Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Божхона қонунчилиги / Божхона тўловлари / Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 31.05.2022 й. ПФ-145-сон "Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

31.05.2022 й.

N ПФ-145



ИСТЕЪМОЛ БОЗОРЛАРИДА НАРХЛАР

БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ВА

МОНОПОЛИЯГА ҚАРШИ ЧОРАЛАРНИНГ

ТАЪСИРЧАНЛИГИНИ ОШИРИШГА ДОИР

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Республика аҳолисининг алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини кафолатли таъминлаш, ички истеъмол бозоридаги ижтимоий аҳамиятга эга товарлар нархлари сунъий ва асоссиз оширилишининг олдини олиш, шунингдек, тариф ва нотариф тартибга солиш воситаларини кенг қўллаш ҳисобига уларнинг инфляция даражасига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида:


1. Белгилансинки, 2022 йил 1 майдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар:

1-иловада келтирилган товарларни олиб киришда божхона божларининг ноль ставкалари белгиланади;

савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан божхона божининг икки баравар ставкаси қўлланилмайди.


2. Қуйидагиларни 2022 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш (экспорт қилиш) вақтинчалик тақиқлансин:

пахта, кунгабоқар, маккажўхори ва соя ёғи, бундан амалдаги контрактлар (шартномалар) доирасида 2022 йил 1 июнга қадар олдиндан тўловлар амалга оширилган ҳолатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси "божхона ҳудудида қайта ишлаш" божхона режимида қайта ишланганлари мустасно;

кунгабоқар уруғлари (ТИФ ТН коди 1206 00) ҳамда бошқа ёғ ўсимликларининг уруғлари ва мевалари (ТИФ ТН коди 1207), бундан қонунчиликда белгиланган ҳолатлар мустасно.

Вазирлар Маҳкамасига мазкур товарларнинг ички бозорда етарли ҳажми мавжуд бўлган тақдирда, ушбу бандда кўрсатилган товарлар экспортини қайта тиклаш ҳуқуқи берилсин.


3. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан биргаликда зарур ҳолларда озиқ-овқат хавфсизлиги, мамлакат аҳолисининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланганлик даражаси ҳамда ички бозорда нарх барқарорлигидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига экспорт қилиш вақтинча чекланаётган айрим турдаги озиқ-овқат товарларининг (шу жумладан уларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашёнинг) рўйхатини ўзгартириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар киритиб борсин.


4. Белгилансинки, 2025 йил 1 январга қадар қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 январдаги "Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 41-сон қарорида назарда тутилган давлат буюртмачилари томонидан давлат харидлари доирасида импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш бўйича чекловлар;

Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби вақтинчалик тўхтатилади.


5. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда:

а) бир ой муддатда Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашининг тавсиялари асосида ноозиқ-овқат маҳсулотларига божхона божлари ставкаларини пасайтириш;

б) 2022 йил 1 августга қадар мавсумий нарх тебранишлари ва бозорда танқислик юзага келганда умумий давлат захиралари меъёрини сақлаб қолган ҳолда Давлат захираларини бошқариш қўмитасига тегишли омборларнинг бўш турган қувватларига тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш орқали асосий озиқ-овқат маҳсулотларини қўшимча жамлаш ва очиқ бозорга интервенция қилиш механизмини жорий қилиш;

в) 2022 йил 1 сентябрга қадар халқаро молия институтлари ва илмий ташкилотларнинг экспертларини жалб қилган ҳолда божхона божларининг самарали ставкаларини белгилаш, шунингдек, товарларнинг божхона қийматини аниқлаш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


6. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига қуйидаги қўшимча ваколатлар берилсин:

а) ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархларининг кескин тебраниши даврида:

устун мавқени суиистеъмол қилиш, келишиб қилинган ҳаракатлар ва тил бириктиришлар, шунингдек, биржа савдоларига мажбурий қўйилиши керак бўлган монопол ва юқори ликвидли маҳсулотларни тўлиқ ҳажмда чиқармаслик ва таклифни қисқартирганлик, манипуляциялар, товар ёки молия бозорининг барқарор фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилиш аломатлари аниқланганда охирги календарь йилидаги товарлар (хизматлар)ни сотишдан тушган тушумидан қатъи назар хўжалик юритувчи субъектлар, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва юридик шахслар бирлашмаларига ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш. Бунда, тақдимноманинг узрсиз сабабларга кўра бажарилмаслиги монополияга қарши курашиш органининг кўрсатмасини бажармаслик учун белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради;

нархларнинг асоссиз ўсиши, келишиб қилинадиган ҳаракатлар ва тил бириктиришлар ҳолатларини аниқлаш учун Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этган ҳолда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар хўжалик юритувчи субъектларнинг биноларига бевосита кириш ҳамда омбордаги мавжуд захираларини хатловдан ўтказиш;

мазкур банднинг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган тартибда ўтказилган хатловда аниқланган ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотларнинг ортиқча ҳажмини савдога чиқариш, асоссиз оширилган нархларни пасайтириш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома ва кўрсатмалар киритиш.

Бунда, ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархларининг кескин тебраниш даври, ушбу маҳсулотларнинг нархи охирги 30 кунгача бўлган даврда Марказий банкнинг асосий ставкасига тенг ёки ундан юқори даражада ошганда, 6 ойгача бўлган муддатга Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;

б) инсон саломатлиги, юридик ва жисмоний шахслар мол-мулки учун хавфлилиги ва сифатсизлиги аниқланган товарларни ишлаб чиқариш, республика ҳудудига импорт қилиш, реализация қилишни тўхтатиш, муомаладан чиқариш ва истеъмолчилардан мажбурий равишда қайтариб олиш тўғрисида ишлаб чиқарувчи ва сотувчиларга кўрсатмалар киритиш;

в) истеъмол товарлари савдосига ихтисослашган савдо комплекслари, тармоқлари ва бозорларда:

асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини манипуляция қилиш, асоссиз ва сунъий ошириш, уларга бўлган танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтиришга қаратилган ғайриҳуқуқий ҳаракатларни;

асосий озиқ-овқат маҳсулотларига нарх-навони шакллантиришнинг белгиланган механизмларига риоя этилишини;

бозорлар ва савдо тармоқларига кириш бўйича сунъий тўсиқлар ва чекловларни аниқлаш (ўрганиш) ва уларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритиш.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси икки ой муддатда мазкур бандда келтирилган қўшимча ваколатларни амалга ошириш бўйича тартибни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси марказий аппарати ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларидаги истеъмол бозорларида нархларни мониторинг қилиш бўйича таркибий бўлинмаларнинг асосий вазифалари этиб ички бозорда истеъмол товарларининг нархларини, импорт концентрациялашувини, тариф ва нотариф чораларнинг нархларга таъсирини таҳлил қилиш ҳамда савдо фаолиятида рақобатни таъминлаш белгилансин.

8. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Молия вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқуллансин:

а) рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганлик учун Давлат бюджетига ундирилган молиявий жарималар суммасининг 50 фоиз миқдоридаги маблағларни Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига йўналтириш.

Бунда, Молия вазирлиги ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси сўровномасига асосан рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганлик учун Давлат бюджетига ундирилган молиявий жарималар суммасининг 50 фоиз миқдоридаги маблағларни Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказади;

б) Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги "Рақамли трансформация ва аутсорсинг маркази" давлат унитар корхонасини ташкил этиш.

Бунда, "Рақамли трансформация ва аутсорсинг маркази" давлат унитар корхонаси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб унинг асосий фаолиятидан олинган даромадлар, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

9. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига маълумотлари базасидан реал вақт режимида фойдаланиш рухсат этиладиган давлат органлари ва ташкилотларнинг рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда мазкур Фармонга 2-иловада кўрсатилган давлат органлари ва ташкилотларнинг маълумотлар базаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг ахборот тизимига интеграция қилинишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


11. Монополияга қарши курашиш қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


12. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ш.Ш. Шарахметов ва молия вазири Т.А. Ишметов белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига 2022 йил якуни билан ахборот берилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                   Ш. Мирзиёев




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 31 майдаги

ПФ-145-сон Фармонига

1-ИЛОВА



2022 йил 1 майдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар

импорт божхона божининг ноль ставкалари

белгиланадиган товарлар

РЎЙХАТИ

Т/р

ТИФ ТН коди

Товарнинг номланиши

1.

0206

Янги, совутилган, музлатилган йирик шохли қорамоллар, қўйлар, эчкилар, отлар, хачирларнинг истеъмол қилинадиган субмаҳсулотлари

2.

0301 - 0303

Балиқ

3.

0304

Балиқ филеси

4.

0305

Қуритилган, тузланган ёки дудланган балиқ

5.

0402

Шакар ёхуд бошқа ширин таъм берувчи моддалар қўшилган қуюлтирилган сут ва қаймоқлар;

6.

0405

Сариёғ ва сутдан тайёрланган бошқа мойлар ва ёғлар; сут пасталари

7.

0407

Пўчоқли, янги, консерваланган ёки қайнатилган парранда тухумлари

8.

0803

Бананлар, шу жумладан янги ёки қуритилган плантайнлар

9.

0805 (0805 50 100 0 дан ташқари)

Янги ёки қуритилган цитрус мевалари (лимондан ташқари)

10.

0901

Қовурилган ёки қовурилмаган, кофеинли ёки кофеинсиз қаҳва; кофе қобиғи ва қаҳва доналарининг қобиғи; ҳар қандай нисбатдаги қаҳвани ўз ичига олган қаҳва ўрнини босувчилари

11.

0902 10 000 1,

0902 30 000 1

бир марталик қадоқдаги нетто оғирлиги 3 кг дан ошмайдиган бирламчи қадоқлардаги чой

12.

0902 10 000 9,

0902 30 000 9

нетто оғирлиги 3 кг дан ошмайдиган бирламчи қадоқдаги бошқа чой

13.

1507

Кимёвий таркиби ўзгартирилмаган ҳолда тозаланган ёки тозаланмаган соя ёғи ва унинг фракциялари

14.

1508

Кимёвий таркиби ўзгартирилмаган ҳолда тозаланган ёки тозаланмаган ер ёнғоқ ёғи ва унинг фракциялари

15.

1511

Кимёвий таркиби ўзгартирилмаган ҳолда тозаланган ёки тозаланмаган пальма ёғи ва унинг фракциялари

16.

1514

Кимёвий таркиби ўзгартирилмаган ҳолда тозаланган ёки тозаланмаган рапс (рапсдан ёки колзадан) ёки хантал ёғи ва уларнинг фракциялари

17.

1516

Тўлиқ ёки қисман гидрогенезирланган, қайта этерифицияланган, реэтерифияланган ёки элаидинизайияланган, тозаланмаган ёки тозаланган, лекин кейинги ишлов берилмайдиган ҳайвон ва ўсимлик ёғлари ва мойлари ва унинг фракциялари

18.

1517

Маргарин; ҳайвон ёки ўсимлик ёғи ёки мойлардан ёхуд ушбу гуруҳдаги турли хил мойлар ёки ёғларнинг фракцияларидан тайёрланган истеъмол қилишга яроқли бўлган аралашмалар ва тайёр маҳсулотлар, 1516 товар позициясидаги озиқ мойлари ёки ёғлари ёхуд уларнинг фракцияларидан ташқари

19.

1901

Солод экстракти; Таркибида какао бўлмаган ёки тўлиқ ёғсизлантирилган асосда қайта ҳисобланганда 40% дан кам какао бўлган бошқа жойда кўрсатилмаган ёки киритилмаган майин ёки йирик майдаланган ун, ёрма, крахмал ёки солод экстрактидан тайёрланган тайёр озуқа маҳсулотлари; 0401 - 0404 товар позицияларидаги хом ашёлардан, таркибида какао бўлмаган ёки тўлиқ ёғсизлантириш асосида қайта ҳисобланганда 5% дан кам какао бўлган, бошқа жойда кўрсатилмаган ёки киритилмаган тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари

20.

1903 00 000 0

Ёрмалар, гранулалар, шарлар, доналар ёки шунга ўхшаш шаклларда крахмалдан тайёрланган тапиока ва унинг ўрнини босувчилари

21.

1904

Ёрмалар донлари ёки донли маҳсулотларини (масалан, маккажўхори доналари) шишириш ёки қовуриш орқали олинган тайёр озиқа маҳсулотлари; ёрма шаклидаги ёхуд дон ёки бошқа усулда тайёрланган (майин ва йирик майдаланган ун, ёрмадан ташқари), дастлабки тарзда қайнатилган ёки бошқача усулда тайёрланган, бошқа жойда кўрсатилмаган ёки киритилмаган ёрма шаклидаги дон (маккажўхори доналаридан ташқари)

22.

2102 10 310 0,

2102 10 390 0

Хамиртуруш

23.

1101 00


Буғдой уни ёки буғдой-жавдар уни





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 31 майдаги

ПФ-145-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини

ҳимоя қилиш қўмитасига маълумотлар базасидан реал

вақт режимида фойдаланиш рухсат этиладиган

давлат органлари ва ташкилотлари

РЎЙХАТИ

1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги


2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги


4. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги


7. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги


8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги


9. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги


10. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси


11. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси


12. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси


13. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси


14. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси


15. Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги


16. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги


17. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги


18. Ўзбекистон Республикаси Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги


19. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги

21. "Fond bozorining axborot-resurs markazi" ДУК


22. "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ


23. "Ҳудудгазтаъминот" АЖ


24. "Ўзсувтаъминот" АЖ


25. "Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси" АЖ

*) Реал вақт режимида маълумотлар базасидан фойдаланишга рухсат дастурий комплекс функцияларига ва маълумотлар базаси таркибига аралашиш ҳуқуқисиз берилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 31 майдаги

ПФ-145-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим

ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш

ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги "Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида"ги ПФ-101-сон Фармонида:


а) 5-бандда:

"б" кичик банднинг олтинчи хатбошисидаги "бир ой муддатда" сўзлари "2022 йил 1 июлга қадар" сўзлари билан билан алмаштирилсин;

"в" кичик банднинг бешинчи хатбошисидаги "икки ой муддатда" сўзлари "2022 йил 1 июлга қадар" сўзлари билан билан алмаштирилсин;


б) 9-илованинг 11 ва 12-позициялари "Ижро муддати" устунидаги "июнь" сўзи "июль" сўзи билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 январдаги "Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-4126-сон қарорида:


а) 2-бандда:

биринчи хатбошидаги "242" ва "75" рақамлари тегишинча "401" ва "96" рақамлари билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Монополияга қарши курашиш қўмитаси марказий аппарати, Қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари, шунингдек, идоравий ташкилотларнинг тасдиқланган тузилмасига зарур ҳолларда бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони доирасида уларнинг биридан бошқасига штат бирликларини олиб бериш йўли билан ўзгартиришлар киритиш";

тўққизинчи хатбоши ўнинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


б) 5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2022 йил 1 августдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектларнинг бирлашуви ва қўшиб олиниши бўйича битимлар, шунингдек шахс ва шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав капитали (фонди)даги акциялар (улушлар)ни сотиб олиш бўйича битимларга дастлабки розилик бериш учун битим тарафларининг охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг (тушум мавжуд бўлмаган тақдирда - активлар баланс қийматининг) 0,05 фоизи, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан кам бўлмаган ва минг бараваридан кўп бўлмаган миқдорда йиғим ундирилади";


в) 6-бандда:

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"рақобат, табиий монополиялар ҳақидаги қонунчиликни бузганлик ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси кўрсатмаларини бажарилмаганлик учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларидан қонунчиликда белгиланган тартибда ундириладиган маъмурий жарима маблағлари";

ўнинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун Давлат бюджетига йўналтирилган молиявий жарималар суммасининг Жамғармага қайтариладиган 50 фоизи";


г) 7-бандда:

биринчи хатбоши "Жамғарма маблағлари" сўзларидан кейин "Қўмита раиси томонидан бошқарилади ва қуйидаги мақсадлар учун сарфланади" сўзлари билан тўлдирилсин;

бешинчи хатбошидан "сарфланади" сўзи чиқариб ташлансин;

қуйидаги мазмундаги олтинчи - ўнинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"рақобатни ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида илмий ва бошқа тадқиқот ва изланишларни молиялаштиришга;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида назорат харидларини амалга оширишга;

рақобатни ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ўқув тадбирлари, анжуманлар, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга;

ташкиллаштириладиган халқаро тадбирлар, шу жумладан давлат тадбирлари доирасида хорижий делегациялар ва экспертлар ташрифлари билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга;

рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бошқа йўналишларга";


д) 14-банддаги "судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар" сўзлари "судларда кўриб чиқиладиган барча ишлар ҳамда ҳужжатлар" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 мартдаги "Тошкент шаҳрида рақамли технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4642-сон қарори 6-бандининг "а" кичик банди иккинчи хатбошисидан "ташқи реклама объектларида (конструкцияларида) ташқи рекламани жойлаштириш (тарқатиш) ҳуқуқи учун ойлик йиғим," сўзлари чиқариб ташлансин.


4. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 402-сон қарорида:


1) 1-илованинг 16-банди қуйидаги мазмундаги йигирма тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси томонидан мустақил равишда икки нафаргача малакали маҳаллий мутахассислар маслаҳатчилар сифатида бир йил муддатгача жалб қилиниши мумкин, қолган ҳолларда мутахассисларни жалб қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади";


2) 2-иловада:


а) 3-бандда:

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"рақобат, табиий монополиялар ҳақидаги қонунчиликни бузганлик ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси кўрсатмаларини бажармаганлик учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларидан қонунчиликда белгиланган тартибда ундириладиган маъмурий жарима суммалари - 100 фоиз миқдорида";

тўққизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун Давлат бюджетига йўналтирилган молиявий жарималар суммасининг Жамғармага қайтариладиган 50 фоизи";


б) 6-бандда:

тўртинчи хатбошидаги "қўмитаси ва" сўзи "қўмитасининг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари ҳамда" сўзлари билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги олтинчи - ўн бешинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"рақобатни ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида илмий ва бошқа тадқиқот ва изланишларни молиялаштиришга;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида назорат харидларини амалга оширишга;

ҳудудий бошқармалардан қўмита Марказий аппаратига доимий ишлаш учун жалб этиладиган Тошкент шаҳрида турар жойи мавжуд бўлмаган бошқарув ходимларига Тошкент шаҳрида ижара асосида яшаши учун ижара тўловларини ижара шартномаси асосида тўлашга;

рақобатни ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ўқув тадбирлари, анжуманлар, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга;

ташкиллаштириладиган халқаро тадбирлар, шу жумладан давлат тадбирлари доирасида хорижий делегациялар ва экспертлар ташрифлари билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга;

илмий-техник ва илмий-методик адабиётлар (шу жумладан, даврий нашрлар, рисолалар, буклетлар, китоблар, тўпламлар ва бошқа ахборот-маърифий материаллар)ни тайёрлаш ва нашр қилиш, шунингдек, рақобатни ва истеъмолчиларни ҳимоя қилиш соҳасида видеороликлар ва тақдимот материалларини яратишга сарфланган харажатларни ва уларни оммавий ахборот воситаларида доимий ёритиб бориш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга;

Қўмитанинг касаба уюшмаси қарори асосида Қўмита марказий аппарати ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирларини, шунингдек, байрам саналарида ва касб байрамида маданий-маърифий тадбирларни молиялаштиришга;

"Ахборот технологияларини жорий этиш маркази" давлат унитар корхонаси фаолиятини сақлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларида (топшириқларида) белгиланган тадбирларни молиялаштириш учун "Ахборот технологияларини жорий этиш маркази" давлат унитар корхонасига ажратмалар;

нодавлат нотижорат ташкилотлар ва илмий-тадқиқот муассасаларига рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сиёсати соҳасида илмий тадқиқотларни амалга оширишни молиялаштиришга;

рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бошқа йўналишларга";

олтинчи хатбоши ўн олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


5. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 104-сон қарори билан тасдиқланган Ўрнатилган ташқи реклама объектлари (конструкциялари) учун тўлов миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 33-бандидан "шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги" сўзлари чиқариб ташлансин.


6. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомда:


а) 12-илованинг 6-позициясидаги "Базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари" сўзлари "битим тарафларининг охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг (тушум мавжуд бўлмаган тақдирда - активлар баланс қийматининг) 0,05 фоизи, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан кам бўлмаган ва минг бараваридан кўп бўлмаган миқдорда" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 13-илованинг 6-позициясидаги "Базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари" сўзлари "битим тарафларининг охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг (тушум мавжуд бўлмаган тақдирда - активлар баланс қийматининг) 0,05 фоизи, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан кам бўлмаган ва минг бараваридан кўп бўлмаган миқдорда" сўзлари билан алмаштирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 1 июнь
































Время: 0.1393
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск