ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Мол-мулк, корхоналар ва бошқа объектларни муҳофаза қилиш /

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 01.11.2022 й. 630-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 1 ноябрдаги

630-сон қарорига

1-ИЛОВА



Идоравий ҳарбийлаштирилган

қўриқлаш бўлинмалари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

      

     

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

        

1. Мазкур Намунавий низом Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг (кейинги ўринларда - қўриқлаш бўлинмалари) вазифалари ва уларни ташкил этиш тартиби, қўриқлаш бўлинмаларнинг ишчи ва хизматчилари лавозимларига номзодларга қўйиладиган талаблар, ишчилар ва хизматчиларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва ижтимоий ҳимояси, шунингдек, қўриқлаш бўлинмаларининг молиявий ва моддий-техник таъминотини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Қуйидагилар қўриқлаш бўлинмаларининг вазифалари ҳисобланади:

жисмоний шахслар ҳаётини ва соғлиғини тажовузлардан ҳимоя қилиш;

объектларни қўриқлаш ва тажовузлардан ҳимоя қилиш;

қўриқланадиган объектларда назорат-ўтказиш ва объектнинг ички режимларини таъминлаш;

қўриқланадиган объектлар ҳудудида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга чек қўйиш;

қўриқланадиган объектлардаги мол-мулкни қўриқлаш ва кузатиб бориш;

қўриқланадиган объектларда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф қилишда иштирок этиш;

қўриқлашнинг илғор муҳандислик ва техник воситалари ҳамда усулларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш;

қўриқлаш бўлинмалари ишчи ва хизматчиларининг жанговар ҳамда хизмат тайёргарлигини юқори даражада таъминлаш ва сақлаш;

объектлар ва мол-мулкни қўпорувчилик-террорчилик ҳаракатлари содир этилишидан, ёқиш, ўғирлаш ва бошқа жиноий тажовузлардан ишончли қўриқлашни ташкил этиш масалалари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа давлат органлари, жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш.

Қўриқлаш бўлинмалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.



2-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ БЎЛИНМАЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


3. Қўриқлаш бўлинмалари Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган рўйхатга мувофиқ давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларда (кейинги ўринларда - тегишли ташкилотлар) ташкил этилади.

Қўриқлаш бўлинмаларининг тузилмаси, ишчи ва хизматчилари сонининг нормаси ва қўриқлаш бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш тартиби тегишли ташкилотларнинг ушбу Намунавий низомга мувофиқ ишлаб чиқиладиган ҳужжатлари билан белгиланади.


4. Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари томонидан хизматни ўташни ташкил этиш ва хизмат ўташ тартиби Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Гарнизон ва қоровуллик хизматлари низоми асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси (кейинги ўринлар - Миллий гвардия) билан келишилган ҳолда, ўз тизимида қўриқлаш бўлинмалари бўлган тегишли ташкилотлар тасдиқлаган қоидаларга мувофиқ белгиланади.


5. Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари ўз хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тегишли ташкилотлар томонидан Миллий гвардия билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ҳамда фарқловчи белгилари бўлган формали кийим-бош кийиб юриш ҳуқуқига эга.

Қўриқлаш бўлинмалари ишчи ва хизматчиларига тегишли ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда хизмат гувоҳномалари берилади.


6. Қўриқлаш бўлинмалари ўзларига юкланган вазифаларни бажариш учун хизмат (қўриқчи) итларидан фойдаланиши мумкин.

Хизмат (қўриқчи) итлари хизматда фойдаланишга яроқли деб топилган бўлиши ва уларнинг ветеринар паспорти бўлиши керак.



3-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ БЎЛИНМАЛАРИ

ИШЧИ ВА ХИЗМАТЧИЛАРИ ЛАВОЗИМЛАРИГА

НОМЗОДЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


7. Қўриқлаш бўлинмаларига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида контракт бўйича ҳарбий хизматни, муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўтаган фуқаролар олинади (бошқарув, хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлар бундан мустасно).


8. Қуйидагилар қўриқлаш бўлинмаларига иш (хизмат)га қабул қилинмайди:

қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар;

жиноий жазони ўтаётган шахслар;

мулкка тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган, шунингдек, жамоат тартибига ёки бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун бир йил ичида такроран маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар;

руҳий касалликлари бўлган, наркологик касалликларга чалинган, шунингдек, соғлиғи бўйича тегишли ташкилотлар томонидан белгиланган талабларга жавоб бермайдиган шахслар;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлмаган шахслар;

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар.

Қўриқлаш бўлинмаларига ишга (хизматга) кириш учун номзодларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ қўшимча талаблар қўйилиши мумкин.


9. Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари махсус ўқув дастурлари бўйича касбий тайёргарликдан ўтади.

Касбий тайёргарлик бўйича машғулотлар ўтказиладиган вақт иш вақтига киритилади.



4-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ БЎЛИНМАЛАРИ ИШЧИ

ВА ХИЗМАТЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари ўз вазифаларини бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қўриқланадиган объектга келган ва унинг ҳудудида турган шахслардан назорат-ўтказиш ва объектнинг ички режимларига, шунингдек, жамоат тартибига риоя этишни талаб қилиш;

қўриқланадиган объект ҳудудидан мол-мулкни қонунга хилоф равишда олиб чиқишга ёки қўриқланадиган объектга тақиқланган предметларни олиб киришга уриниш чоғида шахсларни ушлаш;

шахсини тасдиқлайдиган ва қўриқланадиган объектга кириш (чиқиш) ва унда бўлиш, шунингдек, транспорт воситаларининг кириши (чиқиши), мол-мулкни қўриқланадиган объектларга олиб кириш (олиб чиқиш) ҳуқуқини берадиган ҳужжатларни текшириш;

қўриқланадиган объектлардаги мол-мулкни сақлаш шароитларини, қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари ҳолатини ҳамда созлигини текшириш, аниқланган қоидабузарликлар ва камчиликларнинг бартараф этилишини тегишли ташкилотларнинг масъул ходимларидан талаб қилиш;

объектларни қўриқлаш ва мол-мулк сақланиши, назорат-ўтказиш ва объект ички режими қоидалари бузилиши аниқланган тақдирда, уларга барҳам бериш ва уларга кўмаклашадиган шарт-шароитларни тугатиш чора-тадбирларини кўриш;

фуқаролар ва мансабдор шахслардан хизмат вазифалари бажарилишига тўсқинлик қилувчи ҳуқуқбузарликлар ва хатти-ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиш. Ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда, ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлар, ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш юзасидан қонунчиликда назарда тутилган тегишли чораларни қўллаш;

қўриқланадиган объектдаги, патруллик йўналишидаги ҳодисани, содир этилган ҳуқуқбузарликни белгиланган тартибда расмийлаштириш, жиноят изларини сақлаш мақсадида фуқаролардан ҳодиса жойини тарк этишни талаб қилиш;

қўриқланадиган объектга қонунга хилоф равишда кирган ёки қўриқланадиган объектда ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг шахсини аниқлаш, уларни ушлаш ҳамда қўриқлаш хизмати хонасига етказиш;

муомалада бўлиши чекланган моддалар, шу жумладан, объектга олиб кириш (ундан олиб чиқиш) учун тақиқланган предметлар рўйхатига қўриқланадиган объект маъмурияти томонидан киритилган моддалар бор деб ҳисоблаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказиш, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўздан кечириш ҳамда уларни олиб юриш ҳамда сақлаш учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, мазкур предметлар, воситалар ва моддаларни олиб қўйиш, шунингдек, транспорт воситаларини кўздан кечириш, уларда ташилаётган юкларнинг илова қилинадиган ҳужжатларга мувофиқлигини текшириш;

қонунчиликда назарда тутилган тартибда хизмат қуролини ҳамда махсус воситаларни олиб юриш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, жисмоний куч ишлатиш.

Қўриқлаш бўлинмаларининг ноқулай меҳнат шароитларига эга бўлган объектларда хизмат ўтайдиган ишчи ва хизматчилари ушбу объектларнинг ходимлари учун назарда тутилган меҳнат соҳасидаги қўшимча кафолатлардан фойдаланади. Меҳнат соҳасидаги қўшимча кафолатлар қўриқлаш хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномада акс эттирилади.

Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиш ҳуқуқига эга.


11. Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари қўриқлаш тури, шакллари, усулларидан қатъи назар, хизматни ўташ вақтида қуйидагиларга мажбур:

қўриқланадиган объектларни ҳимоя қилиш, белгиланган тартибга ва қўриқлаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъи риоя этиш, қўриқланадиган объектни кузатиб бориш;

қўриқланадиган объектга тажовуз қилган шахсларга нисбатан айни ҳолатда лозим бўлган эҳтиёт чораларини қўллаган ҳолда, қонунчиликда белгиланган тартибда ҳаракатларни амалга ошириш;

қўриқланаётган мол-мулкнинг ўғирланиши ёки бузилишига олиб келиши мумкин бўлган хўжасизлик ва бепарволик намоён бўлишининг ҳар қандай кўринишига нисбатан ўз вақтида чоралар кўриш;

ҳодиса жойида жабрланган фуқароларга, шунингдек, ҳаётига ва соғлиғига зарар етказилган шахсларга биринчи ёрдам кўрсатиш ёки шундай ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш;

хизматни ўташ жойларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга чек қўйиш;

ўз ваколатлари доирасида жисмоний шахслар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини, шунингдек, юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш учун зарур чоралар кўриш;

қўриқланадиган объектда ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисаларнинг излари сақланишини таъминлаш;

қўриқланадиган объектлардаги табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф қилишда иштирок этиш;

қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш чоғида ўзларига маълум бўлган хизматга доир ахборотнинг ва бошқа ахборотнинг махфийлигини таъминлаш;

қўриқланадиган объектда назорат-ўтказиш ва объектнинг ички режимларига риоя этилишини қўриқланадиган объект маъмурияти томонидан қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар билан келишувга кўра тасдиқланган қоидаларга мувофиқ таъминлаш;

қўриқланадиган объектлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фуқаролар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари, жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликни амалга ошириш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга уларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни ҳал этишда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиш;

ўзига ишониб топширилган хизмат қуроли ва унинг ўқ-дорилари, махсус ва техник воситалар, шахсий ҳимоя воситалари ҳамда мол-мулкнинг хавфсиз ва лозим даражада сақланишини таъминлаш;

ўзларига юкланган вазифаларни бажаришга ҳалол ва виждонан муносабатда бўлиш, интизомли бўлиш, ўз касбий билимларини доимо ошириб бориш;

тегишли махсус ўқув дастурлари бўйича касбий тайёргарлик даражасини таъминлаш;

белгиланган тартибда махсус формали кийим-бошини кийиш ва фарқловчи белгиларини тақиб юриш.

Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчиларининг зиммасига қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


12. Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари бир йилда камида бир марта иш берувчининг ҳисобидан мажбурий тиббий кўрикдан ўтади.

Мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортган қўриқлаш бўлинмалари ишчи ва хизматчилари иш берувчининг қарорига асосан мажбурий тиббий кўрикдан ўтиб бўлгунига қадар ишдан четлаштирилади.

Тиббий кўрик натижалари бўйича хизматга яроқсиз деб топилган қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари билан тузилган меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилинади.


13. Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчиларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.


14. Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчиларининг жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва хизмат қуролини қўллаш тартиби "Қўриқлаш фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.



5-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ БЎЛИНМАЛАРИНИНГ

ИШЧИЛАРИ ВА ХИЗМАТЧИЛАРИНИНГ

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИ


15. Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчиларига тегишли жамоавий шартномалар ҳамда битимларда назарда тутилган қоидалар ва имтиёзлар жорий этилади.


16. Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари меҳнат фаолияти давомидаги бахтсиз ҳодисалар ва касбий касалликларидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат мажбурий ижтимоий суғуртаси қилиниши лозим.


17. Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари хизмат вазифаларини бажариш чоғида жароҳат олган ёки ҳалок бўлган тақдирда, етказилган зарар тегишли жамоа шартномалари ва жамоа келишувларига мувофиқ амалдаги қонунчиликда белгилаб қўйилган нормалардан кам бўлмаган тартибда қопланади.



6-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ БЎЛИНМАЛАРИНИНГ

МОЛИЯВИЙ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНОТИ


18. Қўриқлаш бўлинмаларини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш қўриқлаш бўлинмаларини ташкил этган тегишли ташкилотлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


19. Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни формали кийим-бош ва махсус воситалар билан таъминлаш қўриқлаш бўлинмаларини ташкил этган тегишли ташкилотлар томонидан белгиланадиган нормаларга мувофиқ амалга оширилади.


20. Қўриқлаш бўлинмаларининг ишчи ва хизматчилари фаолияти тегишли ташкилотлар, шунингдек, Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида назорат қилинади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Қўриқлаш бўлинмалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қайта ташкил этилади ва тугатилади.


22. Ушбу Намунавий низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 2 ноябрь































































Время: 0.0066
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск