язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборот, ахборотлаштириш ва алоқа соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.11.2004 й. 555-сон Қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 24 ноябрдаги

555-сон қарорига

2-ИЛОВА



Оммавий коммуникациялар соҳасидаги

мониторинг маркази тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) оммавий коммуникациялар соҳасида фаолиятни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талабларига, техник регламентлар ёки стандартларга стандартларига, лицензиялар шартларига риоя этиши устидан мониторинг олиб борувчи ваколатли орган ҳисобланади.

Марказ шунингдек Ахборот ва коммуникациялар соҳасидаги эксперт комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ишчи органи функцияларини бажаради, Марказ бошлиғи эса Комиссия котиби ҳисобланади.

2. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, оммавий коммуникациялар соҳасидаги норматив ҳужжатларга, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг буйруқлари ва норматив ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.

3. Мониторинг якунлари бўйича Марказ томонидан ўз ваколатлари доирасида тайёрланган хулосалар вазирликлар, идораларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тегишли қарорлар қабул қилиши учун асос ҳисобланади.


4. Марказ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига идоравий мансуб ташкилотдир ва мустақил балансга, банкда ҳисоб рақамига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлган юридик шахс ҳисобланади.

Марказ таркибига унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлимлари киради.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишган ҳолда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан тасдиқланадиган смета доирасида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, шу жумладан, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензиялар берилиши учун давлат божлари тўлашдан тушадиган ҳамда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида мониторинг ва назорат органларини сақлаб туришга йўналтириладиган маблағлар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.


II. МАРКАЗНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

миллий ахборот макони ва оммавий коммуникациялар воситалари фаолиятининг, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, йўлдош тизимлар, Интернетнинг глобал тармоғи, ахборотни узатиш ва тарқатишнинг бошқа электрон воситаларининг ҳамда матбаа маҳсулотларининг тизимли мониторингини олиб бориш;

оммавий коммуникация воситаларида тарқатиладиган ахборот материаллари мазмунининг ахборот муҳитида шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишни, фуқароларнинг ижтимоий онгига бузғунчи салбий ахборот-руҳий таъсирнинг олдини олишга, миллий-маданий анъаналарини сақлаб қолиш ва уларнинг узвийлигини таъминлашга йўналтирилган республика қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини ўрганиб чиқиш;

мамлакатимизнинг оммавий ахборот ва коммуникация воситалари самарали фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилувчи муаммоларни аниқлаш, миллий ахборот бозорининг ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга доир таклифларни ишлаб чиқиш;

оммавий коммуникациялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи субъектлар фаолияти мониторинги натижалари бўйича умумлаштириш ҳамда қонун ҳужжатлари талабларининг аниқланган бузилишлари бўйича тавсиялар, огоҳлантиришлар ва хулосалар бериш;

янги технологиялар жорий этилишига қараб оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг тизимини такомиллаштириш, ахборот ресурсларини, ахборотни узатиш ва тарқатиш тизимлари ва воситаларини шакллантириш;

қонун ҳужжатларини, ахборот соҳасида норматив-ҳуқуқий таъминлашни такомиллаштириш, илғор хорижий тажрибани, замонавий талаблар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда оммавий коммуникация воситаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва малакали кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


7. Марказ ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

радио ва теледастурлар, ахборот-коммуникация технологиялари қўлланиладиган бошқа оммавий ахборотни (космик ва йўлдош алоқа, маълумотларни узатиш тармоғи, шу жумладан Интернет ва бошқалар) тайёрлаш, шакллантириш, қайта ишлаш, қайта узатиш, эшиттириш ва сақлаш, шунингдек ахборотни исталган узатишда (аудио ва видеокассеталар, компакт-дисклар ва бошқалар) оммавий фойдаланиш учун даврий матбаа ва китоб маҳсулотлари, аудиовизуал маҳсулотлар ва фонограммаларни ишлаб чиқариш, тарқатиш ва сақлаш соҳасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишининг доимий мониторингини ташкил этиш ва олиб бориш;

оммавий коммуникация воситалари (шу жумладан Интернет-нашрлар ва оммавий ахборот воситаларининг электрон босма турлари) ва оммавий коммуникациялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи бошқа субъектлар томонидан лицензия талаблари ва рўйхатдан ўтказиш шартларига, оммавий ахборот ва рекламани ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳасидаги, рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шунингдек техник регламентлар ёки стандартларга риоя этилиши мониторингини белгиланган тартибда ташкил этиш ва амалга ошириш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда оммавий коммуникациялар соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этилиши мониторингини ташкил этишнинг ҳар хил усулларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда қўллаш;

лицензиялар ва давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар эгаларига аниқланган камчиликларни белгиланган муддатларда бартараф этиш бўйича тақдимномалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

республиканинг оммавий коммуникация тизимларида миллий ўзликни англашни бузишга, жамиятни тарихий ва миллий анъаналар ва урф-одатлардан ажратишга, ижтимоий-сиёсий вазиятни нобарқарорлаштиришга, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни бузишга қаратилган ахборот тарқатилишига қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш;

миллий ахборот маконида Конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлиги, суверенитетини бузишга, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний нифоқни авж олдиришга, давлат тузумига қарши қаратилган бошқа тажовузлар содир этилишига оммавий даъват этувчи материаллар мавжудлигини, шунингдек уруш, зўравонлик, парнография ва ёвузликни, терроризм ва диний экстремизм ғояларини тарғиб этишга қаратилган ахборотни аниқлаш;

оммавий коммуникация воситаларининг бузғунчи таъсир кўрсатувчи ва фуқароларнинг жисмоний ёки руҳий саломатлигига зарар етказувчи қасддан содир этилган ёки қасддан содир этилмаган хатти-ҳаракатларни аниқлаш;

оммавий коммуникациялар соҳасида субъектлар фаолияти тўғрисидаги хулосаларни, аниқланган камчиликлар ва қоида бузишларни бартараф этишга доир таклифларни тайёрлаш ҳамда тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига белгиланган тартибда тақдим этиш;

оммавий коммуникациялар соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун лицензияларнинг ва хўжалик юритувчи субъектлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва уларни бекор қилиш борасида қарорлар қабул қилиш учун таклифлар тайёрлаш;

оммавий коммуникациялар соҳасида таклифлар тайёрлаш ҳамда қонунлар ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек техник шартлар, қоидалар, йўриқномалар, лицензиялар шартлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

Марказ ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, оммавий коммуникация воситаларини ривожлантириш ва уларнинг фаолият кўрсатиши масалалари бўйича семинарлар, конференцияларда қатнашиш;

ишларни ташкил этишнинг замонавий усулларини қўллаш, янги технологияларни жорий этиш йўли билан, хорижий тажриба асосида оммавий коммуникация воситалари мониторинги соҳасида Марказ фаолиятини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

Марказ ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

мониторинг натижалари, зарурат бўлганда - қўшимча ахборотлар ва таҳлилий материаллар ўз вақтида тайёрланишини ва Комиссия мажлисларида кўриб чиқиш ҳамда Комиссиянинг тегишли хулосасини тайёрлаш учун киритилишини таъминлаш;

ахборот соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни амалга ошириш.



III. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


8. Марказ қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

эфирга узатилган телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар, даврий матбаа нашрлари, китоб маҳсулотлари, ҳужжатли материаллар (плёнкалар, кассеталар, дисклар, теле ва радиоэшиттиришларни рўйхатдан ўтказиш журналлари ва бошқалар), рекламани тайёрлаш ва жойлаштириш материалларининг назорат нусхаларини белгиланган тартибда бепул олиш;

оммавий коммуникация воситалари фаолият кўрсатиши масалалари бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари ва илмий муассасаларнинг вакилларини белгиланган тартибда жалб этган ҳолда зарур экспертизалар ўтказилишини ташкил этиш;

мониторинг натижалари бўйича давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига қуйидаги ҳолларда:

а) Ўзбекистон Республикасининг мавжуд Конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўравонлик билан ўзгартиришга даъват этувчи, уруш ва зўравонлик, ёвузлик, миллий, ирқий ва диний душманлик тарғиб қилинишига йўл қўювчи, давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирни ошкор этувчи ахборот тарқатилганда, шунингдек жиноий жавобгарликка тортишга олиб келувчи бошқа хатти-ҳаракатлар содир этилганда;

б) фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати оммавий коммуникация воситалари орқали ҳақорат қилинганда, уларнинг шахсий ҳаётига аралашилганда;

в) прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатномасисиз дастлабки тергов материаллари эълон қилинганда, суднинг қарори қабул қилингунгача муайян иш бўйича натижаларни олдиндан маълум қилиб қўйиш ёки суднинг қарори ёки ҳукм қонуний кучга киргунга қадар судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш, унинг номини ошкор қилмаслик шарти билан ахборот берган манба ошкор қилинганда (ошкор қилиш суднинг талаби билан амалга оширилган ҳоллар бундан мустасно);

г) оммавий ахборот ва ахборотлаштириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари бузилганда;

д) давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан матбуот, ахборот ва реклама соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилганда;

е) оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид бўлган бошқа ҳолларда қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талаблари бузилишига йўл қўйган оммавий коммуникация соҳаси субъектларига, нашриётлар ва матбуот муассасаларига чора-тадбирлар кўриш тўғрисида таклифлар киритиш.


9. Марказ ва унинг ходимлари оммавий коммуникация воситаларининг муассислари, ҳаммуассислари ва ҳомийлари бўлиш, ҳар қандай молиявий тақдирлаш, ҳомийлик ёрдами кўрсатиш ва олиш, шунингдек олинган махфий маълумотларни ошкор қилиш ҳуқуқига эга эмас.



IV. МАРКАЗНИНГ ТУЗИЛМАСИ ВА

УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Марказни бошқариш ва унга раҳбарлик қилиш Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ томонидан амалга оширилади.

Марказ бошлиғи билан меҳнат шартномаси Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори томонидан имзоланади.

11. Марказ бошлиғи Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ва мазкур Низомга мувофиқ:

Марказга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

кадрларни танлайди ва жой-жойига қўяди, ўз ўринбосарларини ҳамда таркибий бўлинмалар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан келишган ҳолда Марказнинг штат жадвалини ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Марказ ходимларини ҳал йили аттестациядан ўтказишни ташкил этади;

Марказга ва унинг таркибий бўлинмаларига умумий раҳбарлик қилади;

барча ходимлар бажариши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Марказнинг кредитлари ва маблағларини тасарруф этади;

меҳнат ва хўжалик шартномалари тузади ва уларни бекор қилади;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, ташкилотлар, муассасалар, корхоналар, жамоат бирлашмалари билан ўзаро ҳамкорликда Марказ номидан ишончномасиз иш кўради;

Комиссия котиби сифатида Комиссия фаолияти ташкил этилишини таъминлайди.


V. МАРКАЗНИНГ МОЛ-МУЛКИ


12. Марказнинг мол-мулки давлат мулки ҳисобланади ва хўжаликни юритиш ҳуқуқи билан Марказга тегишли бўлади.


13. Асосий фондлар ва айланма маблағлар, шунингдек қиймати корхонанинг мустақил балансида акс эттириладиган бошқа бойликлар Марказнинг мол-мулки ҳисобланади.


14. Марказнинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.


VI. ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ


15. Марказ ўз фаолияти натижаларининг статистика ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда статистика ҳисоботи ва молиявий ҳисобот тузади.


16. Хўжалик фаолиятини, молиявий ҳисоботни, бухгалтерия ҳисоби юритилишининг белгиланган талабларга мувофиқлигини текшириш учун Марказ аудитор ташкилотни жалб этиши мумкин.


17. Марказ фаолиятини назорат қилиш ҳар икки йилда кўпи билан бир марта режали комплекс текшириш ўтказиш, зарурат бўлганда эса фаолиятнинг айрим турларини режадан ташқари текшириш йўли билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан амалга оширилади.


VII. МАРКАЗНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


18. Марказни тугатиш ва қайта ташкил этиш (қўшиш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиш, қайта ташкил этиш ва номини ўзгартириш) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларига мувофиқ амалга оширилади.


19. Марказ тугатилган тақдирда Марказнинг кредиторлар талаблари қондирилгандан кейин қолган мол-мулки Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг балансига ўтказилади.