язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборот, ахборотлаштириш ва алоқа соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.11.2004 й. 555-сон "Оммавий коммуникациялар соҳасида бошқарув тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

24.11.2004 й.

N 555



ОММАВИЙ КОММУНИКАЦИЯЛАР

СОҲАСИДА БОШҚАРУВ ТУЗИЛМАСИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида", "Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ, ахборот хизматларининг тобора кенгайиб бораётган турлари, кўламлари ва ҳажмларини ҳисобга олган ҳолда, ахборотларнинг тезкорлиги, қулайлиги ва ишончлилигини, ахборот инфратузилмасини ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва такомиллаштиришни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тузилмасида ходимларнинг энг кўп сони 89 нафардан иборат бўлган "Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази" давлат муассасаси (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил қилинсин.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

миллий ахборот макони ва оммавий коммуникациялар воситалари фаолиятининг, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, йўлдош тизимлар, Интернетнинг глобал тармоғи, ахборотни узатиш ва тарқатишнинг бошқа электрон воситаларининг ҳамда матбаа маҳсулотларининг тизимли мониторингини олиб бориш;

оммавий коммуникация воситаларида тарқатиладиган ахборот материаллари мазмунининг ахборот муҳитида шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишни, фуқароларнинг ижтимоий онгига бузғунчи салбий ахборот-руҳий таъсирнинг олдини олишга, миллий-маданий анъаналарни сақлаб қолиш ва уларнинг узвийлигини таъминлашга йўналтирилган республика қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини ўрганиб чиқиш;

мамлакатимизнинг оммавий ахборот ва коммуникация воситалари самарали фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилувчи муаммоларни аниқлаш, миллий ахборот бозорининг ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга доир таклифларни ишлаб чиқиш;

оммавий коммуникациялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи субъектлар фаолияти мониторинги натижалари бўйича умумлаштириш ҳамда қонун ҳужжатлари талабларининг аниқланган бузилишлари бўйича тавсиялар, огоҳлантиришлар ва хулосалар бериш;

янги технологиялар жорий этилишига қараб оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг тизимини такомиллаштириш, ахборот ресурсларини, ахборотни узатиш ва тарқатиш тизимлари ва воситаларини шакллантириш;

қонун ҳужжатларини, ахборот соҳасида норматив-ҳуқуқий таъминлашни такомиллаштириш, илғор хорижий тажрибани, замонавий талаблар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда оммавий коммуникация воситаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва малакали кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


2. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази тузилмаси ва Низоми 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, Марказ юридик шахс ҳисобланади ва ўзининг ваколатига кирувчи масалалар бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат ташкилотлар, ахборот хизматлари бозори субъектлари билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилади, шунингдек Ахборот ва коммуникациялар соҳасидаги эксперт комиссиясининг ишчи органи функцияларини бажаради.

Белгилансинки, Марказнинг вилоят бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

3. Белгилансинки, Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг марказининг хулосалари:

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ахборот хизматлари соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш, лицензиялар беришни рад этиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки уларни бекор қилиш, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномалар бериш ҳақида қарорлар қабул қилиниши учун;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги органларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва мансабдор шахслар томонидан ахборот соҳасида йўл қўйилган камчиликларни ҳамда қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишларини бартараф этиши тўғрисида ёзма кўрсатмалар бериши учун асос ҳисобланади.

4. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (А.Н. Арипов) икки ой муддатда:

оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг тизимини, шу жумладан Интернет тармоғидаги ахборот ресурсларини, йўлдош тизимларни, ахборотлар, шунингдек матбаа маҳсулотлари етказиб бериш ва тарқатишнинг бошқа замонавий воситаларини ривожлантириш ва такомиллаштириш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг марказини юқори малакали мутахассислар билан бутласин ҳамда Марказ ҳудудий бўлинмаларининг моддий-техник жиҳозланишини таъминласин;

Марказни алоқанинг тегишли турлари, шу жумладан Ҳукумат алоқаси билан, шунингдек унинг Интернет тармоғига уланишини таъминласин.


5. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тузилмасидаги Оммавий ахборот воситалари мониторинги ва уларни лицензиялаш маркази, шунингдек Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлинмаларидаги оммавий ахборот воситалари мониторинги ва техник хизматлар бўлимлари тугатилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (С.Б. Раҳимов) Оммавий ахборот воситалари мониторинги ва уларни лицензиялаш марказининг тугатилиши муносабати билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигини молиялаштириш кўрсаткичларига ва унинг харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар киритсин.

Қуйидагилар:

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан тасдиқланадиган смета доирасида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, шу жумладан, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензиялар берилиши учун давлат божлари тўлашдан тушадиган ҳамда мониторинг ва назорат органларини сақлаб туришга йўналтириладиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг марказининг фаолияти Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, шу жумладан алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиялар берилганлиги учун давлат божлари тўлашдан тушадиган маблағлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан тасдиқланадиган смета доирасида назорат ва мониторинг органлари таъминотига йўналтириладиган маблағлар ҳисобига молиялаштирилиши маълумот учун қабул қилинсин.


6. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (А.Н. Арипов), Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (Р.Ш. Шоғуломов) Давлат мулки қўмитаси (М.А. Асқаров) билан биргаликда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг тугатилаётган Оммавий ахборот воситалари мониторинги ва уларни лицензиялаш марказининг телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришларини ёзишни ва архивга қўйишни амалга ошириш учун техника воситаларини Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг янгидан ташкил этилаётган Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг марказига бериш ва қабул қилиб олинишини икки ой муддатда белгиланган тартибда амалга оширсинлар.


7. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Марказни босма ва китоб маҳсулотининг бепул назорат нусхаларини оладиган ташкилотлар рўйхатига киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (А.А. Полвон-зода) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                 И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 24 ноябрдаги

555-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг

Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази

ТУЗИЛМАСИ

Бошлиқ

Бошлиқнинг биринчи ўринбосари

Бошлиқ ўринбосари

Кадрлар бўлими

2 киши

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги  ҳудудий бошқармаларининг тезкор тасарруфида бўлган Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази минтақавий бўлимлари

2 кишидан

Ахборот-таҳлил бўлими

4 киши

Матбаа ва китоб маҳсулотлари мониторинги бўлими

4 киши

Махсус ишлар бўлими

2 киши

Телерадиоэшиттириш мониторинги бўлими

4 киши

Ахборотни электрон тарқатувчилар

мониторинги бўлими

4 киши

Бухгалтерия ҳисоби ва иқтисодиёт бўлими

3 киши

Жами 12 та бўлим

Ахборот-коммуникация технологиялари мониторинги бўлими

4 киши

Умумий бўлим

2 киши

Юридик бўлим

2 киши

Техника бўлими

4 киши

Бошқарув ходимларининг чекланган сони - 62 киши, шу жумладан:

марказий аппарат ходимлари - 38 киши;

минтақавий бўлимлар ходимлари - 24 киши.

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 47-сон, 486-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2004 й., N 11, 108-модда.