ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар / Товар ва хом ашё биржасидаги операциялар ва ҳисоб-китоблар /

Биржа савдоларида нархлар ҳийла-найранги, ички (инсайдерлик) маълумотлардан фойдаланиш ва асоссиз даромад олишнинг рақобатга зид бошқа усулларидан фойдаланишнинг олдини олиш Қоидалари (ЎзР ВМ 30.11.2022 й. 687-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 30 ноябрдаги

687-сон қарорига

2-ИЛОВА



Биржа савдоларида нархлар ҳийла-найранги,

ички (инсайдерлик) маълумотлардан фойдаланиш

ва асоссиз даромад олишнинг рақобатга зид бошқа

усулларидан фойдаланишнинг олдини олиш

ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар биржа савдоларида нархлар ҳийла-найранги, ички (инсайдерлик) маълумотлардан фойдаланиш ва асоссиз даромад олишнинг рақобатга зид бошқа усулларидан фойдаланишнинг олдини олиш тартибини белгилайди ва биржа савдолари иштирокчиларига (сотувчи, харидор ва биржа аъзоларига) нисбатан қўлланилади.

2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


бошланғич нарх - сотувчи томонидан белгиланадиган биржа савдоларига қўйилган товарнинг нархи;


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси;


ҳийла-найранг - биржа савдолари иштирокчиларининг қўшимча даромад олиш мақсадида нархларни сунъий ўзгартиришга, бир даражада ушлаб туришга ва бошқа иштирокчиларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир этишга қаратилган ҳаракатлари, шу жумладан, савдоларда талабнинг ўзгаришига, нархларнинг сунъий равишда оширилишига олиб келиши мумкин бўлган ёлғон, асоссиз маълумотларни тарқатиш;

ички (инсайдерлик) маълумотлар - аввал тарқатилмаган ва тарқалиши биржа товарининг нархига, талабига ёки таклифига таъсир қилиши мумкин бўлган (қонун билан қўриқланадиган тижорат, банк ва хизмат сирини ташкил этувчи) маълумотлар;


савдо сессияси - биржада белгиланган тартибда биржа савдолари ўтказиладиган вақт;


маҳсулотларни савдога қўйиш жадваллари - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сон қарорига мувофиқ сотувчилар томонидан тасдиқланадиган маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадваллари;


сотувчи - биржа товарини котировкалаш варағига киритиш ҳамда уни сотишни амалга оширувчи юридик шахс (резидент ва норезидент);


стандарт биржа контракти - биржа томонидан белгиланган тартибда котировкалаш варағига киритилган стандарт биржа контракти;


харидор - биржа товарини ўз эҳтиёжи учун, қайта сотиш ва бошқа мақсадларда харид қилувчи юридик шахс (резидент ва норезидент) ёки якка тартибдаги тадбиркор;


шахсий кабинет - ваколатли органга биржа савдолари бўйича маълумотларни тезкор олиш имкониятини берувчи, биржа томонидан ишлаб чиқилган махсус электрон модуль.



2-БОБ. БИРЖА САВДОЛАРИДА НАРХЛАР

ҲИЙЛА-НАЙРАНГИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

3. Ваколатли орган биржа савдоларида нархлар ҳийла-найрангининг олдини олиш мақсадида биржа билан биргаликда биржа савдолари иштирокчилари учун ўқув семинарларини ўтказади ҳамда тегишли тарғибот ишларини амалга оширади.

4. Биржа аъзолари ўз мижозлари томонидан қонунчиликка, биржа савдоси қоидаларига ҳамда мазкур қоидаларга зид равишда берилган ва биржа савдоларида ҳийла-найранг ҳолатларига олиб келадиган кўрсатмаларни бажармасликка ҳақли. Мазкур кўрсатмалар тўғрисида биржа аъзолари ваколатли орган ҳамда биржани тегишли тартибда хабардор қилган тақдирда, уларга нисбатан таъсир чоралари қўлланилмайди.

5. Биржа савдоларида нархлар ҳийла-найрангининг олдини олиш ваколатли орган томонидан савдоларни ташкил этиш жараёнини мониторинг қилиш орқали ҳам амалга оширилади.


3-БОБ. БИРЖА САВДОЛАРИДА НАРХЛАР

ҲИЙЛА-НАЙРАНГИНИ АНИҚЛАШ

6. Биржа савдоларида нархлар ҳийла-найранги савдолар жараёни ва битимлар шаклланишини доимий мониторинг қилиш, биржа товарининг нархлари ўзгаришини таҳлил қилиш ҳамда ҳийла-найранг ҳолатлари бўйича келиб тушган мурожаатларни ўрганиш орқали аниқланади.

7. Ваколатли орган томонидан нархлар динамикасидан қатъи назар, ҳийла-найранг ҳолатларини аниқлашнинг бошқа чоралари ҳам қўлланилиши мумкин.

8. Нархлар ҳийла-найранги ҳаракатларини аниқлашда шахсий кабинет орқали олинадиган, товарларнинг савдога қўйилиши, биржа аъзолари томонидан берилган буюртмалар, битимлар бўйича ўзаро ҳисоб-китобларнинг амалга оширилиши ва товар етказиб берилиши тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилади.

9. Оммавий ахборот воситаларида ёлғон маълумотларни тарқатиш ҳолатларини аниқлаш бўйича ўрганиш ўтказиш учун келиб тушадиган мурожаатлар (ёзма ёки оғзаки) ҳамда мустақил равишда аниқланган шубҳали ахборотлар асос бўлади.

Ушбу турдаги ҳийла-найранг материаллари маълумотлар манбаи, уни чоп этиш санаси ва вақти (экран тасвирлари, видео, аудио ёзувлар, ҳаволалар ва бошқалар) кўрсатилган ҳолда кайд этилиши керак.

10. Ҳийла-найранг ҳаракатларини аниқлашда ваколатли орган қуйидагиларга эътибор беради:

биржа шартномаларида кичик лотларда юкланиши мумкин бўлган товарларга асоссиз йирик лотларнинг белгиланганлигига;

биржа шартномаларида сотувчилар томонидан гаров маблағлари асоссиз равишда кам миқдорда белгиланганлигига;

харидорларнинг илгари бекор қилинган битимлар бўйича тегишли товарларларни сотиб олиш учун берилган буюртмаларига;

ўхшаш товарлар сотувчиларининг биржа шартномаларида кўрсатилган тўлов ва юклаб жўнатиш муддатлари ҳамда алоҳида шартларининг мувофиқлигига;

биржа шартномаларида товарларнинг сифат кўрсаткичлари (тури, нави, синфи, маркаси ва бошқалар) бўйича етарли маълумот кўрсатилганлигига;

ўхшаш товарлар сотувчиларининг биржа шартномаларида кўрсатилган маркировкалаш стандартларининг мувофиқлигига;

биржа шартномалари товар гуруҳлари бўйича бўлиниши ва товарларнинг миллий стандартларга мувофиқ маркалари уларнинг жаҳон ёки бошқа мамлакатлар стандартларига мувофиқлигига;

биржа шартномаларига товар ҳақида қўшимча маълумот киритиш зарурлигига;

биржа шартномаларининг махсус шартларида харидорларнинг ўз транспорт воситаларидан, товарларни юклаш ёки тушириш учун ўз ишчи кучидан фойдаланишларини чеклаши мумкин бўлган шартларнинг, биржа шартномасида назарда тутилган тўлов ва юклаб жўнатиш муддатларида қўшимча сақлаш хизматларининг белгиланганлигига;

маҳсулотларни савдога қўйиш жадвалларида форвард ва спот шартномалари бўйича ҳажмлар мавсумийликдан келиб чиққан ҳолда мутаносиб тақсимланганлигига;

муайян биржа аъзоси томонидан биржа савдолари давомида нархларнинг ошишига сабаб бўлган, юқори нархларда ва катта ҳажмлардаги буюртмалар киритилганлигига ва кейинчалик уларнинг ўчириб юборилганлигига;

нархларнинг кескин ошишига сабаб бўлувчи, сотувчилар томонидан товарни савдога қўйиш ҳажмларининг муайян савдо кунида кескин ошириб юборилишига, кейинги кунларда эса ҳажмларнинг аввалги кунлар даражасида ёки кам миқдорда қўйилишига;

бошланғич нархлари қонунчилик талабларига мувофиқ ҳисоблаб чиқиладиган товарларнинг биржа савдоларига қўйилган бошланғич нархларига;

биржа шартномасида кўрсатилган ва тузилган битимларда товар бошланғич нархининг тенглигига;

сотувчилар томонидан товар ҳажмларининг тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотилиши натижасида биржа савдоларига қўйиш ҳажмининг камайишига;

сотувчининг автотранспорт воситаси ва темир йул вагонларида кунлик юклаб жўнатиш имкониятларидан келиб чиқиб, товар қўйиш ҳажмлари кичик ва йирик лотлар бўйича мутаносиб тақсимланганлигига;

айрим турдаги товарларнинг нарх динамикасига;

жарима санкциялари қўлланмасдан харидор ташаббуси билан муайян биржа шартномаси бўйича асоссиз равишда битимларнинг бекор қилинишига.



4-БОБ. БИРЖА САВДОЛАРИ ЖАРАЁНИДА

НАРХЛАР ҲИЙЛА-НАЙРАНГИ

11. Биржа иштирокчиларининг қуйидаги қасддан қилинган ҳар қандай ҳаракатлари ҳийла-найранг ҳисобланади ва уларни амалга ошириш тақиқланади:

савдолар иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

савдоларнинг ўтказилиш жараёнига ва натижаларига таъсир кўрсатиш, қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;

савдоларда нархларнинг сунъий равишда шакллантирилишига олиб келадиган нарх алгоритмидан, яъни товарлар нархини олдиндан белгиланган параметрларга асосан мониторинг ва ҳисоб-китоб қилиш, белгилаш ва назорат қилиш имкониятини берувчи дастурий таъминотдан фойдаланиш;

биржада сотилаётган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотнинг нархига, талабига, таклифига ва уни етказиб бериш шартларига сунъий равишда таъсир этиш, шу жумладан, олдиндан келишиш ва тил бириктиришлар орқали асоссиз фойда олиш, савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда иштирок этиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, ахборотдан фойдаланиш орқали имтиёзли шарт-шароитлар яратиш, биржа савдолари иштирокчиларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари натижасида жорий биржа нархларининг кескин кўтарилиши, қатъий белгиланишига олиб келадиган ҳаракатлар;

савдоларда талабнинг ўзгаришига, нархларнинг сунъий равишда оширилишига олиб келиши мумкин бўлган ёлғон, асоссиз маълумотларни тарқатиш;

биржа шартномаси бўйича йирик, яъни барча харидорларга савдоларда тенг қатнашиш имкониятини чеклайдиган лотлар белгилаш;

тўловнинг ва етказиб беришнинг асосланмаган муддатларини, шунингдек, ўхшаш маҳсулотни сотувчилар томонидан белгиланган шартлардан жиддий фарқ қилувчи алоҳида шартларни жорий этиш;

биржа шартномаларида иштирокчилар сонини чеклайдиган алоҳида шартларни кўрсатиш;

маҳсулотларни савдога қўйиш жадвалларида уларнинг ҳажмларини форвард ва спот шартномалари бўйича асоссиз равишда номувофиқ қўйиш;

биржа савдолари давомида биржанинг муайян иштирокчиси томонидан бошқа иштирокчиларнинг буюртмаларига нисбатан нархи ноодатий тарзда катта фарқ қилувчи буюртмалар бериш, кейинчалик мазкур буюртмаларни савдолар тугагунига қадар олиб ташлаш ёки тузилган битимни жарима тўламасдан асоссиз равишда бекор қилиш;

бошланғич нархларни белгилашда монопол юқори нарх қўллаш;

биржа шартномаси бўйича муайян харидор иштирокида бекор қилинган битимнинг баҳоси айни шу харидор билан мазкур биржа шартномаси бўйича кейинги икки савдода амалга оширилган битимнинг энг паст баҳосидан паст бўлишига олиб келувчи ҳаракатларни бажариш;

юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотни тегишли жадвалларда назарда тутилган муддатларда ва ҳажмларда савдога қўймаслик ёки уни кам ҳажмда ёхуд мувофиқ бўлмаган ҳажмда қўйиш;

биржада тузилган битимлар ва шартномаларни жарима санкцияларисиз асоссиз равишда ёки мунтазам асосда бекор қилиш, бир тарафнинг енгиб бўлмас куч ҳолатлари муносабати билан мажбуриятларини бажариш имконияти йўқлиги исботланган ҳолатлар, яъни фавқулодда ва олдини олиб бўлмайдиган (форс-мажор) ҳолатлар бундан мустасно;

буюртмаларни бирлаштириш ва биржа савдолари ғолибини аниқлаш жараёнида, жумладан, рухсат берилмаган биржа дастури таъминотидан фойдаланиш;

фақат биржа савдоларига қўйиш йўли билан сотилиши лозим бўлган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотлар ҳажмларини биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш;

биржа шартномаларида товарларнинг сифат кўрсаткичлари (тури, нави, маркаси ва бошқалар) тўғрисидаги етарлича ахборотни кўрсатмаслик ёки уларнинг кўрсаткичлари тўғрисидаги чалғитувчи ахборотни киритиш;

савдолар ташкилотчилари томонидан биржа савдоларининг натижаларини асоссиз равишда бекор қилиш.

12. Баланд нарх асосида шаклланган битимни расмийлаштирмаслик ҳолати савдоларга таъсир этиш омилларини инобатга олган ҳолда ҳийла-найранг деб топилиши мумкин.

13. Ваколатли орган биржа савдолари жараёнида бошланғич нархга нисбатан нархлар ошишининг йўл қўйиладиган чегарасини белгилаши ҳамда нарх белгиланган чегарадан ошиб кетган тақдирда савдоларни тўхтатиш ва сотилмай қолган маҳсулотлар ҳажмини кейинги савдоларга ўтказиш бўйича биржага кўрсатмалар беради.


14. Биржа бўлиб ўтган савдолар натижасида нархларнинг кескин ошиши, талаб ёки таклифнинг жиддий номутаносиблиги ва ҳийла-найранг аломатлари кузатилганда ваколатли органни хабардор қилади.

15. Ҳийла-найранг ҳаракатлари аниқланган барча ҳолларда ваколатли орган рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини таъминлайди. Биржа аъзоларининг жавобгарлик масаласи биржа савдоси қоидаларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


5-БОБ. ИЧКИ (ИНСАЙДЕРЛИК) МАЪЛУМОТЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШНИ ЧЕКЛАШ

         

16. Ички (инсайдерлик) маълумотларнинг ҳисоби юритилиши, уларнинг сақланиши учун жавобгарлик биржа ва биржа иштирокчилари зиммасига юклатилади.


17. Ички (инсайдерлик) маълумотларни тарқатиш ва улардан биржа товарининг нархига, талабига ёки таклифига таъсир қилиш мақсадида фойдаланиш, шу жумладан, учинчи шахсларга ички (инсайдерлик) маълумотлардан фойдаланган ҳолда маълум бир биржа товарини харид қилиш бўйича маслаҳатлар бериш тақиқланади.


18. Оммавий ахборот воситалари ёки Интернет тармоқларида, шунингдек, бошқа ахборот воситаларида ошкор қилинган маълумотлар ички (инсайдерлик) маълумотларни ташкил этмайди.


19. Ички (инсайдерлик) маълумотлар тарқатилган тақдирда манфаатдор шахслар уларнинг тарқатилиши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш учун зарур чораларни кўради.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

           

20. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

          

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 7 декабрь

































































Время: 0.1676
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск