ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари / БҲХС (IAS) /

(IAS) 29 "Гиперинфляцияли иқтисодиётда молиявий ҳисобот" Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 17-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

17-ИЛОВА



БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IAS) 29 "ГИПЕРИНФЛЯЦИЯЛИ ИҚТИСОДИЁТДА

МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТ*"



Қўллаш доираси


1. Мазкур стандарт функционал валютаси гиперинфляцияли иқтисодиётнинг валютаси бўлган ҳар қандай ташкилотнинг молиявий ҳисоботига, жумладан консолидациялашган молиявий ҳисоботига нисбатан қўлланиши лозим.


2. Гиперинфляцияли иқтисодиётда фаолият натижалари ва молиявий ҳолат тўғрисидаги маълумотларни қайта ҳисобламасдан маҳаллий валютада тақдим этиш фойдали ҳисобланмайди. Пул харид қобилиятини шу даражада йўқотадики, бунда турли вақтларда, ҳаттоки бир ҳисобот даврининг турли вақтларида содир бўлган операциялар ва бошқа ҳодисалардан келиб чиқадиган суммаларни қиёслаш янглиш фикрга олиб келади.


3. Мазкур стандарт гиперинфляция юзага келишининг мутлақ даражасини белгиламайди. Молиявий ҳисоботни мазкур стандартга мувофиқ қайта ҳисоблаш зарур бўладиган пайт мулоҳаза асосида аниқланади. Гиперинфляция мамлакат иқтисодий муҳитининг хусусиятлари орқали намоён бўлади, улар қўйидагиларни ўз ичига олади, лекин улар билан чегараланмайди:

(a) умумий аҳоли ўз бойлигини номонетар активларда ёки нисбатан барқарор чет эл валютасида сақлашни афзал кўради. Маҳаллий валютадаги мавжуд суммалар харид қобилиятини сақлаш учун дарҳол инвестиция қилинади;

(б) умумий аҳоли монетар суммаларни маҳаллий валютада эмас, балки нисбатан барқарор чет эл валютасида кўриб чиқади. Нархлар ушбу валютада белгиланиши мумкин;

(в) кредит асосида сотувлар ва харидлар кредит даври мобайнида, ҳатто бундай давр қисқа бўлса ҳам, харид қобилиятнинг кутилаётган зарарини қоплайдиган нархларда амалга оширилади;

(г) фоиз ставкалари, ойлик маошлари ҳамда нархлар нарх индексига боғланган бўлади; ва

(д) уч йиллик кумулятив инфляция даражаси 100% га яқинлашади ёки ошади.


4. Айни бир гиперинфляцияли иқтисодиётнинг валютасида ҳисобот берадиган барча ташкилотлар бир хил санадан бошлаб мазкур стандартни қўллаши афзалдир. Шунга қарамай, мазкур стандарт ҳар қандай ташкилотнинг молиявий ҳисоботига нисбатан, у валютасида ҳисобот бериладиган мамлакатда гиперинфляция мавжудлигини аниқланган ҳисобот даврининг бошидан қўлланади.



Молиявий ҳисоботни қайта ҳисоблаш


5. Нархлар давр мобайнида турли хил муайян ёки умумий сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий омиллар натижасида ўзгаради. Талаб ва таклифдаги ўзгаришлар ва технологик ўзгаришлар каби муайян омиллар алоҳида нархларни сезиларли ва бир-биридан мустақил тарзда ошиши ёки камайишига сабаб бўлиши мумкин. Шу билан бирга, умумий омиллар нархларнинг умумий даражасидаги ўзгаришларга ва ўз навбатида, пулнинг умумий харид қобилиятидаги ўзгаришларга олиб келиши мумкин.


6. Молиявий ҳисоботини бошланғич қиймат асосида тайёрлайдиган ташкилотлар нархларнинг умумий даражасидаги ўзгаришларни ёки тан олинган активлар ёки мажбуриятларнинг муайян нархларидаги ўсишларни эътиборга олмаган ҳолда молиявий ҳисобот тайёрлайди. Ташкилот томонидан ҳаққоний қийматда баҳоланиши талаб этиладиган ёки танланадиган активлар ва мажбуриятлар бундан мустаснодир. Масалан, асосий воситалар ҳаққоний қийматда қайта баҳоланиши мумкин ва биологик активлар умумий ҳолда ҳаққоний қийматда баҳоланиши талаб этилади. Лекин, баъзи ташкилотлар активларнинг муайян нархларидаги ўзгаришларнинг таъсирини акс эттирадиган жорий қиймат ёндашуви асосидаги молиявий ҳисоботни тақдим этади.


7. Гиперинфляцияли иқтисодиётда молиявий ҳисобот бошланғич қиймат ёндашуви асосида ёки жорий қиймат ёндашуви асосида тайёрланган бўлишидан қатъий назар, фақатгина агар у ҳисобот даври охирида амалда бўлган ҳисоб бирлигида ифодаланган бўлса, фойдали бўлиши мумкин. Натижада, мазкур стандарт гиперинфляцияли иқтисодиётнинг валютасида ҳисобот берадиган ташкилотларнинг молиявий ҳисоботига нисбатан қўлланади. Мазкур стандартда талаб этилган маълумотларни қайта ҳисобланмаган молиявий ҳисоботга қўшимча сифатида тақдим этилишига рухсат этилмайди. Бундан ташқари, қайта ҳисоблашдан олдин молиявий ҳисоботнинг алоҳида тақдим этилиши маъқулланмайди.


8. Функционал валютаси гиперинфляцияли иқтисодиётнинг валютаси бўлган ташкилотнинг молиявий ҳисоботи, у бошланғич қиймат ёндашувига ёки жорий қиймат ёндашувига асосланган бўлишидан қатъий назар, ҳисобот даври охирида амалда бўлган ҳисоб бирлигида акс эттирилиши лозим. 1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш" (2007 йилдаги таҳририда)да талаб этилган олдинги даврлар учун тегишли рақамлар ва дастлабки даврларга нисбатан ҳар қандай маълумотлар ҳам ҳисобот даври охирида амалда бўлган ҳисоб бирлигида акс эттирилиши лозим. Қиёсий суммаларни ҳисобот тақдим этишнинг бошқа валютасида тақдим этиш мақсадида, 21-сон БҲХС "Валюта курсларидаги ўзгаришлар таъсири"нинг 42(б) ва 43 бандлари қўлланади.


9. Соф монетар позиция бўйича фойда ёки зарар фойда ёки зарарда ҳисобга олиниши ҳамда алоҳида ёритиб берилиши лозим.


10. Мазкур стандартга мувофиқ молиявий ҳисоботни қайта ҳисоблаш муайян тартиб-таомилларни ҳамда мулоҳазани қўллашни талаб этади. Ушбу тартиб-таомилларни ва мулоҳазаларнинг даврлар аро изчил қўлланиши қайта ҳисобланган молиявий ҳисоботда акс эттирилган якуний суммаларнинг аниқлигига нисбатан муҳимроқдир.



Бошланғич қийматга асосланган

молиявий ҳисобот


Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот


11. Ҳисобот даври охирида амалда бўлган ҳисоб бирлигида ҳали акс эттирилмаган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботнинг кўрсаткичлари умумий нарх индексини қўллаган ҳолда қайта ҳисобланади.


12. Монетар моддалар қайта ҳисобланмайди, чунки улар аллақачон ҳисобот даври охирида амалда бўлган ҳисоб бирлигини акс эттиради. Монетар моддаларга мавжуд пул маблағлари ҳамда пул маблағларида олинадиган ёки тўланадиган моддалар киради.


13. Индексга боғланган облигациялар ва кредитлар каби шартнома асосида нархлардаги ўзгаришларга боғланган активлар ва мажбуриятлар ҳисобот даври охирида амалдаги сўндирилмаган қолдиқ суммани аниқлаш мақсадида шартномага мувофиқ тузатиш киритилади. Ушбу моддалар қайта ҳисобланган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда тузатилган суммалар бўйича акс эттирилади.


14. Бошқа барча активлар ва мажбуриятлар номонетар ҳисобланади. Баъзи номонетар моддалар ҳисобот даври охирида соф сотиш қиймати ва ҳаққоний қиймат каби амалда бўлган суммаларда акс эттирилади, шу туфайли улар қайта ҳисобланмайди. Бошқа барча номонетар активлар ва мажбуриятлар қайта ҳисобланади.


15. Кўпгина номонетар моддалар бошланғич қийматда ёки эскириш суммаси чегирилган бошланғич қийматда акс эттирилади; шу сабабли, улар харид қилинган санада амалда бўлган суммани акс эттиради. Ҳар бир модданинг қайта ҳисобланган бошланғич қиймати ёки эскириш суммаси чегирилган бошланғич қиймати харид қилиш санасидан ҳисобот даври охиригача бўлган даврнинг умумий нарх индексидаги ўзгаришни бундай модданинг бошланғич қиймати ёки эскириш суммаси чегирилган бошланғич қийматига нисбатан қўллаш орқали аниқланади. Масалан, асосий воситалар, хом ашё захиралари ва товарлар, гудвил, патентлар, савдо белгилари ва бошқа шу каби активлар уларнинг харид қилинган саналардан бошлаб қайта ҳисобланади. Ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар захиралари харид қилиш ва қайта ишлаш сарфлари амалга оширилган санадан бошлаб қайта ҳисобланади.


16. Асосий воситалар моддаларининг харид қилиш саналари бўйича батафсил ёзувлар мавжуд бўлмаслиги ёки уларни тахмин қилиш имкони бўлмаслиги мумкин. Бундай камдан-кам ҳолатларда, мазкур стандартни қўллашнинг биринчи даврида қайта ҳисоблаш учун асос сифатида моддалар қийматининг мустақил профессионал баҳолашдан фойдаланиш зарур бўлиши мумкин.


17. Мазкур стандартга мувофиқ асосий воситаларнинг қайта ҳисобланиши талаб этилган даврлар учун умумий нарх индекси тўғрисидаги маълумот мавжуд бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларда, масалан, функционал валюта билан нисбатан барқарор чет эл валютаси ўртасидаги курснинг ўзгаришларига асосланган ҳисоб баҳосидан фойдаланиш зарур бўлиши мумкин.


18. Баъзи номонетар моддалар харид санасидан ёки молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот санасидан бошқа саналарда амалда бўлган суммаларда акс эттирилади, масалан, маълум бир олдинги санада қайта баҳоланган асосий восита. Бундай ҳолатларда, баланс қиймат қайта баҳоланган санадан бошлаб қайта ҳисобланади.


19. Номонетар модданинг қайта ҳисобланган суммаси унинг қопланадиган қийматидан ошса, тегишли МҲХСларга мувофиқ камайтирилади. Масалан, асосий воситалар, гудвилл, патентлар ва савдо белгиларининг қайта ҳисобланган суммалари қопланадиган қийматгача камайтирилади ва захираларнинг қайта ҳисобланган суммалари соф сотиш қийматигача камайтирилади.


20. Улушли қатнашиш усулида ҳисобга олинган инвестиция объекти гиперинфляцияли иқтисодиётнинг валютасида ҳисобот бериши мумкин. Бундай инвестиция объектининг молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботи ва умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботи унинг соф активларидаги ва фойда ёки зараридаги инвесторнинг улушини ҳисоблаш учун мазкур стандартга мувофиқ қайта ҳисобланади. Инвестиция объектининг қайта ҳисобланган молиявий ҳисоботи чет эл валютасида акс эттирилганда, у ҳисобот санасидаги валюта курсига асосан қайта ҳисобланади.


21. Инфляция таъсири одатда, қарз бўйича сарфларда тан олинади. Қарз ҳисобига молиялаштирилган капитал сарфларни қайта ҳисоблаш ва айни бир даврдаги қарз бўйича сарфларнинг инфляцияни қоплайдиган қисмини капиталлаштириш ўринли эмас. Қарз бўйича сарфларнинг ушбу қисми бундай сарфлар амалга оширилган даврда харажат сифатида тан олинади.


22. Ташкилот муайян фоиз тўловисиз кечиктирилишига рухсат этиладиган шартнома асосида активларни ҳарид қилиши мумкин. Фоиз миқдорини аниқлаш амалий имконсиз бўлса, бундай активлар харид қилиш санасидан эмас, балки тўлов санасидан бошлаб қайта ҳисобланади.


23. [Чиқариб ташланган]


24. Мазкур стандартни қўллашнинг биринчи даври бошида, хусусий капиталнинг тақсимланмаган фойда ва қайта баҳолаш натижасида қийматнинг ўсишидан ташқари компонентлари бундай компонентлар қўйилган ёки бошқа ҳолларда юзага келган санадан бошлаб умумий нарх индексини қўллаш орқали қайта ҳисобланади. Олдинги даврларда вужудга келган ҳар қандай қайта баҳолаш натижасида қийматнинг ўсиши чиқариб ташланади. Қайта ҳисобланган тақсимланмаган фойда қайта ҳисобланган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботнинг бошқа барча суммаларидан келиб чиқади.


25. Биринчи даврнинг охирида ва кейинги даврларда хусусий капиталнинг барча компонентлари давр бошидан бошлаб ёки агар кечроқ бўлса, капитал қўйилган санадан бошлаб умумий нарх индексига кўпайтириш орқали қайта ҳисобланади. Давр мобайнида хусусий капиталдаги ўзгаришлар 1-сон БҲХСга мувофиқ ёритиб берилади.



Умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисобот


26. Мазкур стандарт умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботнинг барча моддалари ҳисобот даври охирида амалда бўлган ҳисоб бирлигида акс эттирилишини талаб этади. Шунинг учун, барча суммалар у даромадлар ва харажатлар моддаларининг молиявий ҳисоботларда дастлаб ҳисобга олинган саналаридан бошлаб мумий нарх индексидаги ўзгаришни қўллаш орқали қайта ҳисобланиши лозим.



Соф монетар позиция бўйича фойда ёки зарар


27. Инфляция даврида, монетар мажбуриятларга нисбатан кўпроқ монетар активларга эга ташкилот харид қобилиятини йўқотади ва монетар активларга нисбатан кўпроқ монетар мажбуриятларга эга ташкилот активлар ва мажбуриятлар нарх даражасига боғланмаган даражада харид қобилиятини оширади. Соф монетар позиция бўйича бундай фойда ёки зарар номонетар активларни, хусусий капитални ва умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботнинг моддаларини қайта ҳисоблаш ҳамда индексга боғланган активлар ва мажбуриятларнинг тузатилиши натижасида вужудга келадиган тафовут сифатида аниқланиши мумкин. Фойда ёки зарар умумий нарх индексидаги ўзгаришни давр учун монетар активлар ва монетар мажбуриятлар ўртасидаги тафовутнинг ўртача тортилган қийматига кўпайтириш орқали ҳисобланиши мумкин.


28. Соф монетар позиция бўйича натижалар фойда ёки зарар таркибида акс эттирилади. Шартнома асосида нархлардаги ўзгаришларга боғланган активлар ва мажбуриятларга 13-бандга мувофиқ киритиладиган тузатишлар соф монетар позиция бўйича фойда ёки зарар билан ўзаро ҳисоб-китоб қилинади. Фоизли даромад ва харажат, инвестиция қилинган ёки қарзга олинган пул маблағларига тегишли валюта курси фарқлари каби бошқа даромад ва харажат моддалари ҳам соф монетар позиция билан боғланган. Бундай моддалар алоҳида ёритиб берилишига қарамасдан, агар улар соф монетар позиция бўйича фойда ёки зарар билан бирга умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда тақдим этилса, фойдали бўлиши мумкин.



Жорий қийматга асосланган

молиявий ҳисобот


Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот


29. Жорий қийматда акс эттирилган моддалар қайта ҳисобланмайди, чунки улар аллақачон ҳисобот даври охирида амалда бўлган ҳисоб бирлигида акс эттирилган. Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботнинг бошқа моддалари 11 - 25 бандларга мувофиқ қайта ҳисобланади.



Умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисобот


30. Жорий қиймат асосида тайёрланган умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисобот, қайта ҳисоблашдан олдин, таянч операциялар ёки ҳодисалар содир бўлган пайтда амалда бўлган сарфларни акс эттиради. Сотиш таннархи ва эскириш истеъмол пайтидаги жорий қийматларда ҳисобга олинади; тушумлар ва бошқа харажатлар улар содир бўлган пайтдаги пул қийматларида ҳисобга олинади. Шунинг учун, барча суммалар ҳисобот даври охирида амалда бўлган ҳисоб бирлигида умумий нарх индексини қўллаш орқали қайта ҳисобланиши лозим.



Соф монетар позиция бўйича фойда ёки зарар


31. Соф монетар позиция бўйича фойда ёки зарар 27 - 28 бандларга мувофиқ ҳисобга олинади.



Солиқлар


32. Мазкур стандартга мувофиқ молиявий ҳисоботни қайта ҳисоблаш молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботдаги алоҳида активлар ва мажбуриятларнинг баланс қиймати билан уларнинг солиқ базалари ўртасида фарқлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Ушбу фарқлар 12-сон БҲХС "Фойда солиқлари" га мувофиқ ҳисобга олинади.



Пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот


33. Мазкур стандарт пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботнинг барча моддалари ҳисобот даври охирида амалда бўлган ҳисоб бирлигида акс эттирилишини талаб этади.



Қиёсий кўрсаткичлар


34. Олдинги ҳисобот даври учун қиёсий кўрсаткичлар, улар бошланғич қиймат ёндашувига ёки жорий қиймат ёндашувига асосланган бўлишидан қатъий назар, қиёсий молиявий ҳисобот ҳисобот даври охирида амалда бўлган ҳисоб бирлигида тақдим этилиши учун, умумий нарх индексини қўллаш орқали қайта ҳисобланади. Олдинги даврларда ёритиб берилган маълумотлар ҳам ҳисобот даври охирида амалда бўлган ҳисоб бирлигида акс эттирилади. Бошқа тақдимот валютасидаги қиёсий суммаларни тақдим этиш мақсадида 21-сон БҲХСнинг 42(б) ва 43 бандлари қўлланади.



Консолидациялашган молиявий ҳисобот


35. Гиперинфляцияли иқтисодиёт валютасида ҳисобот берадиган бош ташкилотнинг гиперинфляцияли иқтисодиётлар валюталарида ҳисобот берадиган шўъба ташкилотлари бўлиши мумкин. Бундай шўъба ташкилотининг молиявий ҳисоботи унинг бош ташкилоти томонидан чиқариладиган консолидациялашган молиявий ҳисоботга киритилмасдан олдин, шўъба ташкилоти қайси мамлакат валютасида ҳисобот берса, ўша мамлакатнинг умумий нарх индексини қўллаш орқали қайта ҳисобланиши лозим. Шўъба ташкилоти чет эл шўъба ташкилоти бўлганда, унинг қайта ҳисобланган молиявий ҳисоботи ҳисобот санасидаги валюта курсига асосан қайта ҳисобланади. Гиперинфляцияли иқтисодиётларнинг валюталарида ҳисобот бермайдиган шўъба ташкилотининг молиявий ҳисоботига нисбатан 21-сон БҲХС қўлланади.


36. Агар турли ҳисобот даврларига тузилган молиявий ҳисоботлар консолидациялашса, барча моддалар, номонетар ёки монетар бўлишидан қатъий назар, консолидациялашган молиявий ҳисобот санасида амалда бўлган ҳисоб бирлигида қайта ҳисобланиши лозим.



Умумий нарх индексининг танланиши

ва фойдаланилиши


37. Мазкур стандартга мувофиқ молиявий ҳисоботни қайта ҳисоблашда умумий харид қобилиятидаги ўзгаришни акс эттирадиган умумий нарх индексидан фойдаланиш талаб этилади. Айни бир иқтисодиётнинг валютасида ҳисобот берадиган барча ташкилотлар бир хил индексдан фойдаланиши мақсадга мувофиқ бўлади.



Гиперинфляция тўхтаган иқтисодиёт


38. Иқтисодиётда гиперинфляция тўхтаса ва ташкилот молиявий ҳисоботни мазкур стандартга мувофиқ тайёрлашни ва тақдим этишни бас қилса, у олдинги ҳисобот даври охирида амалда бўлган ҳисоб бирлигида акс эттирилган суммаларни ўзининг кейинги молиявий ҳисоботидаги баланс қийматлари учун асос сифатида ҳисобга олиши лозим.



Маълумотларни ёритиб бериш


39. Қуйидаги маълумотлар ёритиб берилиши лозим:

(a) молиявий ҳисобот ва олдинги даврларнинг қиёсий кўрсаткичлари функционал валютанинг умумий харид қобилиятини эътиборга олган ҳолда қайта ҳисобланганлиги ва натижада ҳисобот даври охирида амалда бўлган ҳисоб бирлигида акс эттирилганлиги тўғрисидаги факт;

(б) молиявий ҳисобот бошланғич қиймат ёндашувига ёки жорий қиймат ёндашувига асосланганлиги; ва

(в) ҳисобот даври охиридаги нарх индексининг аниқланиши ва даражаси ҳамда жорий ва олдинги ҳисобот даври мобайнида индексдаги тебранишлар.


40. Мазкур стандартда ёритиб берилиши талаб этилган маълумотлар молиявий ҳисоботда инфляция таъсирини инобатга олишнинг асосини аниқлаштириш учун зарур. Улар, шунингдек, ушбу асосни ва натижавий суммаларни тушунишда зарур бўлган бошқа маълумотларни таъминлашга ҳам мўлжалланган.



Кучга кириш санаси


Мазкур стандарт ташкилотлар томонидан 1990 йил 1 январдан ёки ундан кейинги даврларни қамраб оладиган молиявий ҳисобот учун қўлланиши лозим.



---------------------------------------------------

*) 2008 йил май ойида эълон қилинган "МҲХСларга такомиллаштиришлар"нинг бир қисми сифатида, Кенгаш 29-сон БҲХСдаги атамаларни бошқа МҲХСлар билан мос бўлиши учун қуйидагича ўзгартирган:

(а) "бозор қиймати"атамаси "ҳаққоний қиймат" атамасига ва

(б) "фаолият натижалари" ва "соф даромад" атамалари "фойда ёки зарар" атамасига ўзгартирилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь
























































Время: 0.2192
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск