ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари / Адвокатлик фаолияти /

Адвокатлик фаолиятини махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.08.2022 й. 432-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 5 августдаги

432-сон қарорига

1-ИЛОВА



Адвокатлик фаолиятини махсус электрон тизим

орқали лицензиялаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом адвокатлик фаолиятини "Лицензия" ахборот тизими орқали лицензиялаш, лицензия талаб ва шартларига риоя қилинишини назорат қилиш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


адвокатлик фаолияти учун лицензия (кейинги ўринларда - лицензия) - шахснинг адвокатлик фаолиятини амалга оширишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи, чекланмаган муддатга бериладиган электрон ҳужжат;


адвокатлик фаолиятини лицензиялаш - лицензия олиш тўғрисидаги аризани топшириш, қабул қилиш ва кўриб чиқиш, лицензияни бериш, амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, шунингдек, лицензияни тугатиш, қайта расмийлаштириш ва ўзгартириш жараёни билан боғлиқ тартиб-таомиллар мажмуи;


талабгор - лицензияни олиш учун мурожаат қилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;


лицензияловчи орган - Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари;


лицензиат - адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;


"Лицензия" ахборот тизими (кейинги ўринларда - "Лицензия" АТ) - лицензиялаш тартиб-таомиллари билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олган, идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлган махсус электрон тизим;


лицензия талаблари ва шартлари - адвокатлик фаолияти билан шуғулланишда адвокат томонидан бажарилиши мажбурий бўлган, мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш паспортида (кейинги ўринларда - паспорт) белгиланган талаблар ва шартлар мажмуи;


лицензиялар реестри - берилган, амал қилиши тўхтатиб турилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, ўзгартирилган ва тугатилган лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базаси.


3. Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомнинг 2-иловасида назарда тутилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


4. Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш:

фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш;

маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш ихтисосликлари бўйича амалга оширилади.

Ихтисослик фақат фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишларини юритишда адвокатлар томонидан малакали юридик ёрдам кўрсатишда талаб қилинади.

Адвокат танланган ихтисослик йўналишларидан қатъи назар, ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонунчилик ҳужжатлари юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотномалар бериш, ҳуқуқий тусдаги аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатларни тузиш, давлат органларида (суд органларидан ташқари), жисмоний ва юридик шахслар олдида вакилликни амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир адвокат тегишли ихтисосликни мустақил танлаш ва у бўйича белгиланган тартибда малака имтиҳони топшириш ҳуқуқига эга.


5. Талабгор лицензия олиш учун қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши керак:

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши;

олий юридик маълумотга эга бўлиши;

адвокатлик тузилмасида камида уч ой стажировка ўтаган бўлиши (давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмаларининг юридик хизмати ходими сифатида, судья, терговчи, суриштирувчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил юридик мутахассислик бўйича иш стажига эга бўлган шахслар бундан мустасно);

малака имтиҳонини муваффақиятли топширган бўлиши.


6. Адвокатлик фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари паспортнинг 9-банди билан белгиланади.


7. "Адвокатура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган ҳолатларда адвокатлик фаолияти билан шуғулланишга йўл қўйилмайди.


8. Талабгор лицензия олиш учун аризани "Лицензия" АТ ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали электрон шаклда юборади.

Аризалар ҳар куни, дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, 24 соат давомида юборилиши мумкин.

Бунда, аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари келиб тушганда, навбатдаги иш куни ариза лицензияловчи органга келиб тушган ва лицензияловчи орган томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади.


9. Ариза рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжат (белги) автоматик равишда "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали талабгорга юборилади.

Талабгор лицензия олиш учун тақдим қилган аризасининг кўриб чиқилиш ҳолатини "Лицензия" АТ орқали онлайн кузатиб бориши мумкин.


10. Танланган ҳар бир ихтисослик бўйича малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор лицензия олиш учун уч ой ичида тегишли лицензияловчи органга мурожаат қилиши керак. Бу муддатни ўтказиб юборган талабгор лицензия олиш учун қайта малака имтиҳонини топширганидан кейингина мурожаат қилиши мумкин.


11. Лицензия талабгорнинг доимий яшаш жойи бўйича лицензияловчи орган томонидан чекланмаган муддатга берилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН АРИЗА

БЕРИШ ВА УНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


12. Талабгор ўз электрон рақамли имзосидан (кейинги ўринларда - ЭРИ) фойдаланган ҳолда лицензия олиш учун "Лицензия" АТ ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтади ҳамда ихтисослик турини танлаб, электрон шаклда ариза тўлдиради.

Аризада қуйидагилар акс эттирилади:

талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

телефон рақами, электрон почта манзили (мавжуд бўлса);

доимий яшаш жойи;

талабгор амалга оширмоқчи бўлган ихтисослик тури.

Талабгорнинг малака имтиҳонидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар тегишлича Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссияси ва Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари томонидан талабгорнинг малака имтиҳонидан ўтганидан сўнг дарҳол "Лицензия" АТга киритилади.


13. Талабгордан ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилмаган маълумотларни ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.


14. Талабгор келгусида ўз фаолиятини адвокатлик бюросини ташкил қилган ҳолда амалга ошириш истагини билдирса, лицензия олиш учун тўлдириладиган аризага қўшимча тарзда адвокатлик бюроси уставини илова қилган ҳолда уни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги сўровномани ихтиёрий равишда тўлдириши мумкин.

Бунда, талабгор адвокатлик фаолиятини лицензиялаш ва адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўловларни алоҳида амалга оширади.


15. Талабгор ариза бериш вақтида лицензия талаблари ва шартларига мослигини ва уларга риоя этишини тасдиқлаши лозим.


16. Талабгор аризага нотўғри маълумотлар киритилганлигини аниқлаган тақдирда, маълумотларни аризани кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғимни тўлашдан олдин ўзгартиришга ҳақли.


17. Аризани кўриб чиқиш учун паспортнинг 6-бандида белгиланган миқдорда йиғим ундирилади.

Йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

Йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

10 фоизи - Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг ҳисобварағига;

11,25 фоизи - ЯИДХГТ орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун, шунингдек, 0,5 фоизи - ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар - лицензияловчи органнинг ҳисобварағига йўналтирилади.


18. Аризага киритилган маълумотлар "Лицензия" АТ орқали идоралараро ҳамкорлик тизимларида мавжуд маълумотлар асосида дастлабки тарзда автоматик равишда таққосланади ва текширилади.

Ариза қуйидаги ҳолларда автоматик тарзда қабул қилинмайди:

нотўғри ёки ёлғон маълумотлар киритилганлиги "Лицензия" АТ орқали аниқланганда;

паспортнинг 6-бандида назарда тутилган йиғим тўланмаганда;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши тасдиқланмаганда;

лицензия реестрида талабгор танлаган ихтисослик (ихтисосликлар) бўйича киритилган ва амалда бўлган лицензияси мавжуд бўлган тақдирда;

талабгорнинг адвокатлик фаолияти муайян муддатга тўхтатилганда;

талабгорнинг тегишли фаолият билан шуғулланиши суднинг қарорига асосан муайян муддатга тақиқланганда.

Мазкур бандда кўрсатилганлардан ташқари бошқа асослар билан аризани қабул қилмасликка йўл қўйилмайди.


19. Йиғим тўланганидан сўнг ариза "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали автоматик тарзда талабгорнинг доимий яшаш жойидаги лицензияловчи органга юборилади.


20. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор паспортнинг 8-бандида белгиланган муддатларда қабул қилинади.


21. Лицензияловчи орган аризани кўриб чиқиш муддати давомида ҳужжатларни текшириши, заруратга кўра бошқа давлат органларида мавжуд, қарор қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни "Лицензия" АТ орқали мустақил равишда олиши, шунингдек, талабгорнинг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини белгилайдиган қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.


22. Лицензияловчи орган лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни "Лицензия" АТ орқали лицензияловчи орган раҳбарининг ЭРИси билан тасдиқлаш орқали қабул қилади.

Қарор "Лицензия" АТ орқали реал вақт режимида автоматик тарзда талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади.


23. Талабгорнинг адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича аризаси мавжуд бўлганда, лицензияловчи орган аризага илова қилинган ҳужжатларни лицензия бериш муддати ичида кўриб чиқади.

Аризага илова қилинган ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ бўлганда, адвокатлик бюросини рўйхатдан ўтказувчи органнинг ахборот тизими орқали ўз ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказади ва бу ҳақида тегишли давлат хизматлари марказига реал вақт режимида автоматик тарзда барча тегишли маълумотларни юборади.


24. Агар лицензияловчи орган паспортнинг 8-бандида белгиланган аризани кўриб чиқиш муддати мобайнида талабгорга лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, талабгор бу ҳақида лицензияловчи органни "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда хабардор қилади.

Бунда, лицензия "Лицензия" АТ орқали автоматик равишда расмийлаштирилади ва талабгор ушбу Низомнинг 29-30 ва 32-бандларида назарда тутилган тартибда давлат божини тўлаганидан сўнг адвокатлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

Талабгорнинг лицензияни олишни кутишга розилигини билдириши, унинг кейинчалик лицензияловчи органни хабардор этиш орқали фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини чекламайди.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда, талабгор белгиланган давлат божи тўловини амалга оширгандан кейин "Лицензия" АТда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензия шакллантирилади ва талабгорнинг "Лицензия" АТ ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинетига электрон шаклда юборилади. Бунда, талабгор адвокатлик фаолияти билан лицензиясиз шуғулланганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас ва тегишли лицензияловчи орган юзага келиши мумкин бўлган барча оқибатлар учун жавобгар бўлади.


25. Талабгорда "Адвокатура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлса ёки 3-1-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаса ёхуд бешинчи қисмида назарда тутилган муддатда лицензия олиш учун мурожаат қилмаса лицензия бериш рад этилади.

Бошқа асосларга кўра, шу жумладан лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


26. Талабгорнинг адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича сўровномаси мавжуд бўлганда лицензия бериш рад этилган ҳолларда адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳам рад этилади.

Бунда, талабгор лицензия бериш рад этилиши учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатларда бартараф этган ҳолда адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича тўлов тўлмасадан қайта мурожаат қилиши ёки амалга оширилган тўлов асосида келгусида Давлат хизматлари марказида адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиши мумкин.

Талабгор томонидан лицензия бериш рад этилиши учун асос бўлган сабаблар белгиланган муддатда бартараф этилмаган ҳолларда, адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича амалга оширилган тўлов унинг мурожаатига асосан тўлов тақсимланган манбалар ҳисобидан қайтарилади.


27. Лицензияни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор талабгорга рад этиш сабаблари, қонунчилик ҳужжатларининг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда, шу куннинг ўзида "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилади.

Лицензия бериш рад этилган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


28. Талабгор лицензия бериш рад этилганлиги, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг лицензиялаш тартиб-таомиллари билан боғлиқ ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


29. Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, лицензияловчи орган бу ҳақида шу куннинг ўзида "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали талабгорга "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи тўлаш учун ҳисобварақ кўрсатилган хабарнома юборади.

Хабарнома юборилганлиги тўғрисида маълумот ҳамда талабгорнинг шахсий кабинетига юбориладиган бошқа маълумотлар талабгорнинг хоҳишига кўра мобил алоқа қурилмасига SMS-хабар шаклида ҳам юборилиши мумкин.


30. Талабгор хабарнома юборилган кундан бошлаб уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатда давлат божи тўловини амалга оширади.

Лицензияни бериш учун давлат божи тўлови белгиланган муддатда амалга оширилмаслиги лицензияловчи орган томонидан лицензияни бериш тўғрисидаги қарорни бекор қилиниши учун асос бўлади. Лицензия бериш тўғрисидаги қарор бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумот "Лицензия" АТ орқали автоматик тарзда талабгорга юборилади. Бунда, талабгор лицензияни олиш учун умумий тартибда қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Давлат божи тўлови амалга оширилганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.


31. Давлат божи қуйидаги тартибда тақсимланади:

68,25 фоизи - бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасининг ҳисобварағига;

11,25 фоизи - ЯИДХП орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун, шунингдек 0,5 фоизи ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

20 фоизи - Давлат бюджетига йўналтирилади.


32. Давлат божи тўланганидан сўнг "Лицензия" АТда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензия автоматик равишда шакллантирилади ва талабгорнинг "Лицензия" АТ ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинетига электрон шаклда юборилади.


33. Берилган лицензиялар ҳақидаги маълумот "Лицензия" АТда лицензиялар реестрига автоматик равишда киритилади.



3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА ЎЗГАРТИРИШ


34. Лицензиатнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарганда у беш иш куни ичида "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали лицензияни қайта расмийлаштириш учун асос бўладиган маълумотларни ва қайта расмийлаштириш учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, ариза юбориши билан мурожаат қилиш лозим.


35. Лицензияни қайта расмийлаштириш учун лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғимнинг ярми ундирилади ва ушбу Низомнинг 17-бандида назарда тутилган тартибда тақсимланади.

Лицензияни қайта расмийлаштириш учун давлат божи ундирилмайди.


36. Лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияловчи органга тушган кундан бошлаб икки иш куни ичида лицензия қайта расмийлаштириб берилади.

Лицензия қайта расмийлаштирилгунига қадар лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси асосида амалга оширади.

Лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.


37. Лицензиатнинг аризасига асосан адвокатлик фаолиятини бошқа ихтисослик тури билан кенгайтиришда лицензияловчи орган томонидан лицензия ўзгартирилиши мумкин.

Лицензияни ўзгартириш лицензияни бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади, бунда аризани кўриб чиқиш учун йигимнинг ярми ундирилади ва ушбу Низомнинг 17-бандида назарда тутилган тартибда тақсимланади.

Ушбу бандда назарда тутилган ҳаракатларни амалга оширишда "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида тегишли лицензияни берганлик учун тўланадиган сумманинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади ва ушбу Низомнинг 31-бандида назарда тутилган тартибда тақсимланади.


38. Лицензиат бир ихтисослик тури бўйича амалга ошираётган адвокатлик фаолиятини бошқа ихтисослик тури билан кенгайтириш ҳуқуқига эга, бунда адвокат лицензияни ўзгартириш ҳақида "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали ариза тақдим этиши лозим.

Бунда, лицензияловчи орган томонидан адвокатнинг аввалги лицензиясига қўшимча ихтисослик турига оид маълумотлар киритилган ҳолда ўзгартиришлар киритилади.



4-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ ВА ТУГАТИШ ҲАМДА

ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


39. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш "Адвокатура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш "Лицензия" АТ орқали амалга оширилади.


40. Адлия органи адвокат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади.

Адлия органи адвокат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузилганлигини аниқлаган тақдирда, адвокатга нисбатан интизомий иш қўзғаш ҳақида Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига тақдимнома киритади.


41. Адвокатга нисбатан интизомий ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра, Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссияси ёки Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссияларининг қарорига асосан, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган интизомий чоралар қўлланилиши мумкин.


42. Назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўз ваколатлари доирасида, адвокат лицензия талаблари ва шартларини бузганлиги аниқланганда, адлия органига аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берилади.


43. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги қарор чиққанда, лицензияловчи орган ёки адвокатлик гувоҳномасини берган тегишли бу тўғрисида адвокат мақоми тўхтатиб турилган ёки тугатилган шахсни, шунингдек Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармасини ва суриштирув, дастлабки тергов органлари ҳамда судни, шу жумладан "Лицензия" АТ ёки ЯИДХП орқали реал вақт режимида уч кун муддат ичида хабардор қилади.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛОВЧИ ОРГАННИНГ ҚАРОРЛАРИ

ВА УЛАРНИНГ МАНСАБДОР ШАХСЛАРИНИНГ

ҲАРАКАТЛАРИ (ҲАРАКАТСИЗЛИГИ) УСТИДАН

ШИКОЯТ БЕРИШ ВА УНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


44. Талабгор ёки лицензиат лицензияловчи органнинг қарорлари ёки мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.


45. Талабгор ёки лицензиат шикоятни лицензияловчи органга нисбатан Адлия вазирлигига тақдим этади.

Талабгор ёки лицензиат белгиланган тартибда лицензияловчи органнинг қарори ва унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бевосита судга ҳам шикоят қилишга ҳақли.

Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ шикоят бошқа ваколатли органларга ҳам берилиши мумкин.


46. Шикоят қарор тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан, талабгор ёки лицензиатга лицензияловчи орган қарори ва унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ҳақида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай берилиши мумкин.

Шикоят бериш муддати, агар у узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган бўлса, шикоятни кўриб чиқувчи орган томонидан тикланиши мумкин.


47. Шикоят ёзма, оғзаки (шахсий қабул ёки ишонч телефони орқали) ёки электрон шаклда ("Лицензия" АТдаги шахсий кабинет, электрон почта ёки ваколатли органнинг расмий веб-сайти орқали) берилади ва унда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

қарорни қабул қилган ёки ҳаракатни амалга оширган лицензияловчи органнинг номи;

шикоят берган жисмоний шахснинг (унинг вакилининг) фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи;

шикоят берган шахснинг талаблари;

илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати (мавжуд бўлган тақдирда);

шикоят берилган сана.

Шикоят ёзма шаклда берилганда шикоят қилувчи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар шикоят вакил томонидан берилган бўлса, унга ишончноманинг ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилиниши керак.


48. Жисмоний шахс оғзаки шикоят (шахсий қабул орқали) қилаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак.

Электрон шаклда бериладиган шикоятларда талабгор ёки лицензиатнинг электрон манзили ва ягона идентификатори (ЖШШИР) ҳамда бошқа реквизитлар кўрсатилиши лозим.

Шикоятда электрон манзилнинг кўрсатилганлиги талабгор ёки лицензиатнинг шикоятини кўриб чиқиш натижаларини ахборот тизими орқали электрон шаклда қабул қилишга бўлган розилигини англатади.


49. Адлия вазирлиги шикоят берилаётган қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) тўғрисидаги тегишли ахборотни шикоят олинган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида ўрганиш учун сўраб олиши лозим.


50. Талабгор ёки лицензиатнинг талабига кўра шикоят унинг иштирокида кўриб чиқилиши мумкин.

Бунда, Адлия вазирлиги талабгор ёки лицензиатнинг хоҳишига кўра муҳокамани видеоконференцалоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказишни таъминлаши шарт.


51. Шикоятни кўриб чиқиш якуни бўйича баённома тузилиб, у адлия вазири ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.


52. Адлия вазирлиги шикоят бўйича ўн беш кун ичида қарор қабул қилиши шарт.


53. Шикоят берган талабгор ёки лицензиат шикоят бўйича қарор қабул қилингунига қадар уни чақириб олишга ҳақли. Шикоятни чақириб олиш ёзма ёки электрон шаклда ("Лицензия" АТ орқали) расмийлаштирилади.


54. Адлия вазирлиги шикоят бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилишга ҳақли:

қарорни ўзгаришсиз қолдириш;

қарорга ўзгартиришлар киритиш;

қарорни бекор қилиш ва зарур бўлган тақдирда, янги қарор қабул қилиш;

лицензияловчи орган ёки унинг мансабдор шахси зиммасига берилган шикоят моҳияти бўйича муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклаш.


55. Лицензияловчи органнинг қарори устидан шикоят қилинган тақдирда, шикоят Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан қарорнинг амал қилиши ва ижро этилиши тўхтатиб турилади, бундан лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно.



6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ


56. Лицензиялар реестри "Лицензия" АТда электрон шаклда юритилади ва ундаги маълумот барча учун очиқ ҳисобланади.


57. Лицензиялар реестри автоматик тарзда шакллантирилади, унинг доимий юритилиши ва унга тегишли ўзгартиришларни киритиш лицензияловчи органлар томонидан амалга оширилади.

Лицензияловчи органлар лицензиялар реестрини юритишда ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибларга риоя қилиши лозим.


58. Лицензия олган қуйидаги маълумотларни лицензиялар реестрига ўз вақтида киритиб боришга жавоб беради:

лицензия қайта расмийлаштирилганлиги, ўзгартирилганлиги;

лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги;

лицензиянинг амал қилиши қайта тикланганлиги;

лицензиянинг амал қилиши тугатилганлиги;

лицензия бекор қилинганлиги.


59. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

лицензиатнинг реестр тартиб рақами, унинг фамилияси, исми, отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), ихтисослиги;

лицензияловчи орган номи;

реестрга киритилган сана;

фаолият олиб бориш манзили (ҳисоб рўйхатига олинганидан кейин);

лицензиянинг ҳолати (амалда, тўхтатиб турилган, тугатилган, бекор қилинган);

лицензия ҳолати ҳар бир ўзгаришининг асослари ва санаси.


60. Лицензиатлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар базаси лицензияловчи органлар фойдаланиши учун шакллантирилади ва унда лицензиялашда киритиладиган маълумотлар сақланади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


61. Лицензиат лицензия талаб ва шартларининг бажарилганлиги юзасидан лицензияловчи органга сохта, ёлғон ёки нотўғри маълумотлар берганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.


62. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.






Низомга

1-ИЛОВА



Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш

ПАСПОРТИ

1. Лицензия номи:

Адвокатлик фаолияти учун лицензия.


2. Лицензияланадиган ихтисослик турлари:


Фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш.

Маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш.


3. Ариза берувчилар тоифаси:


Жисмоний шахс - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (олий юридик маълумотга ҳамда юридик мутахассислик бўйича камида икки йил иш стажига эга бўлиши, шунингдек адвокатлик тузилмасида камида уч ой стажировка ўтаган, малака имтиҳонини муваффақиятли топширган бўлиши талаб этилади).


4. Лицензияловчи орган:


Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари.


5. Лицензияни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар:


Ариза.

Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

телефон рақами, электрон почта манзили (мавжуд бўлганда);

ихтисослик тури;

доимий яшаш жойи.


6. Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори:


Базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи.

7. Лицензия берилганлиги учун давлат божи миқдори:


Базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари.

8. Аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддатлари:


10 иш куни.


9. Лицензия талаблари ва шартлари:


Қуйидагилар лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

қонунчилик талабларига, Адвокатларнинг касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдига риоя этиш;

адвокатга юридик ёрдам сўраб мурожаат этган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун қонунда тақиқланмаган воситалар ва усуллардан фойдаланиш;

қонунда назарда тутилган ҳолларда тайинлов асосида жиноий ишларни кўриб чиқишда қатнашиш (фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш ихтисослиги бўйича олинган лицензиялар бундан мустасно);

ҳар уч йилда камида бир марта ўзининг касбий малакасини ошириш;

лицензия олиш ва (ёки) уни қайта расмийлаштириш учун тақдим этиладиган маълумотларнинг сохта, ёлғон ва нотўғри эмаслигини таъминлаш;

ходимлар билан янги меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш ва уларни бекор қилиш ҳолатларини, шунингдек амалдаги меҳнат шартномалари тўғрисидаги маълумотларни "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда юритиш;

лицензиатнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарган тақдирда, лицензияловчи органга лицензияни қайта расмийлаштириш учун мурожаат қилиш.


10. Назорат тартиби:


Адвокатга гувоҳнома берган тегишли адлия органи адвокат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади.


11. Лицензия беришда келишиладиган органлар


Келишиш талаб этилмайди.


12. Лицензиянинг амал қилиш муддати:


Чекланмаган.

13. Изоҳ:


Талабгорнинг хоҳишига кўра, адвокатлик фаолияти учун лицензия бериш ҳақидаги ариза билан бир вақтда адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш учун сўровнома ҳам тўлдирилиши мумкин. Сўровнома ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ белгиланади.


             





Низомга

2-ИЛОВА



Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Талабгор

(Ўзбекистон Республикаси фуқароси)


1. "Лицензия" АТ ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтиб, электрон шаклда ариза тўлдиради.



1. Ўз хоҳишига кўра


2. Лицензия талаби ва шартларига риоя этишини тасдиқлайди.


3. Йиғимни тўлайди.


2. Мурожаат қилинганда







2-босқич

"Лицензия" АТ, ЯИДХП


Аризани лицензияловчи органга юборади.


Автоматик тарзда









3-босқич

Лицензияловчи орган

(Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари)


Талабгорнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, лицензияни бериш ёки лицензия беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.


10 иш куни мобайнида









4-босқич

"Лицензия" АТ


Лицензияни бериш ёки лицензия беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги хабарномани талабгорга юборади.


Қарор қабул қилингандан сўнг реал вақт режимида









5-босқич

Талабгор


Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда давлат божини тўлайди.


3 ой мобайнида









6-босқич

"Лицензия" АТ


Давлат божи тўланганидан сўнг талабгорга электрон шаклда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензияни юборади.


Автоматик тарзда




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 6 август


















































Время: 0.0275
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск