ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Гидрометеорология /

Аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ишларини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 18.11.2022 й. ПҚ-426-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 18 ноябрдаги

ПҚ-426-сон қарорига

2-ИЛОВА



Аҳолини ва ҳудудларни хавфли

гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик

жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан

муҳофаза қилиш ишларини ташкил

этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

              

                

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом рўй бериши мумкин бўлган хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ва геологик жараёнларни барвақт аниқлаш, Тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиши ва ер кўчкиси ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича ҳукумат комиссияси (кейинги ўринларда - Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси) ҳамда ҳудудий комиссияларнинг фаолиятини ташкил этиш, аҳолини ва ҳудудларни улар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.


2. Аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ва геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ишлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, шунингдек, мазкур Низомга мувофиқ ташкил этилади.


3. Аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирлари Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси томонидан мувофиқлаштирилади.


4. Тошқинга қарши ҳукумат комиссиясининг ваколати доирасидаги масалаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ топшириқ ва вазифалари барча вазирликлар, идоралар ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар бошқа ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари (кейинги ўринларда - вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимликлар), шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши шарт.


5. Жойларда аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳамда геологик ҳодисалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирларининг ташкил этилиши ва амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида Тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиши ва ер кўчкиси ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича ҳудудий комиссиялар (кейинги ўринларда - ҳудудий комиссиялар) тузилади.


6. Аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирлари мазкур Низомга иловага мувофиқ схема бўйича ташкил этилади.



2-БОБ. ТОШҚИНГА ҚАРШИ ҲУКУМАТ КОМИССИЯСИ

ҲАМДА ҲУДУДИЙ КОМИССИЯЛАРНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Тошқинга қарши ҳукумат комиссиясига раислик қилади.


8. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошқинга қарши ҳукумат комиссиясининг ишчи органи (кейинги ўринларда - ишчи орган) ҳисобланади.

Ишчи орган:

Тошқинга қарши ҳукумат комиссиясининг йиғилишлари кун тартибига киритиладиган масалаларни тайёрлайди, йиғилиш баённомасини юритади ва расмийлаштиради;

Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси аъзоларига йиғилиш ўтказиладиган сана ва жой тўғрисида хабар беради;

Тошқинга қарши ҳукумат комиссиясининг йиғилиш баёнларидаги топшириқлар ижро этилишини таҳлил қилади, мавжуд муаммоларнинг ечимлари юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва уларнинг Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилишини ташкил этади.


9. Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси ўз фаолиятини доимий асосда, унинг раиси томонидан тасдиқланадиган йиғилиш баёнига ва чора-тадбирлар режасига мувофиқ амалга оширади.


10. Тошқинга қарши ҳукумат комиссиясининг йиғилишлари, заруратга кўра, бироқ йилига камида бир марта ушбу Низомда белгиланган муддатда ўтказилади ва унинг қарорлари йиғилиш баёнлари билан расмийлаштирилади.


11. Ҳудудий комиссияларга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари раҳбарлик қилади.


12. Ҳудудий комиссиялар ўз фаолиятини аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ишларни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги тегишли ҳудуднинг низоми ҳамда Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси томонидан белгиланган асосий тадбирларга мувофиқ ташкил этади.


13. Зарур ҳолларда, мазкур Низомда назарда тутилган ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш учун Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси ва ҳудудий комиссиялар вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг ҳудудий тузилмалари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳларни тузади.



3-БОБ. РЎЙ БЕРИШИ МУМКИН

БЎЛГАН ХАВФЛИ ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИК

ҲОДИСАЛАР ВА ГЕОЛОГИК ЖАРАЁНЛАРНИ

БАРВАҚТ АНИҚЛАШ


14. Гидрометеорология хизмати маркази (кейинги ўринларда - Ўзгидромет) ҳамда Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси (кейинги ўринларда - Давлат геология қўмитаси):

доимий равишда республика ҳудудларида хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ва геологик жараёнларнинг мониторингини олиб боради ва натижаларини ҳар ой якунида, фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи туғилганда ёки рўй берганда зудлик билан ишчи органга тақдим этади;

ҳар йили алоҳида режага асосан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда тоғ ва тоғолди ҳудудлардаги ҳамда заруратга кўра Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда, қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудлардаги йиғилган қор ҳажмларини, сел ва кўчки хавфи мавжуд участкаларни аниқлаш, юқори тоғ тизимларидаги кўллар ҳолатини, шунингдек, ушбу ҳудудларда гидрометеорологик вазиятларни ва геологик жараёнлар ривожланишини тизимли равишда кузатиш ва баҳолаш бўйича аэровизуал ўрганишларни амалга оширади. Аэровизуал ўрганишлар, заруратга кўра, учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида ва сунъий йўлдош маълумотларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади;

ҳар йили ёзги меҳнат ва мактаб таътиллари бошланишидан олдин тоғ ва тоғолди ҳудудлардаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, санаторийлар, дам олиш уйлари, сайёҳлик базалари ва пансионатлар жойлашган ҳудудларнинг гидрологик ва муҳандислик-геологик ҳолатини ўрганиб чиқади ва натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатномаларни ишчи органга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали тақдим қилади.


15. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Ўзгидромет ҳамда Давлат геология қўмитаси билан биргаликда, заруратга кўра, юқори тоғ тизимларидаги кўлларнинг ҳолатини мониторинг қилиш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши тўғрисида ўз вақтида огоҳлантириш мақсадида техник воситалар ва барқарор алоқа билан таъминланган вақтинча кузатув постларини ташкил этади ва уларнинг фаолиятини таъминлайди.



4-БОБ. АҲОЛИНИ ВА ҲУДУДЛАРНИ

ХАВФЛИ ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИК ҲОДИСАЛАР

ҲАМДА ГЕОЛОГИК ЖАРАЁНЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ

ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРДАН МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


16. Ўзгидромет ҳамда Давлат геология қўмитаси ҳар йили 20 февралга қадар Тошқинга қарши ҳукумат комиссиясига, унинг ишчи органига ва ҳудудий комиссияларга хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ва геологик жараёнлар фаоллашиши мумкин бўлган ҳудудлар, ушбу ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари ва объектлар, аҳолиси вақтинча кўчирилиши ёки хавфли ҳудудлардан хавфсиз ҳудудларга доимий кўчирилиши лозим бўлган хўжаликлар рўйхати тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш мақсадида муҳандислик-техник ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифларни тақдим этади.


17. Ишчи орган ҳар йили 1 мартга қадар вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда тақдим этилган маълумотларга асосан тегишли йил учун аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар лойиҳасини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда Тошқинга қарши ҳукумат комиссиясига кўриб чиқиш учун киритади.


18. Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси ҳар йили 5 мартга қадар тегишли йилда аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлайди.


19. Вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ҳар йили 10 мартга қадар ўз тизимидаги объектларни тошқинлар, сел оқимлари ва кўчки ҳодисаларидан муҳофаза қилиш борасида тегишли йил учун чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқади ва ушбу дастурларда белгиланган тадбирларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилишини таъминлайди.


20. Тошқинга қарши ҳудудий комиссиялар ҳар йили 10 мартга қадар Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси йиғилишининг баёнидаги топшириқлар ижросини жойларда ташкил этиш мақсадида тегишли ҳудуд учун зарур чора-тадбирларни белгилайди.


21. Тошқинга қарши ҳукумат комиссиясининг йиғилиши баёнига асосан тегишли вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўз зиммасига юкланган вазифаларни белгиланган муддатларда бажарилиши таъминланади.


22. Ўзгидромет, Давлат геология қўмитаси:

тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мониторинг давомида тасарруфидаги объектларга хавф солувчи гидрометеорологик ва геологик жараёнлардан муҳофаза қилиш бўйича муҳандислик-техник ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан тақдимномалар киритади ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда ушбу тақдимномаларнинг бажарилишини назорат қилади;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар билан ҳамкорликда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш мақсадида кузатувлар асосида хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ва геологик жараёнлар (сел, тошқин, қор кўчкиси, кўчки хавфи ва бошқалар) рўй бериши хавфи мавжуд ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари, техник объектлар, аҳолиси вақтинча кўчириладиган ёки хавфли ҳудудлардан доимий кўчирилиши лозим бўлган хўжаликлар бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан далолатномалар расмийлаштиради;

зарур ҳолларда, ўрганилган объектлар фаолиятини вақтинча тўхтатиш ёки тегишли ҳимоя тадбирларини амалга ошириш бўйича ушбу объектлар раҳбарларига ёзма тақдимномалар киритади.


23. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда хавфли участкаларни аниқлаш учун сел ва тошқинлар мавсумидан олдин гидротехник иншоотлар, кўприклар, қирғоқлар, дарёлар ва сойлар ўзанлари ҳолатини ўрганади, баҳор-ёз мавсумида тошқин сувларини беталафот ўтказиб юбориш мақсадида кечиктириб бўлмайдиган ҳимоя тадбирлари ва авария-тиклаш ишлари олиб борилишини таъминлайди;

дарё, канал ва сойларнинг сув ўтказиш қобилияти пасайишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ноқонуний қурилишларга, дарё ўзанларида норуда материаллар ноқонуний қазиб олинишига ва бошқа хўжалик фаолиятини амалга оширишга йўл қўймайди;

хавфли зоналар мавжуд ҳудудларда хавфли гидрометеорологик ва геологик ҳодисалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларга қарши ўз вақтида чоралар кўриш, шунингдек, аҳолини ва ҳудудларни улардан муҳофаза қилиш ишларига тезкор раҳбарликни ташкил этиш учун жойларда туман(шаҳар)лар штабларини ташкил этади, уларни транспорт воситалари, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва алоқа воситалари билан таъминлайди;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзгидромет ҳамда Давлат геология қўмитаси тақдимномаларига асосан сел, тошқин, қор кўчкиси ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудларда жойлашган, кўчирилиши лозим бўлган хўжаликлар аҳолисини хавфсиз жойларга вақтинча кўчириш ва заруратга кўра босқичма-босқич доимий кўчириш бўйича комплекс чораларни ишлаб чиқади ва амалга оширади. Хавфсиз ҳудудларга кўчирилган аҳолининг етарли даражада ҳаёт кечириши ҳамда фаолиятини ташкил этади ва тегишли тарғибот ишларини амалга оширади;

вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимликлар тегишли дарё ва сойлар қирғоқларини мустаҳкамлаш ва бошқа муҳофаза ишларини амалга оширади, уларни амалга ошириш учун харажатларни аниқ ҳисоб-китоблар асосида маҳаллий бюджетнинг захира маблағлари ҳисобидан молиялаштиради;

жисмоний ва юридик шахсларга тоғ ва тоғолди ҳудудлардан турар ва нотурар жой биноларини қуриш учун ер участкаларини ажратишда Давлат геология қўмитаси ва Ўзгидрометнинг ҳудудий бўлинмаларидан ушбу ер участкалари хавфли геологик жараёнлар ва гидрометеорологик ҳодисалар юзага келиши мумкин бўлган ҳудудга тушган ёки тушмаганлиги юзасидан тегишли хулосалар олинишини таъминлайди.


24. Сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзбекгидроэнерго" АЖ:

сув омборлари, гидроэлектростанциялар, гидротехника иншоотлари ва ирригация тизимларининг хавфсиз, ишончли ишлашини, шунингдек, тошқин сувлари ва сел оқимларини беталафот ўтказиб юборишини таъминлайди;

сув омборлари, гидроэлектростанциялар, бошқа гидротехника иншоотларида юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатлар ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий-техник воситалар ва технологик ускуналар эҳтиёт қисмлари захираларини яратади;

сел оқимлари ва тошқинлар мавсумида барча сув омборлари, гидроэлектростанциялар, йирик ва муҳим аҳамиятга эга бошқа гидротехника иншоотларида раҳбарлар таркиби ва мутахассисларнинг кечаю кундуз навбатчилигини ташкил этади.


25. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси:

ҳар йили январь-апрель ойларида тошқинлар мавсумидан олдин назорат остидаги гидротехника иншоотлари (сув омборлари, сел-сув омборлари ва хавф даражаси юқори бўлган бошқа сув хўжалиги объектлари)нинг сел оқимлари ва тошқин сувларини беталафот ўтказиб юборишга тайёргарлик ҳолати текширувдан ўтказилишини таъминлайди;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзгидромет, "Ўзбекгидроэнерго" АЖ ва Миллий гвардия билан биргаликда ўзанли сув омборлари ҳолатини ўрганади ҳамда уларда сел ва тошқин сувларини беталафот қабул қилиш ҳамда ўтказиб юборишга доимий тайёргарлигини кафолатлайдиган иш режимлари таъминланганлигини назорат қилади.


26. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:

қор кўчкиси, сел оқимлари, сув тошқини ва ер кўчки хавфи мавжуд даврларда вазирлик ҳамда ҳудудий бошқармаларнинг қидирув-қутқарув тузилмалари ва тезкор гуруҳлари шахсий таркиби кучайтирилган иш режимига ўтказилиб, фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи туғилганда ёки рўй берганда, белгиланган вазифаларни бажаришга уларнинг доимий шайлигини таъминлайди;

хавфли гидрометеорологик ва геологик жараёнлар билан боғлиқ вазиятларни кузатиб боради, маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилади ҳамда фавқулодда вазиятлар хавфига қарши самарали курашиш ҳамда улар юзага келганда оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш бўйича зарур чоралар тўғрисида Тошқинга қарши ҳукумат комиссиясига ўз вақтида таклифлар киритади;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда алоқа ва хабар бериш тизимларининг барқарор фаолият кўрсатишини, тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳамда аҳолига фавқулодда вазиятлар хавфи тўғрисидаги маълумотлар ва ахборотлар ўз вақтида етказилишини ва тақдим этилишини таъминлайди;

баҳор-ёз мавсумида тегишли кўникмаларни ривожлантириш ва зарур ҳимоя ишларини амалда бажариш учун қор кўчиши, сел оқимлари, сув тошқини ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудларда амалий махсус-тактик ўқув машқларини ўтказади;

Ўзгидромет маълумотлари асосида ва гидрометеорологик вазиятдан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги экинларини дўлли ҳодисалардан муҳофаза қилиш учун гидрометеорологик жараёнларга таъсир қилиш ва бошқаришни таъминлайди;

Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси қарорлари ижросини самарали мувофиқлаштиради ва назорат қилади, шунингдек, унинг фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлайди.


27. Ички ишлар вазирлиги:

баҳор-ёз мавсумида йўлларда ва транспорт инфратузилмасида, шунингдек, фуқаролар (шу жумладан, вақтинча хавфсиз ҳудудларга кўчирилган аҳолининг), транспорт воситалари ва техникалар гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудларда ҳаракатланишининг олдини олиш мақсадида қўшимча постлар фаолиятини ташкил қилади ва огоҳлантирувчи белгиларни ўрнатади;

А-373 "М-39 Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон орқали Ўш" автомобиль йўлининг Қамчиқ довони ҳудудида, Тахтақорача, Лангар ва бошқа муҳим аҳамиятга эга транспорт коммуникацияларида аҳоли ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатини таъминлайди.


28. Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда фавқулодда вазиятлар содир бўлганда тоифаланган гидротехника иншоотларининг қўриқланиши кучайтирилишини таъминлайди.


29. Ташқи ишлар вазирлиги қўшни давлатлар ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига хавф солувчи тошқин, сел ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудларни, юқори тоғли ҳудудлардаги қор захиралари ҳажмини аниқлаш, тоғ кўллари ҳолатини баҳолаш ҳамда ҳамкорликдаги мониторинг тадбирларини амалга ошириш мақсадида Ўзгидромет ҳамда Давлат геология қўмитаси томонидан аэровизуал кузатувлар амалга оширилиши учун чегарадош давлатлар ҳукуматларидан белгиланган тартибда рухсат олинишини таъминлайди.


30. Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари чегарадош ҳудудларда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг қўшни давлатлар ҳудудида жойлашган (анклав) ҳудудларида тошқинлар, сел оқимлари, ер кўчкилари билан боғлиқ рўй берган трансчегаравий фавқулодда вазиятларни бартараф этиш куч ва воситаларининг чегара ўтиш пунктлари орқали белгиланган тартибда чегараларни кесиб ўтишига кўмаклашади.


31. Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги:

республиканинг ва қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудлардаги юқори тоғ тизимлари, тоғли ва тоғолди ҳудудлар ҳамда бошқа тошқин, сел ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудларда аэровизуал ўрганишларни амалга ошириш учун Ўзгидромет томонидан тақдим этилган ҳисоб-китоблар асосида белгиланган тартибда мақсадли молиявий маблағлар ажратади;

содир бўлган фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини молиялаштириш манбалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади;

тошқин сувлари ва сел оқимларининг барқарор ҳамда хавфсиз ўтказилишини таъминлаш бўйича тасдиқланган ҳудудий манзилли дастур асосида келгуси йил учун йиғма манзилли дастурлар ишлаб чиқилишида иштирок этади;

йиғма манзилли дастурларга киритилган тадбирлар учун аниқ ҳисоб-китобларга асосан ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида белгиланган тартибда инвестиция дастурлари доирасида маблағлар ажратади.


32. Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг вақтинча ёки доимий кўчирилган жойларида фуқароларга сифатли тиббий хизмат кўрсатади, ушбу ҳудудларда санитария-эпидемиологик назоратни амалга оширади, шунингдек, содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар учун етарли миқдорда эпидемияга қарши ва бошқа дори-дармонлар захирасини яратади.


33. Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси:

тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда республикада табиий ҳодисалар оқибатида зарар кўрган автомобиль йўллари, кўприклар ва бошқа йўл инфратузилмаси объектларини тиклаш учун зарур бўлган куч ва воситалар доимий шайлигини таъминлайди;

А-373 "М-39 Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон орқали Ўш" автомобиль йўлининг "Қамчиқ" довонидан ўтган қисмида ва бошқа муҳим аҳамиятга эга транспорт инфратузилмаларида аҳоли ва транспорт воситаларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш учун ўз вақтида муҳандислик-ҳимоя тадбирларини амалга оширади.


34. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ:

"Ангрен-Поп" электрлаштирилган темир йўлининг "Қамчиқ" довони қисми, "Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон" темир йўли ва темир йўлнинг бошқа хавфли участкаларида тошқин сувлари ҳамда сел оқимлари, ер ва тош кўчкиси хавфи мавжуд ҳудудларда муҳандислик-ҳимоя тадбирларини амалга оширади, ушбу ҳудудларда темир йўл транспортининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайди;

хавфли гидрометеорологик ва геологик жараёнлар оқибатида А-373 "М-39 Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон орқали Ўш" автомобиль йўлининг "Қамчиқ" довонидан ўтган қисмида автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланганда, йўлда қолган фуқароларни "Ангрен-Поп" электрлаштирилган темир йўли орқали ташишни ташкил этади.


35. "Ўзбекнефтгаз" АЖ, "Ўзбекгидроэнерго" АЖ:

тошқин сувлари ва сел оқимлари, қор кўчкиси ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишлари учун ёқилғи-энергетика ресурсларини барқарор етказиб беришга қаратилган тадбирларни ташкил этади, мувофиқлаштиради ва амалга оширади;

идоравий мансуб йирик гидротехника иншоотларидан чиқариб юборилаётган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва мутасадди хизматларга тақдим этади.


36. Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги гидрометеорологик ва геологик хавфли участкаларда туризм хизматлари ва спорт тадбирларини ташкил этишда юзага келиши мумкин бўлган нохуш ҳолат (фавқулодда вазият)ларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларни амалга оширади.


37. Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси томонидан вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимликларга уларнинг ваколатига кирадиган масалалар доирасида аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича бошқа вазифалар ҳам белгиланиши мумкин.


38. Вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг Тошқинга қарши ҳудудий комиссиялари ҳар чорак якуни бўйича аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ишчи органга маълумот тақдим этиб боради.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


39. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

           

             




Низомга

ИЛОВА



Аҳолини ва ҳудудларни хавфли

гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик

жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан

муҳофаза қилиш тадбирларини ташкил этиш

СХЕМАСИ

           

     

Босқичлар

       


       

Субъектлар

     


      

Тадбирлар

     


    

Бажариш муддати

       








1-босқич


Ўзгидромет, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси


        

Республика ҳудудларида хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ва геологик жараёнларнинг мониторингини олиб боради

         


Доимий равишда








        

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда тоғ ва тоғолди ҳудудларда ҳамда заруратга кўра Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда, қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудларда гидрометеорологик вазиятни ва геологик жараёнлар ривожини кузатиш ва баҳолаш бўйича аэровизуал ўрганишларни амалга оширади

        


Алоҳида режага асосан









       

Тоғ ва тоғолди ҳудудлардаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, санаторий, дам олиш уйлари, сайёҳлик базалари ва пансионатлар жойлашган ҳудудларнинг гидрологик ва муҳандислик-геологик ҳолатини ўрганиб чиқади

        


Ҳар йили ёзги меҳнат

ва мактаб таътиллари бошланишидан олдин










2-босқич


Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзгидромет, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси


       

Юқори тоғ тизимларидаги кўлларнинг ҳолатини мониторинг қилиш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши тўғрисида ўз вақтида огоҳлантириш мақсадида техник воситалар ва барқарор алоқа билан таъминланган вақтинчалик кузатув постларини ташкил этади ва фаолиятини таъминлайди

       


Заруратга кўра











3-босқич


Ўзгидромет, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси


        

Хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ва геологик жараёнлар фаоллашиши мумкин бўлган ҳудудлар, ушбу ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари ва объектлар, аҳолиси вақтинча кўчирилиши ёки хавфли ҳудудлардан хавфсиз ҳудудларга доимий кўчирилиши лозим бўлган хўжаликлар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш мақсадида муҳандислик-техник ва бошқа чора-тадбирлар ўтказиш бўйича таклифларни Тошқинга қарши ҳукумат комиссиясига тақдим этади

       


Ҳар йили

20 февралга қадар











4-босқич


Ишчи орган

(Фавқулодда вазиятлар

вазирлиги)


       

Вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда тақдим этилган маълумотларга асосан тегишли йил учун аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ва геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар лойиҳасини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда Тошқинга қарши ҳукумат комиссиясига кўриб чиқиш учун киритади

     


Ҳар йили

1 мартга қадар











5-босқич


Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси


        

Аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ва геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни муҳокама қилиб, тасдиқлайди

       


Ҳар йили

5 мартга қадар











6-босқич


Вазирликлар, идоралар

ва бошқа ташкилотлар


        

Ўз тизимидаги объектларни тошқинлар, сел оқимлари ва кўчки ҳодисаларидан муҳофаза қилиш борасида тегишли йил учун чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқади ва ушбу дастурларда белгиланган тадбирлар ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилишини таъминлайди

        


Ҳар йили

10 мартга қадар











7-босқич


Тошқинга қарши ҳудудий

комиссиялар


       

Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси топшириқлари ижросини жойларда ташкил этиш мақсадида тегишли ҳудуд учун зарур чора-тадбирларни белгилайди

        


Ҳар йили

10 мартга қадар











8-босқич


Вазирликлар, идоралар,

маҳаллий ҳокимликлар


     

Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси топшириғига асосан юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлайди

        


Белгиланган

муддатларда











9-босқич


Вазирликлар, идоралар,

маҳаллий ҳокимликлар


      

Аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ва геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида Фавқулодда вазиятлар вазирлигига маълумот тақдим этади

         


Ҳар чорак

якуни бўйича




              

               

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 21 ноябрь


































































Время: 0.0181
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск