моделини жорий этиш ва ушбу соҳада парламент назоратини кенгайтириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш.


2021 йил

1 сентябрь


Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги


12.

Қурилиш объектларида назорат ўлчовини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш.


Давлат молиявий назорати департаменти таркибида Қурилиш объектларида назорат ўлчовини амалга ошириш бўлинмасини ташкил этиш, шунингдек, давлат назорат-тафтиш идоралари, оператив-қидирув фаолияти субъектлари ва тергов-суриштирув идоралари сўровига мувофиқ, қонунчиликда белгиланган асосларда ўтказиладиган назорат ўлчови ушбу бўлинма томонидан бепул амалга оширилишини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарорини ишлаб чиқиш.


2021 йил

1 октябрь


Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги


13.

Давлат иштирокидаги корхоналарда молиявий натижадорликка эришиш ва давлат мулкидан самарали фойдаланиш устидан таъсирчан назорат тизимини йўлга қўйиш.


Давлат активларини бошқариш агентлигининг давлат иштирокидаги корхоналарда молиявий натижадорлик ва давлат мулкидан фойдаланиш ҳолати юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳисобот бериб бориш амалиётини жорий этиш.


ҳар йил

якуни бўйича


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги


14.

Давлат хизматида суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш.


Давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар билан ишлаш, хўжалик ишлари, молия-иқтисод бўлинмалари ва назорат функциясига эга тузилмалар раҳбарларини муайян муддатда ротация қилиш ҳамда суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш бўйича қўшимча механизмларни жорий этиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш. Бунда ротация қилинган ходимларнинг кўчиб ўтиш ва уй-жой олиш (ижарага олиш) билан боғлиқ харажатларини қоплаш механизмларини назарда тутиш.


2021 йил

1 сентябрь

Адлия вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги


15.

Давлат хизматчиларининг хизмат сафарлари мобайнида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш.


Республика ҳудудларига юбориладиган давлат орган ва ташкилотлари ходимларининг хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни танқидий таҳлил қилиш ҳамда белгиланган меъёрларни ҳақиқий харажатларга мувофиқлаштиришни назарда тутувчи таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2021 йил

1 октябрь


Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги


16.

Йўл қурилиши ва эксплуатацияси соҳасига шаффофлик стандартларини жорий қилиш.


Автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотларни ўз ичига оладиган "SHAFFOF YO`L" онлайн ахборот платформасини ишга тушириш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Лойиҳада платформада автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш объектларининг интерактив онлайн-харитасини ишлаб чиқиш ҳамда унда кейинги йилда қуриладиган ва таъмирланадиган йўл участкаларини аниқлаш ва уларни харитага жойлаш ҳамда буни жамоатчиликка тақдим этиш амалиётини назарда тутиш.


2022 йил

1 январь


Адлия вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


17.

Давлат бюджети ҳамда шунингдек, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш.


Давлат бюджети, шунингдек, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар, шу жумладан истиқболли инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари бўйича уларнинг якуний техник-иқтисодий асосини ва бошқа лойиҳа ҳужжатларини очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар сифатида белгилаш.


2021 йил

1 декабрь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


18.

Банкларда жисмоний шахсларга кредит ажратишда мижозни идентификация қилишнинг замонавий тизимини жорий этиш.


Давлат персоналлаштириш маркази билан интеграция қилган ҳолда банк тизимида жисмоний шахсларга кредит ажратилишида мижознинг биометрик белгилари (бармоқ изи ёки юздан)ни текшириш орқали идентификация қилиш тизимини жорий этиш бўйича ташкилий чораларни кўриш.


2021 йил

1 сентябрь


Марказий банк, Давлат персоналлаштириш маркази, Ахборот технологиялари вазирлиги


II. ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ СОҲАСИДА КОРРУПЦИЯВИЙ ХАВФ-ХАТАРЛАРНИ

КАМАЙТИРИШ ВА МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

19.

Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш.


"Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида"ги қонун, шунингдек, давлат харидлари, солиқ имтиёзлари, ер ажратиш, давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарликни ўрнатишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2022 йил

1 январь


Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Бош прокуратура


20.

Давлат харидлари соҳасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш.


Жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) бўйича электрон маълумотлар базаси билан давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталининг маълумотлар алмашинувини таъминлаш орқали манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ хавфларни аниқлаш имконини берувчи электрон тизимни жорий қилиш.


2022 йил

1 январь


Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги


21.

Давлат харидлари соҳасида очиқликни таъминлаш.


Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали маълумотлари асосида давлат буюртмачиларининг давлат харидлари жараёнлари мониторингини юритиш ва унинг натижалари бўйича ҳар ойлик маълумотларни кейинги ойнинг 15 санасига қадар расмий веб-сайтда очиқ эълон қилиб бориш.

белгиланган

муддатда


Молия вазирлиги


Эълон қилиб борадиган ҳар ойлик маълумотларни батафсил ўрганган ҳолда кейинги ойнинг 30 санасига қадар манфаатлар тўқнашуви ёки коррупция аломатлари мавжудлиги тўғрисида хулосани веб-сайтларда эълон қилиб бориш.


белгиланган

муддатда

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги


22.

Охирги бенефициарга оид маълумотларни олиш тартибини такомиллаштириш.


Бенефициарлар реестрини юритиш амалиётини йўлга қўйиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2021 йил

1 ноябрь


Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ҳисоб палатаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Марказий банк


23.

Давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида шикоятларни электрон шаклда тақдим қилиш имкониятини яратиш.


Давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида мурожаатларни электрон шаклда тақдим қилиш имконини берувчи саҳифа яратиш ва шикоятларни тўғридан-тўғри Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга юбориш механизмларини жорий этиш.


2022 йил

1 январь


Молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


24.

Давлат харидлари амалга ошириладиган махсус ахборот порталида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ бўлган хавфларни олдини олиш тизимини такомиллаштириш.


Давлат харидлари амалга ошириладиган махсус ахборот порталида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ бўлган хавфларнинг олдини олиш бўйича қуйидаги маълумотларни қайта ишлашга мўлжалланган автоматлаштирилган тизимни жорий қилиш юзасидан таклифлар киритиш:

қатнашчининг давлат харидларидаги иштироки тарихи (маҳсулот, хизмат етказиб берувчининг илгари иштирок этган танловлари, бажарган ишлари);

қатнашчининг бенефициарлари ҳақидаги маълумотлар;

буюртмачи ва иштирокчи ўртасидаги эҳтимолий боғлиқликлар (қариндошлик, бирга таълим олганлик, меҳнат фаолияти ёки бизнес алоқалари ва бошқалар ҳақидаги маълумотлар).

Автоматлаштирилган тизим орқали манфаатлар тўқнашуви аниқланган ҳолларда автоматик равишда давлат хариди жараёнида битимга даъвогарнинг иштирокини чеклаш юзасидан таклифлар тайёрлаш.


2021 йил

1 декабрь

Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги


25.

Қонунчиликка давлат хизматига қабул қилиш ва унда фаолият олиб боришда қариндош-уруғчилик ва бошқа суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга қаратилган нормаларни киритиш.


Меҳнат кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2021 йил

1 декабрь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги


III. КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТУЗИЛМАЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

26.

Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари самарали фаолиятини ташкил этиш.


Барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалий чораларни кўриш.


2021 йил

1 октябрь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


27.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.


Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни Миллий кенгаш томонидан тасдиқлаш.


2021 йил

1 декабрь


Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги


28.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик чораларини белгилаш.


Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилган ва (ёки) қонуний талабларини бажармаган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.


2022 йил

1 февраль


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги


29.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида илмий тадқиқотлар, ижтимоий сўровлар ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш.


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида олимлар, илмий-академик доира вакилларидан иборат Экспертлар гуруҳининг фаолиятини ташкил қилиш.


2021 йил

1 октябрь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Молия вазирлиги


30.

Коррупциянинг олдини олиш ва унинг фуқаролик-ҳуқуқий оқибатларини бартараф этишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш.


Коррупцияга қарши курашиш агентлигига манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар аниқланганда, шартнома, буйруқ ва бошқа ҳужжат амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида тақдимнома киритиш ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш ваколатини беришни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжати лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2021 йил

1 сентябрь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура


IV. КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО

СТАНДАРТЛАРНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ ВА ХАЛҚАРО

ҲАМКОРЛИКНИ КУЧАЙТИРИШ

31.

Коррупцияга қарши қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси айрим нормаларини имплементация қилиш.


Қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиш:

Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш;

коррупцияга оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кучайтириш;

даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш;

коррупцияга оид жиноят содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазони ўташда енгиллаштирувчи нормаларни қўллашга чеклов белгилаш.


2021 йил

1 октябрь

Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Олий суд, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги


32.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун коррупцияга қарши курашиш тармоғининг Истанбул ҳаракатлар режаси доирасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш.

Тўртинчи раунд натижалари бўйича Ўзбекистонга берилган тавсияларни таҳлил қилиб, уларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш.

2021 йил

1 сентябрь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, вазирлик ва идоралар

Масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган режанинг амалга оширилишини ҳар чоракда мониторинг қилиш.

ИҲТТнинг Истанбул ҳаракатлар режаси ялпи мажлисида Ўзбекистон вакилларининг ҳисоботлар билан иштирок этишини таъминлаш.

2021-2022 йилларда бешинчи раунд мониторинги амалга оширилиши бўйича амалий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш.


2021-2022

йиллар

давомида


33.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш.


Европа Иттифоқи доирасидаги Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатлар гуруҳи (GRECO), Коррупцияга қарши курашиш идоралари халқаро ассоциацияси (IААСА) ташкилотларига аъзолик масалаларини кўриб чиқиш, шунингдек, хорижий давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш идоралари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш чораларини кўриш.


2021 йил

1 август


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги


V. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИ ОЧИҚЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ,

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА ТАРҒИБОТ-ТАШВИҚОТ

ИШЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

34.

Коррупция давлат ва жамият тараққиёти учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири эканлигини аҳоли ва давлат хизматчилари онгига сингдириш.

Давлат органлари матбут хизматлари томонидан аҳоли ва давлат хизматчилари ўртасида:

коррупцияга қарши курашиш асослари ва бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни белгиловчи норматив-ҳуқуқий асослар билан таништириш ишларини олиб бориш;

коррупциянинг жамият ва давлат учун ижтимоий хавфли хусусиятлари ва оқибатларини кенг тарғиб қилиш;

давлат фуқаролик хизмати нуфузини ошириш бўйича комплекс чора тадбирларни амалга ошириш.


Доимий

Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура


35.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида таҳлил ва илмий изланишлар сифати ва натижадорлигини тубдан ошириш.


Хорижий ва миллий ҳамкорлар кўмагида ва нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб қилган ҳолда Тошкент давлат юридик университетида коррупцияга қарши курашиш муаммоларини тадқиқ қилиш бўйича марказ фаолиятини ташкил этиш юзасидан таклифларни киритиш.


2021 йил

1 октябрь


Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура


36.

Коррупцияга оид жиноятлар бўйича кўрилган суд ишлари тўғрисидаги статистик маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш.


"Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика" ягона ахборот тизими доирасида давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари томонидан содир этилган коррупцияга оид жиноятлар ҳақидаги статистик маълумотлар ҳамда ҳукм қонуний кучга кирган жиноят ишларининг соҳалар ва ҳудудлар кесимидаги электрон базасини шакллантириш.


2021 йил

1 сентябрь


Ички ишлар вазирлиги, Олий суд, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура


37.

Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни доирасида кенг кўламли Антикоррупция ҳафталигини ўтказиш.


Медиа-режа ишлаб чиқиш ва унинг самарали амалга оширилишини ташкил этиш.


ҳар йили

ноябрь-

декабрь

ойларида


Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги


38.

Давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги билимларини доимий ошириб бориш амалиётини йўлга қўйиш.


Давлат бошқаруви академияси ва унинг филиаллари негизида "ҳалоллик вакцинаси" тамойили асосида давлат хизматчиларини коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидалари бўйича махсус ўқув курсларда мунтазам равишда ўқитиш тизимини жорий этиш.


2022 йил

1 январь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Давлат бошқаруви академияси, Бош прокуратура Академияси


39.

Фуқаролар томонидан коррупция ҳолатлари ҳақида тезкор хабар бериш имкониятини кенгайтириш.


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида фуқароларнинг коррупция ҳақида тезкор хабар бериш имконини берувчи туну-кун фаолият юритадиган "Call-марказ" ишга тушириш.


2021 йил

1 сентябрь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Молия вазирлиги


40.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка тизимли равишда етказиб бориш.


Ҳар ой ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этиладиган "Uzbekistan Anti-Corruption Digest" онлайн журналини таъсис этиш.


2021 йил

1 сентябрь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги


41.

Коррупцияга қарши муросасиз курашиш борасидаги ишларни жамоатчиликка етказиб бориш амалиётини йўлга қўйиш.


ОАВ ва ижтимоий тармоқларда турли форматлардаги эшиттириш, кўрсатув, мақолалар ва бошқа ахборот материалларини эълон қилиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш.


2021 йил

1 сентябрь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Миллий телерадиокомпания


42.

Аҳолини "Очиқ бюджет" ва "Е-anticor.uz" платформалари билан таништиришга қаратилган кенг кўламли тарғибот тадбирларини амалга ошириш.


Теле ва радиоканалларда турли форматлардаги ижтимоий роликлар ва эшиттиришларни тайёрлаш ва намойиш этиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш.


2021 йил

1 сентябрь


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Молия вазирлиги, Миллий телерадиокомпания


43.

Таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бўйича тизимли ва манзилли тадбирларни амалга ошириш.


Ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқлаш.


2021 йил

1 август


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура


44.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ОАВ билан самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш.


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан коррупцияга оид хабарларни кўриб чиқиш ва жамоатчиликка маълумот бериш тартиби ва муддатларини аниқ белгилаш.


2021 йил

1 август


Коррупцияга қаршиш курашиш агентлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги


         





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 6 июлдаги

ПФ-6257-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 сентябрдаги "2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПФ-5544-сон Фармонига 3-илованинг 4-2-позициясида:


а) "Асосий масъул орган" графасидаги "Бош прокуратура" сўзлари "Коррупцияга қарши курашиш агентлиги" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) "Турдош давлат органлари" графасидаги "Адлия вазирлиги" сўзлари "Бош прокуратура, Адлия вазирлиги" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида" ПФ-5635-сон Фармонига 3-иловада:


а) 2.1-позициянинг "Коррупция даражаси" индикаторида "Масъул давлат органлари" графасидаги "Бош прокуратура (Н. Йўлдошев)" сўзлари "Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (А. Бурханов)" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 5.2, 6 ва 17.6-позицияларнинг "Масъул давлат органлари" графасидаги "Бош прокуратура (Н. Йўлдошев)" сўзлари "Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (А. Бурханов)" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ПФ-5729-сон Фармонида:


а) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"1. 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури (кейинги ўринларда - Давлат дастури) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар Давлат дастурининг ҳар бир банди бўйича мақсадларга эришишда самарадорлик индикаторларини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши билан келишиб олсин";


б) 5-банднинг "а" кичик бандида:

тўртинчи хатбошидаги "Идоралараро комиссия" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши (кейинги ўринларда - Миллий кенгаш)" сўзлари билан алмаштирилсин;

бешинчи хатбошидаги "Идоралараро комиссияга" сўзлари "Миллий кенгашга" сўзлари билан алмаштирилсин;


в) 8-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Миллий кенгаш (Т.К. Нарбаева):";


г) 9-банддаги "Идоралараро комиссияга" сўзлари "Миллий кенгашга" сўзлари билан алмаштирилсин;


д) 2-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


е) 3-илова қуйидаги мазмундаги 3-1-банд билан тўлдирилсин:

"

3-1. А.Э. Бурханов

-

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори

".

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 июндаги "Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида"ги ПФ-6003-сон Фармонида:


а) 1-илова қуйидаги мазмундаги 30-1-банд билан тўлдирилсин:

"

30-1. А.Э. Бурханов

-

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори

";

б) 3-илова 3.6, 5 ва 11.2-позицияларининг "Масъул давлат органлари" графасидаги "Бош прокуратура (Н. Йўлдошев)" сўзлари "Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (А. Бурханов)" сўзлари билан алмаштирилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2833-сон қарори 4-бандининг тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги "Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4464-сон қарорига 1-илованинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"А.Э. Бурханов - Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори, Комиссия раиси".






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 6июлдаги

ПФ-6257-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз кучини

йўқотган деб эътироф этилаётган айрим ҳужжатлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги ПФ-5111-сон Фармонига 1-илованинг 19-банди.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги ПФ-5191-сон Фармонига илованинг 11-банди.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги ПФ-5456-сон Фармонига 1-илованинг 46-банди.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги ПФ-5547-сон Фармонига 1-илованинг 12-банди.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги ПФ-5769-сон Фармонига илова 1-бандининг "а" кичик банди.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги ПФ-5870-сон Фармонига 1-илованинг 17-банди.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги ПФ-5892-сон Фармонига 1-илованинг 33-банди.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2752-сон қарори.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 7 июль

















































Время: 0.1783
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск