Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Давлат дастурлари, концепциялари ва уларни амалга ошириш / Умумий концептуал саволлар /

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини шакллантириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.04.2022 й. 206-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 21 апрелдаги

206-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини

ривожлантириш дастурини шакллантириш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини (кейинги ўринларда - Дастур) шакллантириш тартибини белгилайди.

Дастур республика иқтисодиётини барқарор ва тадрижий ривожлантиришга эришиш, табиий, минерал хомашё, молиявий, моддий ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш йўли билан тармоқлар ва ҳудудларни таркибий ўзгартиришнинг асосий йўналишларини ва стратегик вазифаларини амалга оширишга йўналтирилган ҳамда бир-бири билан ўзаро боғланган чора-тадбирлар ҳисобланади.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ривожлантириш концепцияси (стратегияси) - Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган ҳамда тармоқ ва (ёки) ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берадиган ва уларни босқичма-босқич ривожлантириш режасини ўзида акс эттирадиган ҳужжат;


инфратузилма лойиҳаси - паст рентабелли ёки рентабелсиз ижтимоий, йўл-транспорт, сув хўжалиги, муҳандислик-коммуникация объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашга қаратилган лойиҳа;


капитал қўйилмалар - Дастурга киритилган инфратузилма лойиҳаларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун бюджет тизими бюджетларидан ажратиладиган маблағлар;


лойиҳа паспорти - инфратузилма лойиҳасининг асосий параметрлари тўғрисидаги маълумотларни акс эттирадиган ҳужжат;


лойиҳалар портфели - ривожлантириш концепцияларида (стратегияларида), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларида белгиланган мақсадларга эришишни таъминлаш учун келгуси 3 (уч) йилда амалга оширилиши режалаштирилган инфратузилма лойиҳаларининг рўйхати.



2-БОБ. ДАСТУРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШНИНГ

АСОСИЙ ТАМОЙИЛЛАРИ


3. Дастур республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозларининг таркибий қисми ҳисобланиб, давлат инвестиция сиёсатининг устувор йўналишларини акс эттиради ва капитал қўйилмалар ҳисобидан молиялаштирилади.


4. Қуйидагилар Дастурни шакллантиришнинг асосий тамойиллари ҳисобланади:

аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун, биринчи навбатда, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соғлиқни сақлаш, таълим, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, шу жумладан, ичимлик сув ва канализация ҳамда йўл-транспорт тармоқларини ривожлантириш соҳаларини молиялаштириш;

молиялаштириш манбалари ва ҳажмларининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози билан мувофиқлиги;

табиий минерал хомашё, меҳнат ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш ва ривожлантириш концепциясида (стратегиясида) белгиланган вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириш;

аввалги йиллардан ўтувчи ва қурилиш-монтаж ишлари якунланмаган объектларни, шунингдек, молиявий ресурслар билан тўлиқ таъминланмаганлиги сабабли тугатилмай қолган объектларни тугаллаш;

махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларини зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари, йўл-транспорт инфратузилмалари билан таъминлаш;

йирик ирригация тармоқларини қуриш орқали республиканинг ирригация ва мелиорация тизимларини ривожлантиришга қаратилган дастурларни амалга ошириш;

йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва такомиллаштириш, шу жумладан, трансминтақавий транспорт коридорларига интеграциялаш, логистика мажмуалари ва транспорт логистика хабларини шакллантириш;

республика иқтисодиётига инвестициялар ҳажмини ошириш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириладиган лойиҳаларга хусусий инвесторларнинг маблағларини жалб этиш;

бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган давлат мулки объектларига инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини жойлаштириш;

инфратузилма лойиҳаларининг ҳудудларни ривожлантиришнинг бош режаларига, қишлоқлар (овуллар) фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг архитектура-режалаштириш лойиҳаларига ва батафсил режалаштириш лойиҳаларига ҳамда мастер режаларига мувофиқлиги;

давлат томонидан қўриқланиши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш, шунингдек, маъмурий биноларни қуриш, халқаро молия институтларини муҳим лойиҳаларни молиялаштиришга жалб қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш.


5. Дастур йиғма жадваллар билан таҳлилий қисмдан, манзилли рўйхатдан ва устувор инвестиция лойиҳаларнинг йиғма рўйхатидан ташкил топади.


6. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Дастурни шакллантириш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштиради.


7. Дастур Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланади.



3-БОБ. ДАСТУРНИНГ МАЗМУНИ ВА ТАҲЛИЛИЙ ҚИСМИ


8. Дастур қуйидагилардан иборат:

биринчи молия йилида капитал қуйилмаларнинг тармоқлар ва йўналишлар кесимидаги асосий параметрлари ва кейинги йилларда тармоқлар ва йўналишлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлар;

биринчи йилда капитал қўйилмаларни ўзлаштириш кўзда тутилган инфратузилма лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

биринчи йилда амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳаларининг манзилли рўйхати ва иккинчи йилда капитал қуйилмалар ўзлаштириладиган лойиҳалар бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

иккинчи йилда лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, учинчи йилда капитал қўйилмаларни ўзлаштириш кўзда тутилган инфратузилма лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

биринчи йилда инфратузилма лойиҳаларини ишга тушириш ва янги қувватлар яратишнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳамда кейинги икки йил учун мақсадли кўрсаткичлар;

Дастурни амалга ошириш доирасида эришиладиган мақсадли кўрсаткичлар ва умумлаштирилган жадваллар билан бирга таҳлилий қисми.


9. Дастурнинг манзилли қисми объектлар кесимидаги рўйхатдан, уларда кўзда тутиладиган чора-тадбирларнинг бажарилиш муддатлари, чора-тадбирлардан кутилаётган натижаларнинг ривожлантириш концепциясида (стратегиясида), тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларида белгиланган кўрсаткичлар билан боғлиқлиги тўғрисидаги маълумотлардан ташкил топади.


10. Дастурнинг таҳлилий қисми қуйидагиларни ўз ичига олади:

тармоқлар ва ҳудудлар кесимида капитал қўйилмаларнинг молиялаштириш манбаларининг таркиби;

республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнози, Дастур ва ривожлантириш концепцияларида (стратегияларида) назарда тутилган натижаларнинг ўзаро боғлиқлиги;

Дастурнинг самарадорлигини баҳолаш, шу жумладан, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатининг ошиши, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш (ўзгариш) прогнозига таъсирини акс эттирувчи маълумотлар.



4-БОБ. ЛОЙИҲАЛАР ПОРТФЕЛИНИ ИШЛАБ

ЧИҚИШ ВА ТАСДИҚЛАШ


11. Лойиҳалар портфели мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида ишлаб чиқилади.


12. Лойиҳалар портфели вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари (кейинги ўринларда - ташаббускорлар) томонидан ривожлантириш концепцияларига (стратегиясига) асосан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши ва аҳолининг таклифлари асосида келгуси уч йил учун шакллантирилади.


13. Лойиҳалар портфели ҳар йилги Дастурни шакллантириш учун маълумотлар базаси бўлиб хизмат қилади.


14. Ташаббускорлар ҳар йили 15 январга қадар лойиҳалар портфелига киритиладиган инфратузилма лойиҳаларининг туман (шаҳар) кесимидаги дастлабки рўйхатини шакллантириш бўйича мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ намунавий таркибда ишчи гуруҳлар тузадилар.


15. Ишчи гуруҳлар 1 мартга қадар тизимли равишда объектларни, яъни бинолар, иншоотлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг техник ҳолатини ўрганган ҳолда, лойиҳалар портфелига киритиш таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳалари рўйхатини шакллантиради ҳамда ҳар бир инфратузилма лойиҳаси бўйича мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда маълумот тайёрлайди.

Ишчи гуруҳлар ўз фаолиятини "маҳаллабай" ташкил этиб, бу жараёнларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиларининг иштирокини таъминлайди.


16. Ишчи гуруҳлар инфратузилма лойиҳаларининг дастлабки рўйхатини шакллантиришда объектнинг ҳақиқий техник ҳолатини ва моддий техник таъминотини, шунингдек, инфратузилма лойиҳаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашга муҳтожлигини ўрганади.


17. Ишчи гуруҳлар 10 мартга қадар ўрганилган инфратузилма лойиҳаларининг рўйхатини идоравий мансублигига қараб тегишли ташаббускорга юборади.


18. Ташаббускорлар ишчи гуруҳлар томонидан тақдим этилган материаллар асосида лойиҳалар портфелини мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ шаклда тасдиқлайдилар.

Лойиҳалар портфелига киритилган ҳар бир инфратузилма лойиҳалари учун расм ва видео ҳисобот, шунингдек, унинг жорий техник ҳолати тўғрисида ваколатли органнинг хулосаси олинади.


19. Ташаббускорлар тасдиқланган лойиҳалар портфелини 1 майга қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этади.


20. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 15 майга қадар тақдим этилган лойиҳалар портфелини ўрганади ва зарурат бўлганда ўзининг таклифларини (эътирозларини) тегишли ташаббускорга юборади.


21. Ташаббускорлар 1 июнга қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг таклифлари (эътирозлари) асосида ўзгартириш (қўшимча) киритилган лойиҳалар портфелини ёки таклифлар бўйича ўзининг фикрини асословчи ҳужжатлар билан биргаликда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этадилар.


22. Лойиҳалар портфелига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, шунингдек, ишчи гуруҳларнинг хулосаларига асосан ўзгартиришлар (қўшимчалар) киритилиши мумкин.


23. Лойиҳалар портфелига киритилган маълумотларнинг асослилиги ва ҳаққонийлиги учун ишчи гуруҳлар аъзолари, шунингдек, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари жавобгар ҳисобланади.


24. Ташаббускорлар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган лойиҳалар портфелини ўзларининг расмий веб-сайтига ёки оммавий ахборот воситаларига жойлаштиради ва ўзгартиришлар (қўшимчалар) киритилган ҳолларда янгилаб боради.



5-БОБ. ДАСТУРНИНГ МАНЗИЛЛИ ҚИСМИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


25. Дастур:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимга ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 14 майдаги ПФ-5717-сон Фармони ва "Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини шакллантиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 16 октябрдаги ПҚ-4864-сон қарори талаблари асосида ҳар йили аниқлаштирилиб, 3 (уч) йил муддатга;

жорий молиявий давр учун лойиҳа ташаббускорлари томонидан тасдиқланган лойиҳалар портфели асосида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш муддатлари, молиялаштириш манбалари ва уларнинг ҳажмлари билан ўзаро боғланган ҳолда шакллантирилади.


26. Дастурни шакллантириш, келишиш ва тасдиқлаш мазкур Низомга 5-иловага мувофиқ схемада амалга оширилади.


27. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 1 февралга қадар келгуси уч йилга мўлжалланган Дастурга киритиш учун инвестиция таклифларини тақдим этиш шакллари намуна ва макетларини ишлаб чиқиб, ташаббускорларга жўнатади.


28. Ташаббускорлар туман (шаҳар) ҳокимлари ва сектор раҳбарлари билан биргаликда 1 апрелга қадар Дастурга киритиш таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳаларининг ҳолати, амалга ошириш зарурати ва уларнинг жойлашуви бўйича кенг жамоатчилик фикрини ўрганади.


29. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 10 апрелга қадар Дастурда белгиланган мақсадли мўлжаллардан келиб чиқиб, келгуси йил учун ажратиладиган капитал қуйилмалар миқдорининг дастлабки параметрларини ташаббускорларга юборади.


30. Вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари 1 майга қадар тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияларидан келиб чиқиб, келгуси уч йилликда Дастурга киритиш таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳаларини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига киритади.

Бунда ташаббускорлар Дастурга киритиладиган инфратузилма лойиҳаларининг рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 10 декабрдаги ПҚ-43-сон қарорига асосан тузилган тегишли туман (шаҳар) ва ҳудудий штаблар билан келишади.


31. Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги 1 майга қадар давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга оширилиши таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳаларининг рўйхатини Дастурга киритиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этади.


32. Давлат активларини бошқариш агентлиги 1 майга қадар бўш турган, самарасиз фойдаланилаётган ва инфратузилма лойиҳаларини жойлаштириш имкони мавжуд бўлган давлат мулки объектларининг рўйхатини Дастурга киритиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этади.


33. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг таклифларини ўрганиш якунлари бўйича 10 майга қадар давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга оширилиши таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳаларини ва инфратузилма лойиҳаларини жойлаштириш имкони мавжуд бўлган давлат мулки объектлари рўйхатини ташаббускорларга тавсиялар билан бирга юборади.


34. Ташаббускорлар 1 июнга қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига қуйидагиларни тақдим этади:

а) Дастурга киритиш учун лойиҳалар портфелидан мазкур Низомга 6-иловага мувофиқ устувор инфратузилма лойиҳаларини танлаш мезонларига асосан танлаб олинган инфратузилма лойиҳаларининг рўйхатини;

б) ҳар бир Дастурга киритиш таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳалари бўйича қуйидагиларни ўз ичига олган ҳужжатлар тўпламини:

мазкур Низомга 7-иловага мувофиқ шаклда Дастурга киритиш таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳасининг паспорти;

объектнинг техник ҳолати тўғрисида маълумот;

архитектура ва қурилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари;

янги бошланаётган объектлар бўйича муҳандислик тадқиқот ва лойиҳа ишларини бажариш учун бюджет харажатлари ҳисоби;

инфратузилма лойиҳасининг смета қиймати (лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланган объектлар бўйича);

улушли молиялаштиришда маҳаллий бюджетдан кўзда тутилган маблағлар, ташқи ёрдам маблағлари, қарз ва бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш амалга оширилишини тасдиқловчи ҳужжатлар;

маҳаллий бюджетдан биргаликда молиялаштирилиши кўзда тутилган лойиҳалар бўйича халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси вилоятлар ва Тошкент шаҳри Кенгашининг баёнлари;

қиймати 10 млн АҚШ доллари ва ундан ортиқ бўлган йирик инфратузилма лойиҳаларининг ижтимоий-иқтисодий самарадорлигини баҳолаш натижалари тўғрисидаги маълумот.


35. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тақдим қилинган инвестиция таклифлари асосида Дастур лойиҳасига киритиш учун инфратузилма лойиҳаларининг дастлабки рўйхатини келгуси йил прогноз маблағлари доирасида шакллантиради.

Бунда Дастурга инфратузилма лойиҳаларини киритиш қуйидаги устуворлик тартибида амалга оширилади:

йилдан йилга ўтувчи объектларни молиялаштириш;

тугалланган объектлар бўйича кредитор қарздорликни сўндириш;

ривожлантириш стратегиялари (концепциялари) ва Давлат дастурларига киритилган инфратузилма лойиҳалари;

ташаббускорлар томонидан жалб қилинадиган қўшимча маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар;

давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳалари;

бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган Давлат мулки объектларига жойлаштириладиган инфратузилма лойиҳалари;

мазкур Низомга 6-иловада кўрсатилган мезонларга мос келадиган инфратузилма лойиҳалари.


36. Дастурнинг манзилли қисмига Низомнинг 34 ва 35-бандларида кўрсатилган тартибда шаклланган инфратузилма лойиҳаларидан ташқари қуйидагилар киритилади:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматнинг ҳужжатларида назарда тутилган объектлар;

Давлат томонидан қўриқланиши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятини, хавфсизлигини таъминлаш ва ички тартибни сақлаш, шунингдек, ваколатли орган томонидан табиий офатлардан зарар кўргани тасдиқланган объектларни тиклашга (аниқлашга) қаратилган лойиҳалар.


37. Дастурни амалга оширишни биринчи йилида йилдан йилга ўтувчи лойиҳалар ҳамда мазкур Низом талаблари асосида танланган янгидан бошланаётган инфратузилма лойиҳалари киритилади.


38. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Дастурга киритилган инфратузилма лойиҳаларининг кўрсаткичлари бажарилишини танқидий таҳлил қилади, уларнинг ривожлантириш концепцияларига (стратегияларига) ва молиявий ресурсларга боғлиқлигини инобатга олган ҳолда ўзгартиришлар (қўшимчалар) киритади.


39. Дастурни амалга оширишни иккинчи йилида биринчи йилдан ўтувчи, қийматига ўзгартириш киритилган, мазкур Низом талаблари асосида танланган ҳамда лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатлари биринчи йилда ишлаб чиқилган инфратузилма лойиҳалари киритилади.


40. Дастурни амалга оширишнинг учинчи йилида иккинчи йилдан ўтувчи, қийматига ўзгартириш киритилган, мазкур Низом талаблари асосида танланган ҳамда лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатлари иккинчи йилда ишлаб чиқилган инфратузилма лойиҳалари киритилади.


41. Ташаббускорлар инфратузилма лойиҳаларининг рўйхатини ажратилган капитал қуйилмаларнинг прогноз лимитлари доирасида ишлаб чиқадилар.


42. Ташаббускорлар маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун ҳамда таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳаларининг мазкур Низом талаблари асосида белгиланган устуворликка мос равишда танланишига масъул ҳисобланади.


43. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 20 июнга қадар ташаббускорлар томонидан тақдим этилган инфратузилма лойиҳаларини кўриб чиқиб, Дастурга киритиш таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳаларининг дастлабки манзилли рўйхатини шакллантиради ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритади.


44. Вазирлар Маҳкамаси 1 июлга қадар Дастурга киритиш таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганади ҳамда лойиҳаларнинг дастлабки манзилли рўйхати Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида тасдиқланишини таъминлайди.


45. Ташаббускорлар Қурилиш вазирлиги билан биргаликда 1 октябрга қадар Дастурнинг дастлабки манзилли рўйхатига киритилган инфратузилма лойиҳаларининг лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатларининг ишлаб чиқилишини ва 1 ноябрга қадар ушбу лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатлари экспертизадан ўтказилишини таъминлайди.


46. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 10 ноябрга қадар Дастурни тасдиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ўрнатилган тартибда ташаббускорлар билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Бунда Дастурга лойиҳа (лойиҳаолди) ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмаган лойиҳалар киритилишига йўл қўйилмайди.


47. Вазирлар Маҳкамаси 20 ноябрга қадар Дастурни тасдиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади.


48. Тасдиқланган Дастур ташаббускорлар томонидан янгидан бошланаётган инфратузилма лойиҳалари бўйича тендер (танлов) ўтказиш учун асос ҳисобланади.



6-БОБ. ДАСТУРГА ЎЗГАРТИРИШ ВА

ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ


49. Дастурга қуйидаги ҳолларда:

Вазирлар Маҳкамаси Раёсати томонидан - Дастурнинг асосий параметрларига тасдиқланган лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатлари ҳамда молиялаштириш манбалари мавжуд бўлган қўшимча инфратузилма лойиҳаларини (объектларини) киритишни, шунингдек айрим инфратузилма лойиҳаларни (объектларни) чиқариб ташлашни назарда тутувчи;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 22 январдаги ПҚ-98-сон қарори билан тасдиқланган Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича республика комиссияси томонидан - Дастурнинг асосий параметрларига иқтисод қилинган ёки ўзлаштирилмаган капитал қўйилмалар лимитларини ташаббускорлар ўртасида қайта тақсимлашни назарда тутувчи;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан - Молия вазирлиги билан биргаликда лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда экспертизадан ўтказиш, шунингдек, танлов (тендер) якунларига мувофиқ Дастур доирасида амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари (объектлар) параметрларига ташаббускорлар бўйича белгиланган капитал қўйилмалар лимитлари доирасида ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар киритилиши мумкин.

Бунда мазкур бандда кўзда тутилган ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар Бюджет кодексида назарда тутилган Давлат бюджетининг харажатлар ёйилмасига ўзгартиришлар киритиш тартибларига қатъий амал қилган ҳолда киритилади.


50. Тасдиқланган Дастур доирасида биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун кўзда тутилган маблағларнинг 10 фоиз ва ундан ортиқ миқдордаги маблағларни биринчи даражали бюджет маблағи тақсимловчидан бошқа биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчига ўтказиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали амалга оширилади.



7-БОБ. ДАСТУР ДОИРАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН

ИНФРАТУЗИЛМА ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ

ОЧИҚЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


51. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Дастур доирасида амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари рўйхатини (қонунчилик ҳужжатларида ошкор этилмаслиги белгиланган инфратузилма лойиҳалари бундан мустасно) ва улар учун ажратилган маблағлар тўғрисида тармоқлар ва ҳудудлар кесимидаги маълумотларни ҳар чорак якунларига кўра, чоракдан кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмасдан ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштиради.

Расмий веб-сайтида жойлаштирилган маълумотда ҳар бир инфратузилма лойиҳаси бўйича қуйидаги маълумотлар акс эттирилиши лозим:

объектнинг номи ва жойлашган манзили (вилоят, туман, шаҳар, аҳоли пункти ва бошқалар);

объектнинг қиймати ва уни фойдаланишга топшириш муддати (йил, ой);

жорий молия йили учун капитал қуйилмаларнинг лимити;

бажарилган ишлар, ҳисобот даврида амалга оширилган молиялаштириш ва инфратузилма лойиҳаси доирасида ўзлаштирилган маблағлар миқдори;

инфратузилма лойиҳасини амалга оширишдан кутилаётган натижа.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


52. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.




Низомга

1-ИЛОВА



Лойиҳалар портфелини шакллантириш

СХЕМАСИ*

Босқичлар


Ижрочилар


Тадбирлар


Бажариш

муддатлари

I босқич


Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Лойиҳалар портфелига киритиладиган инфратузилма лойиҳаларининг туман (шаҳар) кесимидаги дастлабки рўйхатини шакллантириш бўйича ишчи гуруҳ тузиш.


ҳар йили

15 январга қадар




II босқич


Ишчи гуруҳлар


Тизимли равишда объектларни, яъни бинолар, иншоотлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг техник ҳолатини ўрганган ҳолда лойиҳалар портфелига киритиш таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳалари рўйхатини шакллантириш ҳамда ҳар бир инфратузилма лойиҳаси бўйича маълумот тайёрлаш.


ҳар йили

1 мартга қадар




III босқич


Ишчи гуруҳлар


Ўрганилган инфратузилма лойиҳаларининг рўйхатини идоравий мансублигига қараб тегишли вазирлик ва идораларга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юбориш.


ҳар йили

10 мартга қадар




IV босқич


Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Ишчи гуруҳлар томонидан тақдим этилган материаллар асосида лойиҳалар портфелини тасдиқлаш ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этиш.


ҳар йили

1 майга қадар




V босқич


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги


Тақдим этилган лойиҳалар портфелини ўрганиш ва зарурат бўлганда ўзининг таклифларини (эътирозларини) тегишли вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юбориш.


ҳар йили

15 майга қадар




VI босқич


Вазирлик

ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг таклифлари (эътирозлари) асосида ўзгартириш (қўшимча) киритилган лойиҳалар портфелини ёки таклифлар бўйича ўзининг фикрини асословчи ҳужжатлар билан биргаликда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этиш


ҳар йили

1 июнга қадар





VII босқич


Вазирлик

ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган лойиҳалар портфелини ўзларининг расмий веб-сайтига ёки оммавий ахборот воситаларига жойлаштириш ва ўзгартиришлар (қўшимчалар) киритилган ҳолларда янгилаб бориш.


доимий равишда




      

*) Лойиҳалар портфели келгуси йил учун ҳар йили ўрнатилган тартибда аниқлаштириб борилади.




Низомга

2-ИЛОВА



Лойиҳалар портфелига киритиладиган инфратузилма

лойиҳаларининг туман (шаҳар) кесимидаги дастлабки

Рўйхатини шакллантириш бўйича ишчи гуруҳнинг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

Лавозими бўйича

-

тармоқ вазирлик/идораларининг ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар) бўлинмаси раҳбари, ишчи гуруҳ раҳбари

Лавозими бўйича

-

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар) бошқармаси бошлиғи, ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари

Лавозими бўйича

-

Молия вазирлигининг ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар) бошқармаси бошлиғи

Лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тегишли соҳа учун масъул раҳбари

Лавозими бўйича

-

"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги корхоналарининг раҳбарлари

Лавозими бўйича

-

"Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги корхоналарининг раҳбарлари

Лавозими бўйича

-

Уй-жой коммунал-хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар) бошқармаси бошлиғи

Лавозими бўйича

-

Қурилиш назорати инспекциясининг ҳудудий бўлинмаси бошлиғи

Лавозими бўйича

-

Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи

Лавозими бўйича

-

тармоқ вазирликлари ва идоралари ҳудудий бўлинмасининг мутахассиси

Лавозими бўйича

-

лойиҳалаштирувчи ташкилот (масъул ходими)

   

Изоҳ: Ишчи гуруҳ таркибига зарур мутахассислар жалб қилниши мумкин.




Низомга

3-ИЛОВА



Лойиҳалар портфелига киритиш таклиф этилаётган

инфратузилма лойиҳаси бўйича маълумот


_____________________________________ (лойиҳа номи)

Т/р

Номланиши

Бирлик

Маълумот

1

Лойиҳанинг жойлашган манзили



2

Қурилган йили ҳамда реконструкция/таъмирлаш ишлари амалга оширилган йил (охирги марта)



3

Мавжуд қувват



4

Идоравий тааллуқлилиги



5

Штат бирликлари сони



6

Объектда охирги марта амалга оширилган қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари тўғрисида маълумот (иш бажарилган йил, қуввати ва ажратилган маблағ миқдори)




Қурилиш




Реконструкция қилиш




Мукаммал таъмирлаш




Жиҳозлаш



7

Амалдаги қувват



8

Объект ҳудудининг кадастр ҳужжатлари бўйича умумий майдони



9

Алоҳида турувчи бино/иншоот, уларнинг вазифаси/йўналишлари ва турлари (стандарт ёки мослаштирилган) шу жумладан:




ўқув корпуси




спорт зали




...



10

Мавжуд бино/иншоотнинг мавжуд майдони, шундан ҳар бир бино/иншоот:




ўқув корпуси




спорт зали




...



11

Қамраб олинган аҳоли сони



12

Объектнинг техник ҳолати, мавжуд бино/иншоотлар (ҳар бири бўйича алоҳида)




ўқув корпуси




спорт зали




...



13

Бино/иншоотларни муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш (мавжуд ёки мавжуд эмас, мавжуд бўлса қувватини кўрсатиш)




электр таъминоти




газ таъминоти




сув таъминоти




марказлаштирилган канализация




иссиқлик таъминоти



14

Лойиҳани амалга ошириш учун қисқача асос (зарур бўлганда қўшимча тегишли маълумотлар акс эттирилади)



15

Лойиҳани амалга оширишда эришиладиган ютуқларни қисқача асослаш (зарур бўлганда қўшимча тегишли маълумотлар акс эттирилади)



16

Лойиҳани амалга ошириш бўйича таклиф




Қурилиш, шундан:







Қайта таъмирлаш, шундан:




ўқув корпуси







Капитал таъмирлаш, шундан:




спорт зали






       

Изоҳ: Тармоқнинг хусусиятидан келиб чиқиб, лойиҳа бўйича маълумотда юқоридагилардан бошқа маълумотлар (навбатлилик коэффициенти, аҳолини қамраб олиш даражаси, муҳандислик тармоқлари билан таъминланганлиги ва бошқалар) ҳам акс эттирилиши мумкин.




Низомга

4-ИЛОВА


"ТАСДИҚЛАЙМАН"


(вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар

ва Тошкент шаҳар ҳокими)


______ йил "_____" ___________

Капитал қўйилмалар ҳисобидан молиялаштириш

таклиф этилаётган лойиҳалар портфели

Т/р

Лойиҳаларнинг номланиши

Амалга ошириш муддати

Ўлчов бирлиги

Лойиҳа қуввати

Шундан 20__йил ишга тушадиган қувват

20__ йил учун талаб этиладиган маблағ

(млн сўм)

20__ йил учун талаб этиладиган маблағ

(млн сўм)

Эришиладиган натижа (кутилиш)

Изоҳ













Низомга

5-ИЛОВА



Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини

ривожлантириш дастурини шакллантириш,

келишиш ва тасдиқлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Ижрочилар


Тадбирлар


Бажариш

муддатлари




I босқич


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги


Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда - Дастур) лойиҳасига киритиш учун инвестиция таклифларини тақдим этиш шакллари намуна ва макетларини ишлаб чиқиб, лойиҳа ташаббускорларига жўнатиш.


ҳар йили

1 февралга қадар




II босқич


Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Дастурга киритиш таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳаларининг рўйхатини туман (шаҳар) ҳокимлари ва сектор раҳбарлари билан биргаликда уларни амалга ошириш зарурати ҳамда уларнинг жойлашуви бўйича кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш.


ҳар йили

1 апрелга қадар




III босқич


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги


Дастурда белгиланган мақсадли мўлжаллардан келиб чиқиб, келгуси йил учун ажратиладиган капитал қуйилмалар миқдорининг дастлабки параметрларини вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юбориш.


ҳар йили

10 апрелга қадар




IV босқич


Вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари


Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги


Давлат активларини бошқариш агентлиги


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияларидан келиб чиқиб, келгуси уч йилликда Дастурга киритиш таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳаларни Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига шахсий кафиллик асосида киритиш.*


Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга оширилиши таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳаларининг рўйхатини Дастурга киритиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тақдим этиш.


Бўш турган, самарасиз фойдаланилаётган ва инфратузилма лойиҳаларини жойлаштириш имкони мавжуд бўлган давлат мулки объектларнинг рўйхатини Дастурга киритиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этиш.


ҳар йили

1 майга қадар




V босқич


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги


Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг таклифларини ўрганиш якунлари бўйича давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга оширилиши таклиф этилаётган инфратузилма лойиҳаларини ва инфратузилма лойиҳаларини жойлаштириш имкони мавжуд бўлган давлат мулки объектлари рўйхатини ташаббускорларга тавсиялар билан бирга юбориш.


ҳар йили

10 майга қадар







VI босқич


Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Тасдиқланган лойиҳалар портфелидан танлаб олинган лойиҳалар рўйхатини ва лойиҳалар бўйича ҳужжатлар тўпламини Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этиш.


ҳар йили

1 июнга қадар




VII босқич


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги


Дастурга киритиш учун таклиф қилинган лойиҳаларнинг дастлабки манзилли рўйхатини Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


ҳар йили

20 июнга қадар






VIII босқич


Вазирлар Маҳкамаси


Лойиҳаларнинг дастлабки манзилли рўйхати Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида тасдиқланишини таъминлаш.


ҳар йили

1 июлга қадар





IX босқич


Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Қурилиш вазирлиги


Дастурнинг дастлабки манзилли рўйхатига киритилган инфратузилма лойиҳаларининг лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилишини таъминлаш.


Инфратузилма лойиҳаларининг лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказилишини таъминлаш.


ҳар йили

1 октябрга қадар



ҳар йили

1 ноябрга қадар




X босқич


Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги


Дастурни тасдиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ўрнатилган тартибда вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


ҳар йили

10 ноябрга қадар




XI босқич


Вазирлар Маҳкамаси


Дастурни тасдиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш.


ҳар йили

20 ноябрга қадар




      

*) Дастурга киритиладиган инфратузилма лойиҳаларининг рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2021 йил 10 декабрдаги ПҚ-43-сон қарорига асосан тузилган тегишли туман (шаҳар) ва ҳудудий штаблар билан келишилади.




Низомга

6-ИЛОВА



Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини

ривожлантириш дастурига киритиш учун лойиҳалар

портфелидан инфратузилма лойиҳаларини танлаш

МЕЗОНЛАРИ


1. Бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан молиялаштириладиган инфратузилма лойиҳалари қуйидаги мезонлар асосида танланади ва улар ёрдамида лойиҳанинг аҳамияти баҳоланади (аниқланади):

мажбурий мезонлар - ушбу мезонларга риоя қилмаслик бошқа хусусиятлардан қатъи назар лойиҳани Дастурга киритилмаслигига сабаб бўлади. Агар лойиҳа мажбурий шартларга мувофиқ бўлмаса, баҳолаш мезонлари ҳисобга олинмайди.

баҳолаш мезонлари - мазкур мезонлар бўйича инфратузилма лойиҳалари баллар қўйиш орқали баҳоланади. Баҳолаш мезонлари сифат ва миқдор кўринишида бўлиши мумкин;

тармоқ мезонлари - маълум тармоқ бўйича инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг устуворлигини аниқлаш бўйича алоҳида мезонлар.


2. Қуйидагилар мажбурий мезонлар ҳисобланади:

объектнинг давлат мулки объектлари ёки маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мулки тоифасига кириши;

инфратузилма лойиҳасининг ривожлантириш стратегиялари (концепциялари) Давлат дастурларига киритилганлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматнинг ҳужжатларида назарда тутилганлиги.

Мажбурий мезонлар фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар натижасида зарар кўрган объектларни танлаш ва баҳолашга қўлланилмайди.


3. Баҳолаш мезонлари ва тармоқ мезонлари қуйида келтирилган тартибда баҳоланади:

Т/р

Мезонлар

Балларни бериш шартлари

Балларнинг вазни

1

Баҳолаш мезонлари:



1.1.

Аҳоли ҳаёти ва соғлиги учун табиий ва техноген офатлар, эпидемиологик вазият бўйича хавфни бартараф этиш, ваколатли орган томонидан табиий офатлардан зарар кўргани тасдиқланган объектларни тиклашга (аниқлашга) қаратилган лойиҳалар тоифасига тегишлилиги

Тегишли

5

Тегишли эмас

0

1.2.

Лойиҳани амалга ошириш зарурати ва мақсадининг сон ва сифат кўрсаткичларини асослаш ҳисоб-китоблари (маълумотлари) мавжудлиги

Мавжуд

5

Мавжуд эмас

0

1.3.

Лойиҳа аҳамиятининг даражаси

Республика

5

Вилоят

10

Бир қанча шаҳар ва туманлар

15

Туман ва шаҳарлар

20

Туман ёки шаҳарлар

25

1.4.

Лойиҳанинг самарадорлиги, шу жумладан ижтимоий самараси

Объекти хизмат кўрсатишни кўзда тутиб, тўғридан-тўғри муаммони, шу жумладан, ижтимоий муаммоларни ҳал этишга ҳисса қўшишга қаратилган

10

Лойиҳа бўйича алоҳида муаммолар, шу жумладан, ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган кўрсаткичлар белгиланган

5

Лойиҳа самарадорлигини аниқлаш қийин

0

1.5.

Объектнинг техник ҳолати

Яроқсиз (фойдаланиб бўлмайди)

20

Ўртачадан паст (реконструкция қилиш талаб этилади)

10

Ўрта ҳолатда (капитал таъмирлаш талаб этилади)

5

1.6.

Объектда охирги иш бажарилиш вақти (қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш)

Амалга оширилмаган

20

10 йилдан 15 йилгача

10

5 дан 10 йилгача

5

5 йилгача

0

1.7

Лойиҳани маҳаллий бюджетдан молиялаштириш даражаси

50 фоиз ва ундан ортиқ

10

50 фоизгача

5

Йўқ

0

1.8.

Тасдиқланган лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатлари мавжудлиги

Мавжуд

10

Мавжуд эмас

0

1.9.

Янги иш ўринлари яратиш

Яратиш кўзда тутилган

5

Яратиш кўзда тутилмаган

0

1.10.

Молиявий ресурсларнинг асосланган ҳисоб-китоби ва молиялаштириш манбалари аниқланганлиги

Мавжуд

10

Мавжуд эмас

0

1.11.

Лойиҳанинг ташқи-муҳандислик тармоқлари ва транспорт инфратузилмаси билан таъминлаш ҳолати

Таъминланган

10

Қисман таъминланган

5

Таъминланмаган

0

1.12.

Лойиҳанинг ўрнатилган қувватидан фойдаланиш учун истеъмолчилар (фойдаланувчилар) етарлилиги

Етарли миқдорда мавжуд

10

Етарли эмас

0

1.13.

Лойиҳа хизмат кўрсатадиган (қамраб олинадиган) аҳоли сони

10 минг нафардан ортиқ

20

5 мингдан 10 минг нафаргача

15

1 мингдан 5 минг нафаргача

10

1 минг нафардан кам

5

2

Тармоқ мезонлари:



Таълим муассасалари

(мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, олий таълим ташкилотлари)

2.1

Навбатлилик коэффициенти (ўқувчилар сонининг таълим муассасасининг қувватига нисбати)

2 ва ундан ортиқ

15

1,5 дан 2 гача

10

1 дан 1,5 гача

5

1 дан кам

0

2.2

Спорт залларининг мавжудлиги

Мавжуд эмас

15

Мавжуд, аммо реконструкция қилишга муҳтож

10

Мавжуд, аммо капитал таъмирлашга муҳтож

5

Мавжуд

0

Соғлиқни сақлаш объектлари

2.3

Бирламчи касалланиш даражаси (100 минг аҳолига)

30 мингдан кам

15

30 мингдан 40 минггача

10

40 мингдан 50 минггача

5

50 мингдан ортиқ

1

2.4

Ҳар бир фуқарога йилига поликлиникага тиббий ташрифлар сони (ташрифлар)

5 тадан кам

15

5 тадан 7 гача

10

7 тадан 10 тагача

5

10 тадан кўп

1

Ичимлик ва оқова сув объектлари

2.5

Аҳолининг ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси

10 фоиздан кам

15

10 дан 30 фоизгача

10

30 дан 50 фоизгача

5

50 фоиздан ортиқ

1

2.6

Аҳолининг марказлаштирилган канализация тармоқлари билан таъминлаш

10 фоиздан кам

15

10 дан 30 фоизгача

10

30 дан 50 фоизгача

5

Мелиорация объектлари

2.7

Суғориладиган ерларнинг шўрланиш даражаси

50 фоиз ва ундан ортиқ

15

30 дан 50 фоизгача

10

20 дан 30 фоизгача

5

20 фоиздан кам

0

Суғориш объектлари

2.8

Ерларни суғориш даражаси

50 гектар ва ундан ортиқ

20

10 дан 50 гектаргача

15

5 дан 10 гектаргача

10

1 дан 5 гектаргача

5

1 гектардан кам

0


4. Лойиҳаларнинг устуворлигини белгилашда мазкур Низом билан белгиланган мезонлар бўйича ҳар бир лойиҳанинг баллар вазни ҳисоблаб чиқарилади ва энг кўп балл тўплаган лойиҳа биринчи навбатда Дастурга киритилади.

Бунда табиий офат натижасида зарур кўрган объектлар, давлат мудофааси ва хавфсизлиги аҳамиятига эга бўлган объектлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларида назарда тутилган лойиҳаларга устуворлик берилади.


5. Ушбу мезонларга Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда киритилган таклифига асосан Вазирлар Маҳкамаси Раёсати томонидан ўзгартиришлар (қўшимчалар) киритилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси Раёсати томонидан тасдиқланган мезонлар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Дастур лойиҳасига киритиш учун инвестиция таклифларини тақдим этиш шакллари намуна ва макетлари билан биргаликда ташаббускорларга юборилиши лозим.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Дастур лойиҳасига киритиш учун инвестиция таклифларини тақдим этиш шакллари намуна ва макетлари ташаббускорларга юборилгандан кейинги йил давомида мезонларга ўзгартириш киритишга йўл қўйилмайди.




Низомга

7-ИЛОВА



Дастурга киритиш таклиф этилаётган инфратузилма

лойиҳасининг паспорти


___________________________________ (лойиҳа номи)


1. Асосий қоидалар

Йўналиш номи


Лойиҳанинг қисқа номланиши

______ вилояти ______ туманидаги __________

Лойиҳанинг бошланиш ва тугаш муддати

20..-20.. йиллар

Тармоқ вазирлиги (идора) номи


Лойиҳа тадбирларининг асосий ва ҳамкор ижрочилари


Лойиҳа паспортини ишлаб чиқувчи


2. Лойиҳа мазмуни

Лойиҳанинг мақсади

Таълим жараёнини сифатли ўтказиш учун тегишли шароитлар яратиш


Лойиҳа кўрсаткичлари ва уларнинг йиллар бўйича қиймати

Сони

Мавжуд қувват

Лойиҳавий қуввати

Давр, йил

2022





-

-

-

-

...








Лойиҳа натижаси


3. Босқич ва назорат нуқталари

Т/р

Номланиши

Тури (босқичнинг якунланиши, назорат нуқтаси)

Муддати

1.

Техник топшириқни ишлаб чиқиш


20.. йил ...ой

2.

Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш


20.. йил ...ой

3.

……



4. Лойиҳа бюджети

Молиялаштириш манбаи

Амалга ошириш йили

Ҳаммаси

20..

...*

Бюджет манбаси, млн сўм

Республика бюджети






Маҳаллий бюджет






Бошқа манбалар






Бюджетдан ташқари манбалар, млн сўм






Жами






*) Лойиҳа кўрсаткичларига эришиш йили кўрсатилади.

5. Асосий хатарлар

Т/р

Хатарларнинг номланиши

Хатарлардан огоҳлантирувчи тадбирлар

1.

Лойиҳа ҳужжатларини ўз вақтида ишлаб чиқмаслик


2.

Лойиҳаларни амалга оширишда молиялаштиришнинг кечиктирилиши


3.

…..


6. Лойиҳа тавсифи

Тармоқларни ривожлантириш стратегиялари ва дастурлари, шунингдек, ҳудудларни ривожлантириш дастурлари билан боғлиқлиги


Бошқа лойиҳалар ва дастурлар билан ўзаро боғлиқлиги


Лойиҳани амалга ошириш учун асос


Қўшимча маълумотлар


Изоҳ: Лойиҳа паспорти ҳар бир соҳа ва тармоқнинг хусусияти бўйича тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан алоҳида тартибда ишлаб чиқилади ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилади .



Вазирлик, идора раҳбари Ф.И.О. лавозими



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 22 апрель



































Время: 0.2412
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск