ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Туризм / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.08.2022 й. 484-сон "Ўзбекистон Республикаси бўйлаб амалга оширилган ички саёҳатлар харажатларининг бир қисмини қайтариб бериш тизимини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

31.08.2022 й.

N 484



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БЎЙЛАБ

АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИЧКИ САЁҲАТЛАР

ХАРАЖАТЛАРИНИНГ БИР ҚИСМИНИ ҚАЙТАРИБ

БЕРИШ ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШГА ОИД

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2022 йил 30 апрелдаги ПҚ-232-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, фуқароларнинг мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб саёҳат қилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2022 йил 30 апрелдаги ПҚ-232-сон қарорига мувофиқ:

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун республика ҳудудларида "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" дастури доирасида ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қайтариш (кейинги ўринларда - саёҳат харажатларини қайтариш) тартибининг жорий этилиши белгиланганлиги;

саёҳат харажатларини қайтаришни молиялаштириш учун республика бюджетининг қўшимча маблағлари ҳисобидан 30 млрд сўм маблағ Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига (кейинги ўринларда - Жамғарма) ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси бўйлаб амалга оширилган ички саёҳатлар харажатларининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

саёҳатлар харажатларини қайтаришни, шунингдек, саёҳат қилувчиларга тақдим қилинадиган чегирмалар ва тайёр туристик пакетларни мустақил шакллантиришни назарда тутувчи электрон платформада (кейинги ўринларда - Платформа) рўйхатдан ўтиш ҳамда ундан фойдаланиш тартиби;

саёҳатлар харажатлари қайтариладиган туризм хизматларининг турлари;

саёҳатлар харажатларини қайтариш миқдорлари, муддати ва қайтариш тартиби;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан Платформа орқали саёҳатлар харажатларини қайтариш талаблари бажарилишининг мониторинг қилиниши.


3. Белгилансинки:

а) 2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ва 2024 йилдан бошлаб ҳар йили саёҳат харажатларини қайтаришнинг навбатдаги босқичларини молиялаштириш учун Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан маблағлар ажратилиши назарда тутилади;

б) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Туризм ва маданий мерос вазирлиги Платформани узлуксиз фаолият олиб боришини таъминлаш, саёҳат харажатларини Платформага киритиш шартларини бузган фуқароларнинг Платформадан фойдаланишини чеклаш, шунингдек, улар тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш чораларини кўради;

в) саёҳат харажатларининг бир қисми улар мазкур қарорда белгиланган тартибда расмийлаштирилган ойдан кейинги ойнинг йигирма бешинчи санасига қадар қайтарилади;

г) Платформага хизмат кўрсатиш, унинг фаолиятини такомиллаштириб бориш ва доимий равишда техник қўллаб-қувватлаш Жамғармага саёҳат харажатларини қайтариш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Транспорт вазирлиги ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан биргаликда:

"Uztrans" ягона интерактив ахборот тизими, бошқа йўловчи ташиш лицензиясига эга ташкилотларнинг электрон чипталарни харид қилиш порталлари, шунингдек, жойлаштириш воситаларида яшовчиларни электрон шаклда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган махсус электрон дастурини Платформа билан интеграция қилиш ва доимий равишда узлуксиз фаолият олиб боришини таъминлаш чораларини кўрсин;

харид қилинган барча авиа, темирйўл ва шаҳарлараро автобус чипталари ҳамда жойлаштириш воситаларига келган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни онлайн режимида олиш имкониятини яратсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан бирга:

2023 йил 1 февралга қадар саёҳат қилувчиларга харажатларининг бир қисмини қайтариш учун уларнинг асослилиги ҳамда ажратилган маблағлардан фойдаланилиши юзасидан 2022 йил якуни бўйича ҳисоботни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - туризм ва маданий мерос вазири А.А. Абдухакимов ва давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                         А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 31 август








































Время: 0.1990
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск