ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик / Уй-жой қонунчилиги / Тураржой фондини бошқариш /

Кўп квартирали уйларни бошқариш учун бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.02.2022 й. 47-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 1 февралдаги

47-сон қарорига

4-ИЛОВА



Кўп квартирали уйларни бошқариш учун бошқарувчи

ташкилот ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ

танлов ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом кўп квартирали уйларни бошқариш учун бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов (кейинги ўринларда - танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


танлов - танлов ҳужжатида қайд этилган кўп квартирали уй(лар)ни бошқариш учун ишлар (хизматлар)ни бажариш (кўрсатиш)га энг мақбул бўлган таклифни берган бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини аниқлаш тартиб-тамойили;


танлов предмети - танлов объектига нисбатан кўп квартирали уйни бошқариш шартномасини тузиш ҳуқуқи;


танлов объекти - танлов ўтказилаётган кўп квартирали уй-жой мулкдорларининг умумий мулкини бошқариш ҳуқуқи;


мажбурий бадал - кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни бошқариш, унга хизмат кўрсатиш, уни жорий ва мукаммал таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини сақлаш, шу жумладан ободонлаштириш харажатлари учун жойлар мулкдорлари томонидан тўланадиган тўлов;


танлов ташкилотчиси - Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ва Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси;


оферент - кўп квартирали уйлар ва уларга туташ ер участкаларини сақлаш бўйича танловдан манфаатдор бўлган, кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг рейтингига киритилган ва танлов таклифини тақдим этган бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи;


рейтинг - кўп квартирали уй-жой мулкдорларининг фикр-мулоҳазалари, солиқ, статистик ва бошқа ҳисоботлардаги мунтазам равишда янгиланиб турадиган маълумотлар асосида автоматик равишда шаклланадиган кўп квартирали уйларни бошқариш органлари баҳолашнинг электрон тизими;


танлов ҳужжатлари - танлов предметининг молиявий, тижорат, ташкилий ва бошқа тавсифлари ҳамда танловни ташкил этиш шартлари ва ўтказиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги дастлабки ахборотни ўз ичига олувчи, танлов ташкилотчиси томонидан тайёрланадиган ҳужжатлар тўплами;


танлов таклифи - танлов ҳужжатларида белгиланган шартларга мувофиқ танлов предметига нисбатан оферент томонидан тақдим этилган таклиф;


танлов таклифини таъминлаш кафолат суммаси (кейинги ўринларда - таъминот суммаси) - танлов ташкилотчисининг талабига биноан оферент томонидан таклифлар ва мажбуриятларнинг гаров, кафолат тарзида ёхуд қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усулда таъминланиши;


хабарнома - танлов ташкилотчиси томонидан оферентга юбориладиган, уни танлов ғолиби деб эътироф этиш ва шартнома тузишга розилик бериш тўғрисидаги ёзма хабарнома;


захирадаги ғолиб - танлов якунларига асосан танлов комиссиясининг қарори билан ғолиб деб эътироф этилган оферентнинг танлов таклифидан сўнг танлов таклифи энг мақбул деб топилган оферент.


3. Танлов қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

кўп квартирали уй фойдаланишга қабул қилинган кундан эътиборан уч ой муддатда кўп квартирали уй-жой мулкдорлари томонидан кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш бўйича умумий йиғилиш ўтказилмаганда ёки бошқариш усулини танлаш тўғрисида қарор қабул қилинмаганда;

бошқариш усулини танлаш масаласи бўйича кўп квартирали уй-жой мулкдорлари умумий йиғилишини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида суд қарори кучга киргандан сўнг уч ойдан кейин қайта умумий йиғилиш ўтказилмаганда ёки бошқариш усулини танлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинмаганда;

"Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига мувофиқ, кўп квартирали уй бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқарилганда умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш бўйича уй-жой, коммунал соҳадаги ташкилотлар билан хизматлар кўрсатишга доир шартнома жойлар мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори асосида кўп квартирали уй кенгашининг раиси томонидан тузилмаганда;

қонунчилик ҳужжатларда кўрсатилган бошқа ҳолларда.


4. Танлов қуйидаги тартибда амалга оширилади:

танлов ташкилотчиси томонидан танлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади;

танлов комиссияси таркиби тасдиқланади;

танлов ташкилотчиси томонидан танлов ўтказиш ҳақида эълон берилади;

танлов ҳужжатлари оферентлар томонидан юклаб олиш учун Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади;

танлов таклифлари қабул қилинади;

танлов ташкилотчиси томонидан танлов ўтказилади;

ҳисоблаш натижалари бўйича баённома тузилади ва танлов ғолиби эълон қилинади;

баённома тўғрисида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайти ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон берилади;

кўп квартирали уй-жой мулкдорлари танлов натижалари ҳақида хабардор қилинади;

танлов ғолиби билан шартнома тузилади.


5. Танлов қуйидаги тамойилларга асосланади:

танловда иштирок этиш учун тенг шароитлар яратиш;

коррупцияга йўл қўймаслик;

ҳалол рақобат;

танлов ўтказиш тўғрисидаги ахборотни олиш эркинлиги.


6. Танлов бир ёки бир нечта кўп квартирали уйларни бошқариш мақсадида шартномалар тузиш ҳуқуқи учун ўтказилади. Агар икки ва ундан ортиқ кўп квартирали уйларни бошқаришга шартномалар тузиш ҳуқуқи учун танлов ўтказилса, бундай кўп квартирали уйлар ўзаро туташ бўлган ҳудудда жойлашган бўлиши лозим.

Танлов бўйича ғолиб бўлган оферент мазкур ҳудудда жойлашган якка тартибда қурилган уйларга, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотларга (объектлар) шартнома асосида хизмат кўрсатиши мумкин.


7. Танловни ўтказиш кунига қадар кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорлари томонидан кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш ҳақида қарор қабул қилиниб, мазкур қарор амалга оширилган бўлса, танлов бекор қилинган ҳисобланади.


8. Танлов ташкилотчиси ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган қарор қабул қилинганлиги ҳақида унга маълум бўлган кундан бошлаб уч кун давомида танлов бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумотни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситаларига жойлаштиради.


9. Танлов ташкилотчиси танлов бекор қилинганлиги учун жавобгар бўлмайди, танлов ташкилотчисининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида танлов бекор қилинган ҳолатлар бундан мустасно.



2-БОБ. ТАНЛОВ ИШТИРОКЧИЛАРИ


10. Танлов ташкилотчиси, танлов комиссияси ва оферентлар (кейинги ўринларда - танлов иштирокчилари) танловнинг иштирокчилари ҳисобланади.


11. Танлов ташкилотчиси:

мазкур Низомнинг 3-бандида белгиланган ҳоллар мавжуд бўлганда, танловни ўтказиш ҳақида қарор қабул қилади;

танлов ўтказилиши эълон қилингандан кейин 5 иш кунидан кечиктирмай ваколат муддати 2 йилдан ортиқ бўлмаган танлов комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилади, унинг таркиби ва иш тартибини белгилайди, комиссия раисини тайинлайди;

танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълонни ва танловни ўтказиш учун ҳужжатларни расмийлаштиради ҳамда уларни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайти ёки бошқа оммавий ахборот воситаларига жойлаштиради;

оферентларнинг танлов ҳужжатларидан фойдаланишни таъминлайди;

танловни ўтказиш санасини белгилайди;

танлов комиссияси аъзоларининг танлов таклифларини ўрганишни таъминлайди;

танлов комиссиясининг танлов таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш натижалари тўғрисидаги баённомани расмийлаштиради;

танлов ғолиблари ҳақидаги ахборотни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштиради;

кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорлари ҳамда танлов ғолиби билан шартнома тузилишини ташкил қилади.


12. Танловни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар таъминот суммалари ва танлов ташкилотчисининг бошқа манбалари ҳисобидан амалга оширилади.

Танловни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ва таъминот суммаси миқдорлари Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг буйруғи асосида белгиланади.


13. Танлов комиссияси:

танлов таклифларини қабул қилишнинг охирги куни ва вақтини белгилайди;

танлов таклифларининг тўғри расмийлаштирилганлигини текширади;

танлов ҳужжатларида кўрсатилган талабларга мувофиқ танлов таклифларини ўрганади, таҳлил қилади ва баҳолайди.


14. Танлов комиссияси иши танлов ташкилотчиси томонидан тайинланган танлов комиссияси раиси томонидан назорат қилинади.


15. Танловда комиссияси аъзолари умумий сонининг 50 фоизидан ортиғи иштирок этса, танлов комиссияси ваколатли ҳисобланади. Танлов комиссиясининг ҳар бир аъзоси бир овозга эга. Танлов комиссиясининг ҳар бир аъзоси овоз беришда ёқлаб овоз бериши ёки қарши овоз бериши мумкин.

Танлов комиссияси аъзоси қарши овоз берганда, баённомада асослантирилган тушунтириш қолдириши шарт.


16. Танлов комиссиясининг қарорлари унинг йиғилишида иштирок этган танлов комиссияси аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Агар овозлар тенг бўлса, қарор танлов комиссияси раиси томонидан қабул қилинади.


17. Танлов комиссиясининг қарорлари танловда иштирок этган танлов комиссияси аъзолари томонидан имзоланган баённомалар билан тасдиқланган кунда қабул қилинади. Баённомаларни қалам билан тўлдириш ва уларга тузатишлар киритишга йўл қўйилмайди.


18. Танлов комиссияси йиғилишларида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этишлари мумкин.


19. Танлов комиссияси томонидан танлов ҳужжатларида назарда тутилмаган маълумотларни оферентлардан талаб этишга йўл қўйилмайди. Танлов комиссияси оферентларнинг тижорат сирлари махфийлигини таъминлайди.


20. Танлов иштирокчилари ёки улар ваколат берган бошқа шахслар танловда иштирок этадилар.


21. Танлов таклифлари танлов комиссиясининг йиғилишида очилади.


22. Танлов комиссиясининг ҳар бир аъзоси оферентлар таклифларини қабул қилиш муддати тугаган кунга қадар танлов иштирокчилари билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалари мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайтига киритиши шарт.


23. Танлов иштирокчилари билан аффилланганлик хусусиятга эга алоқалари бўлган ва/ёки тугатиш, тўловга қобилиятсизлик жараёнида бўлган оферентлар танловга қўйилмайди.


3-БОБ. ТАНЛОВНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДАГИ

ЭЪЛОННИ ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


24. Танлов ташкилотчиси томонидан мазкур Низомнинг 3-бандида белгиланган ҳолларда танлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва уч кун давомида танлов ўтказиш ҳақидаги эълон (кейинги ўринларда - эълон) Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситаларига жойлаштирилади.


25. Эълонга қуйидаги маълумотлар киритилади:

ишнинг (хизматнинг) батафсил тавсифи;

танлов предметининг қиймати;

оферентларга нисбатан қўйиладиган талаблар;

таклифларни юбориш муддати тугайдиган сана ва вақт;

танловни ўтказиш жойи;

таъминот суммаси.


26. Оферентлардан таклифларни қабул қилиш муддати Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайти ёки бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон берилган кундан бошлаб ўн иш кунидан кам бўлмаслиги лозим.



4-БОБ. ТАНЛОВ ҲУЖЖАТЛАРИНИ

ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


27. Танлов ташкилотчиси танлов ҳужжатларини тасдиқлайди ва эълон билан бир вақтда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайти ёки бошқа оммавий ахборот воситаларига жойлаштиради.


28. Танлов ҳужжатлари қуйидагилардан иборат:

мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ оферентнинг ишлар (хизматлар)ни бажариш учун нарх таклифи;

мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ оферентларни баҳолаш мезонлари;

мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ кўп квартирали уйлар ва уларга туташ ер участкаларини сақлаш билан боғлиқ ишлар (хизматлар) рўйхати;

танловга таклифлар тақдим қилинганда, кафолат сифатида базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдоридаги маблағ танлов ташкилотчисининг махсус жамғармасига йўналтирилганини тасдиқловчи ҳужжат;

агар танловда кўрсатилган ишларни бажариш (хизматларни кўрсатиш) билан боғлиқ фаолият қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ лицензияланадиган бўлса, тегишли лицензия нусхаси;

танловда иштирок этиш учун таъминот суммаси тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

кўп квартирали уйни бошқариш бўйича шартнома лойиҳаси.


29. Кўп квартирали уйни бошқариш шартномасида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

ўзига нисбатан бошқарув амалга ошириладиган умумий мол-мулкнинг таркиби, кўп квартирали уйнинг манзили;

умумий мол-мулкни сақлашга, ундан фойдаланишга ва уни таъмирлашга оид хизматлар ҳамда бажариладиган ишлар рўйхати, мазкур рўйхатни ўзгартириш тартиби;

шартнома нархини белгилаш, шунингдек, тўловни тўлаб бериш тартиби;

шартнома бўйича мажбуриятларнинг бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи томонидан бажарилишини назорат қилиш тартиби;

бажарилган ишлар ҳамда кўрсатилган хизматлар учун ҳисобот бериш тартиби ва муддатлари.


30. Танлов ташкилотчиси танлов комиссияси билан келишилган ҳолда, танлов ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарорни оферентларнинг таклифларини қабул қилиш муддати тугайдиган санадан камида уч кун олдин қабул қилишга ҳақли.

Бунда оферентларнинг таклифларини қабул қилиш тугайдиган муддат танлов ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилган санадан бошлаб камида беш иш кунига узайтирилади. Агар эълонда кўрсатилган ахборот ўзгартирилган бўлса, эълонга ўзгартиришлар киритилади.


31. Танлов ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш жараёнида танлов предметини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.


32. Зарур ҳолларда танлов ташкилотчиси танлов комиссиясининг ташаббуси билан танлов комиссияси қарори асосида танлов таклифларини тақдим этиш муддатини узайтириш ёки оферентларга уларнинг танлов таклифлари амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида таклиф билан мурожаат қилиши мумкин.


33. Танлов таклифларини қабул қилиш муддати тугагунга қадар оферент ўз таклифларига ўзгартиришлар киритиш ёки қайтариб олиш ҳуқуқига эга.



5-БОБ. ТАНЛОВ ТАКЛИФИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ


34. Танлов таклифлари қуйидаги шаклларда эълонда белгиланган муддатдан кечиктирмай берилади:

муҳрланган конвертда;

оферент томонидан танлов ҳужжатларини ("pdf" шаклда) Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайтига юклаш йўли билан.


35. Оферентлар томонидан танлов таклифлари тақдим қилинганда, кафолат сифатида базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдоридаги маблағ танлов ташкилотчисининг махсус жамғармасига йўналтирилади.


36. Танлов таклифларининг қабул қилиниши эълонда кўрсатилган вақтда тўхтатилади.


37. Танлов ҳужжатлари бўйича тушунтириш олиш мақсадида оферентлар томонидан юбориладиган мурожаатларни қабул қилиш танлов ташкилотчиси томонидан эълонда белгиланган тугаш муддатидан икки кун олдин тўхтатилади.

Келиб тушган барча мурожаатларга танлов ташкилотчиси томонидан икки кун муддатда тушунтиришлар берилиши шарт.



6-БОБ. ТАНЛОВ ТАКЛИФЛАРИНИ КЎРИБ

ЧИҚИШ ВА БАҲОЛАШ ТАРТИБИ


38. Танлов таклифларини тақдим этиш муддати тугаганда танлов комиссияси оферентлар иштирокида муҳрланган конвертлардаги танлов таклифларини очади ва бу ҳақда баённома расмийлаштиради. Келиб тушган танлов таклифлари конвертлар очилган кундан бошлаб беш кун ичида кўриб чиқилади.


39. Танлов комиссияси қуйидаги ҳолларда танлов таклифларини рад этади:

танлов таклифлари танлов ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаганда;

оферентнинг комиссия аъзоси билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалари мавжуд бўлса, шунингдек, тўловга қобилиятсизлик ёки тугатиш босқичида бўлса ҳамда оферентнинг фаолияти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тегишли органлар томонидан тўхтатилган бўлса.

40. Танлов қуйидаги ҳолларда амалга ошмаган деб ҳисобланади:

бирорта оферент иштирок этмаган тақдирда. Бундай ҳолатда танлов ташкилотчиси танловни танлов ҳужжатларида белгиланган шартларда ва ишларга (хизматларга) доир айни ўша талабларга мувофиқ такроран ўтказиши шарт. Бунда танлов ҳужжатларига ўзгартиришлар киритишга, рейтинг баҳоси қисмидаги оферентнинг танловга кириш талабини пасайтиришга йўл қўйилади;

танлов таклифларини кўриб чиқиш натижалари бўйича танлов комиссияси барча танлов таклифларини рад этса;

ғолиб ва захирадаги ғолиб шартнома тузишни рад этса.

Танлов амалга ошмаган деб ҳисобланган тақдирда, танловни белгиланган тартибда такроран ўтказиш бўйича эълон берилади.


41. Баҳолаш мезонлари асосида йиғилган умумий баллар натижаларига кўра танлов ғолиби ва захирадаги ғолиб аниқланади.


42. Танлов ғолибини аниқлаш якунларига кўра, танлов комиссияси аъзолари бир иш куни ичида баённомани икки нусхада тузади ва тасдиқлайди. Танлов ташкилотчиси уч кун давомида тасдиқланган баённоманинг бир нусхасини кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси лойиҳаси билан бирга танлов ғолибига тақдим этади. Баённомадан кўчирма Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


43. Танлов таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш ҳақидаги баённомада қуйидагилар акс эттирилади:

танлов таклифларини кўриб чиқиш, баҳолаш санаси ва вақти;

танлов комиссияси иштирок этган аъзолар ва оферентлар ваколатли вакилларининг таркиби;

танлов таклифларини баҳолаш натижаси;

қабул қилинган қарор, танлов ғолиби ва захирадаги ғолиб ҳақидаги маълумот.


44. Оферент танлов якунлари бўйича тушунтириш бериш ҳақида танлов ташкилотчисига сўровнома беришга ҳақли. Танлов ташкилотчиси сўровнома келиб тушган кундан бошлаб икки кун давомида ёзма шаклда тушунтириш беради.


45. Оферент танлов натижалари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


46. Танловни ўтказиш билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатлар, шу билан бирга баённомалар, танлов ҳужжатлари, унга берилган тушунтиришлар, танловни ўтказиш билан боғлиқ бўлган аудио ва видеоёзувлар танлов ташкилотчиси томонидан уч йил давомида сақланади.


47. Танлов ташкилотчиси баённома тасдиқланган кундан бошлаб бу ҳақда ўн кун давомида барча кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларини танлов натижалари ва шартнома лойиҳасини кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларига қулай бўлган жойларда - кўп квартирали уйларга кириш йўлакларидаги ва/ёки туташ ҳудудидаги эълонлар тахтасида жойлаштириш орқали огоҳлантиради.



7-БОБ. ТАНЛОВ НАТИЖАЛАРИ БЎЙИЧА

ШАРТНОМА ТУЗИШ ТАРТИБИ


48. Танлов ташкилотчиси танлов ғолиби эълон қилинган пайтдан бошлаб икки иш куни давомида унга танлов якунларига кўра хабарномани тақдим қилади. Хабарнома юборилган вақтдан бошлаб танлов тугалланган ҳисобланади.


49. Хабарнома танлов бекор қилинмаган ҳамда танлов тартиб-таомиллари бузилмаган тақдирда юборилиши мумкин.


50. Танлов ғолиби танлов ҳужжатлари ва танлов таклифида кўрсатилган шартлар асосида ўзи томонидан имзоланган шартномани танлов ғолиби эълон қилинган пайтдан бошлаб танлов ташкилотчисига ва кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларига ўн кун муддатдан кечиктирмай тақдим қилади.


51. Танлов ғолиби хабарномани тасдиқлашдан ёки мазкур Низомнинг 50-бандида белгиланган муддатларда ўзи томонидан имзоланган шартномани кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларига ва танлов ташкилотчисига тақдим этмаса, танлов ғолиби шартнома тузишдан бош тортган деб ҳисобланади ва кўп квартирали уйни бошқариш шартномасини имзолаш ҳуқуқи захирадаги ғолибга ўтади.


52. Ғолиб шартнома тузишдан бош тортган тақдирда унга таъминот суммаси қайтариб берилмайди. Агар танлов комиссияси томонидан захирадаги ғолиб аниқланган бўлса, шартнома тузиш ва унга доир мажбуриятларни бажариш ҳуқуқи захирадаги ғолибга ўтади. Бунда захирадаги ғолиб ғолиб томонидан таклиф этилган нархда (бундан захирадаги ғолиб таклиф этган нарх ғолиб томонидан таклиф этилган нархдан паст бўлган ҳоллар мустасно) шартнома тузади ёки шартнома тузишдан бош тортиши мумкин.

Агар танлов комиссияси томонидан захирадаги ғолиб аниқланмаган бўлса ёки захирадаги ғолиб шартнома тузишдан бош тортса, танлов амалга ошмаган деб ҳисобланади ва танлов такроран ўтказилиши эълон қилинади.


53. Танлов ғолиби (агар шартнома тузишдан бош тортган бўлса, захирадаги ғолиб) томонидан мазкур Низомнинг 53-бандига мувофиқ кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларига юборилган кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси бир ой давомида имзоланмаган тақдирда, мазкур шартнома танлов шартлари асосида тузилган деб ҳисобланади.



8-БОБ. ТАНЛОВ ТАШКИЛОТЧИСИ ВА ТАНЛОВ

ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


54. Танлов ташкилотчиси қуйидагилар учун жавоб беради:

танлов тартиби бузилмаслиги;

оферентлар тўғрисидаги тақдим этилган маълумотларга ўзгартиришлар киритилмаганлиги;

танлов таклифларининг уч йил давомида хавфсиз сақланиши;

ғолиб деб топилмаган оферентларга танлов таклифини таъминлаш кафолат суммасининг ўз вақтида қайтарилиши;

танлов комиссиясининг танлов таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш натижалари тўғрисидаги баённомани ўз вақтида расмийлаштириш ва танлов ғолиблари ҳақидаги ахборотни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситаларига жойлаштириш.


55. Танлов комиссияси томонидан қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

оферентдан танлов ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни асоссиз талаб қилиш;

оферентларнинг тижорат сирини муҳофаза қилишга бўлган ҳуқуқлари бузилиши;

танлов иштирокчилари билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалари бўлган, шунингдек, тугатиш ёки тўловга қобилиятсизлик жараёнида бўлган оферентларнинг танловда иштирок этишга йўл қўйиш;

оферентни танловда иштирок этишдан асоссиз равишда четлатиш;

танлов ҳужжатларини кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддатларини ўзгартириш.


56. Оферент ўзи томонидан тақдим этилган маълумотлар ҳаққонийлиги ва ишончлилиги учун жавобгар ҳисобланади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


57. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



НАМУНА

               

(оферент номи (бошқарувчи ташкилот учун - ташкилот номи,

бошқарувчи учун - фамилияси, исми, отасининг исми)

Ишлар (хизматлар)ни бажариш учун

НАРХ ТАКЛИФИ

(1-шакл)

      

(ишлар, хизматлар номи)

1. Биз (мен) қуйида имзо чекувчи, кўп квартирали уйлар жойлашган ҳудудни, танловнинг умумий, техник ва тижорат талабларини ўрганиб чиққанлигимизни тасдиқлаймиз ҳамда танлов шартларига мувофиқ барча ишларни


(рақам ва ёзув билан, ҚҚС билан)

сўмга бажариш ва тугатишни ҳамда барча аниқланган нуқсонларни белгиланган вақтда бартараф этишни таклиф этамиз (этаман).


2. Танлов таклифимиз қабул қилинган тақдирда, шартномада белгиланган тартибда ишларни бошлаш мажбуриятини оламиз.


3. Танлов таклифимиз (таклифим) баҳолаш учун очилган кундан бошлаб

____________________ календарь кун мобайнида ҳақиқийдир.

     (рақам ва ёзув билан)


4. Қабул қилинган хабарнома Сиз билан расмий шартнома тузишга мажбурлигимизни (мажбурлигимни) тасдиқлайди.


5. Танлов ташкилотчиси ва танлов комиссияси бошқа иштирокчилар томонидан тақдим этилган танлов таклифларидан энг паст нарх таклифини қабул қилишга мажбур эмаслигига розилик билдирамиз (билдираман).


6. Шартнома мажбуриятларининг бажарилиши ҳақидаги мониторинг маълумотлари танлов ташкилотчисига белгиланган шаклда, ишлар (хизматлар)ни бажаришнинг бутун даври мобайнида ҳар ойнинг 2-санасига қадар тақдим этиб борилишини кафолатлаймиз.

Бошқарувчи ташкилот раҳбари

ёки бошқарувчининг Ф.И.О.





(имзо)

20___ йил "____" ___________






Низомга

2-ИЛОВА



Оферентларни баҳолаш мезонлари*

(2-шакл)

Т/р

Мезонлар


Тақдим қилиш тартиби


1

Кўп квартирали уйни бошқариш бўйича шартноманинг мавжудлиги (уйдаги квартиралар сони)


Шартнома нусхаси тақдим қилинади


2

Кўрсатиладиган хизматлар рўйхати


Раҳбар имзоси билан тасдиқланган хизматлар рўйхати ҳар бир хизмат нархларининг ҳисоб-китоби илова қилинган ҳолда тақдим этилади


3

Бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи сифатидаги иш тажрибаси


Уй-жой фонди инспекцияси томонидан тасдиқланади


4

Ходимлар сони, шу жумладан, техник ходимлар сони


Ходимлар жадвали тақдим этилади


5

Техник ходимларининг сертификатларга эгалиги


Сертификатлар нусхалари илова қилинади


6

Авария-диспетчерлик хизматининг мавжудлиги (телефон рақами)


Жойлар мулкдорлари томонидан тасдиқланади


7

Моддий-техник базанинг мавжудлиги (бинолар майдони/сони, кичик механизация воситалари ва жиҳозларининг сони)


Раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланган бинолар, жиҳозлар ва кичик механизация воситалари рўйхати тақдим қилинади


8

Биллинг тизимининг мавжудлиги


Жойлар мулкдорлари томонидан тасдиқланади


            

*) Ушбу мезонлар кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг талабларига кўра ўзгартирилиши мумкин.






Низомга

3-ИЛОВА



Кўп квартирали уйлар ва уларга туташ ер участкаларини

сақлаш билан боғлиқ ишлар (хизматлар)

РЎЙХАТИ

(3-шакл)

Т/р

Ишлар (хизматлар) тури*


Нархи,

сўм/кв.м


1

Кўп квартирали уйлар ва уларга туташ ер участкаларини бошқариш хизматлари



2

Кўп квартирали уйнинг умумий мулки ҳудудида тозалаш ва ободонлаштириш



3

Кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари ҳудудини тозалаш ва ободонлаштириш (шу жумладан, агротехник тадбирлар)



4

Лифт ускуналарини сақлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш



5

Ички ичимлик сув таъминоти ва сув чиқариш тизимларига техник хизмат кўрсатиш (мансублик чегаралари доирасида)



6

Ички иссиқ сув таъминоти ва иситиш тизимларига техник хизмат кўрсатиш (мансублик чегаралари доирасида)



7

Ички электр таъминоти тизимларига техник хизмат кўрсатиш (мансублик чегаралари доирасида)



8

Ички вентиляция тизимларига техник хизмат кўрсатиш



9

Видеокузатув



10

Қўриқлаш хизмати



11

Кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш



12

Дератизация ва дезинфекция хизмати



13

Кўп квартирали уйни таъмирлаш, шу жумладан:

кириш йўлакларидаги ойналарни алмаштириш;

темир қулфли эшик ўрнатиш;

фасадни бўяш;

ертўла ва йўлаклардаги ички муҳандислик коммуникацияларини

тиклаш (мансублик чегаралари доирасида);

томни таъмирлаш;

бошқа турдаги ишлар.




Жами, ишлар (хизматлар)нинг умумий қиймати



             

*) Ушбу ишлар (хизматлар) тури кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг талабларига кўра ўзгартирилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 2 февраль

























































Время: 0.0195
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск