ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар / Товар ва хом ашё биржасидаги операциялар ва ҳисоб-китоблар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.12.2021 й. 777-сон "Товар-хом ашё биржаларида фьючерс савдоларини жорий қилиш ҳамда маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматларининг электрон логистика савдо порталини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.12.2021 й.

N 777



ТОВАР-ХОМ АШЁ БИРЖАЛАРИДА

ФЬЮЧЕРС САВДОЛАРИНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ

ҲАМДА МАҲСУЛОТЛАРНИ АВТОТРАНСПОРТДА

ТАШИШ ХИЗМАТЛАРИНИНГ ЭЛЕКТРОН ЛОГИСТИКА

САВДО ПОРТАЛИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 14 сентябрдаги ПФ-6313-сон Фармони ҳамда "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сон қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, биржа савдоларига янги савдо инструментларини, шу жумладан, товар деривативларини босқичма-босқич жорий қилиш ҳамда маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматларининг тўлиқ рақамлашган шаффоф навбат тамойилига асосланган электрон логистика савдо порталини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки:

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ (кейинги ўринларда - ЎзРТХБ) билан биргаликда биржа савдоларида деривативларни, шу жумладан, фьючерс савдолари дастурий таъминотини жорий қилиш бўйича илғор хорижий компаниялар билан келишувга эришилган;

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ЎзРТХБ билан биргаликда маҳсулотларни етказиб бериш жараёнида тўлиқ рақамлашган шаффоф навбат тизимини назарда тутувчи юк ташувчилар ўртасида рақобатни таъминлайдиган электрон логистика савдо портали яратилиб, 2021 йил 1 сентябрдан ишга туширилган.


2. Қуйидагилар тасдиқлансин:

а) қуйидаги асосий устувор йўналишларни назарда тутувчи товар-хом ашё биржаларида фьючерс савдоларини ўтказиш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ:

фьючерс савдоларини ўтказиш, товарларнинг бозор нархи шаклланишини таъминлаш ҳамда томонлар ўртасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

фьючерс савдоларида иштирок этиш бўйича биржа аъзолари ва уларнинг трейдерларига қўйиладиган талабларни белгилаш;

мижоз ва биржа аъзоси ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, фьючерс шартномалари бўйича клирингни амалга ошириш ва шартномаларнинг ижросини таъминлаш;

фьючерс шартномаларини тузиш ва ижроси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилиш;

ваколатли орган томонидан фьючерс савдолари жараёнида нарх манипуляциясига йўл қўймаслик, фьючерс савдолари иштирокчилари устидан назоратни амалга ошириш, қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолатларда биржа аъзоларига нисбатан чоралар кўриш;

б) қуйидаги асосий устувор йўналишларни назарда тутувчи автотранспортда юк ташиш хизматлари бўйича электрон логистика савдо портали фаолияти тўғрисида низом 2-иловага мувофиқ:

электрон логистика савдо порталида буюртмачилар ва юк ташувчиларни рўйхатдан ўтказиш;

юк ташиш бўйича шартномалар тузишни савдоларнинг шаффоф ва рақобат тамойилларига асосланган ҳолда электрон рақамли имзо орқали амалга ошириш;

савдолар жараёни ва нархлар манипуляциясини назорат қилиш ҳамда автотранспорт воситаларида юк ташишларни мониторинг ва таҳлил қилиш бўйича тегишли давлат органлари билан ахборот алмашинувини йўлга қўйиш;

тузилган шартномалар бўйича ҳисоб-китобларни олдиндан закалат тўловларини киритган ва шартнома мажбуриятларини бажариш кафолатларини таъминлаган ҳолда ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали амалга ошириш;

шартнома шартлари бўйича томонларнинг мажбуриятларини белгилаш;

инсофсиз юк ташувчиларни аниқлаш, уларга нисбатан чоралар кўриш ва электрон логистика порталидан четлатишни тартибга солиш.


3. Белгилансинки:

2022 йил 1 январдан бошлаб ЎзРТХБда фьючерс савдолари йўлга қўйилади;

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси товар-хом ашё биржаларида товар деривативларини, шу жумладан, фьючерс савдоларини тартибга солиш соҳасида ваколатли орган ҳисобланади.


4. ЎзРТХБга:

фьючерс савдоларини ўтказиш қоидаларини ҳамда фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартибини ишлаб чиқиш ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишган ҳолда тасдиқлаш, шунингдек, фьючерс савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ўқув дастурини ишлаб чиқиш, биржа аъзолари ва уларнинг мижозлари учун савдоларни ўтказиш бўйича доимий ўқув курсларини ташкил этиш тавсия этилсин;

биржа савдоларида хорижий компаниялар иштирокини кенгайтириш мақсадида норезидент сотувчи ва харидорларнинг биржа шартномаси бўйича тўлови, воситачилик йиғими ҳамда томонларнинг закалати билан боғлиқ биржа савдо операцияларини амалга ошириш учун чет элдаги хорижий банкларда банк ҳисобварақлари очишга рухсат берилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги республикада фьючерс савдоларини оммалаштириш ва янада рағбатлантириш мақсадида, товар-хом ашё биржалари аъзолари томонидан амалга оширилган фьючерс операциялари қийматидан келиб чиқиб, мос равишда уларнинг солиқ базасини камайтириш бўйича тегишли қонун лойиҳасини уч ой муддатда ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ЎзРТХБ билан биргаликда икки ой муддатда монопол ташкилотлар ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари томонидан экспортга сотилаётган маҳсулотлар бўйича халқаро юк ташиш хизматларини ўрганган ҳолда савдоларни электрон логистика савдо портали орқали амалга ошириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси товар-хом ашё биржалари билан биргаликда биржа савдолари қоидаларининг ушбу қарор талабларига мувофиқлаштирилишини таъминласин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                        А. Арипов




Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 27 декабрдаги

777-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 январдаги 33-сон қарори билан тасдиқланган Товар-хом ашё биржаларида ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш қоидаларининг:


а) 20, 38 ва 40-бандларидагиҲР" сўзи "ЕБҲР" сўзи билан алмаштирилсин;


б) 41-бандга қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши қўшилсин:

"Бунда тузилган битимларни ёпиш орқали биржа нархларининг сунъий равишда кескин кўтарилиши ёки тушиши, қатъий белгиланиши ёки бир даражада ушлаб турилиши, шунингдек, бошқа иштирокчиларнинг маҳсулотни харид қилиш имконияти чекланиш ҳолатлари ваколатли орган томонидан кўриб чиқилади."


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 майдаги 402-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси тўғрисидаги низомда:


а) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2. Монополияга қарши курашиш қўмитаси монополияга қарши курашишни тартибга солиш, рақобат муҳитини ривожлантириш, табиий монополия субъектлари фаолиятини назорат қилиш ва товар-хом ашё биржаларини лицензиялаш ҳамда товар-хом ашё биржаларида товар деривативлари савдолари, шу жумладан, фьючерс савдоларини тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви органи ҳисобланади";


б) 10-бандга қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши қўшилсин:

"товар-хом ашё биржаларида товар деривативлари савдолари, шу жумладан, фьючерс савдоларини тартибга солиш";


в) 11-бандга қуйидаги мазмундаги "ж" кичик банд қўшилсин:

"ж) товар-хом ашё биржаларида товар деривативлари савдолари, шу жумладан, фьючерс савдоларини тартибга солиш соҳасида:

товар-хом ашё биржалари томонидан ишлаб чиқиладиган ва биржанинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган фьючерс савдоларини ўтказиш қоидаларини ҳамда фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартибини келишади;

товар деривативлари савдолари, шу жумладан, фьючерс савдолари ўтказилишини назорат қилади";


г) 12-бандга қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи хатбоши қўшилсин:

"товар-хом ашё биржаларида товар деривативлари савдоларини, шу жумладан, фьючерс савдоларини тартибга солиш";


д) 13-бандга қуйидаги мазмундаги ўттиз тўққизинчи ва қирқинчи хатбошилар қўшилсин:

"товар-хом ашё биржалари томонидан ишлаб чиқиладиган ва биржанинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган фьючерс савдоларини ўтказиш қоидалари ҳамда фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартибини келишади;

товар деривативлари савдолари, шу жумладан, фьючерс савдоларининг ўтказилишини назорат қилади";

ўттиз тўққизинчи хатбоши қирқ биринчи хатбоши деб ҳисоблансин;


е) 16-бандга қуйидаги мазмундаги йигирма олтинчи ва йигирма еттинчи хатбошилар қўшилсин:

"товар деривативлари савдоларига, шу жумладан, фьючерс савдолари жараёнида нарх манипуляцияларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича товар-хом ашё биржаларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

товар деривативлари савдолари, шу жумладан фьючерс савдоларига оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этмаган ҳамда савдолар жараёнида нарх манипуляцияларига йўл қўйган иштирокчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш";

йигирма олтинчи хатбоши йигирма саккизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


ж) 23-бандга қуйидаги мазмундаги йигирма биринчи ва йигирма иккинчи хатбошилар қўшилсин:

"товар деривативлари савдолари, шу жумладан, фьючерс савдолари жараёнида нарх манипуляцияларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича товар-хом ашё биржаларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

товар деривативлари савдолари, шу жумладан, фьючерс савдоларига оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этмаган ҳамда савдолар жараёнида нарх манипуляцияларига йўл қўйган иштирокчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш";

йигирма биринчи хатбоши йигирма учинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


3. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сон қарори билан тасдиқланган Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисидаги низомда:


а) Низомнинг номидаги "ва" сўзи "ва (ёки)" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"1. Мазкур Низом биржа савдоларида монополист корхоналар, устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ёки устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар ҳамда қонунчиликда юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни биржа орқали сотиш назарда тутилган ташкилотлар томонидан ички бозорда ва экспортга бозор тамойиллари асосида юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартибини белгилайди";


в) 2-бандда:

учинчи хатбошидагиқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулот" сўзлари "юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулот" сўзлари билан алмаштирилсин;

бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"сотувчи - қонунчилик ҳужжатларида юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни биржа орқали сотиши назарда тутилган ташкилотлар";


г) 4-бандга "прогнозлар кўрсаткичларига мувофиқ" сўзларидан кейин "ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмларидан келиб чиққан ҳолда" сўзлари қўшилсин;


д) 5-бандда:

биринчи ва иккинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда бошқа масъул вазирликлар йириклаштирилган моддий балансларни, шунингдек, уларнинг бажарилиши бўйича ойлик ва чораклик графиклардан кўчирмаларни улар тасдиқланган кундан бошлаб бир иш кунида монополияга қарши курашиш органига юборади.

Сотувчилар савдо кунлари бўйича тенг қўйишни ҳисобга олган ҳолда, юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига йириклаштирилган моддий баланслар ва прогнозлар асосида ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмларидан келиб чиққан ҳолда, қўйиш жадвалларини мустақил ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда уларни биржа расмий веб-сайтида келгуси ой бошланишидан уч кун олдин жойлаштиради, шунингдек, монополияга қарши курашиш органига тақдим этади";

тўртинчи хатбошидаги "тузатишлар киритиш ҳақидаги кўрсатмаларининг бажарилмаслиги" сўзларидан кейин "ҳамда маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадвалларини белгиланган муддатда Қўмитага тақдим этмаслик" сўзлари қўшилсин.

қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши қўшилсин:

"Монополист ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар ҳар ойлик юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни юклаш графигини кунларга тақсимлаган ҳолда, биржа расмий веб-сайтида келгуси ой бошланишидан уч кун олдин жойлаштиради, шунингдек, монополияга қарши курашиш органига тақдим этади";


е) 7-банднинг биринчи хатбошидаги "БСЭТда автоматик режимда ёки маҳсулотни биржа орқали сотиш бўйича шартлар ўзгарган тақдирда" сўзлари чиқариб ташлансин;


ж) 16-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"16. ҲКП харидорлар томонидан тўловлар амалга оширилган битимлар рўйхатини сотувчига юборади. Юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни юклаб жўнатиш куни шартномада белгиланган муддатлар доирасида амалга оширилган тўловларнинг тартибига кўра харидор томонидан шахсий кабинет орқали аниқланади";


з) 19-банднинг бешинчи хатбошига "шартнома бўйича юклаб жўнатиш даври" сўзларидан кейин "(юклаб бериш ойи)" сўзлари қўшилсин.


и) 20-банддаги "фоизигача" сўзи "фоиздан кам бўлмаган" сўзлари билан алмаштирилсин;


л) 21-бандга қуйидаги мазмундаги иккинчи - тўртинчи хатбошилар қўшилсин:

"Бунда тўлов муддати 15 иш кунидан кам бўлмаслиги шарт.

Харидор томонидан тўлов белгиланган муддатдан олдин амалга оширилиши мумкин.

Сотувчи форвард шартномаси бўйича тўлиқ тўловни қабул қилгандан сўнг тўлов санаси ҳақида биржани бир иш куни ичида хабардор қилади";


м) қуйидаги мазмундаги 21-1-банд қўшилсин:

"21-1. Сотувчи томонидан тузилган шартнома бўйича маҳсулотни юклаб бериш мажбурияти асоссиз бажарилмаганда, шартнома бўйича киритилган аванс суммасидан ташқари ҳар бир кечиктирилган кун учун шартнома қийматининг 0,1 фоизи миқдорида пеня тўланади.

Бунда пеня шартнома бўйича харидор томонидан тўлов мажбуриятлари тўлиқ бажарилган кундан бошлаб, сотувчи томонидан етказиб берилмаган маҳсулот тўлиқ ҳажмда етказиб берилгунга қадар ёки бунинг имконияти мавжуд бўлмаса, шартнома қиймати тўлиқ қайтариб берилгунига қадар ҳар бир кун учун ҳисобланади";


н) 22-бандга қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошилари қўшилсин:

"Сотувчи томонидан форвард шартномаси бўйича маҳсулот бир ойдан кам бўлмаган муддатда етказиб берилади.

Бунда сотувчи томонидан маҳсулотни тўлиқ юклаб жўнатишда расмийлаштирилган ҳисобварақ ва (ёки) юк хатининг санаси шартнома тузилган кундан бошлаб бир ойдан кам бўлмаслиги шарт".


о) 30-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"30. Биржа нархларининг ўтган савдоларга нисбатан кескин ошиши, талаб ёки таклифнинг жиддий номутаносиблиги кузатилган тақдирда, монополияга қарши курашиш органи нархларнинг ошиш сабабларини ва манипуляция аломатлари мавжудлигини ўрганади";


п) қуйидаги мазмундаги 31-1-банд қўшилсин:

"31-1. Биржа иштирокчилари қуйидаги қасддан қилинган ҳар қандай ҳаракатлари манипуляция деб ҳисобланади ва уларни амалга ошириш тақиқланади:

биржада сотилаётган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотнинг нархига, талабига, таклифига ва уни етказиб бериш шартларига сунъий равишда таъсир этиш, шу жумладан, олдиндан келишиш ва тил бириктиришлар орқали асоссиз фойда олиш, муайян иштирокчиларга савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш, шунингдек, ахборотдан фойдаланиш орқали бошқа иштирокчиларга маҳсулотни сотиб олиш имкониятини чеклаш, биржа нархларининг кескин кўтарилиши, қатъий белгиланиши ёки бир даражада ушлаб туриш;

Интернет, ОАВ ва бошқа коммуникация каналларида, шу жумладан ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ёлғон маълумотлар тарқатиш;

биржа шартномаси бўйича йирик, яъни барча харидорларга савдоларда тенг қатнашиш имкониятини чеклайдиган лотлар белгилаш;

бир хил маҳсулотлар сотувчилари томонидан белгиланган шартлардан сезиларли даражада фарқ қиладиган асоссиз тўлов ва етказиб бериш муддатлари ҳамда алоҳида шартлар киритиш;

биржа расмий веб-сайтига савдога қўйиш жадвалларини жойлаштирмаслик;

биржа шартномаларида иштирокчилар сонини чегараловчи алоҳида шартларни кўрсатиш;

маҳсулотларни савдога қўйиш жадвалларида уларнинг ҳажмларини форвард ва спот шартномалари бўйича асоссиз равишда номувофиқ қўйиш;

форвард шартномаси бўйича маҳсулотни бир ойдан кам бўлган муддатда юклаб жўнатиш;

савдога қўйиш жадвалларида белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда маҳсулотларни савдога қўйиш;

савдо жараёнида муайян биржа иштирокчиси томонидан бошқа иштирокчилар нарх таклифига нисбатан ноодатий равишда тафовути йирик бўлган нарх таклифини бериш ва бунинг натижасида савдолар тугагунга қадар буюртмани ўчириш ёки тузилган битимни асоссиз равишда жаримани тўламаган ҳолда бекор қилиш;

маҳсулотларни савдога қўйиш жадвалларига нисбатан номувофиқ қўйиш;

қонунчилик ҳужжатларига асосан нархлари тартибга солинадиган маҳсулотларнинг бошланғич нархлари шакллантиришда белгиланган тартибларга риоя қилмаслик;

бошланғич нархларни белгилашда монопол юқори нарх қўллаш;

биржа шартномаси бўйича бекор қилинган муайян харидор иштирокидаги битим нархининг ушбу биржа шартномаси бўйича айнан ўша харидор иштирокида кейинги икки амалга ошган савдодаги битимларининг минимал нархларидан пастлиги;

юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларнинг биржа савдосида сотилмай қолган қисмини тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш орқали маҳсулотларни савдоларга қўйиш ҳажмларини қисқартириш;

юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларни тегишли жадвалларда назарда тутилган муддатларда ва ҳажмларда савдога қўймаслик;

юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш;

маҳсулотларни муқобил транспорт турида юклаб жўнатиш имконияти бўла туриб, асоссиз равишда муайян транспорт тури орқали юклаб жўнатиш кўзда тутилган шартномалар бўйича қўйиш;

биржада тузилган битим ва шартномаларни асоссиз ёки мунтазам равишда жарималар қўлланмасдан бекор қилиш;

маҳсулотни юклаб жўнатиш навбати бўйича кетма-кетликка амал қилмаслик.";


р) 32-банддаги "ўрганиш натижалари бўйича нархлар" сўзлари "ўрганиш натижалари бўйича манипуляция ва нархларни" сўзлари билан алмаштирилсин;


с) қуйидаги мазмундаги 32-1-банд қўшилсин:

"32-1. Биржа савдоларидан четлатилган ҳажмларда маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича, шу жумладан, экспортга сотиш ҳолатлари аниқланганда, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотилган ҳажмни сотиш нархи билан биржа савдоларининг бошланғич нархи, олдин биржа савдоларида сотилмаган ҳолларда эса бир хил турдаги маҳсулот бўйича ўртача ҳисобланган биржа котировкалари (нарх) ўртасидаги тафовутга кўпайтириш орқали ҳисобланган маблағлар олиб қўйилади.

Маҳсулотларни тегишли жадвалларда назарда тутилган муддатлар ва ҳажмларда қўйилмаган тақдирда сотувчидан маҳсулотни биржа савдосига қўйишнинг охирги санасида шаклланган биржа нархи билан унинг иштирокидаги олдинги савдолар биржа нархи ўртасидаги тафовут, сотувчи томонидан савдоларга қўйилмаган товарнинг ҳажмига кўпайтирилган маблағлар олиб қўйилади.

Қуйидагилар биржа савдоларига доир монополияга қарши талабларни бузилиши деб ҳисобланади ва қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади:

сотувчилар томонидан маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадвалларини белгиланган муддатда биржанинг расмий веб-сайтига жойлаштирмаслик, шунингдек, монополияга қарши курашиш органига тақдим этмаслик;

биржа савдоларига қўйиладиган ва сотилмай қолган маҳсулотлар ҳажмлари, бекор қилинган битимлар ҳажмлари, харидор томонидан танланмаган ёки амалга оширилган битимлар бўйича сотувчи томонидан етказиб берилмаган ҳажмлар сотувчининг ўзи томонидан кейинги биржа савдоларига такроран қўйилмаслиги;

биржа савдоларига қўйилиши лозим бўлган, сотувчилар томонидан ички бозорда тўғридан-тўғри шартномалар орқали реализация қилинадиган маҳсулот сотувчилар томонидан мажбурий тартибда товар-хом ашё биржаларида ҳисобга қўйилмаслиги ва ушбу маълумотлар тегишинча шартнома тузилган ва мажбуриятлар бажарилган вақтдан бошлаб уч кун муддатда биржанинг расмий веб-сайтида жойлаштирилмаслиги;

форвард шартномалари бўйича маҳсулотларни бир ойдан кам бўлган муддатда юклаб жўнатилиши ҳамда маҳсулот юклаб жўнатиш навбати бўйича кетма-кетликка амал қилмаслик ҳолатлари аниқланганда тузилган форвард битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади ва сотувчига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилади.

Мазкур банднинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига олиб қўйилади";


т) Низомга 1-иловада:


Низомнинг номидаги "ва" сўзи "ва (ёки)" сўзлари билан алмаштирилсин;


"Тадбирлар" устунида:

1-позициядагиқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулот" сўзлари "юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулот" сўзлари билан алмаштирилсин;

4-позициядаги "Моддий баланслар ва прогнозлар асосида" сўзларидан кейин "ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмларидан келиб чиқиб" сўзлари қўшилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 28 декабрь



































Время: 0.0064
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск