ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.01.2022 й. ПҚ-92-сон "Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

19.01.2022 й.

N ПҚ-92



МАҲАЛЛАЛАРДА ЁШЛАР БИЛАН ИШЛАШ

ТИЗИМИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида:


1. Ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада (кейинги ўринларда - маҳалла) ёшлар етакчиси лавозими жорий этилсин.


2. Қуйидагилар маҳалладаги ёшлар етакчисининг (кейинги ўринларда - Етакчи) асосий вазифалари этиб белгилансин:

"Ёшлар баланси"ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни "Ёшлар дафтари" ва "Ёшлар портали" электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали иш ташкил қилиш;

маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, Беш муҳим ташаббус лойиҳалари, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш;

ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш;

ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топишини ва маънавий ривожланишини таъминлаш;

ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашиш.


3. Етакчилар ўзига бириктирилган маҳаллаларда фаолиятини қуйидаги асосий йўналишларда амалга оширади:

маданият ва санъатни тарғиб қилиш борасида - "Санъат ғунчалари" кўрик танлови, мақом, бахшичилик ва эстрада бўйича "Ёшлар овози", "Ёш мусаввирлар" танловлари ҳамда "Камалак юлдузлари" болалар ижодиёт фестивалини ўтказади, шунингдек, ёшлар ва болалар театр жамоаларини ташкил этади;

соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш борасида - мини-футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, велоспорт, югуриш, шахмат, шашка, бадминтон, камондан отиш бўйича мусобақаларни ташкил этади, саломатлик учун 5 000 қадам юриш марафони ҳамда "Ёш эколог" акциясини ўтказади;

ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш борасида - "Бир миллион дастурчи", "Дастурлашга биринчи қадам" лойиҳаларини амалга оширади, киберспорт чемпионати ва "Ахборот технологиялари билимдони" танловини ўтказади;

маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш борасида - "Заковат" мусобақаси, "Қувноқлар ва зукколар", "Зукко китобхон", "Ёш китобхон", "Ёш китобхон оила", "Хорижий тиллар билимдони" ва "Ёш полиглот" танловлари ҳамда "Мунозара" интеллектуал ва миллий халқ ўйинларини ташкил этади;

ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш борасида - "Ёш чегарачи", "Ёш қутқарувчи", "Қувноқ стартлар", "Темурбеклар", "Тўмарис маликалари", "Шунқорлар", "Ёш ҳуқуқшунос", "Ёш сайловчи", "Ёш депутат" танловлари ҳамда "Мен ҳам аскар бўламан" акциялари ва ҳарбий қисмларга саёҳатларни ташкил этади;

тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш борасида - "Ўзбекистон учун 100 ғоя" ва "Маҳалланинг ишбилармон тадбиркори" танловлари, "Бизнесга биринчи қадам" грант лойиҳаси ҳамда муваффақиятга эришган тадбиркорлар билан учрашувларни ташкил этади.


4. Етакчилар ушбу қарорнинг 3-бандида назарда тутилган тадбирлар маҳалладаги ёшларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда ҳар куни ўтказилишини таъминлаб борсин.


5. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси (Турдиев) ва Ёшлар ишлари агентлиги (Саъдуллаев):

ҳар бир маҳаллада "Бир нуронийга ўн нафар ёш", "Кекса авлод учрашувлари" лойиҳаларини амалга оширсин;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда "Ёшлар нуронийлар эътиборида" рукни остида туркум кўрсатувлар тайёрланиши ва эфирга узатилишини таъминласин;

маҳаллаларда ёшларни Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашга қаратилган туркум тадбирларни ташкил этиш чораларини кўрсин.


6. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон спорт федерация (ассоциация)лари раҳбарлари:

ҳар чоракда ҳудудлар кесимида камида бир маротаба ҳаваскор ёшлар орасида мусобақалар ўтказилиши бўйича йиллик режа-графикларини тасдиқлаб, амалга оширилишини таъминласин;

мусобақаларда ижобий натижаларга эришган ёшлар спорт билан мунтазам равишда шуғулланиши ва профессионал спортчи бўлиб етишиши учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўрсин.

Маданият вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар Етакчилар томонидан маҳаллаларда тадбирлар ўтказилишида амалий ёрдам кўрсатиб борсин.


7. Белгилансинки:

ҳар чоракда маҳаллада ёшлар сиёсатини самарали амалга оширишда юқори натижадорликка эришаётган мамлакат бўйича энг илғор 100 нафар Етакчилар бир ойлик иш ҳақига тенг миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади;

фаолиятини самарали ташкил этаётган, ўзининг шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлаётган ва уларга етакчилик қилаётган Етакчилар "Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси" кўкрак нишони билан тақдирланади.


8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 мартдан бошлаб:

1-иловада кўрсатилган ёрдам турлари Етакчининг тавсияси асосида берилади;

Етакчи ёшларнинг тадбиркорлик ғояларини амалга ошириш, улар фаолиятига кредит, субсидия ва бошқа ёрдам чораларини жалб қилиш бўйича маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорлик қилади;

Етакчи юқорида кўрсатиладиган ёрдам турларини беришни кўзда тутилган ҳар бир мурожаатнинг самарадорлиги ва мақсадга мувофиқлигини чуқур ўрганган ҳолда уларни бериш учун масъул идора ва ташкилотларга ўз тавсиясини тақдим этади;

Етакчи бериладиган тавсияларнинг асослилиги, ҳаққонийлиги ва адолатлилиги учун масъул ҳисобланади.

Ёшлар ишлари агентлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда мазкур қарорга 1-иловада кўрсатилган ёрдам турларини беришни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги механизмларни ихчамлаштириш ва соддалаштириш юзасидан ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Давлат олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларидаги ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорга (директор ўринбосарига) биринчи проректор (директорнинг биринчи ўринбосари) мақоми берилсин.

Давлат умумий ўрта таълим мактабларида директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ёшлар масалаларида идоралараро ҳамкорлик ва Етакчилар фаолиятига кўмаклашиш учун масъул деб ҳисоблансин.


11. Белгилаб қўйилсинки:

Ёшлар масалалари билан шуғулланиш ва ҳудудларда ушбу фаолиятни мувофиқлаштириш шахсан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан амалга оширилади;

Етакчиларнинг ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг маҳалла ва таълим муассасаларида ёшлар билан ишлаш бўлинмалари ходимларининг штат бирликлари умумий ўрта таълим мактабларидаги 10 008 нафар ёшлар етакчилари штат бирликларини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади;

Етакчи лавозимига номзодлар туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари бошчилигидаги танлов комиссияларини шакллантириш орқали очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинади;

Етакчи лавозимига ёшлар билан ишлаш тажрибасига эга, ёшларни эргаштира оладиган, шахсий фазилатлари билан намуна кўрсатган, фидойи, садоқатли ва ватанпарвар номзодлар тайинланади.


12. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда штат бирликлари қисқартирилган ходимларнинг иш билан таъминланиши чораларини кўрсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги:

иш фаолияти натижаларига кўра Етакчиларни Миллий кадрлар захирасига киритсин, бунда ушбу Етакчилар танловсиз тўғридан-тўғри юқори лавозимларга ўтказилиши мумкин;

икки йиллик меҳнат фаолияти натижаларига кўра Етакчиларнинг лавозимини ошириш юзасидан вазирлик ва идоралар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига таклиф киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда 2022 йил 1 мартга қадар Етакчилар учун янги жорий этилаётган тизимнинг туб моҳияти ва самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича ўқув семинарларини ташкил этсин.

Ўқув семинарларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига ўқув семинарларини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш вазифаси юклансин.


14. Етакчининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгилансин:

хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида;

хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида;

хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада - меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари миқдорида.

Ёшлар ишлари агентлигига фаолият самарадорлиги кўрсаткичларидан келиб чиқиб, Етакчиларни ҳар чорак якуни бўйича ойлик иш ҳақининг 50 фоизигача миқдорда мукофотлаш ҳуқуқи берилсин.


15. Белгилансинки:

бошқа ҳудудлардан келиб ўз фаолиятини олиб бораётган Етакчи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача бўлган миқдорда турар жой ижара тўлови қоплаб берилади;

йил якуни бўйича ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришган Етакчиларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида, бироқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги ПФ-33-сон Фармонига мувофиқ белгиланадиган уй-жой ҳисобланган қийматининг 50 фоизидан юқори бўлмаган миқдорда субсидия берилади;

ушбу қарорнинг 7-банди иккинчи хатбошиси, 14-банди ва ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган тадбирларнинг молиялаштирилиши белгиланган тартибда Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади;

Етакчи лавозимига ишга қабул қилинган шахсларнинг ҳарбий ва махсус унвонлари сақлаб қолинади, Етакчи лавозимидаги иш стажи навбатдаги ҳарбий ва махсус унвонлар олишда ҳисобга олинади, шунингдек, уларга олдинги иш жойига қайтганида қонунчиликда белгиланган барча имтиёзлар татбиқ этилади;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кадрларнинг амалдаги захирасини шакллантириш ваколатига эга бўлган вазирлик ва идоралар Етакчи лавозимига ишга қабул қилинган ходимларини кадрларнинг амалдаги захирасига киритиб сафарбар қилади;

Етакчининг меҳнатига тўланадиган ҳақ ва бошқа тўловлар, унга нисбатан татбиқ этиладиган имтиёзлар ушбу қарор билан белгиланади.

16. Ёшлар ишлари агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар бир Етакчининг иш фаолиятини тўлиқ рақамлаштирсин ҳамда қуйидаги йўналишларни назарда тутувчи электрон рейтинг тизимини (KPI) жорий этсин:

маҳаллада ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини кунлик амалга ошириш ҳолати;

тадбирларда маҳалладаги ёшларни тўлиқ қамраб олинганлик даражаси;

"Ёшлар баланси"ни шакллантириш, "Ёшлар дафтари" ва "Ёшлар портали" электрон платформаларини рақамлаштириш даражаси;

хорижда юрган маҳалла ёшлари билан яқиндан алоқанинг йўлга қўйилганлиги.


17. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2022 йил 1 мартга қадар:

Етакчилар учун қулай шароитга эга бўлган хизмат хоналарини ажратсин ва уларни моддий-техник жиҳозлар (мебель, компьютер тўплами, алоқа, Интернет ва бошқалар) билан таъминласин;

маҳаллий бюджет маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан Етакчиларни "Ёшлар дафтари" ва "Ёшлар портали" электрон платформаларига уланган, масофадан туриб ҳисоботлар тақдим этиш ҳамда видеоконференцалоқа шаклида йиғилишларда иштирок этиш имконини берувчи планшетлар билан таъминласин.

Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда планшетларда фойдаланиладиган дастурий таъминотни ишлаб чиқсин ва Етакчиларга тақдим этсин.


18. Молия вазирлиги ушбу қарор билан ажратилиши лозим бўлган маблағлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча даромад ва иқтисод қилинадиган маблағлари доирасида ажратилишини таъминласин.


19. Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Етакчиларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш, уларга ўз вазифаларини лозим даражада амалга ошириши учун услубий кўмаклашиш;

маҳаллаларда ёшлар билан ишлашнинг яхлит вертикал "маҳалла - туман - вилоят - республика" бошқарув тизимини яратиш бўйича ишлар самарадорлигини назорат қилиш;

Етакчилар фаолиятида вужудга келадиган муаммоларни ҳал қилиш юзасидан идоралараро ҳамкорликни таъминлаш.


20. Ёшлар ишлари агентлиги:

икки ҳафта муддатда Етакчининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, ваколатлари ва жавобгарлигини белгилаш бўйича намунавий низомни тасдиқласин;

ҳар ҳафтада ҳокимлар ва Етакчилар иштирокида маҳаллаларда амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилиб борсин;

Етакчилар фаолиятининг самарали ташкил этилишини таъминлаш мақсадида ҳар ҳафтада ҳудудларга чиқиб, маҳаллабай ишлаш тизими асосида амалга оширилаётган ишларни жойида ўрганиб борсин;

ҳар ойда амалга оширилган ишлар натижалари тўғрисида Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссиясига ахборот киритиб борсин;

икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


21. Етакчиларни уларнинг вазифа ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилиш ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш тақиқлансин.


22. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳудудий бўлинмаларининг талабномаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджети ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети, шунингдек, туман (шаҳар) бюджетларида шаклланган қўшимча манбалар ҳисобидан "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига маблағ ажратиш юзасидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республика Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) Кенгашларига ҳар чоракда таклиф киритилишини таъминласин.

23. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


24. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси раиси К.К. Куранбаев, Ёшлар ишлари агентлиги директори А.З. Саъдуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ҳар олти ойда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                            Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 19 январдаги

ПҚ-92-сон қарорига

1-ИЛОВА



Маҳалладаги ёшлар етакчилари тавсияси асосида

ёшларга бериладиган ёрдам турларининг

РЎЙХАТИ

Т/р

Ёрдам тури

Тавсия мазмуни

Хулоса кимга тақдим этилиши

1.

Моддий аҳволи қийин ёшларни қўллаб-қувватлаш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш.

Моддий ёрдам бериш ёки рад этиш бўйича тавсия

"Ёшлар дафтари" жамғармаси Васийлик кенгашига (кейинги ўринларда - Васийлик кенгаши)

2.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга 12 ойгача турар жой ижараси компенсациясини қоплаш учун - ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш.

Субсидия ажратиш ёки рад этиш бўйича тавсия

Васийлик кенгашига

3.

Психологик маслаҳатга муҳтож ёшларга ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари томонидан пуллик психологик хизмат кўрсатилиши билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун субсидия ажратиш.

Субсидия ажратиш ёки рад этиш бўйича тавсия

Васийлик кенгашига

4.

Мамлакатдаги профессионал ва олий таълим муассасаларида таълим олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож иқтидорли ёшларнинг тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача қисмини қоплаш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш.

Субсидия ажратиш ёки рад этиш бўйича тавсия

Васийлик кенгашига

5.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўташ бадалини тўлиқ миқдорда қоплаш учун субсидия ажратиш.

Субсидия ажратиш ёки рад этиш бўйича тавсия

Васийлик кенгашига

6.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ўқув курси харажатларини қоплаш учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш.

Субсидия ажратиш ёки рад этиш бўйича тавсия

Васийлик кенгашига

7.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож янги турмуш қураётган ёш оилаларга ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун тижорат банклари томонидан 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратишга кафиллик бериш.

Кафиллик бериш ёки рад этиш бўйича тавсия

Васийлик кенгашига

8.

Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун субсидия тўлашда алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар тоифасига мансублиги бўйича тавсия бериш.

Алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар тоифасига мансублиги бўйича тавсия

Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимига

9.

Спорт тўгаракларини ташкил этиш учун маҳаллада бўш турган давлат мулки ҳисобланган бино ва иншоотлар электрон савдолар ўтказмаган ҳолда, ушбу объектга нисбатан белгиланган энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида ижарага бериш.

Ижарага бериш юзасидан тавсия

Ёшлар ишлари агентлигига

10.

Аҳволи оғир бўлган 30 ёшдан ошмаган бемор фуқароларга мамлакатда ёки хорижий давлатларда даволаниш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш.

Субсидия ажратиш ёки рад этиш бўйича тавсия

Васийлик кенгашига

11.

Ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача бўлган қисми ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаб бериш.

Харажатларни қоплаш ёки рад этиш бўйича тавсия

Ёшлар ишлари агентлигига

12.

Ногиронлиги бўлган ёшларга нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ўргатиш, уларда касбий кўникмаларни шакллантириш, ахборот технологиялари, компьютерда дастурлаш амалиёти, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш, шунингдек, зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган миқдорда субсидия ажратиш.

Субсидия ажратиш ёки рад этиш бўйича тавсия

Ёшлар ишлари агентлигига

13.

Ногиронлиги бўлган ёшларга касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака ошириш, тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўргатиш курсларини муваффақиятли тугатган ҳамда махсус сертификатни олган, шунингдек, тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтганларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган миқдорда субсидия ажратиш.

Субсидия ажратиш ёки рад этиш бўйича тавсия

Ёшлар ишлари агентлигига




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 19 январдаги

ПҚ-92-сон қарорига

2-ИЛОВА


Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш

масалаларини мувофиқлаштириш

бўйича республика комиссияси

ТАРКИБИ

1. К.К. Куранбаев

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Комиссия раиси


2. Ж.Т. Жўраев

-

Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари, Комиссия раиси ўринбосари


3. А.И. Икрамов

-

ёшлар сиёсати ва спорт вазири, Комиссия раиси ўринбосари


4. О.Ф. Тожиев

-

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари


5. Лавозимига кўра

-

Олий Мажлис Сенати қўмитаси раиси


6. Лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари


7. Х.У. Умарова

-

мактабгача ва мактаб таълими вазири


8. И.Ю. Абдурахмонов

-

олий таълим, фан ва инновациялар вазири


9. О.А. Назарбеков

-

маданият ва туризм вазири


10. С.Б. Артикова

-

Бош прокурор ўринбосари


11. С.Д. Мамаюсупов

-

Миллий гвардия қўмондони ўринбосари


12. Ҳ.А. Қаршиев

-

мудофаа вазири ўринбосари


13. А.И. Икрамов

-

ички ишлар вазири ўринбосари


14. Р.О. Каримжонов

-

рақамли технологиялар вазири ўринбосари


15. А.Ш. Бекмуродов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори


16. О.А. Хасанов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари


17. А.Ж. Хаджаев

-

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси


18. С.С. Сайидов

-

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси


19. М.М. Хожиматов

-

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари


20. С. Турдиев

-

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси бошқаруви раиси


21. А.А. Хаитов

-

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси


22. А.З. Саъдуллаев

-

Ёшлар ишлари агентлиги директори, Комиссия масъул котиби


          

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган шахслар киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 19 январдаги

ПҚ-92-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим

қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3394-сон қарорига 1-илованинг рус тилидаги матни 7-бандида:

"Наименование мероприятия" устунидаги "первичными организациями Союза молодежи Узбекистана" сўзлари "территориальными подразделениями Агентства по делам молодежи" сўзлари билан алмаштирилсин;

"Ответственные исполнители" устунидаги "Союз молодежи Узбекистана (К. Куранбаев)" сўзлари "Агентство по делам молодежи (А. Саъдуллаев)" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 ноябрдаги "Мард ўғлон" давлат мукофотини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3402-сон қарорида:


5-банддаги "Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашига" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигига" сўзлари билан алмаштирилсин;


1-илова 3-бандининг биринчи хатбошисидаги "Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши" ва "Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгашлари раислари" сўзлари тегишинча "Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги" ва "Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги "Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4231-сон қарори 8-бандининг биринчи хатбошисидаги ", 2018 йил 27 июндаги ""Yoshlar-Kelajagimiz" Давлат дастури тўғрисида"ги ПФ-5466-сон Фармонлари" сўзлари "Фармони" сўзи билан алмаштирилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги "Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4306-сон қарори 7-бандининг "б" кичик бандидаги "Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ривожлантириш жамғармаси маблағлари" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар" сўзлари билан алмаштирилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги "Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4391-сон қарори 7-банди "в" кичик бандининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор (филиал директорининг биринчи ўринбосари) лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги;".


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 октябрдаги "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4498-сон қарори 2-бандининг учинчи хатбошисидан "Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги "Yoshlar - kelajagimiz" жамғармаси," сўзлари чиқариб ташлансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-4602-сон қарори 9-бандининг учинчи хатбошисидан ", "Yoshlar - kelajagimiz" дастури" сўзлари чиқариб ташлансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги "Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-4768-сон қарорида:

б) 4-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"давлат ва давлат улуши мавжуд бўлган олий таълим муассасасининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори (филиал директорининг биринчи ўринбосари) лавозимига номзод Агентлик билан келишилган ҳолда белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;";


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 20 январь


"Халқ сўзи", 2022 йил 20 январь

































Время: 0.2173
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск