ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Экспорт-импорт шартномаларини рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш, мониторинг қилиш /

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни ишлаб чиқарадиган, қайта ишлайдиган ва сақлайдиган экспорт қилувчи ташкилотлар ва шахслар (хорижий экспорт қилувчилар) реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 29.04.2022 й. 3365-сон билан рўйхатга олинган Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 12.03.2022 й. 12-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 29 апрелда 3365-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Ветеринария ва чорвачиликни

ривожлантириш давлат қўмитасининг

2022 йил 12 мартдаги

12-сон қарорига

ИЛОВА




Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган

давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни

ишлаб чиқарадиган, қайта ишлайдиган ва сақлайдиган экспорт

қилувчи ташкилотлар ва шахслар (хорижий экспорт қилувчилар)

реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни (бундан буён матнда назорат остидаги товарлар деб юритилади) ишлаб чиқарадиган, қайта ишлайдиган ва сақлайдиган экспорт қилувчи ташкилотлар ва шахслар (хорижий экспорт қилувчилар) реестрини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


аудит - масъул органнинг ветеринария назорати хизмати томонидан назорат остидаги товарларнинг ветеринария, ветеринария-санитария жиҳатдан хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган фаолиятни баҳолаш;


инспекция - хорижий экспорт қилувчилар ва уларнинг назорат остидаги товарларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш жараёнларида иштирок этувчи барча объектларини бевосита жойига чиққан ҳолда ҳамда назорат остидаги товарлардан намуналар олиш йўли билан текшириш;


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси;


масъул орган - хорижий давлатнинг давлат ветеринария назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли органи;


хорижий экспорт қилувчилар - Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган назорат остидаги товарларни ишлаб чиқарувчи, қайта ишловчи ва сақловчи экспорт қилувчи ташкилотлар ва шахслар;


инспектор - ваколатли орган ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги давлат ветеринария инспекторлари;


эксперт - олий маълумот ва давлат ветеринария хизматида камида беш йиллик иш стажига эга бўлган ваколатли орган тизимидаги ветеринария мутахассиси ҳамда ваколатли орган томонидан келишув асосида жалб этиладиган, аудит ва инспекция ўтказиш бўйича кўникмага эга бўлган эксперт;


эпизоотия - тегишли ҳудудда ҳайвонларнинг ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликлари тарқалиши;


назорат остидаги объектлар - хорижий экспорт қилувчиларнинг назорат остидаги товарларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш жараёнларида иштирок этувчи барча объектлари;


назорат остидаги товарлар - қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар;


Реестр - Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган назорат остидаги товарларни ишлаб чиқарадиган, қайта ишлайдиган ва сақлайдиган экспорт қилувчи ташкилотлар ва шахсларнинг (хорижий экспорт қилувчилар) электрон реестри;


Реестрга киритиш тўғрисидаги ариза - масъул органнинг ваколатли органга хорижий экспорт қилувчиларни Реестрга киритиш ҳақидаги мурожаати;


хорижий давлат расмий назорат тизими - масъул органнинг назорат остидаги товарларни ветеринария, ветеринария-санитария жиҳатдан хавфсизлигини таъминлаш бўйича ветеринария назорати тизими;


Ўзбекистон Республикасининг талаблари - ветеринария соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек давлат органлари ва бошқа органлар, юридик ҳамда жисмоний шахслар риоя этиши лозим бўлган ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 майдаги 277-сон "Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан назорат остидаги товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга Реестрга киритилган хорижий экспорт қилувчиларга рухсат берилади.

Ушбу Низом талаблари фавқулодда вазиятларда, халқаро кўргазмаларда қатнашишда, лаборатория таҳлиллари учун намуналарда, шунингдек дипломатик корпус, ўқув муассасалари, илмий ва давлат мақсадлари учун олиб келинадиган назорат остидаги товарларга нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Хорижий давлатлардан назорат остидаги товарларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришга ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига риоя этилган ҳолда йўл қўйилади.


4. Бошқа давлатлар ҳудудида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари, ҳайвонларнинг келиб чиқиш сабаблари номаълум бўлган ялпи касалликлари ва ҳайвонларнинг илгари қайд этилмаган юқумли касалликлари пайдо бўлган тақдирда назорат остидаги товарларни олиб ўтишга тақиқ (чеклов) жорий этиш ҳамда уларни олиб ўтишни тиклаш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспектори томонидан қабул қилинади.



2-БОБ. РЕЕСТРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА

ЮРИТИШГА ДОИР УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


5. Хорижий экспорт қилувчиларни Реестрга киритиш ваколатли органнинг инспекторлари ва экспертлари томонидан жойига чиққан ҳолда ўтказиладиган аудит ва инспекция натижаларига кўра ёки масъул орган томонидан мазкур Низомнинг 6-бобига мувофиқ бериладиган кафолат асосида амалга оширилиши мумкин.


6. Аудит ва инспекция мазкур Низом ва ветеринария соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилотининг (бундан буён матнда ХЭБ деб юритилади) кодекслари, Кодекс Алиментариус комиссияси стандартлари ҳамда ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларининг (бундан буён матнда ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатлари деб юритилади) талаблари асосида ўтказилади.


7. Хорижий экспорт қилувчиларни Реестрга киритиш бўйича аудит ва инспекция масъул органнинг Реестрга киритиш тўғрисидаги аризасига асосан ўтказилади.


8. Хорижий давлат расмий назорат тизими ва хорижий экспорт қилувчиларнинг назорат остидаги объектлари Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисидаги кафолат асосида хорижий экспорт қилувчини Реестрга киритиш ҳақида масъул орган томонидан ваколатли органга йўлланадиган мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўриб чиқилади.


9. Аудит ва инспекция натижалари хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазиятга, ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатлари талабларига, шунингдек эпизоотик мониторинг маълумотларига асосланиши лозим.


10. Инспектор ва экспертлар аудит ва инспекцияни ўтказиш жараёнида мустақил ҳаракат қилади.


11. Инспектор ва экспертлар аудит ва инспекция ўтказиш жараёнида хорижий давлат расмий назорат тизими ҳамда хорижий экспорт қилувчилар ҳақидаги маълумотлар учинчи шахсларга ошкор этилмаслигини таъминлаши лозим.


12. Масъул орган ўз давлатининг қонунчилигида Реестрга киритилган хорижий экспорт қилувчиларнинг назорат остидаги товарларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш жараёнлари ёки хорижий давлат расмий назорат тизими билан боғлиқ ўзгаришлар ҳақида ваколатли органни доимий равишда хабардор қилиб боради.



3-БОБ. РЕЕСТРГА КИРИТИШ ТЎҒРИСИДАГИ АРИЗАЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ, АУДИТ ВА ИНСПЕКЦИЯ ТАЙИНЛАШ

ЁКИ УЛАРНИ ТАЙИНЛАШНИ РАД ЭТИШ


13. Масъул орган ваколатли органга хорижий экспорт қилувчиларни Реестрга киритиш тўғрисидаги ариза билан ёзма ёки ваколатли органнинг расмий сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилади.


14. Реестрга киритиш тўғрисидаги аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

назорат остидаги товарларни экспорт қиладиган хорижий давлатнинг номи;

масъул органнинг расмий номи, жойлашган манзили (почта манзили, шу жумладан электрон почта манзили), телефон ва факс рақамлари;

назорат остидаги товарнинг номи ва Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси (бундан буён матнда ТИФ ТН деб юритилади) бўйича коди;

назорат остидаги товарнинг келиб чиқиш жойи (алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликни кўрсатган ҳолда (масалан, вилоят, штат, провинция);

хорижий экспорт қилувчининг расмий номи, жойлашган манзили (почта манзили, шу жумладан электрон почта манзили), телефон ва факс рақамлари, шунингдек унга хорижий давлатнинг тегишли органи томонидан берилган идентификация рақами (СТИР).


15. Ваколатли орган масъул органнинг Реестрга киритиш тўғрисидаги аризасини у келиб тушган кундан бошлаб 15 календарь кун ичида кўриб чиқади.

Бунда, масъул органнинг давлатидаги эпизоотик вазият барқарор ҳамда Реестрга киритиш тўғрисидаги аризада кўрсатилган назорат остидаги товарни олиб ўтишга Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг қарорига асосан тақиқ (чеклов) жорий этилмаган бўлса, ваколатли орган хорижий давлат расмий назорат тизимини аудитдан ўтказиш юзасидан саволнома (бундан буён матнда аудит саволномаси деб юритилади) тайёрлайди ҳамда уни ариза келиб тушган тартибда масъул органга юборади.


16. Агар масъул органнинг давлатидаги эпизоотик вазият мураккаб ёки Реестрга киритиш тўғрисидаги аризада кўрсатилган назорат остидаги товарни олиб ўтишга Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг қарорига асосан тақиқ (чеклов) жорий этилган бўлса, ушбу аризани кўриб чиқиш мазкур давлатда эпизоотик вазият барқарорлашгунга қадар ёки назорат остидаги товарлар бўйича тақиқ (чеклов) бекор қилингунга қадар тўхтатиб турилади ва бу ҳақда масъул органга хабар берилади.


17. Аудит саволномасида масъул орган томонидан тақдим этилиши лозим бўлган қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

масъул органнинг тузилмаси, ваколатлари, вазифа ва функциялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ветеринария назорати тизимининг аҳволи;

хорижий давлатнинг соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари, регламентлари ҳамда стандартлари рўйхати ва уларнинг матни;

хорижий давлат расмий назорат тизимининг кадрлар билан таъминланганлик ҳолати;

хорижий давлат расмий назорат тизими эпизоотияга қарши тадбирларни амалга ошириш учун молиявий ресурслар билан таъминланганлиги;

одамлар ҳамда ҳайвонларнинг ҳаёти ва соғлиғини улар учун умумий бўлган ва бошқа юқумли касалликлардан муҳофаза қилиш тизимининг мавжудлиги;

ветеринария соҳасида сифатни бошқариш сиёсати ҳамда уни таъминлаш тизимининг мавжудлиги;

ишлаб чиқариш тизимини ветеринария-санитария жиҳатидан баҳолаш ва назорат қилиш дастурининг мавжудлиги;

қонунчилик ҳужжатларига асосан эпизоотик мониторинг ва ҳайвонлар идентификацияси тизимининг мавжудлиги;

аккредитацияланган тегишли лабораторияларнинг мавжудлиги;

ветеринария соҳасида хавфни таҳлил қилиш тизимининг мавжудлиги;

назорат остидаги товарларни сертификатлаш тизимининг мавжудлиги;

хорижий давлатдаги ҳайвонларнинг бош сони (статистик таҳлили);

ХЭБга хабар берилиши лозим бўлган ҳайвонлар касалликлари ва улар соғлиғининг ҳолати бўйича ХЭБга хабар бериш тизимининг мавжудлиги.


18. Масъул орган аудит саволномасини олган кундан бошлаб 30 календарь кундан кечиктирмай ваколатли органга аудит саволномасида сўралган маълумотларни келишилган шаклда (ёзма ёки электрон) тақдим этиши лозим.


19. Ваколатли орган масъул орган томонидан аудит саволномаси асосида тақдим этилган маълумотларни 60 календарь кундан кечиктирмай ўрганиб чиқади ҳамда ўрганиш натижаларига кўра қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

хорижий давлат расмий назорат тизимини аудитдан ва назорат остидаги объектни инспекциядан ўтказиш тўғрисида;

хорижий давлат расмий назорат тизимини аудитдан ва назорат остидаги объектни инспекциядан ўтказишни рад этиш тўғрисида.


20. Қуйидагилар ваколатли орган томонидан хорижий давлат расмий назорат тизимини аудитдан ва назорат остидаги объектни инспекциядан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилишга асос бўлади:

ушбу хорижий давлат ҳудудида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари, ҳайвонларнинг келиб чиқиш сабаблари номаълум бўлган ялпи касалликлари ва ҳайвонларнинг илгари қайд этилмаган юқумли касалликлари пайдо бўлганлиги сабабли эпизоотик вазиятнинг мураккаблиги;

Реестрга киритиш тўғрисидаги аризада кўрсатилган назорат остидаги товарларни олиб ўтишга Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг қарорига асосан тақиқ (чеклов) жорий этилганлиги;

масъул орган томонидан 30 календарь кун ичида аудит саволномасида сўралган тегишли маълумотлар ваколатли органга тақдим этилмаганлиги;

аудит саволномасига жавобан масъул орган томонидан тегишли маълумотларнинг тўлиқ ҳажмда тақдим қилинмаганлиги;

масъул орган томонидан тақдим этилган маълумотлар ишончсиз ёки бузиб кўрсатилганлиги ёхуд ушбу маълумотлар хорижий мамлакатдаги ҳақиқий эпизоотик вазиятни ифода этмаслиги;

ХЭБнинг Халқаро ветеринария кодекслари талабларига мувофиқ назорат остидаги товарларнинг хавф даражасини баҳолаш натижасида уларнинг ветеринария хавфи даражаси ўрта ёки юқори деб белгиланганлиги;

аудит саволномаси бўйича масъул орган томонидан тақдим қилинган тегишли маълумотларни кўриб чиқиш натижасида хорижий давлат расмий назорат тизими Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига мувофиқ эмас деб ҳисобланганлиги.


21. Ваколатли орган томонидан аудит ва инспекция ўтказиш ёки улар ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор, у қабул қилинган кундан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай масъул органга юборилиши лозим.


22. Ваколатли орган томонидан масъул органга аудит ва инспекция ўтказиш тўғрисидаги қарорга қўшимча равишда қуйидаги маълумотлар юборилади:

аудит ва инспекцияни ўтказиш мақсадлари;

аудит ва инспекцияни ўтказиш учун хорижий давлатга юбориладиган инспектор ва экспертлар рўйхати;

масъул органнинг аудит ўтказилиши режалаштирилган таркибий бўлинмалари ва фаолият йўналишлари рўйхати;

назорат остидаги товардан келиб чиқиб, инспекция доирасида кузатиш учун ташриф буюрилиши мумкин бўлган хом ашё етказиб берувчилар (хорижий экспорт қилувчиларга) ҳамда назорат остидаги товарни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлашда иштирок этувчи бошқа корхоналар рўйхати;

аудит ва инспекция ўтказилиши учун инспектор ҳамда экспертларга келишилган тилда (ўзбек, рус, инглиз ёки бошқа хорижий тилда) масъул орган томонидан тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхати.


23. Аудит ва инспекция ўтказишни бошлаш муддатлари масъул орган билан келишилган ҳолда белгиланади.


24. Аудит ва инспекция ўтказиш билан боғлиқ харажатлар, агар халқаро шартномаларда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2730, 2015 йил 19 ноябрь) мувофиқ масъул орган томонидан қопланади.



4-БОБ. ХОРИЖИЙ ДАВЛАТ РАСМИЙ НАЗОРАТ

ТИЗИМИНИ АУДИТДАН ЎТКАЗИШ


25. Назорат остидаги товарларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш билан боғлиқ жараёнларнинг ветеринария, ветеринария-санитария жиҳатдан хавфсизлиги ветеринария назорати остида эканлигини ўрганиш, шунингдек хорижий давлат расмий назорат тизими Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида ваколатли орган томонидан хорижий давлат расмий назорат тизимида аудит ўтказилади.


26. Аудитни ўтказиш учун ваколатли орган томонидан хорижий давлат ҳудудига инспектор ва экспертлардан иборат мутахассислар гуруҳи (бундан буён матнда мутахассислар деб юритилади) юборилади.


27. Аудит ваколатли органга аудит саволномасига жавобан масъул орган томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ушбу маълумотлар хорижий давлат расмий назорат тизимининг ҳақиқий аҳволига мос ёки мос эмаслигини таққослаш йўли билан текшириш орқали ўтказилади.


28. Аудитни ўтказиш беш иш куни ичида якунланиши лозим.


29. Аудит натижасида масъул орган томонидан аудит саволномасига жавобан тақдим этилган маълумотлар:

тасдиқланса ва хорижий давлат расмий назорат тизимининг ҳақиқий ҳолатига мос деб ҳисобланса, хорижий давлат расмий назорат тизими Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига мувофиқ деб топилади;

тасдиқланмаса ва хорижий давлат расмий назорат тизимининг ҳақиқий ҳолатига мос эмас деб ҳисобланса, хорижий давлат расмий назорат тизими Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига мувофиқ эмас деб топилади.


30. Хорижий давлат расмий назорат тизими Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига мувофиқ эмас деб топилганда инспекция ўтказилмайди.


31. Масъул орган аудит натижасида хорижий давлат расмий назорат тизимини Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига мувофиқ эмас деб топишга асос бўлган камчиликларни бартараф этган ҳолда ушбу камчиликлар бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар билан бирга ваколатли органга қайтадан мурожаат қилиши мумкин. Бунда, ушбу мурожаат ваколатли орган томонидан мазкур Низомнинг 3-бобига мувофиқ умумий асосларда кўриб чиқилади.


32. Бир турдаги назорат остидаги товар бўйича аввал ўтказилган аудит натижасида хорижий давлат расмий назорат тизими Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига мувофиқ деб топилган бўлса, шу давлатда айнан ушбу турдаги назорат остидаги товарни ишлаб чиқарадиган, қайта ишлайдиган ва сақлайдиган бошқа хорижий экспорт қилувчиларни Реестрга киритишда хорижий давлат расмий назорат тизимини қайтадан аудитдан ўтказиш талаб этилмайди.



5-БОБ. ХОРИЖИЙ ЭКСПОРТ ҚИЛУВЧИЛАРНИНГ

НАЗОРАТ ОСТИДАГИ ОБЪЕКТЛАРИНИ

ИНСПЕКЦИЯДАН ЎТКАЗИШ


33. Аудит натижасига кўра хорижий давлат расмий назорат тизими Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига мувофиқ деб топилганда масъул органнинг Реестрга киритиш тўғрисидаги аризасида кўрсатилган хорижий экспорт қилувчининг назорат остидаги объектларида молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда инспекция ўтказилади.


34. Инспекция хорижий экспорт қилувчиларнинг назорат остидаги объектларида ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилишини аниқлаш мақсадида ўтказилади.


35. Инспекция бошланишидан аввал масъул орган билан келишилган холда мутахассислар томонидан инспекция давомида ўрганиладиган назорат остидаги объектлар рўйхати, номи ҳамда инспекция ўтказиш муддатлари кўрсатиладиган инспекция ўтказиш режаси тасдиқланиши ва масъул органга тақдим этилиши керак.


36. Инспекция аудит ўтказишда бевосита иштирок этган мутахассислар томонидан аудит якунланган кундан кейинги иш кунидан бошлаб беш иш куни (агар инспекция ўтказиладиган хорижий экспорт қилувчилар сони биттадан ортиқ бўлса, ҳар бирида беш иш куни) давомида ўтказилади.


37. Инспекцияни ўтказиш давомида текшириладиган назорат остидаги объектлардан ташқари хорижий экспорт қилувчига хом ашё етказиб берувчи бошқа корхоналарга қарашли объектларга, агар бундай ташрифлар инспекция ўтказиш режасида назарда тутилган бўлса, масъул орган билан келишилган ҳолда ва фақат кузатиш мақсадида ташриф буюрилиши мумкин.


38. Инспекция ўтказиш давомида инспекция ўтказилаётган хорижий экспорт қилувчи ишлаб чиқарган, қайта ишлаган ёки сақлаган назорат остидаги товарлардан, шунингдек уларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган хом ашёлардан ушбу Низомнинг 7-бобига мувофиқ танлов асосида намуналар олинади.


39. Инспекция давомида назорат остидаги объектларнинг Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига номувофиқлиги билан боғлиқ ва жойида бартараф этилиши мумкин бўлган камчиликлар аниқланган тақдирда мутахассислар мазкур камчиликлар тўғрисидаги маълумотларни масъул орган ёки хорижий экспорт қилувчининг сўровига кўра инспекция якунида тақдим этади.

Бунда, хорижий экспорт қилувчи ушбу камчиликлар бартараф этилганлиги ёки уларни бартараф этиш чоралари кўрилаётганлиги ҳақидаги маълумотларни мутахассисларга, улар ушбу хорижий мамлакат ҳудудидан чиқиб кетишидан аввал масъул орган орқали тақдим қилиши мумкин. Мазкур маълумотлар мутахассислар томонидан инспекция натижалари бўйича ҳисобот тузишда инобатга олиниши керак.


40. Инспекция натижалари юзасидан ваколатли орган томонидан инспекция якунланган кундан эътиборан 90 календарь кундан кечиктирмай ушбу инспекцияни ўтказган мутахассислар иштирокида дастлабки ҳисобот тайёрланиши ва масъул органга юборилиши лозим.


41. Масъул орган ваколатли органнинг дастлабки ҳисоботини олган кундан эътиборан 30 календарь кундан кечиктирмай дастлабки ҳисобот юзасидан ўз таклиф ва эътирозлари (мавжуд бўлса), шунингдек аниқланган камчиликлар (мавжуд бўлса) бартараф этилганлигини ёки уларни бартараф этиш чоралари кўрилаётганлигини тасдиқловчи маълумотлар кўрсатилган жавоб хатини ваколатли органга юбориши мумкин. Масъул орган томонидан мазкур муддат ичида ваколатли органга жавоб хати юборилмаслиги масъул орган дастлабки ҳисоботга тўлиқ рози деб ҳисоблашга асос бўлади.


42. Ваколатли орган масъул органнинг жавоб хатини олган кундан эътиборан ёки масъул орган жавоб хати юбормаган тақдирда, мазкур Низомнинг 41-бандида белгиланган муддат якунланган кундан эътиборан 60 календарь кун ичида масъул органга аудит ва инспекция натижалари бўйича якуний ҳисоботни юбориши лозим.


43. Якуний ҳисоботда аудит ҳамда инспекциядан ўтказилган ҳар бир хорижий экспорт қилувчи бўйича алоҳида хулоса, шунингдек, агар хорижий экспорт қилувчининг назорат остидаги объектларида камчиликлар аниқланган бўлса, уларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилиши керак бўлган чоралар бўйича тавсиялар кўрсатилиши керак.


44. Назорат остидаги товарларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига мувофиқлигидан, шунингдек назорат остидаги товарлар ва уларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган хом ашёлардан танлов асосида олинган намуналарнинг лаборатория текширувлари натижаларидан келиб чиқиб, якуний ҳисоботда ҳар бир хорижий экспорт қилувчи бўйича алоҳида қуйидаги қарорлардан бири кўрсатилади:

хорижий экспорт қилувчини Реестрга киритиш ҳақида;

хорижий экспорт қилувчини Реестрга киритишни рад этиш ҳақида.


45. Ваколатли орган якуний ҳисоботни ўзининг расмий сайтида эълон қилади. Бунда, эълон қилинадиган якуний ҳисоботда Реестрга киритилиши рад этилган хорижий экспорт қилувчиларни идентификация қилиш имконини берувчи маълумотлар (масалан, номи, манзили, хорижий давлатнинг тегишли органи томонида берилган идентификация рақами (СТИР) кўрсатилмайди.


46. Ваколатли орган Реестрга киритилган хорижий экспорт қилувчилар бўйича хорижий давлат расмий назорат тизими ҳамда назорат остидаги объектларни Эпизоотик вазиятни ўрганиш мақсадида мутахассисларни хорижий мамлакатларга юбориш заруратини аниқлаш мезонлари ва юбориш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 3198, 2019 йил 29 ноябрь) белгиланган тартибда ўрганиб бориши мумкин.



6-БОБ. КАФОЛАТ БЕРИШ


47. Масъул орган ўз мамлакатидаги расмий назорат тизими ва хорижий экспорт қилувчиларнинг назорат остидаги объектлари Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисида кафолат (бундан буён матнда кафолат деб юритилади) берган ҳолда хорижий экспорт қилувчиларини аудит ва инспекция ўтказмасдан Реестрга киритишни сўраб ваколатли органга ёзма ёки электрон шаклда мурожаат (бундан буён матнда кафолат бериш ҳақидаги мурожаат деб юритилади) қилиши мумкин.


48. Масъул органнинг кафолати ҳар бир хорижий экспорт қилувчи учун назорат остидаги товарнинг ТИФ ТН коди бўйича алоҳида тақдим этилиши лозим.


49. Масъул органнинг кафолат бериш ҳақидаги мурожаатида мазкур Низомнинг 14 ва 17-бандларига мувофиқ Реестрга киритиш тўғрисидаги ариза ва аудит саволномасида сўралган барча маълумотлар кўрсатилиши керак.


50. Масъул органнинг кафолат бериш ҳақидаги мурожаати у келиб тушган кундан эътиборан 60 календарь кундан кечиктирмай ваколатли орган томонидан кўриб чиқилади.


51. Масъул органнинг кафолат бериш ҳақидаги мурожаатини кўриб чиқишда ваколатли орган томонидан қуйидагилар инобатга олинади:

хорижий давлатнинг соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари, регламентлари ҳамда стандартларининг мавжудлиги;

масъул органнинг тузилмаси, ваколатлари, вазифа ва функциялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ветеринария назорати тизимининг аҳволи;

қонунчилик ҳужжатларига асосан эпизоотик мониторинг ва ҳайвонлар идентификацияси тизимининг мавжудлиги;

ветеринария соҳасида хавфни таҳлил қилиш тизимининг мавжудлиги;

назорат остидаги товарларни сертификатлаш тизимининг мавжудлиги;

ХЭБга хабар берилиши лозим бўлган ҳайвонлар касалликлари ва улар соғлиғининг ҳолати бўйича ХЭБга хабар бериш тизимининг мавжудлиги.

ветеринария соҳасида сифатни бошқариш сиёсати ҳамда уни таъминлаш тизимининг мавжудлиги;

ишлаб чиқариш тизимини ветеринария-санитария жиҳатидан баҳолаш ва назорат қилиш дастурининг мавжудлиги;

масъул органнинг аввал тақдим этилган кафолатлари бўйича Реестрга киритилган хорижий экспорт қилувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига риоя қилинганлик ҳолати;

хорижий давлат ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли касалликлари олиб кирилишидан муҳофаза қилишнинг таъминланганлиги;

хорижий давлатдаги эпизоотик вазият;

кафолат берилаётган хорижий экспорт қилувчиларнинг назорат остидаги товарларини олиб ўтишга Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг қарорига асосан тақиқ (чеклов) жорий этилганлиги;

назорат остидаги товарларни ушбу хорижий мамлакатдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб ўтиш бўйича ваколатли орган томонидан ўтказилган мониторинг натижалари (мавжуд бўлса);

назорат остидаги товарлар бўйича масъул орган томонидан ўтказилган мониторинг натижалари;

кафолат берилиши назарда тутилаётган хорижий экспорт қилувчилар фаолиятида ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари талабларига риоя этилишининг ҳолатини масъул орган томонидан доимий равишда назорат қилиш тизимининг мавжудлиги;

муқаддам ушбу хорижий мамлакатдаги хорижий экспорт қилувчиларни ваколатли орган томонидан инспекциядан ўтказишнинг натижалари (мавжуд бўлса);

хорижий экспорт қилувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига мувофиқлигини тасдиқловчи бошқа маълумотлар (мавжуд бўлса).


52. Масъул органнинг кафолат бериш ҳақидаги мурожаатини мазкур Низомнинг 51-бандига мувофиқ кўриб чиқиш натижасида ваколатли орган қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

масъул органнинг кафолати асосида хорижий экспорт қилувчини Реестрга киритиш мумкинлиги ҳақида;

масъул органнинг кафолати асосида хорижий экспорт қилувчини Реестрга киритишни рад этиш ҳақида.


53. Қуйидагилар масъул органнинг кафолати асосида хорижий экспорт қилувчини Реестрга киритишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилишга асос бўлади:

ушбу хорижий давлат ҳудудида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари, ҳайвонларнинг келиб чиқиш сабаблари номаълум бўлган ялпи касалликлари ва ҳайвонларнинг илгари қайд этилмаган юқумли касалликлари пайдо бўлганлиги сабабли эпизоотик вазиятнинг мураккаблиги;

кафолат бериш ҳақидаги мурожаатда кўрсатилган назорат остидаги товарларни олиб ўтишга Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг қарорига асосан тақиқ (чеклов) жорий этилганлиги;

мазкур Низомнинг 14 ва 17-бандларига мувофиқ Реестрга киритиш тўғрисидаги ариза ва аудит саволномасида сўралган тегишли маълумотлар масъул орган томонидан тўлиқ ҳажмда тақдим қилинмаганлиги;

масъул орган томонидан тақдим этилган маълумотлар ишончсиз ёки бузиб кўрсатилганлиги ёхуд ушбу маълумотлар хорижий мамлакатдаги ҳақиқий эпизоотик вазиятни ифода этмаслиги;

ХЭБнинг Халқаро ветеринария кодекслари талабларига мувофиқ назорат остидаги товарларнинг хавф даражасини баҳолаш натижасида уларнинг ветеринария хавфи даражаси ўрта ёки юқори деб белгиланганлиги;

масъул орган томонидан тақдим қилинган маълумотларни кўриб чиқиш натижасида хорижий давлат расмий назорат тизими ва назорат остидаги объектлар Ўзбекистон Республикаси талаблари ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига мувофиқ эмас деб топилганлиги.


54. Кафолат бериш ҳақидаги мурожаат бўйича ваколатли органнинг қарори қабул қилинган кундан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай масъул органга юборилиши керак.


55. Масъул орган ваколатли органнинг кафолат асосида хорижий экспорт қилувчини Реестрга киритишни рад этиш ҳақидаги қарорини олган кундан эътиборан 30 календарь кундан кечиктирмай ушбу қарор юзасидан ўз таклиф ва эътирозлари (мавжуд бўлса), шунингдек, агар камчиликлар аниқланган бўлса, уларни бартараф этиш чоралари кўрилаётганлигини тасдиқловчи маълумотлар кўрсатилган жавоб хатини юбориши мумкин. Масъул орган томонидан ушбу муддат ичида ваколатли органга жавоб хати юборилмаслиги масъул орган ваколатли органнинг кафолат бериш ҳақидаги мурожаат бўйича қарорига тўлиқ рози деб ҳисоблашга асос бўлади.


56. Масъул орган ваколатли органнинг кафолат асосида хорижий экспорт қилувчини Реестрга киритишни рад этиш ҳақидаги қарори юзасидан жавоб хати юборганда ушбу жавоб хати ваколатли орган томонидан 15 календарь кун ичида кўриб чиқилиши ҳамда агар ваколатли органнинг қарорида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилган бўлса, хорижий экспорт қилувчини Реестрга киритишни рад этиш ҳақидаги қарор ўзгартирилиши лозим.


57. Ваколатли орган масъул органнинг кафолат бериш ҳақидаги мурожаатини кўриб чиқиш натижаси бўйича якуний қарорини у қабул қилинган кундан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай масъул органга юбориши керак.



7-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ЖАРАЁНИДА НАЗОРАТ

ОСТИДАГИ ТОВАРЛАРДАН НАМУНАЛАР ОЛИШ


58. Инспекцияни ўтказиш жараёнида назорат остидаги товарларнинг, шунингдек уларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган хом ашёнинг ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида лаборатория текширувлари ўтказиш учун назорат остидаги товарлар ва уларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган хом ашёдан танлов асосида намуналар олинади.


59. Лаборатория текширувлари учун намуналар олиш инспекция ўтказаётган мутахассисларнинг сўровига кўра амалга оширилади.


60. Назорат остидаги товарлар ва хом ашёдан намуналар олиш келишув асосида мутахассислар ёки масъул орган ходимлари ёхуд бевосита хорижий экспорт қилувчиларнинг вакиллари томонидан амалга оширилиши мумкин. Бунда, ушбу шахслар товарлардан намуналар олиш бўйича билим ва малакага эга бўлишлари талаб этилади.


61. Назорат остидаги товарлар ва хом ашёдан намуналар олиш масъул орган билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ёки мазкур хорижий давлатнинг қонунчилиги талаблари асосида амалга оширилиши мумкин.


62. Назорат остидаги товарлар ва хом ашёдан олинган намуналарда лаборатория текширувларини ўтказиш учун тегишли лаборатория масъул орган билан келишув асосида мазкур хорижий давлатнинг аккредитациядан ўтган лабораториялари орасидан танланади.


63. Масъул орган назорат остидаги товарлар ва хом ашёдан олинган намуналарда ўтказилган лаборатория текширувлари натижаларини улар олинган куннинг ўзида мутахассисларга тақдим этилишини таъминлаши керак.


64. Лаборатория текширувлари натижалари бўйича ҳужжатлар масъул орган билан келишилган тилда (ўзбек, рус, инглиз ёки бошқа хорижий тилда) расмийлаштирилади.



8-БОБ. РЕЕСТРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ЮРИТИШ


65. Реестр ваколатли органнинг расмий сайтида электрон шаклда юритилади ва фойдаланиш учун очиқ ҳисобланади.


66. Ваколатли орган Реестрни шакллантириш, юритиш ва ундаги ахборотнинг яхлитлиги учун масъул ҳисобланади.


67. Реестр хорижий экспорт қилувчилар тўғрисидаги маълумотлар киритиладиган ягона электрон база ҳисобланади ва унда хорижий экспорт қилувчиларнинг қуйидаги маълумотлари қайд этилади:

тўлиқ номи (ўзбек, рус, инглиз ёки бошқа тегишли хорижий тилда);

жойлашган манзили (почта манзили, шу жумладан электрон почта манзили), фаолиятни амалга ошириш манзили (алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликни кўрсатган ҳолда (масалан, вилоят, штат, провинция);

телефон ва факс рақамлари, шунингдек хорижий давлатнинг тегишли органи томонида берилган идентификация рақами (СТИР);

ишлаб чиқарадиган, қайта ишлайдиган ёки сақлайдиган назорат остидаги товарлари рўйхати;

ветеринария, ветеринария-санитария жиҳатдан статуси (бундан буён матнда статус деб юритилади).


68. Хорижий экспорт қилувчилар қуйидагилардан бири асосида Реестрга киритилади:

аудит ва инспекция натижаларига кўра ваколатли органнинг тегишли қарори билан хорижий экспорт қилувчини Реестрга киритиш мумкин деб топилганда;

ваколатли органнинг тегишли қарори билан масъул органнинг кафолати асосида хорижий экспорт қилувчини Реестрга киритиш мумкин деб топилганда.


69. Ваколатли органнинг инспекция натижалари юзасидан тайёрланган якуний ҳисоботи ёки кафолат бериш ҳақидаги мурожаат бўйича қабул қилинган қарори масъул органга юборилган кундан бошлаб 10 календарь кун ичида ваколатли орган хорижий экспорт қилувчини Реестрга киритади ҳамда бу ҳақда икки иш куни ичида масъул органга билдиришнома юборади.


70. Реестрга киритилган хорижий экспорт қилувчи қуйидаги статуслардан бирига эга бўлади:

"чекловларсиз" - хорижий экспорт қилувчининг назорат остидаги товарлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига тақиқ ва чекловларсиз белгиланган тартибда экспорт қилинади;

"вақтинча чекланган" - давлат ветеринария хизмати назоратини амалга оширишда ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларида белгиланган талабларга номувофиқлик аниқланганлиги сабабли, хорижий экспорт қилувчининг назорат остидаги товарларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига экспорт қилиш вақтинча чекланади;

"кучайтирилган лаборатория назоратида" - хорижий экспорт қилувчининг мамлакатидаги эпизоотик вазият барқарор эмаслиги сабабли, хорижий экспорт қилувчининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига экспорт қилинган назорат остидаги товарларининг ҳар бир партиясидан лаборатория текшируви учун намуна олиш талаб этилади;

"огоҳлантирилган" - давлат ветеринария хизмати назоратини амалга ошириш давомида хорижий экспорт қилувчининг назорат остидаги товарларида салбий ўзгаришлар аниқланганда масъул орган ушбу салбий ўзгаришлар бартараф этилиши зарурлиги ҳақида муддати кўрсатилган ҳолда ваколатли орган томонидан огоҳлантирилади. Бунда, салбий ўзгаришлар тегишли муддатда бартараф этилмаса, хорижий экспорт қилувчининг статуси "вақтинча чекланган" ёки "кучайтирилган лаборатория назоратида" статусига ўзгартирилади;

"махсус шартларда" - хорижий экспорт қилувчининг назорат остидаги товарларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга товарларни тайёрлаш, қайта ишлаш ёки сақлаш усулини (масалан, музлатилган, совутилган, қадоқланган, вакуумда ёки бошқа) ўзгартирган тақдирда йўл қўйилади. Бунда, агар тегишли ўзгартириш амалга оширилмайдиган бўлса, хорижий экспорт қилувчининг статуси "вақтинча чекланган" статусига ўзгартирилади.


71. Хорижий экспорт қилувчининг Реестрдаги амалдаги статуси қуйидагилар асосида ўзгартирилиши мумкин:

масъул органнинг сўрови асосида;

давлат ветеринария хизмати назоратини амалга оширишда хорижий экспорт қилувчининг назорат остидаги товарларида ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига номувофиқлик аниқланганда;

хорижий экспорт қилувчининг мамлакатидаги эпизоотик вазият барқарор эмас ёки аксинча барқарор деб топилганда;

хорижий экспорт қилувчининг назорат остидаги товарларида салбий ўзгаришлар аниқланганда масъул орган ушбу салбий ўзгаришлар бартараф этилиши зарурлиги ҳақида ваколатли орган томонидан муддати кўрсатилган ҳолда огоҳлантирилганлигига қарамасдан, ушбу салбий ўзгаришлар тегишли муддат ичида бартараф этилмаган бўлса;

хорижий экспорт қилувчининг назорат остидаги товарларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш учун товарларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ёки сақлаш усулини ўзгартириш зарурлигига қарамасдан, хорижий экспорт қилувчи тегишли ўзгартиришни амалга оширмаган бўлса;

хорижий давлат расмий назорат тизими ва назорат остидаги объектларни Эпизоотик вазиятни ўрганиш мақсадида мутахассисларни хорижий мамлакатларга юбориш заруратини аниқлаш мезонлари ва юбориш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 3198, 2019 йил 29 ноябрь) белгиланган тартибда ўрганиш натижасида улар Ўзбекистон Республикаси талаблари ёки ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатларига мувофиқ ёки мувофиқ эмас деб топилганда.


72. Масъул орган Реестрга киритилган хорижий экспорт қилувчилар фаолияти билан боғлиқ ўзгаришлар (масалан, тугатилиши, қайта ташкил этилиши, номининг ўзгариши) ҳақида ваколатли органни доимий равишда хабардор қилиб бориши лозим.


73. Реестрда аввал қайд этилган маълумотлар ўзгарган ҳолларда тегишли ўзгартиришлар ваколатли орган томонидан Реестрга 10 календарь кун ичида киритилиши керак.


74. Хорижий экспорт қилувчининг Реестрдаги статуси ўзгарганда, хорижий экспорт қилувчи Ўзбекистон Республикаси ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатлари талабларига амал қилмаганда ёки назорат остидаги товарларда салбий ўзгаришлар аниқланганда ваколатли орган бу ҳақда масъул органни икки иш куни ичида хабардор қилиши лозим.

Бунда, масъул орган ваколатли органнинг хабарида кўрсатилган ҳолатни зудлик билан ўрганиб чиқиши ҳамда ушбу ҳолат тасдиқланган тақдирда, мавжуд камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриши, шунингдек камчиликлар бартараф этилганда бу ҳақда ваколатли органга тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга маълумот тақдим этиши керак.


75. Реестрга киритилган хорижий экспорт қилувчи ўзининг ёки масъул органнинг сўрови асосида, шунингдек назорат остидаги товарларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ёки сақлашда Ўзбекистон Республикаси ва ветеринария соҳасидаги назорат ҳужжатлари талабларига амал қилинмаган тақдирда ваколатли органнинг ташаббуси билан Реестрдан чиқарилиши мумкин.



9-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


76. Ваколатли органнинг қарорлари устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.


77. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


78. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 29 апрель





















































Время: 0.1370
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск