ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар / Ички ишлар органлари /

Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида фуқароларни электрон идентификация қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.07.2022 й. 399-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 22 июлдаги

399-сон қарорига

ИЛОВА



Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати

саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат

жойларида фуқароларни электрон идентификация

қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ички ишлар органлари патруль-пост хизмати (кейинги ўринларда - патруль-пост хизмати) саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида фуқароларнинг шахсини электрон техник воситалар, шу жумладан планшет орқали аниқлаш, шунингдек, патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимларининг (кейинги ўринларда - ходимлар) фуқаролар билан ўзаро мулоқотини қайд этиб бориш тартибини белгилайди.


2. Ходимлар томонидан жамоат жойларида фуқаролар шахсини электрон техник воситалар, шу жумладан планшетлар орқали аниқлаш Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва бошқа қонунларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, шунингдек, ушбу Низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


"Е-патруль" тизими - текширилаётган шахсни планшет орқали бармоқ изларини планшетнинг махсус сканери ёрдамида, агар бармоқ излари билан идентификация қилиш имкони бўлмаса, юз тузилиши (юзнинг олд томони)ни расмга олиш орқали реал вақт режимида текшириш, тегишли маълумотларни шакллантириш, тўплаш, умумлаштириш, сақлаш, шунингдек, ваколатли давлат органлари ўртасида идоралараро ахборот алмашишнинг марказлаштирилган электрон тизими;


бодикамера - жамоат жойларида атрофдаги вазиятни, фуқароларнинг ҳаракатлари ва улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини ходимлар томонидан хизмат вазифаларини бажариш вақтидаги ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни аудио-, видео ёзув шаклида қайд этувчи ускуна;


планшет - маълумотлар базаси ахборот тизимига интеграция қилинган техник восита бўлиб, шахсни биометрик идентификацияси (бармоқ изи ёки юз тузилиши)ни электрон равишда олиб, унинг шахсига оид (судланганлиги, қидирувдалиги, профилактик, пробация ва маъмурий назорат ҳисобида туриши ва бошқа) тезкор маълумотларини мобиль ҳолатда жойида текшириш воситаси.


4. Бодикамера орқали ёзиб олинган аудио-, видео ёзувлардан профилактик тадбирларда жамоат жойларида шубҳали ҳаракатлар содир этаётган фуқароларни текшириш, содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашда ашёвий далилларни тўплаш, шунингдек, масъул раҳбарлар томонидан ходимларнинг хизмат ўташ жараёнини текшириш ҳамда назорат қилиш мақсадида фойдаланилади.


5. "Е-патруль" тизими орқали фуқаронинг шахсга доир маълумотлари (фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш манзили, туғилган санаси) ҳамда ҳуқуқбузарлик ёки бошқа (судланганлиги, қидирувдалиги ёки профилактик, пробация ёхуд маъмурий назорат ҳисобида туриши ва бошқалар) маълумотлари жойида текширилиб, тезкорлик таъминланади, ортиқча оворагарчиликка йўл қўйилмайди.

Бунда фуқароларнинг шахсини бармоқ излари ёки юз тузилиши орқали идентификация қилишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг сервер қурилмаларидан фойдаланилади.


6. "Е-патруль" тизимининг ҳудудларда ишга туширилиши, унинг сифатли фаолият кўрсатиши учун алоқа каналлари узлуксиз ишлашини таъминлашга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул ҳисобланади.

Ходимлар томонидан фуқаронинг шахсини аниқлашга доир маълумотлар электрон тизим орқали рўйхатдан ўтказилган вақтнинг ўзида "Е-патруль" тизимига автоматик равишда бу ҳақда хабар юборилади.


7. "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, ходимга бириктирилган планшет орқали маълум бўлган шахсга доир маълумотлар ошкор этилишига йўл қўйилмайди.


8. Ходимлар қуйидаги ҳолларда фуқароларни тўхтатиши ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки "Е-патруль" тизими орқали уларнинг шахсини аниқлаши мумкин:

шахс жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ёҳуд қидирувда деб гумон қилиш учун асослар мавжуд бўлганда;

шахсни содир этилган жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумотга эга деб ҳисоблаш мумкин бўлганда;

қонунчиликка мувофиқ шахсни ушлаб туриш учун бошқа қонуний асослар мавжуд бўлганда.

Ходим шахсни тўхтатиб, ундан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишни ва "Е-патруль" тизими орқали унинг шахсини аниқлашни талаб қилганда шахсга уни тўхтатганлик ҳамда ундан шахсини аниқлаш талаб этилаётганлиги сабаблари ва асосларини тушунтириб бериши шарт, бундан хизмат доирасидаги маълумотлар мустасно.


9. Ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган фуқаро қуйидаги ҳолларда шахсига аниқлик киритиш учун ички ишлар органларига олиб борилади:

унинг шахсини планшет орқали аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда;

қидирувда бўлган ёки бедарак йўқолган шахслар аниқланган ҳолларда;

шахсига аниқлик киритиш жараёнида қаршилик кўрсатган ҳолларда;

жамоат жойларида хуқуқбузарлик содир этиш вақтида ушланган ҳолларда (жойида маъмурий баённома тузиладиган ҳоллар бундан мустасно).

Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда ўз ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт.

10. "Е-патруль" тизими ҳимояланган тармоғида ишлайди ва маълумотлар архиви (иш ҳужжатларининг электрон шакли) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги сервер қурилмаларида сақланади.


11. "Е-патруль" тизимининг техник ва дастурий таъминоти, шу жумладан "бодикамера" ва планшетлар созлиги, электрон ахборот тизими ва дастурий таъминот ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва янгилаб бориш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.



2-БОБ. "Е-ПАТРУЛЬ" ТИЗИМИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


12. Ходимлар томонидан "Е-патруль" тизими орқали фуқароларнинг шахсини аниқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

фуқаро суҳбатлашишдан олдин ходим ўзини таништиради ва хизмат гувоҳномасини кўрсатиш талаб этилган ҳолларда ходим томонидан хизмат гувоҳномаси фуқарога тўлиқ танишиб бўлгунга қадар кўрсатилади (бироқ гувоҳномани фуқарога бериш тақиқланади);

фуқаронинг шахсига аниқлик киритишда, муомала маданиятига риоя қилган ҳолда "Е-патруль" тизими орқали идентификациялаш учун планшет ёрдамида шахснинг бармоқ излари планшетнинг махсус сканери ёрдамида, агар бармоқ изи билан идентификация қилиш имкони бўлмаса, унинг юз тузилиши (юзнинг олд томони) расмга олиш орқали текширилади;

мулоқотга киришаётганда ходим ҳушёрликни йўқотмасдан, ўзини оғир, вазмин тутиб, ҳар қандай кутилмаган ҳаракатга тайёр туриши лозим;

суҳбат жараёнида ходим шахсга нисбатан ҳурматсизлик деб қабул қилиниши мумкин бўлган ножўя хатти-ҳаракатларни содир этиши шу жумладан уяли алоқа воситаси орқали суҳбатлашиши мумкин эмас;

такдим этилган ҳужжатларни эҳтиёткорлик билан кўздан кечиради, ҳужжатларни текшираётганда унинг ичида ишга тааллуқлиги бўлмаган буюмлар бўлса, уларни эгасига қайтаради (муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган нарсалар бундан мустасно).


13. Ходимларга бириктирилган планшетлар доимий равишда соз, батарея қуввати тўлдирилган ва дастурий-техник таъминоти ишчи ҳолатда бўлиши лозим.


14. Ходимларга планшетлар "Е-патруль" тизимига кириш учун мўлжалланган логин ва пароль билан биргаликда бириктириб берилади.


15. Ходимлар хизмат вазифаларидан бўшатилганда планшет тегишли моддий-техник таъминот учун масъул ходимга топширилади.


16. Ходим ўзига бириктирилган планшетни иш вақти тугаганидан сўнг (ёхуд бошқа сабабларга кура планшетдан фойдаланиш зарурати мавжуд бўлмаган ҳолларда) ички ишлар органи раҳбари белгилаган жой (масъул ходим)га топширади ҳамда ушбу жой (масъул ходим)дан қабул қилиб олади.



3-БОБ. ХОДИМЛАРНИНГ ҲАРАКАТЛАРИНИ

ҚАЙД ЭТУВЧИ ТЕХНИК ВОСИТАЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


17. Бодикамера ходим кўкрак соҳасининг елка қисмига яқин жойга тақилади, шунингдек, махсус жилет ва плашга, хизмат вазифасини бажараётган ва профилактик тадбир ўтказаётган ходим ҳаракатларига халақит бермайдиган қилиб жойлаштирилади, шунингдек, давлат тилида: "Диққат! Аудио ва видео ёзиб олинмоқда", рус тилида: "Внимание! Ведется аудио и видеозапись", инглиз тилида: "Attention! Audio and video recording in progress" ёзувлари акс эттирилади.


18. Бодикамерани ёқиш ходим хизмат вазифаларини бажаришга киришган вақтдан амалга оширилади ва хизмат вақти тугагунга қадар бодикамера ишчи режимда бўлади.


19. Бодикамерани рухсатсиз ечиб ташлаш, ўчириш ва аудио-, видео ёзувга тўсқинлик қилиш мумкин эмас.


20. Дам олиш, овқатланиш вақтида фақат навбатчилик қисми ёки бевосита бошлиғи (командир)нинг рухсати билан аудио-, видео ёзув олиб борилишини вақтинчалик тўхтатади ва бу ҳақда "бодикамера"ларни бериш ҳамда қабул қилишни қайд этиш автоматлаштирилган дастурий таъминотига тегишли ёзувлар киритади.


21. Бодикамерада носозликлар ёки аккумулятор қуввати тугаганда ходим дарҳол навбатчилик қисми ёки бевосита бошлиғи (командир)га хабар беради ва бу ҳақида дастурий таъминотига тегишли ёзувлар киритади.

Бунда, навбатчилик қисми ёки бевосита бошлиқ (командир) ушбу ҳолатни текшириш ҳамда имкон даражасида носозликларни бартараф этиш учун жавобгар шахс - администраторни юборади.


22. Хизмат вазифасини бажариш вақтида фуқаролар билан низоли ёки мунозарали вазиятлар юзага келганда, жиноят ёки маъмурий хуқуқбузарликлар ҳамда судланган ва назорат остидаги шахслар томонидан қоидабузарликлар содир этилган ҳолатлар тўғрисида навбатчилик қисмига ёки бевосита бошлиғи (командир)га ўрнатилган тартибда воқеа ҳақида билдирги билан ахборот беради ва навбатчилик қисмида мониторинг гуруҳи томонидан дастурий таъминотга тегишли ёзувлар киритилади.

Билдирги ёки видеоёзувлар асосида қайд этилган маълумотлар бўйича масъул ходимлар томонидан қонуний қарор қабул қилиш мақсадида, ўрганиб чиқиш учун улар "Е-патруль" тизимининг умумий сақлаш хотирасидан, ҳуқуқбузарликларнинг турларига кўра, "Е-патруль" тизимининг дифференциал захира хотирасига кўчирилади.



4-БОБ. БОДИКАМЕРАЛАР ОРҚАЛИ ҚАЙД

ЭТИЛГАН МАЪЛУМОТЛАРНИ ҲИСОБГА

ОЛИШ ВА САҚЛАШ ТАРТИБИ


23. Бодикамерани бериш ва топширишни қайд этиш автоматлаштирилган дастурий таъминот орқали амалга оширилади.

Автоматлаштирилган иш жойлари ва ундаги дастурий таъминотда ишлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.


24. Бодикамера билан олинган аудио-, видео ёзувлар махсус ва ёрдамчи қурилмалар орқали автоматик тартибда кўчириб олинади.


25. Маълумотларни сақлаш серверига кўчириб олиш жараёни бодикамера аккумулятори қувватланиш вақтида автоматик тартибда амалга оширилади.


26. Олинган аудио-, видео ёзувлар қуйидаги муддатларда сақланади:

жиноятлар бўйича - 5 йил;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва назорат текширув тадбирлари бўйича - 1 йил;

жиноят ва ҳуқуқбузарликлар аломатларини ўз ичига олмаган бошқа ҳолатлар бўйича - 1 ой.



5-БОБ. "Е-ПАТРУЛЬ" ТИЗИМИДАН ФОЙДАЛАНИШДА

ХОДИМНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


27. Ходим томонидан фуқаронинг шахсига аниқлик киритиш тўғрисидаги қонуний талабларини барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан амалга оширилади.


28. Фуқароларнинг шахсига доир маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми ва туғилган санаси)ни планшет орқали "Е-патруль" тизимига тўғри киритилишига ходим (патруль-пост хизмати ходами) масъул ҳисобланади.


29. Ходим "Е-патруль" тизимидаги шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этилмаслиги ҳамда ушбу маълумотлардан ғаразли мақсадларда фойдаланилмаслик учун жавобгардир.


30. Ходим планшет ёки бодикамерадан эҳтиёткорона фойдаланиши керак, шунингдек, уни ўзга шахсларга бериши мумкин эмас.


31. Планшет ёки бодикамера ходимнинг масъулиятсизлиги оқибатида йўқолган, учинчи шахсларга берилган, қасддан нобуд қилинган, унга ўрнатилган дастур ва иловалар қасддан яроқсиз ҳолга келтирилган тақдирда, етказилган зарар бириктирилган ходим ҳисобидан тўлиқ қопланади.

Бунда, ходим ноқонуний хатти-ҳаракатларини яшириш ёки бошқа мақсадларда қасддан қилган ҳаракатлари оқибатида ушбу воситаларга шикаст етказса, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.


32. Бодикамера носозлиги ёки қуввати тугаганлиги ходимга маълум бўлган, ходим ушбу камчиликни дарҳол бартараф этиш имкониятига эга бўлмаган ҳолатларда, ўзининг ёки бирга хизмат ўтаётган ҳамкасбининг уяли алоқа воситасидан, бодикамерадан ҳамда бошқа видеоёзув ускуналаридан фойдаланган ҳолда низоли ҳолатни акс эттиришнинг чораларини кўриши лозим.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


33. Планшет ва бодикамерадан фойдаланиш борасида ушбу Низомда назарда тутилмаган масалалар қонунчилик ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 22 июль
















































Время: 0.2197
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск