ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик / Уй-жой қонунчилиги / Тураржой фондини бошқариш /

Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестри ҳамда рейтингини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.02.2022 й. 47-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 1 февралдаги

47-сон қарорига

3-ИЛОВА



Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг

электрон реестри ҳамда рейтингини шакллантириш

ва юритиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестри ҳамда рейтингини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги;


кўп квартирали уйларни бошқариш усуллари - кўп квартирали уйларни бошқариш қуйидаги усулларда амалга оширилади:

бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан;

юридик шахс бўлган бошқарувчи ташкилот томонидан ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) бўлган бошқарувчи (бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи) томонидан шартнома асосида;

битта ёки зич жойлашган бир нечта кўп квартирали уйда турар жойларнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорларини бирлаштирувчи уй-жой мулкдорларининг ширкати бўлган нотижорат ташкилот томонидан;


кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестри (кейинги ўринларда - электрон реестр) - ваколатли давлат органи томонидан кўп квартирали уйларни бошқариш органлари тўғрисидаги маълумотларни юритиш учун мўлжалланган электрон маълумотлар базаси;


рейтинг - кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг фикр-мулоҳазалари, солиқ, статистик ва бошқа ҳисоботлардаги мунтазам равишда янгиланиб туриладиган маълумотлар асосида автоматик равишда шаклланадиган кўп квартирали уйларни бошқариш органларини баҳолашнинг электрон тизими.


3. Электрон реестр ва рейтинг ваколатли давлат органи томонидан шакллантирилади ва унинг расмий веб-сайтига (кейинги ўринларда - веб-сайт) жойлаштирилади.


4. Электрон реестр ва рейтинг қуйидаги мақсадларда юритилади:

кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг ягона ва очиқ электрон маълумотлар базасини шакллантириш;

кўп квартирали уйлар ва уларга туташ ер участкаларини санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқ сақлаш талабларига ва улардан фойдаланишни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилишини назорат қилиш;

кўп квартирали уйлар ва уларга туташ ер участкаларини сақлаш бўйича хизматларнинг сифатини ошириш.


5. Рейтинг республика ҳудудлари кесимида (вилоятлар, туманлар, шаҳарлар бўйича) шакллантирилади.



2-БОБ. КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАРНИ БОШҚАРИШ

ОРГАНИНИ ЭЛЕКТРОН ТИЗИМДА РЎЙХАТДАН

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


6. Кўп квартирали уйларни бошқариш органи (кейинги ўринларда - бошқариш органи) ваколатли давлат органининг kommunal.uz веб-сайтида авторизациядан ўтиш учун электрон манзилга кирган ҳолда, "Электрон ҳукумат" тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (кейинги ўринларда - идентификация тизими) орқали рўйхатдан ўтиши лозим.


7. Рўйхатдан ўтгандан сўнг, тақдим этилган маълумотлари дентификация тизимидаги юридик шахсларнинг маълумотлар базаси билан солиштирилиб, хатолар бўлмаган тақдирда,электрон реестрда рўйхатдан ўтказилади.

Бунда кўп квартирали уйлар ва уларга туташ ер участкаларини сақлаш жисмоний шахс томонидан амалга оширилса, идентификация тизимидаги маълумотларни текшириш талаб этилмайди.


8. Веб-сайтдаги бошқариш органининг идентификатори юридик шахс учун - солиқ тўловчининг идентификация рақами, жисмоний шахс учун - жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ҳисобланади.


9. Рўйхатдан ўтгандан сўнг автоматик равишда бошқариш органининг шахсий кабинети шакллантирилади ва унга кириш электрон рақамли имзо ёрдамида амалга оширилади.


10. Бошқариш органи тугатилган тақдирда, унинг шахсий кабинетига киритилган маълумотлар электрон реестрнинг архивига юборилади ва доимий сақланади.



3-БОБ. ЭЛЕКТРОН РЕЕСТРНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ЮРИТИШ


11. Бошқариш органи рўйхатдан ўтган кундан бошлаб, қуйидаги маълумотларни шахсий кабинети орқали электрон реестрга жойлаштиради ва электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди:

бошқариш органининг номи ва жойлашган ери (почта манзили);

бошқариш органи раҳбарининг фамилияси, исми ва отасининг исми;

бошқариш органида фаолият юритаётган камида икки нафар мутахассиснинг кўп квартирали уйни бошқариш бўйича малака (аттестация) сертификати нусхаси (pdf шаклда);

уйни бошқариш ҳақидаги кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорлари томонидан қабул қилинган умумий йиғилиш қарори ёки бошқарувчи ташкилот ёхуд бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов натижалари бўйича тузилган баённома нусхаси (pdf шаклда).


12. Электрон реестрга қўшимча равишда қуйидаги маълумотлар киритилади:

диспетчерлик хизматининг телефон рақамлари, кўп квартирали уйлар рўйхати (майдони ва манзили), нотурар жойларнинг сони ва майдони, солиқ тўловчининг идентификация рақами (кейинги ўринларда - СТИР) ва бошқа зарур идентификация рақамлари, электрон почта манзили;

бошқарувдаги уйлар ва бошқа бинолар сони ва уларнинг жойлашуви, фойдаланишга топширилган йили ва асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар (лифтлар, кириш йўлаклари, болалар майдончалари, чиқинди тўплаш пунктлари, автотураргоҳлар сони, яшил майдонлар ҳажми, ички йўллар узунлиги);

кўп квартирали уйларнинг техник ҳолати ва конструктив элементлар тўғрисидаги маълумотлар (бинолар, таянч деворлар, том қопламаси, фасад, пойдевор қисмларининг қурилиш материаллари тури, ертўла майдони, шунингдек, мавжуд бўлса, ўтказилган инструментал текширувлар ва бахтсиз ҳодисалар сони тўғрисидаги маълумот);

кўп квартирали уйларнинг муҳандислик коммуникациялари тўғрисидаги маълумотлар (газ, электр энергияси, ичимлик, иссиқ ва оқова сув, иссиқлик энергияси таъминоти, вентиляция ва ўт ўчириш тизимининг мавжудлиги).


13. Ушбу Низомнинг 11 ва 12-бандларида кўрсатилган маълумотлар бошқариш органи томонидан киритилгандан сўнг, ушбу бошқариш органи автоматик тарзда электрон реестрга киритилади.


14. Ваколатли давлат органи томонидан бошқариш органи қуйидаги ҳолларда электрон реестрдан чиқарилади:

мазкур Низомнинг 11-бандида кўрсатилган маълумотларнинг ҳаққоний эмаслиги аниқланган тақдирда;

бошқариш органи тугатилганда;

барча кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши томонидан уйни бошқаришдан бир томонлама воз кечиш ҳақида қарор қабул қилинганда.

Бунда ваколатли давлат органи бошқариш органига уни электрон реестрдан чиқариш ҳақида хабарнома юборади.


15. Кадастр органлари, сув, электр, газ, иссиқлик таъминоти ташкилотлари бошқариш органининг сўровига асосан уч кун муддат ичида ушбу Низомнинг 11 ва 12-бандларида кўрсатилган маълумотларни тақдим этиб боради.


16. Ваколатли давлат органи электрон реестр маълумотларининг доимий равишда янгиланиб бориши ва барча фойдаланиш учун очиқ бўлишини таъминлайди.



4-БОБ. БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ РЕЙТИНГИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ЮРИТИШ


17. Бошқариш органларининг рейтинги ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ шакллантирилади.


18. Бошқариш органларини баҳолаш ушбу Низомга 2-иловада келтирилган мезонлар асосида амалга оширилади.


19. Рейтингни шакллантириш ва ҳисоблаш учун:

а) кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорлари жалб қилинади, уларнинг фикр-мулоҳазалари инобатга олинади.

Бунда жавоб ёки фикр қолдириш шахсий кабинет орқали мол-мулкнинг кадастр рақами ёхуджой мулкдорининг мажбурий бадали бўйича шахсий ҳисобварағи кўринишидаги идентификатор ёрдамида амалга оширилади;

б) тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ваколатли давлат органига қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:

Давлат солиқ қўмитаси томонидан - иш фаолияти тўғрисида (рўйхатга олинган сана, асосий воситаларининг қолдиқ қиймати, солиқ қарздорлиги, фойда солиғи тўлагунга қадар кўрилган фойда ёки зарар);

Давлат статистика қўмитаси томонидан - ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисида;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан - ходимларнинг умумий сони тўғрисида;

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан - кўп квартирали уйлар ва уларга туташ ер участкаларини сақлаш билан боғлиқ қоидабузарликлар, уларни бартараф қилиш бўйича берилган кўрсатмаларнинг бажарилиши тўғрисида.


20. Ваколатли давлат органи тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.


21. Бошқариш органлари рейтингини шакллантириш ва ҳисоблаш тартиби қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

Давлат статистика қўмитаси ҳар йили бир маротаба май ойининг 10-санасига қадар тақдим этиладиган бошқариш органлари томонидан давлат статистика ҳисоботи асосида ваколатли давлат органига кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг идентификация рақамлари (СТИР ва бошқа зарур идентификация рақамлари) билан бирга электрон рўйхатини юборади;

ваколатли давлат органи бошқариш органларининг электрон рўйхатини бир иш куни ичида ўз веб-сайтига жойлаштиради ҳамда тегишли вазирлик ва идораларга маълумот тақдим этиш юзасидан сўровнома юборади;

Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, тегишли вазирликва идоралар рейтингни шакллантириш учун зарур маълумотларни ваколатли давлат органига сўровдан кейинги 5 иш куни давомида тақдим этади. Давлат статистика қўмитаси зарур маълумотларни ҳар йили бир маротаба май ойининг 10-санасига қадар тақдим этади;

ваколатли давлат органи уч кун муддатда рейтингнинг автоматик равишда ўз веб-сайтида кўриб чиқилишини таъминлайди ва бир кун муддатда веб-сайтда унинг натижаларини эълон қилади.


22. Рейтинг балларини ҳисоблаш ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган Бошқариш органлари рейтинги бўйича услубий методика асосида амалга оширилади.



5-БОБ. ИНСОФСИЗ БОШҚАРУВЧИ

ТАШКИЛОТЛАР РЎЙХАТИ


23. Веб-сайтда кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларининг салбий мулоҳазалари асосида инсофсиз бошқариш органлари рўйхати шакллантирилади.


24. Инсофсиз бошқариш органлари рўйхатига сўнгги молиявий йил давомида кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларидан 51 фоиздан ортиқ салбий мулоҳазалар олган бошқариш органлари киради.

Бунда кўп квартирали уйдаги мулкдорлар салбий мулоҳазаларига сабаб бўлган муаммо ва камчиликлар бартараф этилган тақдирда, ушбу мулоҳазалар ҳисобга олинмайди.


25. Инсофсиз бошқариш органлари рўйхатига киритилган бошқариш органлари электрон реестрдан чиқарилган тақдирда, бир йил ичида электрон реестрга қайта кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


26. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Бошқарувчи ташкилотлар рейтингини шакллантириш

СХЕМАСИ

Босқич

Субъектлар


Амалга ошириладиган тадбирлар


Бажариш муддати



1-босқич

Давлат статистика қўмитаси


Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган бошқариш органларининг идентификация рақамлари (СТИР ва бошқа зарур идентификация рақамлари) билан бирга электрон рўйхатини ваколатли давлат органига юборади.


Ҳар йили бир маротаба май ойнинг 10-санасига қадар









2-босқич

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (ваколатли давлат органи)


Расмий веб-сайтига бошқарувчи ташкилотларнинг рўйхатини жойлаштиради ва тегишли вазирлик ва идораларга маълумот тақдим этиш юзасидан сўровнома юборади.


1 иш куни ичида









3-босқич

Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар


Рейтингни шакллантириш учун зарур маълумотларни ваколатли давлат органига тақдим этади.


Ваколатли давлат органи сўровидан кейинги 5 кун давомида, Давлат статистика қўмитаси - ҳар йили бир маротаба май ойининг 10-санасига қадар









4-босқич

Ваколатли давлат органи


Бошқарувчи ташкилотлар рейтингини автоматик равишда ҳисоблаб чиқишни таъминлайди.


3 кун давомида









5-босқич

Ваколатли давлат органи


Расмий веб-сайтида бошқарувчи ташкилотларнинг рейтинг натижаларини эълон қилади.


1 кун ичида



         





Низомга

2-ИЛОВА



Бошқарувчи ташкилотларни баҳолаш мезонлари

Т/р

Мезон


Улуши


1

Кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорлари мулоҳазалари


60%

2

Иш фаолияти


7%

3

Ходимларнинг умумий сони


6%

4

Асосий воситаларининг қолдиқ қиймати


5%

5

Солиқ қарздорлиги


5%

6

Кўп квартирали уйлар ва уларга туташ ер участкаларини сақлаш билан боғлиқ қоидабузарликлар бўйича кўрсатмалар сони


2,5%

7

Кўп квартирали уйлар ва уларга туташ ер участкаларини сақлаш билан боғлиқ қоидабузарликларни бартараф қилиш бўйича кўрсатмалар бажарилиши тўғрисидаги маълумотлар


2,5%

8

Фойда солиғи тўлагунга қадар фойда


4%

9

Фойда солиғи тўлагунга қадар зарар


4%

10

Ходимларнинг ўртача иш ҳақи


4%


ЖАМИ:


100%

           

Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган чет эл бошқарувчи ташкилотлари фақат биринчи мезон бўйича баҳоланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 2 февраль





























Время: 0.0300
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск