ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар / Товар ва хом ашё биржасидаги операциялар ва ҳисоб-китоблар / Юқори ликвидли маҳсулотларни сотиш /

Биржа савдоларида юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.03.2020 й. 170-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 18 мартдаги

170-сон қарорига

2-ИЛОВА



Биржа савдоларида юқори ликвидли ва (ёки) монопол

турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом биржа савдоларида монополист корхоналар, устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ёки устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар ҳамда қонунчиликда юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни биржа орқали сотиш назарда тутилган ташкилотлар томонидан ички бозорда ва экспортга бозор тамойиллари асосида юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


аванс - сотувчи ва харидор томонидан киритиладиган, биржа воситачилик йиғимини ва томонларнинг закалатини ўз ичига оладиган сумма;


юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулот - Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёқилғи-энергетика ресурслари ҳамда бошқа юқори ликвидли маҳсулотлар билан таъминлаш борасида рақобат муҳитини такомиллаштириш, суиистеъмолчиликлар ва талон-торожликлар шароитини тугатиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 14 ноябрдаги ПҚ-3386-сон қарорига иловадаги рўйхатга мувофиқ маҳсулотлар, хомашё ва материаллар;

биржа битими - биржа савдоларининг натижаси бўйича тузилган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган биржа товари олди-сотди шартномаси;


сотувчи - қонунчилик ҳужжатларида юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни биржа орқали сотиши назарда тутилган ташкилотлар;

харидор - биржа савдолари орқали маҳсулот сотиб олувчи юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан норезидентлар;


биржа аъзолари - биржа томонидан белгиланган тартибда биржа савдоларида иштирок этиш ҳамда дилерлар ва брокерлар сифатида биржа битимларини тузиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахслар;


биржа савдоларининг электрон тизими (кейинги ўринларда - БСЭТ) - биржа аъзоларига аниқ вақт режимида биржа савдоларида иштирок этиш имкониятини берадиган, дастурий-аппарат воситалари мажмуини ўз ичига олган ахборот тизими.



2-БОБ. МАҲСУЛОТЛАР ҲАЖМИНИ ШАКЛЛНТИРИШ

ВА УЛАРНИ БИРЖА САВДОЛАРИ

ОРҚАЛИ СОТИШ ТАРТИБИ


3. Маҳсулотларни биржа савдолари орқали ички бозорда ва экспортга сотиш мазкур Низомга 1- ва 2-иловалардаги схемаларга асосан амалга оширилади.


4. Биржа савдоларига қўйиладиган маҳсулотлар ҳажмлари белгиланган тартибда тасдиқланадиган йириклаштирилган моддий баланслар ва прогнозлар кўрсаткичларига мувофиқ ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмларидан келиб чиққан ҳолда сотувчи томонидан аниқланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда бошқа масъул вазирликлар йириклаштирилган моддий балансларни, шунингдек, уларнинг бажарилиши бўйича ойлик ва чораклик графиклардан кўчирмаларни улар тасдиқланган кундан бошлаб бир иш кунида монополияга қарши курашиш органига юборади.

Сотувчилар савдо кунлари бўйича тенг қўйишни ҳисобга олган ҳолда, юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига йириклаштирилган моддий баланслар ва прогнозлар асосида ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмларидан келиб чиққан ҳолда, қўйиш жадвалларини мустақил ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда уларни биржа расмий веб-сайтида келгуси ой бошланишидан уч кун олдин жойлаштиради, шунингдек, монополияга қарши курашиш органига тақдим этади ва ушбу маҳсулотларни мазкур жадвалларда белгиланган муддатлар ва ҳажмларда биржа савдоларига қўйиб боради.

Монополияга қарши курашиш органи сотувчиларга йириклаштирилган моддий баланслар ва прогнозлар кўрсаткичлари, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талаблардан келиб чиққан ҳолда, маҳсулотни биржа савдоларига қўйиш жадваллари параметрларига тузатишлар киритиш хақида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беришга хақли.

Монополияга қарши курашиш органининг маҳсулотни биржа савдоларига қўйиш жадваллари параметрларига тузатишлар киритиш хақидаги кўрсатмаларининг бажарилмаслиги ҳамда маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадвалларини белгиланган муддатда Қўмитага тақдим этмаслик қоидабузарликка, яъни маҳсулотларни биржа савдоларига тегишли жадвалларда назарда тутилган муддатлар ва ҳажмларда қўймаганликка тенглаштирилади.

Монополист ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар ҳар ойлик юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни юклаш графигини кунларга тақсимлаган ҳолда, биржа расмий веб-сайтида келгуси ой бошланишидан уч кун олдин жойлаштиради, шунингдек, монополияга қарши курашиш органига тақдим этади.

6. Сотувчилар объектив ва уларга боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли жадвалларда назарда тутилган ҳажмларни ва маҳсулотни биржа савдоларига қўйиш муддатларини бажаришнинг имконияти бўлмаган ҳолатларда, бу ҳақда маҳсулотни биржа савдоларига қўйиш санасидан ўн кун аввал, фавқулодда юзага келган вазиятларда эса шу куннинг ўзидаёқ аниқ сабабларни кўрсатиб ҳамда омбордаги мавжуд маҳсулот захираси тўғрисидаги асослантирилган маълумотларни тақдим этган ҳолда монополияга қарши курашиш органи ва биржани хабардор қилади.

Монополияга қарши курашиш органи, зарур бўлганда, мутасадди идоралар ва ташкилотлар мутахассисларини жалб қилган ҳолда, жойига чиқиб, мавжуд муаммоларни ўрганади.

7. Йириклаштирилган моддий баланслар ва прогнозларга асосан савдоларга қўйиладиган ва сотилмай қолган маҳсулотлар ҳажмлари, бекор қилинган битимлар ҳажмлари, харидор томонидан танланмаган ёки амалга оширилган битимлар бўйича сотувчи томонидан етказиб берилмаган ҳажмлар сотувчининг ўзи томонидан кейинги биржа савдоларига такроран қўйилиши шарт.

Бунда сотувчи маҳсулотнинг бошланғич нархини қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.


7-1. Сотувчи ва харидорларга маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш, сотиш, сотиб олиш, мажбуриятларни бажариш ва битимларни бекор қилишда мазкур Низом ҳамда рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган монополияга қарши талаблар қўлланилади.


3-БОБ. БОШЛАНҒИЧ НАРХЛАРНИ, ЎЗАРО

ҲИСОБ-КИТОБЛАР ВА МАҲСУЛОТНИ ЮКЛАБ

ЖЎНАТИШ МЕХАНИЗМИНИ БЕЛГИЛАШ


8. Маҳсулотни биржа савдоларига қўйишнинг бошланғич нархи қуйидагича аниқланади:

қонунчиликда белгиланган тартибда давлат томонидан тартибга солинадиган нархлар даражасида;

нархлар тартибга солинмаганда - сотувчи-корхона томонидан мустақил шакллантирилган нархда.


9. "Олмалиқ КМК" АЖ томонидан ишлаб чиқарилган:

мис катодини биржа савдоларига қўйишда унинг бошланғич нархини Лондон металл биржаси (кейинги ўринларда - ЛМБ) нархидан 2021 йил 1 апрелдан - 8 фоиз, 2022 йилда - 6 фоиз ва 2023-2026 йилларда 4 фоиз миқдорида чегирма билан ва унга солиқ ҳақидаги қонунлар асосида ҳисобланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қўшган ҳолда;

мисдан ишлаб чиқарилган бошқа маҳсулотлар бошланғич нархлари ЛМБ нархидан 2021 йил 1 апрелдан - 8 фоиз, 2022 йилда - 6 фоиз ва 2023-2026 йилларда 4 фоиз миқдорида чегирма билан ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқаришга сарфланган қўшимча харажатларни ва солиқ ҳақидаги қонунлар асосида ҳисобланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қўшган ҳолда;

металл рухнинг бошланғич нархи қўшилган қиймат солиғини ўз ичига олган ҳолда, ЛМБ нархлари даражасида, рухдан ишлаб чиқарилган бошқа маҳсулотлар бошланғич нархлари эса ЛМБ нархларига ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқаришга сарфланган қўшимча харажатларни қўшган ҳолда, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғини ўз ичига олган ҳолда аниқланади.

10. Биржа битимлари ижросини таъминлаш мақсадида тузилган битимлар бўйича ҳисоб-китоблар биржанинг ҳисоб-клиринг палатаси (кейинги ўринларда - ҲКП) орқали амалга оширилади.


11. Биржа битимлари биржа савдоларига қўйилган товар умумий қиймати ва мўлжалланаётган битим ҳажми бўйича сотувчи томонидан белгиланадиган 10 фоизгача бўлган аванс сотувчи ва харидорлар томонидан киритилиб, ҳисоб-китоблар ҲКП орқали амалга оширилгандан сўнг тузилади.


12. Биржа аъзолари сотувчи ва харидорнинг топшириғига асосан БСЭТга аризалар тақдим этиш орқали биржа битимларини амалга оширадилар.


13. БСЭТ қарама-қарши буюртмаларни бирлаштириш натижасида тузилган битимларни рўйхатга олади ва сўнгра БСЭТ дастурий комплекси томонидан тузилган битимлар реестри шакллантирилади.


14. Биржа воситачилик йиғимлари битимнинг кейинчалик расмийлаштиришидан қатъий назар ундирилади.


15. Харидор биржа олди-сотди шартномасида кўрсатилган муддатларда тузилган биржа битимлари бўйича молиявий мажбуриятларни тўлиқ қоплаш учун маблағларни биржанинг талаб қилиб олинадиган иккиламчи депозит ҳисоб-рақамига ўтказиши шарт. Бунда мажбуриятни бажариш учун тўланган закалат пулидан фойдаланиш мумкин.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб мис хомашёсини биржа савдолари орқали харид қилишда юқори технологияли ишлаб чиқариш жараёнини жорий этган тармоқ ташкилотлари томонидан битим бўйича тўловнинг 25 фоизи аванс тарзида ҲКП (ҳисоб-клиринг палатаси)га ўтказилади. Тўловнинг қолган 75 фоизи мис хомашёси олингандан сўнг 90 иш куни ичида ҳар ойда тенг улушларда харидор томонидан сотувчининг банкдаги ҳисобварақига тўғридан-тўғри ўтказилади. Бунда тўғридан-тўғри тўловларни амалга ошириш бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши харидор ва сотувчи ўртасида кафиллик, шу жумладан, "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси кафиллиги, кафолат, банк кафолати, суғурта полиси ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланади.

16. ҲКП харидорлар томонидан тўловлар амалга оширилган битимлар рўйхатини сотувчига юборади. Юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни юклаб жўнатиш куни шартномада белгиланган муддатлар доирасида амалга оширилган тўловларнинг тартибига кўра харидор томонидан шахсий кабинет орқали аниқланади.

17. Клирингни ўтказиш тартиби ва тузилган биржа битимлари ижросини таъминлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



4-БОБ. БИТИМЛАР БЎЙИЧА МАҲСУЛОТНИ

БИР ОЙДАН ОРТИҚ МУДДАТДА КЕЧИКТИРГАН

ҲОЛДА ЕТКАЗИБ БЕРИШ ШАРТИ БИЛАН

СОТИШ (ФОРВАРДЛАР)


18. Битимлар бўйича маҳсулотни бир ойдан ортиқ муддатда кечиктирган ҳолда етказиб бериш шарти билан етказиб бериш муддати (кейинги ўринларда - форвард битимлари) намунавий форвард шартномасини очишда сотувчи томонидан белгиланади.


19. Намунавий форвард шартномаси тафсилотлари қуйидаги асосий шартларни ўз ичига олиши шарт:

шартнома номи;

ишлаб чиқарувчининг номи;

шартнома муддати;

шартнома бўйича юклаб жўнатиш даври (юклаб бериш ойи);

маҳсулот номи, нави ва маркаси;

лот ҳажми;

алоҳида шартлар;

маҳсулот етказиб бериш жойи (манзили).


20. Сотувчи ва харидорлар форвард битимлар бўйича савдоларда қатнашиш учун ҲКПдаги шахсий ҳисобварақларига мўлжалланаётган битим суммасининг 10 фоиздан кам бўлмаган миқдорида аванс киритади.

21. Битим тузилганидан сўнг харидор форвард шартномасида кўрсатилган муддат ичида сотувчи ҳисобрақамига қолган пул маблағларини тўғридан-тўғри тўлаб бериши шарт.

Бунда тўлов муддати 15 иш кунидан кам бўлмаслиги шарт.

Харидор томонидан тўлов белгиланган муддатдан олдин амалга оширилиши мумкин.

Сотувчи форвард шартномаси бўйича тўлиқ тўловни қабул қилгандан сўнг тўлов санаси ҳақида биржани бир иш куни ичида хабардор қилади.

21-1. Сотувчи томонидан тузилган шартнома бўйича маҳсулотни юклаб бериш мажбурияти асоссиз бажарилмаганда, шартнома бўйича киритилган аванс суммасидан ташқари ҳар бир кечиктирилган кун учун шартнома қийматининг 0,1 фоизи миқдорида пеня тўланади.

Бунда пеня шартнома бўйича харидор томонидан тўлов мажбуриятлари тўлиқ бажарилган кундан бошлаб, сотувчи томонидан етказиб берилмаган маҳсулот тўлиқ ҳажмда етказиб берилгунга қадар ёки бунинг имконияти мавжуд бўлмаса, шартнома қиймати тўлиқ қайтариб берилгунига қадар ҳар бир кун учун ҳисобланади.

22. Сотувчи ва харидор форвард шартномасида назарда тутилган юклаш даври доирасида маҳсулотни юклаш муддатини келишади.

Сотувчи томонидан форвард шартномаси бўйича маҳсулот бир ойдан кам бўлмаган муддатда етказиб берилади.

Бунда сотувчи томонидан маҳсулотни тўлиқ юклаб жўнатишда расмийлаштирилган ҳисобварақ ва (ёки) юк хатининг санаси шартнома тузилган кундан бошлаб бир ойдан кам бўлмаслиги шарт.

23. Аванс ажратиш ва биржа битимини ёпиш клиринг ўтказиш тартиби ва тузилган битимларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бажарилишини таъминлашга мувофиқ амалга оширилади.



5-БОБ. ЎРТАЧА ҲИСОБЛАНГАН БИРЖА

КОТИРОВКАЛАРИНИ (НАРХЛАРИНИ)

ҲИСОБЛАШ


24. Ўртача ҳисобланган биржа котировкалари (нарх) ҳар бир маҳсулот бўйича унинг нави, синфи, маркаси, типи, қадоғи ва бошқа хусусиятларига кўра савдо ҳафтаси мобайнида ўтказилган биржа савдолари натижаларига асосан ҳисобланади.


25. Савдо ҳафтаси учун ўртача ҳисобланган биржа котировкалари (нархлари) қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

N = (Q1+Q2+…+Qn)/(H1+H2+…+Hn),

бунда:

N - ўртача ҳисобланган котировка;

Q1, 2...n - битим нархи;

H1, 2...n - битим ҳажми.

Ўртача ҳисобланган биржа котировкаларини (нархларини) ҳисоблашда амалдаги Биржа савдолари қоидаларига мувофиқ рўйхатга олинган барча биржа битимлари ҳисобга олинади.


26. Савдо ҳафтаси мобайнида рўйхатга олинган битимлар бўйича ўртача ҳисобланган биржа котировкалари (нарх) ҳисоб-китоб қилинадиган ҳафтадан кейинги биринчи иш кунида ҳисобланади.


27. Биржалар ҳисоб-китоб қилинадиган ҳафтадан кейинги иккинчи иш куни ўртача ҳисобланган биржа котировкалари (нархлари) тўғрисидаги ахборотни ўзининг расмий веб-сайтларига ва бошқа нотижорат манбаларига жойлаштиради.


28. Товарлар сотилмаган тақдирда, биржалар томонидан якунлари бўйича ўртача ҳисобланган биржа котировкаси (нархи) ҳисоблаб чиқарилган савдо ҳафтасини акс эттирган ҳолда, аввалги ўртача ҳисобланган биржа котировкалари (нархлари) чоп этилади.

Бунда такроран чоп этиш уч мартадан ошмаслиги лозим.



6-БОБ. МАҲСУЛОТ НАРХЛАРИНИНГ

МОНИТОРИНГИ


29. Монополияга қарши курашиш органи доимий равишда биржа нархлари мониторингини ўтказиб боради.


30. Биржа нархларининг ўтган савдоларга нисбатан кескин ошиши, талаб ёки таклифнинг жиддий номутаносиблиги кузатилган тақдирда, монополияга қарши курашиш органи нархларнинг ошиш сабабларини ва манипуляция аломатлари мавжудлигини ўрганади.

31. Монополияга қарши курашиш органи нархларнинг кескин ошиши сабабларини аниқлашда қуйидагиларни ўрганади:

корхоналар томонидан тасдиқланган жадвалларга мувофиқ маҳсулотни савдога қўйиш ҳажмларига риоя этиш;

маҳсулотнинг харидорлигини аниқлаш учун харидорлар буюртманомалари асосида маҳсулотнинг аниқ турига бўлган талабнинг ўзгариш данимикасини;

маҳсулот бошланғич нархининг, шу жумладан монопол корхоналар томонидан монопол юқори нархларни қўллаш бўйича ўзгариш динамикасини;

биржа савдоларида улушнинг сунъий равишда оширилишини аниқлаш мақсадида биржа савдолари иштирокчилари томонидан маҳсулотни харид қилиш ҳажмларини;

сотувчилар томонидан биржа савдолари иштирокчилари доирасини чегаралаш мақсадида асоссиз равишда ўрнатилган катта ҳажмдаги лотларни;

биржа савдоларидан четга олинган маҳсулот ҳажмларининг мавжудлигини;

рақобат тўғрисидаги қонунчиликка зид бўлган келишилган ҳаракатларнинг мавжудлигини;

савдо сессияси давомида биржа товарига буюртманома бериш орқали нархларнинг ошишини ва кейинчалик савдо сессияси якунига қадар ушбу буюртманомаларнинг ўчириб ташланишини;

биржа аъзоларининг биржа савдосида биржа товарининг нархини сунъий ошиши ёки пасайишига сабаб бўлувчи ҳаракатларини;

товарлар бўйича белгиланган аванс миқдорлари, тўлов ва етказиб бериш муддатларини.

Монополияга қарши курашиш органи маҳсулотлар бўйича белгиланган аванс миқдорлари, тўлов ва етказиб бериш муддатларига ўзгартириш киритиш хақида сотувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беришга хақли.

31-1. Биржа иштирокчилари қуйидаги қасддан қилинган ҳар қандай ҳаракатлари манипуляция деб ҳисобланади ва уларни амалга ошириш тақиқланади:

биржада сотилаётган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотнинг нархига, талабига, таклифига ва уни етказиб бериш шартларига сунъий равишда таъсир этиш, шу жумладан, олдиндан келишиш ва тил бириктиришлар орқали асоссиз фойда олиш, муайян иштирокчиларга савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш, шунингдек, ахборотдан фойдаланиш орқали бошқа иштирокчиларга маҳсулотни сотиб олиш имкониятини чеклаш, биржа нархларининг кескин кўтарилиши, қатъий белгиланиши ёки бир даражада ушлаб туриш;

Интернет, ОАВ ва бошқа коммуникация каналларида, шу жумладан ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ёлғон маълумотлар тарқатиш;

биржа шартномаси бўйича йирик, яъни барча харидорларга савдоларда тенг қатнашиш имкониятини чеклайдиган лотлар белгилаш;

бир хил маҳсулотлар сотувчилари томонидан белгиланган шартлардан сезиларли даражада фарқ қиладиган асоссиз тўлов ва етказиб бериш муддатлари ҳамда алоҳида шартлар киритиш;

биржа расмий веб-сайтига савдога қўйиш жадвалларини жойлаштирмаслик;

биржа шартномаларида иштирокчилар сонини чегараловчи алоҳида шартларни кўрсатиш;

маҳсулотларни савдога қўйиш жадвалларида уларнинг ҳажмларини форвард ва спот шартномалари бўйича асоссиз равишда номувофиқ қўйиш;

форвард шартномаси бўйича маҳсулотни бир ойдан кам бўлган муддатда юклаб жўнатиш;

савдога қўйиш жадвалларида белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда маҳсулотларни савдога қўйиш;

савдо жараёнида муайян биржа иштирокчиси томонидан бошқа иштирокчилар нарх таклифига нисбатан ноодатий равишда тафовути йирик бўлган нарх таклифини бериш ва бунинг натижасида савдолар тугагунга қадар буюртмани ўчириш ёки тузилган битимни асоссиз равишда жаримани тўламаган ҳолда бекор қилиш;

маҳсулотларни савдога қўйиш жадвалларига нисбатан номувофиқ қўйиш;

қонунчилик ҳужжатларига асосан нархлари тартибга солинадиган маҳсулотларнинг бошланғич нархлари шакллантиришда белгиланган тартибларга риоя қилмаслик;

бошланғич нархларни асоссиз ошириш;

биржа шартномаси бўйича бекор қилинган муайян харидор иштирокидаги битим нархининг ушбу биржа шартномаси бўйича айнан ўша харидор иштирокида кейинги икки амалга ошган савдодаги битимларининг минимал нархларидан пастлиги;

юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларнинг биржа савдосида сотилмай қолган қисмини тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш орқали маҳсулотларни савдоларга қўйиш ҳажмларини қисқартириш;

юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларни тегишли жадвалларда назарда тутилган муддатларда ва ҳажмларда савдога қўймаслик;

юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш;

маҳсулотларни муқобил транспорт турида юклаб жўнатиш имконияти бўла туриб, асоссиз равишда муайян транспорт тури орқали юклаб жўнатиш кўзда тутилган шартномалар бўйича қўйиш;

биржада тузилган битим ва шартномаларни асоссиз ёки мунтазам равишда жарималар қўлланмасдан бекор қилиш;

маҳсулотни юклаб жўнатиш навбати бўйича кетма-кетликка амал қилмаслик.

32. Монополияга қарши курашиш органи ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича манипуляция ва нархларни асоссиз оширилган ҳолатлар аниқланганда, қонунчиликда белгиланган чораларни кўради.

32-1. Биржа савдоларидан четлатилган ҳажмларда маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича, шу жумладан, экспортга сотиш ҳолатлари аниқланганда, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотилган ҳажмни сотиш нархи билан биржа савдоларида бир хил турдаги маҳсулот бўйича ўртача ҳисобланган биржа котировкалари (нарх) ўртасидаги фарққа кўпайтириш орқали ҳисобланган маблағлар олиб қўйилади.

Маҳсулотларни тегишли жадвалларда назарда тутилган муддатлар ва ҳажмларда қўйилмаган тақдирда сотувчидан маҳсулотни биржа савдосига қўйишнинг охирги санасида шаклланган биржа нархи билан унинг иштирокидаги олдинги савдолар биржа нархи ўртасидаги тафовут, сотувчи томонидан савдоларга қўйилмаган товарнинг ҳажмига кўпайтирилган маблағлар олиб қўйилади.

Биржа савдолари иштирокчилари томонидан манипуляция ҳаракатлари натижасида, бунда мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолатлар мустасно, жорий биржа нархларининг кескин кўтарилишига ёки қатъий белгиланишига олиб келадиган ҳаракатлари аниқланганда, олдинги биржа савдоларида шаклланган маҳсулотнинг ўртача сотилиш нархи билан манипуляция натижасида шаклланган маҳсулот сотилиш нархи ўртасидаги фарқ суммасини манипуляция ҳаракатлари содир этилган савдоларда сотилган маҳсулот ҳажмига кўпайтириш орқали ҳисобланган маблағ олиб қўйилади.

Қуйидагилар биржа савдоларига доир монополияга қарши талабларни бузилиши деб ҳисобланади ва қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади:

сотувчилар томонидан маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадвалларини белгиланган муддатда биржанинг расмий веб-сайтига жойлаштирмаслик, шунингдек, монополияга қарши курашиш органига тақдим этмаслик;

биржа савдоларига қўйиладиган ва сотилмай қолган маҳсулотлар ҳажмлари, бекор қилинган битимлар ҳажмлари, харидор томонидан танланмаган ёки амалга оширилган битимлар бўйича сотувчи томонидан етказиб берилмаган ҳажмлар сотувчининг ўзи томонидан кейинги биржа савдоларига такроран қўйилмаслиги;

биржа савдоларига қўйилиши лозим бўлган, сотувчилар томонидан ички бозорда тўғридан-тўғри шартномалар орқали реализация қилинадиган маҳсулот сотувчилар томонидан мажбурий тартибда товар-хом ашё биржаларида ҳисобга қўйилмаслиги ва ушбу маълумотлар тегишинча шартнома тузилган ва мажбуриятлар бажарилган вақтдан бошлаб уч кун муддатда биржанинг расмий веб-сайтида жойлаштирилмаслиги;

форвард шартномалари бўйича маҳсулотларни бир ойдан кам бўлган муддатда юклаб жўнатилиши ҳамда маҳсулот юклаб жўнатиш навбати бўйича кетма-кетликка амал қилмаслик ҳолатлари аниқланганда тузилган форвард битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади ва сотувчига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилади.

Мазкур банднинг биринчи - учинчи хатбошиларида кўрсатилган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига олиб қўйилади.


7-БОБ. МАҲСУЛОТЛАРНИ БИРЖА САВДОЛАРИ

ОРҚАЛИ ЭКСПОРТГА СОТИШ ВА ОЛИБ

ЧИҚИБ КЕТИШ ТАРТИБИ


33. Юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан норезидентлар товарларни биржа савдоларида сотишлари ва харид қилишлари мумкин.


34. Контрактлар бўйича биржада харид қилинган товарлар учун ҳисоб-китоблар чет эл валютасида амалга оширилади.


35. Биржа савдолари натижаларига кўра тузилган экспорт контракти товар-хомашё биржалари савдоларида тузиладиган контрактларга идентификация рақамлари беришнинг тасдиқланган тартибига мувофиқ биржада рўйхатдан ўтказилади ва расмийлаштирилади.

Экспорт контрактларининг тўғри расмийлаштирилиши учун брокерлар ва уларнинг мижозлари жавоб беради.

Экспорт контрактларининг биржада рўйхатдан ўтказилиши ҳамда ташқи савдо операцияларининг ягона автоматлаштирилган электрон тизимида ҳисобга қўйилиши учун биржа жавоб беради.


36. Контрактларга ўзгартириш ёки қўшимчалар биржа аъзоларининг ёзма аризасига биноан, ўзгартиришларни киритиш сабабларини кўрсатган ҳолда киритилади.


37. Товарларни олиб чиқишга контрактларни рўйхатдан ўтказишни амалга оширадиган биржалар харидор ва сотувчидан битимни расмийлаштиришга тааллуқли бўлмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас.


38. Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган, эркин алмаштириладиган валютада харид қилинган биржа товарларини олиб ўтиш ва декларациялаш тартиби божхона қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


39. Монопол ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан белгиланадиган квоталар бўйича фақат биржа савдолари орқали экспорт қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:

фақат биржа орқали экспорт қилинадиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг йиллик экспорт прогноз ҳажмларидан келиб чиқиб ҳамда олий ва юқори даражадаги ташрифлар доирасида имзоланган шартномалардаги ва узоқ муддатли битимлардаги (off take contract) ҳажмлардан истисно ҳолда, биржа савдолари орқали экспорт қилинадиган ҳажмлар бўйича квоталарни белгилайди;

ташқи бозор коньюнктурасидаги ўзгаришлардан келиб чиқиб, монопол ва давлат улуши мавжуд ташкилотларнинг асосланган таклифларига кўра, биржа савдоларида икки ой давомида экспорт қилинмаган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотишга рухсат беради.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


40. Томонлар ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, уларга нисбатан тузилган олди-сотди шартномаси ва Биржа савдолари қоидаларига мувофиқ тегишли чоралар қўлланилади.


41. Биржа савдоларини ташкил қилиш, шартномалар мажбуриятларини бажариш ва ҳисоб-китоб-клиринг хизматларини кўрсатиш жараёнида юзага келадиган баҳс ва келишмовчиликлар биржанинг арбитраж, интизом комиссиялари ёки судда кўрилишига тегишлилиги тўғрисидаги шартномага мувофиқ ҳакамлик судида ёҳуд суд томонидан ҳал этилади.


42. Сотувчилар ёки харидорлар тўловларни тўлаш ва маҳсулотни танлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, мажбуриятларни бажармаган томоннинг закалат пуллари жабрланувчи фойдасига жарима сифатида ушлаб қолинади.






Низомга

1-ИЛОВА



Биржа савдоларида юқори ликвидли ва (ёки) монопол

турдаги маҳсулотларни ички бозорга сотиш

СХЕМАСИ

Босқич

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар

1-босқич

Сотувчилар


Юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмларидан келиб чиқиб, биржа савдоларига қўйиладиган ҳажмлар тўғрисидаги таклифларни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тақдим қилиш.


25 декабрга қадар









2-босқич

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги


Тегишли моддий балансларга ва прогнозларда биржа савдоларига қўйиладиган ҳажмларни шакллантириш.


1 январга қадар









3-босқич

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги


Монополияга қарши курашиш органига йириклаштирилган моддий балансларни, уларни бажариш бўйича ҳар ойлик ва чораклик жадваллардан кўчирмаларни юбориш.


Тасдиқланишига қараб









4-босқич


Сотувчилар


1.Моддий баланслар ва прогнозлар асосида ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмларидан келиб чиқиб кунлар бўйича қўйиш жадвалларини ишлаб чиқиш.

2. Биржа жадвалларини монополияга қарши курашиш органига тақдим этиш.


Ҳар ой бошланишидан 3 кун олдин









5-босқич

Сотувчилар


Тақдим этилган жадвалларни веб-сайтга жойлаштириш.


Ҳар ой бошланишидан 3 кун олдин









6-босқич

Сотувчилар


Бошланғич нархни аниқлаш.


Савдога қўйилишидан олдин









7-босқич

Сотувчилар, харидорлар


10 фоизгача миқдордаги аванс тўловини ўтказиш.


Савдодан олдин









8-босқич

Биржа аъзолари


Харидорларнинг топшириғи бўйича сотиш/сотиб олиш учун буюртманома бериш.


Ҳар куни савдо сессиясидан олдин









9-босқич

Биржа савдо электрон тизими (БСЭТ)


Битимларни шакллантириш.


Савдо сессиясидан кейин









10-босқич

Сотувчи, харидор


Тўловларни тўлаш ва етказиб бериш.


Олди-сотди шартномасида назарда тутилган муддатларда









11-босқич

Биржалар


Ўртача ҳисобланган биржа котировкаларини (нархларини) ҳисоблаш ва уларни веб-сайтга жойлаштириш.


Ҳар хафта









12-босқич

Монополияга қарши курашиш қўмитаси


1. Биржа нархлари мониторинги.


2. Нархларнинг кескин ошишини ва савдога чиқариш жадвалларининг ижросини ўрганиш.


3. Қонунчиликка асосан чоралар кўриш.


Доимий равишда







Низомга

2-ИЛОВА



Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол

турдаги маҳсулотларни экспортга сотиш

СХЕМАСИ

Босқич

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар

1-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


Юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг йиллик экспорт прогноз ҳажмларидан келиб чиқиб ҳамда олий ва юқори даражадаги ташрифлар доирасида имзоланган шартномалардаги ва узоқ муддатли битимлардаги (off take contract) ҳажмлардан истисно ҳолда биржа савдолари орқали экспорт қилинадиган ҳажмлар бўйича квоталарни шакллантириш ҳамда сотувчилар ва Монополияга қарши курашиш органига юбориш.


1 январга қадар









2-босқич

Сотувчилар


1.Биржа орқали экспортга сотиш прогнозлари асосида кунлар бўйича қўйиш жадвалларини ишлаб чиқиш.


2. Биржа жадвалларини монополияга қарши курашиш органига тақдим этиш.


Ҳар ойнинг бошланишидан 3 кун олдин









3-босқич

Сотувчилар


Тақдим этилган жадвалларни веб-сайтга жойлаштириш.


Ҳар ойнинг бошланишидан 3 кун олдин









4 - босқич

Сотувчилар


Бошланғич нархни аниқлаш.


Савдога қўйилишидан олдин









5-босқич

Сотувчилар, харидорлар


10 фоизгача миқдордаги аванс тўловини ўтказиш


Савдодан олдин









6 - босқич

Биржа аъзолари


Харидорларнинг топшириғи бўйича сотиш/сотиб олиш учун буюртманома бериш


Ҳар куни савдо сессиясидан олдин









7-босқич

Биржа савдо электрон тизими (БСЭТ)


Битимларни шакллантириш


Савдо сессиясидан кейин









8-босқич

Сотувчи, харидор


Тўловларни тўлаш ва етказиб бериш.


Олди-сотди шартномасида назарда тутилган муддатларда









9 - босқич

Биржалар


1. Экспорт контрактларининг биржада рўйхатдан ўтказиш ҳамда ташқи савдо операцияларининг ягона автоматлаштирилган электрон тизимида ҳисобга қўйиш.


2. Ўртача ҳисобланган биржа котировкаларини (нархларини) ҳисоблаш ва уларни веб-сайтга жойлаштириш.


Ҳар хафта









10-босқич

Сотувчилар


Биржа савдоларида маҳсулот икки ой давомида реализация қилинмаган ҳолларда тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига мурожаат қилиш.


Зарур ҳолларда









11-босқич

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


1. Биржа нархлари ва тузилган экспорт контрактлари мониторингини юритиш.


2. Маҳсулотларни икки ой давомида реализация қилинмаган ҳолларда сотувчилар мурожаатига мувофиқ сабабларини ўрганиш, зарур ҳолларда ташқи бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб тўғридан-тўғри шартномалар имзолашга рухсат бериш.


Сотучилар мурожаатига мувофиқ




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 19 март













































Время: 0.2023
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск