ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Авиасозлик /

2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг космик тармоғини ривожлантириш Концепцияси (ЎзР ВМ 30.11.2022 й. 688-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 30 ноябрдаги

688-сон қарорига

1-ИЛОВА



2022-2026 йилларда

Ўзбекистон Республикасининг космик

тармоғини ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ

     

     

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

     

2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг космик тармоғини ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) космик фаолиятни такомиллаштиришнинг концептуал ёндашувини белгилаш мақсадларида ишлаб чиқилди.

Концепция Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда космик фаолиятни ривожлантиришда ягона давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий йўналишларини белгилайди.



2-БОБ. ДУНЁДА КОСМИК ФАОЛИЯТНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ УМУМИЙ ТЕНДЕНЦИЯСИ

ВА АСОСИЙ ХУЛОСАЛАР


Бугунги кунда космик фаолият жаҳон ҳамжамиятининг глобаллашуви ва ахборотлаштириш жараёнида муҳим ўрин тутади.

Ҳозирги кунда дунёнинг барча етакчи ва кўплаб ривожланаётган давлатлари томонидан у ёки бу даражада космик фазони тадқиқ этиш ва ундан фойдаланиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда, шунингдек, космик стратегиялар, концепциялар, дастурлар ва режалар кўламини кенгайтириб, уларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун катта миқдорда маблағлар ажратилмоқда.

Етакчи давлатлар космик салоҳиятдан иқтисодий, мудофаа, техник, илмий, ижтимоий, маданий ва халқаро манфаатларни амалга ошириш учун фойдаланадилар.

АҚШ, Хитой, Россия, Япония ва Ҳиндистон мустақил равишда космик парвозларни ҳамда кенг кўламли космик дастурларни амалга оширадиган ва энг катта орбитал йўлдошлар туркумига эга бўлган космик соҳадаги етакчи давлатлар ҳисобланади.

Космик тармоқ ривожланган давлатлар қаторида Бельгия, Буюк Британия, Германия, Люксембург, Италия, Испания ва Франция ўз технологик салоҳиятини ошириб, тижорат космик дастурларини ишлаб чиқмоқда.

Бразилия, Исроил, Корея Республикаси, КХДР ва Эрон каби давлатлар ўз ракеталарини фазога учирди, шунингдек, Аргентина, Жанубий Африка, Индонезия, Қозоғистон, Покистон ва Туркия ўзининг ракеталарини яратишни режалаштирмоқда.

2020 йилда дунёнинг барча давлатларининг космик фаолият харажатлари АҚШ долларида 82,5 миллиардни, шундан фуқаролик мақсадлари учун - 50,2 миллиардни, ҳарбий мақсадлари учун - 32,3 миллиардни ташкил этган.

2020 йилда космик фаолиятга ажратилган умумий харажатлар АҚШ долларида қуйидагича миқдорда баҳоланмоқда: АҚШ - 47,7 миллиард, Хитой - 8,9 миллиард, Франция - 4 миллиард, Россия - 3,6 миллиард, Япония - 3,3 миллиард, Европа Иттифоқи - 2,4 миллиард, Германия - 2,2 миллиард, Ҳиндистон - 2 миллиард, Италия - 1,1 миллиард, Буюк Британия - 1,1 миллиард, қолганлари - 8,4 миллиард.

Яқин келажакда дунё мамлакатларининг космик фаолият учун сарфланадиган харажатлари ошиши кутилмоқда. Мудофаа харажатлари ушбу ўсишнинг асосий омили бўлиши, фуқаролик дастурларини молиялаштириш эса ўртача тезликда ўсиши кутилмоқда.

Кутилаётган натижалар ва дастурларнинг таъсири, технологик ривожланиш учун имкониятлар яратилиши ва бошқа мамлакатларга қарамликни камайтириш каби омиллар космик дастурлар учун бюджет маблағларини мақсадли йўналтиришга асос бўлиб хизмат қилмоқда.

2020 йилда дунёдаги космик хизматлар бозорининг умумий ҳажми 400 миллиард АҚШ долларига яқинлашган ва 2040 йилга келиб у 1 триллиондан ошиши кутилмоқда.

Умумий бозор ҳажмининг 20 фоизи космик фаолиятни молиялаштириш, 80 фоизи эса космик тижорат даромадларига тўғри келмоқда. Саноат даромадларининг катта қисми сунъий йўлдош алоқаси (34 фоиз) ва навигация ҳисобидан мос равишда таъминланмоқда (58 фоиз).

2020 йилда сунъий йўлдош хизматларидан умумий даромад 117,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этди, шу жумладан, телевидение - 88,4 миллиард, радио - 6,3 миллиард, интернет тармоғи - 2,8 миллиард, стационар алоқа - 15,7 миллиард, мобил алоқа - 2 миллиард, ерни масофадан зондлаш хизматлари - 2,6 миллиардга тенг бўлган.

Бугунги кунда космик бозорнинг асосий таянчларини ерни масофадан зондлаш, навигация хизматлари, алоқа йўлдошлари ва маълумотлар етказиш ташкил этмоқда.

Яқин келажакда фуқаролик ҳамда ҳарбий мақсадлар учун масофадан зондлаш ва сунъий йўлдош алоқаларидан фойдаланиш соҳаларида жадал ривожланиш кутилмоқда. Ерни масофадан зондлаш бозори 2026 йилга келиб 8,5 миллиард, 2029 йилга келиб сунъий йўлдош алоқаси бозори 18,7 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда.

2021 йил бошида Ер орбитаси атрофида 6,5 мингта сунъий йўлдош мавжуд бўлиб, улардан 3,4 мингтаси фаол сунъий йўлдошлардир. Фаол сунъий йўлдошларнинг умумий сонидан 1,9 мингтаси АҚШга, 412 таси Хитойга, 176 таси Россияга, 887 таси бошқа мамлакатларга тегишли.

Келгуси ўн йил ичида сунъий йўлдошларга бўлган талаб қарийб беш баробар ошиши кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида ҳар йили ўртача ҳисобда тахминан 1,25 мингта сунъий йўлдош ишга туширилади дегани (ўтган 10 йилда - йилига 260 тадан ишга туширилган).

Космик фаолиятни ривожлантиришнинг асосий омиллари қуйидагиларни назарда тутади:

дунёнинг етакчи ва ривожланаётган мамлакатлари иқтисодий, мудофаа, техник, илмий, ижтимоий, маданий ва халқаро манфаатларни амалга ошириш мақсадида космик фаолиятни фаол ривожлантирмоқда;

дунёнинг барча мамлакатларида космик дастурлар давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади ва космик соҳани ривожлантиришга қодир бўлган давлатлар юқори натижа олиш учун катта молиявий маблағлар сарфлайди;

космик хизматлар бозори тижорат даромадлари ҳисобидан кенгаймоқда, улардан асосийлари сунъий йўлдош орқали ерни масофадан зондлаш, сунъий йўлдош алоқаси ва навигация ҳисобланади;

давлат сектори космик хизматларнинг асосий мижози бўлиб қолишда давом этмоқда;

космик фаолиятнинг айрим йўналишлари тижоратлаштирилмоқда;

сунъий йўлдошларга бўлган талаб ортиб бормоқда, шу боисдан келгуси 10 йил ичида уларнинг ишга туширилиши кўпайиши кутилмоқда.



3-БОБ. МАМЛАКАТИМИЗДА КОСМИК ФАОЛИЯТНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ЖОРИЙ ҲОЛАТИ

        

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил декабрь ойида республика парламенти - Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида аэрокосмик технологияларни иқтисодиётимизнинг етакчи соҳа ва тармоқларига жорий этиш мақсадида миллий космик инфратузилмаларни яратиш, шунингдек, аэрокосмик фаолият бўйича алоҳида давлат органини ташкил этиш ҳамда бу соҳани ривожлантириш билан боғлиқ вазифаларни комплекс равишда ҳал этиш зарурлиги таъкидланган.

Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисида" 2019 йил 30 августдаги ПФ-5806-сон Фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (кейинги ўринларда - "Ўзбеккосмос" агентлиги) ташкил этилди. Фармон билан "Ўзбеккосмос" агентлиги космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсатини ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи этиб белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 17 сентябрдаги 781-сон қарори билан "Ўзбеккосмос" агентлигининг низоми тасдиқланди ҳамда унинг асосий вазифа ва функциялари белгилаб берилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 274-сон қарори билан "Ўзбеккосмос" агентлиги тизимида "Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази" давлат унитар корхонаси (кейинги ўринда - Марказ) ташкил этилди.

Марказнинг асосий вазифалари этиб космик мониторингни амалга ошириш, ерни масофадан зондлаш, жисмоний ва юридик шахсларга консалтинг хизматлари кўрсатиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш белгиланди.

"Ўзбеккосмос" агентлиги томонидан республиканинг турли иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш ва соҳаларда шаффофликни оширишда илғор космик технологияларни қўллаш орқали қуйидаги амалий ишлар олиб борилмоқда:

а) геология ва кон-металлургия соҳасида Самарқанд вилоятидаги 16,8 минг кв. км майдонда ўтказилган космик мониторинг таҳлили орқали жами 279 та норуда қазилма конларидан 119 тасида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди;

б) қишлоқ хўжалиги соҳасида космик мониторингнинг жорий этилиши ҳақиқатда экин экилган майдонни аниқлаш, вегетация даврини кунлик кузатиш, экинлар бўйича тезкор маълумотларни олиш имконини берди. Жумладан, Бухоро вилоятида туманлар бўйича олинган 2021 йилдаги космик суратлар орқали 30 минг гектарга яқин ер майдони таҳлил қилинди, "Рақамли Самарқанд" лойиҳаси (Франциянинг Airbus компанияси билан ҳамкорликда, қиймати 1 миллион евро) доирасида Жомбой, Оқдарё ва Пайариқ туманларида экилган экинлар тўғрисидаги маълумотлар рақамлаштирилди ва экин турлари таснифланди;

в) транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида Самарқанд шаҳрида космик технологиялар ёрдамида 2,5 минг км йўл тўғрисидаги маълумотлар (йу?лларнинг узунлиги, эни, қатнов бўлаклари ва қопламаси) рақамлаштирилди ва сунъий интеллект технологиясига асосланган рақамли платформа ишлаб чиқилди;

г) ер муносабатлари соҳасида Бўстонлиқ туманидаги 870 кв. км ер майдонининг космик суратлари таҳлил қилинди ва 13 мингта объектдан 11 мингтаси турар ва 907 таси нотурар жой эканлиги, 408 тага яқини ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, 227 та ер участкасидан 2 йил давомида фойдаланилмаётгани ҳамда 413 та маълумоти тўлиқ бўлмаган объектлар аниқланди;

д) ўрмон хўжалиги соҳасида Бўстонлиқ туманида жойлашган ўрмон ҳамда захира фондига кирувчи ўрмонлар рақамлаштирилиб, 1960-2020 йилларда экилган дарахтлар таснифланди;

е) гидрометеорология соҳасида Гидрометеорология хизмати маркази билан ҳамкорликда беш йиллик (2017-2022 йиллар) юқори аниқликдаги космик суратларни қайта ишлаш натижасида сел-сув тошқинлари ювиб кетиши хавфи ўта юқори бўлган ҳудудларда жойлашган биноларни аниқлаш бўйича ГАТ мониторинг платформаси фаолияти йўлга қўйилди;

ж) фавқулодда вазиятлар соҳасида 2021 йилнинг август ойида Зомин туманидаги ўрмонлар бўйича кунлик космик суратлар таҳлили орқали содир бўлган ёнғин оқибатида ўрмон ҳудудининг 38 гектари зарар кўргани аниқланган;

з) мудофаа ва хавфсизлик соҳасида Афғонистон-Ўзбекистон чегара ҳудуди бўйича 3 минг кв. км дан ортиқ майдоннинг космик суратлари таҳлили мавжуд вазиятни тўғри баҳолаш имконини берди.

Шунингдек, "Ўзбеккосмос" агентлигининг халқаро ташкилотлар доирасидаги фаолияти, космик тармоқ ривожланган хорижий давлат космик агентликлари ҳамда етакчи компаниялари билан ҳамкорлик доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда:

"Ўзбеккосмос" агентлиги Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг Ҳукуматлараро маслаҳат қўмитаси Барқарор ривожланиш учун космик технологияларни қўллаш минтақавий дастурининг 35-аъзо давлати сифатида қабул қилинди;

2019 йил 20 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатларнинг Космик фазони тинч мақсадларда тадқиқ этиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қўшма фаолиятини амалга ошириш тўғрисидаги битим кучга кирди. Ўзбекистон Республикаси томонидан "Ўзбеккосмос" агентлиги МДҲ Давлатлараро Космик Кенгашида иштирок этиш бўйича ваколатли орган деб белгиланди;

Ҳиндистон (ISRO) ва Қозоғистон (Аэрокосмик қўмита) билан Ҳукуматлараро Битим, Франция миллий космик тадқиқотлар маркази (CNES) билан Ҳадли битим, Корея аэрокосмик тадқиқотлар институти (KARI) ва Озарбайжон космик агентлиги (Азеркосмос) билан Англашув меморандумлари имзоланган;

АҚШ Миллий аэронавтика ва космик фазони тадқиқ этиш администрацияси (NASA), Туркия космик агентлиги (TUA), Буюк Британия космик агентлиги, БАА космик агентлиги, Португалия космик агентлиги, Малайзия космик агентлиги (MYSA), Покистон Космик ва юқори атмосферани ўрганиш бўйича комиссияси (SUPARCO) билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган;

Ерни масофадан зондлаш бўйича сунъий йўлдош операторлари "Maxar Technologies" (АҚШ), "Airbus Defence & Space" (Франция), "Planet Labs" (АҚШ), "ICEYE" (Финляндия), "BlackSky" (АҚШ) "HEAD Aerospace" (Хитой) компаниялари, алоқа сунъий йўлдош операторлари "SpaceX" (АҚШ), "OneWeb" (Буюк Британия), "SES" (Люксембург), "Eutelsat" (Франция), "Viasat" (АҚШ), "Inmarsat" (Буюк Британия) компаниялари, космик суратларни қайта ишлаш дастурий маҳсулотларини ишлаб чиқувчилар "ESRI" (АҚШ), "Hexagon" (Швеция) компаниялари билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширилмоқда;

Франция Олий аэронавтика ва космонавтика институти, Осиё ва Тинч океанида космик фан ва технология таълими маркази, Москва Авиация институти билан космик соҳа учун кадрлар тайёрлаш ҳамда ходимларнинг малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли тренинг, семинарлар ҳамда бакалавр, магистратура босқичларида таълим дастурларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик амалга оширилмоқда;

2021 йил 23 июнда Тошкент шаҳрида АҚШнинг "Maxar Technologies", "Esri" ва "SpaceX" компаниялари билан ҳамкорликда "Discovery Day Uzbekistan" конференцияси ташкил этилди;

2022 йил 10-11 май кунлари Тошкент шаҳрида "Dialogue Events" компанияси (Буюк Британия) билан ҳамкорликда "Space Technology Conference STC-2022" халқаро конференцияси ўтказилди.



4-БОБ. КОСМИК ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ЖОРИЙ

ЭТИШДАГИ ТИЗИМЛИ МУАММОЛАР

          

Космик технологияларни жорий этиш борасида ҳозирги кунда қуйидаги тизимли муаммолар кузатилмоқда:

космик фаолият, тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида норматив-ҳуқуқий база етарли даражада шакллантирилмаган;

космик соҳада ваколатли орган ҳисобланмайдиган бошқа вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида зиддият, ноаниқликлар ва тафовутлар мавжуд;

космик фаолият ва технологиялар соҳасида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва илм-фан ютуқлари натижаларига эришилмаган, шунингдек олий таълим муассасаларида ушбу соҳадаги кадрларни тайёрлашга қаратилган илмий-базавий асослар етарли даражада шаклланмаган;

соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишда космик технологиялардан фойдаланишнинг афзалликлари ва самарадорлиги тўғрисида вазирликлар ва идоралар етарли даражада маълумотга ва билимга эга эмас;

давлат органларида иқтисодиётнинг етакчи соҳалари вазифаларини самарали ҳал этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси мудофаа ва хавфсизлик манфаатлари йўлида космик мониторинг ва геоахборот технологияларини жорий этиш учун имконият ва замонавий воситалар мавжуд эмас;

ер усти космик инфратузилмасини қуриш ва ривожлантириш масалаларини молиялаштириш манбалари мувофиқлаштирилмаган;

космик технологияларни ривожлантириш ва улардан самарали фойдаланиш соҳасида юқори малакали мутахассислар етишмайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сунъий йўлдош орқали ишлайдиган мобил қурилма ва терминалларни рўйхатга олиш, назорат қилиш, сотиш, шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ёки ишлаб чиқариш учун аниқ талаб ва механизмлар мавжуд эмас ҳамда ушбу йўналиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган.

Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни лицензиялаш турларини ноаниқ талқин қилиш тегишли талабнинг етишмаслигига олиб келди, бу эса ўз навбатида мамлакатдаги космик фаолиятни назорат қилишга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.



5-БОБ. КОСМИК ФАОЛИЯТНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ

         

        

Концепция қуйидаги устувор йўналишларни назарда тутади:

космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида қонунчилик базасини шакллантириш ва такомиллаштириш;

ер усти космик инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш;

космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва тижорий космик фаолиятни ривожлантириш;

космик фаолиятнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;

миллий сунъий йўлдошлар гуруҳини яратиш;

инновацион стартап лойиҳалар ва акселераторларни, шунингдек, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш.



1-§. Космик тадқиқотлар ва технологиялар

соҳасида қонунчилик базасини шакллантириш

ва такомиллаштириш

         

Космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида қонунчилик базасини шакллантириш ва такомиллаштириш доирасида қуйидагилар белгиланади:

космик мониторинг, шу жумладан, давлат космик мониторингини юритиш ва унинг натижаларини тақдим этиш ҳақидаги низомни қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг "Космик фаолият тўғрисида"ги Қонунини қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг космик фаолиятни тартибга солувчи ерни масофадан зондлаш тартибини белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган сунъий йўлдош орқали ишловчи мобил қурилмалар ва терминалларни рўйхатга олиш регламентини белгилаш.



2-§. Ер усти космик инфратузилмасини яратиш

ва ривожлантириш

           

Ер усти космик инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш доирасида қуйидагилар назарда тутилади:

космик тармоқни ривожлантириш ҳамда илмий-тадқиқот ва илмий-амалий фаолиятни амалга ошириш учун "Ўзбеккосмос" агентлиги тизимида "Амалий космик тадқиқотлар ва технологиялар илмий-ишлаб чиқариш Миллий маркази"ни ташкил этиш;

космик аппаратларни лойиҳалаш ва уларнинг айрим қисмларини ишлаб чиқариш комплексини ташкил этиш;

космик мониторинг ишларини амалга ошириш ва давлат бошқаруви органларини космик суратлар ва космик суратларни қайта ишлаш натижалари билан таъминлаб бориш.



3-§. Космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида

халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва тижорий

космик фаолиятни ривожлантириш

            

Космик тадқиқотлар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва тижорий космик фаолиятни ривожлантириш доирасида қуйидагилар белгиланади:

глобал сунъий йўлдошли навигация (GNSS) тизимлари операторлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш;

халқаро астронавтика федерациясига ҳамда "Табиий офатлар ва космос" Хартиясига ("Disaster & Space" Charter) аъзо бўлиш ва ҳамкорликда фаолият юритиш;

фавқулодда вазиятлар юзага келганда сунъий йўлдош аппаратлари орқали ерни масофадан зондлаш маълумотларини тезкор қабул қилиш мақсадида хорижий ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдош операторлари билан келишув, меморандум, битим ва шартномалар имзолаш;

халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар, компаниялар ва банклар билан космик соҳага хорижий сармоя ва илғор технологияларни жалб этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш;

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1966 йил 19 декабрдаги 22 (ХХII) резолюцияси билан қабул қилинган "Космосни, шу жумладан Ойни ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолияти тамойиллари тўғрисидаги шартнома"ни ратификация қилиш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги ходимларининг халқаро миқёсдаги космик соҳага оид конференция ва кўргазмаларда доимий иштирок этишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасида космик соҳадаги хорижий экспертлар, компаниялар, космик агентликлар ҳамда тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари иштирокида ҳар йили космик технологияларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларга таъсирига бағишланган халқаро конференция ўтказиш.



4-§. Космик фаолиятнинг кадрлар

салоҳиятини мустаҳкамлаш

            

Космик фаолиятнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш доирасида қуйидагилар назарда тутилади:

космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш;

"Ўзбеккосмос" агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларини илғор хорижий мамлакатлардаги таълим муассасалари, ўқув марказлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарида космик тармоқнинг турли йўналишлари бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини ташкил этиш;

космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида илғор хорижий тажрибани ўрганиш бўйича стажировкалар ва семинарлар ташкил этиш ҳамда ўтказиш.



5-§. Миллий сунъий йўлдошлар гуруҳини яратиш

            

Миллий сунъий йўлдошлар гуруҳини яратиш доирасида қуйидагилар назарда тутилади:

Ўзбекистон Республикасида ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошлари миллий гуруҳини яратиш;

Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация йўлдошларининг миллий гуруҳларини яратиш;

Ўзбекистон Республикаси илмий-технологик сунъий йўлдошларининг миллий гуруҳини яратиш.



6-§. Инновацион стартап лойиҳалар

ва акселераторларни, шунингдек, илмий

тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш

          

Инновацион стартап лойиҳалар ва акселераторларни, шунингдек, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш доирасида қуйидагилар назарда тутилади:

қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, телекоммуникация, геология-қидирув, картография, метеорология, сейсмология ва шаҳарсозлик соҳаларининг самарадорлигини оширишда ерни масофадан туриб зондлаш, йўлдош алоқа, навигация тизимларини қўллаш масалаларининг илмий ва инновацион ечимига қаратилган тадқиқотлар олиб бориш;

аэрокосмик стартап инкубаторларини яратиш;

"NASA Space Camp" космик лагери мисолида интерактив ўқув мажмуасини ташкил этиш;

иқтисодиётнинг турли соҳаларида космик технологияларни жорий этиш орқали геоахборот маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;

ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадларига эришиш, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун космик технологиялар ва давлат космик мониторинг тизимини жорий этиш;

илғор хорижий космик ташкилотлар ва компаниялар билан космик фазони тинч мақсадларда тадқиқ этиш ва улардан фойдаланиш, мамлакат иқтисодиётининг муҳим соҳаларини ривожлантириш йўлида космик технологияларни самарали қўллаш;

космик, аэро ва ер усти кузатувлари натижалари асосида географик, картографик, табиий ресурслар, ижтимоий-иқтисодий, ер, транспорт, метеорологик, экологик ва бошқа маълумотларни тизимлаштириш, улардан амалий фойдаланиш мақсадида ягона давлат геоахборот тизимини яратиш;

таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясига асосланган замонавий базавий космик инфратузилмани яратиш.



6-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Концепцияни амалга ошириш доирасида космик тадқиқотлар ва технологияларни қўллаш орқали республика иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида қуйидаги натижаларга эришиш режалаштирилган:

а) қишлоқ хўжалиги соҳасида:

қишлоқ хўжалиги ерлари инвентаризация қилинади ва уларнинг контурлари бўйича рақамлаштирилади;

қишлоқ хўжалиги ерларидан ноқонуний фойдаланиш ва ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатларини мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилади;

қишлоқ хўжалиги экинларининг ривожланишини доимий кузатиш, баҳолаш ва ҳосилдорликни прогнозлаш амалиёти йўлга қўйилади;

қурғоқчилик хавфи даражасини баҳолаш, ерларнинг жорий ҳолати ҳамда шудгорлаш ва экиш тадбирлари мониторинги йўлга қўйилади;

б) ер муносабатлари соҳасида:

6,6 миллиондан ортиқ кўчмас мулк объектлари бўйича фойдаланилмаётган, самарасиз фойдаланилаётган, фойдаланишга яроқсиз бўлган ва бошқа мақсадларда фойдаланилаётган ерлар мониторинг қилинади;

ер кадастри маълумотлари янгиланади ва долзарб ҳолатга келтирилади, ер участкалари чегаралари мониторинг қилинади;

в) ўрмон хўжалиги соҳасида:

ўрмон хўжалиги объектларини инвентаризация қилиш орқали ноқонуний ўрмон кесилиши ҳолатлари ва майдонлари аниқланади;

ўрмон фонди ерларида ноқонуний қурилиш ва чиқинди зоналарини ташкил этиш ҳолатлари аниқланади;

ўрмон фонди ерларида ёнғин ўчоқларини барвақт аниқлаш орқали ёнғинлар натижасида етказилиши мумкин бўлган моддий ва экологик зарарларнинг олди олинади.

г) геология ва кон-металлургия соҳасида:

ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, фойдали қазилмалар жойлашган майдонлардан асоссиз равишда ва бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланади;

норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларида космик мониторинг ишлари амалга оширилади;

ер қаъридан фойдаланиш учун ажратилган ер участкалари доирасида кон ишларини олиб бориш ҳолатлари мониторинг қилинади;

д) транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида:

транспорт инфратузилмаси (автомобиль йўллар, темир йўл тармоқлари, қувурлар, сув каналлари, ҳаво ва дарё портлари, божхона пунктлари, телекоммуникация тармоқлари) хатловдан ўтказилади ва рақамлаштирилади;

автомобиль йўллар, темир йўллар, транспорт қувурлари ва транспорт инфратузилмаси бошқа объектларининг (кўприклар, тўхташ жойлари, ёқилғи қуйиш шохобчалари, комплекс хизмат кўрсатиш пунктлари) жорий ҳолати, қурилиш ва реконструкция қилиш жараёнлари мониторинг қилинади;

е) экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида:

мавжуд чиқиндиларни сақлаш жойлари, сувнинг ифлосланиши, экологик хавфли объектлар ва ер деградацияси жараёнлари мониторинг қилинади;

янги пайдо бўлган ноқонуний чиқинди зоналарини аниқлаш тизими йўлга қўйилади;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ноқонуний фаолият ва қонун бузилиши ҳолатлари мониторинги амалга оширилади;

ж) фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида:

табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларни аниқлаш, уларнинг оқибатларини таҳлил қилиш ҳамда прогноз қилиш имконияти яратилади;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича қутқарув, авария ишлари ва бошқа ишларни ташкил этиш вақт, инсон ва моддий ресурслар тежалишига эришилади;

ёнғинларнинг келиб чиқиш хавфи сифатида термал ҳудудларни аниқлаш, фавқулодда вазиятлар оқибатларида етказилган зарар майдонларини аниқлаш ва етказилган зарар даражасини баҳолаш имконияти яратилади.

тоғ олди ҳудудларда жойлашган аҳоли яшаш пунктларида сел хавфи ва ер кўчиши юқори бўлган жараёнлар мониторинг қилинади.

з) сув хўжалиги соҳасида:

сув омборларининг сув ва седиментация баланси, музлаш ҳодисалари мониторинги амалга оширилади;

қор қопламлари ва музликларнинг эриши ҳисобига шаклланадиган дарёлар оқимини прогноз қилиш амалиёти йўлга қўйилади;

сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув объектларининг муҳофаза зоналари доимий мониторинг қилинади;

и) гидрометеорология ва иқлим ўзгариши соҳасида:

сунъий йўлдош маълумотлари ҳамда масофавий зондлаш орқали олинган маълумотлар асосида хавфли гидрометеорологик ҳодисалар тўғрисида барвақт огоҳлантириш тизими такомиллаштирилади;

минтақавий иқлимнинг эҳтимолий ўзгаришлари, уларнинг оқибатларини прогноз қилиш, асосий эътиборни қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларига қаратган ҳолда иқтисодиёт тармоқларининг заифлигини баҳолаш тизими йўлга қўйилади.

Концепцияни амалга ошириш доирасида:

космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратилади;

стартап ва технологиялар трансферини таъминлаш орқали космик соҳанинг истиқболли ишланмалари тижоратлаштирилади;

космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими ривожлантирилади;

ер усти космик инфратузилмаси яратилади ва ривожлантирилади;

фавқулодда вазиятлар юзага келганда сунъий йўлдош аппаратлари орқали ерни масофадан зондлаш маълумотларини тезкор қабул қилиш ва ваколатли давлат органларига етказиб беришга эришилади.

        

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 5 декабрь
































































Время: 0.0076
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск