ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Ташқи савдо фаолияти. Экспорт-импорт. Инкотермс /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.09.2022 й. ПФ-228-сон "Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

30.09.2022 й.

N ПФ-228



ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ЭКСПОРТ

САЛОҲИЯТИНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

            

         

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги "2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида"ги ПФ-60-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2022 йилдаги "очиқ мулоқоти"да белгиланган вазифаларни амалга ошириш, шунингдек, экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:


1. Белгилансинки, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб:

бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланилмайди. Ушбу норма 2022 йил 1 ноябрга қадар бўлган ҳолатларга ҳам татбиқ этилади;

экспорт қилувчи ташкилотларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишидаги имтиёзлар товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан тушган умумий тушумдаги экспорт ҳажмининг улушидан қатъи назар қўлланилади;

қовун (ТИФ ТН коди 1207 70 000 0), канакунжут (ТИФ ТН коди 1207 30 000 0), хантал (ТИФ ТН кодлари 1207 50 100 0, 1207 50 900 0) ва махсар (ТИФ ТН коди 1207 60 000 0) уруғлари экспортига рухсат берилади.


2. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг экспортчи корхоналарни очиқ танлов орқали саралаб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича "Янги Ўзбекистон - рақобатбардош маҳсулотлар юрти" дастурини (кейинги ўринларда - Дастур) амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Бунда, Дастур доирасида экспортчи корхоналарни саралаб олиш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

экспортчи корхоналар юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган ҳамда камида сўнгги икки йил давомида фаолият юритаётган бўлиши;

охирги 12 ой мобайнида экспорт қилинган тайёр маҳсулот суммаси 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлиши;

умумий тушум ҳажмида экспортдан тушум улуши 30 фоиздан юқори бўлиши;

экспортга чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар тури 2 тадан ортиқ бўлиши;

охирги 12 ой мобайнида экспорт географияси, қўшни давлатларни инобатга олмаган ҳолда, 2 та мамлакатдан ортиқ бўлиши;

охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмида муддати ўтган дебитор қарздорликнинг улуши 5 фоиздан кам бўлиши.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги корхоналар рўйхати мазкур мезонларга мувофиқ Экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш ягона порталида (www.exportportali.uz) онлайн тартибда автоматик тарзда рейтинг асосида шакллантирилиши ва ҳар 6 ой мобайнида янгилаб борилишини таъминласин.


3. Қуйидагилар:

а) Дастурнинг босқичма-босқич 200 та (рейтинг асосида биринчи босқичда 50 та, 2023 йил 1 январдан бошлаб 100 та, 2023 йил 1 июлдан бошлаб 200 та) экспортчи корхоналарни қўшимча қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш орқали амалга оширилиши;

б) Дастурга киритилган экспортчи корхоналар:

экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширганда ноль даражали қўшилган қиймат солиғи ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган солиқнинг ошиб кетган қисми уларнинг мурожаатига асосан тезлаштирилган тартибда 7 кун ичида тўлиқ қайтариб берилиши;

айланма маблағларини тўлдириш учун кредит олишида тижорат банкларига экспорт шартномаларини гаров таъминоти сифатида қабул қилиш тавсия этилиши;

Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириши учун охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмидан келиб чиққан ҳолда:

экспорт ҳажми 1 миллион доллардан 5 миллион долларгача бўлганда - 1 миллион долларгача;

экспорт ҳажми 5 миллион доллардан 10 миллион долларгача бўлганда - 2 миллион долларгача;

экспорт ҳажми 10 миллион доллардан 15 миллион долларгача бўлганда - 3 миллион долларгача;

экспорт ҳажми 15 миллион доллардан 20 миллион долларгача бўлганда - 4 миллион долларгача;

экспорт ҳажми 20 миллион доллардан ортиқ бўлганда - 5 миллион долларгача миқдорларда молиявий ресурслар ажратилиши;

битта халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиши учун уларга 30 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда молиявий ёрдам тақдим этилиши;

бизнес жараёнлар, экспорт ҳажмини ошириш ва маркетинг тадқиқотларини амалга ошириши учун хорижий маслаҳатчилар жалб қилиниши белгилаб қўйилсин.


4. Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 ноябрга қадар республиканинг ҳар бир ҳудудидан энг салоҳиятли 100 та маҳаллий корхонанинг ташқи бозорларга чиқишига йўл очиб бериш мақсадида "тадбиркордан - экспортёргача" тамойили асосида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб тасдиқласин ҳамда унинг ижросини назорат қилиб борсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


6. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикасининг "Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги Қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин;

қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                            Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 30 сентябрдаги

ПФ-228-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар

    

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 ноябрдаги "Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" ПФ-5587-сон Фармонининг 1-банди биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"1. Белгилаб қўйилсинки, товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти, шунингдек божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотлари реэкспортини, шу жумладан комиссионер (ишончли вакил) орқали амалга оширган юридик шахслар солиқ солинадиган базани:".


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги "Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" ПҚ-3351-сон қарори 1-банди б-кичик бандининг биринчи хатбошисидаги "ташкилотлардан ташқари" сўзлари "ташкилотлардан ташқари, "Ўзтрейд" ва "Ўзсаноатэкспорт" акциядорлик жамиятлари бундан мустасно" сўзлари билан алмаштирилсин.

            

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 30 сентябрь























































Время: 0.1939
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск