ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Мулк ҳуқуқи. Бошқа ашёвий ҳуқуқлар / Умумий қоидалар /

Бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилган мол-мулклар электрон маълумотлар банкини шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.08.2022 й. 468-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 22 августдаги

468-сон қарорига

ИЛОВА



Бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб

қўйилган мол-мулклар электрон маълумотлар

банкини шакллантириш, юритиш ва

ундан фойдаланиш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизимида (кейинги ўринларда - тизим) бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилган мол-мулкларнинг электрон маълумотлар банкини шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланишни белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилган мол-мулклар электрон маълумотлар банки (кейинги ўринларда - электрон маълумотлар банки) - тизимнинг таркибий қисми ҳисобланадиган мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилганлиги, уни бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар базаси;


мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилганлиги ҳақидаги маълумотларни электрон маълумотлар банкида қайд этиш - тегишли ваколатли орган ёки мансабдор шахс томонидан мулкдорга тегишли мол-мулкни тасарруф этиш, зарур ҳолларда эса ундан фойдаланиш ман этилганлиги ёки мол-мулк олиб қўйилганлиги ёхуд уни сақлаб туриш учун бошқа шахсга топширилганлиги ҳақидаги маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритиш.


3. Электрон маълумотлар банки Олий суд, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Миллий гвардия, Давлат солиқ қўмитаси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Марказий банк, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Кичик ҳажмли кемалар инспекциясининг электрон ахборот тизимлари билан интеграция қилинади.

4. Электрон маълумотлар банкига мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш, уни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, давлат ижрочиси, нотариус, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивлар (кейинги ўринларда - нотариал архив) мудирлари, солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари), Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг рўйхатдан ўтказувчилари, банк ва бошқа кредит ташкилотларининг раҳбари ёки тегишли ваколат берилган ходимлари томонидан киритилади.


5. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш, уни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритишда:

жисмоний шахснинг шахсига оид ва автомототранспорт воситаларига оид маълумотлар - Ички ишлар вазирлиги;

юридик шахсга оид маълумотлар - Адлия вазирлиги;

кўчмас мулкка оид маълумотлар - Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги;

қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига оид маълумотлар - Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси;

аттракционлар ва кўтариш иншоотлари (минора кранлари)га оид маълумотлар - Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси;

кемаларга оид маълумотлар - Транспорт вазирлиги;

кичик ҳажмли кемаларга оид маълумотлар - Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кичик ҳажмли кемалар инспекцияси;

бошқа мулкларга оид маълумотлар - тегишли ваколатли органлар (ташкилотлар)нинг электрон ахборот тизимларидан онлайн равишда реал вақт режимида олинади.



2-БОБ. ЭЛЕКТРОН МАЪЛУМОТЛАР БАНКИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ЮРИТИШ


6. Электрон маълумотлар банки давлат тилида шакллантирилади ва юритилади.


7. Мол-мулкни хатлаш ёки уни бекор қилиш тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган қарори (ажрими, ҳукми), прокурор, терговчи, суриштирувчи, давлат ижрочиси, солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) қарори (кейинги ўринларда - қарор) дарҳол электрон шаклда - "PDF" форматда тизимга жойлаштирилади ҳамда идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида электрон маълумотлар банкига тегишли маълумотлар онлайн равишда реал вақт режимида киритилади.

Қарор электрон рақамли имзо орқали тасдиқланганда, у электрон ҳужжат шаклида тизимга жойлаштирилади.

Электрон маълумотлар банкига мол-мулк хатланганлиги ёки хатлов бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи томонидан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали тегишинча "E-XSUD" ахборот тизими ёки "Электрон суриштирув ва дастлабки тергов" ягона ахборот тизими орқали киритилади.


8. Нотариус қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, шунингдек, тарафларнинг келишувига асосан мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўяди ва тақиқни бекор қилади. Бунда нотариуснинг мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиши ва тақиқни бекор қилиши электрон маълумотлар банки орқали амалга оширилади.

Нотариус нотариал архив сақловида бўлган ҳужжатлар билан боғлиқ тақиқни (хатловни) бекор қилиши мумкин.

9. Банк ва бошқа кредит ташкилотлари берилган кредит ёки қарз қайтарилишини таъминлаш учун бирламчи бозордаги мол-мулк гаровга (ипотекага) қўйилган бўлса, гаров (ипотека) шартномаси тузилганда мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўяди, шунингдек, мажбуриятлар бажарилганда тақиқни бекор қилади ҳамда бу ҳақдаги маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритади.


10. Банк ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан берилган кредит ёки қарз қайтарилишини таъминлаш мақсадида нотариал тасдиқланган гаров (ипотека) шартномаси бўйича мажбуриятлар тўлиқ бажарилган тақдирда мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ:

2019 йил 1 январга қадар қўйилган бўлса, мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга қўйилган тақиқ бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумотлар исталган нотариус ёки тегишли нотариал архив мудири томонидан;

2019 йил 1 январь ва ундан кейин қўйилган бўлса, мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга қўйилган тақиқ бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумотлар тегишли банк ёки кредит ташкилоти томонидан электрон маълумотлар банкига киритилади.

10-1. Мазкур Низомнинг 10-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда банк ва бошқа кредит ташкилотларининг нотариал тасдиқланган гаров (ипотека) шартномаси бўйича мажбурият тўлиқ бажарилганлиги ҳамда мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга қўйилган тақиқ бекор қилиниши лозимлиги ҳақидаги хабарномаси электрон маълумотлар банкига электрон шаклда юборилиши мумкин.

Бунда, ушбу хабарномада мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўйилишига асос бўлган нотариал тасдиқланган битимнинг реестр рақами ва санаси, тақиқ бекор қилиниши лозим бўлган мол-мулк ҳақидаги маълумотлар (идентификатор) ҳамда банк ёки бошқа кредит ташкилотининг солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилиши зарур.

11. Нотариал архив мудири қуйидаги ҳолларда тақиқни (хатловни) бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритади:

судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, давлат ижрочиси, солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) хатловни бекор қилиш тўғрисидаги 2022 йил 1 октябрга қадар чиқарилган қарорига асосан;

мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб қўйилишига асос бўлган ҳужжатлар нотариал архив сақловига топширилган бўлса.

Бунда, нотариал архив мудири мол-мулкка қўйилган тақиқ (хатлов) бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумотларни қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда электрон маълумотлар банкига киритади:

судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, давлат ижрочиси, солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари)нинг мол-мулкка қўйилган хатловни бекор қилиш назарда тутилган қарори;

асосий мажбурият бажарилганлиги ва (ёки) кредитор (қарз берувчи) гаров (ипотека) шартномасидаги мол-мулкни тақиқдан чиқаришга розилиги тўғрисида хабарнома (тилхат);

мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйишга сабаб бўлган асосий мажбуриятлар бекор бўлганлиги тўғрисида хабарнома (тилхат);

тарафлар ўртасида тўлов мажбуриятини кечиктириш шарти билан тузилган шартномада назарда тутилган маблағлар тўлиқ тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат. Бунда тўлов мажбуриятини кечиктириш муддати тугагандан сўнг тўлов амалга оширилган бўлса, нотариал архив мудири сотувчидан сотиб олувчи ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарганлиги ва тақиқни бекор қилишга эътирози мавжуд эмаслиги ҳақида тилхатни талаб этади.


12. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш ёхуд уни бекор қилиш тўғрисидаги электрон маълумотлар банкига киритилган маълумотлар идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида тизим орқали қуйидагиларга юборилади:

кўчмас мулклар бўйича - Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига;

транспорт воситалари бўйича - тегишлича Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Кичик ҳажмли кемалар инспекциясига.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3149-сон қарори билан тасдиқланган Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ўтказилган аукцион натижалари ҳақидаги баённома олди-сотди шартномаси кучига эга бўлиб, мазкур баённомадаги мулк билан боғлиқ қўйилган тақиқни (хатловни) бекор қилиш учун асос ҳисобланади.


14. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш, шунингдек, уни бекор қилишда тўлов ундирилмайди, нотариус томонидан тақиқ (хатлов) бекор қилинадиган ҳоллар бундан мустасно.


3-БОБ. ЭЛЕКТРОН МАЪЛУМОТЛАР БАНКИДАН

МАЪЛУМОТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ


15. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан электрон маълумотлар банкида мавжуд бўлган маълумотлар нотариус ва (ёки) нотариал архив мудири томонидан тўғридан-тўғри ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёхуд E-notarius.uz ахборот портали орқали реал вақт режимида "Нотариат тўғрисида"ги Қонуннинг 6-моддаси талабларига риоя қилинган ҳолда тақдим этилади.


16. Электрон маълумотлар банкидан маълумот олиш учун жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

а) мол-мулк мулкдори тўғрисидаги маълумотлар:

жисмоний шахс учун - фамилияси, исми, отасининг исми, паспорт ёки идентификация ID-картаси маълумотлари ва (ёки) ЖШШИР, доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзили;

юридик шахс учун - номи, давлат рўйхатидан ўтган жойи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами;

б) вакил орқали мурожаат қилинганда вакилнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат;

в) кўчмас мулкнинг кадастр рақами, жойлашган ери;

г) транспорт воситасининг русуми, давлат рақами ва транспорт воситаси ёки бошқа кўчар мулкнинг рўйхатга олинганлиги (ҳисобда турганлиги) ҳақида ҳужжат (гувоҳнома) маълумотлари ёхуд мулкий ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотлар.


17. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати бўйича электрон маълумотлар банкидан маълумот беришда (маълумотнома чоп этишда) нотариус ёки нотариал архив мудири томонидан ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ ундирилади.



4-БОБ. МОЛ-МУЛКНИ БОШҚА ШАХСГА

ЎТКАЗИШ ТАҚИҚЛАБ ЁКИ ХАТЛАБ

ҚЎЙИЛ(МА)ГАНЛИГИНИ ТЕКШИРИШ


18. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ва хатлаб қўйил(ма)ганлигини текшириш ушбу мол-мулк тўғрисидаги маълумотларни тизимга қисман ва тўлиқ киритиш орқали амалга оширилади.

19. Кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширишда, ушбу кўчмас мулкка нисбатан тақиқ ёки хатлов мавжудлиги ёхуд йўқлигини тизимдан қисман текширишда қуйидаги маълумотлардан ҳар бири алоҳида киритилиши лозим:

агар мулкдор жисмоний шахс бўлса - фамилияси, исми ва отасининг исми, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт серияси ёки идентификация ID-картаси рақами, ЖШШИР);

агар мулкдор юридик шахс бўлса - тўлиқ номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, давлат рўйхатидан ўтган жойи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами;

кўчмас мулкнинг кадастр рақами ва жойлашган ери.


20. Кўчар мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширишда, ушбу кўчар мулкка нисбатан тақиқ ёки хатлов мавжудлиги ёхуд йўқлигини тизимдан қисман текширишда қуйидаги маълумотлардан ҳар бири алоҳида киритилиши лозим:

агар мулкдор жисмоний шахс бўлса - фамилияси, исми ва отасининг исми, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт серияси ёки идентификация ID-картаси рақами, ЖШ ШИР);

агар мулкдор юридик шахс бўлса - тўлиқ номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, давлат рўйхатидан ўтган жойи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами;

давлат рақам белгиси;

двигатель рақами;

кузов рақами;

завод рақами ва бошқалар.


21. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйил(ма)ганлигини тўлиқ текшириш ушбу мулкларга оид маълумотларнинг барчасини тизимга тўлиқ киритиш орқали амалга оширилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


22. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш ҳақидаги маълумотлар электрон маълумотлар банкига ушбу Низом талаблари асосида киритилганлигини доимий мониторинг қилиб бориш нотариал архив мудири томонидан амалга оширилади.


23. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш, шунингдек, уни бекор қилиш билан боғлиқ маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритишда юзага келадиган муаммоли ҳолатлар идоралараро келишув йўли билан ҳал этилади.


24. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 23 август
























Время: 0.0231
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск